В статье рассказывается о Положении, применимом ко всем уникальным и особо ценным информационно-библиотечным ресурсам, находящимся в государственной собственности, об обособленности уникальных и особо ценных информационно-библиотечных ресурсов, организации мониторинговых мероприятий по следующим направлениям: проведение мониторинга состояния сохранности информационно-библиотечных фондов, вопросы сохранности фондов в процессе их использования в информационно-библиотечных учреждениях, динамики уровня квалификации специалистов в этой сфере и выявление потребностей отрасли в соответствующих кадрах.

Обращено внимание важности Централизованного учета уникальных и особо ценных информационно-библиотечных ресурсов, осуществляющегося в сводном электронном реестре уникальных и особо ценных информационно-библиотечных ресурсов.

Қўлёзмалар халқнинг маънавияти ва маърифатини юксалтиришга, бадиий дид ва завқини тарбиялашга, илм-фанга бўлган ҳаваси ва салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Қўлёзма мерос тушунчаси бир мунча кенг, умумий бўлиб, кўп ҳолларда мерос сўзи олдидан унинг қайси соҳага тегишли эканлиги аниқ қилиб айтилади. Чунончи: адабий-бадиий қўлёзмалар адабий мерос, тарихий қўлёзмалар тарихий мерос, илм-фан соҳаларига доир қўлёзмалар илмий мерос, мусиқа рисолалари қўлёзмалари мусиқий мерос, расм-тасвирий санъатига доир қўлёзмалар бадиий мерослардир.

Инсоният тарихида ёзув ихтиро қилинганидан буён қўл билан ёзилган барча манбалар қўлёзма деб юритилади. Бироқ мазкур манбалар қандай материалга ёзилганига қараб турлича айтилади. Қаттиқ жисмларга тоғ қоялари, ясси тош, металл, сопол, ёғоч ва бошқалардаги матнлар битик. Масалан: Эрон ва Ўрта Осиё тарихидаги улкан битикларга баланд тоғ қояларига ёзилган Афросиёб қасри, Беҳустун, Нақши Рустам, Тахти Жамшед ва Сосоний подшолари битикларини кўрсатиш мумкин. Мўғулистон, Сибир, Марказий Осиёда сақланиб қолган қадимги туркий тил  ва қадимги туркий адабиёт ёдномалари ҳам битиклар деб айтилади.

Ўсимлик пўстлоғидан тайёрланган материалга ёзилган манбалар папирус номини олган. X аср бошларигача Мисрда ёзилган папирус манбалар сақланган. Ҳайвон (кийик, туя, бузоқ, эчки ва бошқалар) терисидан тайёрланган материалдаги ёзма манбалар пергамент дейилган. Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида илк ўрта асрларда пергаментдан кенг фойдаланилган.

Қоғоз ихтиро этилгач, у жаҳоннинг жуда кўп халқлари томонидан ёзиш учун қулай ва нисбатан арзон материал сифатида ишлатила бошлади. Энди қўлёзма тушунчаси аввалги битик, папирус, пергаментларга нисбатан эмас, балки қоғозга ёзилган манбалар, ёдномалар маъносини аниқроқ ифодалай бошлади.

Ўрта асрларда Осиё, Европа ва Шимолий Африканинг маданий халқлари томонидан қоғозга битилган кўплаб адабий, тарихий, илмий мерос – қўлёзмалар яратилди. Бу қўлёзмалар араб, лотин, юнон, ҳинд, хитой, япон ва бошқа ўнлаб ёзувларда эди. Кейинги асрларда шарқшунослар тамонидан шарқ халқларининг қўлёзма манбаларини ўрганиш жараёнида уларни маълум гуруҳларга ажратиб, ҳудудий-минтақавий ном билан атай бошладилар. Чунончи, араб ёзувида битилган араб, эрон, туркий ва бошқа халқларнинг қўлёзма мерослари Шарқ қўлёзмаларига ажратилди.

Қўлёзмалар хазинаси Яқин ва Ўрта Шарқ  мамлакатларида VIII асрлардан таркиб топа бошлади. Айни шу вақтларда  қоғознинг етарли миқдорда ишлаб чиқарилиши ва араб ёзувидаги турли фанларга доир асарларнинг яратилиши ва ҳамда уларнинг кўплаб нусхаларда кўчирилиши пойтахт шаҳарларда йирик илмий марказларда кутубхоналар – қўлёзмалар хазинаси ташкил топишига сабаб бўлди. Ўрта асрлардаги кутубхоналар фақат қўлёзма китоблар билан бойитилганлиги учун қўлёзмалар хазинаси деб ҳам юритилган.

Х–ХII асрларда Бухоро, Самарқанд, Марв, Исфаҳон, Шероз ва бошқа шаҳарларда ўнлаб йирик кутубхоналар мавжуд эди. Темурийлар даврида қўлёзмаларни тўплаб кутубхоналар ташкил қилишга катта эътибор берилди. Айрим темурий шаҳзодалар шахсан ўзлари шу ишлар билан шуғулландилар. Хусусан, Бойсунғур Мирзонинг ташкил этган кутубхонаси ва бу ерда Фирдавсий «Шоҳнома»си матни устида олиб борган ишлари XV аср тарихида ёрқин из қолдирди. XV аср иккинчи ярмида Алишер Навоийнинг ҳомийлигида ва Султонали Машҳадий бошчилигида  Ҳирот хаттотлик мактаби ташкил топди. Бу хаттотлик мактабида яратилган нодир ва бадиий қўлёзмалар Султон Ҳусайн Бойқаро сарой кутубхонасининг бебаҳо хазиналари эди. Кейинги асрларда Бухоро, Хоразм ва Қўқон хонликларида ҳам сарой кутубхонасини қимматбаҳо қўлёзмалар билан бойитиб борилган. 

Ҳозирги вақда дунёнинг кўплаб мамлакатларида Шарқ қўлёзмалари сақланади. Улар илмий текшириш институтлари, университетлар, кутубхоналар (босма китоблардан ажратилган ҳолда), музейларда махсус бўлим сифатида мавжуд. Ўзбекистонда ҳам Шарқ қўлёзмалари сақланадиган бир неча хазиналари мавжуд бўлиб,  улар Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти, Тошкент ва Самарқанд университетлари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг кутубхонасива бошқалар. Булардан ташқари, музейларда, вилоят ўлкашунослик музейларида, вилоят кутубхоналарида ҳам маълум миқдорда қўлёзма китоблар тўпланган. 

Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар хизмати фондида йигирма саккиз мингдан ортиқ нодир китоблар  сақланади.

XIV–XIX асрларда Мовароуннаҳр (Туркистон) ва Хуросон заминида битилган қўлёзма ҳамда тошбосма асарлар, XVII–XVIII асрлар-да Ғарбий Европада чоп этилган китоблар фонднинг ноёб ёдгорликларидан саналади.

Фонддаги энг нодир асарлардан бири  деб Хожа Муҳаммад Порсо ал-Бухорийнинг (1348–1420) кутубхонасига тааллуқли бўлган ва унинг номидан вақф қилинган учта қўлёзма китобларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин.

Қўлёзма манбалар қайси тилда бўлишидан, бадиий-илмий ижоднинг қайси соҳасига мансублигидан қатъий назар, қоғозга ёзилган ва китоб шаклида тайёрланган ёдгорликлардир. Қўлёзма манбалар топилган, аниқланган, йиғилган ва илк бор тартибга солинган ҳолатда бўлади. Улар тасниф қилиш, ўрганиш, бадиий ва илмий жиҳатларига баҳо бериш жараёнида қўлёзма мерос сифатида қай даражада аҳамиятга моликлиги маълум бўлади.

Қўлёзма фондларга келиб тушгандан кейин, аввало, биринчи ишловдан ўтказилади. Китоб узоқ муддат ноқулай жойда сақланиб, чанг босган бўлиши мумкин. Шунинг учун у бошидан охиригача варақланиб, ҳар бир варақ тозаланиб, очиқ  ҳавода шамоллатилади. Агар имконият булса, китоб орасида  қоғозда яшашга мослашган зарарли микроблардан тозалаш мақсадида ишлов берилади. Қўлёзма варақлари рақамлаб чиқилади. Сўнгра қўлёзмага фондда жойлашиши бўйича сақланиш (инвертар) рақами берилади.

Қўлёзмадан тадқиқотчилар фойдаланишида қулайликлар бўлиши учун кутубхона ходимлари қатор тадбирларни амалга оширадилар. Бунинг учун фондда мавжуд бўлган барча асарларни  ўз ичига қамраб олувчи бир неча йуналишда картотекалар тузиб чиқилади. Булар сақланиш (инвентар) рақами, муаллифлар номи, асарлар номи, илм-фан соҳалари, китобат туркумлари бўйича тузилади. Улар араб алифбосининг тартиби билан махсус қутиларга жойлаштирилади. Картотекаларда зарур маълумотлар – сақаниш рақами, муаллиф, асар номи, котиби ва китобат санаси (агар маълум бўлса), хат услуби, варақлар сони берилади. Мазкур картотекалар хазинадан фойдаланувчиларга лозим бўлган маълумотларни тезлик билан топиб олишга ёрдам беради.

Нодир ва алоҳида қимматли нашрлар электрон паспортини яратиш муҳим аҳамият касб этади. Мазкур дастурни соҳага жорий этилиши нафақат асар юзасидан барча маълумотларга  балки, фонднинг умумий аҳволи ҳақида (қанча адабиётлар реставрацияга муҳтожлиги, реставрацияни бошлаш кетма-кетлиги, зарурий материал ва бошқ.) маълумотга эга бўлишга имкон беради.

Қўлёзмалар хазинасига эга бўлган муассасаларнинг ходимлари қўлёзмаларни тавсифлаш, ўрганиш, чуқур илмий тадқиқотлар олиб бориш, бошқа тилларга таржима қилиш, шарҳ, изоҳ ва луғатлар тузиш, турли илмий ва оммавий нашрларни амалга ошириш ишларини бажарадилар. Хуллас, қўлёзмалар хазинаси халқнинг маънавий, илмий дунёсини бойитишга хизмат қилади.

Қўлёзмаларни тавсифи уларнинг сифат-белгилари баёнидир. Манбашуносликда тавсиф кенг маънода ишлатилади. Маълум бир қўлёзма манба ёки ҳар қандай ҳужжатнинг илмий хусусиятлари ва ташқи сифат-белгиларини қисқа, аммо аниқ ва равшан ҳамда изчил баён қилиб бериш мазкур манбанинг тавсифини ташкил қилади. Чунончи, тавсифда манба (асар)нинг муаллифи, ҳақийқий номи, агар бўлса, қўшимча номлари, ёзилиш тарихи ва сабаби, таҳрир (муаллифнинг ўзи ёки бошқа муаллифлар бажарган) нусхалари, асарнинг қисқа мазмуни, мазкур нусханинг тўлиқлик даражаси (агар бошқа нусхалари мавжуд бўлса уларга нисбатан), нусханинг таркиби, нусханинг бошланиши ва охири; нусханинг котиби, китобат тарихи ва ўрни; ҳошияларидаги турли қайдлар, ёзув, муҳр ва бошқалар берилади.

Қўлёзмалар хазинасига эга бўлган муассасаларнинг ходимлари қўлёзмаларни тавсифлаш, ўрганиш, чуқур илмий тадқиқотлар олиб бориш, бошқа тилларга таржима қилиш, шарҳ, изоҳ ва луғатлар тузиш, турли илмий ва оммавий нашрларни амалга ошириш ишларини бажарадилар. Хуллас, қўлёзмалар хазинаси халқнинг маънавий, илмий дунёсини бойитишга хизмат қилади.

Араб хати билан битилган барча қўлёзмаларда жумлалар матн орасида махсус бош сўзга ажратилиб, янги сатрдан ёзилмайди. Насрий матнлар сидирғасига кетма-кет ёзилаверади. Башарти, бу туркум фикрларни жамлаган жумлаларни алоҳида таъкидлаб, ажратиб кўрсатишга зарурат туғилса, ўша жумланинг биринчи ёки бир неча сўзи қизил сиёҳ билан ёзилган, қизил чизиқ билан устига чизиб қўйилган ёхуд сулс хати билан йирикроқ қилиб битилган.  Шеърий матнлар бундан мустасно. Улар кўпинча саҳифада устунларга ажратиб жойлаштирилган.

Эгалик белгилари турли кўринишда бўлиб, улар ҳужжат тақдири, унга эгасининг муносабати ҳақида маълумот беради. Улар эгалик белгилари (экслибрислар, штамплар, штемпеллар, муҳрлар) ҳамда фойдаланганлик белгиларидир.

Муҳр ўзидаги қабариқ ёки ботиқ белгиларидан нусха туширувчи махсус асбоб. Ўтмишда муҳр сопол, мис, пўлат, биринч, кумуш ва олтиндан қилинган. Муҳрнинг шакли тўрт-бурчак, доира, бодома кўринишларида бўлган. Қадимда ҳар бир нуфузли кишиларнинг- хон, амир, бек, муфти, қози ва бошқаларнинг ўз шахсий муҳри бўлган. Қўлёзма китобларни сақлаган, мутолаа қилган олимлар, шоир ва бошқа кишилар ўз шахсий муҳрларини китобларга босиб қўйганлар. Ана шу муҳрларга суяниб, айрим қўлёзма китоблар қайси давлатнинг сарой кутубхонасида сақланганлиги, кимларнинг назаридан ўтганлиги аниқланади. Қўлёзмадаги муҳрлар мазкур қўлёзманинг тарихини ўрганишда тадқиқотчиларга катта ёрдам беради.

Қўлёзмани чиройли қилиш, матнни мазмундор ифодалаш ва ўқувчига мутолаа пайтида бадиий завқ бағишлаш мақсадида китобга шамс, унвон, лавҳа, жадвал, доира, расм (миниатюра), нақш ва бошқалар орқали бадиий безаклар берилган. Бу бадиий безаклар оддий бўёқлар ёки тилла суви билан бажарилиши мумкин.

Шарқ китобат санъатида энг кўп қўлланилган бадиий безаклардан бири жадвалдир. Жадвал оддий, нафис, зарҳал бўлиши мумкин. Қўлёзманинг бир саҳифасидаги матн атрофига алоҳида жадвал ёки ҳар икки саҳифадаги матн атрофига яхлит бир жадвал тортилади. Бир саҳифада матн бир неча устундан (асосан, шеърий асарлар) иборат бўлса, ҳар бир устун бир- биридан жадвал чизиқлари билан ажратиб қўйилади.

Девонларда, баёзларда ҳар бир шеър жадвалга олинади. Кўлёзмадаги сарлавҳалар ва расм (миниатюра)лар ҳам жадвал билан ажратилади. Оддий жадвал матн атрофига тортилган кўпинча бир йулли қизил рангдан; нафис жадвал жуда ингичка ва бир неча ранглардан ташкил топган икки, уч, ҳатто тўрт йўлдан; зарҳал жадвал эса олтин суви берилган бир ёки бир неча йулдан иборат бўлади. Бундай қўлёзмаларга нафис ва зарҳал жадваллар чизиб, бадиий жиҳатдан безатувчи ҳунармандларни жадвалкашлар дейилган.

Баъзи қўлёзма китобларда жузларни, асарларни ёки бобларни бир биридан ажратиш учун пўпаклар жойлаштирилган. У, асосан, шойи ёки ип газламадан тайёрланган бўлиб, икки қоғоз бўлакчаси орасига қўйиб жойлаштирилган. Бу эса китобхонга керакли асарни тез топишида ҳамда китоб сақланишига хизмат қилган.

Шарқ қўлёзмаларида варақ саҳифасида саҳифа четидан, матн оралиғида қолдирилган бўш жой ҳошия деб аталади. Бу жой айрим қўлёзмаларда торроқ, айрим қўлёзмаларда кенгроқ бўлади. Ҳошиядан турли мақсадларда фойдаланилади. Баъзан ҳошияга ўсимлик ва ҳайвонларнинг расмлари, нақш ва гуллар чизилади. Китобнинг асосий бадиий безаги ҳошиядан ўрин олади. Баъзан ҳошияга мустақил асар ёзилади. Кўпинча, ҳошияга асарни мутолаа қилган кишилар томонидан шарҳ, изоҳ, луғат ва бошқа қайдлар ҳам ёзиб борилади.

Ҳошия ёзувлари қўлёзмани кўчирган котиб томонидан ёки асарни мутолаа қилган кишилар томонидан ёзиб қўйилган тўлдириш, тузатиш, илова, луғат, шарҳ, изоҳ, қайд ва бошқалар котиб томонидан бажариладиган ёзувлар асарни китобат қилиш жараёнида амалга оширилади. Бошқа кишилар томонидан бажариладиган ёзувлар турли даврларда юзага келади.

Қўлёзманинг асосий матнидан бошқа ҳошияга ёзилган матнлар ҳам бўлади. Бу матн саҳифадаги асосий матннинг давоми ёки асосий матнга ҳеч бир алоқаси бўлмаган бошқа бир мустақил асар матни бўлиши ҳам мумкин.

Қўлёзма китобларнинг ўлчами, яъни эни бўйига нисбатан сантиметр ҳисобида олинган узунлиги аниқланади. Қўлёзма ўлчами китобнинг ҳажми, катта-кичиклиги, узун-қисқалигидан маълумот беради. Китобнинг қандай ўлчамда бўлишини икки нарса белгилайди. Биринчиси, тайёрланаётган китоб кимларга мўлжаллангани ва қандай мақсадларда ундан фойдаланилиш. Иккинчиси, тайёрланаётган китоб таркибига қандай (шеърий ёки насрий) ва қанча асар киритилиши. Биринчи ҳолатда китоб кундалик мутолаа учун, мактаб ва мадрасаларда дарслик сифатида истифода этиш учун, улуғ кишиларга туҳфа сифатида такдим этиш учун, ҳукмдорларнинг сарой кутубхонасида сақлаш учун ва яна бошқа мақсадларни назарда тутилади.

Иккинчи ҳолатда китоб таркибига шеър, достон, ҳикоят, қисса, рисола, шарҳ ва шунинг каби асарларнинг киритилиши қўлёзманинг ўлчамини белгилайди. Баёз, девон, мажмуа, тазкира, луғат, хамса, куллиёт, тарих, қомус каби китобат туркумларининг қўлёзма ўлчами ҳам мазкур иккинчи ҳолат билан боғлиқдир. Умуман, қўлёзманинг ўлчами ундан фойдаланиш мақсади ва таркибидаги асар матнидан келиб чиқади. Миллий кутубхона фондида сақланаётган қўлёзмалар кузатилганда уларнинг катта-кичиклиги, узун-қисқалиги, ўлчами юзасидан ранг-баранг ҳолатлар маълум бўлади. Жуда кичик ўлчамдаги китоблар баёз, рисолалардан иборат. Улар, асосан, ёнда олиб юришга мўлжаллангани учун китоби жайбий (чўнтак китоб) деб аталади. Қўлёзманинг ўлчамини аниқлаб олишда варроқ ва котиб бамаслаҳат ишлаганлар.