В статье описывается библиографический указатель опубликованных газетных материалов о Ташкентской области 20-30 годов прошлого века и состоит указатель из девяти разделов. В сборник вошли материалы двух талантливых поэтов, родившихся в Таш-кентской области, которые часто публиковали свою поэзию в газетах – это Эльбек и Абдулла Аволоний. В библиографическом указателе приводится много материалов о земельной реформе в Ташкентской области и разделении районных уездов, кроме этого освещаются вопросы о коллективизации, организации колхозов и совхозов 20-го века. Автор Лазиз Азиззода, в своей статье о Туркестанском крае, рассказывает историю Чимганских гор, о еще не исследованной флоре и природных богатствах земли
Биз дунёга келиб, ўсиб вояга етган, дунёни таниб, катта ҳаётга қадам қўйган бу макон – Ватан ичра кичик Ватандир. Киндик қонимиз тўкилган бу табаррук тупроқ бизлар учун азиз ва муқаддасдир. Ахир бежизга “Туғилган еринг – Ватанинг, Ватанинг – номусинг” деб айтилмаган.
Мен Тошкент вилоятининг Калинин туманидаги (у 1975 йил 25 ноябрдан “Тошкент тумани” деб номланган) Охунбобоев номли колхозда таваллуд топганман. Бизнинг колхоз аҳолиси деҳқончилик, боғдорчилик, чорвачилик ва пиллачилик ишлари билан шуғулланишар эди. Менинг ота-боболарим эса асосан узум етиштириш билан шуғулланишган. Бундан 30 йиллар аввал колхоз ҳудудидаги токзорда 15 қатор боғимиз бўлар эди. Узумзорга экилган ҳусайни, кишмиш, тоифи, даройи, қирмиска, буваки, ҳасайни, чарос, ризамат, баян ширей каби узум навлари шунчалик мўл-кўл ҳосил берар эдики, ҳатто уларни узиб тугата олмас эдик...
Ҳақиқатан ҳам, Тошкент вилоятининг тупроғи тиллога тенг, унумдор ва ҳосилдор бўлиб, унда шириндан шакар мева ва сабзавотлар етиштирилади. Мен ҳам шу заминнинг серҳосил мевазорларида етишган табиий ва экологик тоза ноз-неъматларидан баҳраманд бўлиб ўсганимдан фахр туйғусини ҳис қиламан.
Шу жонажон ўлкага бўлган чуқур эҳтиромим туфайли ҳамда Тошкент вилоятининг ташкил топганлигига 80 йил тўлгани (Тошкент вилояти 1938 йил 15 январда ташкил топган) муносабати билан мен Тошкент вилоятининг 20–30-йиллар тарихидан баҳс юритувчи “Тошкент вилояти тарихидан: 20-йиллар матбуотида эълон қилинган мақолалар библиографияси (1920–1930)” номли библиографик кўрсаткич чиқардим. Мазкур библиографик кўрсаткич Тошкент вилояти “TURON” ахборот-кутубхона марказининг Ахборот-библиография бўлими Ўлкашунослик шуъбаси томонидан тайёрланди. Унга таниқли адабиётшунос олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, Фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Наим Каримов муҳаррирлик қилдилар.
Ушбу мақолада мен мазкур библиографик кўрсаткич ҳақида сўз юритмоқчиман.
Библиографик кўрсаткич 9 қисмдан иборат:
- Тузувчидан.
- Тошкент вилояти ҳақида.
- “Шарқ ҳақиқати” газетаси (1928–1930).
- Элбек (1898–1938).
- Абдулла Алавий (1903–1931).
- Тошкент вилояти “TURON” ахборот-кутубхона маркази.
- Библиография.
- Исмлар кўрсаткичи.
- Библиографиядан ўрин олган мақолалардан намуналар.
Ушбу библиографик кўрсаткич 76 бетдан иборат бўлиб, ундан 20-йиллар матбуоти саҳифаларида эълон қилинган Тошкент вилояти ҳақидаги 500 та мақола, хабар, билдириш ва бадиий асарнинг рўйхати ўрин олган. Ундаги материаллар хронологик ва алифбо тартибида жойлаштирилган. Улар араб ёзувидаги “Иштирокиюн” (1918-1920), “Қизил байроқ” (1920-1922), “Туркистон” (1922-1924), “Қизил Ўзбекистон” (1924-1930), “Шарқ ҳақиқати” (1928-1930), “Зарафшон” (1924-1927), “Камбағал деҳқон” (1925-1929) газеталарида ҳамда “Болалар дунёси” (1921), “Маориф ва ўқутғучи” (1925-1930), “Ер юзи” (1925-1928), “Янги йўл” (1925-1929) ва “Янги қишлоқ” (1929) журналларида эълон қилинган бўлиб, турли жабҳаларга оид материаллардан иборатдир. Уларда Тошкент вилоятининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётида рўй берган муҳим воқеалар ўз талқинини топган. Мазкур библиографик кўрсаткичга 100 йиллик бой тарихга эга бўлган Тошкент вилояти “TURON” ахборот-кутубхона маркази, шунингдек, “Шарқ ҳақиқати” (ҳозирги “Тошкент ҳақиқати”) газетаси ҳақидаги материаллар ҳам киритилди. Бундан ташқари, китобдан Тошкент вилоятида туғилиб ўсган, 20-йиллар матбуотида ўзининг шеър ва мақолалари билан фаол қатнашган икки истеъдодли шоир Элбек (Машриқ Юнусов) ва Абдулла Алавийларнинг ижодларидан намуналар ҳам ўрин олган. Мазкур мавзулар бўйича керакли маълумотлар ва айрим суратлар ҳам библиографик кўрсаткичга киритилган. Ўқувчиларга китобдан фойдаланишни енгиллаштириш мақсадида “Исмлар кўрсаткичи” ҳам ҳавола этилган.
Умуман олганда, ушбу китобдан асосан Тошкент вилоятида ўказилган ер ислоҳоти, рўйхат, “Ҳужум” кампаниялари, районлаштириш, колхозлаштириш, ерлилаштириш, соғлиқни сақлаш ишлари, пахтачилик, пиллачилик, боғдорчилик, мактаб-маориф, кутубхона, уезд вақф шуъбаси, кончилик ва яна шунга ўхшаш соҳаларга оид материаллар ўрин олган. Шу ўринда бир нарсани қайд қилиш керакки, 20-йиллар матбуотида “вилоят” сўзи маъносида “уезд”, “музофот” ва “округ” сўзлари қўлланилган. 1926 йилда Тошкент вилоятида районлаштириш ишлари амалга оширилган бўлиб, бунинг натижаси ўлароқ вилоят қуйидаги 11 та районга бўлинган эди: Шаҳар атрофи райони, Янгийўл, Қуйи Чирчиқ, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ, Паркент, Оҳангарон, Пискент, Мирзачўл, Бекобод ва Савод районлари.
Китобда вилоятдаги баъзи туман, шаҳар ва қишлоқларга бағишланган мақолаларни ҳам кўришимиз мумкин: “Кезиб келгувчи” имзоси билан ёзилган “Тошкент уезди Чиноз бўлисида” (“Қизил Ўзбекистон”, 1924 йил 5 декабрь), Полвоновнинг “Тўйтепа бозори” (“Қизил Ўзбекистон”, 1925 йил 28 сентябрь), Хушназаровнинг Тошкент туманидаги Қорахитой қишлоғи ҳақидаги “Қорахитой қишлоғининг аҳволи” (“Қизил Ўзбекистон”, 1925 йил 16 декабрь), Эргашнинг Янгийўл бўлисидаги Чочтепа овули ҳақидаги “Чочтепа қишлоғида” (“Қизил Ўзбекистон”, 1925 йил 20 ноябрь), Ҳакимовнинг “Бурчмулла қишлоғи” (“Қизил Ўзбекистон”, 1925 йил 23 сентябрь) ва Яҳё Иброҳимовнинг Оҳангарон районининг узоқ ва тоғлик бурчакларидан бўлган Оқтов ҳақидаги “Мушфиқ Оқтов боқимсиз” (“Қизил Ўзбекистон”, 1927 йил 14 октябрь) каби мақолалар.
20-йиллар матбуотида мустамлакачилик мавзуи ҳам кенг ёритилганки, уни четлаб ўтиб бўлмайди. Бунга мисол тариқасида “Қизил байроқ” газетасининг 1922 йил 22 август сонида чоп этилган “Очиқ мустамлакачилик” номли кичик ҳажмдаги мақолани келтирамиз:
“Уеаз маориф шуъбаси уеаз мусулмон интернатлариға кераклик асбоблар учун аванс сўраб Ўлка Маориф комиссарлигига бир неча мартаба мурожаат қилса ҳам, ҳар вақт “Пул йўқ, келганда берилур” каби бачкана жавоблар олиб келди. Ўлка Маориф комиссарлигининг ижтимоий тарбия бўлими мусулмонлар интернатлари учун шу хил жавоблар бериб келгани ҳолда, ўрус интернатлариға ақча топилиб ва берилиб турадир.
Масалан, яқинда Никольский ном ўрус қишлоғидаги интернатға асбоб олмоқ учун уеаз маориф шуъбаси ҳисобиға 300 000 сўм аванс берилган. Ҳолбуки уеаздаги мусулмон интернатлари бир йилдан бери аванс юзи кўрмайлар...
Бу очиқ мустамлакачилик эмасми?”
Мазкур библиографик кўрсаткичдан Чимён ва Чирчиққа бағишланган кўплаб материаллар ҳам ўрин олганки, қуйида улар билан сизларни яқиндан таништирамиз. Чимён ҳақида: Маъруфнинг “Чимён конида мусулмонлар қискартириб чиқарилди” (“Туркистон”, 1924 йил 29 октябрь), Лазиз Азиззоданинг “Тотли” имзоси билан босилган Чимён курортида мусулмонларни таҳқирлаш ҳоллари ҳақидаги “Чимён курорти аҳволидан” (“Туркистон”, 1924 йил 13 август), “Яна Чимён курорти тўғрисида” (“Туркистон”, 1924 йил 3 сентябрь) ва Чимён тоғи тўғрисидаги “Туркистон хусусиятларидан” (1924 йил 28 октябрь), “Чимён конида мусулмон ишчиларнинг ҳоли жуда ёмон” (“Туркистон, 1924 йил 31 июль), “Чимён конида нефть булоқлари” (“Қизил Ўзбекистон”, 1925 йил 17 февраль), Ҳакимовнинг “Чимён курортида” (“Қизил Ўзбекистон”, 1925 йил 30 июль) ва “Чимён курортининг лўттибозликлари” (“Қизил Ўзбекистон”, 1926 йил 12 июль), “П.” имзоли “Чимён курорти тўғрисида” (“Қизил Ўзбекистон”, 1927 йил 1 август), Комил Алиевнинг Чимён курортидаги тартибсизликлар ҳақидаги “Чимён” (“Қизил Ўзбекистон”, 1928 йил 23 июль) ва Акмал Асомийнинг “Чимён курорти” (“Шарқ ҳақиқати”, 1929 йил 9 август) каби мақолалар ҳамда Элбекнинг “Чимён” (“Қизил Ўзбекистон”, 1926 йил 6 июль) ва “Чимён тоғи”ға” (“Ер юзи”, 1926 йил 11-сон, 3-бет) деган шеърлари.
Юқорида номи зикр қилинган Лазиз Азиззоданинг “Туркистон хусусиятларидан” номли мақоласида муаллиф Чимён тоғининг ўсимлик дунёси ҳақида ҳикоя қилади:
“Туркистонда гўзал ва бой ерлар саноқсиз бўлуб, ҳали ҳеч бир ёғи текширилмаган. Туркистон жуда эски замонлардан юксак маданиятли бўлғон бўлса-да, доим урушлар бўлиб турғонидан илмий текширишлар бўлмағон...
Туркистоннинг ҳали бизга билинмаган бой ерларидан Тошкант уязидан Искандар бўлисиға қарашлиқ Чимён тоғи ҳам Бисткон томонларидир (халқ Писком деб атайдир) – маъноси йигирма кон демакдир. Писком тўғрисида на оврўпача асарларда ва на Шарқ тилларида ёзилғон китобларда бир нарса йўқ. Бу ернинг бойлиғи сўнгғи йилларда ўз халқларига билина бошлади. Пискомлик ишончли бир ўртоқнинг сўзига кўра кейинги чоқларда теваракдаги тоғлардан ҳар хил қимматлик тошлар топила бошлағон.
Чимённи бўлса Чор ҳукумати кўп йиллардан буён билса ҳам ўзининг генерал ва афитсарлари ҳам уларнинг оилаларининг истироҳатгоҳи қилиб, илмий текширишлар ясатмағон. Шунинг билан баробар хусусий олимлар томонидан баъзи вақтда бироз текширишлар ясалиб туришлиғи билан баробар ҳукумат томонидан ўсимлик ва ҳаво тажриба истансаси уюшдирилган. Ҳар йил май ойидан бошлаб наботат олимлари ва истудентлар томонидан текширишлар, тажриба ва қидиришлар ясаладир. Чимён ҳавосининг латифлиги, сувининг тунуқлиғи, ёқимли шамолларнинг туташ юруб туриши, атрофдаги қорлиқ тоғлар билан гўзал табиати Ғарбнинг Исвечраси ёхуд Шарқнинг Япўниясига ўхшайдир.
Чимён теварагидаги тоғларда тошқа айланган қисқичбақа (рек) лар борким, буларнинг эскилигини олимлар 5 минг йиллаб санайдирлар...
Чимёндағи наботатларни текширгувчи наботат прўфесўри П. А. Барановнинг айтишига қарағонда, Чимёнда жуда аҳамиятлик, айниқса дори учун аҳамияти ғоят катта бўлғон ҳар хил ўтлар жуда кўбдир. Туркистоннинг бошқа ерларида кўрулмайдурғон, фақат Чимёндағина ўсадурғон ўтлардан тиканли илонбош, ҳомўта ва екатрина, астрагал, абалина, Чимён астрагали, Чимён иминанўси, Чимён лафантуси деган ўсимликларни кўрсатиш мумкин.
Чиройлиқ ўсимликлардан бойчечак, жойпас, гулраъно, мех (гвоздика), ширач, ёвқиёқ, оқ гулхайриларни санаш керак. Булардан бойчечак, гулраъно, ширач Туркистоннинг бошқа ерларида кўрунса ҳам, бу ерда ҳар хили кўруладир. Мех ўзининг хушбўйлиғи билан Туркистонда ўсадирғон наботатлар ичида биринчиликни оладир”.
Чирчиқ ҳақидаги материаллар қуйидагилар: “Чирчиқ ва Оҳангарон сувлари” (“Қизил Ўзбекистон”, 1925 йил 31 июль), “Чирчиқ тошқини давом қилади” (“Қизил Ўзбекистон”, 1928 йил 22 май), Ҳафизнинг Чирчиқ дарёсининг тошиши тўғрисидаги “Чирчиқ ўйнайди” (“Ер юзи”, 1928 йил 9-сон, 1-бет) сарлавҳали мақолалар ҳамда Олтойнинг “Шу кунда Чирчиқ” сочмаси (“Туркистон”, 1924 йил 5 июнь), Ботунинг “Чирчиқ бўйлари...” (“Қизил Ўзбекистон”, 1925 йил 17 август), Элбекнинг “Чирчиқ” (“Ер юзи”, 1927 йил 20-сон, 3-бет) ва Жиғойнинг “Чирчиқ бўйларида” (“Қизил Ўзбекистон”, 1929 йил 5 апрель) номли шеърлари.
Юқоридаги рўйхатда тилга олинган Элбекнинг “Чирчиқ” шеъридан бир кичик парчани эътиборингизга ҳавола қиламиз:
Қатор қишлоқлар бўйлаб,
Алланарсалар ўйлаб
Лаззатли куйлар куйлаб
Тўлғониб оққан Чирчиқ,
Дилларни ёққан Чирчиқ!...
Бу китобдан яна ичкиликбозлик, порахўрлик, ўғрилик, қиморбозлик каби иллатларга қарши курашга даъват этувчи мақолалар ҳам салмоқли ўринни эгаллаган. Бу мавзу бугунги кунда ҳам долзарб бўлгани учун қуйида улар ҳақида кенгроқ маълумот берамиз. Улар Тошкент уездида жойлашган рус посёлкаларидаги самогончилар ҳақидаги “Ароқчилар билан кураш” (“Туркистон”, 1923 йил 29 январь), Тошкент уездидаги ҳукумат кишилари ва идоралардаги пора олиш ва порахўрлик билан курашиш учун 5 кишилик комиссиянинг тузилганлиги тўғрисидаги “Порахўрлик билан кураш” (“Туркистон”, 1923 йил 21 февраль), “Кўктерак деҳқони”нинг Кўктерак станциясида бўзахоналарнинг кундан-кунга кўпаётганидан куюниб ёзган “Бўзахўрлик” (“Туркистон”, 1923 йил 2 декабрь), “На” имзоли “Ўғрилар қўлга тушмоқда” (“Туркистон” 1924 йил 17 август), Ҳакимовнинг “Наша ва кўкнорини битириш керак” (“Туркистон”, 1924 йил 27 август), “Сувчи” имзоси билан ёзилган Тошкент тумани Еттикент бўлисида қиморбозликнинг авж олгани ҳақидаги “Қиморбозлик кучайиб кетди” (“Қизил Ўзбекистон”, 1925 йил 20 декабрь), “Н. М.” имзоли Қибрай қишлоғи ҳақидаги “Ичкилик ривож олди” (“Қизил Ўзбекистон”, 1927 йил 11 апрель), Тошкент округ ижроқўми козинони ва округдаги барча қиморхоналарни ёпиш ҳақидаги қарорига бағишланган “Қиморхоналар ёпилар кун ҳам бор экан!” (“Қизил Ўзбекистон”, 1928 йил 16 август), Тошокруг маъмурлик шуъбаси вино дўконларини тугатишга киришгани ҳақидаги “Вино дўконлари ёпилади” (“Қизил Ўзбекистон”, 1929 йил 6 февраль), “Ўткур” имзоси билан ёзилган Янгийўл район Зангиота қишлоқ сайилгоҳидаги бангихона ҳақидаги “Бангихона йўқ қилинсин” (“Шарқ ҳақиқати”, 1929 йил 15 май), “Ичкилик ишчиларнинг душмани: Айниқса кооперацияни ичкилик сотишдан қайтариш лозим” (“Ишчи”, 1929 йил 1 август) сингари мақолалардан иборатдир.
Маълумки, Тошкент вилояти маъданларга бой ўлка ҳисобланади. Қадимдан бу воҳада кўплаб конлар мавжуд бўлиб, улардан олтин, кумуш, феруза, темир, мис, қўрғошин, тошкўмир қазиб олинган. Феруза бизнинг юртда қадимдан ишлатиб келинган тошлардан бўлгани учун, унинг ҳар қандай топилмаси катта аҳамият касб этган. Шундай топилмалардан бири Оҳангарон район Шеробод қишлоғининг Олмалиқ сойидан топилган феруза кони эди. Қуйида биз шу хусусда маълумот берувчи “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1928 йил 15 июль сонида босилган Хушназаровнинг “Феруза кони топилди” деган хабарни келтирамиз:
“Тошўкруғ Оҳангарон райўн Шеробод қишлоғининг Олмалиқ сойидан феруза кони топилди. Бу ерни 20-нчи июлдан бошлаб Ленинғраддан келган кон муҳандислари текшириб ётибдирлар. Муҳандисларнинг сўзига қарағонда, коннинг бундан 5 юз йил илгари ишлангани ва чиқадурғон еригача арава йўли келганининг нишони бор.
Кон муҳандислари бу ерни текшириб тугатканларидан кейин, тошкўмир ҳам керосин чиқадурғон ерларни ҳам текширадирлар”.
Биз яна бир муҳим нарсани таъкидлаб ўтмоқчимизки, ўша оғир ва таҳликали йилларда ҳам омма учун турли хил сайиллар ўтказилган. Масалан, “Қизил байроқ” газетасининг 1922 йил 7 июнь сонида “Сайил комиссияси” томонидан шундай билдириш босилган:
“Тошкент уезд бошлиқларининг қарори бўйича 1922 йил 8 июндан бошлаб 16 июнгача Иброҳимота (Чуқурсой мавзеи)да қизил гул сайли бўладир”.
“Шарқ ҳақиқати” газетасининг 1929 йил 1 август сонида эса яна сайил комиссияси томонидан “Машҳур Зангиота сайли бошланди” деган қуйидаги билдириш берилган:
“1-нчи августдан бошлаб сайил ҳар пайшанба ва жума кунларида 6 ҳафта давом қилажақдур. Сайилга Тошкант, Самарқанд, Фарғона шаҳарларининг машҳур ўйинчилари, қизиқчилари келдилар. Шаҳар меҳнаткашларини Зангиотанинг яхши ҳавоси ва сайҳон жойлариға дам олишға чақирамиз”.
Библиографик кўрсаткичнинг сўнгги қисмида эса илова тарзида библиографиядан ўрин олган эътиборга молик бўлган мақола, хабар ва билдиришлардан намуналар тақдим этилган. Улар қуйидагилар:
“Кўктерак деҳқони” имзоси билан ёзилган “Бўзахўрлик” (“Туркистон”, 1923 йил 2 декабрь), Лазиз Азиззоданинг “Тотли” имзоси билан эълон қилинган “Чимён курўрти аҳволидан” (“Туркистон”, 1924 йил 13 август) ва “Туркистон хусусиятларидан” (“Туркистон”, 1924 йил 28 октябрь), “М. Қ.” имзоси билан ёзилган “Турон” кутубхонасини бойитиш йўлида” (“Туркистон”, 1924 йил 13 октябрь) ва “Турон” кутубхонасининг 25-нчи йил учун ҳисоботи ва келгусида бўладирғон янги бино” (“Қизил Ўзбекистон”, 1926 йил 17 январь), Хушназаровнинг “Феруза кони топилди” (“Қизил Ўзбекистон”, 1928 йил 15 июль) сарлавҳали мақолалар ҳамда “Сайил комиссияси” томонидан берилган “Машҳур Зангиота сайли бошланди” номли билдириш (“Шарқ ҳақиқати”, 1929 йил 1 август).
Энди библиографик кўрсаткичга киритилган Тошкент вилояти “TURON” ахборот-кутубхона маркази, “Шарқ ҳақиқати” газетаси, Элбек ва Абдулла Алавий ҳақидаги маълумотларни ҳукмингизга ҳавола қиламиз.
Китобга Элбекнинг 54 та мақоласи, 37 та шеъри, 5 та ҳикояси, 1 та эртак ва 1 та достони (жами 98 та), Абдулла Алавийнинг 4 та мақоласи, 3 та шеъри ва 1 та доклади, Тошкент вилояти “TURON” ахборот-кутубхона маркази ҳақида 20 та мақола, 4 та ҳисобот ва 1 та билдириш, “Шарқ ҳақиқати” газетаси ҳақида эса 2 та мақола ва 2 та билдириш ҳақидаги маълумотлар жамланган.
Тошкент вилояти “TURON” ахборот-кутубхона маркази. Ўлкамиздаги илк ўзбек миллий зиё масканларидан бўлган “Турон” кутубхонаси 1913 йили бир гуруҳ тошкентлик тараққийпарвар зиёлилар томонидан ташкил этилган “Турон” жамияти қошида ташкил этилган бўлиб, 1918 йилнинг декабрь ойида Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги Себзор даҳасига қарашли Маҳсидўзлик маҳалласида расман иш бошлаган. Кутубхонага вилоят мақоми 1938 йилда берилган. Унинг жамғармасида 400 мингдан ортиқ фаннинг турли соҳаларига оид китоб бўлиб, улар орасида кўплаб нодир ва ноёб китоблар мавжуд. Даврий матбуот нашрлари эса 50 мингдан ортиқ бўлиб, улар 1896 йилдан то шу кунгача нашр этилган газета ва журналлардан иборат.
Қуйида биз сизларни кутубхонанинг фахри ҳисобланган “Нодир нашрлар” фондида сақланаётган араб ёзувида нашр этилган газета-журналларнинг номлари билан таништирамиз: Ўзбек тилидаги нашрлар: “Қизил байроқ”, “Туркистон”, “Қизил Ўзбекистон”, “Фарғона”, “Зарафшон”, “Дархон”, “Камбағал деҳқон”, “Шарқ ҳақиқати”, “Ишчи”, “Қизил юлдуз” газета тахламлари ҳамда “Маориф”, “Болалар йўлдоши”, “Болалар дунёси”, “Нашри маориф”, “Муштум”, “Машраб”, “Маориф ва ўқутғучи”, “Ер юзи”, “Янги йўл”, “Иш мактаби”, “Битсин саводсизлиқ”, “Меҳнат ҳафталиги”, “Қишлоқ хўжалиғи турмуши”, “Матбаачилар” журнали, “Янги қишлоқ” журналлари.
Фондда сақланаётган бошқа тиллардаги журналлар қуйидагилар:
Тожик тилидаги “Мулла Мушфиқий” ва “Раҳбари дониш”, қозоқ тилидаги “Аял тангдиги” ва “Жанга адабиёт”, туркман тилидаги “Тўқмоқ”, озарбайжон тилидаги “Мулла Насриддин”, “Имло дорилфунуни”, “Озарбайжон олий иқтисод шўросининг ахбори”, “Маориф ва маданият”, “Қизил қалам”, “Шарқ қодини”, “Янги мактаб”, “Қизил шафақ” ва “Инқилоб ва маданият”, татар тилидаги “Татар календари”, “Кичкина ибдашлар”, “Бизнинг йўл”, “Жетакчи”, “Яш ишчи”, “Крестян журнали”, “Фан ҳам дин”, “Озод хотин” ва “Овул яшлари”, уйғур тилидаги “Ёш уйғур” ва турк тилидаги “Қалам” журналлари.
Ҳозирда кутубхона Яшнобод тумани Оҳанрабо кўчасидаги 1-уйда фаолият кўрсатмоқда. Ушбу зиё масканида 80 номдаги газета-журналлар олинади, шундан газеталар 37 номда, журналлар эса 43 номда. Кутубхонада 7 та бўлим ва 6 та шуъба фаолият кўрсатади.
Биз яна бир нарсани мамнуният билан таъкидлашни истар эдикки, кутубхонада библиографик кўрсаткичлар чиқариш ҳам кенг йўлга қўйилган. Кутубхона библиографлари томонидан 2003 йилда “Наим Каримов” номли биобиблиография, 1999 йили “Миллий матбуот саҳифаларида” (“Қизил байроқ”, “Туркистон” ва “Қизил Ўзбекистон” газеталарида босилган асосий мақолалар библиографияси (1921-1926), 2010 йили эса “Миллий матбуот фиҳристи” (“Иштирокиюн”, “Қизил байроқ” ва “Туркистон” газеталарида эълон қилинган мақолалар изоҳли библиографияси (1918 йил 21 июнь – 1924 йил 3 декабрь) номли библиографик кўрсаткичлар тузилиб, нашр эттирилди. Бундан ташқари, кутубхонанинг Ахборот-библиография бўлими Ўлкашунослик шуъбаси томонидан “Турон” кутубхонаси тарих саҳифаларида”, “Шарқ ҳақиқати” газетасида эълон қилинган мақолалар библиографияси (1928-1930)”, “Маориф ва ўқутғучи” журналида эълон қилинган мақолалар библиографияси (1925-1930)”, “Ер юзи”, “Машъала” ва “Гулистон” журналларида эълон қилинган мақолалар библиографияси (1925-1939) номли мўъжаз библиографик кўрсаткичлар, шунингдек, “Турон” кутубхонаси “Туркистон” газетаси саҳифаларида (1922-1924)” номли рисола ҳам чиқарилди.
“Шарқ ҳақиқати” газетаси (1928 йил 11 декабрь – 1930 йил 22 сентябрь). Тошкент округ фирқўми, округ ижроқўми ва округ касаба союзлари шўросининг нашри афкори бўлган “Шарқ ҳақиқати” ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий газета бўлиб, 1928 йилнинг 11 декабридан Тошкентда чиқа бошлаган.
Газета дастлаб ҳафтасига 3 марта, 1929 йилнинг 21 январь, 6 (15)-сонидан эса кундалик бўлиб, катта форматда 4 саҳифалик бўлиб чиққан. Ундаги материаллар араб ва лотин ёзувларида чоп этилган.
Тиражи қуйидагича: 1928 йилда 2000, 5000, 6000; 1929 йилда 6000, 7000, 6000, 7500, 8100, 8500, 9100; 1930 йилда 9100, 12000.
“Шарқ ҳақиқати”га муҳаррирлик қилганлар: Ҳайъати таҳририя, Р. Алимов, Эгамберди Исмоилжонов, Воҳидов, Х. Галсин, Бобожонов ва Айсин.
Газетадаги материаллар асосан қуйидаги рукнлар остида берилган:
“Ўзбекистонда”, “Шарқ ўлкаларида”, “Тошкент хабарлари”, “Шаҳар ичида”, “Чет элларда”, “Тошкент округида”, “Тошкент дараклари”, “Тошокруг қишлоқларида”, “Тошокруг районларида”, “Иттифоқимизда”, “Округ идораларида”, “Расмий қисм”, “Қишлоқ товуши”, “Ишчилар турмуши”, “Савод учун кураш”, “Ишчи мактублари”, “Фирқа турмуши”, “Қизил найза”, “Мактаб-маориф жабҳасида”, “Янги алифбе жабҳасида”, “Хотин-қиз турмуши”, “Танқид ўти билан куйдирамиз”, “Қишлоқлардан дараклар”, “Қишлоқларда”, “Ёшлар ўртасида”, “Суд ва турмуш”, “Адабиёт”, “Матбуот”, “Китобиёт”, “Театр ва томоша”, “Шахмат”, “Сўнгги хабарлар”, “Олди-қочди”, “Турли хабарлар”, “Майда-чуйда хабарлар”, “Қисқа хабарлар”, “Шарқ ҳақиқати” ёрдам қилди”, “Идорадан”, “Идорага жавоб”, “Эълон ва билдиришлар”.
Мазкур газета “Қизил Ўзбекистон” газетасининг Самарқанддан Тошкентга кўчиб келиши муносабати 1930 йилнинг 23 сентябридан мустақил чиқишини тўхтатиб, “Қизил Ўзбекистон” газетасига қўшилиб кетган. “Шарқ ҳақиқати” газетасининг сўнгги 219 (519)-сони 1930 йил 22 сентябрда чиққан.
Элбек (1898-1938). Элбек (Машриқ Юнусов) 1898 йилда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг Хумсон қишлоғида таваллуд топган.
Шоир, педагог ва тилшунос Элбек баракали ижод қилган бўлиб, “Армуғон”, “Меҳнат куйлари”, “Ғунчалар”, “Чирчиқ бўйларида”, “Ашулалар тўплами”, “Болалар қўшиғи”, ”Шеърлар”, “Баҳор”, “Сезгилар” каби ўнга яқин тўпламлар чоп эттирган. У қатор шеърий тўпламлар яратибгина қолмай, ўнлаб достонлар ҳам яратган. Унинг “Гўзал қиз”, “Бизники”, “Пахта”, “Ўтмишим”, “Чирчиқ”, “Батрак колхози”, “Тозагул”, “Ўзбекистон”, “Боғбон”, “Этик”, “Мерган” асарлари шулар жумласидандир. Айни чоғда адиб “Ёзув йўллари”, “Ўрнак”, “Гўзал ёзғичлар”, “Бошланғич мактабда она тили” каби қатор мактаб қўлланмалари ва дарсликлар муаллифи сифатида ҳам маълумдир.
Бир нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, Элбек 20–30-йиллар матбуотида ўзининг шеър, масал, эртак, достон ва турли мавзулардаги мақолалари билан фаол иштирок этган адибдир. Шоир ўнлаб ҳаммаслаклари каби қатағон қурбони бўлган.
Абдулла Алавий (1903-1931). Абдулла Алавий 1903 йилда Тошкент вилоятининг Пискент туманидаги Мўминобод маҳалласида зиёли оиласида таваллуд топган.1917 йилдан кейин у дастлаб Пискент, кейин Тошкентда очилган янги мактаб ва билим юртида ўқиди. Сўнг маълум вақт ўқитувчилик қилгач, Ленинградга бориб, олий таҳсил олишда давом этди ва у ердаги дорилфунунларнинг бирида ўзбек тили ва адабиётидан дарс берди.
Катта билим соҳиби бўлган Абдулла Алавий Самарқанддаги Педагогика академиясида хизмат қилган кезларида бу ерда тўпланган ўзбек олимлари ва ёзувчилари билан ижодий ҳамкорликда бўлган ва улар ҳурматини қозонган.
Абдулла Алавий ўзбек мумтоз адабиёти, адабиёт назарияси ва янги алифбо масалалаларига бағишланган мақолалар билан бирга ўнга яқин шеърлар ҳам қолдирган. 20-йиллар матбуоти саҳифаларида унинг тўйларда айтиладиган ўлан, лапар ва ёр-ёрлар ҳақидаги “Бу – диний хурофот эмас, йўл қўйингиз!”, “Лайли Мажнун ва Фарҳод Ширин”, “Янги лойиҳа: (Илмий марказ лойиҳасини қувватлаб)”, “Тил-имло соҳасида”, “Тилимиз тўғрисида бир-икки сўз” сарлавҳали мақолалари ҳамда “Англадим”, “Арслонбоб”ға” ва “Карвон” номли шеърлари эълон қилинган.
Абдулла Алавий авжи ижоди гуллаган паллада оғир хасталик туфайли 1931 йил 9 январь куни вафот этган. Шундай қилиб, биз сизларни “Тошкент вилояти тарихидан” деб номланган библиографик кўрсаткичнинг мазмун-мундарижаси билан мухтасар таништирдик. Мен бу мўъжаз китобни Тошкент вилоятининг 20–30-йиллар тарихи билан шуғулланувчи тадқиқотчилар ва бошқа соҳалар мутахассислари, шунингдек, ўз ўлкасининг яқин ўтмиши билан қизиқувчи толиби илмларга тавсия этиб қоламан.
