The author of the article writes about the establishment of the National Library of Uzbekistan, which was opened in 1870. The article also contains bibliographic descriptions of published materials of various periodicals of 1920–1930 of the last century. It should be noted that published materials before 1930 were written in Arabic writing and then in later years until 1940 in latin. It is particularly noted that in 1921 part of the library passes to the old district of the city of Tashkent under the name «Eastern Library». Book funds were mainly in Russian, Arabic and Tatar, as well as in Farsi. Many works were devoted to the social development of the library, such as the replenishment of the book fund, the purchase of library equipment and technological equipment for the use of readers. And in the same year began to keep records of books on catalogue cards to find the right books.
Автор статьи пишет о создании Национальной библиотеки Узбекистана, которая была открыта в 1870 году. Также в статье приводятся библиографические описания опубликованных материалов различных периодических изданий 1920–1930 годов прошлого столетия. Надо отметить, что опубликованные материалы до 1930 года были написаны арабской письменностью и затем в последующие годы до 1940 года на латинице. Особо отмечается, что в 1921 году часть библиотеки переходит в старый район города Ташкента под названием «Восточная библиотека». Книжные фонды в основном были на русском, арабском и татарском языках, а также на фарси. Многие работы посвящались социальному развитию библиотеки, таким как пополнение книжного фонда, приобретение библиотечного инвентаря и технологической оснастки для пользования читателям. И в этом же году начали вести учет книг по каталожным карточкам для поиска нужных книг.
Бундан бир ярим аср аввал ўз фао-лиятини бошлаган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутуб-хонаси мамлакатимиз маданий ҳаётида муҳим ўрин тутади. 1870 йилда Тошкент жамоат кутубхонаси сифатида ташкил этилган ушбу зиё маскани нодир нашрлар ва қўлёзмалар, ўзбек ва рус тилларидаги вақтли матбуот нашрлари, хорижий тиллардаги адабиётлар, ўзбек, рус ва бошқа тиллардаги библиографик кўрсаткичлар, фаннинг турли соҳалари бўйича ҳимоя қилинган диссертациялар, мусиқа-нота нашрлари жамланган универсал фондга эга бўлган йирик ахборот-кутубхона муассасасидир. Бу кутубхона том маънодаги буюк боболаримиздан қолган улкан илмий, маданий ва тарихий меросни ўзида мужассам этган жавоҳирлар хазинагоҳидир. Мазкур маърифат маскани республикамиздаги барча ахборот-кутубхона марказлари фаолиятини бошқариб турувчи масъул муассасадир.
150 йилдан бери илмга интилган, билимга чанқоқ инсонлар қалбларини маърифатга ошно қилишдек шарафли вазифасини аъло даражада адо этиб келаётган мазкур кутубхонанинг олис тарихига назар ташласак, у ўтмишда қанчадан-қанча воқеа-ҳодисаларни бошидан кечирганлигини кўришимиз мумкин.
Агар биз ХХ асрнинг 20-30-40 йиллар миллий матбуот нашрларини кўздан кечирсак, уларда Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг фаолияти кенг ва атрофлича ёритилганлигининг гувоҳи бўламиз.
Ушбу мақолада 1920-йиллар даврий нашрларида эълон қилинган Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фаолиятига бағишланган материаллар ҳақида сўз юритилади.
Аввало, шуни айтиш керакки, юртимизда нашр этилган газета-журналлар 1930 йилгача араб, 1931 йилдан 1940 йилгача лотин, 1941 йилдан эса кирилл ёзувида чоп этилган. (Баъзи нашрлар бундан мустасно, масалан, «Аланга», «Ёш куч» каби журналлар 20-йиллар охиридан лотин ёзувида чиқа бошлаган).
Кутубхонанинг 20-йиллар тарихидан баҳс юритувчи материаллар араб ёзувида нашр этилган «Қизил байроқ» (1920–1922), «Қизил Ўзбекистон» (1924–1930), «Шарқ ҳақиқати» (1928–1930) газеталарида ҳамда «Маориф ва ўқутғучи» (1925–1929) журналида чоп этилган.
«Ўзбекистон овози» газетасининг ўтмиш-доши бўлган «Қизил байроқ» сиёсий, ижтимоий ва адабий газета бўлиб, Тошкентда 1920 йилнинг 12 декабридан чиқа бошлаган. Газетанинг сўнгги 218-сони 1922 йил 10 сентябрда чиққан. Газетанинг 1921 йил 3 февраль сонида «Идорага мактуб» рукнида Абулфайзнинг «Эски шаҳарда қироатхона» номли мақоласи босилган. Унда муаллиф Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида маҳаллий халқ учун Шарқ кутубхонасини очиш ҳақида чиқарилган қарорни мамнуният билан қабул қилганини баён қилган. Газетанинг 1922 йил 11 январь сонида эса «Шарқ кутубхонаси» деган хабар босилган. Унда айтилишича, 1921 йилда бўлиб ўтган Тилимло қурултойида Тошкентнинг Янги шаҳар қисмида жойлашган Давлат кутубхонасининг Шарқ шуъбасини Эски шаҳарга кўчириш ҳақида қарор чиқарилган. Шу қарорга мувофиқ, 1922 йилнинг январь ойида Давлат кутубхонасининг Эски шаҳар шуъбаси очилиб, иш бошлаган. Кутубхонадаги китобларнинг аксар қисми рус, араб, форс, татар ва турк тилларида бўлиб, ўзбекча китоблар озчиликни ташкил қилган. Мазкур кутубхонанинг очилиши ҳақидаги маълумот газетанинг 1922 йил 21 январь сонида босилган «Мухбир» имзоли «Эски шаҳарда Давлат кутубхонаси» сарлавҳали мақолада ўз аксини топган. Унда ёзилишича, 1922 йил 9 январь куни Давлат кутубхонаси Шарқ шуъбасининг очилиш маросими бўлган. У Эски шаҳардаги «Турон» кутубхонасига яқин бўлган Тақачилик маҳалласида очилган:
«Бултур имло қурултойида Янги шаҳарда бўлғон Давлат кутубхонасининг Шарқ шуъбасини Эски шаҳарга кўчиришни сўров тўғрисида бир қарор чиқарилғон.
Ва шунга биноан Маорип камисарлиги томонидан Шарқ шуъбасидаги Шарққа оид бўлғон қимматли китобларни Эски шаҳарга тушурув чоралари кўрила бошланғон эди.
9-нчи январда шу кутубхонанинг Давлат кутубхонасининг Эски шаҳар қисми оти билан очилув маросими бўлди. Юқорида кўрсатилганича, Шарқ қисмида бўлғон китобларнинг барчаси туширилмаган бўлса ҳам, анчагина русча, туркча, арабча, форсийча ва бир миқдор англизча китоблар, тарихий расмларни айириб туширишка муваффақ бўлинғон. Тарихий асарлар ичида турк дунёсиға қимматли бўлғон машҳур «Қудатқу билик», «Бобурнома», «Шайбонийнома», Ҳусайн Бойқаро ва атоқли мусташриқлардан Вамбери ва Бартўлдларнинг асарлари бор.
Эски шаҳар қисмида топилмағон асарлар керак бўлса, Янги шаҳар Давлат кутубхонасидан келтириб берадирлар.
Кутубхона биносида етарлик миқдорда асбоб, устол-устуллар ва электричество йўқ. Бу тўғридан ёрдам беришни Эски шаҳар ижроқўмидан кутиладир.
Кутубхона кеч соат 9 ларга довур очиқ бўладир. Жойи «Турон» кутубхонасининг ёнида, Тақачилик маҳалласидадир.
Бу кутубхонадан фойдаланишни ёшларимизға, мадраса толиблариға ва жами Эски шаҳардаги саводли халойиқға тавсия этамиз».
Юқоридаги мақолада кутубхонада китобхонларнинг фойдаланишлари учун яхши шароит йўқлиги айтилган эди. Орадан 7 ой ўтса ҳамки, бу камчиликлар тугатилмаган ва Шарқ кутубхонаси яхши йўлга тушиб кетмаган экан. Бу ҳақда «Қизил байроқ»нинг 1922 йил 29 ав-густ сонида босилган «Ўқувчи» имзоли «Эски шаҳар кутубхонасига назар солиш керак» деган қуйидаги мақоладан билиб олишимиз мумкин:
«Ҳукумат кутубхонасининг Шарқ шуъбаси Эски шаҳарга кўчуб тушди деб суюнган эдик. Янги очилғон вақтда баъзи камчиликларни кўрсак ҳам, бора-бора тузалиб кетар деб, унча эътибор қилмағон эдик.
Кутубхона очилғондан бери кўб кунлар, кўб вақтлар ўтди, кўб янгилар чиқиб, жуда кўб нарсалар тузалди. Лекин бизнинг Шарқ кутубхонамиз қимирламади; ул ҳали ҳам аввалги ҳолида: қироатхона асбоблари йўқ, устал, устул йўқ, ҳеч бўлмағонда Шарқча намат-гилами ҳам йўқ.
Кутубхона янги очилғон куни қандай ҳолда бўлса ҳозир ҳам ўшандоқ.
Ҳар бир мусулмоннинг уйида, ҳар қайси чойхонада топилатурғон эски майда-чуйда китоблардан бир неча доналаб бўлғони ҳолда, энг кераклик ва энг аҳамиятлик бўлғон асарлар ҳаммаси Янги шаҳарда. Бошда кутубхона мудиридан: «Нега сизда кўб нарсалар топилмайдир?» – деб сўралғонда «Қимматлик ва нодир асарлар Янги шаҳардан туширилгани йўқ, лекин керак асарлар сўралса вақтинча келтириб бериш мумкин», деган жавобни олғон эдик. Кейин кўб нарсаларни сўрадиқ, аммо кўриш мумкин бўлмади.
Ҳозир кутубхонага боргучилар кундан кунга камайиб борадир. Маориф камисарлиги бунга диққат қилмаса иш яхши бўлмас».
Мазкур мақола сўнггида «А.» имзоси билан ёзилган бир хабар қўшимча тарзда илова қилинган.
Унда ёзилишича, Шарқ кутубхонасида қўйилган каталогдан керакли асарни топиш китобхонларга қийинчилик туғдирган. Шуни бартараф қилиш учун «Турон» кутубхонаси ходими Абдулла Носиҳий кўп меҳнат сарф қилиб, асарларнинг мундарижаларига қараб фанний, адабий, сиёсий ва бошқа бўлимларга ажратиб, махсус рўйхатлар тузиб берган. Китобхонларга енгиллик яратилгани учун, улар Носиҳийнинг бу холис хизматидан миннатдор бўлганлар.
Абдулла Носиҳий Ўзбекистон Миллий кутубхонасига дахлдор шахс бўлгани учун у ҳақида бир-икки оғиз сўзлаб ўтамиз.
Библиограф, хаттот, манбашунос олим Аб-дулла Носиҳий (Носиров) (1899–1987) 1899 йил 6 декабрда Тошкентнинг «Маҳсидўзлик» маҳалласида саҳҳоф оиласида таваллуд топган. Тошкентнинг Кўкалдош ва Бекларбеги мадрасаларида таҳсил олган. Узоқ йиллар «Турон» кутубхонаси (ҳозирги Тошкент вилояти «TURON» ахборот-кутубхона маркази)да фаолият кўрсатган, 20-йиллар охирларида кутубхонага раҳбарлик қилган. 1940 йилдан ҳозирги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг Шарқ қўлёзмалари бўлимида хизмат қилган.
Энди диққатингизни Ўзбекистон Маориф комиссарлиги томонидан чиқарилган «Маориф ва ўқутғучи» журналига қаратамиз. «Маориф ва ўқутғучи» ойлик таълим-тарбиявий, ижтимоий, адабий, илмий журнал бўлиб, 1925 йилнинг март ойидан Тошкентда чиқа бошлаган. Мазкур журналнинг 1925 йилнинг 5-6-сонларида «Ўзбек Давлат кутубхонаси: (Тошкантда)» сарлавҳали диққатга сазовор мақола эълон қилинган. Мақолада кутубхона ҳақида қимматли маълумотлар берилган: кутубхонада юз минг жилддан иборат китоб бўлиб, обуначиси 4357 тани ташкил этган. 1925 йилда кутубхонага 41276 нусха китоб олинган, шундан 31947 таси Русия марказий китоб палатасидан келган.
Қуйида мақолани тўлиқ ҳолда эътиборингизга ҳавола қиламиз:
«Бу кутубхона 55 йилдан бери давом этадир. Китобларининг сони ва навига қарағонда бу кутубхона бирдан-бир бой ва қийматлик кутубхонадир. Ҳозирда кутубхонада мавжуд китобларнинг сони юз минг жилддир. Бу йил зарфида янадан 41276 нусха китоб ва асарлар келди. Янги келган китобларнинг кўписи (31947 таси) Русия марказий китоб палатасидан келгандир.
Ўтган йил ичида кутубхонанинг 4357 обуначиси бўлиб, кутубхонадан 38457 киши фойдаланғондир.
Кутубхона ўз ишларини бундан ҳам кенгроқ олиб бора оладир, фақат бунга иштат мусоид эмасдир. Масалан: 12 соат ишлаш ўрниға кутубхонада кунида 5-7 соат иш юрғизиладир. Иш вақтнинг бундай бўлиб, 50 фоиз қисқартирилғони кутубхона ишининг боришиға катта зарбадир. Шунинг учунда кутубхона очувчи ва фойдаланғучиларни қаноатландира олмайдир. Янги келган китобларнинг кўб қисми вақти билан навларга ажратилмағонидан фойдасиз ётадирлар. Бу аҳволдан қутулишнинг бирдан-бир йўли иштатни кўпайтишдир. Шундан кутубхона идораси ва Илмий марказ келаси буджет йилнинг исметасида Молия камисарлигининг 30 дан 40 ға оширишни сўрайдирлар. Токи иш вақти 12 га етказилиб, олиниб турғон китобларни халқнинг фойдаланишиға беришга имкон берилсин.
Аммо Молия камисарлигининг буджет идораси бунга қулоқ солмади, балки кутубхона иштатини 25 га тушурди.
Маориф камисарлиги ўз исметаси Масковда қаралғон чоқда албатта тегишлик чораларни кўргусидир.
Умуман кутубхонанинг ишлари илмий бир муассасага ўхшаб тузуккина борадир. Агар мавжуд иштат сақланиб ғайрат этилса, кутубхона ўзининг маданий ишини қаноатланарлик қилиб олиб борадир.
Ерлик аҳолининг истифодаси учун Эски шаҳардаги «Турон» кутубхонасига 2000 нусха қийматлик китоб берилди. Бунлар қисман Шарқ тилларида ёзилғон нарсалар бўлиб, бошқалари Шарқ хусусида чет тилда ёзилғон китоблардир. Бундан бошқа кутубхона ўзининг Эски шаҳардаги шуъбаси учун ҳам 4500 нусха китоб ажратиб берди».
Юқорида кўрганимиздек, кутубхона ўзининг Эски шаҳардаги шуъбаси учун ҳам китоблар ажратган. Афсуски, бу шуъбанинг фаолият кўрсатиши узоқ давом этмаган.
Энди ўз даврининг етакчи газетаси бўлган республика миқёсида чиққан «Қизил Ўзбекистон» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») газета-сига мурожаат қиламиз. Маълумки, «Қизил байроқ» газетаси 1922 йил 13 сентябрдан «Туркистон» деган номда чиқа бошлаган. «Туркистон» газетасининг охирги сони 1924 йилнинг 3 декабрида чиққан. 1924 йилнинг 5 декабридан эса «Қизил Ўзбекистон» газетаси чиқа бошлаган. «Қизил Ўзбекистон» сиёсий ва ижтимоий газета бўлиб, ҳар куни чиққан. Ушбу газета саҳифаларини варақлар эканмиз, унда Миллий кутубхона тарихидан ҳикоя қилувчи кўплаб материалларга дуч келамиз.
Газетанинг 1925 йил 5 июнь сонида Абдулла Алиевнинг «Ўрта Осиё биринчи ҳукумат қироатхонасида» номли мақоласи босилган. Унда ёзилишича, Тошкентнинг Янги шаҳар қисмида жойлашган Ўрта Осиё ҳукумат қироатхонаси 3 қисмга, яъни Европа, Шарқ ва болалар бўлимларига бўлинган. Европа қисмида сиёсий, адабий ва илмий китоблар етарли даражада бўлгани ҳолда, Шарқ бўлимида эса китоблар билан тўлиқ таъмин этилмаган. Болалар бўлими бўлса ўта ночор аҳволда бўлган. У ердаги китобларнинг ҳаммаси рус тилида бўлгани учун маҳаллий халқ болалари қироатхонадаги китоблардан етарлича фойдалана олмаганлар. Муаллиф қироатхона мудиридан Шарқ ва болалар бўлимларини ерли тилдаги китоблар билан таъмин этилишини қатъий талаб қилган.
Газетанинг 1925 йил 24 июль сонида «Ўзбекистон Илмий марказида: Давлат кутубхонаси тўғрисида» деган қуйидаги хабар чоп этилган:
Илмий марказ мажлисга Тошкантдаги давлат кутубхонасидан Эски Тошкантка бир қироатхона ва бир кутубхона бўлимчаси олиб тушиш тўғрисида таклиф бўлғон эди, лекин Илмий марказ буни номувофиқ топди. Давлат кутубхонаси ёнидағи Шарқ мутолаа уйини қаноатланурлик даражага еткизиб қўйишға қарор бўлди.
Тошкантдаги Давлат кутубхонасига ерлик халқдан бешта тажрибачи қўйиш тўғрисида Тошмузофот ижроқўмиға буйруқ беришни сўраб, Маориф камисарлиги номидан Совнаркўм олдида ҳаракат қилинадурғон бўлди».
Газетанинг 1925 йил 21 август сонида «С.» имзоси билан ёзилган «Шарқ адабиёти виставкасида» деган диққатга лойиқ мақола босилган. Унда айтилишича, Давлат Шарқ кутубхонаси маҳаллий халқни Шарқ адабиёти билан ошно қилиш мақсадида «Шарқ адабиёти» кўргазмасини ташкил қилган:
«Ерлик халқни Шарқ адабиёти билан ошно қилиш ниятида Давлат Шарқ кутубхонаси «Шарқ адабиёти» вистафкаси очмиш эди. Бу вистафканинг тамом бўлиш муддати яқинлашиб қолғон бўлса-да, вистафкага келгучиларнинг сони ҳар куни 4-5 тадан ошмағон. Бунинг сабаби: вистафканинг очилғонини ва унинг аҳамиятини илгарироқ кенг оммага эълон қилинмағони бўлса керак.
Кутубхона мудирининг айтишича, агарда 1-2 кун ичида мутолаа ва кўрувчиларнинг сони ортса, вистафкани яна бир ҳафта чўзиш мумкин экан.
Кутубхонанинг муаммоли масалаларидан баҳс юритувчи яна бир мақола «Қизил Ўзбекистон»нинг 1926 йил 5 ноябрь сонида босилган. «А. Н.» имзоси билан ёзилган «Шарқ кутубхонасининг ҳоли» номли мазкур мақолада Тошкентнинг Янги шаҳарида жойлашган Ўрта Осиё Давлат кутубхонасининг Европа бўлими ҳар жиҳатдан тўкис бўлгани ҳолда, Шарқ бўлими раҳбарлар назаридан четда қолганлиги таъкидланган.
Муаллиф ўз мақоласида кутубхонанинг Шарқ бўлимини маҳаллий халқнинг истифода этиши учун Эски шаҳарга кўчириш таклифини илгари сурган.
Қуйида мақолани тўла келтирамиз:
«Тошкант Янги шаҳаридаги Ўрта Осиё Давлат кутубхонасининг Шарқ бўлими Шарққа оид кўбгина асарларга эга ва ўқувчилар кўб бўлса ҳам, унга берилган жой ва хизматчилар қониқарлиқ эмас.
Оврўпо бўлимига 150 мураббаъ саржин жой, 20-30 лаб хизматчилар берилгани ҳолда, Шарқ бўлимига фақат 10 саржин жой, битта хизматчи берилган.
Кутубхона мудирининг мусоҳаласи орқасида бўлса керак, ҳамма ишларни бузиб юборғонлар. Масалан: Кутубхонада «қўлёзма» нодир асарлар кўб бўлса ҳам, уларга махсус илмий «каталўк» қилинмағон, картўчкаларнинг қўйилиши бузуқ, туркман ва қозоқ тилларида ёзилғон асарларни ўзбекча ёки туркча деб ёзғонлар. Натижада ўқувчилар китобнинг ўзбекчами ёки қозоқчами эканини билмайдирлар. Баъзи китобларда бўлса, китобнинг қайси тилда ёзилғони ҳеч бир кўрсатилмаган.
Кутубхона Ўзбекистон доирасида бўлса ҳам, 25-26-нчи йилларда босилғон ўзбекча китоблар йўқ, «Қизил Ўзбекистон», «Камбағал деҳқон» газеталари бир ойлаб келмай қоладир. Кутубхона хизматчисининг айтишига қарағонда, йўлға солиниб биткан китоблар 5 мингдан ортиқ бўлса ҳам, китобларни кўрсаткан картўчка 2907 та, 2 мингча китоб қаерда эканлиги номаълум.
Кутубхонадаги асарларнинг мафкуравий томониға келсак, жуда бузуқ ҳолда. Мафкуравий томони ҳеч бир текширилмаган. Китобларнинг 40 прасанти диний ва хурофий китоблардан иборатдир. Шундай бузуқ китоблар бўлиши билан бирга муҳим ва биз учун қимматли асарлар ҳам йўқ эмас. Аммо кутубхона оврўполилар қўлида бўлғонидан ва унда картўчкаларнинг тартиблик йўлға солинмағонидан, ҳалиги қимматли асарларни топиш жуда қийин. Шунинг учун кутубхонани жой ва хизматчилар билан тўла таъмин этиш билан бирга, моддий маънавий томонларини ҳам йўлға қўйиш ва тартибларини тузатиш керак.
Бош сиёсий маориф қўмитаси ва Маориф камисарлиги бунга аҳамият бериб текширишлари лозим ҳам мумкин бўлғонда, ўша 10 саржинлик жойнинг ўрниға 30 саржин жой бериб, кутубхонанинг Шарқ бўлимини Эски шаҳарга кўчириш керак. Токи, ундан кўб киши фойдалансин. Чунки ҳозирғи жойи Янги шаҳарда бўлғонлиғи учун кўб киши фойдаланмай турадир».
Орадан ярим йил ўтгач ҳам, Ўрта Осиё Давлат кутубхонаси Шарқ бўлимининг камчиликлари бартараф этилмаган. Бу нарса яна бир танқидий мақоланинг ёзилишига сабаб бўлган. «Ғаффор» имзоси билан ёзилган «Марказий кутубхонанинг Шарқ бўлими тўғрисида» деган мақола «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1927 йил 1 июль сонида чоп этилган. Унда муаллиф Ўрта Осиё кутубхонасининг Шарқ бўлими талабга жавоб бера олмаслиги, у ердаги китоблар тил ва фан соҳалари бўйича ажратилмаганлиги, карточкалар хато ёзилганлиги, болалар адабиёти катталар учун мўлжалланган китобларга қўшилиб кетганлиги ҳақида куйинчаклик билан бундай ёзган:
«Бир неча йиллардан бери давом этиб келмакда бўлғон Ўрта Осиё Шарқ кутубхонаси илм эгаларининг барчасиға белгиликдир. Бу кутубхонада эски тарихий асарлардан тортиб ҳозирғача чиқиб келмакда бўлғон турли адабиёт – китобларнинг топилишини сўзлаб ўлтирмасдан ички аҳволидан баён қилайлиқ.
Кутубхона асосан икки туркумга бўлиниб, бири ёврўполилар бўлими ва Шарққа оид бўлим. Ёврўпо бўлими ўз ёнида ёш болалар бўлими ташкил этиб, болаларни турли адабиётлар билан таъмин эткан. Ёврўпо бўлимининг биноси ўз ичига юзлаб кишиларни жойлаштира олғонида, Шарқ бўлимига 15 одам базўр сиғади. Бунинг устига Шарқ бўлимида китоблар тилга, фанга қараб ажратилмағон. Қайси тилда, қандай фанлиги, ким томонидан чиққанлиғи айтилмаган. Туркий деб ёзилғон. Карточкани ёзиб олиб борсангиз усмонлича, татарча ёки ўзбекча чиқиб қолади. Болалар адабиёти эса катталарникига қўшилиб мошкичири бўлиб кеткан. Ёврўпо бўлими ҳафтада 3 кун соат 10 дан 3 гача кеч соат 4 дан 10 гача очиқ бўлади. Шарқ бўлими бўлса шанбадан бошқа ҳар кун соат 10 дан 3 гача очиқ бўлиб, кутубхона бошқармаси ўқувчиларнинг вақтини ҳисобға олмағон. Хизматчи, ўқувчи ва бошқа ишчилар юмушларидан бўшағон вақтларида бекилиб қола бериб ўқувчиларни зериктириб юборади.
Умуман айтганда, Ўрта Осиё кутубхонасининг Шарқ бўлими талабга мувофиқ жавоб бера билмайди. Алоқадор идораларнинг диққатларини шу нуқтага тортамиз».
Энди яна «Маориф ва ўқутғучи» журналига қайтамиз. Журналнинг 1927 йил 3-4-сонла-рида Б. Илёсовнинг «Маориф комиссарлиги коллегиясида» мақоласи эълон қилинган. Унда Ўрта Осиё Давлат кутубхонасининг Ўзбекистон Маориф комиссарлиги таъминотида бўлганини эътиборга олиб, уни «Ўзбекистон кутубхонаси» деб номлаш тўғрисида Халқ Комиссарлар Шўросига мурожаат этилганлиги айтилган.
Кутубхонанинг 20-йиллар охиридаги фаолияти ҳақидаги материаллар «Шарқ ҳақиқати» (ҳозирги «Тошкент ҳақиқати») газетасида ўз талқинини топган.
Тошкент округ фирқўми, округ ижроқўми ва округ касаба союзлари шўросининг нашри афкори бўлган «Шарқ ҳақиқати» ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий газета бўлиб, 1928 йил-нинг 11 декабридан Тошкентда чиқа бошлаган. Унинг сўнгги 219 (519)-сони 1930 йил 22 сентябрда чиққан.
Мазкур газетанинг 1929 йил 1 январь сонида «2 қироатхона бирлашди» деган муҳим хабар босилган. Унда ёзилишича, Маориф комиссарлигининг фармонига биноан, Ўрта Осиё Давлат қироатхонасининг Шарқ ва Европа бўлимлари бирлаштирилган. Турсунқулнинг «Кутубхона увада бўлмасин» деб номланган мақоласи эса газетанинг 1929 йил 7 апрель сонида чоп этилган. Унда Ўрта Осиё Давлат кутубхонасининг бош мудири Береткирнинг фаолиятсизлиги танқид қилинган.
Газетанинг 1930 йил 10 апрель сонида журналист ва таржимон Санжар Сиддиқнинг (1902–1938) (қатағон қурбони) «Китобхон» имзоси билан ёзилган «Унутилғон болалар адабиётини эслаш керак: (Эски шаҳарда болалар ўқув зали очилиши юзасидан)» номли катта ҳажмдаги мақоласи эълон қилинган. Мақола энг оғриқли масала бўлган ерли халқ болалари учун кутубхона очиш ҳақида. Унда Ўрта Осиё Давлат кутубхонаси билан «Октябрь» кутубхонаси Эски шаҳарда болалар учун ўқув зали очишга киришганлиги айтилган:
«Биз болаларни бутунлай унутиб юбордиқ... Агарда кичкина болалар учун 3-4 та таржима асарлар босдириб чиқарғон бўлсақ, ўрта ёшдағи болалар учун ҳеч бир нарсамиз йўқ деярлик. Бу албатта Маориф кўмисарлигимизнинг энг катта саҳви...
Шу чоққача на эшитдик ва на ўқудиқким, жумҳуриятимизда ерли халқ болалари учун махсус очилғон кутубхона бор деб. Ҳолбуки, болаларни кўлликтифчилик руҳида тарбиялаш ва айниқса улардағи китоб қаҳатчилиғини оз бўлсада йўқотиб туриш учун фақат кутубхоналар ёрдам бера олади.
Бу хусусда Тошкантдаги аҳволни Ўзбекистонга умумлашдирмак мумкин.
«Ўктабр» кутубхонаси 3-4 йилдан бери жуда кўб ёш ўқувчи болаларни кутубхона эшигидан ноумид қайтариб юборади. Чунки бу кутубхона болалар учун мувофиқлашдирил-мағони устига, болалар учун хослаб бўлим ҳам оча олғони йўқ... «Ўктабр» кутубхонаси айрим болалар бўлими очишға кўп тиришди. Лекин, қулоққа олиб ёрдам берган жой бўлмади. Ниҳоят, Ўрта Осиё Давлат кутубхонаси билан «Ўктабр» кутубхонаси орасида Эски шаҳарда бир ўқув зали очилмоқчи, деб эшитдик. Аммо, ўкруг маориф бўлими шу иш учун фақат 250 сўм бериш билан қаноатланғон. Иштат масаласи муаллақ.
Кутубхоначилар томонидан бошланғон бу яхши починға болаларимизнинг мураббийси бўлғон Маориф бўлими шу хилда қараса, албатта, ишни асосли деб бўлмайди. Моддий пойдевори бўлмағон ҳар бир яхши идея юзага чиқа бермайди. Маориф бўлими болалар кутубхонасининг аҳамиятини ўйлағон бўлса, буни ҳам сезса керак эди. Аммо, ҳар ҳолда қўлида бор китобларни, турк-татар ва рус тилларида бўлғонларини бир ерга тўплаб, болаларға тутувимиз керак.
Юқоридаги мақоладан кутубхоналар томонидан болалар ўқув залининг очишга бўлган саъй-ҳаракатлардан хабардор бўлдик. Лекин ўша йиллари бу хайрли иш амалга ошмаган.
Яна шу нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур зиё маскани оммани кутубхонага янада кўпроқ жалб қилиш учун турли хил кўргазмалар ҳам ташкил қилган. Сўзимизнинг исботи учун «Қизил Ўзбекистон»нинг 1930 йил 1 октябрь сонида босилган «В.В. Бартольд кўргазмаси» деган хабарни келтиришимиз мумкин. Ундан маълум бўлишича, Ўзбекистон Давлат кутубхонасининг қироатхонасида машҳур шарқшунос олим, академик В.В. Бартольднинг (у 1930 йил 19 августда вафот этган) хотирасига бағишлаб кўргазма очилган. Илмга иштиёқманд ўқувчилар кўргазмага қўйилган китоблар билан танишишга ҳамда таниқли олимнинг яратган асарларини мутолаа қилишга муваффақ бўлганлар.
20-йиллар матбуоти саҳифаларида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳақида эълон қилинган мақола ва хабарлар асосан шулардан иборат.
Фойдаланилган адабиётлар
- 1. Маориф ва ўқутғучи» журналининг 1926 йил сентябрь-октябрь сонлари.
- 2. «Маориф ва ўқутғучи» журналининг 1927 йил январь ойида чиққан 12 (24) сони.
- 3. «Маориф ва ўқутғучи» журналининг 1927 йил 12-сони. 4. «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1925 йил 17 ноябрь сони.
