In the second part of the article the author quotes a journalist and translator Sanjar Siddikov., who was repressed in 1938. From newspaper materials it can be seen that it took about five years to form the sustainable formation of the Tashkent Library.
In 1925, during the year in the reading room, readers used newspapers (26086 units) and books (10836 units). To create favorable conditions since 1926 the library has been extended to 21 00 pm. The total number of library members was 1,885, two of whom were Uzbek women. In 1926, about 2000 different books were purchased for the general fund, and the following year the general fund was more than 20,000 units.

Автор во второй части статьи приводит высказывания журналиста и переводчика Санжара Сиддикова, который в 1938 году был репрессирован. Из газетных материалов видно, что для устойчивого формирования Ташкентской библиотеки понадобилось около пяти лет. В 1925 году в течении года в читальном зале читатели пользовались газетами (26086 ед.) и книгами (10836 ед.). Для создания благоприятных условий с 1926 года режим работы библиотеки был продлён до 21 00 часов вечера. Общее количество членов библиотеки составляло 1885 человек, из них двое были женщины узбечки. В 1926 году было приобретено около 2000 различных книг для общего фонда и в следующем году общий фонд составлял более 20 000 единиц.

Турон  кутубхонаси ҳамиша ўзбек зиёлиларининг диққат марказида бўлган. Сўзимизнинг исботи  тарзида «Турон» кутубхонаси ҳақида мақолалар эълон қилган журналист ва таржимон Санжар Сиддиқнинг (1902–1938) (қатағон қурбони) мазкур зиё маскани хусусида билдирган фикрини келтирамиз:

«...Тошкантдаги «Турон» кутубхонаси ҳозир ўлкадаги мусулмон кутубхоналари ичида намуна бўла олурлиқ ва таъриф этилишка жуда мустаҳиқдир. Самарқанд 16 йилда бир мукаммал кутубхонага эга бўла олмағони ҳолда, Тошкант беш йилда мукаммал бир кутубхонага эга бўлуб турубдир…»

«Туркистон» газетасининг сўнгги 411-сони 1924 йил 3 декабрда чиққан ва у 1924 йилнинг 5 декабридан «Қизил Ўзбекистон» номи билан чиқа бошлаган.

«Қизил Ўзбекистон» газетасида кутубхона ҳақида 9 та мақола, 2 та хабар, 2 та билдириш ва 12 та ҳисобот чоп этилган. Газетанинг 1925 йил 8 январь сонида «М. Қ.» имзоси билан «Турон» қироатхонасининг 24-нчи йил учун ҳисоботи ҳам унинг тилаги» номли катта мақола чоп этилган. Унда кутубхона ҳақида берилган маълумотлар ҳам диққатга сазовор:

«Ўткан бир йилнинг ичида умуман қироат-хонадан газет-журнал ўқуғувчилар 26086 та бўлиб, китобхонадан китоб олиб ўқуғувчилар 7027 кишидир. Ўқилғон китобларнинг ҳаракати 10836 та. Шу китобларнинг ҳаммасини бўлмаларга бўлсак, 72 фанга ажраладир. Энг кўб ўқилғон китоблар тарих, адабиёт-рўмон, саёҳатлардан бўлиб, сиёсий, ижтимоий китоблар 370 марта ҳаракат қилғон. Чунки ул вақтда ерлик тилдаги сиёсий, ижтимоий китоблар йўқ даражасида оз эди. Ўткан йилнинг охирларида русчадан ўзбекчага таржима этилган бирмунча ижтимоий китоблар олинғони каби, 25-нчи йилнинг бошларида русчадан татарчаға таржима этилган сиёсий китоблар ҳам олинди.

Китобхонадан китоб олиб ўқуғувчиларнинг ижтимоий аҳволига келсак, қуйидағичадир: фирқалик 25, комсомўл 337, союз аъзоси 242, союзга кирмаганлар 573 (союзга кирмаганларнинг кўпи талабалар); жинсга бўлганда: эрлар 1105, хотин-қизлар 42 та, жами 1147 тадир.

Шу ўқуғувчиларни ҳунарга бўлганда: умумий саноатдаги кишилар 60 (бунга косиб, темирчи ва бошқа хусусий ҳунардагилар кирадир), зироат билан машғул деҳқонлар 27, илмий кишилар – ўқутғувчилар 102, талаба 673, идора ишчиси 137, қора ишчилар 15 (бунга мардикор, қоровул, ўт ўчиргувчилар ва бошқалар кирадир), савдогар 13, ишсизлар 110 та. Маълумотлари: ибтидоий маълумотлик 960, ўрта 174, олий 13.

Энди кутубхонанинг 1925 йилги ҳисоботида, йил давомида китоб мутолаа қилганлар 7275, қироатхонадан газета-журнал ўқиб кетганлар эса 28526 кишидан иборат бўлган.

Кутубхона 1926 йилда китобхонларга қулайлик туғдириш мақсадида кечаси соат 21 гача ишлаган. Унинг китоб жамғармасида Алишер Навоийнинг 12 та асари бўлиб, улардан 11 таси таржимаи ҳолига оид китоблар бўлган. Шунингдек, қироатхонада ўқувчилар томонидан бериладиган ҳар хил саволларга жавоб берадиган «Маълумот бюроси» ҳам тузилган.

Кутубхонанинг 1926 йилги фаолияти ҳақида янада кўпроқ маълумот олиш учун газетанинг 1927 йил 27 март сонида босилган «Турон» кутубхонасининг бир йиллик ҳисоби» деб номланган мақолага мурожаат қиламиз:

«Турон» кутубхонасида 26-нчи йил ичида газета ва журнал ўқувчилар 13 минг 366 та бўлиб, бултурғиға қарағонда 70 прасант кўпайган. Кутубхонадан 759 киши 6610 марта китоб олиб ўқуғон. Шулардан кўпроғи ўқувчилар бўлиб, деҳқонлар 294 та, қора ишчилар 177 тадир. Жинси томонидан фақатгина 2 та ўзбек хотин-қизлари бўлиб, қолғонлари эрлардир. Ўзбек хотин-қизларидан мутолаачиларнинг камлиги, биринчидан, бинонинг торлиғи, хотин-қизлар бўлимининг йўқлиғи ҳам мутолаа ҳаваскорларининг камлиги бўлса керак.

Қироатхонада кўбрак адабиётка доир китоблар ўқилғон. Бунинг сони 4694 та ҳисобланади. Бундан кейинги ўринни умумий асарлар ижтимоиётга ва маишатга доир китоблар олади. Ўқулғон китобларнинг тил томондан текшириб қаралғонда, 6535 таси ўзбекча, 2153 таси татарча, 1392 таси усмонлича бўлиб, қолғонлари ҳар хил тиллардадир.

Аъзоларнинг умумий сони 1885 та бўлиб, буларнинг фақат 2 таси ўзбек хотин-қизларидир.

Кутубхонага 26-нчи йил ичида 2 мингта янги китоблар олинди. Кутубхонага бундан бошқа Маориф камисарлиги ва Туркманистон Китоб палатасидан текинга китоблар келиб туради. Ўзбекистон Китоб палатасидан ҳам шундай китобларнинг келиши кутилади.

«Турон» кутубхонаси 26-нчи йил ичида ўз ўқувчиларини 38 хил газета ва журнал билан таъмин қилғон бўлса, бу йил ўзбекча, русча, татарча ва лотин алифбосида ёзилғон 65 хил газета-журнал билан таъмин қилади...»

1927 йилда кутубхонанинг китоб жамғармаси 18 мингни ташкил қилган, шундан 7000 таси рус тилидаги китоблар бўлган. Газетанинг 1928 йил 14 март сонидаги «Қ.» имзоси билан ёзилган «Турон» кутубхонаси бир йил ичида» сарлавҳали мақоласида кутубхонанинг 1927 йилги ҳисоботи ўз ифодасини топган:

«Турон» кутубхонасидан 27-нчи йил ичида китоб олиб ўқиғонлар 8052 та бўлиб. Мутолаачиларга ўқиш учун берилган китоблар 14 минг 76 та. Қироатхонадан газет-журнал олиб ўқувчиларнинг сони 57 минг 528 бўлиб, бу сон бултурғиға назаран 35 прасант ортиқдир... Ўткан йил қироатхонага 65 хил журнал олинғон бўлса, бу йил 81 хил олинди. Бултир 350 сўмлик китоб сотиб олинғон эди, бу йил китоб учун бултурғиға қарағонда икки баробар ортиқ сармоя сарф қилинди.

Газетанинг 1928 йил 17 январь сонида «Мутолаачи» имзоли «Кутубхонамиз тўғрисида» деб номланган мақола чоп этилган. Унда кутубхонада болалар бўлимининг йўқлиги, бинонинг кутубхона учун муносиб эмаслиги каби масалалар кўтарилган:

«Халқда китобхонага эҳтиёж ортиб бормоқда ва бир суянғон жойимиз «Турон» кутубхонасидир. Бир мутолаачи, ҳар бир ёзувчи ўзининг излаган асарини шундан излайди. Китоблари ҳозир 20 мингга етади. Бултурға нисбатан ўқувчилар 30 прасант ортиқ келмакдалар...

Кутубхонанинг бир камчилиги бор: алоҳида болалар бўлими йўқ, лекин ўқувчиларнинг катта кўбчилиги ёш болалардир. Бу йилги исметада шу бўлимни очмоқ ҳаракати бор эди; ўкруғ молия бўлими буни хурсанд бўлиб тасдиқлаш ўрниға кутубхонанинг асосий ишчисидан яна бирини камайтирмакчи эмиш. Бу иш бўла қолса, кутубхона болаларға мувофиқ суратда хизмат қила олмайди.

Ҳозир олдимизда бошқа яна муҳим масала бор: кутубхонани катта ва ўзига махсус, мувофиқ биноға кўчириш керак...»

Кутубхонанинг 1928 йилги фаолиятидан сўз очишдан аввал ўша давр манзарасига назар ташласак. 20-йиллар охирига келиб мам-лакатимизда ижтимоий-сиёсий вазият кескин ва зиддиятли тус олган, миллий зиёлиларимиз таъқиб остига олинган, динимизга қарши кураш бошланган таҳликали йиллар эди. 1928 йилда Эски шаҳар фирқа райкомида «Турон» масаласи алоҳида кўрилган ва махсус комиссия кутубхонани текшириб чиққан. Шундан сўнг қироатхона залида осиғлиқ турган Исмоилбек Гаспринский, Жамолиддин Афғоний, Мусо Бегиев, Ризоиддин ибн Фахриддин каби шахсларнинг суратлари олиб ташланиб, уларнинг ўрнига доҳийларнинг суратлари қўйилган. Бу пайтга келиб, кутубхона моддий томондан жуда қийин аҳволда қолган. Кутубхона ҳомийси бўлган Эски шаҳар вақф шуъбаси ҳам 1927 йил октябрда буткул тугатилган эди.

Унинг жамғармасидаги 5017 та китоб тегишли идоралар томонидан тузилган «бешлик» комиссия томонидан мафкуравий саёз китоблар деб топилиб, алоҳида ажратилган ва оммага берилмайдиган бўлган.

Чиқарилган китоблар ўрнини қоплаш учун Ўзбекистон Китоб палатасидан олинган китоблардан ташқари, 600 сўмлик китоб сотиб олинган. 1928 йилда китоб мутолаа қилувчилар 5682, газета-журнал ўқувчилар 49217 кишини, ўқилган китоблар эса 6879 тани ташкил қилган. Кутубхонада 5 та ходим фаолият кўрсатган. Айни шу йили кутубхона ўзининг «Турон» деган номидан ҳам айрилган. Бунинг тасдиғқи тариқасида газетанинг 1928 йил 16 декабрь сонидаги кутубхона мудири Абдулла Носиҳий томонидан берилган қуйидаги эълонни келтирамиз:

«Фирқа райкўмининг қарори ва шаҳар шўросининг тасдиқи билан Тошкант Эски шаҳаридаги «Турон» кутубхонаси «Ўктабир номида Марказий кутубхона ва қироатхонаси» номи билан юрадурғон бўлди. Бундан кейин «Турон» деб юритилмас».

Энди эътиборингизни Ўзбекистон Маориф халқ комиссарлиги томонидан чиқарилган «Маориф ва ўқутғучи» журналига қаратамиз. (Мазкур журнал 1925 йилнинг март ойидан Тошкентда чиқа бошлаган.) Унинг 1929 йил 6-сонида «Н.» имзоли «Турон» эмас – «Ўктабир» номли катта ҳажмдаги мақола чоп этилган. Унда кутубхонанинг ташкил этилишидан то 1929 йилгача бўлган тарихи ҳақида сўз боради. Мақолада ёзилишича, 1929 йилда кутубхонадаги китобларнинг сони 20 мингни ташкил қилган. Кутубхонага 85 номдаги газета-журнал олинган.

Кутубхонадан ҳар куни 200 киши келиб фойдаланган. Китобхонлар орасида машҳур шахслар ҳам кўп бўлган. Масалан, машҳур академик В. В. Бартольд кутубхонадаги арабча китоблардан истифода этган бўлса, профессор Чўбонзода: «Кутубхонанинг келгуси порлоқ, унда илмий, тарихий қийматли нодир асарлар бор», деб таъкидлаб ўтган. Мавзуга қайтиб, мақоладан бир иқтибос келтирамиз:

«...«Ўктабир» кутубхонаси, ҳеч шубҳасиз, жуда катта аҳамиятга эгадир. У ўзининг бойлиғи ва кундаги мавқеи билан биринчи ва марказий кутубхона-қироатхона исмини ола билади. Унинг келгуси порлоқ. У ҳозир бизнинг раҳбарлигимизда моддий ва маънавий ёрдамимиз орқасида кундан-кун бойимоқда, зўраймоқда...» Энди «Шарқ ҳақиқати» (1928 йил 11 декабрь 1930 йил 22 сентябрь) (ҳозирги «Тошкент ҳақиқати») газетасига мурожаат этамиз. Унда кутубхона муаммолари тўла ва чуқур ёритилган 7 та мақола чоп этилган. Улар «А.Н.» имзоси билан ёзилган «Янги китоблар олинсин» (1929 йил 6 июнь), Қурмаевнинг «Ўктабир» кутубхонаси шу аҳволда ёта берадими?» (1929 йил 19 август), «Кутубхона дўсти» имзоли «5 йиллиқ ҳасрат ёки чигалланган ипнинг топилмағон учи» (1929 йил 14 октябрь), «Болалар кутубхонаси очилади» (1929 йил 21 ноябрь), Санжар Сиддиқнинг «Китобхон» имзоси остида босилган «Китоб ўқуш йўлини билайлик: Марказий «Ўктабир» кутубхонасига жамоат ва ҳукумат ёрдами керак» (1929 йил 26 декабрь) ва «Унутилғон болалар адабиётини эслаш керак» (1930 йил 10 апрель), «Кутубхонанинг ҳоли танг» (1930 йил 11 август) номли мақолалардир. Уларда асосан Маориф комиссарлиги ва округ маориф бўлими маблағ борасида кутубхонага керагича ёрдам бермагани, кутубхонани ўзига муносиб бўлган бинога кўчириш, газета-журналларга муқова қилдириш, болалар кутубхонасини очиш ҳамда кутубхонанинг 10 йиллик тўйини ўтказиш каби масалалар илгари сурилган.

Бир сўз билан айтганда, кутубхона 30-йилга келиб моддий танглик оқибатида мушкул аҳволда қолган ва тегишли идоралардан моддий ёрдам сўраб қилинган мурожаатлардан наф бўлмаган.

Ҳақиқатан ҳам, кутубхона мустамлакачилик йиллари кўп оғир ва машаққатли кунларни бошидан кечирган. Лекин унинг фидойи ва шижоатли ходимлари ҳар қандай қийинчиликларга бардош бериб, фидокорона қилган меҳнатлари орқасида яхши кўрсаткичларга эришганлар. 1930-йилларнинг ўрталаридан  кутубхонанинг юқори малакали мутахассислари ўзларининг илмий салоҳиятларини ҳам намоён этиб, китоблар чиқара бошлаганлар. 1934 йили Акбарбек Долимов ва Файзулла Убайдуллаевлар томонидан тузилган «Мукаммал илмий библиография (1925–1931)» номли библиографик кўрсаткич дунё юзини кўрган.

Бу ўзбек тилида яратилган биринчи библиографик кўрсаткич бўлиб, унда ўзбек тилидаги 3000 та китобнинг умумий тавсифи берилган. 252 саҳифадан иборат бўлган бу кўрсаткич ўзбек миллий библиографиясининг ривожланишига катта ҳисса қўшган.

1937 йилда эса Раҳим Иброҳимов ва Акбарбек Долимов томонидан тузилган «Ўзбек тилидаги китоб маҳсулоти устида рецензия ва танқидий мақолаларга алифбе библиографик кўрсаткич (1930–1936)» номли библиографик кўрсаткич ҳамда Акбарбек Долимов ва Собир Солиҳовнинг «Ўнли классификация. Қишлоқ кутубхоналари учун қисқартилғон жадвал» деб номланган қўлланма чоп этилган.

Юқорида номлари тилга олинган учала китобда ҳам тузувчи сифатида Акбарбек Долимовнинг (1910–1942) номи учрайди. Акбарбек Долимов (қатағон қурбони) бир нечта библиографик кўрсаткич яратиб, ўзбек библиография фанининг ривожига салмоқли ҳисса қўшган иқтидорли библиограф эди.

Энди кутубхонанинг номланишига келсак, у ўзининг бир асрлик тарихи давомида «Ориф Клиблеев шарафига очилган «Турон» кутубхонаси», «Марказий «Турон» кутубхонаси ва қироатхонаси», «Эски Тошкент «Турон» кутубхона ва қироатхонаси», «Октябрь» номида марказий кутубхона ва қироатхонаси» деган номлар билан аталиб келинган. Яна шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, 1938 йил 15 январда унга вилоят мақоми берилган.

Кутубхонанинг асл номи 1992 йил 15 октябрдан яна «Турон» номи билан юритила-бошлади бўлди. Айни пайтда кутубхона тарихида яна бир муҳим ўзгариш содир бўлди, яъни «Тошкент вилояти «Турон» кутубхонаси» билан «Тошкент вилояти болалар кутубхонаси» бирлаштирилди. Шундан сўнг кутубхонага «Тошкент вилояти «Турон» илмий-универсал кутубхонаси» мақоми берилди.

2006 йилдан эса у «Тошкент вилояти «TURON» ахборот-кутубхона маркази» деб юритиладиган бўлди. Гарчи мазкур маърифат маркази турли даврларда турлича аталган бўлсада, омма орасида «Турон» кутубхонаси» номи билан машҳур. Шундай қилиб, сиз 20-йиллар матбуоти саҳифаларига жо бўлган кутубхона ўтмишидан ҳикоя қилувчи материаллар билан танишдингиз. Мақолага якун ясаб, шуни айта оламизки, тарихий манбалардан олинган маълумотлар Тошкент вилояти «TURON» ахборот-кутубхона марказининг ўша даврда юртимиздаги энг кўзга кўринган ва эл эътиборини қозонган ҳамда халқимизга илм-маърифат тарқатишдек шарафли вазифасини беками-кўст бажарган зиё маскани бўлганлигидан гувоҳлик беради.