Феруза Нуриддинова,
библиограф, манбашунос

DOI: 10.47267/2181-8207/2020/3-037

The author of the article writes about the establishment of the National Library of Uzbekistan, which was opened in 1870. The article also contains bibliographic descriptions of published materials of various periodicals of 1920–1930 of the last century. It should be noted that published materials before 1930 were written in Arabic writing and then in later years until 1940 in latin. It is particularly noted that in 1921 part of the library passes to the old district of the city of Tashkent under the name «Eastern Library». Book funds were mainly in Russian, Arabic and Tatar, as well as in Farsi. Many works were devoted to the social development of the library, such as the replenishment of the book fund, the purchase of library equipment and technological equipment for the use of readers. And in the same year began to keep records of books on catalogue cards to find the right books.

Автор статьи публикует очередной материал, связанный с деятельностью Национальной библиотеки Узбекистана. В ней напечатаны материалы о периодических изданиях 1930–1940 годов и она является продолжением статьи, которая была опубликована ранее о периодике 1920–1930 годов. В этой работе приводятся в основном указатели периодических изданий, один из них «Қизил Ўзбекистон», отражающий 10-летний период, где напечатано 25 материалов под различными рубриками. Автор акцентирует внимание на то, что в 1934 году в газете напечатана статья под названием «Великолепное культурное заведение», связанная со строительством нового здания библиотеки и приводится обзор нового проекта. Также освещено празднование 65-летнего юбилея организации библиотеки, которое было проведено в 1935 году.

Биз биринчи мақоламизда араб ёзувидаги 1920-йиллар матбуотида эълон қилинган материаллар асосида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг тарихидан ҳикоя қилган эдик.

Ушбу мақолада эса, Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг 30-40-йиллардаги тарихидан сўз юритамиз.

Юртимизда 1931 йилдан 1940 йилгача лотин ёзувида нашр этилган даврий матбуот нашрларини кўздан кечирсак, улар саҳифаларида энг кўп тилга олинган кутубхона ҳозирги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси эканлигининг гувоҳи бўламиз. Ушбу маскан ҳақидаги материаллар «Қизил Ўзбекистон» ва «Ёш ленинчи» газеталарида ҳамда «Гулистон» ва «Социалистик илм ва техника» журналларида эълон қилинган. Бу эътиборли манбаларда эълон қилинган материаллар бизга кутубхонанинг 30-йиллардаги фаолияти ҳақида қимматли маълумотларни тақдим этади.

Энг аввало, мазкур кутубхонага катта эътибор қаратиб, фаолиятини тўлиқ ёритган «Қизил Ўзбекистон» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») газетасига мурожаат қиламиз. Унда 1931 йилдан 1940 йилгача кутубхона ҳақида 25 та мақола ва хабар чоп этилган. Бу материалларни ўрганиш асносида шу нарса маълум бўладики, кутубхона, асосан, 3 йўналишда фаолият турини олиб борган: илмий ходимлар томонидан чиқарилган библиографик кўрсаткич, илмий асар, альбом ва тўпламлар орқали, таниқли шахслар ёки бирон-бир машҳур асарга бағишланган адабий кечалар ўтказиш йўли билан ҳамда муҳим саналарга бағишланган кўргазмалар ташкил қилиш орқали. Қуйида улар билан сизларни батафсил таништирамиз.

«Қизил Ўзбекистон»нинг 1934 йил 27 февраль сонида «Зўр маданий бир бино» номли мақола эълон қилинган. Унда ёзилишича, Ўрта Осиё Давлат кутубхонасининг ҳозирги биноси талабга жавоб берадиган аҳволда бўлмагани учун, кутубхона учун янги махсус бино барпо этиш кўзда тутилган. Мақолада кутубхона учун қурилажак бинонинг лойиҳаси ҳақида маълумот берилган.

Ўша йили Эрон ва бошқа мамлакатларда, шунингдек, бизнинг диёримизда ҳам машҳур «Шоҳнома» асарининг муаллифи Фирдавсий таваллудининг 1000 йиллиги кенг нишонланган. 1934 йил 13 октябрь куни Тошкентдаги Фан комитетида Фирдавсийнинг 1000 йиллик юбилейига бағишланган кеча ҳам бўлган. Ўрта Осиё Давлат кутубхонаси ҳам бу муҳим тадбирдан четда қолмаган. Бу ҳақдаги маълумотни биз газетанинг 1934 йил 18 май сонида босилган Б.С. Сергеевнинг «1000 йиллик юбилей: Фирдавсий асарларининг кўргазмаси» деган хабаридан билиб олишимиз мумкин.

Газетанинг 1934 йил июль сонларида «М.» имзоси билан ёзилган 2 та мақола эълон қилинган. Улардан биринчиси газетанинг 1934 йил 12 июль сонида босилган бўлиб, «4 минг қўлёзма: Ўрта Осиё тарихига тегишли асарлар» деб номланган. Унда Ўрта Осиё кутубхонасида сақланган Ўрта Осиё тарихига оид нодир қўлёзма асарлар ҳақида маълумот берилган.

2-мақола эса, газетанинг 1934 йил 24 июль сонида чоп этилган «Китоб ўқумоқчимисиз?: Бир йилдан кейин келинг…» сарлавҳали мақоласидир. Унда айтилишича, Ўрта Осиё кутубхонасининг директорлари 1930–1934 йиллар ичида 9 марта алмашган, бунга сабаб уларнинг кутубхона ишларини тўғри йўлга қўя олмаганликлари бўлган. Шунинг учун 1933 йилда кутубхонадан фойдаланувчилар сони сезиларли даражада камайган, айниқса, маҳаллий миллат вакилларидан иборат бўлган ўқувчилар сони кескин қисқарган. Муаллиф кутубхонанинг мавжуд камчиликларидан сўз очиб, унинг иш усулларини бутунлай ўзгартириш кераклигини таъкидлаган:

«…Ўрта Осиё кутубхонаси дирексиясининг бемазагарчилиги шу даражага бориб етдики, кутубхонанинг адресига юборилган китоблар бир неча ойлаб Тошкент товар стансасида чанг босиб ётади, ҳатто бир вақт бундай китобларнинг бир қисми кутубхона томонидан олинмаганлиги сабабли, ким ошди савдоси билан сотилди.

Кейинги 4 йил ичида кутубхонанинг директори 9 маротаба алмаштирилди, бу директорлар кутубхона ишини йўлга қўя олмадилар. Китоблар бино бўлмаганлиги сабабли тартибсиз ҳолда тўпланиб ётади, зах босиб чириш олдида туради. Китоблар каталоги нотўғри тузилган. Кутубхона Шарқ тилларида чиқатурғон вақтли матбуотдан ўзида қандай асарлар бор эканлигини билмайди. Миллий ёзувчиларнинг китоблари йўқ деярлик. Лоҳутий, Айний ва бошқа ёзувчиларнинг фақат бир-иккитагина асарлари бор.

Кутубхонада IХ, Х, ХVI, ХVII ва кейинги асрлардан қолғон Шарқ тилларида ёзилмиш энг нодир қўлёзма асарлардан 4000 таси сақланади. Бу асарлар шу вақтгача текширилмай ва тартибга солинмай қолғон. Эндигина бу асарлар тартибга солина бошламоқда.

Мана шуларнинг ҳаммаси кутубхонага келиб, фойдаланувчиларнинг камайишига сабаб бўлаётир. 1932-нчи йилда 63 минг киши кутубхонадан фойдаланган эди. 1933-нчи йилгача фақат 54 минг киши фойдаланди. Ерли миллатлардан бўлган ўқувчиларнинг сони, айниқса, камайди. Агарда булар 1932-нчи йилда 18 протсентни ташкил қилғон бўлса, 1933-нчи йилда 11 протсентга тушиб қолди.

Комиссия кутубхонани ўпурилишдан чиқариш учун тегишли тадбирларни белгилади. Кутубхона учун янги бино солишгина етмайди, балки унинг иш методларини бутунлай ўзгартиш зарур».

Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, «Қизил Ўзбекистон» саҳифаларида ушбу кутубхонада хизмат қилган илмий ходимлар ҳақида ҳам материаллар бериб борилган. Бунга мисол қилиб газетанинг 1935 йил 24 июнь сонида босилган «Китобчи билимдон» деган кичик ҳажмдаги мақолани келтирамиз. Унда Тошкент Давлат умумий кутубхонасининг илмий ходими Ибодулла Одилов ҳақида сўз боради. «Китобчи билимдон» дея таърифланган Ибодулла Одилов, асосан, кутубхона жамғармасида сақланган қўлёзма асарлар, хусусан шеърият мулкининг султони Алишер Навоий асарларини тадқиқ этиш би-лан шуғулланган. У 1939 йилда Алишер Навоийга унинг замондошлари томонидан ёзилган мактубларни тўплаб, 90 бетлик альбом тайёрлаган.

1935 йилда мазкур маърифат масканининг 65 йиллик юбилейи кенг кўламда нишонланган. Шу муносабат билан газетада «Н. Ш.» имзоси билан 2 та мақола чоп этилган. Биринчи мақола газетанинг 1935 йил 28 сентябрь сонида босилган бўлиб, «65 йиллик юбилей: Бир миллион китоб» деб номланган. Ундан маълум бўлишича, Тошкент Давлат кутубхонаси бир миллион китобдан иборат бўлган катта хазинага эга бўлган.

Иккинчи мақола 1935 йил 4 октябрь сонида босилган бўлиб, «Юбилей кўргазмаси: Давлат кутубхонасининг 65 йиллик тўйи» номли мақоладир. Унда кутубхона ўзининг 65 йиллик тўйини муносиб нишонлаш учун катта тайёргарлик кўргани ва кутубхонанинг тарихини ёритувчи юбилей кўргазмасини ташкил қилгани айтилган.

Кутубхонанинг 65 йиллик юбилейи муносабати билан «Социалистик илм ва техника» ва «Гулистон» журналларида ҳам мақолалар эълон қилинган.

Биз эътиборимизни «Гулистон» журнали (1925 йилдан чиқа бошлаган бу журнал даст-лаб «Ер юзи», 1932 йилдан «Ўзбекистон қурилишида», 1934 йилдан «Машъала», 1935 йил-дан «Гулистон» номларида чиққан)га қаратамиз. Журналнинг 1935 йил 4-сонида «Марям» имзоли «Илм-фан хазинаси» сарлавҳали катта мақола чоп этилган. Мақола муаллифи ҳақида икки оғиз сўз. Журналист Марям Султонмуродова 1905 йили Хивада туғилган. 1922 йилда илм истагида хорижга кетган ёшлар орасида Марям ҳам бор эди. Ўзбек қизларининг пешқадамларидан бўлган Марям Германияга бориб, у ерда Педагогика мактабида таҳсил олган. Она юртга қайтгач, «Ёрқин турмуш» (ҳозирги «Саодат») журнали таҳририятида адабий ходим, шунингдек «Гулистон» журналида ҳам фаолият кўрсатган. У мазкур журналларда «Марям», «М. Султонова» имзолари билан мақола ва очерклар эълон қилган. Бироқ у журналист сифатида кўп ишлай олмади. 30-йиллар охирларида қатағон бўрони авж олиб, не-не орзу умидлар билан Германияда ўқиб, етук мутахассис бўлиб қайтган ўзбек йигит-қизлари «халқ душмани» тамғаси билан маҳф этилди. Марям ҳам ҳеч бир айби бўлмагани ҳолда узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилди. Жабрдийда аёлнинг ёшлик йиллари тутқунликда, зулматда ўтди. Бу матонатли аёлнинг ўша давр матбуотида эълон қилган мақолалари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Унинг «Илм-фан хазинаси» номли мақоласида кутубхона тарихи, унинг бўлимлари, фондлари, ходимлари ҳамда кутубхонанинг келгусида режалаштирган ишлари ҳақида муфассал маълумот берилган. Унда ёзилишича, кутубхона жамғармасида 750 мингдан ошиқ китоб мавжуд бўлган. Кутубхонага 1934 йилда 5900 та китоб, 2757 та журнал ва 8000 дона газета олинган. Зиё масканида кутубхонанинг 65 йиллик юбилейини ўтказишга тайёргарлик бошланган. Мақола катта аҳамиятга молик бўлгани учун қуйида уни тўлалигича келтирамиз:

«Эски ва янги илмий адабиёт бойликлари бир марказга тўплаб, ундан фойдаланиш йўлида хизмат кўрсатувчи илмий муассасалардан бири Ўзбекистон халқ Давлат кутубхонасидир.

Бу кутубхона 1870-нчи йилда очилган эди. Чор ҳукуматининг кутубхонани очишдан мақсади уни мустамлакачилик манфаатига ишлатиш, Ўрта Осиёни ҳар тарафлама ўрганиш, уни тамомила қўлда сақлаб қолишни таъмин қилиш эди. Кутубхонанинг олдига оммани оқартиш, фикрий ва ғоявий саводини ортдириш деган вазифа қўйулғон эмас эди.

Инқилобдан сўнг бу илмий хазина пролетар ҳокимияти қўлиға кўчди ва мустамлакачилик, миссионерлик ғояларидан тозаланиб, маданий-оммавий тарбия манбаига айлантирилди.

Кутубхонага қатнаб юрганларнинг ўзлари унинг ички ҳаётини, унда қандай ишлар олиб борилганини билмайдилар. Кутубхонанинг ички ҳаёти эса жуда қизиқарлиқдир.

Ўзбек Давлат кутубхонаси бутун Иттифоқда чиқиб турғон ҳамма асарларни олиб туруши мажбурий бўлган 9 та кутубхонанинг биридир. Кутубхонага китоблар палатаси томонидан ҳар бир янги чиққан китобдан бир нусхаси пулсиз юборилиб туради. Бунинг устига яна ўқувчиларнинг заказларига қараб кутубхонада йўқ китобларни олдириб туруш Комплектлаш бўлумининг вазифасидир.

Янги келган китобларни ҳисобга олиш ва каталог тузуш, классификатсия (турларга ажратиш) учун Ишлаб чиқариш бўлумига топширилади. Бу бўлумда китоблар ишланиб тамом бўлгач, Умумий китоб сақланатурғон, яъни ўқувчиларни китоб билан таъмин қилиб туратурган бўлумга келади.

Авваллари, Шарққа оид Оврупо ва Шарқ тилларида бўлган китоблар Шарқ бўлумига ажратилар эди. Бу бўлумнинг вазифаси ўқувчиларни Шарққа оид китоблар билан таъмин қилиб туруш бўлсада, бу вазифани тўла бажара олмаганидан Ўлкани ўрганиш бўлумига айлантирилди. Ҳозир бу бўлум ўз олдига ўқувчиларни Ўрта Осиё ва унинг чегарадош қўшни давлатлари билан таништиришни мақсад қилиб қўйди. Кутубхонанинг Справка-библиография бўлумининг вазифаси умуман ҳар бир сўралган масала устидан маълумот бериб ту-рушдир. Кунига юзларча киши бу ердан ўзларига аниқ бўлмаган масалалар устидан тўла ва тўғри маълумотлар олиб кетадилар.

Ҳар бир бўлумда илмий хизматчилар ишлайдилар. Булар маълум план ва топшириқ юзасидан илмий-текшириш ишларини бажарадилар.

Кутубхона дастлаб очилган вақтида 2000 гина китобга эга эди, ҳозирда кутубхонада бор китобларнинг сони 750 мингдан ошади.

Кутубхонанинг энг бой бўлумларидан бири, ҳеч шубҳасиз, Ўлкани ўрганиш бўлумидир. Бу ерда ўзбек, араб, форс тилларида бу кунга қадар бошқа кутубхоналарда бўлмаган жуда қимматлиқ қўлёзмалар бўлуши билан бирга, инқилобгача ва инқилобдан сўнг Шарққа оид рус, инглиз, немис, франсуз тилларида бўлган барча китоблар бор. Инқилобдан сўнг маҳаллий халқлар томонидан ёзилган ҳар хил адабий, илмий китоблар 30 мингга етадир.

Кутубхонага эски китоблар сотиб олиш 1925-нчи йилда бошланди. Шарқшунос Вяткиннинг кутубхонаси, профессор Фитратнинг қўлёзма тарихий китоблари ва ниҳоят Фан қўмитаси томонидан берилган эски қўлёзма китоблар билан янада мукаммаллашди, бойиди. Ҳозирги кунда кутубхонанинг бўлуми дунёда ягона бўлган жуда қимматли қўлёзма китобларга эгадир.

Кутубхонада ўқувчиларнинг сони йилдан-йил ошмоқда. Агарда 1933-нчи йилда кутубхонага кунига ўрта ҳисоб билан 157 киши қатнағон бўлса, 1934-нчи йилда кундалик ўқувчиларнинг сони 303, 1935-нчи йилда эса 450 кишига етди. Кутубхона эрталабки соат 10 дан кечки соат 10 гача узлуксиз ишлайди. Кутубхонага келувчиларнинг сони дам олиш кунларида янада кўпайиб, баъзан кунига 600-700 га етади. Бинонинг кичкиналиги шунча кишига тез хизмат этишга имконият бермаганидан, кишилар навбатга туриб қоладилар. Кутубхонага шунча кўп киши қатнашиға қарамасдан залда жимлик ҳукм суради. Ўқувчиларнинг ўзлари ҳам гаплашмасга, залда тинчлик сақлашға ўрганиб қолғонлар.

Илгари вақтларда кутубхонага келган киши ўзи хоҳлаган китобни каталогдан ахтара бериб, жони чиқар ва баъзан уни топишнинг йўлларини билмасдан, бекорга вақтини ўтказиб, қайтиб кетар эди. Кутубхона мана шуни назарда тутиб, бу ишни осонлаштириш учун консултатсия ташкил қилди.

Навбатчи консултант ўқувчиларға каталогдан излаган китобни топиб олишга ва уни қизиқтирғон масалалар ҳақида қандай нарсалар ўқуш керак эканлигини ўргатиб туради, навбатчи консултантдан ташқари ўқувчиларға ўзлари ечолмаган масалаларни ҳал қилишға ёрдамлашиб турувчи, шунга доир асарларни кўрсатиб берувчи махсус консултантлар бор. Умумиятли консултатсия ташкил қилиниши, оммани кутубхонага жалб қилишда ва уларнинг китоблардан тўла фойдаланишларига кўп ёрдам берди.

Сўнгги йилларда кутубхона янги китоблар олиш ишини ҳам жуда кенгайтирди. Фақат 1934-нчи йилнинг ўзида 5900 китоб, 2757 та журнал ва саккиз минг дона газет олинди. Шунга нисбатан бу йил кутубхонанинг штати ҳам ортдирилди. Умумий харажатлардан бошқа, фақат кутубхонанинг илмий хизматлари учун 35 минг сўм ажратилди. Ҳозиргача янги чиққан китоблардан бир-икки нусхасинигина олинар эди. Омманинг китобларга талаби кундан-кун ўсмакда бўлгани учун китобларнинг нусхалари кўпайтирилмакчи. Бу йил кутубхона маъмурияти оммани кутубхона билан таништириш ва уларни қизиқтирғон барча китоблар билан таъмин қилиш учун тадбирлар кўрмакда. Баъзан китоб устида қандай ишлаш керак эканлиги ҳақида илмий лексиялар бўлиб туради. Кутубхонада китобларнинг қандай сақланишини кўрувни истаганлар учун экскурсиялар ташкил қилинади ва экскурсия маҳалида кутубхонанинг энг бой ва қимматли асарлари кўрсатилади. Бундан бошқа тематик кўргазмалар ва янги адабиёт кўргазмалари ташкил қилиб турилади.

Кутубхонада бўлган ва янги келган китобларни матбуот орқали билдириб туруш ҳам планга киргизилган. Кутубхонада нўта бўлими ҳам очилмоқчи. Материал ахтариб келган кишилар нўталарни чалиб кўрушлари мумкун бўлсин учун айрим бир кабинет очилиб, лозим бўлган музика асбоблари билан таъмин қилинмоқчи. Илмий ишлар олиб бориш учун айрим кабинет ва кўргазма зали ҳам ташкил қилинажақ. Кутубхонада бор бўлган хариталарни тартибга солиш ва уларни тўдаларга ажратиб, каталоглар тузуш ҳам бошланган. Бу иш кутубхонада сақланиб ётган кўп харита ҳам материалларни очиб беришга ва ишга солишга хизмат қилади.

Кутубхона шу йилнинг кузида ўзининг 65 йиллик юбилейини ўтказиш учун тайёрлик кўрмакда.

Кутубхонани оммага яқинлаштириш ва унда қилинмоқда бўлган илмий ишлар билан таништириб туруш мақсади билан 1935-нчи йилдан бошлаб илмий хизматларни китоб тариқасида чиқариб турулади. Биринчи тўплам юбилей муносабати билан чиқарилажақдир.

Кутубхонанинг юбилейи жумҳурият доирасида кутубхонанинг ишларини жонландириш, унинг қимматини ошириш ва уни оммага яқинлаштиришда жуда катта рол ўйнаяжақ».

Яна «Қизил Ўзбекистон» газетасига мурожаат қиламиз. Газетанинг 1936 йил 15 март сонида «Пушкин музикада» номли хабар босилган. Унда айтилишича, 1936 йил 11 март куни Давлат халқ кутубхонасида машҳур рус шоири А.С. Пушкин ҳаёти ва ижодига бағишланган ижодий кеча ўтказилган. Бундан шу нарса маълум бўладики, кутубхонада машҳур ёзувчи ва шоирларга бағишланган адабий кечалар ҳам мунтазам ўтказилиб турилган.

Газетанинг 1936 йил 12 май сонида «Халқ кутубхонаси тўғрисида» деган мақола чоп этилган бўлиб, унда кутубхона жамғармасида 1 миллион нусха китоб борлиги таъкидланган.

Биз яна бир нарсани алоҳида таъкидлашни истардикки, кутубхона ўқувчиларнинг китобга, мутолаага бўлган қизиқишларини орттириш, илм олишга бўлган интилишларини кучайтириш мақсадида китобга оид турли хил кўргазмалар ташкил қилиб турган. Сўзимизнинг исботи тариқасида газетанинг 1936 йил 21 май сонида чоп этилган «Китобчилик тарихи» номли хабарни келтирамиз. Ундан маълум бўлишича, Тошкент халқ кутубхонасида «Китоб босиш тарихи» деган кўргазма ташкил қилиниб, китобсевар ўқувчилар ихтиёрига ҳавола қилинган.

Газетанинг 1936 йил 2 август сонида «Давлат кутубхонасининг 65 йиллик иши» номли хабар босилган бўлиб, унда айтилишича, кутубхонада «ЎзССР Давлат халқ кутубхонасининг асарлари» деган тўплам тайёрланган бўлиб, унга 65 йил мобайнида кутубхонанинг иқтидорли ходимлари томонидан ёзилган мақолалар, нашр этилган китоб ва библиографик кўрсаткичлар киритилган.

Газетанинг 1936 йил 24 август сонида «Нодир қўлёзмалар» деган хабар босилган бўлиб, унда Тошкент Давлат кутубхонаси Бухоро кутубхонасидан 1200 жилд эски қўлёзма асар олганлиги айтилган. Бу бебаҳо ва дурдона асарлар билан кутубхона фонди яна анча бойиган.

Газетанинг 1937 йил 1 март сонида «Тошкент халқ кутубхонасининг ўтмишидан» сарлавҳали мақола чоп этилган. Унда кутубхонанинг очилишидан то 1937 йилгача бўлган тарихи ёритилган бўлиб, ўтмишига оид айрим лавҳалар келтирилган.

1937 йилда «Қизил Ўзбекистон» саҳифаларида ўзининг ўлмас асарлари билан жаҳон илм фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган «шайх урраис», «табиблар подшоҳи» деган фахрли унвонларга сазовор бўлган буюк мутафаккир ва ҳаким Абу Али ибн Синонинг (980–1037) вафотига 900 йил тўлиши муносабати билан кўп материаллар эълон қилинган. Тошкент халқ кутубхонасининг малакали ходимлари ҳам буюк ҳакимнинг юбилейини муносиб қарши олишган. Бу ҳақдаги «Улуғ олим юбилейига тайёрлик» деган хабар газетанинг 1937 йил 17 март сонида босилган.

Ўзбекистонда 1938 йил 25 январдан 5 февралгача грузин халқининг улуғ шоири Шота Руставели ўнкунлиги ўтказилган. Давлат кутубхонаси ҳам бу ўнкунликда фаол қатнашган. 27 январь куни кутубхонада грузин адабиётининг буюк намоёндаси Шота Руставели қаламига мансуб «Йўлбарс терисига ёпинган паҳлавон» поэмасининг ёзилганига 750 йил тўлгани муносабати билан тантанали кеча ўтказилган.

Кутубхона муттасил равишда машҳур асарларга бағишланган кўргазмалар ташкил қилиб, адабиёт ихлосмандларини хушнуд қилиб борган. Бунга мисол қилиб, 1938 йил май ойида кутубхонада қадимий рус адабий ёдгорлиги бўлган «Игорь жангномаси»нинг 750 йиллигига бағишланган кўргазма очилганлигини кўришимиз мумкин.

1930 йилларнинг охирларида юртимизда улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Мир Алишер Навоий юбилейини кенг миқёсда нишонлаш учун катта тайёргарлик ишлари бошланган. Ўзбек Давлат кутубхонаси ҳам бу борада бир мунча ишлар қилган. Фикримизнинг тасдиқи сифатида газетанинг 1939 йил 14 май сонида босилган «Тўхтасин» имзоли «Навоий виставкаси» деган хабарни келтирамиз. Унда айтилишича, кутубхонада Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган 8 бўлимдан иборат бўлган махсус кўргазма ташкил қилинган. Бу кўргазма ҳар доим янги ҳужжат ва адабиётлар билан тўлдириб борилган.

Газетанинг 1939 йил 6 август сонида Юсуфжон Каримийнинг «Ўзбекистон Давлат кутубхонасида» номли диққатга сазовор мақоласи эълон қилинган. Унда муаллиф зиё масканида Ўзбекистоннинг 15 йиллик юбилейи ҳамда кутубхонанинг 70 йиллиги муносабати билан қилинган илмий ишлар ҳақида маълумот берган.

Газетанинг 1940 йил 23 октябрь сонида О. Пўлатовнинг газета идорасига йўллаган хати босилган бўлиб, у «Халқ кутубхонасига жиддий эътибор берилсин» деб номланган. Унда Ўзбекистон Давлат кутубхонаси тор ва ноқулай бинода жойлашгани боис яхши фаолият кўрсата олмаганлиги айтилган. Муаллиф мутасадди ташкилотлардан кутубхонага жиддий эътибор беришларини ҳамда янги бино масаласини тездан ҳал қилишларини талаб қилган.

Юқорида келтирилган маълумотлар миллатнинг маънавият маскани бўлмиш Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг 1930–1940 йилларда кенг халқ оммасига зиё тарқатишдек шарафли вазифасини тўлақонли бажарганидан ҳамда амалга оширган илмий-маърифий ишлари билан мамлакатимизнинг маданий ҳаётига муносиб ҳисса қўшганидан далолат беради.

Фойдаланилган адабиётлар

1. «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1934–1940-йилларда чиққан сонлари.

2. «Гулистон» журналининг 1935 йил 4-сони.

INFOLIB, №4, 2020