Бугунги кунда электрон ахборот оқимлари, кўплаб соҳалар каби, кутубхоналарнинг ҳам жамиятдаги роли яхши маънода ўзгаришига таъсир кўрсатмоқда. Бу борада БМТ, ЮНЕСКО, ИФЛА ташкилотларининг ҳам ўрни бўлакча. Биргина мисол. Маълумки, БМТ томонидан Барқарор ривожланиш дастури қабул қилинган ва ушбу дастур кўплаб давлатларда амалга оширилиб келинади. Дастур 17 мақсадни жамлаган. Барқарор ривожланиш соҳасидаги мақсадлар ривожланган ва ривожланиб бораётган мамлакатлар томонидан илгари сурилган ўзига хос ҳаракат қилиш учун даъват десак ҳам бўлади. Барқарор ривожланиш дастури сайёрамизни асрабавайлаш, жамият фаровонлигини таъминлашга йўналтирилган:

1-қашшоқликни тугатиш

2- очарчиликни тугатиш

3- яхши соғлик ва хотиржамлик

4- сифатли таълим

5- гендер тенглик

6-тоза сув ва санитария

7-тоза ва қиммат бўлмаган энергия

8-муносиб меҳнат ва иқтисодий ўсиш

9-индустриаллаштириш, инновация ва инфратузилма

10- тенгсизликни камайтириш

11-барқарор шаҳарлар ва аҳоли яшайдиган пунктлар

12-фойдаланиш ва ишлаб чиқаришда масъуллик

13-иқлим ўзгариши билан кураш

14-дарёлар экотизимини сақлаб қолиш

15-қуриқлик экотизимини сақлаб қолиш

16-тинчлик, адолатли ва самарали институтлар

17-барқарор ривожланишда манфаатли ҳамкорлик.

Эътибор берадиган бўлсак, кутубхоналар бевосита тилга олинмаган. Бироқ Кутубхоналар ассоциацияси (IFLA) ушбу дастурни таҳлил қилиб, олти ёки еттита позицияда кутубхоналар нима қилиши керак, нима учун улар айнан шу позицияларда бўлиши кераклигини кўрсатиб ўтди. Бу бўйича хатто махсус ҳужжат ҳам қабул қилинди.

2015 йилда IFLA ташкилоти Билл ва Мелинда Гейтсларнинг «Глобал кутубхоналар» фондининг стратегик ҳамкори сифатида қабул қилинди ва 2016 йил декабрда фонд томонидан IFLAга 31,1 миллион доллар миқдоридаги грант яқин ўн йил ичида катта миқёсдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратилди. Жумладан, «Жаҳон кутубхоналари харитаси» (Library Map of the world), 2030 йилгача БМТнинг «Барқарор ривожланиш дастури» (Цели устойчивого развития) ҳамда дунё миқёсида «Глобал кўриш» («IFLA Global Vision») лойиҳаларидир.

Шу ўринда, шубҳасиз, IFLA ташкилотига алоҳида тўхталиб ўтиш жоиздир.

IFLA (Кутубхона ассоциацияларининг халқаро федерацияси) бутун дунё бўйлаб ахборот-кутубхона муассасалари, кутубхоналар ва кутубхоначилар ассоциациялари ишини қўллаб-қувватлаб келадиган етакчи халқаро нодавлат-нотижорат ташкилот ҳисобланади.

IFLA 1927 йил 30 сентябрда Эдинбург (Шотландия)да Англия кутубхоналари ассоциациясининг йиллик йиғилишида ташкил топган. Расман 1929 йилда 15 мамлакатдан 15 аъзони ўз ичига олган ҳолда ўз ишини бошлаган. Ҳозирда IFLAга 150га яқин давлатдан 1500дан ортиқ ташкилот аъзо. IFLA штаб квартираси Нидерландия Қироллик кутубхонаси (Гаага)да жойлашган.

IFLAнинг асосий вазифаси халқаро кутубхона ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва дунё кутубхоналарида юқори даражадаги ахборот ва кутубхона хизматларини, шунингдек ахборот-кутубхонашунослик соҳасидаги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиёт ва маданиятнинг турли соҳаларида юқори сифатли ахборот-кутубхона хизматларининг қиймати ва аҳамияти ҳақида тушунчаларни тарқатишдан иборат.

IFLAга аъзо бўлиш ахборот-кутубхона фаолияти соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва жорий этишда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, таълим, фан ва маданиятни ривожлантиришда ахборот-кутубхона муассасалари ролини ошириш, халқаро кутубхоналараро ахборот алмашинувини жадаллаштириш, семинарлар, конференциялар, ахборот материаллари орқали соҳа мутахассисларининг касбий тайёргарлигини ташкил этишга қаратилган. IFLA ҳар йили Конгресс ташкил қилади. Инглиз, немис, француз, рус, испан, араб, хитой - 6 та тил IFLAнинг ишчи тили деб тан олинган.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси мамлакатимиздаги барча ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини мувофиқлаштирувчи ва услубий марказ ҳисобланади. Миллий кутубхона республиканинг барча ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини ривожлантириш, кутубхоначилик соҳасидаги ривожланиш тенденциялари, халқаро стандартлар,

услубий тавсиялар ва IFLA ишланмаларини етказиш ҳамда жорий этиш мақсадида 2009 йилдан Кутубхона ассоциациялари халқаро федерацияси (IFLA)га аъзоликни давом эттириб келмоқда.

IFLAга аъзолик халқаро миқёсда профессионал тармоқни кенгайтириш, кутубхоначилик соҳасидаги стандартларни ишлаб чиқиш бўйича Халқаро федерация ишчи гуруҳларида иштирок этиш, кутубхоначиликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш бўйича йиғилишлар, семинарларда, шунингдек чегирмалар асосида йиллик Конгресс ишида қатнашиш, IFLA йиллик ҳисоботининг бепул нусхасини олиш, «IFLA» журналига бепул обуна бўлиш, ҳужжатларни электрон етказиб бериш учун IFLA ваучерларига чегирма олиш, IFLAнинг «Осиё ва Океания кутубхоналари», «Миллий кутубхоналар» ва «Жамлаш» бўлимларида рўйхатдан ўтиш имкониятларини яратади.

IFLAга «Глобал кутубхоналар» фонди томонидан ажратилган грант бўйича учта лойиҳанинг бири «Жаҳон кутубхоналари харитаси» (Library Map of the world) – бу кутубхоналар фаолиятининг баъзи кўрсаткичлари ҳақидаги маълумотларни кўриш платформаси бўлиб, мамлакатлар бўйича кутубхоналар фаолиятининг солиштирма кўрсаткичларини ифодалайди, шунингдек уларнинг манфаатини глобал, ҳудудий ва миллий даражада ҳимоя қилишда қулай восита ҳисобланади. Ушбу лойиҳада иштирок этиш бўйича Миллий кутубхона IFLA билан ҳамкорликдаги ишларни бошлаган.

Иккинчи «Глобал кўриш» («IFLA Global Vision») лойиҳаси минглаб кишилар иштирок этаётган глобал муҳокама бўлиб, биринчи босқич доирасида бир қанча учрашув ва семинарлар ўтказилди. Лойиҳага 2017 йил 4 апрелда Афина (Греция)да старт берилди. Олтита ҳудудий учрашувлар май ойида АҚШ, Камерун, Мисрда, июнь ойида Аргентина, Сингапур ва Испанияда бўлди. Учрашувлар жараёнида муаммолар доираси ва муҳокамалар шакли белгилаб олинди ва бу 7 тилда тайёрланган услубий ишланмани тайёрланишига асос бўлди.

 Лойиҳадаги кейинги ишлар бутун дунё  бўйича профессионал ассоциациялар ва кутубхоналар, IFLAни барча аъзоси томонидан давом эттирилди. Услубий ишланмага асосланган ҳолда, ҳудудий экспертлар  муаммоларни кўрсатган равишда қуйидаги масалаларга эътибор қаратишди:

- кутубхоналарнинг асосий бойликлари,

- кутубхоналарнинг заиф ва кучли тарафлари,

- глобал кутубхоначилик ҳамжамияти бирлашувини кучайтириш,

- рақамли трансформация даврида кутубхона ва кутубхоначилик касби олдида турган чақириқлар.

Лойиҳанинг биринчи босқичи якунида олинган натижалар бўйича онлайн овоз бериш учун олтита савол ва ўнта жавоб вариантлари (бештадан кўп бўлмаган)дан иборат анкета тайёрланди. Онлайн овоз бериш платформаси 2017 йил 21 августда Польшада IFLAнинг 82 Умумжаҳон кутубхоначилик ва ахборотлаштириш Конгрессида ишга туширилди.

Умумий ҳисобда барча қитъалардан 213 та мамлакатнинг 23 мингдан зиёд кутубхоначи мутаҳассиси ушбу онлайн муҳокамада иштирок этди. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳам соҳа ҳолати, ўзгаришлар, муаммолар, ютуқлар, келажакдаги режаларини ўзида акс этган маълумотлар билан қатнашди.

Онлайн муҳокама натижасида лойиҳа ташкилотчилари томонидан глобал миқёсда кутубхоналар олдида турган чақириқларни, соҳа ривожланишининг янги босқичларига чиқиш имкониятларини аниқлаш ва ҳужжатларда қайд этишга эришилди. «Global Vision Report Summary. Top 10 Highlights and Opportunities» йиғма ҳисоботида иккита муҳим хулоса - «Биз глобал масштабда ўз мақсадларимиз ва қадриятларимизда ажралмас ва ягонамиз» ва «Биз ўз ҳаракатларимизни локал ва ҳудудий даражаларда самарали мувофиқлаштиришимиз керак» деган фикрлар ўртага ташланди.

 Онлайн овоз бериш натижасида ўнтадан муҳим жиҳат ҳамда потенциал имконият ва вазифалар ҳам аниқланди (жадвал №1).

 IFLA ушбу ғоялар асосида дунё кутубхоналари фойдаланиши мумкин бўлган ғоялар банки ва глобал стратегиясини яратишни ўз олдига мақсад қилди ва амалга оширди. Ғоялар банки – бу тадқиқотлар учун майдон! https://ideas.ifla.org/ Ғоялар банки доим кўпайиб боради. Кутубхоначилар ҳохлаган пайтда ўз ғояларини киритиши мумкин. 2017-2018 йиллар оралиғида БМТга аъзо 190 давлатдан 30 000дан зиёд киши глобал миқёсда 8500га яқин ғояси билан кутубхоначилик ҳамжамияти эътиборини тортиб, илҳомлантирди.

Кутубхоналарни бугунги кунда ахборот оқимлари, электрон ахборотларнинг улкан майдони, «Катта маълумотлар», «Ўзаро боғланган маълумотлар» ўраб олгани сир эмас. Электрон ва босма китобнинг рақобати кундек равшан. Аммо хавотирга ўрин йўқ, чунки босма китоб йўқолмайди ва доим барҳаёт бўлади, зеро кўплаб статистик маълумотлар шундан даракдир (халқаро китоб кўргазмалари, хорижий нашриётларни ҳисоботлари). Ривожланган мамлакатларда электрон индустрия ва босма нашрлар ўртасидаги тафовут (масалан, АҚШда) 25/75 ташкил қилади, 75 фоизи – босма нашрлар.

Бугун кутубхона деганда, янги шартлар, янги талаблар, янги «муомала» ҳақида гапириш мумкин. Биринчи навбатда бу электрон ахборот оқими мунтазам ортиб бориши билан боғлиқ. Яратилаётган, масофадан фойдаланилаётган ҳужжатлар кўпинча анъанавий ҳужжатларни муқобили бўлади, лекин ҳеч ҳам уларни ўрнини боса олмайди. Замонавий кутубхона фондининг таркибий қисми электрон ва босма ҳужжатлардан иборат. Бу борада кутубхоналарнинг бош вазифалари ахборот очиқ бўлишини таъминлаш, маданий меросни сақлаш, ахборий ва коммуникацион хизматлардан фойдаланиш ва энг асосийси - фойдаланувчилар билан мунтазам турли шаклдаги мулоқотда бўлишга қаратилган.

Қайд этилган охирги позиция – китобхонларни кутубхоналарда ушлаб қолишнинг ва албатта, янги китобхонларни жалб қилишнинг асосларидан биридир.

Замонавий кутубхонанинг ахборот ресурслари жамламаси улкан. Аммо улардан фойдаланишда кўплаб муаммолар мавжуд. Чунончи, электрон-кутубхоначилик тизимлари муаммоси доирасида қонуний (легитим) асосда тўлиқ матнли ресурслардан фойдаланишдаги қийинчиликларни айтиш мумкин. Фондларни электрон ресурслар билан жамлаш анча жиддий жараён. Ҳозирда кутубхоналарнинг ўзи электрон ресурслар яратмоқда. Уларнинг сони ҳам ортиб бормоқда. Ўзўзидан бошқа ЭКТ (электрон-кутубхоначилик тизим)лардан фойдаланишга бўлган эҳтиёж камаяётир. Олий ўқув юртлари АКМларида яратилган ЭКТдан фойдаланиш бунга мисол бўла олади, яъни таълим муассасасининг ихтисослиги бўйича маълумотлар базалари ёки Миллий кутубхона электрон базалари очиқ фойдаланиш ва янада ривожланиш учун қулай имкониятдир.

Лекин айни пайтда кўплаб ахборот-кутубхона муассасалари бўйича ЭКТдан фойдаланиш кўрсаткичи паст. Гўё бу уларга керакмасдек. Аслида кўп холларда кутубхоначилар бундай ресурслар ролини тушунмаслиги билан боғлиқ бўлаётир.

Яна бир муҳим асос – бу хорижий тўлиқ матнли нашрларга миллий ёки марказлашган обуна. Миллий кутубхонада 2014 йилдан бу ишлар амалга оширилади. Етти йилдан эътиборан 120 дан зиёд муассаса «EBSCO Information Services» хорижий лицензион тўлиқ матнли илмий-таълимий базадан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Ҳозирда бу обуна кутубхоналарни электрон фондларини ривожлантиришда асосий омил ҳисобланади.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан Россия давлат кутубхонасининг тўлиқ матнли диссертациялар базаси ҳамда марказлашган обуна (14 та вилоят АКМ)дан, ProQuest Dissertations & Theses Global хорижий лицензион тўлиқ матнли диссертациялар базасидан Миллий кутубхона ва 14 та ОТМ (2018-2019), Миллий кутубхона, 12 та вилоят АКМлари ва еттита ЎзФА тасарруфидаги илмий-текшириш институтлари кутубхоналари (2021-2022), Springer Nature компаниясининг тўлиқ матнли электрон базаларидан 105 та муассасаса (2019-2020) фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлди.

2021 йил март ойидан Миллий кутубхона томонидан Web of Science базасига обуна ташкил қилинди. Ушбу база фақат Миллий кутубхонада мавжуд. Хорижий тўлиқ матнли электрон базаларда билимнинг турли соҳаларини акс эттирувчи нашрлар бор. Обуналарнинг барчаси давлат ҳисобидан амалга оширилади ва бундай имконият ўта муҳимдир.

Электрон ахборот, электрон ресурслар билан боғлиқ яна бир муаммоли жиҳатга тўхталиб ўтамиз – бу ҳаққоний ахборотни тақдим қилиш билан боғлиқ.

Жаҳондаги энг йирик кутубхоналардан бири – АҚШ Конгресс кутубхонаси. Асосан кутубхона Конгресс фаолиятини таъминлайди. Бугунги кунда 3600 нафар ходим ишлайди. Ходимлар икки тоифага бўлинади: 1300-1500 аналитик фақат Конгресс учун ишлайди. Уларнинг вазифалари – Конгресс ва Сенат аъзоларини босма манбалар ва Интернет тармоғидан олинган ҳаққоний ахборот билан таъминлаш. Қолган кутубхона ходимлари фондларни шакллантириш, хизмат кўрсатиш ва бошқа жараёнларни олиб боради.

Масаланинг иккинчи қисми - бу рақамли давр. Ҳаммамизга яхши аёнки, маълум бир вақт ўтиши билан аҳамиятга молик адабиётлар - истаймизми ёки йўқ - рақамли шаклга ўтади. Бунда биз, соҳа мутахассислари, катта ҳажмдаги рақамли ахборотдан ҳаққоний билимларни ажратиш масаласини хал қилишимизга тўғри келади. Бу муҳим масала, чунки ахборот ва билим – бошқа-бошқа нарсалардир. Ушбу масалани тушуниш учун эса молия масалалари, инсон капитали ва энг муҳими - илмий ёндашув талаб этилади.

Айни пайтда илгари сурилаётган миллий умумтаълим электрон кутубхона (МУЭК) ғояси - аҳолимизни турли адабиётлар, ҳаққоний ахборот ва билимлар билан таъминлаш, илмий адабиётдан фойдаланиш имконини бериш, хоҳлаган кутубхонадан муҳим илмий, илмий-оммабоп, ўқув адабиётларидан фойдаланиш имкониятини яратиш масалаларига қаратилган. МУЭК лойиҳасида илмий адабиётлар билан таъминлаш масаласи Ўзбекистон Фанлар академияси фундаментал кутубхонаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасарруфидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети, Илмий-педагогика кутубхонаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика илмий-тиббиёт кутубхонаси зиммасига юкланган. Бу кутубхоналар «илмий» мақомга эга ва фондларини илмий нашрлар билан шакллантиради.

Яхши маълумки, барча нашриётлар замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, бозор иқтисодиёти асосида фаолият юритади. Нашриётлар томонидан илмий, илмий-оммабоп, маърифий, маданиятга оид адабиётлар 300 нусхада чоп этилса, яхши ҳисобланади, 500 нусхада - катта тираж, 1000 та - илмий нашр учун етиб бўлмас кўрсаткич. Аммо бу республикамиздаги фақат кутубхоналарни оладиган бўлсак (12 мингдан зиёд) - жуда оз! Илмий нашрлар билан фондни шакллантириш зарур бўлган кутубхоналар (Миллий кутубхона ва тасарруфидаги 200 та АКМ, барча ОТВга қарашли 140 дан зиёд АРМлар, ЎзФА тасарруфидаги кутубхоналар ва бошқалар)га тўхталадиган бўлсак ҳам, етиб бўлмас даражадаги тираж, яъни 1000 та чоп этилганида ҳам, талабни қондира олмайди. Демак, фан ва техника ютуқларини ўзида акс эттирган ахборот, яъни замонавий нашрлар кутубхоналарга етиб бормайди деб тушунилади...

МУЭК йўлга қўйилиши – замонавий адабиётни, у хоҳ илмий, хоҳ оммабоп, хоҳ бадиий ёки ўқув қўлланма бўлсин, дунёнинг исталган нуқтасидан туриб ўқиш имконини беради дегани. Лекин шуни ҳам унутмаслик лозимки, қонунчилигимизга кўра, муаллифлик ҳуқуқи тугамаган (муаллиф вафотидан 70 йил ўтгандан кейин тугайди) нашр, ҳатто унинг электрон нусхаси кутубхонага қандай келиб қолганидан қатъий назар, электрон шаклини мутолаа қилиш учун қуйидаги шартларга риоя қилиниши керак. Жумладан:

- китобхон кутубхонага ташриф буюриши зарур, онлайн фойдаланиш мумкин эмас;

- китобхон ушбу электрон нашрдан нусха кўчириши мумкин эмас;

- хизмат беғараз амалга оширилиши зарур.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан МУЭКни электрон ресурслар билан тўлдиришда айнан шу масалага, яъни асарларга қўйилган муаллифлик ҳуқуқи талаблари бузилмаслигига жиддий эътибор қаратилади. Шундай бўлсада, кутубхоналар учун айрим имтиёзлар берилиши керак. Фақат бунга эришилгач, электрон ресурслар кутубхоналар томонидан яратилиши (рақамлаштирилиши) сезиларли даражада кўпаяди, бу эса ҳаққоний ахборот ортишига олиб келади, чунки кутубхоналар босма нашрлар (аниқ манба) билан ишлайди.

Хотима ўрнида қўйидагига эътибор ўринли деб биламиз. Кутубхоначиликнинг анъанавий йўриғи кутубхона ҳаётида доим китобхон ҳақида ўйлашга қаратилганди. Энди бу ибора китобхон ҳаётида кутубхона ҳақида ўйлаш керак дея ифода топади.

Кутубхона билимларни сақловчи ва билимлар дунёсига йўлбошчилик қилувчи ижтимоий институт ролини бажарган ва ўз вазифасини шу йўсинда бажариб келмоқда. Ҳеч қандай Интернет кутубхонанинг бу ролини ўзгартира олмайди, бироқ ривожланиш учун бу жуда оғир бўлса ҳам, эътиборни фондлардан фойдаланувчилар томонга ўзгартириш керак. Айтмоқчимизки, анъанавий материаллар ҳеч қаёққа кетмайди, аммо фойдаланиш нуқтаи назаридан биз устунликни электрон ресурсларга бериб бўлдик ва энди буларнинг барини янада такомиллаштирмоғимиз даркор.