Aннотация: Мақолада муаллиф, социология фанлари доктори, профессор Умаров
Абсалом Адиловичнинг 75 ёшли таваллуд айёми  муносабати билан дилидаги гапларини, ҳурматимизни изҳор қилган.

 Меҳнат фаолияти давомида журналистика билан бир вақтда илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланди. Социология, адабиётшунослик, таржимашунослик, маданиятшунослик, кутубхонашунослик масалаларига бағишланган кўплаб китоб ва илмий ва публицистик мақолалар чоп эттирди. 1997 йилдан 2012 йилгача Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутутбхона директори лавозимида фаолият олиб борди.

Абдусалом Адилович бадиий таржимага оид, таржимонлар фаолиятига, Ўзбекистонда таржимачилик муаммолари ва тарихига, рус адабиётидан, айниқса А. П. Чехов, А. С. Пушкин, Н. В. Гоголь асарларининг ўзбек тилидаги жаранги, таржима қилинган асарларнинг ўқилиши, уларга бўлган эҳтиёж  масалаларига оид илмий-таҳлилий мақолалари билан жамоатчиликка маълум ва машҳур.

Устоз фаолиятининг катта бир йўналиши кутубхоналар, китоб тарғиботи, мутолаа маданияти масалаларига бағишланган.

Табиатан инсон зотига меҳнат қилиш, ақл билан иш тутиш, бир-бири билан самимий муносабатда бўлиш, қўлидан келган яхшиликни қилиш, ўзидан яхши из қолдириш, яхши сўз айтиш, ватан учун, эл-юрти учун жон фидо қилишдек фазилатлар ато этилган. Халқимизда бежиз қадамингда гуллар очилсин, изингдан яхши гап қолсин, деб дуо қилинмаган. Албатта, ҳар бир инсон ўзидан ҳам бошқалардан ҳам миннатдор бўлишни хоҳлайди. Ана шундай юртпарвар, меҳнаткаш, ўзини ҳам, бошқаларни ҳам ҳурмат қиладиган, қадрини баланд тутадиган, айни вақтда камтар ва самимий устозларимиздан бири – Абдусалом Одилович Умаровдир. 

Бугунги кунда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти профессори бўлган устознинг табаррук ёши муносабати билан дилимиздаги гапларни айтишдан, ҳурматимизни изҳор қилишдан олдин у кишининг умр баёнига бирров тўхталиб ўтсак.

Абдусалом ака 1949 йил 7 февралда Самарқанд вилояти ҳозирги Қўшработ туманида деҳқон оиласида дунёга келди.  Оддий деҳқон оиласининг тарбиясини олганлар ўзи шунақа камтар, самимий ва одамохун бўлади. У  ўқувчилик пайтиданоқ китобга меҳри туфайли, кўп китоб ўқишни истагани сабаб иш фаолиятини мактаб кутубхонасидан
бошлади. Китобсеварлиги, билимга чанқоқлиги боис ўқитувчилар назарига тушди, тенгдошларининг ҳурматини қозонди, ўзидан кичикларда ҳавас уйғотди. Шунинг натижаси ўлароқ 1965 йили ўрта мактабни олтин медаль билан битирди. Олий таълимни ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида олиб, уни 1971 йили тамомлади.

Университетни тугатгандан сўнг то 1981 йилгача “Ўзбек совет энциклопедияси” таҳририятида кичик муҳаррир, илмий муҳаррир ва катта илмий муҳаррир бўлиб ишлайди. 1981-1984 йилларда Тошкент давлат Педагогика институтида аспирантура бўлимининг мудири лавозимида фаолият юритади ва  1984-1987 йилларда ўзи аспирантура таълимини давом эттиради. Орада бир йил институтнинг педагогика амалиёти бўлимини бошқаради, кейин то 1990 йилгача “Ўзбек адабиёти” кафедраси ўқитувчиси, 1990 йилдан “Таржима назарияси ва амалиёти”, “Таржима назарияси ва қиёсий тилшунослик” кафедраларига мудир бўлди. 1995 йил декабрдан 1997 йил февралига қадар докторантурада илмий-тадқиқот ишини олиб борди. 1997 йил феврал ойидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат кутубхонаси директори лавозимига тайинланди. Шундан эътиборан кутубхоначилик аҳли Абдусалом акани ташаббускор, ишчан, хушмуомала раҳбар сифатида таниди ва қабул қилди. 1999 йилдан бошлаб у кишининг ташаббуси ва бошқа етакчи мутахассислар ҳамкорлигида мамлакатимизда биринчи марта “Фан, таълим, маданият ва бизнес соҳаларида интернет ва кутубхона-ахборот ресурсларидан фойдаланиш” мавзуида “Central Asia” туркумидаги Халқаро конференциялар ўтказиладиган бўлди. Бу Халқаро конференцияда Хорижий мамлакатлар кутубхоналари, музейлари, архивлари, нашриётлар вакиллари иштирок этиб, дунё миқёсида кутубхоначилик иши, библиография, китобшунослик, нашриётчилик иши соҳасидаги тажрибалар алмашинади, ўзаро ҳамкорлик масалалари, истиқболли вазифалар муҳокама этилади.

Янги асрнинг бошланиш йили Абдусалом Одилович ҳаётида ҳам янгилик бўлди – уни Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Маданият ва ижодий ташкилотлар ишлари бўйича Давлат маслаҳатчиси хизматига бош консультант этиб ишга олишди. Алишер Навоий номидаги Республикаси Давлат кутубхонасига Миллий кутубхона мақоми берилгандан сўнг, 2002 йил ноябрь ойида Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан у яна Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори лавозимига тайинланди ва ўн йил давомида, яъни 2012 йил  март ойида Маданият институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)га профессор бўлиб ўтганича кутубхоначилик касбининг иссиқ-совуғини жамоа билан баҳам кўрди: ютуқларидан қувонди, муаммо ва камчиликларини кўриб, изтироб чекди – уларни бартараф этиш пайида бўлди.

Эндиликда ҳар йили ўтказиладиган “Central Asia”  конференцияларининг дастлабки 5 тасида ташкилий қўмитага раҳбарлик қилган Абдусалом Одилович ўзининг ҳар бир чиқишида Миллий кутубхонанинг халқаро миқёсда нуфузини кўтаришга, шахс камолотида мутолаанинг, жамият тараққиётида кутубхоналарнинг ўрнини кўрсатишга ҳаракат қилди. Шу йўналишда мунтазам олиб борган илмий изланишлари асосида 2005 йили “Ижтимоий тараққиётни таъминлаш ва комил инсон шахсини шакллантиришда мутолаанинг роли” мавзусида диссертация ёқлаб, социология фанлари доктори илмий даражасини олди. Бу докторлик диссертацияси айнан мутолаа маданиятига бағишланган биринчи илмий тадқиқот иши бўлганлиги, унда мутолаа маданиятининг назарий ва амалий жиҳатлари умумлаштирилганлиги, мамлакатимиз кутубхоначилиги тажрибаси ва истиқболининг илмий таҳлили берилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Маълумки, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси 2011 йилнинг кузида ҳозирги янги, замонавий биносига кўчиб ўтди. Миллионлаб китоб фонди бўлган хазинани янги маконга кўчириб ўтказиш билан боғлиқ мураккаб, қалтис ва масъулиятли юмушни уддалаш бутун жамоа учун осон кечмаган. Бу жараённи ташкил этиб, бошқариб борган раҳбар учун эса инчунун. Шукрки, ҳаммаси безиён, беталофат якун топиб, зиё маскани янги жойда китобхонлар учун қулочини кенг очди.

Умуман олганда, Абдусалом Умаровнинг илмий-амаллий фаолиятига синчков назар солинса, унда бир неча қирралар мавжудлиги кўзга ташланади. Булар журналистлик, филология ва социология соҳаларида тадқиқотчилик, муҳаррирлик, таржимонлик. Университетни битиргандан кейинги дастлабки ўн йилларда журналистика амалиёти ва муҳаррирлик қаторида таржимонлик билан ҳам шуғулланган. Сўнгра профессор Ғайбулла Саломов (у кишини адабиёт аҳли Ғайбулла ас-Салом деб ҳам танийдилар) илмий раҳбарлигида таржимашунослик билан, хусусан Абдулла Қаҳҳорнинг таржимонлик маҳоратини тадқиқ қилиш билан машғул бўлган. Бу ишларнинг якуни сифатида 1990 йили номзодлик диссертациясини ёқлаган ҳамда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт нашриётида унинг “Юксак санъат йўлида” номли монографияси нашр этилган.

Абдулла Қаҳҳорнинг сўз соҳасидаги чеварлиги тадқиқотчини сеҳрлаш баробарида уни Ўзбекистонда таржимачилик муаммоларига оид тадқиқотлар олиб боришга, аслиятдаги маъно ва оҳангни таржимада тўлиқ акс эттириш сирларини ўрганишга ундади. Унинг рус адабиёти, айниқса А.С.Пушкин, Н.В. Гоголь, А.П.Чехов асарларининг ўзбек тилига таржималари асосида ёзилган илмий-таҳлилий мақолалари жамоатчилик тилига тушди. Сўз билан ишлаш, луғатшунослик соҳасида йиллар давомида тўплаган тажрибалари ўзбек луғатчилигида муайян ўрин тутган “Русча-ўзбекча ҳарбий терминлар луғати” (1981 й.) ҳамда “Маданият ва санъат атамаларининг изоҳли луғати” (2015 й.) каби китобларнинг яратилишига олиб келди. 

Яна айтиш мумкинки, Абдусалом аканинг профессор Ҳасанбой Жамолхонов билан ҳамкорликда нашр эттирган икки жилдлик “Ўзбек ёзувининг XX аср тарихи” мажмуаси ёзув ва тил тарихи билан шуғулланувчи тадқиқотчилар учун биринчи манба вазифасини ўтайди.

Устоз фаолиятининг катта бир йўналиши кутубхоналар, китоб тарғиботи, мутолаа маданияти масалаларига бағишланган. Унинг кўплаб мақолаларида маънавий тарбияда кутубхоналарнинг ўрни, замонавий кутубхонага талаблар, уларнинг хусусиятлари, ахборот ресурсларининг шаклланиб бориши, кутубхоналараро муносабатлар, Ўзбекистон кутубхоначилик иши тарихи, тараққиёти, ҳозирги аҳволи, истиқболи, хориж кутубхоналарида инновацион фаолият тажрибаси каби мавзулар кўтарилган бўлса, “Мутолаа маданияти: шахс, жамият, тараққиёт” монографияси (“Фан” нашриёти, 2004 й.), А.П.Коваленко ва М.М. Расуловлар билан ҳаммуаллифликда рус тилида ёзилган “Психология читателя и чтения” (“Китобхон ва мутолаа психологияси”, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2004 й.) ҳамда “Основы библиотековедения” (“Кутубхонашунослик асослари”, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2008 й.), А.Абдуазимов билан ҳамкорликда яратилган “Мутолаа маданияти” (“Наманган” нашриёти, 2014 й.),  ўқув қўлланмалари ҳали ҳамон талабаларга, кутубхоначилик ихтисослиги таълими жараёнларида қўлланиб келинмоқда.

Зеро, жамиятда мутолаа маданиятини тарбиялаш, китобхонлик фаолиятини ташкил этиш, бошқариш, оила, мактаб, олий ўқув юрти ва кутубхоналарнинг бир занжирини ташкил этадиган, ҳамкорликдаги вазифасидир. Олий маълумотли кутубхоначи эса мутолаа маданиятини тарбиялашнинг назарий ва амалий жиҳатларини эгаллаган, китобхонга бу борада ўрнак, намуна, эталон бўлиш даражасида кўникмага, маҳоратга, педагогик ва психолгик билимга эга бўладиган мутахассисдир. Чунки, китобхон, қолаверса ҳар бир фуқаро кутубхоначидан фақат яхши нарсани ўрганади, унга ишонади, унга суянади, ундан ҳар бир йўналишда маслаҳат олади.

Демак, инсон тирик экан, жамият ривожланаётган экан ўқишга, мутолаага бўлган қизиқиш, эҳтиёж ўлмайди, у бардавом, у яна сайқалланиб бораверади. Ажабмас, устознинг кўплаб шогирдлари бу муаммолар  ечимини топишда давом этсалар.

Абдусалом Одиловичнинг журналистлик- муҳаррирлик фаолияти ҳам анчагина сермаҳсулдир. Юқорида қайд этилганидек, у биринчи ўзбек энциклопедияси таҳририятида ўн йилга яқин меҳнат қилиб, унинг 4- жилдидан то охирги 14 жилди нашригача иштирок этган муҳаррир ва муаллифлари қаторидан жой олган бўлса, мана ўн бир йилдан бери соҳамизнинг асосий нашрларидан бири “Kutubxona.Uz” журналининг бош муҳарриридир. Олимнинг социология, адабиётшунослик, таржимашунослик, маданиятшунослик, кутубхонашунослик масалаларига бағишланган 2 та монография, 1 та дарслик, 8 та ўқув-қўлланмаси, 2 та луғат, 2 та рисола ҳамда  150 дан зиёд илмий мақолалари мамлакатимиз ва хорижий давлатлар нашрларида чоп этилган.

 Айни вақтда устознинг илмий-ташкилий ва ижтимоий фаолияти ҳам ҳавас қиларли –  у Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув академияси қошидаги ҳамда Маҳалла ва оила институти қошидаги социология ихтисослигидан докторлик диссертацияси ҳимояси бўйича Илмий кенгашлар аъзоси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти қошидаги санъатшунослик бўйича Илмий кенгашда  Илмий семинар раиси, Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамғармаси васийлик кенгашининг раиси, республикамиз ва хорижда чиқадиган бир неча илмий журналлар таҳририяти аъзосидир. Кутубхона Ассоциациялари ва муассасалари халқаро федерацияси (ИФЛА)нинг Копенгаген (1997), Амстердам (1998), Гамбург (1998), Бангкок (1999), Будапешт (2000), Москва (2000), Бостон (2001), Берлин (2003), Сеул (2006), Милан (2009), Вашингтон (2010) шаҳарларида бўлиб ўтган илмий-амалий конференцияларда маърузалар билан иштирок этгани ҳам устознинг ютуқларида