Annotation: The author reveals the important role of kitabat (art of writing) and essay writing in the development of local folk culture based on the work of the enlightener Mahmudhoja Behbudi, who lived in the beginning of 20th century. At the same time, in the middle ages in the Muslim countries, especially in the Uzbek state of Movarounnahr, the order of conducting the affairs of the office, the role and importance of the scribes and scribes who worked there were analyzed. Information from the first written sources and literature about the requirements for the qualification and scientific level of the writers and carpenters, the skills and experiences required from them are provided. Also, the regional characteristics of devankhana works and the origin of their old Turkic and Chaghatai names and terms are also discussed.
Key words: Behbudi, bitikchi, kitabat, katib, Movarounnahr land, munshi, Turkish statehood, middle ages.
Аннотация: Мақолада муаллиф ўтган асрда яшаган маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг иншонависликка доир асари асосида китобат ва иншонависликнинг маҳаллий халқ маданияти ривожидаги муҳим ўрни очиб берилган. Шу билан бирга ўрта асрларда мусулмон юртларида, хусусан, Мовароуннаҳр диёри туркий давлатчилигида ташкил этилган ва ривожланган девонхона ишларининг юритилиш тартиби, у ердаги котиб вазифасида ишлаган мунший ва битикчиларнинг ўрни ва аҳамияти таҳлил қилинган. Бевосита мунший ва битикчиларнинг малака ва илмий савиясига қўйилган талаблар, улардан талаб қилинган кўникма ва тажрибалар хусусида илк ёзилган манба ва адабиётлардаги маълумотлар тақдим этилган. Шунингдек, девонхона ишларининг регионал хусусиятлари ҳамда уларнинг эски туркий ва чиғатойча номлари ва атамаларининг келиб чиқиши хусусида ҳам алоҳида тўхталган.
Калит сўзлар: Беҳбудий, битикчи, китобат, котиб, Мовароуннаҳр диёри, мунший, туркий давлатчилик, ўрта асрлар.
Аннотация: В статье раскрывается важное место произведения известного просветителя прошлого века Махмудходжи Бехбуди “Маджмуай Китабат ва иншо” в развитии книжного дела и культуры документоведения. Вместе с этим, даются сведения из ранних письменных источников и литературы, написанные в мусульманских странах, в частности, в Мавераннахре периода средневековья, освещающие порядок канцелярского делопроизводства, роль и задачи мунши, исполнявщего функции секретаря-референта, квалификационные требования навыкам и знаниям, практическому опыту муншия, установившемся и развивавшемся в мусульманских землях в средние века, особенно в турецком государстве Мавераннахр, о роли и обязанностях тамошних писцов, представлены требования к их квалификации и знаниям, навыкам и опыту, а также информация из литературы. Отдельно рассматриваются региональные особенности канцелярского делопроизводства, а также значение названий и терминов, происходившие из старотюркских и чигатойских наречий.
Ключевые слова: Бехбудий, битикчи, книжное дело, Маверанахр, мунший, туркское государственность, средние века.
Ушбу мавзунинг долзарблигини таъкидлаш учун Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Мажмуаи китобат ва иншо биринчи жуз макотиби ибтидоия учун: Китобат ул-атфол” деб номланган асаридан қуйидаги гапи билан бошласак айни муаддаодир: “Туркистоннинг қадим мактаблариндаги болалар тўрт-беш йил ўткаргандан сўнг хат машқ қилиб, баъдинда иншо ёзадурлар. Ўшал иншолар ниҳоят мушкул суратда арабий махлут форсий ва туркий ёзилгандурки, шогирдлар нари турсун баъзи мактабдорлар зўрға билур”, деб айтади. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг юқоридаги сўзларидан шуни англаш мумкинки, Туркистонда азалдан иншо ва мактублар араб, форс ва туркий тилларини ўзида мужассам этган хат ва ёзувлар бу ўлкаларда оммалашган. Тарихнинг турли даврларида одамларнинг илмга бўлган рағбати сусайиб, мазкур оммавий хат ва ёзув сўнгги асрларга келиб мураккабликни касб этгани боис ушбу жанрдаги янги қўлланма ва ёзувларни ўргатувчи рисолалар ёзилишга эҳтиёж сезила бошланган. Ана шу сабаб Маҳмудхўжа Беҳбудий ёш болаларга мўлжалланган иншо ва мактуб-
ларни жамлаб, уни “Китобат ул-атфол” деб ном қўйган. Аммо асар билан яқиндан танишилса,
у муайян даражада академик илмий даражасидаги тадқиқотлар учун ҳам муҳим аҳамият касб этишини кўриш мумкин.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг иншо ва китобатга доир асарига тўлиқ тўхташдан аввал иншонавислик ва муншийлар тарихи ҳақида қисқача тўхталиш мақсадга мувофиқдир.
Девон ул-иншо ёки девон ур-расоил (девонхона) – яъни бу номлар билан илк ўрта асрларда сарой мактублари ёзиладиган, подшоҳ ва амирларнинг фармонлари расмийлаштириладиган, сиёсат ва бошқарувга оид ҳужжатлар тайёрланадиган, сўнг уларни жойлардаги ҳоким, волий, қўмондон ва масъулларга юбориладиган жой ва махсус макон назарда тутилади. Бу атаманинг келиб чиқиши “иншо” ва “ибтидо” деган икки сўздан олинган бўлиб, янги нарса бошлаш ва пайдо қилиш маъноларини англатади. Бу ҳақда ўрта асрлар олими Абул Аббос Қалқашандий ёзади: “Дарҳақиқат, “иншо” деган сўзнинг маъноси бир нарсани янгидан бошлаш, уни яратиш ва ихтиро қилишни билдиради. “Иншо” сўзига “девон” сўзини қўшишга икки сабаб бўлиши мумкин: 1) саройдаги подшоҳ ва амирларнинг ёзишма ва хатлари даставвал ушбу девонхонада юзага чиққани боис, ва, 2) девонхонада котиблар ҳар бир воқеа ва ҳодисани мақола ва рисола сифатида қайд қила бошлагани сабабдир. Қадим замонлардан девонхонага “Девон ур-расоил” (“Мактублар девонхонаси”) деб ном беришган ва бу ном кенг тарқалиб машҳур бўлган. Боиси сарой ва қалъаларда энг кўп ёзилган ва тез-тез алмашилган хабарлар мактуб (рисола) ўлароқ оммалашгани учундир.
“Девонхона” сўзининг форсча экани ва унинг келиб чиқиши ҳақида Абул Ҳасан Али Мовардий ўзининг “Аҳком ус-султония” асарида бундай изоҳлайди: кунларнинг бирида форс империясининг қироли (Кисро) ўз котиблари ҳолидан хабар олиш учун уларнинг ишхонасига кирганда, котиблар ўз ишлари устида бош қотириб, ҳар бири ўз-ўзига гапириб ўтирганларини кўради. Кисро буларнинг ҳолидан ажабланиб, уларга қарата “девона”, яъни мажнун ва хаёлпарастлар дея хитоб қилади. Мана шундан кейин котибларнинг ишлаш хоналари девонхона деб атала бошланган. Аслида “девонахона” сифатида жорий этилган бўлса-да, кўп такрорланганидан “а” ҳарфи тушиб, “девонхона” сифатида оммалашган, деган нақл ҳам мавжуддир.
Ўрта асрларда барча мусулмон ва турк давлатларида девонхона (Девони иншо)га замонасининг энг моҳир котибларини мунший сифатида тайинлаш анъанага айланган. Жуда катта адабий маданият ва саводхонликка эга, араб ва форс адабиёти ва ислом илмларидан кенг хабардор бўлган бу котиблар кўплаб араб ва форс адабиётининг билимдонлари ва насрий ёзувда уста бўлганлари орасидан танлаб олинган. Бошқа ҳукмдорларга ёзиладиган мактублар, зафар ва ғалаба хатлари, муҳим вазифаларни ўз зиммаларига олган давлат арбобларига бериладиган рисолалар, айниқса, ўрта асрларга келиб ХII асрдаёқ девонхонадаги муншийлардан касби билан боғлиқ шаклланган барча анъаналарни пухта эгаллаш ва жиддий ишлаш кўникмаси талаб қилинлган.
Фотимийлар ҳукмронгили (909–1171-йиллар) даврида расмий ёзишмалар тайёрланадиган жой Девони иншога назорат қилиш учун алоҳида раис тайинланган. Девонхона раиси мартаба жиҳатидан вазирлардан кейин турган. Вазирлар давлат ишларини мустақил равишда бажара олмай қолгач, уларга расмийлаштириш ишларда ёрдам бериш учун девонхона ва муншийларни тайинлай бошладилар. Шундай қилиб, маъмурий ишларда тажриба орттирган, ўз вазифаларини муваффақиятли бажарган муншийлар вазирлик лавозимига кўтарилиб, юқори мартабаларда ҳам ишлаганлар.
Шунингдек, ўрта аср девонхоналарида вақф ишлари ва вақфномаларни расмийлаш-
тириш билан шуғулланувчи девон ул-аҳбасга-
гина фақат мусулмон мунший тайинланиш зарур бўлган. Девонхона ишларида юқори рутбада бўлган котиб ва мунший давлат раҳбарининг мактубларини ёзувчи лавозимда ишлаган бўлиб, унга “Соҳиб ул-қалам ад-дақиқ” (“Бехато қалам соҳиби”) деб аталган.
Мўғул тилига уйғур олимлари томонидан киритилган битикчи атамаси туркий давлатларида маъмурий ва молиявий соҳаларда тайинланган барча давлат хизматчиларини қамраб олувчи маъно касб эта бошлаган. Ўғузлар элчилар ва элчиларга “язиғчи” унвонини ҳам беришган, бу ҳам котиб маъносини билдирган ва ўғузлардан олдин туркий тилда ёзган котиблар “илимга” деб аталган. Битикчи ва илимга унвонлари билан котиблар тайинланган Қорахонийларда ёшлигидан давлат ташкилотига қўйилиб, ўқитилганлар, яхши ёзувчи, ўткир идрок ва ақлу заковатга эга бўлганлар битикчи, ёзувчи котиблар сифатида тайинланган. Хонларнинг туркча ёзишмаларига илимга унвони берилган. Юсуф Хос Ҳожиб илимга атамасини махфий котибга ишора қилиб, расмий ёзишмаларни ёзувчи котибларни “битигчи илимга” деб атайди (Қутадғу билиг, 293-бет, 300-бет).
Низомулмулк ўзининг машҳур “Сиёсатнома” номли асарида дабирларнинг яхши ниятли, қобилиятли ва малакали кишилар бўлиши лозимлигини, Низомийи Арузий эса “Чаҳор Мақола”да бу санъатнинг моҳиятини ва моҳир дабир сифатларини очиқ баён қилган. Шунингдек, ўрта асрларда иншонавислик санъатининг услуб ва нозик томонларини очиб берувчи, намунали матнлар берувчи “Дастури дабирий” асари XII аср бошлари ва девонхона журналлари каби асарлар янги бошланғичларга ёрдам бериш мақсадида ёзилганлиги билан ажрали туради.
Ибн Халдуннинг таъкидлашича, цивилизация ва маданиятнинг муносиб даражасига чиқмаган, тасвирий санъати ривожланмаган, бадавийлик ҳукмрон бўлган давлатларда котиблик лавозимини эгаллаш мумкин эмас эди. Унинг фикрича, ислом давлатларида бу институтга бўлган эҳтиёжни кучайтирадиган нарса вазият ва мақсадни ифодалашда балоғат ва фасоҳат илмлари (риторика)га берилган аҳамиятдир сабабидандир. Бошқа араб тарихчиларидан Абдулҳай ибн Аҳмед Ибнул Имод ўрта асрлар сиёсий тафаккури соҳасида ёзган ўз асарларида мамлакатларнинг қилич билан забт этилгани, қалам билан ҳукмронлиги ҳақида кўп таъкидлайди. Бу эса ҳамма даврда қалам аҳли ва котибларнинг ўрни ва аҳамиятининг юқори эканини кўрсатади, албатта.
Ўрта асрлар девонхона ишларига аниқлик киритувчи Хоразм шоҳларидан Алоуддин Текиш даврида котиблик қилган Муҳаммад ибн Муайяд Бағдодийнинг “Тавассул ила ат-тарассул” асари ва Муҳаммад ибн Ҳиндушоҳ қаламига мансуб “Дастур ул-котиб фи таъйин ал-маротиб” номли асарлар девонхона ишларини юритиш ва муншийлик ҳамда котибларнинг вазифа ва функциялрини очиб берувчи муҳим асарлардан ҳисобланади. Бу соҳа тараққиётининг яна бир натижаси шундан иборатки, тарих ёзувчи сарой котиблари ва кенгашларда ишловчилар бевосита амалдорлар назоратида бўлганидир. Расмий архивлардан баҳраманд бўлиш имкониятига эга бўлган ва худди юқори идораларга ҳисобот бераётгандек ёзган тажрибали котиблар учун давом этаётган тарихни тузиш осон ва уларнинг имкониятларига мос иш эди, деб ёзади ғарблик тадқиқотчи Ҳ.А. Гибб ўзининг “Studies on the Civilization of Islam” (“Ислом цивилизациясини ўрганиш”) номли китобида (Гибб, Принcетон 1982, 120-бет).
Иншонавислик адабиётларининг муҳим тури муншийлар амал қилиши лозим бўлган қоидалар (адабул котиб) ҳақидаги асарлардир. Девонхона котиби тилни яхши билишдан ташқари, яхши фиқҳий маълумотга эга бўлиши ва турли ҳокимиятларнинг иерархик ўрнини ҳам билиши керак бўлган. Бу жанр билан боғлиқ асарлар котибнинг ўз вазифасини тўғри бажариши учун ушбу мавзуларнинг баъзиларини ёки барча мавзуларни ўз ичига олган бўлади, ҳатто ёзиш материаллари ҳақидаги тафсилотлардан тортиб, техник ва ахлоқий хусусиятларгача батафсил баён қилинган бўлади.
Ўрта асрларда муншийлар наздида мурожаат қилинадиган инсонларни гуруҳлашда қуйидагиларга эътибор қаратилган: 1) аъло; 2) ашраф; 3) авсат; 4) аднога бўлинган.
Биринчи “Аъло” гуруҳига кирган шахслар: султонлар, амирлар, судурлар, вазирлар, сарой амалдорлари ва масъул шасхлар. Иккинчи “Ашраф” гуруҳига кирган шахслар: саййидлар (содот), шайхлар, уламолар, зиёлилар (фузало), қозилар, шаръий мансабдагилар ва диний ишларга масъуллар. Учинчи “Авсат” гуруҳига кирган шахслар: деҳқонлар, тожирлар (савдогар), муҳандислар, ҳунармандлар, касбу корига моҳир кишилар. Тўртинчи “Адно” гуруҳига кирган шахслар эса: косиблар, ишчилари, бозорчилар, тадбиркорлар ва хатҳужжатларни тузувчилар кирган.
Юқоридаги тўрт гуруҳга кирган шахсларнинг исм-шарифлари ва лавозими ёзма ҳужжатнинг дастлабки тўрт сатрида зикр қилинади. Бешинчи сатрдан бошлаб ҳужжат йўналтирилган шахс исм-шарифи ёки жавоб хати бўлса, у ҳолда жавоб бериладиган шахсларнинг номлари, ота-оналар, ака-укалар, фарзандлар ва шу тоифага мансуб яқин кишилар исми ёзилади. Шу зайлда саккизинчи сатрда турли хат (риқъа)лар ва иншо ёзув (муншаот)лари битилади. Тўққизинчи сатрда фармон (маншур)нинг матнига далолат қилувчи сўзлар ёзилади. Муқаддима қисмида эса адабиётдан рубоийлар, шеърий қитъалар, қасидалар, муаммоли шеълар, тарих саналари, воқеалар қайд қилиниши мумкин.
Сарой амалдорларининг даражаларидаги фарқлар Подшоҳи чингизхоний (Чингизхон) ва Тўраи Ҳазрат Соҳибқиронийнинг (Амир Темур) амрига кўра, девони тавочи бошлиғи саройнинг барча амалдорлардан кўра устун турувчи мартабадир. Сўнг девони мол (молия) бошлиғидир. Шу зайлда ҳокимлар, доруғалар, волийлар, қушбегилар ва беклар турган.
Юқоридаги иншонависликка оид муҳим жиҳатларини инобатга олган ҳолда Маркаий Осиё тарихий ҳужжатлар, дипломатик мактублар ва шу каби манларни ўқиш ва тушунишга ҳаракат қилинса манбанинг асл маъно ва муддаосини англаш ва мақсадга етишиш осонроқ бўлади, албатта.
Девонхона ишларининг тарихи ва аҳамиятини ёритувчи ҳали кўп манба ва адабиётлар борки, улар ўзбек тилига таржима қилинмаган ва илмий истеъмолга олиб кирилмаган. Ана шулардан баъзиларининг номларини келтириш долзарб саналади. Жумладан, Абдулмалик ибн Марвоннинг котиби Абдулҳамид Котибнинг давлат даражасида ишлайдиган котибларга тавсияларини ўз ичига олган узун мактуби «Рисола ила ал-куттоб» (“Котибларга мактуб”) асари, Муҳаммад Жаҳшиёрийнинг “Ал-вузаро ва ал-куттоб” (“Вазирлар ва котиблар”) асари, Абу Мусо Абдуллоҳ ибн Абдулазиз Бағдодийнинг “Китоб ул-куттаб ва сифот ад-давот ва ал-қалам ва тасрифиҳо” (“Котиблар, қалам ва ёзув қуроллари ҳамда уларни ишлатиш”) асари, Абул Юср Иброҳим ибн Муҳаммад Мудаббирнинг котиблар учун қўлланма бўлган “Рисолат ул-азра фи мавозин ал-балоға” номли рисоласи, ибн Қутайбанинг «Адаб ул-котиб» (“Котиблар одоби”) асари девонхона ишларини ёритувчи мус-тақил ва мукаммал асарларнинг ўрни беқиёсдир.

Кейинчалик адаб ул-котиб, адаб ул-куттоб ёки синоат ул-куттоб номлари билан кўплаб асарлар ёзилди. Абу Бакр Сулий, Ибн Дурайд, Ибнул Анборий, Абу Жаъфар Наҳҳос, Муҳаммад ибн Ҳасан Луғавий ва Салоҳиддин Сафодий бу номлар остида асар ёзган асосий ёзувчилар қаторига кирдилар. Лекин номлари ҳар хил бўлса-да, сарлавҳаларида китоба, синоа, тарассул, котиб, куттоб, иншо каби сўзлари бўлган асарларнинг аксарияти шу жанрга ва соҳага бағишланган.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 1914 йилда Самарқанд шаҳридаги “Типо-Литография Т-во Б.А. Газаров” номли нашриётда чоп этилган “Мажмуаи китобат ва иншо биринчи жуз макотиби ибтидоия учун: Китобат ул-атфол”, деб номланган асари мақола бошида ҳавола келтирганимиздек, ўз давридаги китобат ва иш юритиш учу муҳим аҳамият касб этади.

“Китобат ул-атфол” номли асари асосан икки қисмни ўз ичига олган: 1) Хат ёзмоқ шартлари ва 2) Авсоф ва одоби мактуб. Асар муқаддимасида шу замон болалари учун бу мавзунинг долзарб ва зарурлигини асослаб муаллиф қуйидагиларни ёзади: “Биз ҳам шул қоидаға биноан мажмуанинг китобат ва иншо унвонинда авлоди ватан учун расмий ва хусусий ҳамда Туркистоннинг шаръий ва миллий маҳкамаларина маъмул барча васойиқ ҳужжат, билжумла, мусулмон волоснўй управители (ноҳия мудири) ҳузуринда бўлатургон доз-
нания, протокол, қабоҳатнома ва расмий ҳар нав мактуботларни муҳтавий бир неча жуздан мураккаб бир асар нашр этмоқ амалин (орзусин)да эдук. Шу мақсадға ушбу “Китобат ул-атфол”ни нашри ила шуруъ этдим. Мактабимизни асоси болалар ва барча талаба тоқатинча “тавҳиди лисон” таъмим ва тафҳим мактуботи туркия ва форсиядан иборатдур”.
Асарнинг биринчи қисмидаги “Хат ёзмоқ шартлари”да 18 та шарт баён қилинган, жумладан: котиб ўз муддаосини яхши англаб сўнг ёзиши, ҳар тилдаги сўзларни ўз қоида ва имлоси билан ёзиш, бошқа тил (русча)даги сўзларни араб ҳарфда ёзса, уларнинг ҳаракатини ёзиши, оммага номаълум сўзларни қавс ичидаги изоҳи билан ёзиш, хат йўналтирилган шахснинг даражасини инобатга олиб ёзиш ва шахсларнинг кўча лақаби ва айбларини ёзувда акс эттирмаслик, халқ ичда кам истеъмол қилинадиган эски туркий ва форсий сўзларни ёзмаслик, илм-фан, адиб, маҳкама, хос одамлар ва сиёсий-илмий мақолалар яхши ёзилиши, оз сўз ва пурмаъно жумлалар ёзиш ва эронлик, афғон ва турклар каби шикаста ва таълимсиз хатда эмас, чиройли хатда ёзиш, ёзилган мақола чўзилиб кетса, уни қайта кўриб чиқиб, оқ-қора қилган (тасвид ва табйиз) ҳолда маъноли ва мазмунли қисқароқ ёзиш, мақолаларда ёзилган жой, шаҳар ҳамда журнал номини ёзиш, ёзилган мақолани устоз ёки аҳли илм дўстига кўрсатиб олиш, хафа, ғазаб, хаста ва ўта хурсанд ва сарҳуш бўлганда хат ёзмаслик, юбориладиган хатни аввал яхши ўқиб сўнг юбориш, ёзувида бирор нарсани ёки шахсни ҳаддан ташқари мадҳ ва таъриф ёхуд жуда ёмонлаб, ҳадддан ошиқ нафратни кўрсатмаслик ва бир киши тўғрисида хат ёзилар экан ўша одамнинг дўст ёки душман эканидан фақли равишда инсоннинг аҳволи доим ўзгарувчан эканини инобатга олиб “Хайрул умури авсатуҳо” (Ишларнинг яхшиси ўртасидир) деган ҳадиси шарифига амал қилиш лозимдур, деб биринчи қисмни шу билан якунлайди.
“Авсоф ва одоби мактуб” номли асарнинг иккинчи Маҳмудхўжа қисмида мактублар ва уларнинг тури ҳақида батафсил тўхталади. Жумладан, мактублар икки қисм: умумий ва хос мактубларга бўлинишини таъкидлайди. Умумий хатларга девонхона ёки маҳкама, тижоратхона ва идораларга ёзиладиган хатлар киради. Ушбу турдаги хатлар расмий хатлар сирасидандир. Умумий хатларга яна шаръий ва урфдаги хатлар ҳам киради. Хусусий хатлар икки киши орасида ёзиладиган мактубларга айтилади. Жумладан, ёднома (эсдалик), муборакбод (табрикнома) ва хабарномалар киради.
Юқоридаги тавсифдан сўнг муаллиф хат ва мактублар ичида ёзиладиган махсус сўз, бирикма ҳамда жумлаларни таклиф қилади. Шунингдек, хусусий мактублар ёзиладиган шахслар, тоифалар ва қавму қариндошларнинг даражаларига қараб махсус сўз ва жумлаларни ишлатиш мисоллар билан берилган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий “Мажмуаи китобат ва иншо 1-жуз” асарида қайд қилинган масалалар нафақат ўзи чеклаганидек, мактабдаги бошланғич (ибтидоия) талабалари учун, балки юқорида танишилгандек барча даражадаги илмий ва оммабоп мақола ёзувчи кишиларнинг одоб ва тартиб ҳамда этикасига оид, десак муболаға бўлмайди. Бу каби ишларнинг оммалаштирилиши ўтган асрнинг муаммосигина эмас, балки бугунги кунда ҳам тарғиб қилиш ва оммага таништириш лозим бўлган ишлардандир.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Мажмуаи китобат ва иншо биринчи жуз макотиби ибтидоия учун: Китобат ул-атфол. – Самарқанд: Типо-Литография Т-во Б.А. Газаров нашриёти, 1914. – Б. 31.
2. Abdulhay ibn Ahmed Ibnul Imod. Shazarotul az-zahab fi axbor man zahaba. – I-VIII juz. – Qohira, Bayrut 1979: Doru ihyo at-turos al-arabiya. – 4-juz. – B. 327.
3. Ahmad Qalqashandiy Abul Abbos. Subh al-a’sho. – Misr: Dorul kutubil Misriyya, 1922. – 1-juz. – B. 89-90.
4. Ahmad Qalqashandiy Abul Abbos. Subh al-a’sho. – Misr: Dorul kutubil Misriyya, 1922. – 3-juz. – B. 575-586.
5. Ahmad Qalqashandiy Abul Abbos. Subh al-a’sho. – Misr: Dorul kutubil Misriyya, 1922. – 6-juz. – B. 206.
6. Gibb H. A. R. Studies on the Civilization of Islam (ed. S. J. Shaw – W. R. Polk), Princeton 1982. – B. 93-120.
7. Hasan ibn Ali ibn İshak et-Tûsî, Siyâsetnâme: Siyerü’l-mülûk (tarjimon: Mehmet Altay Köymen), Ankara 1976.
8. Ibn Xaldun. Muqaddima. – Beyrut, 1984. – B. 246-247.
9. Izzuddin Ali ibn Muhammad Shayboniy. Al-Komil fi at-tarix. (Nashrga tayyorlovchi: C. J. Tornberg), I-XIII juz, Leiden 1851-76 → Beyrut 1399/1979. – 12-juz. – B. 159.
10. Kâşgarlı Mahmud, Divânü Lûgati’t-Türk. (Tarjimoni: Besim Atalay), I-III, Ankara 1939-41. 1-jild, 143-bet; 3-jild, 55-bet.
11. Nizâmî-i Arûzî, Çehâr Maḳāle (Nashrga tayyorlovchi: Muhammed Kazvînî – Muhammed Muîn), Tehron, 1334. – B. 19-23.
