Данная статья информирует о книге «Библиотека «Туран», которая была впервые представлена на страницах газеты «Туркестан» (1922-1924) (“Турон” кутубхонаси «Туркистон»  газетаси саҳифаларида (1922-1924)”. В книге представлена информация об основании Ташкентского областного информационно-библиотечного центра «TURON» и о редких изданиях, которые хранятся в фонде библиотеки.

Газета «Туркистон» является одной из старейших газет, которые освящали деятельность библиотеки «Турон» в 20-е годы. Было издано 28 статьей, сообщений и отчётов об истории и деятельности библиотеки «Турон» с 1922 по 1924 гг.

Бир асрлик шарафли ва машаққат ли тарихий йўлни босиб ўтган Тошкент вилояти «TURON» ахборот-кутубхона маркази ўлкамизда ташкил этилган илк ўзбек миллий кутубхоналаридан саналади. Мазкур зиё маскани 1913 йилда Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Убайдулла Хўжаев, Каримбек ва Комилбек Норбеков каби миллатимизнинг мунаввар сиймолари томонидан таъсис этилган «Турон» жамияти негизида ташкил топган бўлиб, 1918 йили Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида Себзор даҳасига қарашли Маҳсидўзлик маҳалласида расман иш бошлаган.

«TURON» ахборот-кутубхона маркази 386 мингдан ортиқ универсал мазмундаги ҳужжатлар фондига эга. Даврий матбуот нашрлари эса 50 мингдан ортиқ бўлиб, улар 1896 йилдан то шу кунгача нашр этилган газета ва журналлардан иборат.

Ахборот-кутубхона марказининг ифтихори бўлмиш Нодир нашрлар фондида араб ёзувидаги «Қизил байроқ», «Туркистон», «Қизил Ўзбекистон», «Фарғона», «Зарафшон», «Дархон», «Камбағал деҳқон», «Шарқ ҳақиқати», «Ишчи» газеталар тўплами ҳамда «Маориф», «Болалар йўлдоши», «Болалар дунёси», «Нашри маориф», «Муштум», «Машраб», «Маориф ва ўқутғучи», «Ер юзи», «Янги йўл», «Янги қишлоқ», «Қишлоқ хўжалиғи турмуши» каби журналлар сақланади.

Маълумки, юқорида номлари тилга олинган нодир ва ноёб нашрлар тарихий манба сифатида илм аҳли учун ғоятда қадрли. Шуни инобатга олиб, 20-йиллар матбуоти нашрларини ўрганиб, уларда эълон қилинган мақолалар библиографиясини тузиш устида иш олиб бормоқдамиз.

Агар 20-йиллар газеталар тахламларини бирма-бир варақлаб, саҳифаларга мангу муҳрланган материалларни кўздан кечирсак, уларда илм истаган инсонларни маърифат оламига олиб борувчи кутубхоналар мавзуига ҳам катта эътибор қаратилиб, кўплаб мақола ва хабарлар чоп этилганлигининг гувоҳи бўламиз. Хусусан, мазкур ахборот-кутубхона маркази ҳақида газета журналларда 1918 йилдан 1930 йилгача бўлган даврда 74 та материал чоп этилган. Шулардан 28 таси «Туркистон» (1922 – 1924) газетаси саҳифаларида эълон қилинган, улар 8 та мақола, 4 та хабар, 4 та билдириш ва 12 та ҳисоботдан иборат.

Бу «Туркистон» (ҳозирги «Ўзбекистон овози») газетасининг «TURON» ахборот-кутубхона маркази фаолиятини тўлиқ ва изчил ёритган энг яхши нашр эканлигини кўрсатади.

Газетадаги материаллар билан яқиндан танишсак, ўша даврдаги кутубхона ҳаёти кўз ўнгимизда яққол жонлангандек бўлади.

Ҳақиқатан ҳам, ўз даврининг етакчи газетаси бўлган «Туркистон» «TURON» ахборот-кутубхона марказининг 1922 – 1924 йиллардаги фаолиятидан баҳс юритувчи ягона тарихий манбадир. Ўзбек миллий матбуоти тарихида алоҳида аҳамиятга эга бўлган «Туркистон» сиёсий ва ижтимоий газетаси мамлакатимизнинг Туркистон Жумҳурияти Кенгашлари Марказий Ижроқўмининг фикр тарқатгувчиси бўлиб, Тошкентда 1922 йилнинг 13 сентябрь, чоршанба кунидан чиқа бошлаган.

Ҳукумат газетасининг «Туркистон» деган тарихий ном билан аталиши муҳим воқеа эди. Шу сабабдан унинг 1-сонида газета муҳаррири Усмонхон Эшонхўжаевнинг «Туркистон» номли бош мақоласи чоп этилган. Унда муаллиф «Қизил байроқ» газетасининг «Туркистон» деган ном билан чиқа бошлагани муносабати билан Туркистон тарихи тўғрисида сўз юритган. Яна шу сонда босилган Заҳириддин Аъламнинг «Туркистон ва турк сўзлари» сарлавҳали мақоласи ҳам эътиборга моликдир.

Газета дастлаб ҳафтасига 3 марта, 1924 йил 4 майдан эса ҳар куни чиқа бошлаган. У яхши қоғозда, ўрта форматда, баъзан 4, баъзан 6 бетлик бўлиб чиққан. «Туркистон» газетаси ислоҳ қилинган янги имлода фаолият кўрсатган, баҳоси бир ойга 150 сўм бўлган.

Газета нафақат ҳукумат муассасаларида, балки кенг омма томонидан ҳам севиб ўқилган. Чунки газета халқчил, оммабоп, тили содда эди. Шу ўринда яна бир нарсани таъкидлаш керакки, 1923 йилнинг февралидан бошлаб «Туркистон» газетасини чиқариш харажатлари 5-6 марта ошган. Аммо ерлик халққа газетани арзон баҳо билан бериш учун идора катта зарар билан бўлса ҳам, апрель ойига қуйидагича баҳо белгилаган: Бир ойга почта харажатлари билан 25 сўм, ишчиларга ҳамда гуруҳ-гуруҳ бўлиб, энг ками 10 донага ёзилганларга бир ойга 15 сўм. Шунингдек, апрель ойидан эътиборан «Муштум» журнали ойига 3 марта илова қилинган.

Идора газетани халққа манзур қилишдан ташқари, матбуот масалаларига бағишланган турли йиғилиш ва тадбирлар ҳам ўтказиб турган.

«Туркистон» газетаси қуйидагича: 1922 йилда 2500; 1923 йилда 2800, 4500, 2500; 1924 йилда 3000, 3200, 3500, 4000, 4500, 5000, 5200, 7500 та тиражда чиққан.

Газетадаги материаллар асосан қуйидаги рукнлар остида берилган:

«Ўрта Осиё жумҳуриятларида», «Ўлкамизда», «Тошкентда», «Ҳукумат тадбирлари», «Ҳукумат бошқармаларида», «Кенгашлар Русиясида», «Чет элларда», «Музофотларда», «Қишлоқ», «Уездда», «Эски Тошкентда», «Сиёсат дунёсида», «Шўро жумҳуриятларида», «Марказ ва Туркистон», «Яқин Шарқда», «Узоқ Шарқда», «Тошкент маълумотномаси», «Босмачилиқ майдони», «Босмачилиқ билан кураш», «Жаҳонгир давлатларда», «Бухоро жумҳуриятида», «Хоразмда», «Қўшни жумҳу-риятларда», «Русия ва ўзгалар», «Маҳкамаи шаръия саҳифаси» (қисқа муддат давом этган), «Касаба уюшмаларида», «Хотинқизлар орасида», «Қўшчи ва ишчилар турмуши», «Фирқа ичида», «Қишлоқ хўжалиги ишлари», «Биз ва бошқалар», «Ёшлар орасида», «Фан ва техника», «Шўро сайловлари», «Қўшчилар ҳаракати», «Иқтисод ва рўзғор ишлари», «Фирқа турмушидан», «Илм ва фан», «Қўшчи уюшмаларинда», «Туркистон бойлиқлари», «Кустарлар турмуши», «Табиат ҳодисалари», «Кооперация ишлари», «Қишлоқ мухбирларимиздан», «Пахтачилиқ», «Хурофотларга қарши», «Маориф ишлари», «Луғат ва атама боби», «Матбуот», «Адабиёт», «Адабий танқид», «Газеталардан», «Чолғи ва томоша», «Ундан-бундан», «Кундалик ҳодисалар», «Майда хабарлар», «Бошқармага хат», «Бошқармадан жавоблар», «Буйруқ, ёрлиқ ва қарорлар», «Эълонлар» ва «Шаръий билдиришлар».

Газетага Усмонхон Эшонхўжаев, Абдулҳай Тожиев, Мирмуҳсин Шермуҳаммад, Маннон Рамз, Раҳим Инъом ўғли, Али Исмоилзода муҳаррирлик қилганлар.

«Туркистон» газетаси 26 ой фаолият кўрсатган бўлиб, унинг охирги 411-сони 1924 йилнинг 3 декабрида чиққан.

Энди диққатингизни «Туркистон» газетасининг ўчмас саҳифаларидан жой олган «Турон» кутубхонасига доир материалларга жалб қилиб, кутубхона тарихидан сўз очамиз.

«Туркистон» газетасининг 1922 йил 22 сентябрь сонида босилган «Турон» қироатхонаси очилди» номли хабарга кўра, 22 августдан ёпиқ бўлган қироатхона таъмирдан сўнг қайтадан очилган. 1922 йилда кутубхонага келиб, китоб мутолаа қилувчилар 7 000 кишини, уйга китоб олиб ўқувчилар эса 104 кишини ташкил қилган.

Газетанинг 1923 йил 13 февраль сонида «Турон» кутубхонасини мукаммаллаштириш» деган хабар босилган. Ундан маълум бўлишича, кутубхонани мукаммаллаштириб, марказий бир мусулмон кутубхонаси қилиш учун сиёсий маориф томонидан раҳбарлар белгиланган, шунингдек, кутубхонани 3 та бўлимга: яъни русча бўлим, катталар ва болалар бўлимига ажратиш режалаштирилган.

Газетанинг 1923 йил 28 апрель сонида эса «Турон» кутубхонасида мутолаа қилганларнинг ҳисоби берилган. Унга кўра, январь ойида 643, февралда 836, мартда 648 киши китоб мутолаа қилган. Шу 3 ойда уйга китоб олиб ўқувчилар 199 киши бўлган. Яна шу сонда «Кутубхона олинди» деган хабар босилган бўлиб, унда оренбурглик китобчи Аҳмад Исҳоқийнинг бутун кутубхонаси 235 миллиард сўм баробарига «Турон» кутубхонаси учун сотиб олинганлиги ёзилган. Бу хайрли иш «Турон» кутубхонаси аъзоси, элимизнинг ардоқли шоири Чўлпон ташаббуси билан амалга ошган эди. Шу тариқа, кутубхона жамғармаси яна 5 минг жилд китобга бойиган. Улар орасида Шарқ халқлари тарихига оид қимматли китоблар бўлган.

Ўша йиллари «Турон» кутубхонасидаги китоблар ўқувчилар томонидан қайта-қайта ўқилгани учун янги китобларга эҳтиёж катта бўлган.

Шу сабабли кутубхонага берилган 5 минг жилд китоб ҳақидаги хушнуд хабар китобга иштиёқманд бўлган ўқувчиларни беҳад қувонтирган. Лекин уларнинг қувончлари узоққа чўзилмаган. Негаки, кутубхонага берилган 36 той китоб Эски шаҳар маориф шўъбасининг хўжалик мудири Ғуломхон Акромхон ўғлининг масъулиятсизлиги ва совуққонлиги натижасида 10 кун ўтгач ҳам очилмаган. Бу ҳол янги китобларга етишиш истаги билан ёнган китобхонларнинг норозиликларига сабаб бўлган. Ҳатто ўқувчилардан биттаси «Қачон ўқур эканмиз?» деган танқидий мақола ёзган (1923 йил 12 сентябрь).

Газетанинг 1923 йил 10 декабрь сонида «Ўқувчи» имзоси билан ёзилган «Турон» кутубхонаси» сарлавҳали эътиборга лойиқ мақола босилган. Унда ёзилишича, янги келган китобларга карточкалар ёзилиб, тайёр ҳолга келган. Ўқувчиларга қулайлик яратиш мақсадида кутубхонадаги китоблар фан соҳаларига ажратилган. Китоблар сонининг камайганлиги муносабати билан уйга китоб бериш буткул тўхтатилган. Мақолада яна кутубхонани моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган ҳомийлари хусусида ҳам маълумот берилган. Масалан, «Турон»ни ўз оталиғига олган Азиз бойвачча кутубхонага рафлар қилдириб берган. Эски шаҳар Вақф шўъбаси бўлса, кутубхонани яхши ёритиш ниятида янгидан чироқлар ўрнатиб берган. Шундан сўнг кутубхона эрталабдан кечаси соат 22 гача очиқ бўлган.

1924 йилдан бошлаб «Туркистон» газетасида кутубхонанинг ҳар ойдаги ҳисоботи мунтазам бериб борилган. Газетанинг 1924 йил 12 февраль сонида берилган «Турон» кутубхонасининг ойлиқ ҳисоби»дан маълум бўлишича, январь ойида кутубхонадан 705 киши китоб олиб мутолаа қилган, қироатхонадан газета-журнал ўқувчилар эса 2335 та бўлган.

Газетанинг 1924 йил 9 апрель сонида «Бир киши» (Санжар Сиддиқ) имзоси билан ёзилган «Ҳужумларга жавоб» мақоласида эса бундай эътирофга дуч келамиз:

«…Тошкантдаги «Турон» кутубхонаси ҳозир ўлкадаги мусулмон кутубхоналари ичида намуна бўла олурлиқ ва таъриф этилишка жуда мустаҳиқдир. Самарқанд 16 йилда бир мукаммал кутубхонага эга бўла олмағони ҳолда, Тошкант беш йилда мукаммал бир кутубхонага эга бўлуб турубдир…»

Бу кутубхонага берилган юқори баҳо, десак янглишмаймиз.

Энди кутубхонанинг 1924 йил март ойи ҳисоботи билан танишинг:

 «Март ойида китоб ўқувчилар 1 500 киши бўлуб, февраль ойиға қарағонда 350 адад ортиқдир. Қироатхонадан газета, журнал ўқувчилар 2 537 адад бўлуб, февралдан 643 киши ортиқ келган.

Март ойида 1410 китоб ўқулуб, февралға қарағонда 479 китоб ортиқ ҳаракат қилғон».

Агар биз юқорида қайд қилинган рақамларга назар ташласак, китобхонлар сонининг кунданкунга ортиб борганлигини, уларнинг китоб ва вақтли матбуотга бўлган кучли қизиқишларини кузатишимиз мумкин. Шунинг учун мазкур маърифий марказда ақл қайроғи бўлмиш китобга бағишланган тадбирлар ҳам ўтказилиб турилган. Бунга мисол тариқасида газетанинг 1924 йил 1 июнь сонидаги «Эшитгувчи» имзоси билан ёзилган «Китоб тўғрисида илмий гап» номли мазмундор мақолани келтирамиз. Унда ёзилишича, 27 май куни «Китоб ҳафтаси» муносабати билан «Турон» кутубхонасида маориф комиссари Усмонхон Эшонхўжаев томонидан «Китобнинг аҳамияти ва ундан фойдаланиш йўллари» мавзуида маъруза ўқилган. Шунингдек, қироатхонада матбуот кўргазмаси ташкил этилиб, ундан кутубхонанинг очилиш тарихига доир материаллар ҳам ўрин олган.

Газетанинг 1924 йил 12 август сонида «Мутолаачи» имзоси билан ёзилган «Эски Тошкант «Турон» кутубхонаси» деган яна бир диққатга сазовор мақола чоп этилган. Унда айтилишича, кутубхона кун сари ўсиб, ўзбек, татар, озарбайжон, форс, араб ва рус тилидаги асарлар билан бойиб борган. Кутубхонада 15 минг китоб бўлиб, улар жуда тартиб билан жойлаштирилган. Қироатхонада эса Туркистон вақтли матбуот нашрларидан ташқари, Боку ва Татаристонда чиққан газета-журналлар ҳамда 2 номдаги русча газета мавжуд бўлган. Кутубхонага ҳар куни ўртача 70 та китобхон келган. Уларнинг кўпчилиги 15-25 ёшдаги ўқувчилар бўлган.

Газетанинг 1924 йил 13 октябрь сонида «М. Қ.» (кутубхона мудири Маҳкам қори Сайдалиев бўлса керак – Ф. Н.) имзоси билан ёзилган «Турон» кутубхонасини бойитиш йўлида» сарлавҳали мақола чоп этилган. Ундан маълум бўлишича, кутубхонага ўша пайтгача китоб, газета ва журналлар пулга сотиб олинган. Сўнгги пайтларда газета-журналларни бепул олиш бирмунча йўлга қўйилган. Жумладан, Туркистон Давлат нашриётида чоп этиладиган асарлардан кутубхонага 2 нусхадан олиб туришга муваффақ бўлинган. Ундан ташқари, Озарбайжон Марказ Ижроқўми раиси Оғамали ўғли ҳам Озарбайжонда чиқадиган китоб, газета ва журналлардан кутубхонага 2 нусхадан юбориб туришни ваъда қилган.

Энди диққатингизни «Турон» кутубхонасининг 1924 йилги ҳисоботига қаратамиз: Йил давомида қироатхонадан газета-журнал ўқувчилар 26 086 тани, китоб мутолаа қилувчилар эса 7 027 тани ташкил қилган. Китобларнинг сони 10 836 та бўлган. Кутубхонада Европадаги каби ўнинчи систем (усул) қўлланилган.

Мазкур ҳисоботдан кутубхона 1924 йилда яхши кўрсаткичларга эришганини кўришимиз мумкин.

Юқорида келтирган маълумотлар «Турон» кутубхонасининг ўша даврда юртимиздаги энг эътиборли ва мавқеи баланд маърифат масканларидан бўлганлигидан далолат беради.