Автор статьи отмечает, что изучение архивных документов, отражающих различные аспекты нашей истории, в свою очередь, является актуальной проблемой, которая плохо понимается и нейтрализует события и явления, которые остались вне внимания исследователей. Центральный государственный архив Республики Узбекистан является основным хранилищем архивных документов в Центральной Азии. Там хранятся все офисные документы судей, работавших в конце XIX-го и начале XX-го веков. Сохранившиеся в архивах документы на восточных языках, также играют важную роль в беспристрастном освещении событий тех лет. В исследовании этих источников автор находит, что появление новых экономических концепций имеет отношение к социальной жизни людей того времени.
Қайси бир жамиятда унинг энг заиф ва ночор бўлагига эътибор яхши бўлса, бу жамият муҳити соғлом эканлигидан далолатдир. Тарихимизнинг турли жабҳаларини акс эттирувчи архив ҳужжатларини тадқиқ этиш, ўз навбатида, кам ўрганилган ёки тадқиқотчилар эътиборидан четда қолиб кетган воқеа ва ҳодисаларни холис ёритиш бугунги куннинг долзарб муаммосидир. Ўрта Осиёда йирик архив ҳужжатлари сақловхонаси ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архивида (ЎзР МДА)да шарқ тилларидаги архив фондлари таркибида сақланувчи XIX аср охири – XX аср бошларида фаолият юритган қозиларнинг иш юритиш ҳужжатлари ҳам юқорида қайд этилган жамият ҳолатини холис ёритишда муҳим ўрин тутади.
Ҳозирда ЎзР МДАда 120 га яқин Туркистон ўлкасининг 3 та вилояти (Самарқанд, Фарғона ва Сирдарё), Тошкент шаҳар ва Тошкент уезди ҳудудларида фаолият олиб борган қозиларнинг фондлари сақланмоқда. Бу, ўз навбатида, бир неча юз минглаб алоҳида тарихий манба ҳужжатлар жамланмаси деганидир.
Жумладан, ЎзР МДАда И-362 фонд («Тошкент қозилар съезди фонди»), И-363 фонд («Бешёғоч даҳаси қозиси фонди»), И-364 фонд («Кўкча даҳаси қозиси фонди»), И-365 фонд («Себзор даҳаси қозиси фонди») ва И-366 фонд («Себзор даҳаси қозиси фонди»)-лари сақланади. Булар ичидан биз танлаган «Сағирлар дафтари» («Етимлар дафтари», вояга етмаган, етим болалар ҳолатини қайд қилиш дафтари) мавжуд бўлиб, булар асосида мазкур даврда яшаб ўтган Тошкент шаҳрининг тўрт даҳасида яшаган ва отасидан бевақт ажраган етимлар ҳамда уларнинг жамиятда яшаб, ўз ўринларини топишлари учун қозиларнинг амалга оширган ишлари тўғрисида маълумот олишимиз мумкин.
Тошкент шаҳар, Бешёғоч даҳаси қозиси Одилхўжа Эшонхўжа ўғли 1888 йилда 200 дан зиёд ўғил ва қиз етим болаларнинг ҳолатини қайд қилган «Сағирлар дафтари» ҳужжатлари бор.
Кўкча даҳаси қозиси Мулло Одил Исҳоқбой ўғли томонидан 1899 – 1900 йилларда тузилган «Сағирлар дафтари» сақланади. Дафтарда жами 202 та вояга етмаган етим болалар билан боғлиқ кўриб чиқилган ишлар баён этилган.
Себзор даҳаси қозиси Муҳаммад Муҳиддинхўжа Қози Ҳакимхўжа Эшон ўғли томонидан 1888 йилда тузиб чиққан «Сағирлар дафтари»да 100 дан зиёд ўғил ва қиз етим болалар билан боғлиқ кўриб чиқилган ишлар баён этилган.
Шунингдек, Шайхонтоҳур даҳаси қозиси Муҳаммад Шарифхўжа томонидан 1888 – 1889 йилларда тузиб чиқилган «Сағирлар дафтари»да 120 дан зиёд ўғил ва қиз етим болалар билан боғлиқ кўриб чиқилган ишлар қайд этилган.
Мазкур қайдлар ичидан Кўкча даҳаси қозиси томонидан тузилган ишларни батафсил ўрганиб, қуйидаги хулосаларга келинди.
Кўкча даҳаси қозиси архив фондидаги «Қарорларни қайд этиш китоби», «Далолатномаларни қайд этиш китоби» ҳамда юқорида келтирилган 1899 – 1900 йилларда ёзилган «Сағирлар дафтари» мавжуд.
Хусусан, биз ўрганиб чиққан Кўкча қозиси «Сағирлар дафтари» ЎзР МДАнинг И-364 фонди, 1-рўйхат, 50-рақамли йиғмажилд маълумот остида сақланиб келинади.
Мазкур дафтарнинг ёзилиши ўзига хос тартиб ва тузилишга эга бўлиб, қозиларнинг бошқа китоб ва ҳужжатларидан фарқли равишда расмийлаштирилган. Юқорида қайд этганимиздек, унда сағирлар мулкини тасарруф этиш, васийлик масалалари кетма-кетлик билан ёритиб берилган. Дафтардаги маълумотлар эски ўзбек (чиғатой) тилида ёзилган. Матнни ёзиш тартибига эътибор бе-рилса, асосий мавзуга доир маълумотлар билан бирга айрим ҳолларда ҳошияларда баъзи битиклар келтириб ўтилганлиги кўзга ташланади.

Ҳар бир кўрилган ишни баён этишда қози аниқ бир формулярга риоя қилган ҳолда қайд этиб борган. Жумладан, дастлаб сағир болаларнинг яшаш жойи, сўнгра маҳалла номи зикр қилиниб, кейин боланинг исми, унинг ёши, жинси, отасининг исми шарифи ва бевосита васийси тўғрисида маълумотлар киритилган. Вояга етмаган сағир болаларга қолган мерос (пул маблағи, мол-мулки) кўрсатиб ўтилганда маблағ қандай тақсимланганлиги сўм ва тийинигача аниқ миқдори кўрсатиб берилган. Агар уларга бирор кўчмас мулк мерос қолган бўлса, улар ҳам тавсифлаб ўтилган.
Етим болага тегишли маълумотлар қозининг доимий назоратида турган. Вақти-вақти билан қози сағир болага тайинланган васийнинг амалга оширган ва бажараётган ишлари тўғрисида аниқлик киритиш учун уни қозихонага чақириб ҳисобот олиб турган. Амалга оширилган ишларни бирма-бир дафтарда қайд қилиб борган. Шунингдек, дафтарга қо-зи ўзининг хулосасини ёзиб, кўриб чиққан ишга якун ясаш билан бирга васийга қилиши керак бўлган ишларни буюриб, ундан тилхат олган. Ҳар бир кўрилган масалани ҳужжатлаштиришда қатнашган гувоҳларнинг ҳам исми-шарифлари келтириб ўтилган. Ҳар бир ҳужжат якунида Мулло Одил қози ўз муҳрини босган.
Ушбу манбанинг ўрганиш жараёнида ўша даврдаги аҳоли ижтимоий ҳаётига янгича иқтисодий тушунчалар ва муносабатлар кириб келганига гувоҳ бўламиз. Аксарият ҳужжатларда «банки подшоҳий» деган атама жуда кўп ишалатилиб, унда сағирларнинг маблағларини банкда сақлаш учун қўйилгани, бунга қозининг ўзи ҳам қарорларни халққа тарғиб қилганини кўришимиз мумкин.
Шунингдек, дафтарда оила ва болаларнинг тарбиясига алоҳида урғу берилган. Масалан, дафтарда қуйидагилар баён этилган:
«Обиназир маҳаллалик Йўлдошжон 18 со-ла ва Усмонжон 15 сола ва Жамилабиби 16 сола Комилжонбой мутаваффо сағир болаларин васийи шаръийси ўз амакиси мазкур маҳаллалик Мулло Фуладжон Мулложонбой ўғли қўлида мазкур сағиларларға тейишли маблағи ўн уч минг саккиз юз қирқ тўрт сўм. Мазкур сағиларға тейишли мазкур маҳаллада [?]нчи номерда бир ҳовли ва ҳам бир Кўкча Оқтепасида бир бўлак мулклари бор, алардан даромад йўқ. Ушбу йилда мазкур васийни қозихонаға ҳозир айлаб ҳисобларин кўрилғонда мазкур васий айдики Раҳимхўжа қози бўлиб ўтмиш замонида мени чақирғонларида Йўлдошжонни бирга олиб бориб ҳисоб берилган эди деб мазкур Раҳимхўжа Эшонни қилғон ҳисоб дафтарини кўрилди мазмуни шулким, васий мазкур Йўлдошжонни қозихонаға ҳозир қилиб айдики Йўлдошжон кабир бўлғон ўз ҳиссасидан ақча олиб тижорат қилмоқиға изн берилса экан деб Йўлдошжонни аҳволи зоҳирида рашид кўрилгон сабабли мазкурни тижорат қилмоқиға изн берилди. Мазкур ақчадан Йўлдошни ҳиссаси беш минг беш юз ўттиз олти сўм экан, васийи мазкур ани ҳиссасиға ўз тилидан 332-номерда васиқа берди ва қолғон 8719 сўм Усмонжон ва Жамилабибиға тейишли эди. Васийи мазкур анга ҳам алоҳида 323-номерда ўз тилидан васиқа берди. Маълум бўлсинки, мазкур болаларни ақчалари юқорида мазкур бўлғон 13844 сўм ни фойдаси маблағи тўрт юз ўн бир сўм қўшулуб жами 14255 сўмға васифа бўлди деб. Васийға таъйин қилинди Йўлдошжонни тижорат ишидан ҳамиша мулоҳаза қилиб, хабардор бўлиб, кам-кам ишға ўргатгин деб. Шул эрди ҳодиса ёзилди. Васийи мазкур иқрори шаръий қилиб мазкур тариқада ҳисоб бўлғониға қойил бўлиб мазкур ақча мени қўлимда ва тасарруфимда турубдур деб иқрори шаръий қилди. Агар ҳалок ва нобуд қилсам, ўз молимдан тўларман деб Фулоджон қўлум қўйдум. Исмоилбек Иброҳимбек ўғли гувоҳ бўлдум, Мулло Муҳаммад Айюб Муҳаммад Раҳим қори ўғли гувоҳ бўлдум. Мулло Одил Исҳоқбой ўғли муҳрум бостум. [Қуйидаги матн ҳошияда келтирилган] Возиҳ бўлсун мазкур саккиз минг етти юз ўн тўққиз сўм ақча раъсулмол, мазкур Усмонжон ҳиссаси беш минг саккиз юз етмиш уч сўм анга тейишли ва Жамилабибиға тейишлиси икки минг тўқсон саккиз сўм мазкур ақчадан анга тейишли. Мазкур тўрт юз ўн бир сўм фойдадан мазкура Жамилабиби ҳиссасиға тейишлиси бир юз ўттиз икки сўм ва қолғон фойда мазкр Усмонжонға тейишлидур. Воқиъа шул эрди ёзилди. Мазкур Фулоджон қўлум қўйдум».
Ушбу мисолда ижтимоий-иқтисодий масалаларга доир турли қизиқарли маълумотларни кўриш мумкин. Жумладан, ижтимоий ҳаётдаги асосий масалалардан бири ёш авлод тарбияси ва етим болаларга эътибор устун бўлиб келган. Шунга биноан, келтирилган мисолда етимларга қолган мулкни хиёнат қилмай меросхўр вояга етгунича сақлаб, улар вояга етгач ҳақларини тийинигача ҳисоблаб топширишган. Васий нафақат етимларнинг онаси, опаси акаси ёки яқин қариндоши бўлган, балки бунга ўхшаш амакиси ёки умуман бошқа ишончли одамлар ҳам тайинланиши мумкин бўлган.
Юқорида келтирилган ҳужжатнинг асл мазмуни фақат шулардан иборат эмас, балки, яхшилаб эътибор берсак Фулоджон васий қозига ҳисобот берётганда Йўлдошжон энди вояга етиб ақли расо бўлгани учун ўз ҳаққини талаб қилиб тижорат қилиши учун пулларини сўраб олаётганини қозидан рухсат сўраганида, қози рози бўлган. Ўз навбатида, қози уни ўз ҳолига ташлаб қўймасдан балки, гарчи Йўлдошжон вояга етган бўлса ҳам ҳали ҳаётий тажрибаси ва одамлар билан бўладиган муносабатларда камчиликка йўл қўймасин, деб васийга ундан хабардор бўлишини ва бошлайдиган тижорат ишидан кўзқулоқ бўлиб туришини таъкидлаб ўтади.
Яна бир бошқа мисолда: «Чиғатой маҳаллалик Биби Робиъа сола Яъқуб Мироб Додажон ўғли мутаваффо сағира қизини васийяи шаръийяси ўз онаси Биби Ҳадича Усто Салимсоқ қизи қўлида. Мазкура сағираға тейишли бош пули маблағи бир юз етти сўм. Мазкура васийяни қозихонаға ҳозир айлаб ҳисобин кўрилғон вақтда мазкура васийя иқрори шаръий қилиб айдики, мазкур бош пул ақчани ҳар кимни зиммасиға бериб фойдалантуруб фойдаси бирлан мазкура сағирани тарбияти илан турубман. Агар мазкур бош пул ақчани ҳалок ва нобуд қилсам, ўз молимдан тўламокға қодирман деди. Ҳодиса шул эрди ёзилди. Мазкура васийя илтимосиға Исмоилбек Иброҳимбек ўғли қўлум қўйдум. Мулло Одил Исҳоқбой ўғли муҳрум бостум» – деб баён этилган.
Бу ҳужжатнинг мазмунидан кўриниб турибдики, бевосита вояга етмаган қизларга ҳам ўғил болаларга ўхшаб эътибор берилган. Гарчи сағир қизнинг васийси ўз онаси Биби Ҳадича бўлишига қарамасдан қози қилинган ишлар тўғрисида васийдан ҳисобот сўраган. Шунингдек, ҳужжатда зикр қилингандек вояга етмаган етим қизнинг пуллари онасининг қўлида шунчаки турмаган балки, фойда олиб туриш учун уларни ҳужжат билан бошқа ишончли одамларга берилган ҳамда бола тарбиясига сарф қилаяпман деб васийси ва онаси қози олдида ҳисобот берганининг ўзи уларга ҳар томонлама эътибор берилганини тушунишимиз мумкин.
Умуман олганда, қозининг «Сағирлар дафтари»ни биргина етим болаларга доир маълумотлар йиғиндиси ёки шариат ҳукмлари тўплами деб баҳоласак нотўғри бўлади. Чунки дафтарда келтирилган ёзувлардан нафақат ўша даврдаги ижтимоий-иқтисодий муносабатлар, аҳолининг турмуш тарзи ва олди-берди шартномаларининг амалга оширилиш тартибини, балки Тошкент шаҳри маҳалла ва мавзелари топонимикаси тўғрисида маълумот ҳам олишимиз мумкин.
Юртимизнинг бошқа ҳудудлардаги ижтимоий ҳаётни янада чуқур ўрганишга асос бўлувчи қозилик ҳужжатлари ЎзР МДА жамғармаларидан ташқари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти фонди, Алишер Навоий номидаги адабиёт музейи фонди, Бухоро, Самарқанд, Фарғона ва Хива каби қадимий шаҳарларимизнинг давлат музей қўриқхона ва архивларида ҳам сақланиб келинмоқда.
Ушбу қозилик ҳужжатлари нисбатан тадқиқотчилар томонидан кам ўрганилган. Бунинг асосий сабаби кўпчилик изланувчиларнинг ушбу ҳужжатлар сақланаётган жой тўғрисида тўлиқ маълумотга эга эмаслиги ҳамда мазкур ҳужжатлар матншунослик нуқтаи назаридан ўқилиши қийин бўлганлиги сабабли махсус тайёргарликни талаб этиши билан изоҳлаш мумкин.
Қозилар иш юритиш жараёнида тўпланиб келинган тарихий ҳужжатлар таркибида маҳаллий аҳоли ҳаётида рўй берган барча ижтимоий-иқтисодий жараёнларни акс эттирувчи муҳим тарихий манба саналади. Ушбу ҳужжатлар шариат қонун-қоидалари асосида ерга эгалик, ижара, қарз каби молиявий муносабатлар билан биргаликда оилавий, хусусан, никоҳ, мерос, васийлик ва бошқа масалаларни чуқурроқ тадқиқ этишга ёрдам беради.
Умуман олганда, қозилик институтларининг тарихини таҳлил этиш натижасида XIX асрда Марказий Осиё маҳкамаларида оилавий масалаларнинг ҳал қилиниши анъанавий ислом ҳуқуқи меъёрлари асосида ҳал этилганлиги аниқланди.
Россия империяси Марказий Осиёни қўлга киритгандан сўнг ўз манфаати йўлида хизмат қилиш мақсадида қозилик ишларига ҳам даҳл қилиб, анъана бўлиб келаётган тартибни ўзгартиришга ҳаракат қилган. Бироқ шунга қарамасдан, маҳаллий аҳоли ўз маънавий дунёсига яқин бўлган анъанавий қозилик тизимига мурожаат этишни давом эттиргани ЎзР МДАда сақланаётган қозилик ҳужжатларида яққол мисол бўла олади. Жамиятда рўй берган аксарият оилавий масалалар одатдагидек қозилар томонидан кўриб чиқилган. Кўриб чиқилган масалаларни ҳал қилишда қозилар шариат қоидалари ва фиқҳий манбалардан кенг фойдаланганлар. Хусусан, маҳаллий қозилар томонидан ишлатилган фиқҳий манбаларнинг аксарияти анъанавий ҳанафий мазҳабига тегишли бўлиб, уларнинг муаллифлари Марказий Осиёдан бўлганлиги алоҳида эътиборга лойиқ.
Шунингдек, Марказий Осиё ҳудудларида фаолият олиб борган қозилар архив фондларидаги қайд китобларини манбашунослик нуқтаи назаридан таҳлил этиш орқали қозиларнинг фаолиятлари, уларнинг ҳужжат юритишга оид амалиётлари нақадар тартибли йўлга қўйилганининг гувоҳи бўлиш мумкин. Қозилар амалда юритган ҳужжатлар нафақат туб аҳолига зарур бўлган, балки бир вақтнинг ўзида ҳукуматга ҳам керакли маълумотларга эга бўлган ҳужжатлар саналган ва шунга биноан уларга катта эътибор берилган. Зеро, уларни қайта тадқиқ қилиш натижасида ҳозирда биз қанчадан-қанча жамият орасидаги ижтимоий муаммолар ва муносабатлар, уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида маълумот олиш билан бирга, ер нарх-навоси билан боғлиқ айрим иқтисодий ва оилавий масалаларни тадқиқ этиш мумкинлигини хулоса қилиш мумкин.
