Annotation. This article provides a scholarly analysis of the historical evolution and contemporary transformation of library science. The development of this field is examined as a strategic factor in enhancing the intellectual potential of society through the integration of theoretical frameworks and practical application. Particular emphasis is placed on the fundamental scientific legacy of Professor A. G. Kasymova, the pioneering figure of the Central Asian school of library science, specifically focusing on her research regarding the formation of library networks in the first half of the 20th century. Furthermore, within the framework of the «mentor-student» tradition, the contribution of Associate Professor M. A. Rakhimova to the development of library-bibliographic disciplines is evaluated. This work serves as a significant scholarly resource for studying the chronology of librarianship and improving the quality of specialized professional education.
Keyword: history, Turkestan, Republic of Uzbekistan, personal, private library, red teahouse, decision, decree, centralization, council, association, teacher, student.
Аннотация. Мақолада кутубхоначилик ишининг тарихий илдизлари ва замонавий трансформация жараёнлари илмий таҳлил қилинади. Соҳанинг назарий ва амалий ривожи жамиятнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришдаги стратегик аҳамияти нуқтаи назаридан ёритилади. Тадқиқотда Ўрта Осиё кутубхонашунослик мактабининг асосчиси, профессор О.Ғ. Қосимованинг фундаментал илмий мероси, хусусан, ХХ асрнинг биринчи ярмидаги кутубхоналар тармоғининг шаклланишига доир изланишлари тизимли баён этилган. Шунингдек, устоз-шогирд анъаналари доирасида М.А. Раҳимованинг соҳавий филологик ва библиографик тадқиқотларига юксак баҳо берилади. Мақола кутубхонашунослик соҳасидаги хронологик босқичларни ўрганиш ва соҳавий таълим сифатини оширишда муҳим илмий манба бўлиб хизмат қилади.
Калит сўзлар: тарих, Туркистон, Ўзбекистон Республикаси, шахсий, хусусий кутубхона, қизил чойхона, қарор, фармон, марказлаштириш, кенгаш, ассоциация, устоз, шогирд.
Аннотация. В статье представлен научно-теоретический анализ исторических этапов становления библиотечного дела и его современной трансформации. Развитие данной сферы рассматривается как стратегический фактор повышения интеллектуального потенциала общества через интеграцию теоретических знаний и практического опыта. Особое внимание уделено фундаментальному научному наследию основоположника библиотековедческой школы в Средней Азии, профессора А. Г. Касымовой, в частности её исследованиям по формированию сети библиотек в первой половине XX века. В контексте преемственности традиций «наставник – ученик» также оценивается вклад доцента М. А. Рахимовой в развитие библиотечно-библиографических дисциплин. Работа служит важным научным источником для изучения хронологии библиотечного дела и совершенствования системы профильного образования.
Ключевое слово: история, Туркестан, Республика Узбекистан, личная, частная библиотека, красная чайхана, решение, указ, централизация, совет, ассоциация, учитель, ученик.
Кутубхонашунослик ва библиография соҳаси инсоният цивилиза-циясининг қадимий илдизларига
бориб тақалиши билан бирга, бугунги ахборот жамиятида мутлақо янги ва технологик қиёфа касб этмоқда. Ушбу соҳанинг ривожланиш эволюцияси ҳали тўлиқ ва тизимли тадқиқ этилмаган фундаментал йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Аслида, ҳар бир ахборот-кутубхона муассасасининг фаолияти ҳам тарихий, ҳам назарий жиҳатдан чуқур илмий таҳлилни талаб этади.
Бу борада фаолият юритган заҳматкаш олимларимиз ва соҳа назариётчилари томонидан муайян изланишлар олиб борилган бўлса-да, бугунги кунда уларнинг илмий меросини замонавий концепциялар асосида қайта тадқиқ этиш зарурати туғилмоқда. Соҳада олиб борилган тарқоқ илмий изланишларни умумлаштириш, уларнинг амалий аҳамиятини баҳолаш долзарб вазифадир. Зеро, кутубхоначилик ишининг истиқболдаги тараққиёт стратегиясини белгилаб олиш учун тарихий тажрибага илмий назар ташлаш ва ўтмиш сабоқларидан хулоса чиқариш объектив зарурат ҳисобланади.
Мазкур йўналишда самарали изланишлар олиб борган, оддий кутубхоначидан профессор даражасигача кўтарилган, Ўрта Осиёда ушбу соҳа бўйича ягона фан доктори бўлган йирик олимлардан бири – Осиё Ғофуровна Қосимовадир. У ҳам ўзбек, ҳам рус тилларини мукаммал билган, собиқ Иттифоқ илмий доираларида юксак ҳурмат қозонган мутахассис эди. Бугунги кунда унинг бой илмий меросини замонавий концепциялар асосида қайта тадқиқ этиш соҳа мутахассислари олдида турган долзарб вазифадир. Олиманинг илмий нуфузи нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда ҳам юксак эканлигига 2014-йили Москвада бўлиб ўтган анжумандаги маърузам давомида шахсан гувоҳ бўлганман. Россиялик етук олимларнинг у кишига бўлган чексиз ҳурмати таҳсинга лойиқ. Таъкидлаш жоизки, 1958-йилдан буён соҳада меҳнат қилаётган ҳар бир кутубхоначи ва ўқитувчини Осиё Ғофуровнанинг шогирди дейиш мумкин. Зеро, барчамиз у киши яратган дарсликлар ва илмий қўлланмалар асосида етук мутахассис бўлиб етишганмиз.
Олиманинг 1965-йилда «1917–1941-йилларда Ўзбекистонда оммавий кутубхоналар тармоғининг ривожланиши» мавзусида ҳимоя қилган номзодлик диссертацияси (267 саҳифа) соҳа тарихини ёритишда муҳим пойдевор ҳисобланади. Г.Н.Чабров раҳбарлигида тайёрланган ушбу тадқиқот ҳозирда Россия Давлат кутубхонаси фондида (61.01-7/542-5 рақами остида) сақланмоқда.
Тадқиқотнинг биринчи боби Ўзбекистоннинг қадимий кутубхоналари ҳамда Ўрта Осиё ва Россияда кутубхоначилик тарихи ҳақидаги очеркни ўз ичига олади. Унда Ўрта Осиёнинг Россия империяси томонидан босиб олинганидан кейинги даврдаги кутубхоналар ҳолати, хусусан, Тошкент Туркистон оммавий кутубхонаси фаолияти ва инқилобга қадар Туркистондаги кутубхоначилик масалалари атрофлича ёритилган. Иккинчи бобда – 1918–1924-йилларда Туркистон Автоном Республикасида кутубхоначилик ишининг шаклланиш жараёнлари таҳлил қилинган. Учинчи боб – 1924 –1932-йиллар оралиғида Ўзбекистонда кутубхоначилик соҳасининг ривожланиши ва оммавий кутубхоналар тармоғининг кенгайишига бағишланган. Мазкур бобда даврийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, 1924–1927-йиллардаги тизим ҳамда 1928–1932-йилларни қамраб олган биринчи «беш йиллик» давридаги кутубхоначилик тарихи алоҳида ўрганилган. Тўртинчи боб – 1933–1941-йилларни ўз ичига олиб, иккинчи ва учинчи «беш йилликлар» давридаги соҳа тараққиётини кўрсатиб беради. Унда СССР Марказий Ижроия Қўмитасининг 1934-йил 27-мартдаги «Совет Иттифоқида кутубхоначилик иши тўғрисида»ги қарорининг аҳамияти, соҳанинг 1938-йилгача бўлган ҳолати ҳамда 1941-йил – Иккинчи жаҳон уруши бошланишига қадар кечган ривожланиш босқичлари таҳлил этилган.
Мазкур тадқиқот ўз даври учун кутубхоначилик соҳасидаги энг йирик ҳажмдаги изланиш бўлиб, ҳам илмий, ҳам тарихий жиҳатдан юксак қийматга эга. Ишда ҳар бир даврнинг ўзига хос муаммолари, кутубхоналар фаолияти, кадрлар тайёрлаш масаласи ҳамда кутубхоналарнинг жамият тарбиясидаги ўрни кенг қамровли хулосалар орқали очиб берилган. Муаллиф ўз ишида Ўзбекистон кутубхоначилик тарихида эришилган муҳим зафарларни алоҳида қайд этади. Хусусан, Бухоро, Самарқанд ва Хива каби йирик шаҳарларда кўплаб сарой ҳамда ибодатхона кутубхоналари мавжуд бўлганлиги, уларнинг нодир фондлари ХХ асргача сақланиб келганлиги таъкидланади.
Ўрта Осиёда Европа типидаги дастлабки кутубхоналар минтақанинг Россия империяси таркибига киритилишидан сўнг пайдо бўла бошлади. Жумладан, 1870 йилда Туркистон оммавий кутубхонаси ташкил этил-ди. Ўша даврда Туркистон ҳарбий раҳбарияти ҳатто 10 нафар ҳарбий хизматчи бўлган кичик қисмларда ҳам кутубхоналар очилишига алоҳида эътибор қаратган. Бироқ мафкуравий хавфсизликни таъминлаш мақсадида китоб фондлари қаттиқ назорат остида шакллантирилган.
Вилоят ва округларда кутубхоналар, асосан, хусусий ёки жамоатчилик ташаббуси билан ташкил этилиб, аҳолига пуллик хизмат кўрсатган. XIX аср охири ва ХХ аср бошларида Қўқон ва Наманган шаҳар кутубхоналари, Самарқанд вилоятида эса кўплаб қироатхоналар фаолият юритган. 1911 йилга келиб Самарқандда ўша даврнинг энг йирик жамоатчилик кутубхонаси – Шаҳар оммавий кутубхонаси ташкил этилган.
Ўша йиллари касалхоналар, мактаблар, гимназиялар, ҳарбий госпиталлар ва ташкилотлар қошида ҳам кичик кутубхоналар ташкил этилади, улар фақат илмий жамиятлар ва ташкилот ходимларигагина хизмат кўрсатади. 1917 йилга келиб Туркистон ҳудудида 2 та оммавий, бир қанча шаҳар, бир неча пуллик, хусусий, илмий ва жамоатчилик ташкилотлари кутубхоналари мавжуд эди. ХХ аср бошларида мусулмон кутубхоналари ташкил этила бошлаган. Олима инқилобга қадар кутубхоначилик ишидаги асосий камчилик уларнинг кенг китобхонлар оммасига хизмат кўрсатишдан чекланганлиги деб кўрсатади. Ўрта Осиёнинг Россияга қўшиб олинганининг натижаси сифатида айрим кутубхоналарнинг Туркистон ўлкаси туб аҳолисига кам бўлсада хизмат кўрсатганини ёзади. 1919 йил ташкил этилган А.С.Пушкин, Т.Шевченко, В.Ганшина номли биринчи оммавий кутубхоналар диққатга сазовор эди. 1921 йилга келиб улар Халқ Комиссарлари советининг кутубхоначилик бўлими тасарруфига ўтади, ишда кутубхоначи кадрлар тайёрлаш йўналишига оид маълумотлар ҳам берилган, бирорта ҳам қишлоқ аҳолисига хизмат кўрсатадиган кутубхона мавжуд бўлмаган. Янгидан ташкил топаётган кутубхоналар эса махсус кадрларга муҳтож эди. Уларни кадрлар билан таъминлаш мақсадида Ўрта Осиёда 1- марта 2 ойлик курслар ташкил этилади. 40 та кутубхоначи Самарқандда яна қисқа муддатли курсларда 27 та кадр тайёрланади. 1920 йил бошига келиб Совет Туркистонида 174 та кутубхона, 172 та қироатхона, 178 та қизил чойхона кутубхоналари фаолият олиб борган. Иш соҳага оид дастлабки йирик тадқиқот натижаси бўлиб, сермазмун ва кутубхоначилик иши тарихини ёритувчи асосий манба бўлиб қолган.
Афсуски, ўз вақтида ушбу илмий ишни етарлича ўрганиш, таҳлил қилиш ва хулосаларини амалиётга жорий этиш имкониятидан тўлиқ фойдаланилмади. Ваҳоланки, 1920 йил 3 ноябрда «РСФСРда кутубхоначилик ишини марказлаштириш тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилингач, Туркистон АССРда ҳам соҳани марказлаштириш борасида тизимли ишлар бошланган эди.
О.Ғ. Қосимованинг тадқиқотида Туркистон ва кейинчалик Ўзбекистонда ташкил этилган барча турдаги кутубхоналар фаолияти ҳамда уларнинг жамият тараққиётидаги ўрни илк бор тарихий-таҳлилий нуқтаи назардан кенг ёритилган. Унга қадар соҳада бундай йирик кўламдаги тадқиқот мавжуд бўлмаган. Ушбу иш соҳа бўйича илмий изланиш олиб бораётган тадқиқотчилар ҳамда «Кутубхоначилик иши тарихи» фанидан дарс бераётган ўқитувчилар учун барча муҳим маълумотлар бир манбада жамлангани билан ғоят аҳамиятлидир.
Фундаментал кутубхона фондида (Д-4378 рақами остида) Осиё Ғофуровнанинг 1975 йил декабрь ойида ҳимоя қилинган «Ўзбекистонда кутубхоначилик иши тараққиётининг тарихи ва унинг меҳнаткашларни коммунистик руҳда тарбиялашдаги роли» (1917–1974 йй.) мавзусидаги докторлик диссертацияси ва автореферати (АР-33316 рақами остида) сақланмоқда. Мазкур тадқиқот номзодлик ишидан етти йил ўтиб якунига етказилган.
Диссертация Тошкент давлат маданият институтида тайёрланган бўлиб, унга тарих фанлари доктори, профессор, ЎзФА мухбир аъзоси Р.Х. Аминова илмий маслаҳатчилик қилган. Расмий оппонентлар – Е.Л. Немировский (матндаги У.А. Немировский аниқлаштирилди) ва С.Х. Носирхўжаев, етакчи ташкилот эса Н.К. Крупская номидаги Ленинград давлат маданият институти бўлган. Диссертациянинг автореферати АР-37998-сонли инвентар рақами остида сақланади, Ўзбекистон 1975 йил ФА Тарих институтида ҳимоя қилинган ва 1982 йил октябрь ойида қайта ҳимоя қилинган. Назаримда 1975 йилги иши ОАК тасдиғидан ўтмаган ва ўзгартириш киритиш талаб этилган. Бу ишнинг титул варағида илмий раҳбар ҳам ёки маслаҳатчи ҳам кўрсатилмаган. Фақат 05.25.03-библиографи ва кутубхонашунослик мутахассислиги, «07.00.02 СССР тарихи» индекси остида ҳимоя қилинган. Мазмун жиҳатидан катта ўзгариш йўқ, аммо таркибий тузилишда ўзгариш бор. 1975 йилги нусхаси 361 саҳифадан иборат бўлиб, титул варағида 1974 йилгача деб кўрсатилган бўлса, 1982 йилги нусхаси 370 саҳифадан иборат ва 1975 йилгача деб кўрсатилган. Маълумки, 1974 йил 25 майда ҳукуматнинг «Меҳнаткашларни коммунистик руҳда тарбиялашда кутубхоналарнинг ролини ошириш тўғрисида» ги қарори ўша давр учун муҳим эди ва диссертант 2-вариантда 1975 йилгача деб кўрсатиб, қарор асосида кутубхоналарнинг ролини кўрсатган. Иккинчи вариант мазмуни жиҳатидан сифатли тайёрланган, бунда албатта илмий маслаҳатчи Р.Аминованинг таъсири катта.
Фундаментал кутубхонанинг диссертациялар фондида 5054-рақами остида Қосимованинг 1982 йилда докторлик илмий даражаси учун тайёрлаган «Ўзбекистон ССРда кутубхоначилик иши тараққиёти тарихи ва меҳнаткашларни коммунистик руҳда тарбиялашда унинг роли» (1917-1975 йй) номли бироз ўзгартирилган иши ҳамда автореферати сақланмоқда. Албатта, диссертациянинг сифати, мазмуни, илм учун, амалий тараққиёт учун аҳамияти кўп жиҳатдан илмий раҳбарнинг талабчанлигига, назоратига, билимига, илмда тутган ўрнига боғлиқ.
Мен Осиё Ғофуровнанинг ўз илмий маслаҳатчиси Раҳима опа (Р.Х. Аминова) билан ҳақли равишда фахрланганига кўп бор гувоҳ бўлганман. Олиманинг докторлик диссертацияси учта йирик бобдан иборат бўлиб, соҳа тарихини чуқур таҳлил этади.
Биринчи боб «Ўзбекистонда социализм қурилиши ва ғалабаси даврида кутубхоначилик ишининг ташкил этилиши ҳамда тараққиёти» деб номланган. Унда 1917 йил июнидан 1941 йилгача бўлган даврда кутубхоналар тармоғининг шаклланиши, уларнинг давлат сиёсати ва маънавий-маърифий жараёнлардаги ўрни, шунингдек, урушгача бўлган беш йилликлар давридаги фаолияти учта бандда ёритилган:
1-параграфда кутубхоналар тармоғининг пайдо бўлиши ва моддий-техник базасининг мустаҳкамланиши масалалари тадқиқ этилган.
2-параграфда Ўзбекистон кутубхоналарининг урушгача бўлган даврдаги ижтимоий-иқтисодий ва қурилиш вазифаларини ҳал этишдаги фаол иштироки таҳлил қилинган.
Академик Азизхон Қаюмов О.Қосимованинг илмий фаолиятига юксак баҳо бериб, олиманинг ўзбек илм-фанида тутган ўрнини алоҳида эътироф этганлар. Азизхон ака мен билан бўлган суҳбатларида Осиё опанинг бошлаган ишларини изчил давом эттириш лозимлигини бир неча бор таъкидлаб, буни менга муҳим вазифа сифатида уқтирган эдилар.
Диссертациялари асосида О.Қосимова турли йилларда кутубхоначилик иши тарихига оид ўқув қўлланмаларини нашр этди. Кўплаб Россиялик устозларининг дарсликларини, ўқув қўлланмаларини ўзбек тилига таржима қилди. Хулоса қилиб айтиш мумкинки, О.Қосимова томонидан бир-бирини давом эттирувчи ва тўлдирувчи бу икки диссертация ишининг аҳамияти катта эканлигини тушуниб етишимиз керак. Турли сабаблар билан илмий тадқиқот иши ўз вақтида ўрганилмади, эътибор берилмади, лекин мени ҳайратга солган нарса – иш учун олинган даврнинг катталиги, мазмуннинг сермаънолиги, кўриб чиқилган адабиётларнинг ва архив материалларининг ҳажми, ҳар бир даврнинг жамият тарихи, тараққиёти билан узвий боғлиқликда очиб берилганидир.
Иккинчи боб иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистон кутубхоналарининг фронт ва фронт ортидаги фаолиятига бағишланган. Шунингдек, унда урушдан кейинги йилларда мамлакат иқтисодиётини тиклаш борасидаги кутубхоналар хизмати ҳамда кейинги беш йилликлар давридаги соҳа тараққиёти изчил ёритилган.
Учинчи боб 1959 йилда ҳукумат томонидан қабул қилинган «Мамлакатда кутубхоначилик ишининг аҳволи ва уни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорнинг мазмун-моҳиятини таҳлил қилиш билан бошланади. Бобнинг иккинчи параграфида қуйидаги муҳим масалалар тадқиқ этилган:
Аҳолига кутубхона ва ахборот хизмати кўрсатишнинг ягона тизимини такомиллаштириш;
Китобхонларни тарбиялаш жараёнида китоб фондларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;
Кутубхоналарнинг ғоявий-маърифий ишларини асосий йўналиш сифатида ривожлантириш.
Диссертация якунида кенг қамровли адабиётлар рўйхати илова қилинган. Тадқиқотнинг манбалар базаси нақадар салмоқли эканлигини ундаги 291 та адабиёт, 369 та архив ҳужжати ҳамда 10 та диссертация рўйхати келтирилганлигидан ҳам билиш мумкин.
Ўзбекистонда кутубхоначилик иши тарихини турли давр ва йўналишларда Б.Каримов 1941-1974 йилларни ўз ичига олган «Ўзбекистон ССР илмий кутубхоналари тараққиёти», Раҳимова М.А. 1917-1941 йилларни ёритиб берган «Ўзбекистон ССРда илмий кутубхоналарнинг ривожланиш тарихи» (1973 й.) каби ишлар амалга оширилган. Келгусидаги вазифамиз – устозларнинг ишини давом эттириш. Замон талабларидан келиб чиқиб улар ўрганган даврдан бу ёғини илмий тадқиқ қилиш зарур. Чунки ҳар бир даврда яратилган асар ўша давр сиёсати, иқтисоди, маънавияти, маданияти таъсирида дунёга келади, ўша давр вазифаларини амалга оширишга хизмат қилади, ўша давр идеологиясига таъсир қилади ва бу идеология яратилаётган асарларга таъсирини ўтказади. Чунки кутубхоначилик иши, айниқса, китобхонларга хизмат кўрсатиш, уларни китоб ёрдамида тарбиялаш шу макон ва замондан ташқарига чиқиб кета олмайди. Энди бизнинг вазифамиз кутубхоначилик иши тарихини янгитдан яратиш. Келгуси авлодларга аниқ, илмий ва тарихий жиҳатдан асосланган маълумотларни қолдиришдан иборат.
ФКнинг диссертациялар фондида Малоҳат Асадовнанинг 1975 йилда ҳимоя қилган «История развития научных библиотек в Узбекской ССР»(1917-1941гг) номли диссертацияси Д-3593 рақами остида сақланади. Илмий раҳбари ўша пайтда тарих фанлари номзоди, доцент Осиё Ғофуровна Қосимова бўлган. Иш мундарижаси унинг уч бобдан иборатлигини кўрсатади, Биринчи бобда Ўзбекистонда илмий кутубхоналарнинг ташкил этилиши ва тараққиёти масаласига боғлиқлигини, Иккинчи боб 1929-1941 йилларда Ўзбекистонда илмий кутубхоналарнинг кейинги ривожланиши масалаларига боғлиқлигини кўрсатади. Биринчи бобнинг бўлимларида Туркистон АССРда дастлабки йилларда партия ва ҳукуматнинг кутубхоначилик иши соҳасида олиб борган сиёсати, тадбирлари, унинг илмий кутубхоналар тараққиётидаги ўрни масаласи ёритиб берилган. Йигирма саҳифалик кириш сўзидан сўнг биринчи боб бошланади. Кириш қисмида кутубхоналар тарихи ҳақида маълумотлар, ўша пайтда ҳукумат раҳбарлари ва зиёли шахслар томондан кутубхоналарга бўлган эътибор, тадбирлар, ечимлар ҳақида ёзади. Асосий маълумотлар ўша даврда «Халқлар доҳийси» деб танилган, сиёсатчи В.И.Лениннинг кутубхоналарга муносабатига тўхталган. Кутубхоналарнинг ўзи яшаб турган давр сиёсати, иқтисоди, маданиятига кўра вазифаларни белгилаб олиши, ўша давр учун хизмат қилганини ёритган. Тарихда биринчи бор барча кутубхона фондлари миллионлаб ишчилар, колхозчилар, зиёлилар эътиборига ҳавола қилинди. 1918 йил 26 июнда эълон қилинган Халқ Комиссарлари Советининг «Россия Республикасида халқ таълими ишини ташкил этиш тўғрисида»ги биринчи декретида халқ таълими бўлимларини тузиш масаласи бош мезон қилиб белгиланди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, кутубхоналар турларига қараб уларнинг зиммасига қуйидаги муҳим вазифалар юклатилди:
Оммавий кутубхоналар олдига: илғор иш тажрибаларини ёритувчи адабиётларни кенг китобхонлар оммасига етказиш, аҳолини долзарб нашрлар – газета, журнал, китоб ва рисолалар билан мунтазам таъминлаш ҳамда жаҳон адабиёти дурдоналаридан баҳраманд қилиш вазифаси қўйилди.
Илмий кутубхоналар зиммасига: барча билим соҳаларига оид илмий ва зарур ўқув адабиётларини тарғиб қилиш, янги давр кишисини тарбиялаш жараёнида фаол иштирок этиш мажбурияти юкланди. Бу ислоҳотлар кутубхоналарнинг мамлакатдаги маданий қурилиш дастурини амалга оширишда энг муҳим ва ажралмас бўғинга айланишига хизмат қилди. Ўша даврда бу борада олиб борилган илмий ишлар, асосан, оммавий кутубхоналар, қироатхоналар, ўқув заллари фаолиятига боғлиқ бўлиб, илмий кутубхоналар фаолияти деярли ўрганилмаган, тадқиқ этилмаган. Биргина Е.К.Бетгернинг фаолияти Ўзбекистонда кутубхоналарни ташкил этиш билан боғлиқлиги сабабли илмий кутубхоналарнинг тарихи билан боғлиқ.
Шу сабабли М. Асадовна (Раҳимова) мазкур илмий тадқиқот ишини амалга оширишга киришди. У ўзининг «Кутубхоначилик таълими» китобида 1925 йилда нашр этилган «Тошкентнинг илмий кутубхоналари» мақоласини, Туркистон Давлат кутубхонасининг 1923 йилги ҳисоботини, «Фан ва маориф» журналининг 1922 йил 2-сонидаги нашрларни ҳамда «ЎзССРда 15 йил ичида халқ таълими» мақоласини асосий манбалар сифатида кўрсатиб ўтгани бежиз эмас. Раҳимова кутубхоналар тарихи ва фаолиятига доир бир қатор асарларни чуқур ўрганиб, архив материаллари асосида Ўзбекистонда илмий кутубхоналарнинг ташкил этилиши, фаолият хусусиятлари ва тараққиёт босқичларини тизимли ёритишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.
Тадқиқотнинг яна бир муҳим вазифаси – Давлат оммавий ва фундаментал кутубхоналарининг Ўзбекистонда илмий билимларни ёйишда, меҳнаткашларни ўша давр мафкураси (марксча-ленинча ғоялар) руҳида тарбиялашда ҳамда «маданий инқилоб» ғалабасини таъминлашдаги ўрнини кўрсатиб беришдан иборат эди. Албатта, ушбу вазифалар бевосита ўша даврнинг ижтимоий-сиёсий хусусиятлари билан белгиланган. Муаллиф ўз тадқиқотида илмий кутубхоналарнинг олий маълумотли мутахассислар ва илмий кадрлар тайёрлашдаги иштирокини ёритиш, соҳа тараққиётида давлат бошқарувининг аҳамиятини таҳлил қилиш ҳамда мазкур муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни асослаб бериш вазифасини ўз олдига қўйган. Шу вазифаларни амалга оширишда дуч келинган муаммоларни кўрсатади. Илмий ишнинг биринчи боби тарихий ва илмий аҳамиятга эга. Унда кутубхоналарнинг ташкил этилиш тарихи берилади. Тадқиқотда янги қироатхоналар, кутубхоналар ва турли жамиятлар қошидаги китоб масканларининг ташкил этилиш мақсадлари ҳамда ўзига хос хусусиятлари ёритилган.
Алоҳида қайд этиш жоизки, 1920 йил
3 ноябрда В.И. Ленин имзолаган РСФСР Халқ Комиссарлари Советининг «Кутубхоначилик ишини марказлаштириш тўғрисида»ги қарори соҳа ривожида муҳим бурилиш ясади. Шунингдек, Халқ Комиссарлари Кенгашининг 1919 йил 30 майдаги йиғилишида кутубхоначилик ишига раҳбарликни яхшилаш мақсадида Маориф комиссарлиги таркибида махсус кутубхона бўлими ташкил этилиши белгиланди. Ушбу бўлим ўз фаолиятида энг тажрибали мутахассислар меҳнат қилаётган Туркистон халқ кутубхонасига таяниши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Мазкур бўлимнинг биринчи бошлиғи этиб 1919 йил 12 майда тажрибали кутубхоначи ва библиограф Е.К. Бетгер тайинланди. Ўлка бўйича инспектор лавозимида эса илгари Туркистон Рус география жамияти кутубхонасида фаолият юритган Б.И. Смолин иш бошлади.
1919 йил 14 апрелда Туркистон АССР Халқ комиссарлари советининг «Туркистон ўлкаси кутубхоналарини миллийлаштириш» фармони эълон қилинди. Ҳудуддаги барча турдаги кутубхоналар давлат мулкига ўтказилди Маорифга бўйсунадиган бўлди. 1920-1921 йилларда кутубхоналар тизими кенгайди. 1919 йил май ойида Москвада мактабдан ташқари таълимга бағишланган Биринчи Бутуниттифоқ съезди бўлади. Ўзининг нутқида В.И.Ленин кутубхоналар масаласига алоҳида тўхталиб ўтади. «РСФСРда кутубхоналар ишини марказлаштириш» номи билан декрет тайёрланади. 1920 йил ноябрь ойида Ленин Бош сиёсий маориф қўмитаси (Главполитпросвет) ҳақидаги декретни имзолайди. Бу ҳужжатда унинг асосий вазифалари, жумладан, кутубхоналарнинг асосий типларини аниқлаш, бир тизимга бирлаштириш, китобларнинг кутубхоналар ўртасида айланишини ташкил этишни белгилаш юклатилди. 1921 йил бу ҳужжат асосида Туркистон Республикасида Турксиёсий маориф (Туркполитпрсвет) ҳақидаги ҳужжат қабул қилинди. Кутубхоначилик ишини тўғри ташкил этиш масаласига бағишланган республика кутубхоначи ходимларининг конференцияси 1923 йил ўтказилади. ХКС ҳузуридаги илмий кутубхоналар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилган. Бу пайтга келиб, Тошкентнинг ўзида 4 та илмий кутубхона бўлган. Уларнинг ишини бошқариб туриш учун ҳар бир вилоят маориф бўлимида кутубхоначилик бўлимлари ташкил этилган. Туркистон АССР ХКС қошида илмий кутубхоналарни мувофиқлаштирувчи комиссия иш олиб боради. Шу тахлит муаллиф республикада мавжуд барча илмий кутубхоналар, олий ўқув юртлари кутубхоналари фаолияти, китоб фондларини ташкил этиш, китобхонларга хизмат кўрсатиш, Туркистон халқ кутубхонаси тарихи (Б.52-74) ни ёритади. Кутубхона 1924 йилдан бошлаб Ўрта Осиё кутубхонаси деб номланади. Ўша пайтда фаолият юритган Н.А.Буров, А.А.Гаррицкий, Е.К.Бетгер каби кўзга кўринган кутубхоначиларнинг илмий фаолиятларини ҳам ёритади.
Ишнинг 126-бетида айнан Фундаментал кутубхона ташкил этилишига оид маълумотлар берилган. 1932 йил 4 октябрда ЎзССР Марказий ижроия қўмитаси Президиумининг Қарори билан республикада Илмий қўмитани ташкил этиш тўғрисидаги масала ҳал этилади. 1933 йил 13 июлдаги қарорга ҳамда 1933 йил 1 сентябрдаги Фан қўмитасининг таклифига кўра, барча илмий ва илмий-тадқиқот институтлари ХКС га ўтказилади. 4 йилдан сўнг 1938 йил яна ХКСнинг кутубхоначилик бошқармаси тасарруфига ўтади. 1933 йилга келиб кутубхона аввалгидек муҳим илмий марказлигини сақлаб қолди, халқ хўжалигининг барча соҳалари учун кадрлар тайёрлашда аҳамияти ошиб борди, кутубхонашунослик ва библиография бўйича илмий услубий марказ бўлиб қолди. 1930 йилга келиб 120 ўринли ўқув залига эга бўлди.1934 йили Фан қўмитаси қошида Ўзбек кутубхонашунослик ва библиография илмий жамияти ташкил топди. Яна илмий ва махсус кутубхоналар ишини яхшилаш мақсадида Фан қўмитаси таркибида Архив-кутубхона комиссияси тузилади. Комиссия таркибига Оммавий ва олий ўқув юрти ку-
тубхоналари вакиллари ҳам киритилган. 1934 йил май ойида Тошкентда кутубхона ходимлари слети бўлди. 1935 йил Халқ комиссари Рузибоев илмий кутубхоналар ассоциацияси тўғрисидаги низомни тасдиқлади.
1940 йилга келиб Фундаментал кутубхона штати 1933 йилги 6 кишидан 17 тага ошди. Кутубхона фонди 80 минг нусхага етди. 1920 йил бўлиб ўтган Республика 2-қурултойи Самарқанд оммавий кутубхонасини Ўзбекистон бутун халқ кутубхонасига айлантириш ҳақида қарор қабул қилади. 1925 йил 2 апрелдан республика пойтахти Самарқанд шаҳри эди. 1936 йилгача давлат тарихи музейи билан битта бинода хизмат қилган бўлса, кейинчалик бутун бино кутубхонага берилади. 1936 йили кутубхона фонди 88 мингга яқинлашди (87 473 нусха). 1936 йил декабрь ойида рус шоири А.С.Пушкин ўлимининг 100 йиллиги нишонланади, 1937 йил февралда Самарқанд халқ кутубхонаси ташкил топганининг 25 йиллиги муносабати билан А.С. Пушкин номини бериш сўралади. 1937 йил 10 февралда «Қизил Ўзбекистон» газетасининг сонида Ўзбекистон Халқ комиссарлари советининг шоир номини кутубхонага бериш ҳақидаги қарори чоп этилди. 1936 йилдан шаҳар ижроия қўмитасининг қарори билан китобхонларнинг уйига китоб бера бошлади. Шу тахлит республикада илмий кутубхоналар фаолияти ёритиб берилган.
Тадқиқотда соҳа олдига қўйилган вазифаларни амалга оширишда дуч келинган муаммолар атрофлича таҳлил қилинган. Ишнинг биринчи боби алоҳида тарихий ва илмий аҳамиятга эга бўлиб, унда кутубхоналарнинг ташкил этилиш тарихи, янги қироатхоналар ва турли жамиятлар қошидаги китоб масканларининг мақсад ҳамда вазифалари очиб берилган.
Муаллиф 1919 йил 14 апрелда эълон қилинган Туркистон АССР Халқ Комиссарлари Советининг «Туркистон ўлкаси кутубхоналарини миллийлаштириш тўғрисида»ги фармонига алоҳида тўхталади. Унга кўра, ҳудуддаги барча турдаги кутубхоналар давлат мулки деб эълон қилинди ва Маориф комиссарлиги тасарруфига ўтказилди. 1919 йил май ойида Москвада бўлиб ўтган мактабдан ташқари таълимга бағишланган I Бутуниттифоқ съездида В.И. Ленин кутубхоналар масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. Бунинг мантиқий давоми сифатида 1920 йил 3 ноябрда РСФСР ХКСнинг «Кутубхоначилик ишини марказлаштириш тўғрисида»ги декрети қабул қилинди.
Маориф комиссарлиги қошида кутубхоначилик ишига раҳбарлик қилиш учун махсус бўлим ташкил этилиб, унинг фаолиятида Туркистон Халқ кутубхонасининг тажрибали мутахассисларига таяниш белгиланди. Мазкур бўлимнинг биринчи бошлиғи этиб 1919 йил 12 майда таниқли библиограф Е.К. Бетгер тайинланди. Ўлка бўйича инспектор лавозимида эса илгари Туркистон Рус география жамияти кутубхонасида фаолият юритган Б.И. Смолин иш бошлади.
1923 йилда республика кутубхона ходимларининг биринчи конференцияси ўтказилди. Бу даврга келиб Тошкентда 4 та йирик илмий кутубхона фаолият юритаётган эди. Уларнинг ишини мувофиқлаштириш учун Туркистон АССР ХКС ҳузурида махсус комиссия тузилди, вилоят маориф бўлимларида эса кутубхона шўъбалари ташкил этилди.
Хулосада эса жамият тараққиётида, илм-фан ривожида илмий кутубхоналарнинг аҳамияти кўрсатилади, белгиланган давр ичида уларда фонднинг бойиб бориши, кадрлар тайёрлаш ва таъминлаш, фаол, онгли китобхонни тарбиялаш масалаларини янада кенгроқ ҳал этиш муаммолари ёритилган. Ишга жуда кенг фойдаланилган адабиётлар рўйхати, айниқса, соҳага оид тарихий, илмий адабиётлар, партия ва ҳукумат томонидан эълон қилинган давлат ҳужжатлари ва бошқа адабиётлар рўйхати, нашр этилмаган ҳужжатлар рўйхати, архив манбалари, газеталар номи (жами 21 бет), 1929-1932 йилларда китоб нашр қилиш ишининг ривожини акс эттирувчи жадвал, ҳозирги Миллий кутубхона фондининг ўсиши (1930-1940 йиллар), китобхонлар сонининг таркиби ва ўсиш даражаси, ҳамда бошқа кўрсаткичлар жадвалларда берилган. Бу ҳозирги даврда ҳам кадрлар тайёрлаш соҳасида талабаларга тарихий нуқтаи назардан аҳамиятга эга ва бундай илмий ишлар соҳамиз ривожида муҳим аҳамият касб этади. Ишнинг фойдаланилган адабиётлар рўйхати қисми ҳам каттагина ҳажмга эга. Унинг 1-қисмида марксизм-ленинизм классикларининг асарлари рўйхати берилган. Бу ҳар бир давр хусусиятидан келиб чиқиб тузилган рўйхат. Унда 32 та рақам остида В.И.Ленин асарларининг рўйхати, 1 та Ленин ҳақидаги ҳужжат, 2-қисмда 34 та рақам остида ҳукумат қарорлари, директивалари, съезд материаллари рўйхати илова қилинган. Ундан сўнг эса адабиётлар рўйхати берилган. 80 та рақам остида мавзуга оид адабиётлар, 16 та маълумотнома нашрлар, 7 та нашр этилмаган асарлар,3 та саҳифада архив ҳужжатлари, 2 та саҳифада газета ва журналлар рўйхати берилган.
2024 йилда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида Азимова Дилноза Шерзодовна махсус педагогика йўналиши бўйича «Эшитишида нуқсони бўлган ўқувчиларнинг китобхонлик компетенцияларини ривожлантириш» мавзусидаги илмий ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. Тадқиқотга педагогика фанлари доктори, профессор З.Н. Мамаражабова илмий раҳбарлик қилди.
Уч бобдан иборат бўлган мазкур ишнинг мавзуси ғоят долзарб бўлиб, буни қуйидаги омиллар билан асослаш мумкин:
Жаҳон тажрибаси ва халқаро интилишлар:
Бугунги кунда дунё таълим муассасаларида эшитишида нуқсони бўлган ўқувчиларнинг китобхонлик компетенцияларини ривожлантириш ва сўз бойлигини оширишга қаратилган инновацион технологиялар амалиётга кенг татбиқ этилмоқда. Хусусан, ЮНЕСКОнинг 2030 йилгача мўлжалланган халқаро таълим концепциясида «Бутун ҳаёт давомида сифатли таълим олиш имкониятини яратиш» стратегик вазифа этиб белгиланган. Ушбу доирада имконияти чекланган болаларни адабий таълим асосида ўқитиш, уларда аналитик қобилиятларни шакллантириш ҳамда коммуникатив компетенцияларни ривожлантиришга йўналтирилган йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Илмий-тадқиқот йўналишлари:
Халқаро илмий доираларда ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиларининг китобхонлик кўникмаларини ривожлантиришда креатив таълим технологиялари самарадорлигини ошириш ва мутолаага бўлган мотивацияни кучайтириш устувор вазифа саналади. Ўқитишнинг интенсив усуллари ҳамда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш орқали адабий таълим сифатини оширишга доир изланишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Миллий қонунчилик ва ислоҳотлар:
Республикамизда сўнгги йилларда таълимда алоҳида эҳтиёжлари бўлган болаларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг интеллектуал, психологик ва ижтимоий ривожланишини таъминлаш борасида мус-таҳкам ҳуқуқий-меъёрий база яратилмоқда. Таълим тизимини ривожлантириш, инклюзив таълим самарадорлигини ошириш ва ижтимоий ночор қатламларнинг сифатли билим олишини кафолатлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишлари этиб белгиланди. Натижада, ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларида сенсор ёки руҳий нуқсонлари бўлган ўқувчиларни ўқитиш ва тарбиялаш сифати янги босқичга кўтарилмоқда.
Тадқиқотнинг илмий-назарий асослари:
Мазкур эҳтиёжманд китобхонлар гуруҳининг мутолаа маданиятини шакллантириш масалалари ишнинг биринчи бобида батафсил ёритиб берилган. Тадқиқотда белгиланган вазифалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ҳамда «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги фармон ва қарорларида белгиланган мақсадларга ҳамоҳангдир.
Иш якунида эшитишида нуқсони бўлган болаларнинг китобхонлик малакасини шакллантириш бўйича қуйидаги амалий тавсиялар берилган: Коррекцион мақсадларни диагностик тарзда белгилаш, комплекс ёндашувга йўналтирилган китобхонлик маданиятини шакллантиришнинг коррекцион, кўргазмалилик, барқарорлик ва тизимлилик, китобхонларга индивидуал ёндашув тамойилларининг узвий боғлиқлигини таълим мақсадларига босқичма-босқич оптималлаштириш;
Эшитишда нуқсони бўлган ўқувчиларнинг китобхонлик компетенциясини ривожлантириш танқидий фикрлаш, лойиҳалаш, мутолаа-таҳлил, оғзаки тасвир, муаммоли ўқитиш, эвристик суҳбат, рефлексив таҳлил ва имо-ишорали мутолаа, компонентли таҳлил, библиографик таҳлил методлари интеграцияси узлуксизлигининг педагогик яхлитлигини таъминлашга фронтал устуворлик бериш асосида қўллаш;
Эшитишда нуқсони бўлган ўқувчиларнинг айрим асарлар юзасидан ўзлаштирган адабий тушунчаларини бошқа асарлар таҳлилида қўллашга йўналтириш асосида адабий тушунчалар билан қуроллантиришда таълимнинг суҳбат, баҳс-мунозара, адабий таҳлил, муаммоли таҳлил, қиёсий таҳлил сингари мантиқий метод ва интерфаол усулларидан бевосита бадиий матн таҳлили жараёнида фойдаланиш.
1925 йил Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева Миллий кутубхонанинг 155 йиллиги олдидан Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти Илмий кенгашида мавзусида илмий ишини ҳимоя қилди. Миллий кутубхонанинг 100 йиллиги муносабати билан монография нашр қилинган эди. Аммо шу кунга қадар алоҳида илмий тадқиқот иши ҳимояга қўйилмаганди. Диссертацияда кутубхонанинг ташкил топиши, шаклланиши, тараққий этиб бориш босқичлари ҳужжатлар асосида ёритиб берилди. Ишнинг умумий хулоса қисмида кутубхона фондининг бойиб бориш манбалари, турли босқиларда китобхонларга хизмат кўрсатиш хусусиятлари, пуллик хизмат кўрсатиш тарихи ҳақида натижалар кўрсатилган ва бундан кейинги алоҳида аҳамиятга эга ишлар тавсия қилинади, булар айтганимдай, кутубхоналарни алоҳида олиб ўрганиш, улар юзасидан монографиялар, дарсликлар, ўқув қўлланмалари яратиш. Тарихда Малоҳат Асадовна ва Боқибилло Каримовлар даврларга ажратиб Ўзбекистонда илмий кутубхоналар тарихини ўрганган эдилар. Кейинги мақолаларимизда улар ҳақида янада батафсилроқ маълумот берамиз.
Маълумки, устозимиз Осиё Ғофуровна Қосимова 1965 ва 1982 йилларда Туркистон ҳамда Ўзбекистон кутубхоналари тарихини илмий тадқиқ қилган эди. Шундан буён ўтган давр мобайнида кутубхоналар тарихига оид йирик изланишлар деярли олиб борилмади. Ваҳоланки, ҳозирги кунда кутубхоналар мавзуси ҳар қачонгидан ҳам долзарб ва муҳим аҳамият касб этмоқда. Жамият тараққиёти, инсон камолоти ва илм-фан ривожида кутубхоналарнинг ўрни беқиёсдир. Юртимизда ушбу йўналиш бошқа мамлакатларга нисбатан ҳали тўлақонли тадқиқ этилмаганлигини инобатга олсак, янги илмий ишлар келгусида кадрлар тайёрлаш тизимида асосий манба бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Шу ўринда, 2024 йилда Тошкент шаҳар «Билим» кутубхонаси директори, Олий Мажлис депутати Ҳафизахон Қўлдошевна Каримова педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун «Китобхонликка қизиқтириш асосида хотин-қизлар ижтимоий фаоллигини ошириш» мавзусида (илмий раҳбар: доцент А. Абдуазизов) диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Уч бобдан иборат ушбу ишда китобхонликнинг назарий асослари, ҳукуматимизнинг ушбу соҳадаги сиёсати, қарор ва фармонлар ижроси ҳамда республика миқёсидаги тажриба-синов ишларининг самарадорлиги кенг ёритилган. Бироқ, кўриб чиқилган барча илмий ишларда афсусланарли бир ҳолат кузатилмоқда: библиографик рўйхатлар жуда кўплаб хатолар билан берилган. Бошқа соҳа вакилларининг ишларида ҳам бунчалик ноаниқликлар учрамайди. Бу ҳолат биз – кутубхоначи-библиографлар учун оғриқли масаладир, зеро биз айнан библиографик ёзувларни шакллантириш бўйича асосий мутахассис ҳисобланамиз.
Шунингдек, Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти ҳузуридаги Илмий кенгашда М. Я. Ҳакимованинг «Мактаб кутубхоналарида ўқувчилар мутолаа маданиятини шакллантиришнинг ташкилий-услубий асослари» мавзусидаги иши ҳимоя қилинди. Диссертациянинг биринчи бобида 1–4-синф ўқувчиларида мутолаа маданиятининг илмий-назарий асослари, иккинчи бобида ташкилий-услубий жиҳатлари, учинчи бобида эса ўтказилган тажрибавий тадбирлар натижалари таҳлил қилинган.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Касимова А.Г. История развития библиотечного дела в Узбекской ССР и его роль в коммунистическом воспитании трудящихся(1917-1975 гг.): дисс. на соиск... учен.степени доктора ист.наук.-Ташкент, 1982 .-370 с.-Ин-т истории АН.Уз.
2. Раҳимова М. А. История развития научных библиотек в Узбекской ССР 1917-1941 гг.)научн.руков. А.Г.Касымова.-Ташкент, 1975.-228 с.
3. Тешабаева У.А. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси: ташкил топиши, ривожланиш босқичлари, бугунги ҳолати: Тарих фан. Бўйича фалсафа доктори (PhD илмий даражасини олиш учун тайёрланган дисс. Илмий раҳбар И. Юлдашев).- Ташкент, 2024.
-160 б.
4. Азимова Д. Эшитишда нуқсони бўлган ўқувчиларининг китобхонлик компетенсияларини ривожлантириш: педагогика фан. бўйича фалсафа доктори (PhD илмий даражасини олиш учун тайёрланган дисс. Илмий раҳбар З.Н. Мамаражабова. - Ташкент, 2024.-160 б.-эл. Вар.
5. Каримова Ҳ.Қ. Китобхонликка қизиқтириш асосида хотин-қизлар ижтимоий фаоллигини ошириш : педагогика фан. бўйича фалсафа доктори (ПҳД илмий даражасини олиш учун тайёрланган дисс. Илмий раҳбар А. Абдуазизов.- Ташкент, 2025.-201 б.-эл. Вар.
