Аждодлар ҳаёти ва ижодини ўрганишда архив ҳужжатларининг ўрни

(Маҳмудхўжа Беҳбудий мисолида)

Статья в подробностях, со ссылкой на архивные материалы раскрывает практичес-
ки весь период деятельности видного просветителя Махмудходжи Бехбуди, одного из
ярких представителей джадидского движения начала XX в. Не в манускриптах и не по
известным автобиографическим данным, а по историческим документам, в частности,
«Книге решений» и «Книге актов» казийских судей Самаркандской области, хранящимся
в Национальном архиве республики, автор исследует научную деятельность Махмуд-
ходжи Бехбуди, обращает внимание на сведения, раскрывающие географию путешест-
вий просветителя. Через комментарии документов мы узнаем о М.Бехбуди как изда-
теле и редакторе газет и журналов. Как подчеркивает автор статьи, архивные доку-
менты представляют огромный интерес в изучении жизни и творчества Махмудход-
жи Бехбуди.

Ўтган ХХ аср бошида илмий ижоди билан кўзга кўринган жадидчилик ҳаракатининг ёрқин намоёндалари Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхонов, Убайдулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ашурали Зоҳирий, Ҳожи Муин ва бошқа юзлаб тараққийпарварлар жаҳолатга қарши илм, маърифат ва таълим-тарбияни ривожлантириш орқали инсон онги ва тафаккурини ўзгартириш, мустамлака бўлган Туркистонни дунёнинг тараққий этган мамлакатлари сафида кўриш йўлида жон фидо этганлари тарихдан яхши маълум.

Ўзбегимнинг буюк шахслари ҳаёт йўли, илмий-ижодий фаолияти ёшларимиз учун катта ибрат мактаби эканини ҳеч ким инкор қилмайди. Жумладан, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг илмий мероси кенг ўрганилиб, тарғиб этилаётир.

Таъкидлаш жоизки, ХХ аср бошларида даврий нашрларнинг жадаллашуви натижасида маълумот алмашинуви салмоқли даражада ошди. Шу боисдан ҳам халқни маърифатга чорлаш ва турли илм-фан соҳасидаги ютуқлар ва янгиликлардан бохабар қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу жараёнларни аниқ ва батафсил ёритишда бирламчи манбалар қаторига кирувчи архив ҳужжатларидан унумли фойдаланиш ҳар қачон зурурдир.

 “Зарафшон” газетасининг1923 йил 25 март сонида чоп этилган Ҳожи Муиннинг “Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг мирзолиқ, муфтийлик даври, ҳаж сафари ва фикрининг очилиши” мақоласида қуйидагилар битилган:

“1311-нчи ҳижрий (1893 милодий) йилида отаси ўлгач, Беҳбудий афанди ўқишни тарк этиб бирон касб-кор қилишға ва ўз маишатини ўзи таъмин этишга мажбур бўлди. Самарқанд уездининг “Чашмаи Об” волостида янгигина қози бўлған тоғаси Мулло Муҳаммад Сиддиқ (ибн Мулло Мансур)нинг қошида мирзолик хизматиға кириб ишлади. Бунда қилған икки йиллик хизмати чоғида ул қозихона ишлари билан ошно бўлди. Масоили фиқҳия, мерос тақсими ва бошқа муфтийликка тегишлик нарсалардан хабардор бўлди. Икки йилдан сўнг тоғаси қозилиқдан бекор бўлғанда, Беҳбудий афанди Кобуд волостининг қозиси мулла Зубайрнинг қозихонасиға мирзоликка кириб, бунда 1-2 ой ўтмай муфтийликка ўтди. Неча йиллар шунда муфтийлик билан кун кечирди”.

Ҳожи Муин келтирган сана ва жойга таяниб, Ўзбекистон Миллий архиви (бундан кейин ЎзМА)даги Самарқанд қозиларига оид фондлар кўздан кечирилганда, дарҳақиқат, Беҳбудийнинг 1893 йил 22 апрелдан “Чашмаи Об”1 волостида ўз тоғаси қози Мулло Муҳаммад Сиддиқ Мулло Мансур ўғли ёнидан мирзолик фаолиятини бошлагани аниқланди. Маҳмудхўжа Беҳбудий 1874 йилда туғилганини инобатга олиб, тахминан 19 ёшларида, яъни 1893 йилда отасидан жудо бўлиб, мустақил ҳаётда меҳнат фаолиятини бошлаганини айтиш мумкин.

Миллий архивда аниқланган Самарқанд вилояти, Самарқанд уезди, Чашмаи Об волостида фаолият юритган қозиларнинг “Ҳукмларни қайд қилиш китоби” ва “Далолатномаларни қайд қилиш китоби” И-405-фондда “Чашмаи Об қозиси” номи остида сақланаётгани аниқланди. Ушбу ҳудудга оид фондда 56 та қози китоби бор бўлиб, шундан 30 таси “Ҳукмларни қайд қилиш китоби”, қолган 26 таси “Далолатномаларни қайд қилиш китоби”ни ташкил этади. Ушбу китоблар юритилган давр 1890-1917 йиллар бўли, 27 йилни ўз ичига қамраб олади.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг мирзо сифатида қозихонада илк тажриба оширишида катта тоғаси қози Мулло Муҳаммад Сиддиқ Мулло Мансур ўғли яқиндан ёрдам берган бўлса, кейин фаолиятида муфтий сифатида иш бошлаши ва кўникма олишида кичик тоғаси Мулло Одил муфтий ўргатган. Мулло Одил муфтий Чашмаи Об волостида муфтий сифатида ишлагани архив ҳужжатларида қайд этилган2. Мулло Одил ўз муфтийлик фаолиятини ўз акаси қози Мулло Муҳаммад Сиддиқ қозихонасида ҳам давом эттирганини ҳужжатлардан кўриш мумкин.

 Беҳбудий илк фаолияти даврида тузган ҳужжатларида исмини ёзиш билан кифояланган холос. Хусусан, 1893 йил 30 апрелда иш бошлаганда, фақатгина (“Маҳмудхўжа”) деган ёзув билан чекланган3. Аммо кейинчалик Кобуд волости қозиси Мулло Зубайр4 ибн Мулло Яхшибой (1899 йилда қози бўлган) ёнида Маҳмудхўжа Беҳбудий 1896-1906 йиллар давомида мирзо ва муфтийлик қилганига оид ҳужжатларда ўз исмини тўлиқ ёзганини кўриш мумкин. Масалан, ўша ҳужжатлардан бирида (“Мирзо Маҳмудхўжа Беҳбудхўжа ўғли”) деб тўлиқ исм-шарифларини ёзгани аниқланди5.

Миллий архивда шунингдек 1903 йилда Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистонда илмий ижод қилган илк шарқшунослардан ҳамда Шарқ тилларини мукаммал эгаллаган Николай Остроумовга ёзган мактуби сақланади. Мактубда Беҳбудий Остроумовнинг соғлиги ҳақида ғамхўрлигини, келгусида илмий-маърифий ишларда доим ҳамкорлик қилишини изҳор қилиб, самимий ифодалагани акс этган. Хат якунида Беҳбудийнинг юқорида қайд этилган тўлиқ исм-шарифи туширилган муҳри босилган.

Ўз навбатида, Николай Остроумов маҳаллий аҳоли зиёлилари билан ўзбек тилида ёзишмалари ҳам мавжуд бўлиб, бу материаллар ХIХ аср охиридаги Туркистон адабий ва маданий муҳити ҳақида тасаввур уйғотади. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Самарқанддан ўзбек тилининг настаълиқ хатида йўллаган мактуби ҳам шу жумладандир6.

Беҳбудий 1317 ҳижрий (1899 йил)да ўзининг дўсти бухоролик ҳожи Бақохўжа билан ҳаж сафарига чиққанлиги аниқ бўлса-да, аммо айнан қайси ойлар ва кунларда ҳаж сафарига бориб келгани бирор манбада ҳам аниқ кўрсатилмади. ЎзМАда сақланаётган қозилик ҳужжатларининг тўлиқ сақланаётгани туфайли унинг айнан 1899 йили ноябрь ойининг сўнгида ҳаж сафарига отланганини айтиш мумкин. Жумладан, архивдаги қозилик ҳужжатлар ичида Беҳбудийнинг ҳажга кетишдан олдинги сўнги имзоси акс этган ҳужжат 1899 йил 20 ноябрга оидлиги маълум7. Бундан хулоса қилиш мумкинки, Беҳбудий 1899 йили ноябрь ойининг охирида ўз юртини тарк этиб, ҳажга борган. Ҳаж сафари давомида йўл-йўлакай Истанбул, Миср каби катта шаҳарларга кириб, баъзи янги-эски мактабларни, айниқса Мисрдаги “Жомеъ ал-азҳар” университетини зиёрат қилган. Қайтишда Миср ва Истанбулдан турли янги китоблар келтирганини эсдаликларда қайд этилган. Олим ҳаж сафаридан ўз она юртига қачон қайтганини яна архив ҳужжатларига мурожаат қилиб, шуни айтиш мумкинки, Беҳбудийнинг ҳаждан қайтганидан кейин илк пайдо бўлган имзоси акс этган ҳужжат 1900 йил 8 июлга оид8, яъни сафарга бориб-келиш даври айнан 1899 йилнинг 20 ноябрь ва 1900 йил 8 июль оралиғида бўлганини хулоса қилиш жоиз.

Шу билан бирга Беҳбудийнинг бошқа хорижий сафарларининг аниқ хронологик харитасни чизишда амалий ёрдам берувчи архив ҳужжатларига юзланадиган бўлсак, 1906 йилда Россиянинг Нижний Новогород шаҳрида бўлиб ўтган мусулмонлар қурултойида қатнашиш учун бориб келган вақтини ҳам аниқлай оламиз. Жумладан, қурултойга кетишдан аввалги имзоси 1906 йил 22 июлга оид ҳужжатда акс этган9.

Хулоса ўрнида алоҳида таъкидлаб ўтмоқ керакки, умуман Ўзбекистон Миллий архивида ўлкамиз бой тарихи, машҳур шахслар фаолиятига оид ҳужжатлар мажмуаларининг кўплигини инобатга олиб, шу асосда аждодларимиз тарихи, маънавий-маърифий ижоди, юксак ғоя ва мафкура ҳамда ақлий салоҳиятини яққол мисолларда ўрганиш ва тадқиқ этиш имкониятлари  кенгдир.

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Ўзбекистон Миллий архиви И-1009 фондида сақланаётган мактуби.


1 ЎзМА, И-405-фонд, 1-рўйхат, 6-йиғмажилд, 25-варақ.

2 ЎзМА, И-405-фонд, 1-рўйхат, 6-йиғмажилд, 37-варақ.

3 Ўша жойда: 6-йиғмажилд, 25-варақ.

4 Ушбу қозининг муҳрида ҳижрий 1316 йил (1899 милодий сана) қайд қилинган бўлиб, Кобут волостида айнан шу йилда қозилик мансабига тайинланганини англатади.

5 ЎзМА, И-387-фонд, 1-рўйхат, 40-йиғмажилд, 1-варақ.

6 ЎзМА, И-1009-фонд, 1-рўйхат, мактублар тўплами.

7 Ўша жойда: 40-йиғмажилд, 125-варақ.

8 ЎзМА, И-387-фонд, 1-рўйхат, 43-йиғмажилд, 99-варақ.

9 ЎзМА, И-387-фонд, 1-рўйхат, 55-йиғмажилд, 203-варақ.