Annotation: The author of the article published two bibliographic indexes, one of them was released under the title «National Periodicals» and the second under the title «Pearl of Turon». All the sources listed in the indexes are stored in the rare fund of the information and library center «Turon» of the Tashkent region. The first index contains materials from newspaper articles from 1918 to 1930, which were published under various names and printed in the old Uzbek Arabic script. The materials have about 30 different headings for the wide involvement of the readership. The second bibliographic index is dedicated to the 100th anniversary of the organization of the “Turon” library and the selected sources are collected on 472 pages. The uniqueness of this bibliographic index lies in the fact that part I covers the activities of the library in the period 1920 - 1930, and also has published articles from newspapers and magazines already before 1940. Part II contains periodicals (about 100 titles) mainly in the Turkic language, as well as in Tajik and Russian languages in the period from 1896 to 1940.
Аннотация: Автором статьи было издано два библиографических указателя, один из них вышел под названием «Национальные периодические издания» и второй под названием «Жемчужина Турана». Все перечисленные в указателях источники хранятся в редком фонде информационно-библиотечного центра «Турон» Ташкентской области. В первом указателе собраны материалы из газетных статей, начиная с 1918 и по 1930 годы, которые издавались под различными названиями и печатались на староузбекской арабской графике. Материалы имеют около 30 разнобразных рубрик для широкого вовлечения читательской аудитрории. Второй библиографический указатель посвящён 100-летнму юбилею со дня организации библиотеки «Турон» и подобранные источники собраны на 472 страницах. Уникальность этого библиографического указателя состоит в том, что I часть охватывает деятельность библиотеки в период 1920 - 1930 г.г., а также имеет опубликованные статьи из газет и журналов уже до 1940 г.г. Во II части собраны периодические издания (около 100 названий) в основном на тюркском языке, а также на таджикском и на русском языках в период с 1896 по 1940 годы.
Калит сўзлар: Иштирокиюн, Туркистон, Қизил байроқ, газетаси, TURON, Нодир нашрлар, Миллий матбуот фиҳристи, илм ва фан, Ўзбекистон жумҳуриятида, Абдулла Усмонов.
Бугунги кунда «Ўзбекистон овози» номи билан чиқаётган газета ўзбек миллий матбуоти тарихида катта ўрин тутади. 1918 йил 21 июндан «Иштирокиюн» номи билан чиқа бошлаган мазкур газета 1920 йил 12 декабрдан «Қизил байроқ», 1922 йил 13 сентябрдан «Туркистон», 1924 йил 5 декабрдан эса «Қизил Ўзбекистон» номлари билан нашр этилган. Араб ёзувидаги ушбу газеталар Тошкент вилояти «TURON» ахборот-кутубхона марказининг «Нодир нашрлар» фондида ҳам сақланади. Бундан 25 йил аввал мен, мазкур газеталарда эълон қилинган мақолалар библиографиясини тузиш ишини бошлаган эдим. Мен илк бор қўлимга «Қизил байроқ» газетасини олиб, сарғайган саҳифаларини варақлаб, ўқий бошлаганимда мени кучли ҳаяжон қамраб олган ва гўё ўзимни ўтмишга, ХХ асрнинг 20-йилларига тушиб қолгандек ҳис қилгандим. Тарихни яхши кўрганим учун газета саҳифаларига муҳрланган материалларнинг ҳаммасини бир чеккадан ўқиб чиқардим. Мақолага аннотация ёзиш қийинроқ бўлган пайтларда уни араб ёзувидан ўгириб, уйда яна ўқиб чиқар ва эртаси куни карточкани қайта ёзардим. Бу библиография устида мен узоқ йиллар ишлаб, нашрга тайёрладим ва унинг 1-қисми «Миллий матбуот фиҳристи» деган ном остида 2010 йилда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти томонидан чоп этилди. Шу ўринда изоҳталаб бўлган «фиҳрист» сўзига ойдинлик киритсак, у ўзбек тилига араб тилидан кирган сўз бўлиб, «кўрсаткич» деган маънони англатади. Китобнинг 2-қисми эса баъзи сабабларга кўра чоп этилмай қолиб кетди ва унинг дунё юзини кўриши 10 йилга кечикди. Ва ниҳоят, 2020 йилда ушбу библиографик кўрсаткич тўлиқ ҳолда «Мумтоз сўз» масъулияти чекланган жамияти томонидан чоп этилди. «Миллий матбуот фиҳристи: «Иштирокиюн», «Қизил байроқ», «Туркистон» ва «Қизил Ўзбекистон» газеталарида эълон қилинган мақолалар изоҳли библиографияси (1918 – 1930)» универсал, тизимли, илмий библиографик кўрсаткич бўлиб, 696 саҳифадан ва 5 қисмдан иборат:1. Муқаддима.2. Тузувчидан. 3.«Иштирокиюн», «Қизил байроқ» ва «Туркистон» газеталарида эълон қилинган мақолалар изоҳли библиографияси (1918 йил 21 июнь-1924 йил 3 декабрь).4. «Қизил Ўзбекистон» газетасида эълон қилинган мақолалар изоҳли библиографияси (1924 йил 5 декабрь-1930 йил 31 декабрь). 5. Исмлар кўрсаткичи. Биз юқорида тилга олган нашрлар ўз даврининг етакчи газеталари бўлиб, улардан толиби илмлар кенг фойдаланадилар. Қуйида улар ҳақида муфассал сўз юритамиз: «Иштирокиюн» газетаси Туркистон Миллий ишлар халқ комиссарлигининг органи сифатида 1918 йил 21 июндан Тошкентда чиқа бошлаган. У гоҳ 2, гоҳ 4 саҳифалик бўлиб, дастлаб 800, кейинчалик 1500 нусхада чоп этилди. 1919 йил 19 июндан бошлаб «Иштирокиюн» кундалик газетага айланган ва душанбадан ташқари, ҳар куни чиққан. Унинг ношири 1919 йил 15 июлдан Марказ мусулмон бюроси ва Миллий ишлар омиссарлиги, 23 ноябрдан эса Ўлка мусулмон бюроси бўлган.Газетадаги материаллар асосан қуйидаги рукнлар остида берилган: «Расмий қисм», «Ғайри расмий қисм», «Телеғраф хабарлари», «Туркистон хабарлари», «Тошканд хабарлари», «Сиёсий аҳвол», «Уруш майдонларида», «Шарқ фронтида», «Дунёда нималар бор», «Босмачилар билан кураш», «Қизил Русияда», «Шарқ дунёсида», «Чет элларда», «Турк РусТО хабарлари», «Фарғона фронти», «Атроф хабарлари», «Фирқа турмушидан», «Ишчи ёшлар саҳифаси», «Ишчи муслималар саҳифаси», «Меҳнат майдонинда», «Саводсизлиқ билан курашув», «Ғазеталардан», «Матбуот», «Адабиёт», «Театр ва музика», «Ондан-мундан», «Идорага мактуб», «Идорадан жавоблар», «Буйруқ», «Эълон ва билдиришлар». Газетага муҳаррирлик қилганлар: Ориф Клиблеев, Аҳмад Донской, Тошхўжа Ашурхўжаев, Назир Тўрақулов, Мирмуҳсин Шермуҳаммад, Умар Алимуҳаммад. «Иштирокиюн»нинг сўнгги 249-сони 1920 йил 9 декабрда чоп этилган. «Қизил байроқ» газетаси Туркистон коммунистлар фирқаси Марказий Қўмитаси ҳамда Туркистон Шўролар Жумҳурияти Марказ бошқарма қўмитасининг ношир афкори бўлиб, 1920 йил 12 декабрдан Тошкентда чиқа бошлаган. «Қизил байроқ» сиёсий, ижтимоий ва адабий газета бўлиб, ҳафтада 3 марта чиққан. Тиражи: 10000, 5000, 3000, 4000, 2500. Газета 87-сонгача катта форматда 2 саҳифалик, 1921 йил 17 сентябрь 87-сондан ўрта форматда 4 саҳифалик бўлиб чиққан. Газетанинг муҳаррирлари: Умар Алимуҳаммад, Мирмуҳсин Шермуҳаммад, Султонбек Хўжанов, Ханафий Бурнашев, Ғози Юнус, Акмал Икромов, Абдулла Раҳимбоев, Усмонхон Эшонхўжаев. Газетадаги рукнлар: «Ўлкамизда», «Қизил Туркистонимизда», «Расмий қисм», «Қизил Русияда», «Шарқда», «Тошканд хабарлари», «Ҳукумат қарорлари», «Чет элларда», «Босмачилиқ билан кураш», «Босмачилар фронти», «Очларга кўмак», «Уездда», «Ишчи қизил ёшлар саҳифаси», «Бухорода», «Фирқа турмушидан», «Қизил аскарлар турмушиндан», «Савдо-сотиқ ишлари», «Хўжалик ва саноат», «Касабачилик ҳаракати», «Маориф ишлари», «Танқид», «Адабиёт», «Театр ва музика», «Ундан-бундан», «Матбуот», «Бошқармага ёзувлар», «Идорага мактуб», «Эълонлар», «Шаръий билдиришлар». «Қизил байроқ»нинг сўнгги 218-сони 1922 йил 10 сентябрда чиққан. «Туркистон» сиёсий ва ижтимоий газетаси Туркистон коммунистлар фирқасининг Марказий Қўмитаси ва Туркистон Жумҳурияти Кенгашлари Марказий Ижроқўмининг фикр тарқатувчиси бўлиб, Тошкентда 1922 йилнинг 13 сентябридан чиқа бошлаган. Дастлаб ҳафтасига 3 марта, 1924 йил 4 майдан эса ҳар куни чиққан. У ислоҳ қилинган янги имлода фаолият кўрсатган, баҳоси бир ойга 150 сўм бўлган. Газета яхши қоғозда, ўрта форматда, 4 ва 6 бетлик бўлиб чиққан. Тиражи: 2500, 2800, 4500, 3000, 4000, 4500, 5000, 7500. Газетанинг доимий рукнлари: «Ўрта Осиё жумҳуриятларида», «Ўлкамизда», «Тошкент- да», «Ҳукумат тадбирлари», «Ҳукумат бошқармаларида», «Кенгашлар Русиясида», «Чет элларда», «Музофотларда», «Қишлоқ», «Уездда», «Эски Тошкентда», «Сиёсат дунёсида», «Шўро жумҳуриятларида», «Марказ ва Туркистон», «Яқин Шарқда», «Узоқ Шарқда», «Тошкент маълумотномаси», «Босмачилиқ майдони», «Босмачилиқ билан кураш», «Жаҳонгир давлатларда», «Бухоро жумҳуриятида», «Хоразмда», «Қўшни жумҳуриятларда», «Русия ва ўзгалар», «Маҳкамаи шаръия саҳифаси» (қисқа муддат давом этган), «Касаба уюшмаларида», «Хотин-қизлар орасида», «Қўшчи ва ишчилар турмуши», «Фирқа ичида», «Қишлоқ хўжалиги ишлари», «Биз ва бошқалар», «Ёшлар орасида», «Фан ва техника», «Шўро сайловлари», «Қўшчилар ҳаракати», «Иқтисод ва рўзғор ишлари», «Фирқа турмушидан», «Илм ва фан», «Қўшчи уюшмаларинда», «Туркистон бойлиқлари», «Кустарлар турмуши», «Табиат ҳодисалари», «Кооперация ишлари», «Қишлоқ мухбирларимиздан», «Пахтачилиқ», «Хурофотларга қарши», «Маориф ишлари», «Луғат ва атама боби», «Матбуот», «Адабиёт», «Адабий танқид», «Газеталардан», «Чолғи ва томоша», «Ундан-бундан», «Кундалик ҳодисалар», «Майда хабарлар», «Бошқармага хат», «Бошқармадан жавоблар», «Буйруқ, ёрлиқ ва қарорлар», «Эълонлар» ва «Шаръий билдиришлар». Газетанинг муҳаррирлари: Усмонхон Эшонхўжаев, Абдулҳай Тожиев, Мирмуҳсин Шермуҳаммад, Маннон Рамз, Раҳим Инъом ўғли, Али Исмоилзода. «Туркистон» газетаси 26 ой фаолият кўрсатган бўлиб, охирги 411-сони 1924 йил 3 декабрда чиққан.


«Қизил Ўзбекистон» газетаси Ўзбекистон коммунистлар фирқаси ташкилот бюросининг Инқилобий қўмитаси ва касаба союзлари марказий шўросининг фикр тарқатувчиси бўлиб, 1924 йил 5 декабрдан Тошкентда чиқа бошлаган. «Қизил Ўзбекистон» сиёсий ва ижтимоий газета бўлиб, ҳар куни 4 ва 6 саҳифалик бўлиб чиққан. Газетанинг тиражи 7500 нусхадан 35000 нусхага етган. Газетага муҳаррирлик қилганлар:
Усмонхон Эшонхўжаев, Комилжон Алимов, Маннон Рамз, Қосим Сорокин, Мирмуҳсин Шермуҳамедов, Муҳаммад Ҳасанов, Абдулҳай Тожиев, Қурбон Ғиёсов, Абдулла Каримов, таҳрир ҳайъати, Воис Раҳимий, Анқабой Худойбахтов, Мўминжон Усмонов.
Газетанинг рукнлари:
«Ўзбекистон жумҳуриятида», «Ўрта Осиё жумҳуриятларида», «Ҳукумат бошқармаларида», «Шўролар Иттифоқида», «Расмий қисм», «Тошкентда», «Тошкент Эски шаҳарида», «Тошокруг хабарлари», «Тошкентдан телефон орқали», «Тошкентдан шошилинч почта», «Тошкентдан чопар келди», «Марказда Ўрта Осиё масалалари», «Шарқ мамлакатларида», «Чет эл хабарлари», «Биз ва бошқалар», «Кундалик Самарқанд», «Фарғона водийсида», «Зарафшон округида», «Бухоро хабарлари», «Хоразм хабарлари», «Андижон округида», «Ўлка хабарлари», «Кун чиқар элларда», «Кун ботар элларда», «Маҳкамаларда», «Ўзбекистон қишлоқларида», «Ер ислоҳоти», «Телеграф хабарлари», «Касаба уюшмаларида», «Қишлоқ мухбирларимиздан», «Хотин-қизлар орасида», «Ҳужум», «Ёшлар саҳифаси», «Пахтачилик», «Маҳаллий хабарлар», «Рўйхат кампанияси», «Сайлов кампанияси», «Районлаштириш», «Фирқа хабарлари», «Фирқани тозалашдан дараклар», «Қишлоқ мухбирларимизнинг хатларидан», «Колхоз қурилиши», «Колхоз далаларида», «Пахта йиғиш фронтида», «Экин кампанияси жабҳасида», «Экин майдонидан дараклар», «Ғалла йиғиш кампаниясида», «Ипакчилик жабҳасида», «Марказий идораларда», «Шаҳар ичида», «Кўпчиликнинг кўз-қулоғи», «Сўнгги соатда», «Фабрика ва заводларимизда», «Ишчилар турмуши», «Фан ва техника», «Оламда нима гаплар бор», «Иқтисод ва рўзғор», «Кооперация», «Суд ва турмуш», «Радио», «Илм дунёсида», «Кундалик воқеалар», «Газеталардан», «Спорт», «Шатранж-шахмат», «Ҳар хил хабарлар», «Қурама», «Матбуот майдонида», «Янги асарлар», «Мактаб ва маориф ишлари», «Маориф ва тарбия», «Маданият жабҳасида», «Янги алифбе», «Тил ва имло баҳслари», «Китобиёт», «Муштум»нинг мушти билан», «Танқид ва мулоҳаза», «Адабиёт», «Театр ва музика», «Кино-театр», «Қизил Ўзбекистон» ёрдам қилди», «Бошқармага хатлар», «Бошқармадан жавоблар».
«Қизил Ўзбекистон»нинг араб ёзувидаги охирги 307 (1812)-сони 1930 йил 31 декабрда чиққан. Газета 1931 йилдан лотин, 1941 йилдан эса кирилл ёзувларида нашр этилган.
Ушбу газеталар саҳифаларида эълон қилинган материалларда 1918 йилдан 1930 йилгача бўлган даврда мамлакатимизда ва бошқа чет элларда содир бўлган тарихий воқеалар, турли жабҳалардаги янгиликлар, халқимиз ҳаётида юз берган ўзгаришлар, ўша йиллар учун муҳим ва долзарб ҳисобланган турли масалалар ўз аксини топган. Шунинг учун биз библиографияга асосий мақолалар, бадиий асарлардан ташқари, ҳукумат қарорлари, хитобнома, фельетон, идорага хат, кичик-кичик хабарлар, эълон ва билдиришларни ҳам киритдик. Фикримизнинг далили сифатида уларга мисоллар келтирамиз:
Ичкилик иллатига қарши кураш масаласи ўша замонларда ҳам муаммоли масала бўлгани учун «Ичкиликка қарши Ўзбекистон Комиссарлар Шўросининг қарори» чиққан. У «Қизил Ўзбекистон»нинг 1929 йил 29 апрель сонида босилган:
«Халқ Камиссарлари Шўроси Ўзбекистон доирасида испиртлик ичимликлар савдосини камайтириш учун бир мунча чоралар белгилади.
Бундан кейин қишлоқ жойларида испиртлик ичимликлар сотиш қатъиян ман этилади. Савдо камисарлигига саноат ва ишчи районларида вино дўконларининг сонини камайтириш тўғрисида тезлик билан лозим бўлғон чораларни ишлаб чиқишни таклиф этилди. Жумҳуриятнинг ҳеч бир жойида 1-нчи майдан кейин вино дўконларининг сонини ортдириш мумкин эмас. 1-нчи январдан кейин очилғон дўконларнинг ёпилиши лозим. Биринчи навбатда Эски шаҳарлардаги дўконлар ёпилади».
«Туркистон»нинг 1923 йил 1 июнь сонида «Бошқармага хат» рукнида Абдулла Усмоновнинг «Олқиш» сарлавҳали миннатдорчилик мактуби босилган:
«Бундан бир неча ой илгари Фарғона музофот фирқа қўмитасига ҳам шаҳар ва уеаз ўзгариш қўмиталарига Тошкант ишчилар факултетида ўқувчиларнинг қийин ҳолда қолғонлиғини ариза тариқасида ёзиб юборғон эдик.
Улардан на кўмак ва на аризамизга жавоб ола олмасдан, ўқувчи ва ўқитувчилар ҳаммамиз умидимизни узган эдик.
Яқинда Фарғона ўзгариш қўмитасига масъул саркотибликка ўртоқ Алихўжаев белгуланди. Кутмаган ердан бу ўртоқ Тошкантда ўқувчи талабаларнинг эҳтиёжини тушуниб, 17 болаға батинка, ҳар бир кишига 8 газдан трика юборди. Биз мусофирчилиқда юрган ўқувчилар ўртоқ Алихўжаевни чин кўнгилдан олқишлаймиз».
Энди кичик-кичик хабарлардан намуналар келтирамиз:
«Қизил байроқ»нинг 1922 йил 8 сентябрь сонида босилган «Жунаидхоннинг ўғли ўлдирилган» деган хабар:
«Хива қизил аскарлари билан бўлган урушда Жунаидхоннинг ўғли ўлдирилган. Унинг минган оти Хивага келтирилди».
«Қизил Ўзбекистон»нинг 1925 йил 20 июль сонида чоп этилган «Тўкма, базм ва тўйларга рухсатни ким берадир?»деб номланган хабар:
«Эски Тошкант ижроқўми шаҳар ичидаги бўладурғон гап, тўкма ва тўйларни маъмурлик шуъбадан рухсатсиз қилмаслиққа қарор чиқарди. Бу тўғрида мажбурий қарор лойиҳаси тузишни маъмурлик шуъбага таклиф қилди».
Эълон ва билдиришларга мисоллар:
«Иштирокиюн»нинг 1918 йил 4 июль сонида босилган билдириш:
«Тошкантда ҳафтада 2 чиқадурғон илмий, фанний, иқтисодий ва адабий «Халқ дорилфунуни» газетасига 1 июндан эътиборан муштарийлар қабул қилинадир. Ношири – Туркистон халқ дорилфунуни, муҳаррири – Мухтор Бакир».
«Иштирокиюн»нинг 1919 йил 17 июнь сонида «Турон» кутубхонаси мудири Абдулвоҳид Расулий томонидан берилган эълон:
«Рамазони шариф муносабати билан кутубхона Шайхонтаҳур мозори сайргоҳига кўчди ва кеч соат 6 дан 12 гача очиқ бўлади».
«Қизил Ўзбекистон»нинг 1929 йил 20 март сонида босилган билдириш:
«22 мартда «Қизил қалам»нинг навбатдаги мажлиси бўладир. Қараладурғон масала: «Ўзбек адабиётида Боту». Масалани қўйгувчи: Уйғун».
Яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, газеталарда чоп этилган мурожаат шаклидаги материаллар ҳам библиографияга киритилди. Бунга мисол қилиб «Қизил Ўзбекистон»нинг 1926 йил 25 август сонида эълон қилинган элимизнинг мумтоз шоири Чўлпоннинг «Йўқолғон пиесалар тўғрисида» деган мурожаатини келтирамиз:
«Бундан 3-4 йил бурун менинг томонимдан ёзилғон «Узун қулоқ бобо» пиесаси оққа кўчирилмасдан туруб йўқолғон эди. Бу йил ўша пиесани тўрт пардали қилиб ва янги усулларға тўғрилаб ёзиб, олдимиздағи қиш ичи Масковда ўзбек драм мактабида тайёрланиб, келгуси йилда Ўзбекистонда қўйилса керак. Шунинг учун бурунғи икки пардани агар арбоби қўлида бўлса, саҳнага қўймаслиқларини сўрайман. Лекин тарихий жиҳатдан менинг ўзимгагина аҳамияти бўлғони учун, агар ўзимга қайтарсалар яна яхши бўладир.
У пиесадан бошқа собиқ Бухоро маориф назорати қўлида бўлғон «Чўрининг исёни» номли пиесам ҳам йўқолғон. У ҳам эълон тили билан айтсак «эътибордан соқитдир».
Ушбу библиография фан соҳалари бўйича тасниф этилган бўлиб, 25 та бўлимдан иборат. Бўлимлардан баъзилари мавзулар бўйича бўлимчаларга ажратилган. Ундаги материаллар хронологик ва алифбо тартибида жойлаштирилган. Библиографик кўрсаткичга жуда катта ҳажмдаги материал жамланган бўлиб, биринчи қисмда 3145 та, иккинчи қисмда 4355 та, жами 7500 та.
Кўрсаткичдаги асосий ўринларни «Тарих», «Халқ маорифи», «Оммавий ахборот воситалари», «Қишлоқ хўжалиги», «Иқтисодиёт», «Тилшунослик», «Адабиётшунослик», «Бадиий адабиёт», «Кутубхонашунослик», «Санъат» ва «Ислом дини» каби бўлимлар эгаллаган. Улардан энг катта ўринни ташкил қилган «Тарих» бўлими 22 та бўлимчадан иборат бўлиб, улар ҳам ўз навбатида тарихий воқеаларнинг содир бўлиш санасига кўра хронологик тартибда жойлаштирилган. Биб-
лиографияда салмоқли ўринни эгаллаган яна бир бўлим «Халқ маорифи» бўлиб, 10 та бўлимчадан ташкил топган: «Саводсизликни битириш», «Маориф ва маданият ходимлари қурултойлари», «Умумий таълим мактаби. Мактаб педагогикаси», «Ўқитувчилар тўғрисида», «Билим юртлари», «Дорилфунунлар», «Уюшмалар», «Кўмак» уюшмаси ва Германияда ўқиган талабалар», «Нашри маориф» уюшмаси», «Зиёлилар масаласи».
«Оммавий ахборот воситалари» бўлимига келсак, у «Вақтли матбуот», «Нашриёт иши» ва «Радиоэшиттириш» каби бўлимчаларга ажратилган. «Вақтли матбуот»да ўша йиллари нашр этилган ўзбек ва бошқа тиллардаги газета-журналлар ҳақидаги мақола ва хабарлар чоп этилган. Қуйида уларнинг номларини эътиборингизга ҳавола қиламиз:
Газеталар: «Улуғ Туркистон», «Эркинлик», «Жайҳун ахбори», «Иштирокиюн», «Қизил байроқ», «Туркистон», «Қизил Ўзбекистон», «Камбағаллар товуши», «Дархон», «Фарғона», «Зарафшон», «Ёш Шарқ», «Уйғониш», «Озод Бухоро», «Инқилоб қуёши», «Камбағал деҳқон», «Шарқ ҳақиқати», «Қизил юлдуз», «Ишчи», «Ёш ленинчи», «Қутулиш» (уйғурча), «Овози тожик» (тожикча), «Рўшноий» (маҳаллий яҳудий тилида).
Журналлар: «Маориф», «Шарқ», «Тонг», «Заминдор» (форс ва урду тилларида), «Биринчи капалак», «Болалар дунёси», «Чўлпон», «Инқилоб», «Ҳақиқат», «Бизнинг армуғон», «Туркман эли» (туркманча), «Билим ўчоғи», «Байналмилал», «Учқун», «Нашри маориф», «Машраб», «Муштум», «Маориф ва ўқутғучи», «Ер юзи», «Янги Шарқ» (рус тилида), «Меҳнат ҳафталиги», «Қишлоқ ўқитувчиси», «Янги йўл», «Қишлоқ хўжалиғи», «Ўзгаришчи ёшлар», «Раҳбари дониш» (тожикча), «Аланга» (лотин ёзувида).
«Кутубхонашунослик» бўлимига тўхталадиган бўлсак, унда 104 та материал жамланган. Шундан 62 таси «Турон» кутубхонаси тўғрисида бўлгани учун кўрсаткичда «Турон» кутубхонаси» алоҳида бўлимчага ажратилган. Ундаги материаллар билан танишиб, зиё масканининг 1918-1930 йиллардаги фаолияти ҳақида етарлича маълумот олишингиз мумкин.
«Бадиий адабиёт» бўлимини ҳам четлаб ўтиб бўлмайди. Газеталарда чоп этилган шеър, ҳикоя, фельетон ва ҳангомаларнинг деярли ҳаммаси библиографияга киритилган бўлиб, уларнинг сони 582 та. Қуйида газеталарда асарлари энг кўп чоп этилган муаллифларнинг номларини келтирамиз: Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Чўлпон, Фитрат, Элбек, Ғози Юнус, Боту, Зариф Башир, Мирмулла Шермуҳаммад, Шокир Сулаймон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Носир Саид, Баҳром Ҳайдарий, Ғайратий, Ҳамид Олимжон, Олтой ва бошқалар.
Энди эътиборингизни «Ислом дини» бўлимига қаратамиз. Ушбу бўлим «Вақфлар масаласи» ҳамда «Эски мактаб, қорихона ва мадрасалар ҳақида» деган бўлимчаларга ажратилган бўлиб, унга жами 486 та материал жамланган.
Умумий бўлимдаги материалларни кўздан кечирсак, уларнинг аксар қисми шайхлар, имомлар, мударрислар ва бошқа дин арбобларига бағишланганлигини кўрамиз. Улар билан яқиндан танишиб, бир аср аввал яшаб ўтган диёримиз уламолари ҳақида муайян тасаввурга эга бўламиз.
«Вақфлар масаласи» бўлимчаси остида берилган материалларда Эски Тошкент вақф шуъбасининг фаолияти кенг ёритилган. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Эски Тошкент вақф шуъбаси «Турон» кутубхонасини ҳар доим моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келган, ёзувчи Абдулла Қодирийни эса ўз таъминотига олиб, Москвага ўқишга юборган, шунингдек, режиссёр Маннон Уйғурга Москвага ўқишга кетиши олдидан керакли маблағни берган.
Лекин минг афсуслар бўлсинким, 20-йиллар охирларига келиб, вақфлар ҳам тугатила бошланган.
Китоб сўнгида «Исмлар кўрсаткичи» илова қилинди. Рўйхатдаги киши номларига назар ташласак, унда таниқли давлат ва жамоат арбоблари, масъул лавозимларда хизмат қилган шахслар, илм-фан ва маданият намояндалари, машҳур ёзувчи ва шоирларнинг исм фамилиялари билан бир қаторда номлари ҳеч қандай манбаларда учрамайдиган ота-боболаримизнинг ҳам номларини учратамиз. Ўйлаймизки, бу китоб номлари халқимиз хотирасидан буткул ўчиб, унутилиб кетган айрим юртдошларимизнинг номларини қайта тиклашда ҳам муайян даражада ёрдам беради.
«Мумтоз сўз» нашриёти томонидан чоп этилган яна бир библиографик кўрсаткич «Турон» жавоҳирлари» деб номланади. Библиографик кўрсаткич 472 бетлик бўлиб, 5 қисмдан иборат:
1.Муаллифдан.
2.«Турон» кутубхонаси тарих саҳифаларида (1918-1940).
3. «Турон» кутубхонасининг «Нодир нашрлар» фондида сақланаётган вақтли матбуот нашрлари (1896-1940).
4. Исмлар кўрсаткичи.
5. Илова: «Қизил Ўзбекистон» газетасида эълон қилинган мақолалар библиографияси (1941-1950).
Ушбу китоб «Турон» кутубхонасининг 100 йиллик юбилейи муносабати билан тайёрланди. Уни «Миллий матбуот фиҳристи» китобининг мантиқий давоми дейиш мумкин. Чунки «Миллий матбуот фиҳристи»да «Қизил Ўзбекистон»нинг 1930 йилгача бўлган давридаги мақолалар библиографияси берилган бўлса, газетанинг 1931-1940, 1941, 1946-1950 йиллардаги мақолалар библиографияси «Турон» жавоҳирлари»да берилди.
Мазкур библиографик кўрсаткич ўзига хос тарзда тузилган. Кўрсаткичнинг 1-қисмида «Турон» кутубхонасининг 20–30-йиллардаги фаолияти тўлиқ ёритилди ҳамда 1918-1940 йилларда газета-журналлар саҳифаларида эълон қилинган «Турон» кутубхонаси ҳақидаги мақолалар библиографияси берилди. Ундан 81 та мақола, хабар, эълон, билдириш ва ҳисоботнинг изоҳли тавсифи ўрин олган. Улардан танланган 20 та мақола тўлиқ ҳолда ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинди. Сиз улар билан танишиб, ўтган асрнинг 20–30-йилларида мамлакатимизнинг маданий ҳаётида кутубхоналар қандай ўрин эгаллаганлиги, халқимизнинг китоб ва вақтли матбуотга бўлган рағбати қай даражада эканлиги, қайси ижтимоий табақа ва миллат вакиллари кутубхонадан кўпроқ фойдалангани, қандай китобларга талаб кучли бўлгани, қайси тилдаги китоблар кўп ўқилгани ҳақидаги қимматли маълумотларга эга бўласиз.
Кўрсаткичнинг 2-қисмида кутубхонанинг фахри ҳисобланган «Нодир нашрлар» фондида сақланаётган 1896-1940 йиллар оралиғида араб ва лотин ёзувларида нашр этилган ўзбек, тожик, туркман, қозоқ, озарбайжон, татар, уйғур, турк, маҳаллий яҳудий, бошқирд ҳамда рус тилларидаги 100 та газета-журналнинг умумий тавсифи берилди. Улардан 53 таси ўзбек, 47 таси бошқа тиллардаги нашрлардир. Тавсифларда мазкур нашрларнинг қачон ва қаерда чиққанлиги, муҳаррирлари, тиражи, рукнлари ҳамда фондда қайси йиллардаги сонларининг сақланиши кўрсатилди.
Бир нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, библиография фақат ўзбек тилидаги вақтли матбуот нашрларига тузилди. Кўрсаткичда араб ёзувида нашр қилинган газеталардан «Фарғона» (1925-1926), «Янги Фарғона» (1926-1929), «Зарафшон» (1924-1927), «Дархон» (1923), «Камбағал деҳқон» (1925-1929), «Шарқ ҳақиқати» (1928-1930), «Қизил юлдуз» (1929) ва «Ишчи» (1929) газеталарида эълон қилинган мақолалар библиографиялари, журналлардан «Маориф» (1918-1919), «Болалар йўлдоши» (1919), «Болалар дунёси» (1921), «Муштум» (1925-1930), «Нашри маориф» (1923), «Машраб» (1924-1927), «Маориф ва ўқутғучи» (1925-1927, 1929-1930), «Ер юзи» (1925-1928), «Янги йўл» (1925-1929), «Қишлоқ хўжалиғи турмуши» (1927-1928), «Янги қишлоқ» (1929) журналларида эълон қилинган мақолалар библиографиялари берилди.
Лотин ёзувидаги нашрлардан фақат «Қизил Ўзбекистон» (1931-1940) газетасида эълон қилинган мақолалар библиографияси тузилди. Ўша йилларда газета кундалик бўлиб, 4 саҳифалик бўлиб чиққан. Газетага муҳаррирлик қилганлар: Мўминжон Усмонов, Раҳмат Мажидий, Муҳаммад Ҳасан, Ш. Ризаев, А. Камолов, Абдулла Ўразой, Рустам Абдураҳмонов, Абдулла Ҳасанов, Сулаймон Азимов, Н. Абдуллаев, Обид Абдураҳмонов.
«Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1931 йилдан 1940 йилгача чиққан сонларида эълон қилинган материаллардан 1291 таси биб-
лиографияга киритилган бўлиб, кўрсаткичнинг энг катта қисмини эгаллаган.
Газетанинг 1937-1938 йилларидаги сонларида босилган материаллар ичида қатағон даврининг даҳшатли манзарасини акс эттирувчи бир қатор мақола ва хабарлар ҳам эълон қилинганки, улар билан танишиб, сиз юртимизда қатағон йилларида рўй берган фожиали воқеалар, фан, маданият, давлат ва жамоат арбобларининг қатағон қилиниши, элимизнинг фахри ҳисобланган ёзувчи ва шоирларнинг бошларига тушган оғир кунлар ҳақидаги ҳақиқатлардан хабардор бўласиз ва мустабид тузумнинг халқимизга келтирган жабру жафоларидан изтиробга тушасиз.
Кўрсаткичнинг илова қисмида кирилл ёзувида нашр қилинган «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1941 йилнинг январь-июнь ҳамда 1946-1950 йилларда эълон қилинган мақолалар библиографияси берилди. Ундаги материаллар иккинчи жаҳон уруши арафасидаги ва урушдан кейинги давр тарихидан ҳикоя қилади. «Қизил Ўзбекистон»нинг 1941 йилнинг июль-декабрь ва 1942-1945 йилларда чиққан сонлари кутубхонада мавжуд бўлмагани боис, уларнинг библиографияси ёзилмади. Ўша йиллари газетага Обид Абдураҳмонов, Ҳожиакбар Ғуломов, Сиддиқ Ражабов, Шароф Рашидов ва Рихси Саҳибоев муҳаррирлик қилганлар.
Ушбу библиографик кўрсаткичга 4000 та (1-қисмида 81 та, 2-қисмида 3619 та, илова қисмида 300 та) материал жамланган бўлиб, улар мақола, хабар, қарорлар, ҳисобот, эълон, билдириш ва бадиий асарлардан иборат. Улар фаннинг турли соҳаларига оид материалларни қамраб олганлиги билан аҳамиятлидир. Библиографиядаги мақолалар хронологик тартибда, йиллар ичида эса алифбо тартибида жойлаштирилди.
Энди библиографик кўрсаткичга киритилган хабар, эълон ва билдиришларга мисоллар келтирамиз:
«Дархон» газетаси 1923 йил 27 июндан Андижонда чиқа бошлаган. Унда Усмон Мусҳафи ҳақида 2 та тарихан муҳим хабар чоп этилган. Газетанинг 1923 йил 1 август сонида босилган «Ҳазрат Усмон Қуръони» номли хабар:
«Масков, 25. Бутун Русия Марказ Ижроқўми бурун замонларда Русия подишоҳлар ҳукумати томонидан Русияга олиб кетилган Ҳазрат Усмон Қуръонини янадан Туркистон мусулмонлариға қайтариб беришга қарор берган».
Газетанинг 1923 йил 22 август сонида босилган «Ҳазрат Усмон Қуръони тўғрисида» деган кичик хабар:
«Ҳазрат Усмон Қуръонини Туркистонга кўчуруб олиб келиш сарфини ҳукумат бўйнига олишқа қарор берган».
Энди эътиборингизни «Шарқ ҳақиқати» (ҳозирги «Тошкент ҳақиқати») газетасига жалб қиламиз. «Шарқ ҳақиқати» ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий газета бўлиб, Тошкентда 1928 йилнинг 11 декабридан 1930 йилнинг 22 сентябригача чиққан. Унда ўзбек давлат нашриёти томонидан берилган қуйидаги эълон ва билдиришларни ҳукмингизга ҳавола қиламиз:
Газетанинг 1929 йил 10 февраль сонида берилган эълон:
«А. Қодирий (Жулқунбой) асари (рўмон) «Меҳробдан чаён» чиқди. Ўзнашрнинг барча китоб ва газеталаридан олмоқ мумкин».
Газетанинг 1929 йил 1 май сонидаги билдириш:
«Биринчи майдан бошлаб Матбуот куни муносабати билан Ўзбек давлат нашриёти бир ойлиқ арзон китоб сотиш ойи эълон қилади. Китобни кенг оммаға тарқатиш тилаги билан катта гузарларда китоб бозорчалари ташкил қилинди».
Яна шуни қўшимча қиламизки, газеталарда машҳур шахслар томонидан берилган билдиришлар ҳам учрайди. Масалан, «Янги Фарғона» газетасининг 1928 йил 18 март сонида «Садои Фарғона» газетасининг ношири ва муҳаррири, ўша даврнинг энг илғор кишиларидан бўлган Обиджон Маҳмудов томонидан берилган қуйидаги билдиришга дуч келамиз:
«Қўқонда Обиджон Маҳмудов заёмдан 25 минг сўм ютиб олибдур, деган хабар тарқалибдур. Бу хабарнинг ёлғонлиғи тегишли идоралар тарафидан таъкид қилинадур».
Библиографик кўрсаткичга 28 та сурат ҳам қўйилган бўлиб, улар айрим журналларнинг муқовалари ва саҳифаларининг тасвирларидир.
Энди китобнинг номланишига келсак. «Турон» кутубхонасининг «Нодир нашрлар» фондида сақланаётган эски газета-журналлар совет даврида чоп этилган нашрлар бўлса-да, тарихий манба сифатида алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур нашрлар Ватанимизнинг ХХ асрнинг бошлари ва ўрталаридаги давр тарихини ҳамда халқимизнинг шўро мустамлакачилиги давридаги мусибатли ҳаётини ўрганишда қимматли манба бўлиб хизмат қилади. 1918-1950 йилларда чоп этилган газета-журналлар саҳифаларида эълон қилинган материалларда мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида рўй берган воқеалар озми-кўпми ҳаққоний ёритилгани учун ҳам, биз уларни «жавоҳирлар» деб атадик.
Бизда шу кунга қадар эски газета-журналлар бўйича тузилган библиографик кўрсаткичлар жуда кам. Шу жиҳатдан «Миллий матбуот фиҳристи» ва «Турон» жавоҳирлари» китоблари аҳли илмларнинг ретроспектив библиографик кўрсаткичларга бўлган талабларини маълум даражада қондира олса керак, деб ўйлаймиз.
Ҳар иккала китобга таниқли адабиётшунос олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, филология фанлари доктори, профессор Наим Каримов муҳаррирлик қилдилар.
Биз ушбу библиографик кўрсаткичларни Ватанимиз ва халқимиз тарихини ўрганаётган ҳамда турли соҳалар бўйича илмий-текшириш ишлари олиб бораётган олим ва тадқиқотчилар учун керакли китоблар бўлиб хизмат қилишига умид қиламиз.
Фойдаланилган манбалар
1. «Иштирокиюн» газетасининг 1918 йил 4 июль ва 1919 йил 17 июнь сонлари.
2. «Қизил байроқ» газетасининг 1922 йил 8 сентябрь сони.
3. «Туркистон» газетасининг 1923 йил 1 июнь сони.
4. «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1925 йил 20 июль, 1926 йил 25 август, 1929 йил 20 март ва 29 апрель сонлари.
5. «Дархон» газетасининг 1923 йил 1 ва 22 август сонлари.
6. «Шарқ ҳақиқати» газетасининг 1929 йил 10 февраль ва 1 май сонлари.
7. «Янги Фарғона» газетасининг 1928 йил 18 март сони.
