Китоб», «китобхонлик», «кутубхона» сўзларининг ўзаги аслида арабчадан олинган бўлиб, бир мақсадга, яъни инсон маънавиятини бойитишга хизмат қилади.

Китоб туганмас хазина, ундан олган билимларни умрнинг охиригача ҳам сарфлай олмаймиз. Инсоннинг китобдан яқин ҳамроҳи, дўсти, маслаҳатчиси йўқ. Негаки китоб ақлни пешловчи қайроқдир. Китоб тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, муқаддас деб эъзозлаб, қадрига етади, севиб мутолаа қилади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда китобхонликни ривожлантириш борасида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилаётир. Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг тўртинчиси ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтирилган.

Кутубхоналарнинг болалик даврларимизда ҳозиргидан анча зерикарли бўлгани, у ерни китоб ўқишдан бошқа нимадир қила олиш мумкин бўлган жой сифатида тасаввур қила олмаслигимиз бор гап. XXI аср замонавий кутубхонаси - бу нафақат китоб ўқиш, балки ишлаш, тинглаш ва томошабин бўлиш, маърузалар қилиш, ҳамфикрлар билан учрашиш, ижод қилиш мумкин бўлган маскандир.

Бугунги кунда китобхонликни кенг тарғиб этиш, ёшларни бадиий ва илмий асарларни мутолаа қилишга чорлаш орқали анъаналаримиздан келиб чиққан ҳолда, маданиятимиз ва маънавиятимизни юксалтириб бориш ҳар биримизнинг бурчимиз деб биламиз. Зеро адабиёт, айниқса бадиий асар аввало инсонга тарбия воситаси сифатида таъсир этади, китоб туфайли дунёқарашимиз бойиб, тафаккуримиз янада ўсиб бораверади.

Таъкидлаш жоизки, одамлар бир-бири билан мулоқот қилиши учун жамоат кутубхоналариданда яхшироқ жой йўқ. Аслида ҳам шундай. Эндиликда эришишимиз лозим бўлган нарса, кутубхоналар аҳолининг барча қатлами учун бирдек машҳур жой бўлиши керак. Ўрта даромадлилар ва бойлар, маълумотлилар, маълумотли бўлиш истагида юрганлар, ишсизлар, ёшлар ва катта ёшлилар, маҳаллий аҳоли ва меҳмонлар — том маънода ҳар ким кутубхоналарнинг барча имкониятларидан фойдалана олиши керак.

Фан ва техника тараққий этган даврда кутубхоналарнинг миссияси ўзгаради, кутубхоначининг профессионал фаолиятида ҳам  қоидалар янгиланишига эҳтиёж пайдо бўлади. Энди тадбирлар миқдори, китобхонлар ва берилган китоблар сони каби кўрсаткичлар ахборот-ресурс маркази фаолиятини баҳолашда бош омил бўлолмайди. Кутубхоначидан аудиовизуал ва электрон ҳужжатлар, замонавий техника билан ишлаш малакаси ҳам талаб этилади.

Кутубхона зиё тарқатувчи маскан. Шундай экан, у ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги даркор. Аввало кутубхона дид билан жиҳозланган, тоза ва озода бўлиши, таркибидаги ўқув заллари зарур мебеллар билан таъминланиши, ташқи шовқиндан ҳимояланиши, хонанинг ёруғ ва шинам бўлиши аҳамиятли.  .

Кутубхоначи ким? Замонавий кутубхоначидан нима талаб қилинади? Кутубхоначи ўқувчиларга формулярлар очади, унга берилган китобларнинг номи ва рақамларини ёзиб қўяди. Кутубхонада тартибни сақлайди, эскирган китобларни таъмирлайди, яроқсиз ҳолга келиб қолган адабиётлар рўйхатини тузади, янгиларини қабул қилади, тизимли ва алифболи каталогларни тўлдиради, ўқувчилар билан суҳбатлар ўтказади. Фақат шуми? Аслида кутубхоначининг иши бу қадар оддий ва осон эмас. Замонавий кутубхоначи ўқувчиларнинг кичик тиражда нашр этилган ёки бўлмаса анча олдин чоп этилгану, аммо қайта босилмаган китоблар орасидан энг сийраклари билан танишиши учун имконият яратиши керак. Шунингдек электрон кутубхона ва электрон база билан ишлай олиш, фойдаланувчига китоб, электрон китоб ва керакли сайтларни топишда кўмаклашиш ҳам кутубхоначининг вазифасига киради. Замонавий кутубхоначи нафақат интернет тизимидан моҳирона фойдалана олиши, балки кутубхона қидирув тизимларини ҳам яхши тушуниши керак.

... Охирги марта қачон кутубхонага бордингиз? Кимдир мактаб пайтида, яна кимдир ўтган ҳафтада... Кутубхонанинг ўз жозибаси бор - у тарихга бой, чиройли ва сокин, у ерда ҳар қадамда китоб ўқиётган одамни кўриш мумкин. Яхши китобни чиройли кутубхонада ўқиш эса - бу, албатта, идеал уйғунлик. Лекин смартфонлар ва iPad'лар эрасида одамлар кутубхонага боришни камайтиргани ҳам ҳақиқат.

Тарихга назар ташласак, илк кутубхоналар тахминан эрамиздан 2600 йиллар аввал пайдо бўлган экан. Аммо, афсуски, у даврда маълумотларнинг барчасини сақлаб қолувчи архивлар мавжуд бўлмаган бўлсада, бизгача улар етиб келмаган. Ҳозирги замонавий кутубхоналар эса шу қадар қулай, ўзига хос тарзда бунёд этилмоқдаки, уларни кўриб, барчанинг кўзи қувнайди. Хўш, замонавий кутубхоналар нимаси билан ажралиб туради? Уларнинг ноодатий дизайнидан тортиб, китобларнинг турли шаклларда чоп этилганигача эътиборни тортмай қолмайди. Замонавий кутубхоналар янгича меъморий ечимда бўлиб, китобхонларни ҳайратга солиши тайин.

Энг яхши мудофаа - бу ўзгарувчанлик, моҳиятни сақлаб қолган ҳолда янги шаклга ўтиш қобилиятидир. Бу кутубхоналарнинг мавжудлигига ҳам тегишли. Aгар кутубхоналар замон талабига биноан ўзгармаса, оддий одамлар улар учун тезда бошқа дастурни топадилар: китобларни ўчоққа улоқтиришади, кутубхона биноларини эса тижорат муассасаларига айлантиришади. Рақамли даврда кутубхоналар ўзига мансуб фалсафани ривожлантиришга, фойдаланувчиларнинг манфаатларини таъминлаш ва эҳтиёжларига мос келадиган фондларни яратишга интилмоқда. Дарҳақиқат, кутубхоналар ҳар томонлама ўзгариб бормоқда ва янада ўзгаришга эришмоғи керак. Келажак кутубхонасини яратиш керак. Ғарбда ҳам, бизга яқин Россияда ҳам бу ҳаракатнинг самараси аллақачон намоён бўлмоқда. Шундай экан, айни пайтда аниқ мисоллардан фойдаланиб, ҳақиқий ўзгаришларни кўрсатиш ниятидамиз. Зеро келажакнинг ҳақиқий кутубхоналари яратилмоқда. Қуйида шундай замонавий кутубхоналар ҳақида сўз боради.

«Book Mountain and Library Quarter» кутубхонаси Голландия шаҳарларидан бирида жойлашган. Куб кўринишида барпо этилган бино худди томига пирамида жойлаштирилгандек кўринади ва бу ноодатийлиги билан шаҳардаги бошқа бинолардан ажралиб туради. «Book Mountain», яъни «китоблар тоғи» ибораси айнан кутубхона номи учун бежиз танланмаган. Боиси бу бинонинг ичига киришингиз билан залнинг ўртасида китоблардан тоғни ёдга солувчи шакл яратилганининг гувоҳи бўласиз. Китоблар бир неча бўлимларга ажратилган бўлиб, бу қидирган китобингизни тезда топиш имконини беради. Яна шуниси аҳамиятлики, бино ёруғлик тўғридан-тўғри тушувчи нуқтада барпо этилган. Шу боис ҳам кундуз кунлари кутубхона учун ҳеч қандай чироқнинг кераги йўқ.

Бирмингэмдаги янги кутубхона Англиянинг энг катта кутубхонаси, Европада энг катта маънавий марказлардан бири саналади. Ушбу кутубхона дизайни голландиялик архитекторлар томонидан яратилган. Бинонинг олд тарафдан кўриниши ноодатий: оддийгина ҳалқалар ёрдамида чиройли кўринишга эга нақшлар яратилиб, бинога ўзгача чирой бахш этган. Бир неча қаватдан иборат бу кутубхонада жаҳон адабиёти дурдоналари билан танишиш мумкин.

Веннесл кутубхонаси Норвегиянинг маданият марказларидан бири ҳисобланади. Бу кутубхонани сўзсиз энг замонавийларидан бири дея аташ мумкин. Бу ерда кутубхона билан биргаликда қаҳвахона, бир нечта конференц-зал ва ўқув маркази фаолият юритади. Бундан ташқари, шу ернинг ўзида Норвегиянинг энг катта архиви жойлашган. Кутубхона ўз китобхонлари учун доимо очиқ.

Саммамиш шаҳри кутубхонаси (Вашингтон) ажойиб дизайни билан ажралиб туради. Бу ерда, шубҳасиз, мутолаа учун қулай ўқув зали мавжуд. Бу маърифат манзили тарихни ёдга солувчи иситиш тизими билан жиҳозланган, дизайнининг замонавийлиги эса китобхонлар учун бирмунча қулайлик яратади. Тарихни унутмаган ҳолда, замонавий кутубхона барпо этиш архитекторларнинг мақсади эди ва улар бунга тўкис эришди.

Алмердаги янги кутубхона (Нидерландия) бир неча қисмдан ташкил топган: қаҳвахона, интернетга эга махсус хона, ўқув зали ва мультимедиа хонаси. Бу ер бир қарашда савдо марказига ўхшайди. Кутубхона китобларнинг жанри ҳамда соҳасига қараб бир неча бўлимларга бўлинган.

Квинслэнддаги кутубхона (Австралия) майдони 1650 квадрат метр, шаҳар марказига яқинда жойлашган. Бинонинг том қисми яшил рангдаги тунука билан қоплангани боис ўзгача аҳамият касб этган. Кутубхона ичига разм солинса, дизайнда ёрқин ранглардан ва турли қувноқ шакллардан фойдаланилгани яққол кўзга ташланади.

Квинслэнд штати (Австралия)да жойлашган яна бир кутубхона ўзининг ноодатий ва замонавийлиги билан барчани лол қолдиради. 2006 йилда қурилган кутубхона кейинчалик қайта таъмирлаш жараёнида майдони 12000 квадрат метрга етказилган, яъни олдингисига қараганда икки баробар каттадир.

Абердин шаҳри кутубхонаси (Шотландия) жуда қадимий, 1495 йилда ташкил қилинган. Бу кутубхонада 250000 га яқин китоблар ва кўлёзмалар мавжуд. Ҳозирда бино қайта таъмирланиб, замонавий кўринишга келтирилди. Майдони 15000 квадрат метр.

Энди Кореянинг энг замонавий кутубхоналаридан бири – Миллий смарт кутубхонасига саёҳат қиламиз. Сежонг шаҳрида жойлашган ушбу кутубхона Жанубий Корея миллий кутубхонасининг биринчи филиали саналади, 2013 йилда қурилган, жойлашган майдони 21000 квадрат метрни ташкил қилади. Кутубхонанинг биринчи ва иккинчи қаватлари ҳам китоб ўқиш, ҳам дам олиш учун мўлжалланган. Учинчи қаватда турли конференция ва семинарлар ўтказилади. Тўртинчи қаватда ресторан жойлашган. Шу қават орқали томга чиқиб, мўъжазгина боғда ҳам мутолаа қилиш имкониятидан фойдаланиш мумкин.

Таниқли Samoo Architects & Engineers томонидан барпо этилган мажмуанинг ташқи қиёфаси варақланаётган китобнинг шаклини ёдга солади. Антиқа дизайни осонлик билан китоблар маконини топиб олиш имконини беради. Шу билан бирга архитектураси қадимий бино ва иншоотларнинг дизайнини ҳам эслатиб туради. Бу эса Корея халқининг ўз тарихини унутмаганлигини, анъанавий архитектура хайтэк услублари билан уйғунлаштирилиб, янгича ёндашувлардан фойдаланилганлигидан далолат беради.

Таъкидлаш жоизки, кореяликлар энерго-тежамкорликка, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга жуда катта эътибор беришади. Чунончи, кўпгина катта бино ва иншоотларда қуёш панель ускуналаридан ва кичик шамол парракларидан электр қувватини ишлаб чиқаришда фойдаланилади.

Кутубхона биносида қанча электр қуввати ишлаб чиқарилиши ва қанчаси сарф этилганини онлайн режимда кўрсатиб турувчи табло ўрнатилган. Бу, ўз навбатида, Кореяда давлат ташкилотлари электр қуввати бўйича сарфхаражатларининг шаффофлигини кенг намоён этиш механизми мавжудлиги, «яшил ва смарт иқтисодиёт»га ўтилаётганлигидан далолат беради.

Истанбулдаги Боязид кутубхонаси ҳам дунёнинг энг чиройли замонавий кутубхоналаридан бири. Сан-Франциско ва Лондонда нашр этиладиган Wired илмий-оммавий журнали Истанбулдаги Боязид давлат кутубхонасини энг чиройли замонавий кутубхоналар ичида тўртинчи ўринга қўйди. 1884 йилда «Умум Усмонлилар кутубхонаси» номи билан асос солинган кутубхонанинг қайта тиклаш ва дизайн ишларини Tabanlıoğlu Mimarlık компанияси амалга оширди. Кутубхона китобхонларга миллионга яқин ҳужжатни таклиф этади, улардан ярми китоблар. Кутубхона фондида 11120та қўлёзма сақланади, уларнинг ичида ўта ноёблари ҳам бор.

Ўзбекистоннинг замонавий кутубхоналаридан бири, шубҳасиз, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасидир.

Миллий кутубхона ахборот ва маданий-маърифий муассаса сифатида кутубхоначилик, библиография, илмий тадқиқот, илмий-услубий йўналишларда фаолият юритади. Нашриёт-таҳририят-матбаа хизмати ҳам йўлга қўйилган. Кутубхона фонди мазмунан универсал миллий ва хорижий матбуотнинг ноёб тўпламидир.

Кутубхона фаолиятининг бош мақсади - бутун инсоният билимини акс эттирган, аввало Ўзбекистонга, ҳалқимиз манфаатларига тааллуқли ҳужжатларнинг универсал фондини йиғиш, сақлаш ва албатта кенг жамоатчиликка ҳавола этишдир.

Миллий кутубхона республикамиздаги барча кутубхоналарга кутубхонашунослик, библиографияшунослик ва китобшунослик соҳалари бўйича услубий раҳбарлик қилади.

Бугунги тезкор ва замонавий шароитда салоҳияти юксак интеллектуал кадрларни тайёрлашда ёшларнинг китобга муносабатини янада яхшилаш, ҳуқуқ-тартибот органлари учун етук кадрлар тайёрланадиган таълим масканларида мавжуд кутубхоналар фондини энг янги бадиий, илмий, соҳага доир, шу жумладан давлат тилидаги китоблар билан мунтазам равишда бойитиб бориш долзарб аҳамият касб этади.