Биз аввалги мақолаларимизда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг 1920 йилдан 1940 йилгача бўлган тарихидан ҳикоя қилган эдик. Ушбу мақоламиз эса кутубхонанинг 1941 йилдан 1950 йилгача бўлган фаолияти ҳақида.

Кутубхона тарихидан сўз очишдан аввал «Қизил Ўзбекистон» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») газетаси ҳақида бир-икки оғиз сўзлаб ўтамиз. Республиканинг етакчи сиёсий газетаси бўлган «Қизил Ўзбекистон» 1924 йилнинг 5 декабридан Тошкентда чиқа бошлаган. У 1930 йилгача араб, 1931 йилдан лотин, 1941 йилдан эса кирилл ёзувларида нашр этилган. Мен «Турон» кутубхонасида библиограф сифатида фаолият юритиб, «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1924 йилдан 1950 йилгача чиққан сонларида эълон қилинган мақолаларнинг изоҳли библиографиясини тузиб, нашрга тайёрладим. Мазкур библиография «Миллий матбуот фиҳристи» ва «Турон» жавоҳирлари» номли библиографик кўрсаткичлардан ўрин олган. Фақат газетанинг 1941 йил июль-декабрь ҳамда 1942-1945 йилларида чиққан сонлари «Турон» кутубхонасида сақланмагани учун уларнинг библиографияси тузилмади. Шунинг учун биз ушбу мақоламизда Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг иккинчи жаҳон уруши йилларидаги тарихига тўхталмаймиз.

1941-1950 йилларда «Қизил Ўзбекистон» саҳифаларида Ўзбекистон Давлат халқ кутубхонасига бағишланган кўплаб қизиқарли мақолалар босилганки, улар бизга мазкур маърифат масканининг урушдан аввалги ва урушдан кейинги фаолиятига доир қимматли маълумотларни тақдим этади. Қуйида улар ҳақида муфассал сўз юритамиз.

Газетанинг 1941 йил 13 январь сонида «Навоий «Хамса»сининг нодир нусхаси» номли мақола босилган. Унда ёзилишича, Ўзбекистон Давлат кутубхонасида Алишер Навоий «Хамса»сининг энг эски ва нодир бир нусхаси сақланган бўлиб, у шоир замондошларидан Абдулжамил котиб томонидан кўчирилган. Абдулжамил томонидан «Хамса»даги достонларнинг тагига қўйилган вақтлар ўша асарларнинг Навоий томонидан ёзилган йилига тўғри келган. Шунинг учун «Хамса»нинг бу нусхаси Навоий асарни тугатгандан кейин кўчирилган илк нусхалардан бўлиб ҳисобланади. Абдулжамил ўз замонасининг машҳур котибларидан бўлиб, номи Навоийнинг асарларида ҳам тилга олинган экан. Олимлар Абдулжамил котиб томонидан ёзилган бу нусхани «Хамса»нинг бошқа нусхалари билан солиштирганларида, у энг хатоси кам ва тўғри кўчирилганлиги маълум бўлган. Бу мазкур зиё масканида ўша вақтларда ҳам жаҳон илм-фани ривожига катта ҳисса қўшган буюк боболаримиздан қолган кўплаб мўътабар қўлёзмалар ва дурдона асарлар сақланганлигини кўрсатади.

Биз иккинчи мақоламизда Ўзбекистон Давлат кутубхонаси Шарқ қўлёзмалари бўлимининг илмий ходими, «китобчи билимдон» дея таърифланган, Алишер Навоий ҳақида альбом тайёрлаган Ибодулла Одилов ҳақида сўзлаб ўтган эдик. Газетанинг 1941 йил 20 январь сонидаги «Ибод Одилов» имзоси билан ёзилган «Навоийнинг янги асари» сарлавҳали мақолага дуч келганимизда унинг илмий мақолалар ҳам эълон қилганлигининг шоҳиди бўлдик. Унда муаллиф кутубхонанинг Шарқ қўлёзмалари бўлимида Алишер Навоийнинг форс тилидаги тил ва адабиёт назарияси билан боғлиқ бўлган «Муфрадот» рисоласининг 2 нусхаси топилганлиги ҳақида маълумот берган. Қуйида ушбу мақолани тўлалигича эътиборингизга ҳавола қиламиз:

«Навоийнинг форс тилида «Муфрадот» номли муаммо шеърларидан иборат бир тўплами борлиги ҳақида «Туҳфаи Соми» ва «Макоримул ахлоқ»да сўзланса ҳам, лекин бу тўплам ҳалигача ҳеч жойда топилмаган эди.

Ўзбекистон Давлат кутубхонасининг Шарқ қўлёзмалари бўлими ўзининг бой ва қимматбаҳо китоб фонди ичидан шу нодир тўпламни излашни менга топширган эди. Жуда кўп баёзлар ва муаммо тўпламлари диққат билан кўздан кечирилгандан кейин «Муфрадот»нинг икки нусхаси топилди. Булардан бири ҳар жиҳатдан мукаммал бир нусха бўлиб, ҳижрий билан 992-нчи йилда котиб Мулла Шомурод бини Ғулом Али Балхий томонидан ёзилган. Бир неча белгиларга қараганда, бу китоб Балх шаҳрида ёзилган бўлса керак.

«Муфрадот»нинг катта бадиий аҳамияти бор. Навоий муаммолари ёзилганда тарихий йиллар ва шахсларнинг номи келиб чиқади. Яна шуни ҳам айтиш керакки, Навоийнинг муаммоларини ҳал қилиш, топиш анча енгил. Бу нодир асар гениал шоирнинг ўз она тилидан ташқари форс тилини ҳам зўр маҳорат билан ўрганганини кўрсатади.

Ўзбекистон Давлат кутубхонасининг Шарқ қўлёзмалари бўлимидаги илмий ходимлар ҳозир шу асар устида илмий иш олиб бормоқдалар».

Газетанинг 1941 йил 22 январь сонида кутубхонанинг яна бир илмий ходими М. Султоновнинг мақоласи чоп этилган бўлиб, у «Оммавий кутубхонанинг справка-библиографик иши» (Н. Карклина, ЎзССР Давлат Ўқув-педагогика нашриёти, 1940 йил) деб номланган. Муаллиф унда Н. Карклинанинг «Оммавий кутубхонанинг справка-библиографик иши» китоби ҳақида ўз фикр ва мулоҳазаларини баён этган:

«Яқинда Н. Карклинанинг «Оммавий кутубхонанинг справка-библиографик иши» номли китобининг ўзбекча таржимаси босилиб чиқди. Бу китоб оммавий кутубхоналарнинг кундалик справка-библиографик, информация-библиографик ва тавсия-библиографик ишларида ўзбек тилидаги бирдан-бир қўлланмадир.

Кенг омманинг турли хил саволларига жа-воб беришда кутубхоналарнинг маълумот-
библиографик ва ахборот-библиографик иш-
лари катта аҳамиятга эга. Н. Карклинанинг бу китоби кутубхоналарнинг китобхонлар билан ишлаш усулларини, справка-библиографик, ахборот-библиографик ишларнинг аҳамияти ва уни ташкил қилиш йўлларини аниқ ва равшан ифодалаб беради.

Китобда ҳар бир оммавий кутубхона қўлланиши лозим бўлган муҳим библиографик манбаларнинг рўйхати, ҳар хил каталог ва картотекаларнинг тузилиш тартибини кўрсатучи расмлар ҳам киргизилган.

Жойлардаги оммавий кутубхоналарнинг справка-библиографик ишлари ва айниқса тавсия-библиографик ишлари ҳали унчалик яхши йўлга қўйилмаган. Уларнинг китоб фондларида қимматбаҳо китоблар қаторида баъзи яроқсиз адабиётлар ҳам учрайди. Карклинанинг ушбу китоби мана бундай масалаларда кутубхоначига тўғри ва фойдали йўлланма беради...»

1941 йилда газетанинг «Библиография» рукнида таниқли библиограф ва манбашунос олим, кўплаб библиографик кўрсаткич ва илмий асарлар яратган Евгений Карлович Бетгернинг 2 та мақоласи эълон қилинган. Биринчиси «Е. Бетгер» имзоси билан ёзилган «Туркистон ҳақида тўплам» сарлавҳали мақола бўлиб, газетанинг 1941 йил 28 январь сонида чоп этилган. Унда муаллиф Ўзбекистон Давлат кутубхонаси жамғармасида сақланган Туркистон ўлкаси тарихига оид материалларни ўз ичига олган «Туркестанский сборник» («Туркистон тўплами») тўғрисида сўз юритган. Қуйида уни тўлалигича келтирамиз:

«Тошкент Давлат кутубхонасида Шарқ қўлёзмалари қаторида 549 томдан иборат бир нусха «Туркестанский сборник» («Туркистон тўплами») деган ажойиб тўплам бор.

Бу тўплам революциягача бўлган газета, журнал ва китоблардан кесиб олиб тузилгандир.

Туркистон ҳақидаги бу тўплам республикамиз ўтмишини ўрганишга катта ёрдам беради. Тўплам машҳур рус библиографи В. И. Межов томонидан тўплана бошланиб, бир неча йил давом эттирилган. В. И. Межов бу тўпламга Туркистон ҳақида 1868-1888 йиллардаги бой материалларни йиққан. Тўпламда Ўрта Осиёни забт қилиш даври, уни йиртқичларча эксплуатация қилиш мақсади билан рус капиталининг Туркистонга дастлабки киритилиши, бу ҳақда чет эл матбуотида ўша пайтда ёзилган материаллар, рус илмий ходимларининг биринчи марта Ўрта Осиёнинг иқлими, табиати ва аҳолисини текшириш тўғрисидаги илмий материаллари тўпланган.

1888 йилдан 1907 йилгача тўпламга материал йиғиш тўхтаб қолган. 1907 йилдан «Туркистон тўплами»га яна қайтадан материаллар тўпланган. Тўпламнинг сўнгги 178-томига 1888 йилдан кейинги давр ичидаги кўп мақолалар киритилади. Бу томларда подшо амалдорларининг бюрократлиги ва эзиш асосида қурилган давлат аппаратининг нимадан иборат эканлиги тўғриларида материаллар бор.

Тўпламда В. И. Межов томонидан тузилган ва 1878-1888 йиллар орасида Петроградда босилган 3 қисмдан иборат шу тўплам ҳақидаги ажойиб кўрсатма ҳам сақланган.

Бу йил тўпламга Улуғ Октябрь социалистик революциясидан буён тўпланган материаллар киритилади.

Туркистон ҳақидаги бу тўплам мамлакатимизнинг ўтмишини ўрганувчилар, илмий ходимлар учун энг муҳим тарихий асар бўлиб фойдаланилмоқда».

«Е. К. Бетгер» имзоси остида босилган иккинчи мақола «Туркистон альбоми» деб номланган бўлиб, газетанинг 1941 йил 10 апрель сонида эълон қилинган. Катта ҳажмдаги ушбу мақолада муаллиф Туркистон халқларининг турмуш тарзи ва урф-одатлари ҳақидаги фотосуратларни ўзида жамлаган, тарихий жиҳатдан катта қимматга молик бўлган «Туркистон альбоми» (ҳозирда у кутубхонанинг Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар фондида сақланади) ҳақида фикр юритган:

«1871-72 йилларда Туркистоннинг биринчи генерал губернатори Кауфманнинг буйруғи билан шарқшунос А. Л. Кун «Туркистон альбоми» деб аталучи олти томлик альбом тузган эди. Бу альбом кам учровчи қимматли тарихий ҳужжат бўлганидан ҳозиргача Давлат халқ кутубхонасида сақланмоқда.

Кауфман бу альбом воситаси билан Петербургнинг олий доираларини чор Россиянинг янги мулки – Ўрта Осиё билан таништирмоқчи бўлади.

Альбом дастлаб подшо ва унинг энг яқин кишилари ўртасида тарқатилган, фақат бир нусхасигина Тошкентда олиб қолиниб, халқ кутубхонасига берилган эди. Шундай қилиб, Кауфман альбом туздириш билан Туркистон ҳақида кенг халқ оммаси ўртасида тушунча яратиш идеясидан тамомила йироқ эди.

«Туркистон альбоми» тўрт қисмдан иборат. «Этнография» қисми Ўрта Осиё халқларининг маишати, кийимлари, урф-одатларини ва шунингдек, Туркистон шаҳарларининг кўринишларини тасвирлаган 450 дона турли расмлар билан тўлган. «Ҳунармандчилик» қисми кустарь ишлаб чиқариши, савдо ва саноатни тасвирлаган 200 донадан ошиқроқ фото-суратларга эга. «Археология» қисми Ўзбекистон, Жанубий Қозоғистон территорияларидаги, кўпроқ Самарқанддаги турли қадимги ёдгорликлардан 350 донадан ошиқроқ расмлар билан тўлган. Альбомнинг «Тарихий» қисми эса Туркистонни енгиб олганларнинг портретлари билан, янги крепостларни ва янги шаҳарларда солинган биринчи европача биноларнинг кўринишларини, ҳамда 13 штурм, жангларни тасвирловчи 190 дона фото-расмлар билан тўлатилган. Кауфман бу қисмда чоризмнинг ўз янги мустамлакасига ҳарбий ҳужумини ва унинг ўлкани ишғол қилишдаги биринчи қадамларини тасвирловчи хотира қолдирмоқчи эди. Худди шунинг учун ҳам, бу – рус имперализмининг мустамлакачилик фаолиятини ифодаловчи ҳужжатдир.

«Туркистон альбоми» Туркистоннинг 70 йил муқаддам рус капитали томонидан биринчи ўзлаштирилган даврдаги ҳолатини тасвирлайди. Альбомнинг аҳамияти ҳам шунда. Альбомнинг «Археология» қисми, шубҳасиз, алоҳида аҳамиятга эга. Чунки бунда қадимги ёдгорликларнинг Х1Х асрнинг 70 йилларидаги тасвири берилган.

Бундан ташқари, «альбом» Туркистон шаҳарларининг тарихини, Ўрта Осиёда ҳунармандчилик ва саноатнинг ривожини ўрганиш ишида катта аҳамиятга эга.

Мана шунинг учун «Туркистон альбоми» бебаҳо қимматга эга, шунинг учун Ватанимизнинг ўтмишини ўрганучилар бу асарга кўп мурожаат қиладилар ва худди шунинг учун бу альбомни ЎзССР Давлат халқ кутубхонаси махсус эътибор билан сақлайди».

Бир нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур зиё масканининг изланувчан ходимлари китобхонларнинг янги адабиётларга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида, кутубхона фондини доимий равишда янги китоблар билан тўлдириб борганлар ва улар ҳақидаги янгиликлардан ўқувчиларни бохабар қилиш учун газета саҳифаларида мақолалар эълон қилиб борганлар. Фикримизнинг тасдиқи тариқасида газетанинг 1941 йил 30 апрель сонида чоп этилган кутубхона ходими Д. Вороновскийнинг «Давлат халқ кутубхонасида янги китоблар» деган мақоласини кўрсатишимиз мумкин. Унда кутубхонага олинган 2 та муҳим асар ҳақида сўз боради:

«Давлат кутубхонаси академик И. Ю. Крачковский ва А. А. Петровлар таҳрири остида СССР Фанлар академияси Шарқшунослик институти томонидан нашр қилинган «Совет шарқшунослик» тўпламининг биринчи томини олди.

Тўпламнинг биринчи томи академик А. П. Баранниковнинг «Совет шарқшунослигининг галдаги вазифалари» деган мазмунли мақоласи билан бошланган.

Мақолалар орасида марҳум академик Бартольднинг биринчи марта босилаётган «Руслар ҳақида арабларнинг фикрлари» деган мақоласи ҳам бор. Автор 1938 йилда ёзилган бу мақоласида асосан араб манбаларига (Ибн-Фадлан, Ибн-Хордадбек, Ибн-Русте, Масъудий ва бошқаларнинг асарларига) таяниб, СССР халқлари тарихининг энг муҳим соҳаларидан бирининг умумий обзорини беради.

А. К. Боровковнинг «Алишер Навоий» (туғилганига 500 йил тўлиши муносабати билан) деган мақоласи буюк ўзбек шоири, ёзувчиси ва мутафаккири Алишер Навоийнинг қисқа таржимаи ҳоли ва унинг ижоди тўғрисида яхши маълумот беради. Сўнгра Е. Э. Бертельснинг «Низомий ва унинг таълимоти» (800 йиллик юбилейига бағишланган) мақоласи диққатга сазовордир.

Шунинг сингари бу тўпламда бошқа қимматли мақолалар ва кенг «Рецензия» бўлими ҳам бор.

Кутубхона Шарқни кўп саёҳат қилган, ХIII аср ўрталарида Чингизхон набираси Ҳубилайхон саройида хизмат қилган машҳур сайёҳ Марко Поланинг «Саёҳат» китобини ҳам олди. Таржима эски француз оригиналидан қилиниб, бунда К. И. Кунин томонидан кириш сўзи, комментария ҳам берилган...»

Кутубхонага олинган янги адабиётлар ҳақидаги маълумотларнинг газета орқали оммага тақдим этилиши ўқувчиларнинг китоб ва вақтли матбуотга бўлган қизиқиш ва рағбатларини оширишга хизмат қилган.

Энди кутубхонанинг иккинчи жаҳон урушидан кейинги йиллардаги фаолиятига тўхталамиз. «Қизил Ўзбекистон»нинг 1947 йил 30 июль сонида кутубхона директори Алиасқар Усмоновнинг вафоти ҳақидаги нохуш хабар босилган. Унда айтилишича, Алишер Навоий номли Давлат халқ кутубхонасининг директори, психология кафедрасининг доценти Алиасқар Усмонов узоқ касалликдан сўнг, 1947 йил 27 июль куни вафот этган. У маориф-маданият соҳасидаги хизматлари учун «Меҳнат Қизил Байроқ» ва «Ҳурмат белгиси» орденлари билан ҳамда «Улуғ ватан уруши даврида шавкатли меҳнати учун» медали билан ҳам мукофотланган экан.

Кутубхона 1947 йилнинг охирларига келиб катта кўрсаткичларга эришган, унинг фидойи ходимлари ишларни яхши йўлга қўйиб, самарали фаолият кўрсатганлар. Сўзимизнинг исботи сифатида газетанинг 1947 йил 9 декабрь сонида босилган «Халқ кутубхонасида» номли диққатга сазовор мақолани келтирамиз. Ушбу мақолани кутубхонанинг 1947 йилги ҳисоботи деб айтсак ҳам янглишмаймиз. Унда айтилишича, Ўзбекистоннинг энг эски маданий-оқартиш муассасалардан бири бўлмиш Республика халқ кутубхонасидаги китобларнинг сони 1870 йилда 2200 та бўлган бўлса, 1947 йилга келиб уларнинг сони бир ярим миллиондан ошган. 1947 йилда кутубхонага 35 минг китоб, 17 ярим минг дона журнал ва 109 минг дона газета олинган. Кутубхона очилган йили унинг 327 та ўқувчиси бўлган бўлса, 1947 йилда улар 8000 ни ташкил қилган. 1947 йилда кутубхона ходимлари катта ишларни амалга оширганлар, жумладан, кутубхонада илмий ходимлар учун алоҳида зал очилган бўлиб, унга ўлкашуносликка оид адабиётлар қўйилган. Кутубхонада Ўрта Осиё ҳақида ёзилган китобларнинг тўла рўйхатини тузиш иши бошланган, шунингдек, Навоий юбилейи олдидан шоир асарларининг рўйхати ҳам тузилган. Бундан ташқари, кутубхона ходимларининг малакасини ошириш мақсадида 3 ойлик курс очилган, мактаб ва клублардаги кутубхоналарга доимий консультациялар бериб турилган. Кутубхона ташкил этган кўргазмаларни аҳоли қизиқиб томоша қилингани учун йил давомида 6 та катта, 25 та кичик кўргазма ташкил қилинган.

1948 йил кутубхона учун унутилмас тарихий йил бўлган, чунки айнан шу йили кутубхонага буюк ўзбек шоири ва мутафаккири, ўзидан ўлмас асарлар қолдирган Алишер Навоийнинг табаррук номи берилган. Бу ҳам бежиз эмас, чунки шу йилнинг май ойида Тошкентда ўзбек адабиётининг даҳо шоири ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг 500 йиллик юбилейи катта тантана билан нишонланган. Айни юбилей кунларида кутубхона янги биносининг очилиш маросими ҳам бўлган. Бу ҳақдаги маълумот газетанинг 1948 йил 18 май сонида босилган «Навоий номидаги Давлат халқ кутубхонасининг очилиш маросими» номли мақолада ўз ифодасини топган. Унда ёзилишича, кутубхона янги биносининг очилиш маросими 1948 йил 17 май куни бўлган:

«Кеча Тошкент шаҳрида қурилган Ўзбекистон ССР Давлат халқ кутубхонасининг очилиш маросими бўлди. Бу кутубхонага улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийнинг номи берилган.

Митингни Ўзбекистон ССР Министрлар Совети Раисининг ўринбосари ўртоқ Р. Ғуломов очди.

Митингда Ўзбекистон К(б)П Марказий Комитетининг пропаганда бўйича секретари ўртоқ Ваҳобов, Сталин мукофотининг лауреати шоир Ғафур Ғулом, ёзувчи Климович, Давлат халқ кутубхонаси директорининг ўринбосари Рагимов, Ўзбекистон ССР Фанлар академиясининг старший илмий ходими Ходи Зариф ўртоқлар сўзладилар.

Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг Раиси ўртоқ Абдураҳмонов кутубхона эшиги олдидаги қизил лентани кесди ва кутубхонани очиқ деб эълон қилди.

Митинг қатнашчилари Алишер Навоий номига қўйилган ҳашаматли, кўркам кутубхонага кириб, унинг заллари ва мутолаахоналарини тамоша қилдилар».

Биз юқорида Бетгернинг «Туркистон тўплами» ҳақидаги мақоласи билан танишган эдик. Бу тарихий манбага аҳли илмлар орасида қизиқиш кучли бўлгани учун 1948 йилда у ҳақда яна 2 та мақола чоп этилган. Биринчи мақола А. Латифнинг «Туркистон тўплами» деган мақоласи бўлиб, газетанинг 1948 йил 20 январь сонида босилган:

«Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон халқ кутубхонасида Ўрта Осиёга, шу жумладан Ўзбекистонга оид турли хил материалларни ўз ичига олган «Туркистон тўплами» китоби сақланади. Бу тўплам 591 томдан иборат бўлиб, унда чор ҳокимияти томонидан Туркистон ўлкасининг забт қилиниши, Хива, Бухоро хонликларига қарши кураш ва мустамлакачилик сиёсати, собиқ Туркистон ўлкасининг революциядан аввалги тарихи, иқтисодиёти ва этнографиясига доир кенг, қимматли материаллар бор.

1867 йилда Тошкентда халқ кутубхонаси ташкил этилгач, ўлканинг халқ хўжалигини тафсилий равишда ўргатиш эҳтиёжи пайдо бўлди. Шу мақсадда Ўрта Осиё ҳақида рус тилида ва чет элларда чиққан газета-журнал мақолаларини, китобларни тўплаш вазифаси ўша замоннинг кўзга кўринган библиографи В. И. Межовга юклатилди. В. И. Межов 1868 йилда тўпламнинг 4 томини тайёрлади. Бу тўплам 1887 йилгача мунтазам чиқиб турди ва 416 томгача етди.

Аммо чор ҳукуматининг Туркистондаги генерал-губернатори мустамлака ўлкада ҳар йили 660 сўм сарф қилиб, тўплам тузишни ортиқча харажат деб ҳисоблаб, 1887 йилда бу ишни тўхтатишга буйруқ берди. 1907 йилдагина бу тўпламнинг давомини яна туза боришга рухсат этилди. Шундан сўнг 1917 йилгача тўплам тузиш давом этди.

Ҳозир «Туркистон тўплами»нинг биринчи тўрт томи тузилганига 80 йил тўлди. Тўплам ҳозирги кунда ҳам маълум даражада аҳамиятлидир. Ўрта Осиё тарихи, этнографияси ва иқтисодиёти билан қизиқувчи илмий ходимлар учун илмий-текшириш ишларини олиб боришда ёрдамчи материал бўлиб хизмат қилади. Тўпламдаги керакли материалларни тегишли кўрсаткичлар орқали тез топиб олиш мумкин...»

Иккинчиси «519 томли китоб» деган кичик ҳажмдаги мақола бўлиб, газетанинг 1948 йил 19 сентябрь сонида чоп этилган. Ундан маълум бўлишича, кутубхона фондида сақланган «Туркистон тўплами» дунёда бир нусха бўлиб, ўз ичига Туркистон ўлкаси ва Ўрта Осиёнинг аҳволи ва тарихи ҳақидаги материалларни олади. Китобнинг 416 томи Петербург шаҳрида Межов раҳбарлигидаги библиографлар коллективи томонидан 20 йил мобайнида ёзилган. 1907 йилда библиограф Дмитровский раҳбарлигида бу тўпламни ёзиш ишлари яна давом эттирилган. Кўп йиллар давомида тамомланмаган бу китобни 1916 йилда шарқшунос олим, профессор Семёнов Тошкент шаҳрида ёзиб тугатган. «Туркистон тўплами»га изоҳ ва уқдиришлар кейинги йилларда кутубхона ходими Маслова ва тарих фанлари кандидати Бетгер томонидан ёзилган.

Юқорида келтирилган мақолаларда «Туркистон тўплами»нинг неча жилддан иборатлиги турлича ёзилганлигини кўрамиз. А. Латиф ўз мақоласида «Туркистон тўплами»ни 591 томдан иборат деб кўрсатган бўлса, кейинги мақолада 519 томли деб ёзилган. Бизнингча, иккинчи мақоладаги рақамлар хато кетган бўлса керак. «Туркистон тўплами»га бағишланган мазкур мақолалар бир-бирини тўлдириб, у ҳақидаги маълумотларга янада ойдинлик киритади. Шу ўринда ушбу тўплам ҳақида яна шуни қўшимча қилмоқчимизки, ҳозирда «Туркистон тўплами» Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар фондида сақланмоқда. У Ўрта Осиёнинг 1917 йилга қадар бўлган тарихи, этнографияси, географияси, иқтисодиёти ва маданияти бўйича ўзига хос қомус бўлиб, 594 жилддан иборат. Тўпламдан Туркистон ўлкасига оид китоблар, газета ва журнал қирқимлари жой олган. Унинг барча жилдларига алифболи кўрсаткичлар тузилган. Илм аҳлининг диққат марказида бўлиб келган бу тўплам ўлкамиз тарихини ўрганишда муҳим манба бўлиб ҳисобланади. Бугунги кунда ҳам ушбу тарихий манбага китобхонлар кўп мурожаат қиладилар.

Бундай қимматли манбалар кутубхонанинг энг йирик бўлимларидан бўлган Қадимги ва нодир китоблар бўлимида сақланган. Унинг жамғармасида 4000 дан ортиқ ноёб ва нодир китоблар жамланган. Улардан аҳли илмлар кенг истифода этгани учун бўлим фонди янги адабиётлар билан мунтазам тўлдириб ва бойитиб борилган. Бўлимда сақланган китоблар ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш учун газетанинг 1949 йил 15 май сонида босилган «Нодир китоблар» сарлавҳали мақолага мурожаат қиламиз:

«Алишер Навоий номли Давлат кутубхонасининг Қадимги ва нодир китоблар бўлимида 4000 дан ортиқ китоб, шу жумладан биринчи рус матбаачиси Иван Федоров матбаасида 1581 йилда нашр этилган китоб, Магницкийнинг 1703 йилда Москвада нашр этилган ҳисоб дарслиги бор. Улуғ рус олими Ломоносов шу дарсликни ўқиб, таълим олган эди.

Қадимги ва нодир китоблар бўлимининг ходимлари яқинда Мельников-Печёрскийнинг ўз автографи билан босилган китобини топдилар. Бу китобда Нижегород ярмаркасининг 1843-45 йиллардаги иши таҳлил этилган.

Кутубхона яқинда яна бир қанча янги нодир китоблар, шу жумладан Георг Вебернинг «Умумий тарих» асарини сотиб олди. Бу китоб рус тилига улуғ революционер-демократ Николай Гаврилович Чернишевский томонидан таржима қилинган. Китобнинг биринчи бетида Чернишевскийнинг автографи бор».

Шундай қилиб, биз сизларга 1920 йилдан 1950 йилгача бўлган даврда юртимизда нашр этилган газета ва журналларда эълон қилинган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳақидаги мақолаларни эътиборингизга ҳавола этдик ва улар орқали 152 йиллик бой тарихга эга бўлган мазкур маърифат масканининг бизга маълум ва маълум бўлмаган саҳифалари билан танишдик.

Кўриб ўтганимиздек, кутубхонанинг илмий ходимлари ўз ишларига сидқидилдан ёндашиб, кўплаб библиографик кўрсаткич, қўлланма, альбом ва тўпламлар чиқарганлар, шунингдек, матбуотда ҳам ўз мақолалари билан фаол иштирок этиб, илм аҳлининг эътиборини қозонганлар.

Хулоса тарзида шуни айта оламизки, миллий матбуотимиз саҳифаларида мангуга муҳрланган материаллар Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг Республикамиздаги энг бой ва нуфузи баланд зиё маскани бўлганлигидан, ҳамда унинг салоҳиятли ходимларининг улуғ аждодларимиздан қолган улкан маданий меросни сақлаш, ўрганиш, тарғиб қилиш ва ўқувчиларга етказиш борасидаги хизматлари билан мамлакатимиз илм-фани тараққиётига салмоқли ҳисса қўшганлигидан гувоҳлик беради.

Фойдаланилган адабиётлар

1. «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1941 йил 13, 20, 22, 28 январь сонлари

2. «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1941 йил 10, 30 апрель сонлари

3. «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1947 йил 30 июль сони

4. «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1947 йил 9 декабрь сони

5. «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1948 йил 20 январь сони

6. «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1948 йил 18 май сони

7. «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1948 йил 19 сентябрь сони

8. «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1949 йил 15 май сони