Проблема сохранения библиотечных фондов становится все более актуальной и сложной по мере их роста, старения и использования. Основная, задача состоит в сохранении фондов для их активного использования. Одним из таких решений является проведение паспортизации библиотечных фондов. Цель паспортизации составление паспорта определенного образца, содержащего основные сведения и факты  конкретного фонда за определенный период времени.

     Кутубхона фондини узоқ вақт ва талофотсиз сақлаш жуда муҳим вазифадир. Ноёб ҳужжатларнинг қимматлилиги – шу муаммони ечишда кутубхоналардан янги ечимларни топишни талаб қилади. Бундай ечимлардан бири кутубхона фондларини паспортлаштиришдир. У фақатгина мавжуд фонднинг реал моделини яратибгина қолмасдан, балки ҳар бир ҳужжат ва фонднинг сақланиш даражасига баҳо бериш, эҳтиёт қилишни таъминлаш, кутубхоналарнинг келгусида ривожлантириш йўлларини аниқлаш имконини беради.

Нодир китобларни сақлаш ва ўрганиш масаласи дунёнинг бошқа мамлакатларида қандай ҳал этилганини кузатганимизда, Россия Миллий кутубхонасининг Кутубхона фондларини консервациялаш марказида сезиларли лойиҳаларни амалга оширганлиги маълум бўлди. Кутубхона ўз фондини қўлёзмалар, нодир китоблар, фото суратлар, хариталар каби туркумларга ажратган ва ҳар бири учун алоҳида паспорт формасини ишлаб чиққан. Паспортнинг афзаллиги шундаки, сўровноманинг ҳар бир бўлимида ҳужжатларда кўп учрайдиган ҳолатлар имкон қадар инобатга олинган бўлиб, қўшимча маълумот киритиш учун ҳам жой ажратилган. Яна бир афзал томони – барча маълумотларнинг электрон базага жойлаштирилишидадир.

Паспортлаштириш – фонд билан ташкилий ишлар ўтказиш ва унинг шаклланишини илмий асослаш учун замин яратади. Унинг ёрдамида кутубхона фондининг хавфсизлиги бўйича ишлар йўлга қўйилади, ҳужжатлар фондини тўплаш ва ундан фойдаланиш бўйича асосли ечимлар қабул қилиш учун турли йиллардаги ҳолатларнинг таққосий таҳлили ўтказилади. Кутубхона ходимлари ва фойдаланувчилар томонидан ахборот-кутубхона фондидан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиш назоратини амалга оширади, ахборот-кутубхона фондининг сақлови бўйича тадбирларни режалаштиради. Фондларни паспортлаштириш, бу фонд ҳолати мониторингидир. Ҳужжатларни турли нуқтаи назардан баҳолаш ва ташкил қилиш, сақлаш ва ундан фойдаланиш бўйича услубий ечимлар қабул қилиш якунидир. Бу кўп меҳнат талаб қиладиган, мураккаб жараён, лекин унинг натижалари анча фойдалидир. Паспортлаштиришнинг асосий вазифаси ўрнатилган намунадаги аниқ фонд қайди ва фонд ҳақидаги асосий маълумотларга эга хизмат ҳужжатини ишлаб чиқишдир. Натижада, ягона фонд хусусиятларини ҳисобга олувчи ва фонднинг у ёки бу қисми хусусиятлари ҳақида ахборот киритиш имконини берувчи паспортнинг махсус шакли, уни тўлдириш бўйича услубий ишланмалар ва иш жадваллари кўринишидаги турли иловалар ҳамда ҳужжатлар ҳолати паспортлари олинади. Шундай қилиб, паспортлаштириш натижасида биз мавжуд фонднинг реал моделини яратамиз.

Паспортлаштириш ҳар бир ноёб ва қимматбаҳо ҳужжат ҳолатини аниқ кўриш имконини беради. Бундан ташқари, у фойдаланувчилар талабига фонд таркибининг мослигини аниқлаш ва кутубхона ишида, шунингдек, янги технологияларни жорий қилиш соҳасида ривожланишларни белгилаш имкони бўлади.

Фондни паспортлаштириш жараёни узоқ вақтни талаб қилади. Чунки маълумотлар базасини яратиш, ҳужжатлар ва уларнинг сақланиш шароитларини ўрганиш, нашрларни олиш учун қўшимча манбаларни аниқлаш ва бошқа тадбирларни ўтказиш кўзда тутилади.

Паспортлаштириш натижасида олишимиз мумкин бўлган бир нечта ижобий натижаларни санаб ўтамиз:

- меъёрий-хуқуқий талабларга кўра, ахборот-кутубхона фондини сақлаш стратегиясини ишлаб чиқиш учун, фонд ҳақида тўлиқ ва очиқ маълумотларни йиғиш имкониятига эга бўлиш;

- китоб фонди билан ишлашнинг нозик жойларини аниқлаш, бу уларни сақлаш ва фойдаланиш шароитларини ўз вақтида тузатишга имкон беради;

- фонд билан ишлашни режалаштиришда, ҳужжатлар китоб фондини тўплашда паспортлаштириш фойдасини сезиш;

- ахборот-кутубхона фондини шакллантириш сиёсати ва стратегиясига, тўпламларнинг мавзутипологик профилига асосли ўзгартиришлар киритиш имкониятининг туғилиши;

- кутубхона фонди ҳамда у жойлашган хоналар хавфсизлиги, физик ҳолати ва таъминотини баҳолаш;

- йўналишлар бўйича китоб фонди билан тизимли ишлаш, бу фондни бошқариш жараёнини яхшилайди.

 Ноёб ҳужжатлар билан ишлаш учун ҳолат паспортини тузиш жараёнида қуйидаги принциплардан фойдаланилади: Ҳар бир ҳужжат чуқур ўрганилади. Ҳужжатнинг тавсифи, ҳужжат матнининг хусусиятлари, тили, ҳужжатларнинг ўзига хос хусусиятлари, ахборот ташувчи ва унинг шикастланиши, ахборот ташувчининг зарарланиши, механик талафотлар, биологик зарарланишлар, ахборотни ёзиш материали ва унинг шикастланиши, ахборотни ёзиш материалининг бузилиши, масалан, ёзув ёйилиши, ёзувнинг ўчиб бориши, ёзувнинг қўшни варақларга ўтганлиги, варақнинг орқа тарафига ўтган ва бошқалар аниқланади. Блок, муқова ва уларнинг шикастланиши, китоб варақлар тўпининг талафотланиши кўриб чиқилади.

Китобнинг сақланиш принциплари ва текширув натижаларига кўра, фойдаланиш ҳолатлари ҳақида қарорлар қабул қилинади. Масалан, биоцид билан қайта ишлаш, микроиқлимли ғилофларда сақлаш, муқовалаш ёки реставрация қилиш, ўқувчилар томонидан ҳужжатдан фойдаланишнинг назорати, китобларни рақамлаштириш ёки электрон вариантларидан қоғозли нусхаларини тайёрлаш каби.

Нодир ва алоҳида қимматли нашрлар паспортини яратиш муҳим аҳамият касб этади. Мазкур паспортлаштиришнинг соҳага жорий этилиши нафақат асар юзасидан барча маълумотларга, балки фонднинг умумий аҳволи ҳақида: қанча адабиёт реставрацияга муҳтожлиги, реставрацияни бошлаш кетма-кетлиги, зарурий материал ва бошқалар ҳақида маълумотга эга бўлишга имкон беради.