Устоз ва мураббий. Бу сўзлар замирида шунчалик катта маъно ва мазмун борки, уни таърифлашга баъзан сўз ҳам ожизлик қилади.

Зеро ҳар қандай инсон ўқитувчининг олдида қарздор, мураббий ва устоз меҳрига муҳтож. Ундан таълим олади, у туфайли камол топади.

Шуни мамнуният билан тилга олиш керакки, истиқлол йилларида ўқитувчи ва мураббийлик касби том маънода қадр ва эъзоз топди. Ўтган йиллар давомида шаҳар ва қишлоқларимизда замонавий талабларга тўлақонли жавоб берувчи мактаб, лицей ва касб-ҳунар коллежлари қад ростлади. Уларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, илғор педагогик ва ахборот технологиялари, ўқув-машғулот ва лаборатория хоналари ташкил этилди. Бундан ташқари, дарслик ва қўлланмаларнинг янги авлодини яратиш, малакали кадрларни тайёрлаш йўлида амалга оширилган кенг кўламли ишларни айтиб ўтиш ҳам ўринлидир. Шунингдек, ўз навбатида, ахборот-кутубхона муассасалари ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда ҳам сезиларли ишлар қилинмоқда. Бу имкониятлар ўқитувчиларга қулайлик билан биргаликда, чуқур масъулиятни ҳам юклайди.

Ёш авлодни теран билимли ва етук мутахассис бўлиб етишишларида малакали ўқитувчилар билан биргаликда, китобнинг, том маънода ахборот манбаи бўлган ахборот-кутубхона муассасаларининг ўрни беқиёсдир. Чунки бугунги кун замонавий таълим-тарбия тизимида ўқув ишларни ахборот-кутубхона муассасаларисиз тасаввур қилиш мумкин эмас.

Бу ўринда ахборот-кутубхона мутахассиси бажариши керак бўлган мажбуриятлар кўп. Шу хусусда бироз тўхталсак. Кутубхоначилик фаолияти икки йўналишда: биринчиси, китоб билан боғлиқ, иккинчиси эса, фойдаланувчи билан ишлашни кўзда тутади. Кутубхоначи китоб билан боғлиқ йўналишда нашрларни каталоглаштиради, системалаштиради, сақлашга қўйилган талаблар бўйича унинг сақланишини таъминлайди. Газета ва жур-наллар ҳисобини юритади, йиғма жилдларини шакллантиради. Бу асосан техник ишлар сирасига киради ва бу эса, рақамлаштирилган технологияларининг ҳаётимизга кириб келиши, кутубхоначилик фаолиятини компьютер техникаси билан чамбарчас боғлиқлигини тақозо этаётганига яна бир далил бўлади.

 Ҳозирда ахборот-кутубхона муассасалари фондлари фақатгина қоғоз ташувчилардаги ахборотлар билангина тўлдирилмайди. Бироқ винил дисклар ва худди шундай аудио ва видео ёзувлар ҳам эндиликда эскириб, улар ўрнини рақамли ташувчилар – компакт-дисклар эгалламоқда.

Фойдаланувчилар (ўқитувчилар, ўқувчи-лар ва б.ш.) билан ишлаш ахборот-кутубхона мутахассиси фаолиятининг яна бир йўналиши бўлиб, хизмат кўрсатишни сифатли амалга ошириш учун мутахассис ўзи ўқимишли, билимли, фойдаланувчи сўрови ва қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда, нашрларни танлаб, тавсия қила олиши зарур. Ахборот-кутубхона муассасаси мутахассисининг энг муҳим фазилатлари бу муомалага киришиш кўникмасининг шаклланганлиги, кишилар билан мулоқот қила олиши, психологик ва педагогик тайёргарлиги бўлишидир. Ҳозирги кунда эса, ахборот-кутубхона муассасалари мутахассиси фаолиятида инновацион ёндашувларни ривожлантириши ҳам муҳимдир. Бир сўз билан айтганда, янги ахборот технологияларнинг ахборот-кутубхона муассасалари ҳаётига кириб келиши мутахассисларни қайта ўқиш ва малака оширишларини, иш жараёнида янги ёндашув ва усулларни қўллашларини талаб қилмоқда. 

«Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси – ахборот-ресурс маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» ПҚ-1729-сон қарори ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси – ахборот ресурс маркази томонидан ахборот-кутубхона муассасаларининг ташкилий-методик фаолиятини мувофиқлаштириш ва улар билан ўзаро алоқани таъминлаш тўғрисида Низом талабларидан, шу билан бирга, замонавий ахборот-кутубхона технологияларини жорий этиш, Миллий кутубхонада ахборот-кутубхона муассасалари кадрлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш борасидаги тадбирларни ташкил этиш ҳамда норматив-методик базани янада такомиллаштириш вазифаси ижросини таъминлаш мақсадида кутубхонада 2015 йилнинг январь ойидан «Ахборот-кутубхона муассасалари мутахассисларига Ўзбекистон Миллий кутубхонаси технологияларидан фойдаланган ҳолда, услубий ёрдам кўрсатиш ўқув машғулотлари» ташкил қилиниб, ўтган давр мобайнида турли вазирлик ва муассасалар тасарруфидаги ахборот-кутубхона муассасаларидан 185 нафар мутахассис таълим олди.

Кутубхонада республика ахборот-кутубхона муассасалари мутахассисларининг соҳа бўйича малакаларини оширишга қаратилган кенг кўламдаги ишлар амалга оширилиб келинмоқда. 2015 йил 16–20 март кунлари ЮНЕСКО Қатнашув дастурида тасдиқланган «Очиқ таълим манбаларини ривожлантириш ва кутубхоналарда ҳужжатли меросни сақлаш» лойиҳаси доирасида «Ҳужжатли мероснинг сақланиши ва очиқлиги» мавзусида семинар-тренинг ташкил қилинди. Семинарда ахборот-кутубхона муассасалари, ахборот-ресурс марказлари, музей ва архивларнинг нодир нашрлар фондлари билан ишловчи мутахассис ва ходимлари иштирок этди.

Шунингдек, 5 август куни тасдиқланган «ЮНЕСКО нинг «Жаҳон хотираси» дастури ва ноёб ҳужжатли меросларни тақдим этиш бўйича ўқув машғулотларини ўтказиш дастури» га асосан 2015 йилнинг 15–17 сентябрь кунлари кутубхонада ўқув машғулотлари ўтказилди.

Мазкур ўқув машғулот ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси ҳамкорлигида ташкил қилиниб, унда Ўзбекистон Миллий кутубхонасидан 4 нафар, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тасарруфидаги ахборот-кутубхона марказларидан 5 нафар, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тасарруфидаги музейлардан 4 нафар, «Ўзархив» агентлигидан 4 нафар, «Олтин мерос» жамғармасидан 11 нафар, Ўзбекистон давлат консерваториясидан 1 нафар ҳамда ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссиясидан 2 нафар, жами 31 нафар  мутахассис иштирок этди.

Ўқув машғулотларида тингловчиларга ЮНЕСКОнинг «Жаҳон хотираси» дастурига номзодларни тайёрлаш, тақдим этиш масалалари бўйича ўрнатилган талабларни ёритувчи тақдимотлар, маърузалар ва тингловчилар томонидан тайёрланган номзодномалар лойиҳалари тингланди. Лойиҳалар ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси экспертлари ҳамда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси мутахассислари томонидан муҳокама этилиб, тегишли тавсиялар берилди.

Ахборот хизматлари бугунги кунда жамиятнинг барча тармоқларига кириб бораётган ва ривожланаётган соҳа сифатида тан олинган. Ўзбекистонда ҳам кейинги йилларда вазирлик, муассаса ва идоралар томонидан ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Фуқаролар ва ёшларнинг ахборот маданияти ва медиасаводхонлик кўникмаларини шакллантириш, уларни медиа воситаларда тақдим этилаётган ахборотлардан тўғри фойдаланишга ўргатиш, ёшларда миллий менталитетимизга ёт бўлган хуружлардан ҳимояланиш иммунитетини шакллантириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланиб, бу ахборот-кутубхона тизимига ҳам тааллуқли. Албатта, ахборот-кутубхона муассасаларида ушбу ишларни тўғри йўлга қўйилиши ва сифатли хизмат кўрсатишда ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари малакасини ошириш муҳимдир.

Миллий кутубхона томонидан ишлаб чиқилган «Ахборот-кутубхона соҳасидаги ислоҳотларни янада жадаллаштириш даврида Ўзбекистон ахборот-кутубхона муассасалари мутахассисларининг ахборот маданияти ва медиасаводхонлигини шакллантириш» лойиҳаси доирасида 2015 йилнинг октябрь ойида ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари учун ахборот маданияти ва медиа саводхонлигини шакллантириш бўйича 10 кунлик семинар-тренинг ташкил қилинди.

Ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш, ахборот-кутубхона хизматлари турларини янада такомиллаштириш мақсадида республикадаги турли вазирлик ва идоралар тасарруфидаги ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари малакасини оширишга йўналтирилган хорижий кутубхоналарга малака оширишни ташкил қилиш бўйича идоралараро қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. Республиканинг турли вазирлик ва муассасалари тасарруфидаги ахборот-кутубхона муассасалари мутахассисларини (20 киши) хорижий кутубхоналар иш фаолияти билан танишиш, тажриба алмашиш имконияти 2012 йил 12–22 ноябрь кунлари Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Тошкентдаги Гёте институти ҳамкорлигида «Ислоҳотлар даврида ўзбекистонлик кутубхоначилар малакасини оширишга кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида Германия кутубхоналари фаолияти билан яқиндан танишиш амалга оширилди.

Мутахассислар малакасини оширишдаги кейинги қадам, 2014 йил 22 июндан 1 июлга қадар республика ахборот-кутубхона муассасалари мутахассисларини (11 киши) Жанубий Кореянинг Сэул шаҳрида ташкил этилган хизмат сафарида бўлди. Сафар Кореянинг Кёнхи университети томонидан тузилган дастур асосида олиб борилди. Шунингдек, малака ошириш доирасида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда Кёнхи университети кутубхонаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик шартномаси (меморандум) имзоланди.

Ушбу меморандум доирасида жорий йилнинг 24 августдан – 1 сентябргача ўзбекистонлик (18 нафар) мутахассисларнинг (Олий таълим вазирлигидан – 4, Халқ таълими вазирлигидан – 4, Соғлиқни сақлаш вазирлигидан – 2, Маданият ва спорт ишлари вазирлигидан – 1, Республика йиғма электрон каталоги марказидан – 2, Миллий кутубхонадан - 5 нафар) иккинчи гуруҳи Кореяга ташриф буюрдилар.

Мутахассислар Кореянинг йирик кутубхоналари фаолиятини ўрганиш билан бирга, таълим муассасалари кутубхоналари, кутубхоначилик уюшмалари билан ҳам яқиндан танишишди.

Шуни айтиш жоизки, хорижий хизмат сафарларидан кўзланган асосий мақсад, мутахассислар малакасини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш бўлса, бундай хизмат сафарларида олинган билимларни ахборот-кутубхона муассасаларида тадбиқ қилиш кўзланган якуний натижага эришишни талаб этади.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси мутахассислари Германия сафаридан олган билимлари ва тажриба алмашиш натижасида Миллий кутубхона фаолиятига ва фойдаланувчиларга хизмат кўрсатишда бир қатор ишларни амалга оширди.

Жумладан:

- кутубхона фойдаланувчилари учун энг янги, долзарб мавзулардаги ҳамда кўп сўраладиган адабиётларни ўқиш залларида очиқ тарзда жойлаштиришни кенгайтирди (35 мингдан зиёд);

- кутубхона фондини шакллантириш учун фойдаланувчиларнинг ўзларини иштирок эттириб, фондни зарурий адабиётлар билан тўлдириш учун кутубхона веб-сайтида «Буюртма» онлайн-дастурини ишлаб чиқди;

- кутубхона веб-сайтида ААКТ-веб дастури орқали электрон каталогидан фойдаланган ҳолда, зарур адабиётларга буюртма беришни йўлга қўйди;

- имконияти чекланган фойдаланувчилар учун хизмат кўрсатишни янада кенгайтириш мақсадида, кўзи ожиз фойдаланувчилар учун Луи Брайл ёзувидаги китоблар фондини шакллантира бошлади (Миллий кутубхонада шу чоққача бундай махсус адабиётлар фонди бўлмаган);

- кутубхона ўзининг вақтли матбуот нашрлари («Туркестанские ведомости», «Халқ сўзи» газеталари, «Шарқ Юлдузи» – «Звезда Востока», «Ўзбекистонда ижтимоий фанлар –  Общественные науки в Узбекистане» журналлари) электрон коллекциясини ярата бошлади.

Жанубий Корея республикасига қилинган сафардан сўнг Миллий кутубхона фаолиятида бир қанча ижобий янгиликларни ҳам кўриш мумкин. Булар:

- Корея элчихонаси ёрдамида Корея Миллий кутубхонаси ҳамкорлигида Миллий кутубхонада «Кореяга нигоҳ» лойиҳаси доирасида фойдаланувчилар учун 5 мингдан зиёд корейс тилидаги ўқув қўлланмалар, луғатлар, маълумотнома нашрлар ва бошқа китоблар билан хизмат кўрсатувчи янги Корея адабиётлари ўқиш зали ташкил этилди;

- кутубхонада фаолият юритаётган Чет тилларни ривожлантириш ва оммалаштириш марказида корейс тилини ўрганиш бўйича ўқув машғулотлари ташкил қилинди;

- фойдаланувчиларга ахборот-кутубхона хизматларини такомиллаштириш мақсадида, ахборот панеллари – инфокиосклар паркини кенгайтирди.

Шу билан бирга, хизмат сафари натижаларига кўра, мутахассислар томонидан ахборот-кутубхона фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган, яъни кутубхонанинг аудио ва видео ресурсларига RFID 3M ™ DCD-2 русумли меткаларини тадбиқ қилиш, кутубхонада хизмат кўрсатишнинг янги шаклларини жорий этиш мақсадида, кичик мультимедиа студиясини (овоз ёзиш, видео ва фото монтаж қилиш, фото студия) ташкил қилиш, адабиётларни бериш кафедраларида кутубхона ресурсларига берилган буюртмалар ҳолатини кўрсатиб турувчи электрон таблоларни жойлаштириш каби таклифлар ҳам билдирилди.

Миллий кутубхона бир қатор вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда, «Ахборот-кутубхона муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни такомиллаштириш ҳақида» Қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритган бўлиб, у ўрнатилган тартибда кўриб чиқилмоқда. Лойиҳада ахборот-кутубхона муассасаси мутахассислари учун бир ва уч ойлик қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари Миллий кутубхона базасида ҳамда вилоят ахборот-кутубхона марказлари негизида ўқув-маслаҳат марказларини ташкил этилиши белгиланган.

Шунингдек, бугунги кунда Вазирлар Маҳ-камаси томонидан ахборот-кутубхона фаолияти соҳасида Махсус ваколатли давлат органини белгилаш бўйича ишлар якунланмоқда. Ушбу масала ҳал этилса, соҳамизда ўз ечимини кутиб турган қатор ишлар ҳал этилади. Ўйлаймизки, мамлакатимиз ахборот-кутубхона муассасалари мутахассисларининг касбий маҳоратини оширишга, шахсий ижодини ривожлантиришга, давр талаби билан ўз билими ва малакасини мунтазам янгилаб боришга қаратилган соҳа мутахассисларининг малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизими яратилади.