Автор статьи пишет, что в настоящее время по всему миру молодое поколение находится на грани защиты от негативных последствий распространения недобросовестной информации, которая особенно влияет на детей. Однако мы должны взять на себя ответственность и, в первую очередь, родители, за защиту наших детей от вредных идей. При проводимых сейчас реформах, мы должны начать с самих себя и при этом цель может быть достигнута. Именно из-за особого внимания и воспитания со стороны взрослых, ребенок со временем начинает различать добро или зло, а также видеть и слушать, что происходит вокруг него и в конечном результате у него появится положительный иммунитет. Сегодня, важное значение имеет не только качество проявления характера молодого поколения, но и динамика радикальных изменений, происходящих в нашей жизни.
Ўзбекистон Республикасининг «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қи-лиш тўғрисида»ги қонуни фарзандларимиз, энди вояга етаётган ўғил-қизларимизни етук инсон бўлиб вояга етишига хизмат қилади.
Тарихимизга назар солсак, аждодларимиз фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратганлар, ҳатто болага она қорнидаёқ тарбия лозимлигини уқтиришган. Дарҳақиқат, бугун шиддат билан ўзгариб бораётган ахборот асрида интернетнинг жадал ривожланиши, уяли алоқа воситаларининг кенг оммалашиши натижасида ёшлар маънавиятига қаратилган таҳдидлар ҳам авж олаётгани бизни янада ҳушёр торттиради. Эндиликда катта ҳаёт остонасида турган ёш авлодни ёпирилиб келаётган ёт ғоя ва иллатлар, ахбо-рот хуружларининг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш тобора долзарб масалага айланмоқда.
Хўш, бунда биз ота-оналарнинг, зиёли қатламнинг асосий вазифалари нималардан иборат? Биз қандай йўл тутсак болаларимизни соғлигига, дунёқарашига, мафкурасига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қила оламиз?
Тан олиш керак, бу табиий саволлар барчамизнинг олдимизда турган кўндаланг масалалардан биридир. Мамлакатимизда қисқа давр ичида мазкур йўналишда кўплаб ишлар амалга оширилганлиги, мактабгача ва ўрта таълимни янада такомиллаштириш борасида муҳим қарорлар қабул қилинганлиги, шунингдек, ўғил-қизларнинг ягона ташкилоти – Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши ёшлар билан ишлаш тизимидаги муҳим қадам бўлди. Бироқ болаларимизни зарарли ғоялар таъсиридан асрашимиздаги масъулиятни ўз қўлимизга олишимиз керак. Ҳар қандай ислоҳот, авваламбор, ҳар бир ота-онанинг ўзидан бошласагина, кўзланган мақсад-муддаога етиш мумкин.
Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Наср Фаробий, Маҳмуд Замахшарий, Ибн Сино, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби аждодларимиз каби буюк зотларнинг бу даражада комил инсон бўлиб етишишларига биринчи навбатда, ота-оналари сабабчи бўлганлар. Юқорида айтганимиздек, ота-оналар тарбияни ҳали жуфт бўлишларидан олдин ўзини тарбиялашдан бошлаган.
Тарбияга алоҳида эътибор қаратишнинг боиси шуки, бола оқ-қорани ажратиши, ёмон ва яхшининг фарқига бориши, кўраётган, эшитаётган ва гувоҳи бўлаётган хабар ва янгиликлар, воқеа-ҳодисаларни онгида таҳлил қилиб, унинг кераклисини қабул қилиш ёки зарарлисини чиқариб ташлаш иммунитети пайдо бўлади. Зеро, бугунги кунда ахборот воситаларидан аксарият ҳолларда жамият ривожи ва тинчлигига раҳна солиш, ёшлар, айниқса, болалар соғлиғига зиён етказиш, уларнинг онги ва дунёқарашини торайтириш, миллий ва умуминсоний қадриятлардан узоқлаштириш, иродасини заифлаштириш каби ғаразли ва паст мақсадларда фойдаланилаётганлиги сир эмас.
Ўзбекистон қонунчилигида, хусусан, Жиноят кодексида бу каби ҳолатларга нисбатан муқаррар жазо чоралари белгиланган. «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги янги қабул қилинган қонун ушбу йўналишда яна бир муҳим қадам бўлди. Ушбу қонун 6 боб, 27 моддадан иборат бўлиб мазмун-моҳиятига кўра, болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш борасидаги муносабатлар давлат томонидан тартибга солинади ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари, кўлами ва иштирокчилари билан боғлиқ жиҳатларни ифодалайди.
Қонун қабул қилинишида, вояга етмаган ёки бошқалар парваришига боғлиқлиги сабабли алоҳида ҳимояга муҳтож болалар маънавияти ва келажагини ҳимоя қилиш, ўсиб келаётган авлодни зарарли ахборотдан муҳо-фаза қилиш соҳасида ривожланган демократик давлатлар тажрибаси ва халқаро шартномалар (ҳуқуқлар) ҳисобга олинган.
Хусусан, Бола ҳуқуқлари декларацияси (1959 й.), БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияси (1989 й.), Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга бола савдоси, болалар фоҳишабозлиги ва порнографиясига оид факультатив қарор (2000 й.), БМТнинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенциясига қўшимча БМТнинг одам, айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ва чек қўйиш ҳамда бунинг учун жазолаш тўғрисидаги қарор (2000 й.) ва бошқа муҳим халқаро ҳужжатларда акс этган қоидалар ушбу янги қонунимизда ўз ифодасини топган.
Қонунда ахборот маҳсулоти ва унинг ёш таснифи, ахборот маҳсулотини экспертизадан ўтказиш, ахборот маҳсулотининг айланиши ҳамда болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот ва бошқа шу каби қатор тушунчалар мазмуни батафсил ёритилган. Жумладан, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи сифатида белгиланган. Мазкур органга соҳадаги давлат сиёсатини амалга ошириш, ушбу йўналишда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат дастурлари ишлаб чиқиш, соҳага оид қонунчиликка риоя қилиниши устидан назоратни амалга ошириш каби қатор ваколатлар берилган.
Бугунги кунда ҳаётимизда содир бўлаётган туб ўзгаришларнинг нафақат сифати, характери, балки суръатлари ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, янги технологияларнинг ҳаётга жорий этилиши оқибатида охирги 100 йил мобайнида силжиш тезлиги 102 марта, мулоқот тезлиги 107 марта, ахборотни қайта ишлаш тезлиги 106 мартага ўсган. Таъбир жоиз бўлса, бундай шиддатли ўзгаришлар ёшларни илм-фан, истеъдод чўққиларини ўзлаштириши учун улкан имкониятлар яратмоқда, дейиш мумкин. Лекин бу шиддатли ўзгаришларнинг хавфи ҳам йўқ эмас. Кишилар онгини бошқариш мақсадида амалга оширилаётган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни янги қонун аниқ тартибга солди. Фақат уни ҳаётга татбиқ этишда барчамиз ўз масъулиятимизни чуқур ҳис қила олишимиз лозим.
INFOLIB, №1, 2018
