В статье наряду с общим освещением истории коллекции туркестанских газет, начиная с первой изданной на узбекском языке на арабской графике «Туркистон вилоятининг газети», автор более подробно останавливается на историко-литературных, этнографических аргументах газеты «Садойи Фарғона» (1914–1915). Основной целью газеты, по словам первого ее редактора Обиджона Махмудова, «не коммерция, а служить нашему народу искренно и с полной отдачей. Для писателей и просветителей наши рубрики всегда открыты». В газете печатались статьи по литературе, этнографии, истории, сельскому хозяйству. Газета является огромным подспорьем в изучении истории края.

Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар фондида сақланиб келинаётган XIII–XIX асрларда яратилган нодир қўлёзмалар, китоблар, альбомлар, энциклопедиялар, луғатлар нафақат маҳаллий, балки Марказий Осиё мутахассислари учун қимматли фондлардан бири эканлиги эътироф этилган. Шу билан бир қаторда, фондда сақланаётган юртимизда илк чоп этилган газета ва журналлар тадқиқотчилар томонидан қизиқиб ўрганиладиган манбалардан бири ҳисобланади.

Туркистонда рус тилидаги илк даврий матбуот нашри 1870 йил 28 апрелдан 1917 йил 15 декабргача босилган «Туркестанские ведомости» («Туркистон хабарномаси») газетасининг асл нусхалари билан бир қаторда, унинг микроплёнка нусхалари сақланмоқда. Шунингдек, Самарқандда 1918–1922 йилларда нашр қилинган «Камбағаллар товуши» (1922), «Қизил байроқ» (1920–1922), «Улуғ Туркистон» (1917–1918), «Иштирокиюн» (1919–1920), «Самарқанд» (1913), «Садои Фарғона» (1914–1915), «Садои Туркистон» (1914–1915), қозоқ тилидаги «Оқ жол» (1922, 24), форсча «Жарчии миллат» (1909), татарча «Татаристон хабарлари» (1920–1921), озар-байжонча «Кундалик ахбори» (1921) ва бошқа газеталар матбуот тарихи бўйича ноёб манба ҳисобланади.

1914 йил 3 апрелидан 1915 йил 26 апрелига қадар Фарғона водийсида ўзбек тилининг араб ёзувида «Садои Фарғона» газетаси нашрдан чиққан. Унинг ношири ва муҳаррири Обиджон Маҳмудов, газета мусаҳҳиҳи Ашурали Зоҳирий бўлган.

Обиджон Маҳмудов 1913 – 1914 йилларда ўзининг хусусий босмахонасини, кейин нашриётини ташкил қилади. Ашурали Зоҳирий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий билан танишув ва қадрдонлашув унинг ҳаётида кескин бурилиш ясайди. Доимо ўз халқининг тараққиёти ҳақида мулоҳаза юритувчи Обиджон Маҳмудов ўзининг ҳайрли ишларига Фарғона водийсининг таниқли бой ва мутафаккир зиёлиларини жалб этади. Шу хатти-ҳаракат самараси ўлароқ «Садои Фарғона» газетасини нашр этиш бошланади.

Газетанинг илк сонига сўз боши ёзган Обиджон Маҳмудов ўқувчилар оммасига газета саҳифалари барча учун очиқ эканлигини маълум қилди: «Арбоби қалам ва асҳоби ирфон учун ғазетамизнинг сутунлари ҳар замон очиқ бўлуб, маслакимиза мувофиқ бўлғон ҳар бир мактуб дарж ўлинажакдир», дейди. Сабаби, илғор фикрли замондошларининг мақсади ягона бўлиб, халқни ривожланган давлатлар сафида кўриш ва юксак чўққига кўтариш эди. Шу боис «маслакимиза мувофиқ» деган сўзни қўллайди.

Газетанинг мақсади ҳақида шундай деб ёзади: «Газетани нашр этишдан мақсадимиз тижорат эмас, балки халқимизга қўлимиздан келган қадар хизмат этмоқдир. Халқимизда матбуот ва жаридаи миллияга кундан-кун шавқ ва рағбат ўзгарди. Газета моддий жиҳатдан таъминланган» .

Газета ишида Усмон Нурий, Чўлпон, Тавалло, Холид Саид, Саид Аҳмад Васлий, Иброҳим Даврон, Мулло Абдуллабек Мусабек-ҳожи ўғли, Шокирали Мухторовлар фаол иштирок этганлар.

Газетада материаллар «Ҳўқанд хабарлари», «Дохлия хабарлари», «Туркистон ва Фарғона хабарлари», «Уруш хабарлари», «Хорижий хабарлар», «Адабий мунозара», «Эълонлар» рукни остида берилган. «Садои Фарғона» газетаси саҳифаларида ижтимоий-иқтисодий, маданий-илмий ва адабий муаммолар доимий равишда ёритиб борилган. Реклама ва эълонлар газетанинг 1, 3 ва 4 саҳифасида босилган. Ҳар қандай газеталар каби миллий газеталар нашрининг давом эттирилиши ва миллатга фойда кўрсата олишининг омилларидан бири унинг ўқувчилари кўплигидир.

Бу газета 500-600 нусхада Обиджон Маҳмудовнинг шахсий босмахонасида ҳафтада 3 марта босилган, 1915 йил 10 апрелига қадар чиққан 123 та сони нашр этилган.

Дунёдаги ҳар бир халқнинг тараққиёти мактаб билан бевосита боғлиқ эканлигини яхши англаганлар ва маориф масаласига алоҳида эътибор билан қараганлар. Фақат «Садои Фарғона» газетасида 100 га яқин мақола ва хабарлар нашр этилди.

Улар биринчи ўринда ўлкадаги анъанавий таълим тизимидаги мавжуд камчиликларни эътироф этган ҳолда, анъанавий мактабларда ўқиган болаларнинг ўндан тўққиз фоизи саводсиз бўлиб қолаётганлигини қайд этади.

Матбуотда мадрасалар ва мактаблар аҳ-волини тубдан ўзгартириш тадбирлари ҳам таклиф қилина бошланган эди. Хусусан, «Садои Фарғона» газетасида Ш.Мухторов томонидан ўлка мадрасаларида таълим ижтимоий турмуш ва миллий манфаатлардан жуда узоқлашиб кетганлиги ва уларда умуман дунёвий илмлар ўргатилмаслиги туфайли ишни ибтидоий мактабларни ислоҳ қилишдан бошлаш лозимлиги таъкидланган.

«Садои Фарғона» газетасида «Матбуот» ва «Янги асарлар» рукни остида Истамбул, Қозон, Астрахань ва бошқа жойларда чоп этилган даврий матбуотга ва турли асар ва дарсликларга тақризлар берилган ҳамда газета муштарийларига таништириб борилган.

Мазкур газета саҳифаларида ҳам ўлкадаги бошқа газеталардаги каби ҳаётнинг барча жабҳаларига кириб келаётган техника ва технологияларнинг рекламалари чоп этилган. Масалан, 1914 йилда «Садои Фарғона» газетаси бетондан қилинган ариқлар, арава ва пиёдалар йўллари, кўприклар, бетондан иморатлар қуриш учун турли маҳсулотлар, шоти ва зинапоялар таклиф қилинган.

Муаллифлар мақолалар орқали қишлоқ хўжалигига янги технологияларни олиб киришга астойдил тарафдор бўлиб, матбуот орқали деҳқонларни бунга қизғин даъват этишган. Хусусан, Абдулҳамид Чўлпон мақоласида деҳқонларни янги технологиялардан фойдаланмаётганликлари танқид остига олинади. Абдулҳамид Чўлпон мақоласининг охирида барча ёшларни мазкур муаммоларни ҳал қилиш чораларини топишга даъват этган.

Хусусан, «Садои Фарғона» газетасида чоп этилган мақолалардан бирида: «...Ёшларимизни ҳунар ўргатмак учун бирор жойга ҳунар мактаби очиб, энг яхши янги усулда ишлайдурган усталардан келтуруб, оларга ёш болалардан шогирд бериб, ҳунар ўргатмоқ керак. Тараққий қилмоқни хоҳлаган ҳар бир миллатга шундай йўлларга ҳаракат қилмоқ кераклигини ҳеч ким инкор қилмаса керак», – дея ҳунар ўрганишга даъват этилган.

XX аср бошларида вужудга келган миллий матбуот воситасида халқ онгига ижтимоий, маданий, иқтисодий соҳаларга оид ахборотлар етказиш орқали миллат тафаккурини ўстиришда, уларни замон янгиликларидан бохабар қилишда ўзининг маълум ҳиссасини қўшишга интилди. Миллий матбуот саҳифаларида нафақат маориф соҳасида ислоҳотлар ўтказиш муаммоси, балки иқтисодий-ижтимоий муаммолар ҳам кўтарилиб, уларнинг ечимини кўрсатишга ҳаракат қилинган. Шубҳасиз, миллий газеталар ичида ўз ўрнига эга бўлган «Садои Фарғона» газетаси XX аср бошларидаги Туркистон тарихини, ижтимоий қарашлар эволюциясини ўрганишда муҳим манбалардан ҳисобланади.