Книга – одно из основных изобретений человечества. Она имеет важную роль в жизни человека, в развитии общества, культуре, образовании, науке, технике. Она дает основную информацию о развитие экономической, культурной, духовной жизни человека, общества того времени, когда она создана. В ней отражаются все человеческие мысли, идеи, цели и устремления.
В обществе есть такая профессия, которая воспитывает человека через книги, через знания с помощью информационно-библиотечных ресурсов, представляя людям радость и удовольствие. Эта профессия – библиотекаря и библиографа. Профессор, кандидат педагогических наук, наш наставник Эргаш Юлдашев всю свою жизнь посвятил воспитанию и подготовке библиотечных кадров с высшим образованием, общаться с людьми, делится знаниями и указать правильный путь в жизни. Статья рассказывает о деятельности профессора которому в этому году исполнится 75 лет.

Инсоният томонидан кашф қилиниб, ҳеч қачон қадрини йўқотмаган мўъжизалардан бири китобдир. Шунинг учун китоб азиз, кутубхоналар муқаддасдир. У ерда ишлашнинг ҳам масъулияти, шарафи бор. Ушбу шарафли соҳада ана шундай фидойи ва ўз касбининг устаси бўлган одамлардан бири – профессор Эргаш Йўлдошев эди. Эргаш акага ўхшаган китобни севувчи, китобхон ватандошларини ўйловчи инсонлар туфайли халқимиз орасидан фан арбобларию, бадиий сўз усталари, давлат арбоблари ва иқтисодиётимизни юксакликларга кўтараётган ишчи-деҳқонлар, ўзбекни оламга танитаётган санъаткору, спорт усталари етишиб чиқишида у инсонга ўхшаган фидойи соҳа ваклларининг ўрни катта.

Эргаш Йўлдошев 1941 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Эргаш ака яшайдиган маҳаллага яқин жойда Тошкент вилояти кутубхонаси бўлиб, мактабдан қайтган кезларида ота-онага қарашгандан сўнг кутубхонага келар, мактабида тавсия этилган болалар адабиётига оид китобларни имкон даражасида олиб ўқир ва завқланарди. Шу завқ Эргаш Йўлдошевни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтига етаклайди. Албатта, у кутубхоначилик касбини танлаганда «Йигит кишига кутубхоначилик ҳам касбми?» – дегувчилар топилади. Ёшликдан қалбини забт этган китоблар олами Эргаш акада мазкур соҳада ўқиш, кутубхонада ишлаш имконини яратди. У институтни қизил диплом билан тугаллади.

Эргаш Йўлдошев дастлаб вилоят кутубхонасидаги кутубхоначи вазифасидан кейинчалик кутубхона директоригача бўлган вазифалар йўлини босиб ўтди. Кутубхонадаги фаолияти давомида вилоятнинг турли туманларига бориб, олис қишлоқлардаги кутубхоналар ҳолатини яхшилашга ўз ҳиссасини қўшди. Вилоят, республика миқёсида ўтказиладиган соҳа бўйича анжуманлар ва илмий йиғинларда кутубхонашунослик, библиография ва китобхонлик масалалари юзасидан ўрганган билим ва ҳаётий тажрибалари, илмий хулосаларини дадиллик билан ўртага ташлар эди. Эргаш акадаги бундай иқтидордан хабардор бўлган институт олимлари уни 1971 йили кутубхоначилик факультетига ишга таклиф этишади. Дастлаб, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтида, кейинчалик 1974 йили янги ташкил этилган Тошкент Дав-лат маданият институтининг кутубхоначилик факультетида ўқитувчилик қилади. Эргаш Йўлдошев талабалар билан дарс чоғида ҳар қандай тараққиётнинг калити китобларда эканлигини, кутубхонадаги барча ишлар китобхонга сифатли хизмат қилишга боғлиқлигини, ёшлар ўртасида библиографик ресурслар ёрдамида китоб ўқиш маданиятини тарбиялаш, айниқса, ёш китобхонлар ўқишига раҳбарлик қилишда кутубхоначидан ҳар томонлама маданиятли бўлиш, инсон руҳиятини яхши билиш, педагогик маҳоратга эга бўлиш, айниқса, бадиий адабиётларни кўпроқ ўқиш, турли жанрдаги асарлар ҳақида тасаввурга эга бўлиш талаб этилиши ҳақидаги қимматли фикрларни ўртага ташларди. Қаҳрамонимиз жуда кўп китоб ўқир, соҳага оид Европа ва рус кутубхонашунослигига оид илмий адабиётлар билан ҳам яхши таниш эди. Бу изланиш кейинчалик ўзининг соҳага оид ўқув қўлланмалар, илмий рисолалар ёзишда, ўзбек ва чет эл матбуотида илмий-амалий мақолалар эълон қилишда қўл келгани аниқ. Бу ўқиб ўрганишлар натижасида Эргаш Йўлдошев Санкт-Петербургда маданият институти аспирантурасида таълим олишида жуда қўл келади. 1983 йилда рус тилида болалар китоб ўқишига раҳбарлик қилиш ва болалар кутубхонаси мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилиб келади. Ўша давр кутубхоначилиги соҳасида бундай воқеа жуда улкан иш сифатида қадрланар эди.

1980 йил Тошкент давлат маданият институтида «Болалар адабиёти ва кутубхонада болалар билан ишлаш» номли кафедра ташкил этилади. Эргаш Йўлдошев кафедрада катта ўқитувчи, кейинчалик, доцент, профессор лавозимларида талабаларга сабоқ беради. У дарс бериш билан бирга, ўзбек болалар кутубхоналарининг китобхон болалар билан ишлаш фаолиятига асосий эътиборини қаратади. Чунки катта ёшдаги китобхоннинг шаклланишида албатта, болалар адабиёти муҳим педагогик восита ҳисобланишини билган мутахассис ўзбек болалар кутубхоналари учун қатор ўқув қўлланмалар, илмий-амалий тавсияномалар, услубий рисолалар чоп эта бошлайди. «Кутубхонада болалар ўқишига раҳбарлик қилиш», «Кутубхона ва ёш китобхон», «Кутубхонада болалар ўқиш маданиятини тарбиялаш», «Фантастик асарлар ва болалар китобхонлиги», «Ўзбекистонда болалар матбуоти ва китобхонлик» сингари йирик ҳажмдаги монография ва ўқув қўлланмалар ана шундай изланишлар натижасидир.

Эргаш Йўлдошев умрининг қарийб 45 йилини кутубхонашунослик, библиография ва китобхон болалар билан ишлашга сарфлади. У ҳеч қачон ўзи севган соҳасига хиёнат қилмади. Унинг ҳамкасб дўстлари, шогирдлари бу инсон доим таъкидлайдиган ушбу сўзларини яхши эслайди. Устоз шундай дер эди: «Умр йўлимда бир ҳақиқатни англадимки, агар инсон ўзи севган соҳани танлаган бўлса, унинг бутун сирларидан хабардор бўлиш учун ўқиб-ўрганса, азоб-уқубатларини сабр-бардош билан енгиб ўтса, шон-шуҳрат ва ҳурмат ўз-ўзидан келганлигини билмай қолар экан. Бунинг учун эса, чидамли, сабр-тоқатли ва матонатли бўлиш керак». Дарҳақиқат, Эргаш акадаги ўзи севган касбга нисбатан садоқати, унинг сирларини ўрганишга бўлган сабр-бардоши ва матонати обрўсига обрў қўшди. Эргаш ака кутубхоначилик соҳасидаги биринчи профессорлардан.

У доимо ўтмишини эслаб, бошидан кечирган қийинчиликларни талабалар ва ёш мутахассисларга эслатиб, бугунги кунларнинг қадрига етишга, кутубхонашунослик соҳасида янада кўп янгиликлар яратишга ундаб келди. У ҳар доим китоб кутубхонанинг асосий ўзаги бўлиши лозим деган фикрда эдилар. «Дунё дунё бўлиб яралибдики, китоблар орқали одамлар томонидан олинадиган илмфан ва маданий-маърифий озуқа фақат кутубхона орқали амалга ошириб келинган. Масалан, ҳозиргача, қадимги Вавилон кутубхонаси, Юнон-Рим кутубхонаси ёки Антик кутубхона, Берлин давлат кутубхонаси, Конгресс кутубхонаси каби китоблар билан боғлиқ масканлар қадрланиб келиши, наҳотки, мутахассисларда фикр уйғотмаса...» – дердилар.

Профессор Эргаш Йўлдошев умр йўли мутахассисларга, қолаверса, буюк келажак қуришга бел боғлаган бугунги ёш ватандошларимизга ибрат бўлмоғи лозим. Зеро, ҳаёт улкан кутубхона бўлса, ундан сиз бир мартагина умр китобини олишингиз мумкин.