В статье представлена информация об истории создания журнала «Ер юзи». 90 лет назад была открыта редакция журнала «Ер юзи», целью которой являлось социально-политической, научно-художественной, культурно-просветительской деятельности региона. Этот журнал в 1925-30 годы был очень актуален среди учёных и интеллигенции, в нем печатались материалы по изучению исторический эпохи с научно-исследовательскими источниками. Журнал в настоящее время издаётся под названием «Гулистон» и в нем  издаются  важнейшие материалы, а также библиографические  указатели.

Бу дунёда умргузаронлик қилган инсон зоти борки, ўзини англашга, ҳаётни ўрганишга, дунёни билишга, ер юзининг барча бурчакларида бўлаётган воқеа-ҳодисалардан бохабар бўлишни истайди. Бундан 92 йил аввал дунё юзини кўрган «Ер юзи» ҳозирги «Гулистон» журнали ҳам айнан шу мақсадда ташкил этилган эди.

Араб алифбосига асосланган эски ўзбек ёзувида нашр қилинган «Ер юзи» журнали 1925 йилдан 1931 йилнинг декабригача фаолият кўрсатган бўлиб, 1932 йилдан «Ўзбекистон қурилишида», 1934 йил сентябрдан «Машъала», 1935 йил февралдан эса «Гулистон» номлари билан чиққан. Маълумки, мазкур нашр ҳозирги кунда ҳам «Гулистон» номи билан чиқади. У ижтимоий-сиёсий, илмий-бадиий, маданий-маърифий журнал бўлиб, икки ойда бир марта чоп этилади. Унинг муассиси Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги бўлиб, 1600 нусхада нашр этилади.

Тошкент вилояти «TURON» ахборот-кутубхона марказининг «Нодир нашрлар» фондида араб ёзувида нашр этилган «Ер юзи» (1925 – 1928) ҳамда лотин ёзувида нашр этилган «Машъала» (1934 – 1935) ва «Гулистон» (1935 – 1939) журналлари, шунингдек, мазкур нашрнинг кейинги йилларда чиққан сонлари ҳам сақланади.

Ушбу учта нашр ХХ асрнинг 20–30-йилларидаги давр тарихини ўрганишда илм аҳли учун қимматли ва муҳим манба бўлгани ҳамда тадқиқотчиларнинг мазкур нашрларга бўлган қизиқиш ва эҳтиёжларини ҳисобга олиб, биз «Ер юзи», «Машъала» ва «Гулистон» журналларида эълон қилинган мақолаларнинг библиографияси (1925 – 1939)» номли мўъжаз библиографик кўрсаткич тайёрладик.

Ушбу китобча 4 қисмдан иборат:

1. Тузувчидан.

2. «Ер юзи», «Машъала» ва «Гулистон» журналлари (1925 – 1939).

3. Библиография.

4. Исмлар кўрсаткичи.

Мазкур библиографик кўрсаткичдан 400 та («Ер юзи» журналидан 175 та, «Машъала» журналидан 34 та ва «Гулистон» журналидан 191 та) мақола ва бадиий асарнинг рўйхати ўрин олган. Ундаги материаллар хронологик (йиллар бўйича) ва алифбо тартибида жойлаштирилди. Китобдан фойдаланишни осонлаштириш мақсадида биз исмлар кўрсаткичини ҳам ўқувчилар ҳукмига ҳавола этдик. Ўқувчиларнинг мазкур журнал ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилишлари учун библиографик кўрсаткичда мазкур журналларнинг турли йиллардаги муқовалари ҳамда айрим саҳифаларининг тасвирлари ҳам берилди.

Ушбу мақолада мен «Ер юзи» журнали ҳақида сўз юритмоқчиман.

«Ер юзи» журнали ўз номига муносиб мамлакатимизда ХХ асрнинг 20-йилларида содир бўлган воқеа-ҳодисаларни тўлақонли акс эттирган, ўзга юртлардаги элу элатлар ҳаётидан ҳикоя қилган ҳамда жаҳон халқлари томонидан яратилган бадиий асарлар билан халқимизни таништиришга муваффақ бўлган ноёб нашр эди. Шунинг учун ҳам, «Ер юзи» омма орасида тез тарқалган.

Мазкур журнал саҳифаларини варақлар эканмиз, гўё яқин ўтмишга саёҳат қилгандек, ўтган асрнинг бошларидаги воқеалар кўз ўнгимизда яққол жонлангандек ва биз ўша давр нафасини туйгандек бўламиз.

«Ер юзи» ижтимоий, сиёсий, адабий ва оммабоп журнал бўлиб, унинг илк сони Тошкентда 1925 йилнинг 7 ноябрида дунё юзини кўрган. 15 кунда бир марта чиққан «Ер юзи» журналининг ношири «Қизил Ўзбекистон» газетаси бўлиб, баҳоси 20 тийин бўлган. У катта форматда ва кўп суратлар билан чиққан. Тошкентнинг Эски шаҳаридаги 1-босмахонада чоп этилган.

Унинг 1-сони 10 саҳифалик, 1926 – 1927 йилларда 18 саҳифалик, 1928 йилда эса 18, 20, 22, 24, 26, 30 саҳифалик бўлиб чиққан.

«Ер юзи» нинг тиражи қуйидагича: 1925 йилда 4000, 2500; 1926 йилда 8000, 10 000, 8000, 6500, 6000, 6500, 6000, 5000, 4500; 1927 йилда 4500, 4000, 5700; 1928 йилда 7000, 7500, 6700, 7900, 9000, 8500, 8200, 9000, 8200, 9300, 9353, 10 200.

Журнал идораси 1928 йил ноябрда Самарқандга кўчган ва унинг 20 (53)-сони Самарқандда нашр этилган.

Журнал саҳифасида 1928 йилнинг 5 (38)-сонидан бошлаб «Ер юзи» ўқувчиларининг ўйуни» босила бошланган. Унда ўқувчиларнинг билим ва маълумотларини ошириш, уларни фикрлашга ўргатиш учун турли мавзулардаги саволлар берилган. Ушбу рукн учун журналист Аъзам Айюб масъул бўлган.

Журналга муҳаррирлик қилганлар – Таҳрир ҳайъати: 6-сондан Комилжон Алимов, 10-11-сондан Маннон Рамз, 12-сондан Комилжон Алимов, 18-сондан Маннон Рамз, 19-сондан таҳрир ҳайъати (Маннон Рамз, Аъзам Айюб, Саидғани Валиев, Боту, Элбек), 1928 йилнинг 3-сонидан 20-сонигача таҳрир ҳайъати (Қосим Сорокин, Аъзам Айюб, Саидғани Валиев).

Журналдаги материаллар асосан қуйидаги рукнлар остида берилган:

«Жаҳоннамо», «Қурама», «Спорт», «Ўзбе-кистоннинг хўжалиғи», «Ўзбекистонда каператсия ишлари», «Ҳар хил хабарлар», «Ҳар қаердан», «Оврупо саёҳати», «Дунёнинг ҳар хил гаплари», «Ер юзи»нинг маслаҳат ва жавоблари», «Ер юзи» ўқувчиларининг ўйуни».

Шунингдек, журнал саҳифаларида ер ислоҳотига бағишланган мақола ва суратлар, тарихий, илмий ва бошқа мавзуларга оид мақолалар, рус ва чет эл адабиётидан қилинган таржималар, шеър ва ҳикоялар, тарихий шахсларнинг суратлари ва таржимаи ҳоллари ҳамда эълон ва билдиришлар чоп этилган.

Мазкур журнал ҳақида журналист ва драматург Зиё Саид ўзининг «Ўзбек вақтли матбуоти тарихига материаллар (1870 – 1927)» китобида шундай фикрни баён этган:

«...Матбуотнинг ҳар бир соҳасида нашриётга эҳтиёж ортди. 1925 йилнинг охирлари ва 26 йилнинг бошларида бу ҳавас қолипга қуйилгандек пишиқ тус олди. Кундалик газеталар ва қалин журналлардан ташқари, дунё воқеаларини илмий, сиёсий, ижтимоий ва жиддий ҳодисаларни гавдалантириб бергувчи русларнинг «Огонёк» журналидек популяр (умумий ва енгил) журналга эҳтиёж туғилганлиги сезилди. «Қизил Ўзбекистон» газета идораси бу эҳтиёжни қоплашни ўйлаб «Ер юзи»ни чиқармоққа қарор қилди.

«Ер юзи» ўзининг биринчи сони биланоқ ўқувчилар орасида кутилганидан ортиқ ҳусни таважжуҳ қозонди. Жуда тез фурсатда ўз ўқувчиларини топди. «Ер юзи» ўз таъсисидан бошлаб ҳали тегилмаган маҳаллий мавзуларга тегмоққа бошлади. Унинг энг фарқ этиладиган афзал нуқтаси ҳам шудир. Атрофда профессионал мухбирлар ва журналистларнинг йўқлигига қарамасдан бу курсда (йўлда) бирмунча муваффақият қозонди...

«Ер юзи»нинг расмли ва чиройли бир журнал бўлиши сифати билан техник жиҳатига айрим аҳамият бермоққа тўғри келади. «Ер юзи» 2-3-сонидан кейин ўзини кўримли қилишга эришди. Расмлари ҳам Масков журналларининг маҳсулидан паст эмас, балки бирмунчаларидан юқори эди.

«Ер юзи» Шарқ ўлкаларига, айниқса, аҳамият берди. Ўзининг давомида Шарқ мамлакатларининг ҳаммасини деярли даражада ўқувчиларга таништирди. Ғарбдаги ҳеч бир ҳодисани ташбеҳ этмай ўтмади. Бу – «Ер юзи»нинг асосий мақсадларидан бири эди.

Ҳикоянавислик ва шеър тўғрисида ҳам «Ер юзи»нинг хизмати қайрилиб боқишни тақозо қилади. «Ер юзи»нинг ҳикоя босиши ўқувчиларда ҳикоянавислик ҳавасини орттирди...».

Шу ўринда яна бир нарсани қўшимча қилиш керакки, халқимизнинг севикли ва ардоқли шоири Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон «Ер юзи» журналининг чиқа бошлагани муносабати билан «Бу нима нарса?» деган шеър ҳам ёзган. «Ер юзи» журналининг мақсад моҳиятини очиб берувчи мазкур шеър журналнинг 1-сонида эълон қилинган эди.

«Ер юзи» ўз ўқувчиларини ер юзининг турли минтақаларида жойлашган мамлакатлар билан таништириш борасида кўп муваффақиятларга эришган. Сўзимизнинг исботи тариқасида журнал саҳифаларида чоп этилган қуйидаги мақолаларни келтиришимиз мумкин: «Г» имзоси билан ёзилган «Истанбул» (1926 йил 4-сон), «И. Л.» имзоси билан ёзилган «Анқара» (1926 йил 5-сон), Исроилнинг «Хитой» (1926 йил 10-сон), А. Ёқубнинг «Қрим» (1926 йил 14-сон), Зиё Саиднинг Боку ва Тбилиси шаҳарлари ҳақидаги «Сафоли маъволарда» (1926 йил 16-сон ва 1927 йил 19-сон), Ҳиндлининг «Бу кунги Ҳиндистон» (1926 йил 17-сон), «Б» имзоси билан ёзилган «Кобил» (1928 йил 9-сон), Миржабборнинг «Кашмир» (1928 йил 12-сон), «Тошкантлик» имзоси билан ёзилган «Бу кунги Миср» (1928 йил 17-сон) каби мақолалар.

Энди биз сизларни журнал саҳифаларида шеър ва ҳикоялари эълон қилинган муаллифларнинг номлари билан таништирамиз:

Абдулла Қодирий (Жулқунбой), Чўлпон, Элбек, Абдулла Авлоний, Саид Аҳрорий, Боту, Муҳаммад Ҳасан, Ойбек, Миртемир, Олтой, Субутой, Уйғун, Б. Ҳайдарий, Маҳбуба Раҳим қизи, Собира Холдор қизи, Носир Саид, Туйғун, Ҳамид Олимжон, Ғайратий, Ботир ва бошқалар.

«Ер юзи» саҳифаларини кўздан кечирар эканмиз, машҳур ёзувчи ва шоирлар ҳамда турли соҳа вакилларидан иборат бўлган тарихий шахслар ҳақидаги муҳим мақолалар ҳам журналдан муносиб ўрин эгаллаганининг гувоҳи бўламиз. Уларга мисоллар келтирамиз:

Вадуд Маҳмуднинг «Навоий учун: Навоийнинг туғулғониға 500 йил тўлиши муносабати билан» (1925 йил 3-сон), бухоролик табиб Муҳаммад Амин ҳақидаги «Доктор Муҳаммад Амин» (1926 йил 6-сон), хоразмлик фотограф Худойберган Девонов ҳақидаги А. Ёқубнинг «Ўзбек фотографчиси» (1926 йил 11-сон), тошкентлик муаллим, 20-йилларда Берлиндаги олий зироат мактабида ўқиган Абдуваҳҳоб Муродий ҳақидаги «Биринчи диплўм ағранўм» (1926 йил 11-сон), Абдулҳамид Мажидийнинг «Шарқ шоираси Зебунисобегим» (1927 йил 19-сон), Саидғани Валиевнинг «Пушкин» (1927 йил 20-сон) ва «Улуғ санъаткор: (Лев Толстойнинг туғилғониға 100 йил тўлиши муносабати билан) (1928 йил 17-сон), «Газетчи» имзоси билан ёзилган Санжар Сиддиқнинг «Рабиндранат Тагор ва «Ғарб маданияти» (1928 йил 2-сон), А. Тулумбайскийнинг «Татарларнинг буюк адиби Олимжон Иброҳимов: (Адабий, илмий-ижтимоий хизматининг 20 йиллиги муносабати билан) (1928 йил 3-сон) каби мақолалар.

Бир сўз билан айтганда, «Ер юзи» журнали бизга ўтган асрнинг 20-йилларидаги давр манзарасини кўзгудек акс эттиргани ҳамда ўша йилларда яшаган кўплаб машҳур шахслар, ҳали кўпчиликка таниш бўлмаган юртдошларимизнинг ҳаёт ва фаолиятлари ҳақида маълумот бериб, суратларини ҳам эълон қилганлиги билан ҳам қадрлидир.

Афсуски, «TURON» АКМнинг «Нодир нашрлар» фондида «Ер юзи» журнали тўлиқ сақланмаган. Фондда мазкур журналнинг 1925 – 1926 йилларда чиққан сонлари тўлиқ, 1927 йилда чиққан 18-20-сонлари ҳамда 1928 йилда чиққан 1-20-сонларигина мавжуд.

Хулоса тарзида шуни айтиш мумкинки, «Ер юзи» журнали ХХ асрнинг бошларидаги давр тарихини, шунингдек, 20-йиллардаги матбуот, адабиёт, маориф, маданият ва бошқа соҳалар бўйича илмий иш қилувчи тадқиқотчилар учун муҳим ва керакли манба бўлиб хизмат қилади.