The author of the article describes in detail the medieval judicial rules of conduct for those who are responsible for the judicial system. He analyzes conditions for proper judging and the behavior of judges and the conditions of interaction with people in society. This paper also provides a brief overview of court decisions, which contain the most important issues that are solved by the judicial system. Among the sources used by the author the work by Imam Movardi «Adab alqadi» is of particular importance. This book describes the ethical norms of judicial behavior during a trial. It tells in detail how the appropriate appearance of the judges during their activities and how they should behave when the sentence is pronounced against the defendant. The election of judges took place according to their distinctive status, they had to be true believers, to know the Quran perfectly and the Hadith.
Автор статьи подробно описывает средневековые судейские правила для тех, кто отвечает за судебную систему, об условиях правильного судейства, о поведении судей и условиях взаимодействия с людьми в обществе. Также даётся краткий обзор судебных решений, в которых содержатся наиболее важные вопросы, стоящие перед судебной системой. Особенно широко использовалась среди правосудия книга имама Моварди «Одоб ал-қози». В этой книге описаны этические нормы поведения судей в судебном процессе. В ней подробно описывается, как во время судебного процесса должны внешне выглядеть судьи и как себя вести при оглашении приговора в отношении подсудимого человека. Избрание судей происходило по их отличительному статусу, они должны были быть правоверными, в совершенстве знать Коран и хадисы.
Қозилик одоби ҳақида исломда мукаммал қоидалар ишлаб чиқилган, алоҳида китоблар ҳам ёзилган. Хусусан, диёримизда машҳур бўлган буюк ватандошимиз, фақиҳ Бурҳониддин ал-Марғинонийнинг “ал-Ҳидоя” асарида алоҳида “Китоб адаб ал-қози” деган боб мавжуд. Унда қозилик лавозимига лойиқ кишилар, уларнинг шартлари, қозининг одоби, ҳукм қилаётганда ўзини тутиши ҳамда жамиятда одамлар билан аралашиб юриш шарт-шароити ҳақида батафсил баён қилинган[1]. Иккинчи ҳанафий мазҳабидаги машҳур асар “Мухтасар ал-виқоя фи масаил ал-ҳидоя”дир. Унда ҳам “Китоб ал-қазо” боби мавжуд бўлиб, унда ҳам қозилик одоблари ҳақида қисқача маълумотлар бериб ўтилган, асосан қозининг энг зарур ва жуда кўп учрайдиган масалалари ёритиб берилган. Жумладан, қозининг олди-бердилари, кимдан ҳадя олиши ёки кимлардан олмаслиги, чақирилган жамоавий жойларга бориши ёхуд бормаслиги ҳақидаги одоблари ёритиб берилган[2].
Қозилик одоби ҳақида битилган алоҳида китоблар ичида имом Мовардийнинг “Одоб ал-қози” китоби машҳурдир. Бу китобнинг мутолааси жараёнида исломда қадимдан қозилик ишлари қанчалик мукаммал тарзда, энг нозик томонларини ҳам ҳисобга олиб йўлга қўйилгани намоён бўлади. Ҳатто, қози қозихонада кишилар орасида ҳукм чиқариш учун ўтирганда қандай кийим кийиши зарур эканлиги ҳам кўрсатиб ўтилган[3].
Халифа Усмон ибн Аффон (р.а.) даврида ҳам қозилик амалиёти мустақил ва волийлик билан биргаликда олиб борилган. Тўртинчи халифа Али ибн Абу Толиб (р.а.) даврига келиб пойтахт Куфада қозилик вазифасини халифанинг ўзи бажарган. Вилоятдаги қозилар эса волийлар томонидан тайинланган[4].
Дастлаб қозилик вазифасини волийлар амалга оширган. Кейинчалик, халифа Умар ибн Хаттоб ҳукмронлигидан бошлаб, ислом қонунчилиги асосида ажрим чиқариш волий вазифаси бўлмаган, балки у масъулиятли ва маърифатли бошқа бир кишига алоҳида лавозим сифатида юклатилган[5].
Қози лавозимига тайинлаш учун жамият ичидан “уламолар табақаси”га мансуб бўлган киши танлаб олинган. Улар ислом манбалари Қуръони карим ва Ҳадиси шарифларни мукаммал билган ва амалий татбиқ эта олган. Шунингдек, мазкур табақа вакиллари ислом дини доирасида ақоид илмининг етук мутахассислари бўлиши билан бир вақтда, фиқхшунос олим ва шариат қонунларини татбиқ қилувчи шахслар саналган[6].
Одатда қозилар ўз фаолиятини олиб бориш учун қўлай деб билган жойларни ихтиёрий равишда танлаб олган. Аксарият ҳолларда, улар масжид, мадраса ёки ўз уйларида иш олиб борган. Кейинчалик қозилик вазифасининг кенгайиб бориши ва мавқеининг ошиб бориши натижасида давлат томонидан алоҳида бинолар қурилиб, махсус қозихоналар ва маҳкамалар ташкил этилган.
Аббосийлар халифаси бўлган Ҳорун ар-Рашид даврида суд ишларини олиб бориш учун “қози ал-қузот” лавозими жорий этилиб, уни халифанинг ўзи тайинлаган бўлиб, унинг фаолияти бошқа қозилардан деярли фарқ қилмаган[7]. Фотимийлар халифалиги маркази Қоҳирада биргина қози фаолият олиб борган. Қозининг вазифаларига намоз масалалари, тангаларни зарб этиш ишларини назорат қилиш ҳам юклатилган. 1264-1265 йиллардан бошлаб, қозилар тўртта мазҳабларга бўлиниб фаолият олиб борган.
Юқорида қайд этилган “Қози ал-қузот” лавозими форслардан олинган бўлиб[8], кейинчалик Усмонийлар салтанатида ҳам у жорий этилган. Усмонийлар давлатида қозилар асосан турклардан тайинланиб, улардан ҳанафий мазҳабига мансуб бўлган қози ҳаммадан устун бўлган. “қози ал-қузот” Шом вилояти маркази Дамашқда фаолият юритиб, қозилар кенгаши (ҳайъат)нинг раиси бўлган. Унинг маҳкамаси “Маҳкамат ал-боб” деб номланган. Бу туркларнинг “боб ал-афанди” деган иборасидан олинган ва “афанди” сўзи лақаб бўлиб, уни қозига нисбатан ишлатилган. Шунингдек, қозини “қози Дамашқ”, “мулло” ва “мунло” ушбу тахаллуслар билан ҳам чақиришган. Охирги икки “мулло” ва “мунло” лафзлари арабча “мавло” лафзидан олинган бўлиб, “саййид” маъносида ишлатилган[9]. Қози ва волийлар давлат бошқарувида бир хил мавқега эга бўлган. Уларнинг бири лавозимидан олинса иккинчиси унинг ишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлган.
Қози мавқеининг ошиши ва қозилик ишларининг кенгайиб бориши туфайли қозихоналарда ҳужжатларнинг тўғрилигини текшириб, уларга имзо қўйиб, муҳр босувчи доимий гувоҳлар ҳам ишга олинган. Шунингдек, қози ишларини мунтазам равишда тартибга солиб, қози ва аҳоли ўртасидаги боғловчи вазифасини бажарган ҳамда қози олиб борган мажлисларни доимий равишда қайд этган, зарур пайтда қози мурожаат этувчиларга чиқарган ҳукмларини ёзиб борувчи ёрдамчи лавозимлар ҳам жорий этилган. Бундан ташқари, қози ҳукмларининг амалга оширилишини назорат қилган миршаблар ҳамда шариат ҳукмларини поймол қилган шахсларга жазо берувчи кишилар ҳам тайинланган.
Бу борада тадқиқотчи И.Бекмирзаев илмий-тадқиқий қарашларда янада батафсилроқ тўхталиб ўтади[10]: “Ўрта аср қозилик маҳкамаларида қозидан ташқари қуйидаги лавозимдаги шахслар ҳам фаолият юритган:
“Ноиб ал-қози” (қози ўринбосари). Бу маҳкама мажлисида қози иштирок этолмаган ҳолатларда унинг ўрнига қозилик вазифасини бажариб турган шахс. Бу ҳолатга манбаларда ўринбосар (истихлоф) деб таъриф берилган. Аббосийлар даврида “қози ал-қузот”нинг рухсатисиз ҳеч бир қози ўринбосар сифатида амал қилишга ҳақли бўлмаган.
“Котиб ал-маҳкама” (маҳкама котиби). Хулофои рошидин даврида таъсис этилган бу бу лавозим қози маҳкамасида иш олиб борган бўлса, аббосийлар даврига келиб ҳукуматнинг кенгайиши ва жиноят ишларининг кўпайиши натижасида бу лавозимнинг аҳамияти ва масъулияти янада ошди. Унинг вазифасига дастлаб икки хусуматчи томон, гувоҳлар ва қози гапларини ёзиб боришгина кирган бўлса, аббосийлар даврига келиб котиблар, шунингдек, навбатда турган хусуматчиларнинг даъвосини қозига олиб кириш ва уларни эшитиш, мусофир даъвоси ва кечиктириб бўлмас даъволарни тўғридан-тўғри қози олдига олиб кириш, ижро этилган ҳукмларни сақлаш учун тикиб бориш каби ишларни ҳам амалга оширган.
“Мунодий” (чақирувчи). Умавийлар даврида мавжуд бўлган бу лавозим соҳиби ваколатига қозининг келганлиги ҳақида хабар бериш, хусуматчиларни чақириш каби вазифалар кирган.
“Ҳожиб”, “жилвоз” ва “шурта”(қўриқчи) кабилар қози олдига келганлар интизомини сақлаб қолувчи ходимлар ҳисобланган. Булар асосан, қози ҳузурига кириш, унинг олдида ўтириш каби ҳолатларда даъвогарлар томонидан тартибга риоя қилинишини таъминлаганлар. Шунингдек, маҳкамадан ташқари қози томонидан юклаган вазифаларни ҳам бажарган.
“Соҳиб ал-масоил” (қозига масалаларни далиллари билан аниқлаб берувчи). Бу аббосийлар даврида юзага келган лавозимлардан бири. Бу лавозим эгасининг асосий вазифаларидан бири кўрилаётган иш бўйича қози билиши зарур бўлган маълумотларни мукаммал тўплаб, унга етказиш бўлган. Мазкур маълумотлар асосан, гувоҳлардан олинган. Чунки қозилик маҳкамаси ишларида гувоҳлик беришга ҳақлилик масаласи алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Бу лавозим манбаларда “музаккий” номи билан ҳам қайд қилинган.
“Қассом” (тақсимловчи). Ушбу лавозим эгаси низога сабаб бўлган мулкни тақсимлаш, ерларни бўлиб бериш ва шу каби масалалари билан шуғулланган. Баъзи манбаларда у “ҳассоб” деб ҳам аталган.
“Амин” (омонатдор, ишончли). Омонатни сақлаб беришга масъул шахс. Бу ваколат эгалари қозилар томонидан тайинланган. Улар асосан етим, боқувчисини йўқотган ва бедарак кетганларнинг молини ва меросини сақлаб бериш мажбуриятини олганлар.
“Хозин дивонул-ҳукм”(қозихона хазиначиси). Қозилик девонини ва ҳужжатларини сақловчи шахс бўлган. Бу ваколат масъулларига асосан қозига тегишли бўлган ҳужжатлар хавфсизлигини таъминлаш вазифаси юклатилган.
Булардан ташқари, халифаликда фуқароларнинг турли минтақа ва миллатларга хослиги эътиборга олиниб, қозиларнинг таржимонлар хизматидан ҳам фойдаланганликлари ҳақида маълумотлар манбаларда учрайди[11].
Ҳанафий мазҳабида қози лавозими ва унинг фаолияти алоҳида аҳамият касб этади. Ҳижрий йилнинг II асрида яшаган ҳанафий мазҳабининг асосий имомларидан бири бўлган имом Абу Юсуф ҳанафий мазҳабидаги биринчи қози бўлган. Ўз фаолияти давомида орттирган тажрибалари ва илмига асосланиб, қозилик одоби ва вазифаларига бағишланган илк китоб “Адаб ал-қози” асарини ёзган. Кейинчалик, қозиликка тааллуқли рисолаларнинг сони ортиб борган. Шулардан бири, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Хатиб Тумуртошийнинг “ал-Аҳком фи мо ятааллақу бил-қузоти вал- ҳукком” (қози ва ҳокимларга тааллуқли ҳукмлар) китобидир. Унда ҳанафий мазҳаби қозисига қўйилган шартлар зикр қилиб ўтилган. Жумладан, Тумуртошийнинг фикрига кўра, қози лавозимига даъвогар шахс; ақл-заковатли; балоғат ёшига етган; мусулмон; озод (қул бўлмаган); кўзи ожиз бўлмаган; гапира оладиган; жисмоний соғлом ҳамда туҳмат билан ҳад урилмаган (яъни судланмаган) бўлиши керак эди.
Қозиларнинг мажбуриятларига: фаолият юритаётган шаҳри ёки вилоятидаги барча фуқаролик ва жиноий ишларни олиб бориш ва бошқариш; жамоа ахлоқини назорат қилиш; зарурий ҳолларда киши ва мулк васийлар (мерос ҳуқуқи)ни тайинлаш; вақф мулкларини назорат қилиш, жамоат бино ва иншоотларини, кўча, йўл ва майдонлар ҳолатини назорат қилиш; меросни тақсимлаш ва назорат қилиш ҳамда унга васийларнинг ишларини назорат қилиш; оила-никоҳ ақдномалари ва масала, муаммоларининг тўғри олиб борилишини ҳамда жиноят ва жазо белгилашни бошқариш, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи идораларни ва қамоқхона тафтишини назорат қилиш; закот, солиқ йиғиш ва тақсимлаш ишларини назорат қилиш ва ҳоказо каби масалалар киритилган.
Марказий Осиёда қозилар хон, амир ёки бошқа ҳудудий бирлик бошлиқлари томонидан тайинланган. Қозиликка муносиб киши, албатта, фиқҳ илмини мукаммал билиши шарт бўлган. Шунга қарамасдан, Ироқ ва Мовароуннаҳр уламолари илмий салоҳиятга эга бўлмаган кишининг ҳам қози бўлиш ҳуқуқига эга эканликларини уқтиришган. Бу ҳолатда қозининг ёнида муфтийнинг бўлиши ёки ҳар бир даъво юзасидан ҳукм чиқариш вақтида, аввало, унинг фақиҳлар билан маслаҳатлашиши шарт этиб белгиланган. Бундан шу нарса маълум бўладики, маҳкаманинг бу тартибда иш юритиши Марказий Осиёда муфтийларнинг қозилар ёнида фаолият олиб борганларини исботлаб беради. Бундан ташқари, ўлкада ҳукмронлик қилган сулолалар давлат бошқарувидаги баъзи ҳуқуқий ишларни ўз зиммаларига олиб келган. Масалан, XI-XIII асрларда Бухорода ҳукмрон табақа ҳисобланган Оли Моза сулоласи адлия ва унга боғлиқ ишларни юритиб келганлар[12].
Мазкур даврда Марказий Осиё ўтроқ аҳолиси орасида амалда бўлган анъанавий шариат маҳкама органлари (қозихонлардаги фаолият) аслида моҳияти бир хил ҳуқуқий қоидаларга яъни шариат, тузилишга ва вазифаларга эга бўлганлар.
Бухоро амирлигида қозиликка Қуръони карим кўрсатмаларини, ҳадиси шарифда келган ҳукмларини билиши, Бухоро ёки Самарқанддаги бирор машҳур мадрасани тугаллаб келган бўлиши ҳамда Қуръонда келган 500 та ҳукмдан ва ҳадисиларда келтирилган 2000 дан ортиқ ҳукмларни ёддан билган бўлиши талаб этилган.
Қозикалон амирликдаги бутун мусулмон олимлари, шариат билимдонлари раҳбари ҳисобланган ва шу боисдан “шариат паноҳ” деган улуғ мақомга эга бўлган. Уни тайинлашда ижтимоий келиб чиқиши ва насл‑насаби ҳам эътиборга олинган[13].
Муфтийлар тадқиқ этилаётган даврда Бухорода 15 та муфтий-қонуншунос фаолият юритган. Улардан бирининг муҳаррири (котиб) ҳар доим Бухоро қозихонаси қошидаги махсус хона (муфтийхона)да навбатчилик қилган. Муҳаррир шариатнинг асосий нормалари билан таниш бўган. Унинг вазифаларига маҳзар (даъво аризалари тузилган ҳужжат) тузиш бўлган. Ҳамда, ривоятларни тузиш ҳам унинг вазифаларига кирган, яъни мижознинг сўровларига кўра муфтийнинг ёзма хулосаларини тузиш бўлган.
“Тарикачи” (мерос илми мутахассиси). Агар иш мерос қолдирилган мулкни бўлиш билан алоқадор бўлса, қозикалон бундай ишни ҳал этишда “тарикачи” деб аталувчи тегишли мутахассис қарорига таянган. Ўша даврда қозихонада 12 та тарикачи ишлаган.
“Аминоначи” (котиблик). Қозикалон аминона, яъни кўтара савдо битимлардан бир фоизлик йиғимни ҳисобга олиш ишларни ҳам идора қилган. Шу сабабли қозихонада аминона ишлари бўйича бир котиб ишлаб турган.
“Мирзойи ижара” (мирзолик вазифаси).Амирликда турли кўринишдаги вақф мулкини маълум миқдорда ҳақ тўлаш эвазига маълум муддатгача ижарага бериш расм бўлган. Бу ишларни расмийлаштириш, қозининг муҳри билан тасдиқланадиган ҳужжатлар ишини олиб бориш билан машғул бўлувчи махсус котиб яъни “мирзойи ижара” фаолият юритган. Бундан ташқари қозихонада мирзо, аълам ва навкар кабилар ҳам хизмат қилган.
Юқоридагилардан маълум бўладики, ислом оламида қозилик иши ва унинг аҳамияти беқиёс ҳисобланган. Бироқ, кўриб чиққанимиздек, ҳар бир нарса бошланишида мукаммал шаклда бўлмаганидек, қозилик институти ҳам аста-секинлик билан ривожланиб борган. Шунингдек, қозилик иши бошда содда бўлган бўлса ҳам, тарихий тараққиётнинг кейинги босқичларида серқирра ва давлат бошқарувининг муҳим асосий бўғинига айланган. Шу билан бирга, бу институт даврлар ўтиши билан, ижтимоий‑сиёсий ва ҳуқуқий талабларга кўра ўзгариб борган. Ушбу жараёнлар Марказий Осиё давлатчилик тарихида муҳим ўрин эгаллаган. Суд тизимининг шаклланишида ҳам қозилик фаолияти намоён бўлган.
Фойдаланилган адабиётлар
1.Бурҳониддин ал-Марғиноний. Ал-Ҳи-доя шарҳ бидоят ал-мубтадий. – Макка, 1994. 2-жуз. – Б. 111-128.
2.Убайдуллоҳ ибн Масъуд. Мухтасар ал-Виқоя фи масаил ал-ҳидоя. – Тошкент. Мовароуннаҳр, 1991. – Б. 143-146.
3.Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Фиқҳий йўналишлар ва китоблар.– Б. 41-43.
4.Бекмирзаев И.И. Бурҳонуддин Маҳ-муд ал-Бухорий ва Мовароуннаҳр қозилиги. – Б. 89-50.
- [1] Қаранг: Бурҳониддин ал-Марғиноний. ал-Ҳидоя шарҳ бидоят ал-мубтадий. – Макка, 1994. 2-жуз. – Б. 111-128.
- [2] Убайдуллоҳ ибн Масъуд. Мухтасар ал-Виқоя фи масаил ал-ҳидоя. – Тошкент. Мовароуннаҳр, 1991. – Б. 143-146.
- [3] Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Фиқҳий йўналишлар ва китоблар. – Б. 41-43.
- [4] Бекмирзаев И.И. Бурҳонуддин Маҳмуд ал-Бухорий ва Мовароуннаҳр қозилиги. – Б. 89-50.
- [5] Мусо ибн Юсуф ал-Ансорий Шарафуддин. Нузҳат ал-хотир ва баҳжат ал-нозир. – Дамашқ, 1991. – Б. 45.
- [6] Саода София. Мин тарих Бағдод ал-ижтимоий фи фатротайн ал-Бувайҳия ва ас-Салжуқия. – Байрут, 1988. – Б.6.
- [7] Мусо ибн Юсуф ал-Ансорий Шарафуддин. Нузҳат ал-хотир ва баҳжат ал-нозир. – Дамашқ, 1991. – Б. 46.
- [8] Ўша жойда. – Б. 96.
- [9] Ўша жойда. – Б. 49.
- 3 Қаранг: Бекмирзаев И.И. Мовароуннаҳрда қозилик ҳужжатлари: тарихий илдизлар ва таҳлилий ёндашувлар. – Тошкент: “Тошкент ислом университети” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2014. – 332 б.; Унинг ўзи. Бурҳонуддин Маҳмуд ал-Бухорий ва мовароуннаҳр қозилиги. – Тошкент: Таълим нашриёти, 2011. – 200 б.
- [11] Ўша жойда. – Б. 59-61.
- [12] Ўша жойда. – Б. 65-66.
- [13] Эшонова Ш. Мустамлакачиликка қадар мовароуннаҳрда шариат судлари тизими ва фаолияти. – Б. 17-18.
