Abstract: The article examines valuable photographs by Russian, English, French, German and other photographers who arrived in Turkestan in the second half of the 19th and early 20th centuries, summarizing historical monuments, architecture, ethnography, social life and the flora of the region. The history of the arrival of photographers to our country, photo collections and their significance were analyzed, and the frames were scientifically described. Thematic areas of interest and photographs of such photographers as F. Orde, Paul Nadar, Paul Lubbe, Hugo Krafft, E.A. Dmitriev-Mamonov, S.M. Dudin, Gottfried Merzbacher, Prokudin Gorsky were scientifically analyzed. The scientific value of photographs taken by photographers, the history of their presence in museums and libraries around the world, as well as current problems of conservation are revealed.
Keywords: amateur photographer, photography studio, photo album, Turkestan album, photo collection, ethnographic photography, professional photographer, reportage, collection of Dudin, color photography.
Аннотация: В статье рассматриваются ценные фотографии русских, английских, французских, немецких и других фотографов, прибывших в Туркестан во второй половине XIX-начале XX веков, обобщающие исторические памятники, архитектуру, этнографию, общественную жизнь и мир флоры региона. Была проанализирована история приезда фотографов в нашу страну, фотоколлекции и их значение, были научно описаны кадры. Научно проанализированы тематические области интересов и фотографии таких фотографов, как Ф.Орде, Пол Надар, Поль Люббе, Гюго Краффт, Е.А.Дмитриев-Мамонов, С.М.Дудин, Готфрид Мерцбахер, Прокудин Горский. Раскрывается научная ценность фотографий, сделанных фотографами, история их пребывания в музеях и библиотеках мира, а также актуальные проблемы сохранения.
Ключевые слова: фотограф-любитель, ателье фотографии, фотоальбом, Туркестанский альбом, фотоколлекция, этнографическая фотография, профессиональный фотограф, репортаж, коллекция Дудина, цветная фотография.
Аннотация: Мақолада XIX аср иккинчи ярми – XX аср бошларида Туркистонга келган рус, инглиз, француз, немис ва бошқа фотографларнинг ҳудуд тарихий ёдгорликлари, меъморчилиги, этнографияси, ижтимоий ҳаёти ва флора дунёсига доир жамлаган қимматли фотосуратлари ўрганилган. Фотографларнинг ўлкамизга келиши тарихи, фотоколлекциялари ва уларнинг аҳамияти таҳлил этилган ҳамда лавҳалар илмий тавсифланган.
Ф.Орде, Пол Надар, Поля Люббе, Гюго Краффт, Е.А.Дмитриев-Мамонов, С.М.Дудин, Готфрид Мерцбахер, Прокудин Горский каби фотографларнинг қизиқишлари, фотосуратларининг мавзувий йўналишлари илмий таҳлил этилган. Фото усталари томонидан олинган суратларнинг илмий қиймати, уларнинг жаҳон музейлари ва кутубхоналарига бориб қолиш тарихи ва ҳозирги кунда сақланиши масалалари очиб берилган.
Калит сўзлар: ҳаваскор фотограф, фотография ательеси, фотоальбом, Туркистон альбоми, фотоколлекция, этнографик фотография, профессионал фотограф, репортаж, Дудин коллекцияси, рангли фотография.
Ўрта Осиёдаги тарихий муҳит, аҳолининг кундалик турмуши ва жўғрофий материаллар айнан фотография орқали бугунгача етиб келган. Тарихнинг турли даврларга доир фотолавҳалар давр муҳитини тасаввур этишда муҳим манбалардан бири сифатида хизмат қилади.
Инсон тафаккурининг қудрати билан вужудга келган фотографиянинг Ўрта Осиёга, хусусан, ўзбек диёрига кириб келганига 130 йил бўлди.
Тарихий ҳужжатларнинг шаҳодат беришича, Ўрта Осиё, хусусан, ҳозирги Ўзбекис-
тон билан танишиш, унинг табиати, тарихи ва маданиятини ўрганиш мақсадида илк бор фотоаппарат билан Туронзаминга келган кишилар европалик сайёҳ ва ўлкашунослардир. Улардан кейин эса ҳунармандлар ва тадбиркорлар қадамранжида қилишган. Шулардан бири Антон Муренко (1837–1875) бўлиб, у 1858 йилда полковник Н.Игнатьевнинг ҳарбий-дипломатик сафари вақтида «очиқ музейлар шаҳри» – Хива кўринишларини суратга олган. Унинг издошларидан бири Станислав Николаи 1837 йилда Тошкентда илк фотография ательесига тамал тошини қўйган.
Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат 1890 йили Тошкентга ташриф буюрганида, Янги шаҳардаги гимназия, театр сингари рус маданияти ўчоқлари билан яқиндан танишган. Туркистоннинг маданий ва маиший ҳаётига кириб кела бошлаган Европа маданияти ва техникаси янгиликлари шоир қалбида ўчмас таассурот қолдирган. У мазкур сафари чоғида Тошкентнинг энг машҳур фотографи Дмитрий Назаров билан ҳам учрашган. Тошкент гимназиясида расм машғулотини олиб борган Д.Назаров Санкт-Петербургдаги Строгонов бадиий-санъат билим юртини тугатгач, Туркистонга келиб, ҳозир Амир Темур номи билан аталган кўчанинг Темурийлар давлат музейи яқинида ўз ательесини очган эди1.
ХIХ асрнинг охири ва ХХ асрнинг бошларида Туркистонда суратга тушириш шариат қонунлари томонидан йўл қўйилмас, муллалар бунга қарши тиш тирноғи билан қарши курашишарди. 1889 йили Фурқат Д.Назаров уйи ва фотоательеси ҳақида «Туркистон вилоятининг газети»да катта мақола чоп этади2. Мақоладан сўнг маҳаллий аҳолининг фотографияга бўлган қизиқиши янада ортади. Муллалар эса фотография шариат қонунларига зид эмаслигини тан олишади.
ХIХ аср охирларида Тошкентда шундай кишилар ташаббуси билан Туркистон фотография ва нафис санъат ҳаваскорлари жамияти ташкил топди. 1899 йилда эса Туркистон тарихида биринчи марта Тошкентда фото кўргазма ташкил этилди. Кўргазмани тайёрлаш ва ўтказиш бўйича тузилган комиссия, манбаларда айтилишича, икки ярим мингдан зиёд бадиий фотосуратларни томошабинлар эътиборига ҳавола қилган3. Экспозицияда туркистонлик, хусусан, тошкентлик машҳур фотосурат усталари В.Козловский, Е.Коркин, Ш.Немцевич, М.Смоленскийлар билан бирга ҳаваскор сураткашлар И.Гейер, П.Григорьев, С.Юдин, Г.Сваричевскийлар асарларини томоша қилиш имконияти бор эди4.
Ўлкамизга доир фотосуратлар фақатгина ҳаваскор фотограф ва сураткашлар томонидан олинмай, балки махсус топшириқлар асосида хам йиғилган. Хусусан, Туркистоннинг биринчи генерал губернатори, генерал адютант Константин Петрович фон-Кауфман (1818–1882) Туркистон ўлкаси билан яқиндан танишиш мақсадида фотосуратли альбом тайёрлашга топшириқ беради. Альбомга қуйидагиларга эътибор қаратиш асосий вазифа қилиб белгиланади.
Тарихий ёдгорликларда сақланиб қолган ўлканинг қадимий ҳаёти (археология қисми);
Аҳолининг замонавий ҳаёти – ташқи кўриниши, эътиқоди, урф-одат ва анъаналари, турар-жойлари, кийим-кечаклари ва ўлка маҳаллий аҳолисининг бошқа кўринишлари (этнография қисми);
Ишлаб чиқариш ва техник муносабатлардаги ўлка маданияти (ҳунармандчилик қисми);
Русларнинг бу янги ўлка томон ҳаракати, Ўрта Осиёга биринчи йўлларни очган арбоблар портретлар (тарих қисми).
Мазкур вазифани атрофлича ўрганиш, альбомни тайёрлаш ишларига қарийб икки йил вақт кетди. Фотосуратларни тузишга шарқшунос ва этнограф А.Л.Кун (1840–1888) тайинланган, қадимий меъморчиликнинг диққатга сазовор фосуратларини олиш Н.В.Богаевскийга топширилган. Акварел нусхаларни Л.А.Шостак тасвирлаган. Шунингдек, альбомни тайёрлаш ишларига М.И.Бродовс-
кий, М.А.Терентевлар жалб этилган. Шу тариқа 1262 сурат, шунингдек, архитектура режалари, акварелда чизилган расм ва хариталарни ўз ичига олган қимматли фотоальбом тайёрланади.
Альбомнинг археологик қисмида 1871-1872 йилларда суратга олинган авлиё Шайх Ҳованда Тоҳур қабристони, Кўкалдош мадрасаларини кўриш мумкин. Тошкент воҳаси обидаларини расмга олиш учун кўплаб фотографлар, хусусан, Н.Нехорошев, К.Сциборовский, Д.Назаров ва С.Николялар жалб этилган5.
«Туркистон альбоми»нинг икки ҳақиқий нусхалари бугунги кунда Санкт-Петербург ва АҚШдаги Конгресс кутубхонасида сақланади6. Бугун дунёнинг турли музейлари, кутубхоналари, университетлари, илмий тадқиқот марказлари ва архивларида сақланаётган Туркистон билан боғлиқ фотоколлекциялар ўлкага ташриф буюрган рус, ингиз, немис, француз ва бошқа фотографлар томонидан суратга олинган ва махсус йиғилган.
Россия императорлик жамоат кутубхонасига, айнан, «Тасвирий санъат ва технология» бўлимига В.В.Стасов бошчилигида 1872 йилдан 1906 йилгача бўлган, Туркистон ўлкасига бағишланган ва альбом ҳолида тўпланган фотосуратлар 1870 йиллардан йиғила бошланган. В.В.Стасов мазкур кутубхонада 50 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаган энг йирик рус танқидчиси ва санъатшуноси ҳисобланади7. Ҳозирда Россия миллий кутубхонаси деб аталадиган муассасанинг Нашрлар бўлими коллекцияларида Ўрта Осиё ҳудудларига оид қатор алоҳида альбомлар сақланади.
Ўрта Осиё халқларига оид кўпгина фотоколлекциялар Россия Фанлар академияси Буюк Пётр номидаги Антропология ва этнография музейида сақланмоқда. Мазкур музейда Марказий Осиё халқлари фотофонди бўлиб, у олдин Ўрта Осиё ва Қозоғистон бўлими деб номланган. Мазкур фонддан ҳудуд халқлари, кийим-кечаклари, тураржойлари, ҳаёт тарзи, хўжалик хаётига доир қимматли материаллар олиш мумкин. Кўплаб расм ва фотосуратлар жуда эски ва ноёбдир. Коллекцияларда махсус ишлар ҳам сақланиб, унга мисол сифатида Н.Орде, С.М.Дудин, К.В.Щенниковларни айтиш мумкин8.

1880 йиллар охири 1890 йиллар бошлари фундаментал илмий фотография асос солинган давр ҳисобланади. Кўп қиррали профессионал фотограф сифатида биринчи навбатда Ф.Ордени келтиришимиз мумкин. У эскпедицион, этнографик фотографияга асос солган камёб, замонавий, профессионал фотограф ҳисобланади. Ўз саёҳатлари давомида мундарижаси такрорланмас ва техник нуқтаи назарда жуда сифатли фотосуратларни олишга муваффақ бўлган. Шунинг учун Орде доим ноёб фото устаси сифатида эсланади. Ф.Ордени нафақат таниқли фото устаси, балки мавзувий ва географик қамрови кенг инсон деб аташ мумкин. Афсуски, ҳамма фотоколлекцияси ҳам Археология ва этногария музейи (Россия)да сақланиб қолмаган. Унинг фотоколлекцияси рўйхати 1931 йилда Ўрта Осиё халқлари бўйлаб фотосуратларига киритирилган.
Кўзга кўринган маҳоратли фотограф Ф.Орде ишларини излаш асносида Санкт-Петербургдаги Россия миллий кутубхонаси фондларидан «Кавказ ва Ўрта Осиё» номи остида унинг тўрт томли фотоальбоми топилади9. Ф.Орденинг тўрт томли фотоальбомини тадқиқ этиш жараёнида турли тўпловчилар томонидан музейга келтирилган бутун бошли эски фотосуратлар ягона муаллиф – Ф.Ордега тегишли эканлиги маълум бўлган.
Туркистонга оид фотосуратларни йиғишда Франциядан келган фотографларнинг хизмати жуда катта. Хусусан, француз фотографи, карикатурист Пол Надар (тўлиқ исми Гаспар Феликс Турнашон) (1820–1910) 1890 йилда Туркиядан Туркистонга саёҳат қилган. У 1856 йилда машҳур фотограф Гаспар Феликс оиласида дунёга келган. Париждан йўлга чиқиб, Истамбул, Тблиси ва Баку орқали Туркистон, ҳозирги Туркманистон ва Ўзбекстон ҳудудларига кириб келган. XIX аср сўнгида кўп сонли тарихий иншоотларни суратга олган. Надар саёҳатлари натижаси ўлароқ фотография тарихида биринчиларда бўлиб «катта репортаж» тайёрлади. Унинг суратларида ўзига хослик шундаки, суратга олиш жараёнларидан бир неча кадрлар ҳам сақланиб қолган.
Ўрта Осиёга фотоаппарат билан келган сайёҳ Поль Надар Шарқни Европа учун кашф этди. Француз фотографининг ХIХ аср охирларида Ўрта Осиёга келиб, ўлкамиз манзараларини тасвирга туширгани эътирофга лойиқ. Негаки, Поль Надар тасвиридаги шаҳар ва қишлоқ кўринишлари, орадан бир неча асрлар ўтган бўлса ҳамки, қарийб ўзгармаган эди. Фақат шаҳар ва қишлоқлар эмас, балки шу шаҳар ва қишлоқлардаги қайноқ ҳаёт манзаралари ҳам, одамларнинг ўша вақтдаги ўзига хос қиёфалари ҳам унинг фотосуратларида акс этган эди. Надар тор кўчалар, бозор майдонларидаги ҳаёт ва гавжум оломон, саёҳатчи савдогарлар, маҳаллий аҳолининг ҳордиқ чиқариш жараёни, янги шаҳар жамияти, оилалар, болалар ўйинлари каби қайноқ лаҳзаларни тасвирга туширган. Шу тариқа парижлик фото устаси олис тарихимизни абадиятга муҳрлади.
Яна бир фотограф, Франция география жамияти аъзоси Поля Люббе 1897 йилда Туркистонга қилган саёҳати давомида кўп-лаб меъморчилик ёдгорликларини суратга олган.
Таниқли француз фотографи Гюго Краффт (1853–1935)нинг эса жами 400 га яқин фотосуратлари бизгача етиб келган. У 1898 йилнинг октябридан 1899 йилнинг июнь ойигача ўзининг сўнгги ва энг катта саёҳатини Рус Туркистони ва Кавказга уюштирган ва хотираларини 1901 йил «Revue des tradition populaires» журналида эълон қилади. Унинг «Қовун сотаётган савдогар» фотосурати жуда машхурдир10. Унинг «Рус Туркистони бўйлаб» китобидаги фотосуратлар илмий қийматга эгадир.
Е.А.Дмитриев-Мамонов XIX аср охири – XX аср бошларида Ўрта Осиёда бир нечта кадрларни олган. Унинг фотосуратларидан Туркистон этнографиясига оид хорижий нашрларда фойдаланилган.
С.М.Дудин (1863–1929) 1900–1902 йилларда Туркистонга саёҳат қилиб, шаҳарнинг меъморчилик ёдгорликлари, географик тузилиши, табиати, аҳолиси, кийим-кечаклари, таомлари, урф-одат ва анъаналари, диний эътиқодлари хусусида бой материал йиғган. Шунингдек, ҳар бир жараённи алоҳида суратга олишга ҳаракат қилган. Хотираларида «маҳаллий аҳолини ва уларнинг кийимларини суратга олиш қийинчилик туғдираётганини, уларнинг ҳар биридан рухсат сўрашга тўғри келаётганини» таъкидлайди11. Дудин коллекциясига йиғилган минглаб фотосуратлар Туркистоннинг сўнгги ўрта асрлар даврини ўрганиш, тарихий муҳитни яққолроқ тасаввур қилишда муҳим аҳамиятга эга.
Таъкидлаш жоизки, Дудин рассомлар академиясида ўқиб юрган кезлари Шарқ тарихи ва маданиятига жиддий қизиққан. Дудин кўплаб йирик шарқшунослар, Петербург университети профессори, академик В.В.Бартольд, Н.И.Веселовскийнинг кўплаб асарларини ўқиган. Кейинчалик Туркистон минтақаси, унинг шаҳарларига қизиқиб қолади. Мазкур шаҳарларни ўрганиш, бу ҳудудларга уюштирилган эскпедицияларда қатнашиш истагида бўлади. 1900 йилдан 1909 йилгача Дудин деярли ҳар йили Туркистон ўлкасига боради. Биргина 1900–1902 йилларнинг ўзида уч маротаба саёҳат уюштиради. Мазкур ҳудудларда жуда катта этнографик материллар йиғади. Россия этнографик музейи фондида «Дудин коллекцияси» номи билан 4000 га яқин эскпонатлар сақланмоқда. Шундан 35 коллекция ўзбеклар ва бошқа Ўрта Осиё халқларига бағишланган. Унинг 15 та фотоколлекциясида 1500 та фотосурат жамланган12.
XIХ асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиё, хусусан, Туркистон фотографлар учун серқатнов чорраҳалардан бири бўлиб қолди. Европалик ва россиялик фото усталари олис асрларнинг ёдгорликлари, маҳобатли меъморий мажмуаларни суратга олиш учун фоторафик экспедицияларни қайта-қайта уюштирдилар.
Туркистон ўлкасига келган хорижлик фотографлар ва улар томонидан яратилган альбомларда ХIХ аср охири – ХХ аср бошларидаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳолат холис кўрсатиб берилган. Ҳарбий ва илмий жиҳатдан ўрганишга юборилган экспедиция аъзолари ўлканинг стратегик муҳим ва диққатга сазавор жойларини фотосуратга туширган. ХХ аср бошларидан Ўрта Осиёга эътибор кучайиши натижасида фотография соҳаси ҳам ривожланиб борганлиги ортидан маҳаллий фотографлар етишиб чиққан. Туркистон ҳудудига фотографиянинг кириб келиши бевосита ҳарбий-сиёсий мақсадларни кўзлаган фотографлар билан боғлиқ бўлган.
Россия империяси маъмурлари Ўрта Осиёда фотографиянинг ривожланишига хайрихоҳ бўлган бўлсалар-да, хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳаваскор фотографларни қатъий назоратга олиб турганликлари, ва ҳатто, махсус рухсатномаси бўлмаган фотографларга стратегик муҳим объектлар, чегара ҳудудларида суратга олишларини қатъиян ман этган13.
Европалик ва россиялик машҳур фотографларнинг Ўрта Осиёга, хусусан, Туркистонга тез-тез келишлари шу ерда фото санъати ихлосмандларининг кўпайишига туртки берди. 1910 йилда Тошкентда 20 та фотография ательелари мавжуд эди. Шу ательеларда тайёрланган бир қатор фотоасарлар Европа ва Америка Қўшма Штатларида ўтказилган фотокўргазмаларда намойиш этилиб, совринларни олишга муваффақ бўлди. Фотоательедан бири, «Илҳомжон Иноғомовнинг мусулмон фотографияси» манбаларда қайд этилишича, 1902 йил 14 апрелда Шайхонтоҳур даҳасининг Ҳовузбоғ маҳалласида очилган14.
Ўрта Осиё хусусан, Ўзбекистондаги тарихий шаҳарлар обидалари профессионал ва ҳаваскор фотографлар томонидан суратга туширилиб, улар дастлаб Москва, Санкт-Петербург, кейинроқ Париж ва Вена шаҳарларида ўтказилган халқаро кўргазмаларда намойиш этилиши, европалик фотограф ва тадқиқотчиларни ўлкага қизиқишлари ошишига сабаб бўлган.

Машҳур немис географ ва саёҳатчиси Готфрид Мерцбахер ҳам 1902–1908 йилларда ўзининг Тяншан тоғларига уюштирган экспедициялари вақтида Тошкентга ташриф буюрган ва Воскресение бозорининг бир неча фотосуратларини олган. У бу ерда саёҳати учун зарур бўладиган озиқ-овқат ва бошқа идишлар сотиб олиш учун тўхтаган ва уни қизиқтирган бозор жараёнларини суратга олган. Афсуски, Тошкентга қилган саёҳатларидан фақат бозорда олинган ягона фотосурати етиб келган.
Машуҳур фотограф Прокудин Горский Имреторлик Археология жамиятининг рухсати билан Туркистонга уч маротаба келган бўлиб, биринчи марта (1906 йил декабрь – 1907 йил февраль) Россия гоеграфия жамияти экспедицияси таркибида Туркистон тоғларида қуёшнинг тўлиқ тутилишини суратга олиш учун ташриф буюрган. 1907 йилги Туркистон фотосаёҳати фотограф коллекциясида муносиб ўринларидан бирини эгаллайди. Прокудин Горский 1911 йил баҳори ва кузида Туркистон ҳудудларига яна икки марта саёҳат қилади. Тошкентдан ўтаётганида Тошкентдаги Хива театрида ўзи ихтиро қилган рангли фотография ҳақида маъруза қилади15. 1911 йилда Прокудин Горский томонидан олинган Туркистон фотосуратлари унинг мазкур даврда ижодий салоҳияти чўққига чиққанидан далолат беради. У ҳеч қачон мамлакат бўйлаб қилган саёҳатларида бунчалик кўп инсонларни суратга олмаган. Шунингдек, ҳудуднинг ранг-баранг диққатга сазовор жойларини тасвирга олиш унга завқ бағишлаган.
Маҳаллий фотограф орасида Худойберган Девонов номини алоҳида тилга олиш жоиз. Унинг фотография тарихига қўшган ҳиссаси беқиёс. Унинг мазкур соҳа йўлидаги хизматлари хорижлик фотографлар фаолиятидан қолишмайди ва эришган ютуқлари билан ажралиб туради.
Фотография – одамзот томонидан кашф этилган ажойиб ихтироларидан бири ҳисобланади. Ҳақиқатан, ажойиб санъат тури тарихни муҳрлаши билан бирга, инсонларнинг турли ёш босқичларини ўзига кўрсатади. Фотоаппарат ҳаёт машинасининг ёритгичларига ўхшайди. Кўрган нарсасини муҳрлаб бораверади. Шунинг учун дастлабки фотографлар «ёруғлик тасвирчилари» деб номланган.
Туркистон ушбу санъатга қизиқувчилар учун ўзига хос полигон вазифасини ўтаб келган. Мафтункор табиати, бутун дунёга машҳур тарихий-меъморий ёдгорликлари, маҳаллий аҳолининг такрорланмас миллий ўзлиги, қадриятлари, анъаналари, кундалик турмуши янги санъат шайдоларини шу так-
рорланмас ҳаётни фотоаппарат объективи орқали таништиришга ундаган.
Фотографларнинг заҳматли хизмати эвазига йиғилган қимматли фотосуратлар бугунги обидаларни асл ҳолича таъмирлаш, ҳозирда сақланиб қолмаган, нураб кетган нақш ва безакларни қайта тиклаш, тарихни гавдалантиришда ёрдам бермоқда. Чунки фотосуратлар меъморий обидаларнинг қурилиши, таъмири, тадқиқи, ва ҳатто, бузиб юборилишини ҳам гувоҳи бўладиган ҳужжатдир.
Гарчанд фотосуратлар йиғиш махсус топшириқлар, ҳарбий экспедициялар, стратегик мақсадларга хизмат қилган бўлсада, бундан 150-200 йил олдинги даврнинг руҳияти, шаҳарнинг шарқона ландшафти, мусулмон меъморчилик олами, аҳоли моддий ва маънавий маданиятини яққол кўрсатиб бергани, лавҳаларга муҳрлаб қолгани билан қадрлидир.
Туркистонга келган элчи, сайёҳ, зобит, тадқиқотчи, фотографлар кўрганлар маълумотларини ёзиш билан бирга, уларнинг ҳаққоний тасдиғи сифатида фотосуратга олишган. Бир жараённи тасвирлаш учун икки ёки уч бет ёзилар, аммо, сурат буларнинг ҳаммасини битта фотога жамлайди. Фотосуратнинг ўзи визуал маълумотларни етказади.
Дастлаб ҳаваскорлик руҳида бошланган фотография кейинчлик, фундаментал, илмий фотографияга айланиб кетади. Ўз ривожининг юксак чўққисига эришади. Оқ-қора тасвир ўрнини кейинчалик рангли тасвир эгаллайди.
Туркистон бўйича йиғилган фотосуратлар нафақат этнографик, балки археологик, нумизматик, эпиграфик, географик, архитектуравий, гирдометеорологик маълумотларни бера олиши билан қадрли ва қимматли саналади.
Фойдаланилган адабиётлар:
1.Бархатова Е. Коллекция Отдела эстампов Российской национальной библиотеки // Международная конференция «Другой Туркестан: неизвестные фотографии азиатской окраины Российской империи». – Санкт-Петербург, 2019 йил, 22-23 май.
2.Inayatov J.G`. Turkistonda fotografiya san’ati: shakllanishi va rivojlanish xususiyatlari (XIX asr oxiri – XX asr boshlari)» mavzusidagi falsafa doktori (PhD) ilmiy darajasini olish uchun yozilgan dissertatsiya avtoreferati. – Toshkent, 2023. – B.7-8.
3.Каримов Н. Илк ўзбек фотографи // https://e-tarix.uz/milliyat-insholari/maqolalar/374-ilk-fotograf.html.
4.Қосимова Н., Каримов А., Файзуллаева Х. Фотожурналистика. – Тошкент: TURON-IQBOL, 2018. – Б.13.
5.Орде Ф. Альбом фотографий «Кавказ и Средняя Азии»., 1899. – С.3.
6.Прищепова В.А. Иллюстративные коллекции по народам Центральной Азии вротой половины XIX – начала XX века в собраниях Кунсткамеры. – Санкт-Петербург: Наука, 2011. – С.10.
7.Равшанов Ў. Бухоро дунё фотографлари нигоҳида. – Бухоро: Бухоро, 2019. – Б.11.
8.Русский Туркестан глазами первых фотографов // vesti.uz. 29.02.2012.
9.«Туркестан. 1911 год» С. Прокудин-Горский фотовыставка цветной фотографии в галерее Bonum Factum // www.kultura.uz. 23.07.2017.
10.Шосаидов А. Ўлка этнографиясини тадқиқ этишда архив манбаларидаги иллюстратив материалларнинг аҳамияти // Oriental journal of history, politics and law. 25.02.2023. – Б.50. /https : // www.supportscience.uz/ index.php/ojhpl.
11.https://e-tarix.uz/milliyat-insholari/maqolalar/374-ilk-fotograf.html
