Автор статьи рассказывает об истории и деятельности Ташкентского областного информационно-библиотечного центра «Turon» в 20-30-е годы прошлого века. В статье также представлена информация о научных трудах сотрудников библиотеки «Turon». Большинство статей, опубликованных в национальных изданиях 20-х годов, были посвящены деятельности библиотеки. За последнее десятилетие было опубликовано 74 статьи. В обществе возрождалось культурное просвещение и в 1913 году в Ташкенте группа образованных интеллигентных людей учредила общество «TURON», но основную свою деятельность библиотека начала в конце ноября 1918 года в старом городе. В начале существования библиотеки основной фонд собирали энтузиасты, а также дарили книги жители города Ташкента в виде пожертвований. Прошло уже 100 лет, а библиотека  «TURON» является одним из посещаемых мест жителями города и гостями столицы.        

Биз яшаётган кўҳна Турон заминида қадимдан билим булоғи, ақл чироғи дея улуғланган, инсонлар қалбини илм-маърифат нурлари билан мунаввар қилувчи, битмас-туганмас мўъжиза бўлган китоб бебаҳо бойликдек юксак қадрланган. Шу боисдан ҳам бизнинг юртда ўтмишда яшаб ўтган буюк аждодларимиздан қолган улкан маданий ва маънавий мерос бўлмиш китоблар сақланадиган хазинагоҳдан иборат бўлган кутубхоналарга катта аҳамият бериб келинган.

Бир асрдан бери илмга иштиёқманд халқимизни китобга ва вақтли матбуотга бўлган эҳтиёжини қондириб, ўзининг маданий-маърифий вазифасини шараф билан адо этиб келаётган мўътабар масканларидан бири Тошкент вилояти «TURON» ахборот-кутубхона марказидир. Мен ушбу мақолада 100 йиллик бетакрор тарихга эга бўлган, ўлкамиздаги илк ўзбек миллий зиё масканларидан бири «Турон» кутубхонасининг олис тарихидан сўз юритмоқчиман.

«Турон» кутубхонасининг «Нодир нашрлар» фондида сақланаётган 20-йилларда араб ёзувида нашр этилган газета ва журналларда эълон қилинган мақолаларнинг библиографияларини тузиш асносида бошқа соҳалар қаторида кутубхоналар мавзуси ҳам кенг ёритилган. Мени ҳайратга солган бирдан-бир нарса 20-йиллар матбуоти саҳифаларида чоп этилган кутубхоналарга оид материалларнинг энг кўп қисми «Турон» кутубхонасига бағишлангани эди. Мазкур материаллар «Иштирокиюн» (1818–1920), «Қизил байроқ» (1920–1922), «Туркистон» (1922–1924), «Қизил Ўзбекистон» (1924–1930), «Шарқ ҳақиқати» (1928– 1930) газеталари ҳамда «Маориф ва ўқутғучи» (1925–1929) журналида эълон қилинган бўлиб, «Турон» кутубхонасининг 20-йиллардаги фаолиятидан ҳикоя қилади. 1918 йилдан 1930 йилгача бўлган даврда юқорида номлари тилга олинган нашрларда 74 та материал чоп этилган бўлиб, улардан 35 таси мақола, 6 таси хабар, 23 таси ҳисобот ҳамда 10 таси эълон ва билдиришдан иборатдир.

Сўзимиз аввалида «Турон» кутубхонасининг ташкил этилиши ҳақида қисқача сўзлаб ўтамиз. Маълумки, ХХ аср бошларида эрксиз ва эзилган халқимиз шўро мустамлакачилиги зулми остида оғир ва мусибатли ҳаёт кечирар эди. Аламдийда халқнинг нурсиз ҳаётига ёруғлик бағишлаш ҳамда маориф ва маданият ишларини тараққий қилдириш мақсадида 1913 йили Тошкентда бир гуруҳ тараққийпарвар зиёлилар «Турон» жамиятини таъсис этадилар.

«Турон» жамиятининг муассислари Абдул-ла Авлоний, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Убайдулла Хўжаев, Тошпўлатбек Норбўтабеков, Каримбек Норбеков, Низомиддин Хўжаев каби миллатимизнинг маърифатпарвар кишиларидан иборат эди. 

1914 йилдан эътиборан, жамият аъзолари томонидан тўпланган китоблар асосида кутубхона ҳам шакллана борган. Шу тариқа жамият қошида Тошкентдаги миллий зиё маскани бўлмиш «Турон» кутубхонаси ташкил топган. Лекин кутубхонанинг расман иш бошлаган санаси 1918 йилнинг декабрь ойи бўлиб, Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги Маҳсидўзлик маҳалласида ўз фаолиятини бошлаган.

«Турон» кутубхонаси ҳақидаги дастлабки маълумотлар Туркистон Миллий ишлар халқ комиссарлигининг органи бўлган, 1918 йил 21 июндан Тошкентда чиқа бошлаган «Иштирокиюн» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») газетасида босилган.   

«Иштирокиюн» газетаси тахламларини кўздан кечирсак, унда кутубхона ҳақида 5 та мақола, 2 та эълон ва 2 та билдириш чоп этилганини кўрамиз. Газетанинг 1918 йил 25 декабрь, 59-сонида «Ориф Клиблеев кутубхонаси» деган эълон босилган. Унда «Турон» санойи нафиса тўгарагининг нишона дафтарини очганлиги ва кутубхона учун халқдан китоб ва қўлёзмалар қабул  қилиши айтилган.

Кутубхонанинг «Ориф Клиблеев» деб аталишига келсак, у Миллий ишлар халқ комиссари, шунингдек «Иштирокиюн» газетасининг ташкилотчиларидан ва биринчи муҳаррири бўлган. У 1918 йили Хўжандда вафот этган. Унинг вафотидан сўнг Миллий ишлар комиссарлиги Клиблеев номини абадийлаштириш мақсадида 10 минг сўм сармоя ажратиб, кутубхонага берган. Шундан сўнг бу зиё маскани «Ориф Клиблеев шарафига очилган «Турон» кутубхонаси» деб юритила бошланган.

Кутубхонанинг биринчи мудири Абдулвоҳид Расулий бўлган ва у «Иштирокиюн» газетасида кутубхона ҳақида бир нечта мақола эълон қилган. Уларда Расулийнинг кутубхона учун халқдан кўмак сўрагани, сўнгра кутубхонага китоб совға қилган саховатли кишиларга ўз миннатдорчилигини билдиргани ҳақидаги маълумотлар ўз ифодасини топган. Қуйида биз кутубхонага китоб ҳадя қилган кишиларнинг номларини келтирамиз:

1. Абдулвоҳид Абдурасул ҳожи ўғли томонидан 74 та китоб;

2. Каримбек Норбеков томонидан 58 та китоб;

3. Ҳафизжон Исҳоқов томонидан 11 та китоб;

4. Яъқуб бин Баҳриддин томонидан 9 та китоб ҳамда 1917 йилги  «Шўро» журнали ва 20 нусха «Дин ва маишат» журнали;

5. Иброҳим Тоҳирий («Чўл чаёни» журналининг муҳаррири) томонидан Мусо Жоруллоҳнинг «Ислоҳот асослари» асари;

6. Исман Айтўрга Тиламган томонидан 337 та китоб ва турли хил журналлар.

«Иштирокиюн»нинг 1919 йил 17 июнь со-нидаги «Абдулвоҳид» имзоси билан босилган қуйидаги эълон берилган.

«Рамазони шариф муносабати билан кутубхона Шайхонтаҳур мозори сайргоҳига кўчди ва кеч соат 6 дан 12 гача очиқ бўлади».

Бундан маълум бўладики, Рамазон ойида рўзадорларга қулайлик яратиш мақсадида кўчма кутубхона ташкил қилинган ва у соат 24 гача ишлаган.

Мазкур маърифат маскани севимли ёзувчимиз Абдулла Қодирий назари тушган кутубхона эди. У ўзининг «Калвак Махзумнинг хотира дафтаридан» ҳажвий қиссасида ҳам «Турон» қироатхонасини тилга олган. Унинг «Жубой» имзоли «Қироатхоналаримиз» номли мақоласи эса «Иштирокиюн»нинг 1920 йил 23 июнь сонида босилган эди. Унда «Турон» қироатхонасининг оғриқли масалаларидан бўлган маблағ йўқлиги, китобларнинг етишмаслиги ва ишларнинг яхши ташкил этилмаганлиги каби муаммолар илгари сурилган:

«…Бизнинг Тошкандда биринчи мартаба очилған қироатхона 1918 йилнинг декабиринда бир-икки йигитларимизнинг ғайрати ила «Турон» жамиятининг Ориф Клиблеев номинга очилған қироатхонаси бўлди. Лекин биринчи мартаба очилған бу қироатхона яхши йўлға кета олмади. Чунки китоб келтурмакка атроф йўллари ёпиқ ва бунинг устига қироатхона учун ҳукуматдан ёрдам ҳам йўқ эди. Бошида қироатхона маҳаллий кишиларнинг ҳадя эткан китоблари ила юриб турса ҳам, сўнгроқ Миллий ишлар комиссарлиғининг Ориф Клиблеев исмига ёдгор бўлсун, деб берган ўн минг сўм оқчаси билан баъзи маданий ишлар ишлаб турди. Лекин бу оқча ва бу ҳол ила қироатхона ўзинда бор китоблар билан халқни қаноатландирув мумкин бўлмағач, шахсий китоби бор кишилардан китоблар реквизисия тариқасинда қиратхонаға олинди. Бунинг ила ҳам иш радламагач, юз минг балолар ила ўшал вақтли Миллий ишлар комиссарлиғиндан тўқсон беш минг сўмлар чамаси оқча олинған. Бу оқча ила китоб келтурмакка атроф шаҳарларга вакиллар юборув китобхонанинг муддаоси эсада, ҳамма йўлларнинг ёпиқлиғи ва темир йўлларнинг тартибсизлиги бунга монеъ бўлуб, Тошканднинг ўзидаги кишилардан бўлған китобларни гарчи жуда қиммат баҳо билан бўлса ҳам олина бошлаған. Ушбу Миллий ишлар комиссарлиғининг берган тўқсон беш минг сўм оқчаси билан 1919 йилнинг нўябириға қадар қироатхона давом этмакда эди. Декабирдан эътиборан Ўлка кутубхонасининг назоратига ўтуб, ушбу йилнинг апрелиға қадар онинг қарамоғинда давом этди. Бу вақтларда қироатхонанинг моддий жиҳати яхшигина таъмин этилиб, анчагина китоблар олмоқғада муваффақ бўлинди.

Таассуфки, Ўлка кутубхонасининг қарамоғинда кўб давом этувга мумкин бўлмай, уш-бу йилнинг 1 майиндан бошлаб Эски шаҳар Маориф шуъбаси ёнидаги «Мактабдан иш маориф таратув шуъбаси» идорасиға ўтди. Бунинг учун: «Энди қироатхона дардимизга яқиндан таниш бу шуъба қарамоғига ўтди. Бундан сўнг, албатта, қироатхона йўлға қўюлиб юборилса керак», деб шодланилса ҳам, лекин умидимиз бўшка чиқуб, қироатхонанинг Ўлка кутубхонаси давриндаги вақтларини соғина бошлади. Бу кунда кутубхона сотуб-олув оқчасизликдан бутунлай тўхтаған. Бунинг устига, «Мактабдан иш маориф таратув шуъбаси» тарафидан қироатхона устига таъйин этилган киши қироатхона ишлари ила ноаҳл бир киши бўлғани учун қироатхонаға нима керак, қироатхонанинг эҳтиёжи нимага ортиғроқ ва ишни нима билан бошламоқ керак эканин билмас экан.

Тошканд мусулмон халқининг бирдан-бир қироатхонаси бўлған бир кутубхонанинг бу ҳолда бўлуви, хусусан, ҳолни Маориф шуъбаси қарамоғиға ўткандан сўнг юз кўрсатуви таассуфли бир ҳолдир. Мактабдан иш маориф таратувни хоҳлаган «Маориф шуъбаси»нинг диққатини бу нуқтага жалб этамиз.

Клиблеев номиға очилған қироатхонада ҳозир тўрт юз жилдга болиғ мусулмон китоблари бўлуб, Тошканд мусулмонлари каби икки юз минглаб ҳисобланған бир халқ учун бўлган бу қироатхонаға ноль даражасинда оздир. Энг ози тўрт-беш минг жилдларга еткурилуви матлуб бўлуб, бунинг учун Ички Русия, Боку каби жойларға вакиллар юбориб, китоб келтирилуви керакдир…»

Юқоридаги мақолада таъкидланганидек, кутубхона 1920 йилнинг ўрталарида Эски шаҳар Маориф шуъбаси қарамоғига ўтган. Шу ўринда «Иштирокиюн»нинг 1920 йил 1 июль сонида Эски шаҳар Маориф шуъбаси мудири Акбархўжа Қосимхўжа ўғли ҳамда Кутубхона ва қироатхоналар шуъбаси мудири Назир Иноятий томонидан берилган билдиришни келтириш мақсадга мувофиқдир. Унда мутасаддилар кутубхонадан китоб олган кишиларга мурожаат қилиб, китобларини 5 кун ичида кутубхонага топширишларини талаб қилганлар.

«Иштирокиюн» газетаси 1920 йилнинг 12 декабридан «Қизил байроқ» номи билан чиқа бошлаган ва бу газетада «Турон» ҳақида 3 та мақола босилган. «Қизил байроқ»нинг 1920 йил 21 декабрь сонида кутубхонанинг кейинги мудири Яъқубхўжанинг «Турон» кутубхонаси ва ўқувчилар» сарлавҳали мақоласи чоп этилган. Унда муаллиф кутубхонадан ўқиш учун уйга китоб олган ўқувчилардан китобларини тезлик билан топширишларини сўраган.

Шунингдек, шу газетанинг 1921 йил 4 октябрь сонида «Аб» имзоли «Эски шаҳарда кутубхона ва қироатхона» номли катта мақола босилган. Унда ёзилишича, Марказий «Турон» кутубхонасида 4000 га яқин китоб бўлган, қироатхона талабга жавоб бера оладиган аҳволда бўлмаган, Эски шаҳар Маориф шуъбаси эса кутубхонага етарлича эътибор бермаган. 

Кутубхонанинг навбатдаги мудири М. Саидали (Маҳкам қори Саидалиев бўлса керак – Ф.Н.) бўлган ва унинг «Марказий «Турон» кутубхонасидан фойдаланувчиларға» деган мақоласи «Қизил байроқ»нинг 1922 йил 16 январь сонида чоп этилган. Унда муаллиф кутубхонадан фойдаланувчиларга қарата шундай хитоб қилган:  

«…Бизда кутубхона очилув билан элни мутолаа ишларига тортиш, бўш вақтни бекорга кечиртирмаслик учун мумкин қадар йўқлик камбағаллигига қарамасдан, кутубхонани элга яқин бир йўл билан олиб кетувга тиришилди.

Илгари бошлаб ўқувчиларға олиб кетиб, ўқуб бериш учун истаганларича, ҳатто ўнлаб китоб берилди.

Кейинги вақтларда ўқувчиларнинг кўпайиши билан кутубхонадаги китобларнинг етишмаслигини эътиборға олиб, русча, мусулмончадан бирор донадан берила бошланди. Шул ҳолда ҳам етишсизлик оша борди. Табиий, юз минглаб халққа 3-4 минг жилд китоб етишмайдир. Шу етишсизликни кўра туруб, кутубхонанинг сурўги 10 кун бўлғони ҳолда, баъзи бир ўқувчилар олғон китобларини ойлаб, йиллаб тута бошладилар. Ҳатто, баъзилари ўзлаштириб кетдилар…

Бул тўғрида неча марта ҳукумат орқали, неча марта газета орқали пўписалар, дўқлар, таклифлар, илтимослар қилинди, лекин ҳеч нарса унгани йўқ. Ҳали ҳам ўшал эски ҳол, энг кейин кутубхонада бир нарса қолмағоч, китоб бериш тўхтатилди...

Шунинг учун ҳалиги ўртоқларға яна бир мартаба таклиф ва илтимос қиламиз: кутубхонадан олғон китобларингизни тезлик билан топширингиз. Уни ўзлаштириб кета олмассиз, чунки ул элнинг мулки, эл сиздан уни ҳар вақт талаб қиладир... Ўзингиздан бошқа ўқувчиларнингда борлиғини эсингиздан чиқармангиз!…»

«Қизил байроқ» газетаси 1922 йил 13 сентябрдан «Туркистон» номи билан чиқа бошлаган. Газета ҳақида шуни алоҳида таъкидлаш керакки, у «Турон» кутубхонаси фаолиятини энг кўп ва хўп ёритган нашрдир. Ўз даврининг нуфузли нашрларидан бўлган «Туркистон» газетасида «Турон»нинг 1922– 1924 йилларидаги фаолиятидан баҳс юритувчи 28 та материал босилган бўлиб, улардан 8 таси мақола, 4 таси хабар, 4 таси билдириш ва 12 таси ҳисоботдан иборат. Қуйида биз улар ҳақида кенгроқ маълумот берамиз. Газетанинг 1922 йил 22 сентябрь сонида босилган «Турон» қироатхонаси очилди» деган хабардан шуни айтиш мумкинки, 22 августдан ёпиқ бўлган Эски шаҳар «Турон» қироатхонаси тўлиқ таъмирлангач, яна очилиб иш бошлаган. 1922 йилда кутубхонадан фойдаланувчилар сони 7000 кишини ташкил қилган.

Газетанинг 1923 йил 13 февраль, 63-сонида «Турон» кутубхонасини мукаммаллаштириш» деган хабар босилган. Унда айтилишича, кутубхонани мукаммаллаштириб, марказий бир кутубхона қилиш учун сиёсий маориф томонидан раҳбарлар белгиланган.

Газетанинг 1923 йил 17 апрель, 110-сонидаги «Мактабдан ташқари маориф ишлари» деб номланган мақолада эса кутубхонанинг янги иқтисодий сиёсатдан кейинги аҳволи хусусида сўз боради:

«... 250 минг халққа эга бўлғон Эски шаҳарда очилғон «Турон» кутубхонаси очилғон вақтда яхши йўлга тушиб кетган эди. НЭПдан кейин бу кутубхона моддий ёқдан сиқилиб, маънавий томондан оқсаб қолди. Ундаги китоб, журналлар ўқувчилар томонидан неча мартадан ўқулуб чиққани учун мутолаачилар янги китоблар сўраб, кутубхона мудирини тинчсизлатмоқдалар.

1919-20-21-нчи йилларда уйда ўқиш учун турлик кишилар томонидан олиб кетилган китоблардан 300 га яқин китоб кутубхонага қайтиб кирмаган. Бу аҳвол мутолаачиларни кутубхона қошида ишончсиз танитиб қўйди. Ҳозир китоблар сиёсий маорифнинг ижозати билан фақат ўқувчи ва ўқитувчиларғағина бериладир...»

Газетанинг 1923 йил 28 апрель, 120-сонида «Турон» кутубхонасида мутолаа қилғонлар» деган ҳисобот берилган. Унда айти-лишича, январь ойида 643, февраль ойида 836, март ойида эса 648 киши китоб мутолаа қилган. Шу 3 ойда уйга китоб олиб ўқувчилар 199 кишини ташкил қилган. Яна шу сонда «Кутубхона олинди» деган муҳим хабар босилган бўлиб, унда оренбурглик китобчи Аҳмад Исҳоқийнинг бутун кутубхонаси 235 миллиард сўм баробарига Эски шаҳар «Турон» кутубхонаси учун сотиб олинганлиги ёзилган. Бу хайрли иш «Турон» кутубхонасининг фаол аъзоси, элимизнинг ардоқли шоири Чўлпон ташаббуси билан амалга ошган эди. Шу тариқа кутубхона жамғармаси яна 5 минг жилд китобга бойиган. Улар орасида Шарқ халқлари тарихига оид қимматли китоблар кўп бўлган. Кутубхонага олинган янги китоблардан хабар топган мутолаага ҳаваскор ўқувчилар «Қачон бу китоблар очилиб, карточкалари ёзилиб бизга берила бошлар экан?» – деб, кутубхонага ҳар куни қатнаганлар. Ҳатто ўқувчилардан бир киши «Қачон ўқур эканмиз?» деган мақола билан чиққан. («Туркистон», 1923 йил 12 сентябрь)

Мана шу фактнинг ўзиёқ халқимизнинг китобга бўлган муносабатини кўрсатиб турибди. «Туркистон» газетасининг 1923 йил 10 де-кабрь сонида босилган «Ўқувчи» имзоли «Турон» кутубхонаси» сарлавҳали мақолада эса кутубхонага моддий ва маънавий кўмак берувчи Эски шаҳар Вақф шуъбасининг ҳамда кутубхонани ўз истаги билан оталиққа олган Азиз бойбаччанинг қилган хизматлари ҳақида ёзилган:

«...Вақф шуъбаси кутубхонага жуда яхши қарамоқдадир. Кўб камчиликларни тўлдириб бериш устига янгидан электрик қилиб берди. Бир-икки кун ичида чироғлар ёниб кетса керак. Шундан кейин кутубхона кечаси билан очиқ бўлиб турадир. Уйга китоб берилмаганидан хафа бўлиб юрган ўртоқлар иссиқ китобхонада кеча-кундуз мутолаа эта олурлар.

 Кутубхонанинг оталиғини олғон Азиз бойвачча ҳам баъзи майда-чуйда харажатлардан бошқа китобхона ва искладига рафлар қилдириб берди. Бундан кейин ҳам қўлидан келганча ёрдамда бўлуб турадир.

Янги усул бошланғондан кейин 19-нчидан 29-нчи нўябиргача кутубхонага 40 аъзо ёзилиб, 76 дона ҳар хил китоб ўқулғон; қироатхонадан газет-журнал ўқуб кетканлар жами 804 дир...»

Шундай қилиб, Вақф шуъбасининг саъй-ҳаракати билан кутубхона электр билан тўлиқ таъминланган ва 1923 йилнинг декабрь ўрталаридан эрталабдан кечаси соат 22 гача очиқ бўлган. Декабрь ойида кутубхонадан китоб олиб ўқиган ўқувчилар 248 кишини, қироатхонадан газета-журнал ўқиганлар эса 1293 кишини ташкил қилган. Кутубхонадан ўқувчилар томонидан олинган китобларнинг кўпи йўқолгани учун уйга китоб бериш тўхтатилган.

Газетанинг 1924 йил 3 январь сонида «Ташаббус ҳайъати» томонидан ўзбек маориф ва маданият ходимлари диққатига шундай билдириш берилган:

«3-нчи январ, пайшанба куни, соат тўртда «Турон» қироатхонасида Ўзбек билим ҳайъати, «Нашри маориф» жамияти, «Кўмак» уюшмаси ва матбуот ходимларининг қўшма ўлтуруши бўладир. Кўруладурғон масала:

1. Маориф ва маданият ишининг юксалишида жиддият ва маорифга ёрдам ойиға иштирок.

2. Маориф уюшмаларининг кучларини бириктириш».

«Туркистон»нинг 1924 йил 16 январь, 220-сонида эса қуйидаги «Чақириқ қоғоз» эълон қилинган:

«17-нчи январ, панжшанба куни соат 4 да Эски шаҳар «Турон» қироатхонасида ўзбек маориф ва маданият ходимларининг мажлиси бўлур, шунга қуйидаги ўртоқлар чақирилиб, келмай қолмасға таклиф этиладир:

Мажид Қодирий, Муродхўжа, Шокиржон Раҳим, 3. Носирий, Усмонхон, Охунов, Орифхонов, Т. Мусабоев, Миржалилов, Мунаввар қори, Маннон Рамз, Шоҳрасул, Наби, Жулқунбой, Ғози, Муҳсин, Элбек, Боис, Ҳидой, К. Алимов, Салимхон, Олим қори, Иброҳим афанди, Чўлпон, Шаҳид Эсон, Аълам домла, Мамаджон қори, Вали Бурҳон, Маъруф Расулий, Вадуд, Саъдулла қори, Ғулом Зафарий, Айюб, Санжар, Қамчинбек, Хатибзода, Насрий, Мўъминжон, Босит, «Нашри маориф» ва «Кўмак» муассислари ва бошқа маориф ва маданият ишига алоқадор йўлдошлар».

Юқорида келтирилган билдиришларга асосланиб, кутубхона ўша йиллари маданият ва маориф масалаларига бағишланган йиғилишлар ўтказиладиган маданий-маърифий марказ вазифасини ўтаган, деб ҳақли равишда айта оламиз.

1924 йил кутубхона учун анча муваффақиятли йил бўлган. Чунки айнан шу йили «Туркистон» саҳифаларида кутубхонанинг деярли ҳар ойдаги ҳисоботи бериб борилганки, улар бугунги кун ўқувчисида ҳам қизиқиш уйғотиши табиий:

Кутубхонадан китоб олиб мутолаа қилганлар: январь ойида 705, март ойида 1500, апрель ойида 797, май ойида 385, июнь ойида 269, июль ойида 270, август ойида 528, сентябрь ойида 713, октябрь ойида 478, ноябрь ойида 490 киши. Қироатхонадан газета-журнал ўқиганлар: январь ойида 2335, март ойида 2537, апрель ойида 2401, май ойида 1785, июнь ойида 1930, июль ойида 1832, август ойида 2306, сентябрь ойида 2760, октябрь ойида 2233, ноябрь ойида 1885 киши.

Рақамлардан кўриниб турганидек, китобхонлар сони кундан-кунга кўпайиб борган, фақат ёз ойларида китоблар камроқ ўқилган. Ўқилган китобларнинг аксарияти ўзбек, татар ва турк тилларида бўлган. Кутубхонага бир кунда ўртача 70 та китобхон келган, уларнинг кўпчилигини 15-25 ёшдагилар ташкил этган. Кутубхона фондида 15 минг китоб мавжуд бўлган. Шу йили кутубхона фондини бойитиш йўлида бирмунча ютуқларга эришил-ган. Жумладан, Туркистон Давлат нашриётида чоп этилган асарлардан кутубхонага 2 нусхадан олиб туришга муваффақ бўлинган. Ун-дан ташқари, Озарбайжон Марказ Ижроқўмининг раиси Оғамали ўғли ҳам Тошкентга келганида Озарбайжонда чиқадиган китоб, газета ва журналлардан кутубхонага 2 нусхадан юбориб туришни ваъда қилган.

Шу ўринда яна бир нарсани қўшимча қилиш керакки, Оғамали ўғли ваъда қилганидек, «Турон» кутубхонасининг «Нодир нашрлар» фондида сақланаётган араб ёзувидаги китоб, газета ва журналлар орасида бошқа тиллардагига нисбатан озарбайжон тилидаги манбалар кўпчиликни ташкил этади. Бунга мисол қилиб, араб ёзувидаги 1925 йилда Бокуда чоп этилган Исмоил Ҳикматнинг «Турк адабиёти тарихи» номли кўп қисмдан иборат бўлган китобнинг «Усмонли адабиёти» (XIX аср) жилдини келтиришимиз мумкин. Бундан ташқари, кутубхона фондида озарбайжон тилидаги «Қўммунист» газетаси ҳамда «Мулла Насриддин», «Имло дорилфунуни», «Озарбайжон олий иқтисод шўросининг ахбори», «Маориф ва маданият», «Қизил қалам», «Шарқ қодини», «Янги мактаб», «Қизил шафақ», «Инқилоб ва маданият» журналлари ҳам сақланади.

Биз кутубхона ҳақида яна бир нарсани алоҳида таъкидлашни истардик. Бу қутлуғ даргоҳда таниқли шахслар билан учрашувлар уюштирилиб, улар томонидан турли мавзуларга доир маърузалар ҳам ўқилган. Бунга мисол қилиб газетанинг 1924 йил 1 июнь сонидаги «Эшитгувчи» (Олтой) имзоси остида босилган «Китоб тўғрисида илмий гап» номли мақолани кўрсатишимиз мумкин. Унда «Китоб ҳафтаси» муносабати билан кутубхонада маориф комиссари, «Қизил байроқ» ва «Туркистон» газеталарига муҳаррирлик қилган Усмонхон Эшонхўжаев (1899–1938) томонидан китобга бағишланган лекция ўқилгани ҳақидаги маълумотга эга бўламиз. Усмонхон Эшонхўжаев (қатағон қурбони) ўз маърузасида китобга шундай таъриф берган эди: «Китоб кишининг «оқкўнгиллик» йўлдоши ва унумлик умр раҳбаридир. Китоб фойдалиқ улфатдир».