Annotation. The article presents a scientific analysis of the travel notes of the French traveler and diplomat Napoléon Ney and the Swiss researcher Henri Moser, who visited Central Asia in the second half of the 19th century. The study examines their personal impressions, experiences in the Emirate of Bukhara, and data regarding the material and spiritual culture of the local population. Based on Russian translations and fragments published in newspapers of that era, the article highlights the routes of the foreign travelers, the objectives of their visits, and, in particular, ethnographic data on the customs and traditions of the people.
Keywords: travel notes, french envoys, diary, memoirs, travel route, oriental hospitality, illustration.
Аннотация. Мақолада XIX асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиёга ташриф буюрган француз сайёҳи ва элчиси Наполеон Ней ва швейцариялик сайёҳ Анри Мозерларнинг француз тилида ёзилган саёҳатномалари илмий таҳлил этилган. Саёҳатчиларнинг Бухоро амирлигида бошидан кечирганлари, таассуротлари, ҳудуд аҳолисининг моддий ва маънавий маданияти ҳақида берган маълумотлари ўрганилган. Хорижий сайёҳларнинг Бухоро ҳудудига кириб
келиш йўналишлари, ташриф мақсадлари, айниқса, аҳолининг урф-одат ва анъаналари саёҳатноманинг рус тилига ўгирилган нусхаси ва даврий газеталарда эълон қилинган айрим қисмлари асосида баён этилган.
Калит сўзлар: саёҳатнома, француз элчилари, кундалик, хотиралар, саёҳат йўналиши, шарқона меҳмондорчилик, иллюстрация
Аннотация. В статье представлен научный анализ путевых заметок французского путешественника и дипломата Наполеона Нея и швейцарского исследователя Анри Мозера, посетивших Среднюю Азию во второй половине XIX века. Изучены их личные впечатления, опыт пребывания в Бухарском эмирате, а также сведения о материальной и духовной культуре местного населения. На основе русскоязычных переводов и фрагментов, опубликованных в газеты того времени, освещаются маршруты следования иностранных путешественников, цели их визитов и, в особенности, этнографические данные об обычаях и традициях народа.
Ключевые слова: путевые заметки, французские посланники, дневник, воспоминания, маршрут путешествия, восточное гостеприимство, иллюстрация.

XIX асрнинг иккинчи ярмида ғарбий европалик сайёҳлар Марказий Осиё кенгликларини забт этиб, ўз саргузаштларини қизиқарли йўл хотираларида тасвирлаганлар. Ана шундай саёҳат хотиралари ичида XIX асрнинг иккинчи ярмида Ўрта Осиёга ташриф буюрган француз элчилари Наполеон Ней1 (1849-1900) қаламига мансуб «En Asie centrale à la vapeur» («Ўрта Осиёга тўла шиддат билан») ҳамда Анри Мозер2 (1844-1923)нинг «À travers l’Asie centrale, la steppe Kirghize, le Turkestan russe, Boukhara, Khiva, le pays des Turcomans et la Perse. Impressions de voyage» («Ўрта Осиё бўйлаб. Қирғиз дашти, рус Туркистони, Бухоро, Хива, туркманлар ўлкаси ва Форс: саёҳат таассуротлари») асарлари алоҳида ўрин эгаллайди.
Туркистон минтақасида Каспийорти темир йўли қурилиши билан ўлкага кўплаб сайёҳлар қаторида Анри Мозер ва Наполеон Ней ҳам ташриф буюрган. Темир йўл қурилиши бошланиши билан сайёҳлар сони сезиларли даражада ошиб, 1890-йилларда ўз чўққисига чиқади. Саёҳатларнинг динамикасини кузатар эканмиз, аксари Бухоро амирлиги ҳудудига тўғри келади. Минтақага ташриф буюрган сайёҳларнинг асосий мақсадлари туристик, тижорат, миссионерлик ва илмий-тадқиқот йўналишларига қаратилган. Сайёҳларнинг баъзилари ўз таассуротларини фотоишларда акс эттирган бўлса,
бошқалари, жумладан, Наполеон Ней ва Анри Мозер матн кўринишида баён қилишган.
Наполеон Ней Марказий Осиёга Каспийорти темир йўли Самарқанд участкаси қурилиши бошлиғи, генерал Михаил Анненковнинг таклифига биноан 1888 йилда йўл олган. Нейнинг ўзи бу ҳақда тилга олмаган бўлса-да, унинг ёзувчилик маҳорати туфайли Каспийорти темир йўлининг Самарқанд қисми тантанали очилишига таклиф этилгани маълум. Францияга қайтгач, Ней ва унинг француз делегацияси таркибида бўлган ҳамюрти Эжен Мельхиор де Вогюэ рус Туркистони ҳақидаги саёҳатномаларини нашр эттиришган. 1888 йил май ойининг бошида Париждан йўлга чиққан Наполеон Ней бир ойдан сал кўпроқ вақт ичида Қрим, Кавказ ва Туркистонга ташриф буюрган.
Нейнинг саёҳат йўналиши Қорақум орқали Самарқандга, сўнгра Асхабод (Ашхобод), Қизил-Арват, Марв (Мари), Чоржўй (Туркмонобод), Фараб, Бухоро ва Тажанга қадар давом этган. Саёҳат 4 майда бошланиб, 15 июнда якунланган. Бухоро амирлиги ҳудудидаги
саёҳати 6 кун (25-31 май кунлар)ни ташкил этган. Сайёҳ ўз йўналишини, археологик ёдгорликлар ва меъморий обидаларни батафсил тасвирлаган, шунингдек, «маҳаллий» аҳоли ҳақида ҳикоя қилишни ҳам унутмаган. Китобнинг «Амударёдан Самарқандга» қисмида Бухоро хонлиги, дастурхон маданияти, таомлар, меҳмондорчилик анъаналари ҳақидаги қимматли маълумотлар келтирилган.
Саёҳатномада «Бухоро» номли алоҳида қисм бўлиб, унда Бухоро темирйўл станцияси, маҳаллий савдо-сотиқ, Бухори шойи матолари, Бухоро-Париж муносабатлари, амир Арки, ташқи саройлар, бозорлар ҳақида маълумотларни ўқиш мумкин.
Олис Бухоро шаҳри узоқ вақт давомида европаликлар учун жумбоқ бўлиб қолди. Эндиликда бу ер қизиқишлари ёки савдо мақсадлари билан келган рус сайёҳлари ва савдогарларининг учрашув жойига айланган. Бухоро – Осиёнинг энг муҳим шаҳарларидан бири бўлиб, у ерга кўплаб хорижлик ва рус сайёҳлари ташриф буюради. Бу ерда темир йўл ётқизилгандан кейин Бухоро ҳайратланарли даражада шиддат билан ривожланади.
Халқни қандайлигини билмоқчи бўлсанг бозорига бор, мозорига бор дейишади. Мазкур икки жой орқали халқнинг маданияти, асл қиёфаси, иқтисодий салоҳиятини кўриш мумкин. Айниқса, анъанавий бозорлар бирор сайёҳ эътиборидан четда қолмаган. Ней ҳам Бухоро бозорларида кўрганларини атрофлича тасвирлайди. Қуйи табақага хос бўлган бозор тирбандлигидан ўтар эканман, савдогарлар ва дўкондорларнинг юзида сокин ифодасини сездим. Мевалар, матолар, чарм буюмлар, ипак, эгар-жабдуқ, қурол-яроғ ва бошқа маҳсулотлар расталари билан тўла бозорни айланиш жуда қизиқарли бўлди, Бухоро ўриклари ва гилослари эса иштаҳани очар даражада эди.
Наполеон Ней ташриф давомида ҳеч нарсани, ҳатто, илон ўйнатувчилар, на мих ютувчилар ва на кўзбойлоғичларни ҳам ўтказиб юбормаганлигини таъкидлайди. Бундай томоша кўрсатувчилар асосан бозор марказларида фаолият олиб боришган.
Сайёҳ бозор ҳаёти билан бирга, унинг ижтимоий портретини ҳам очиб беради. Учли қалпоқ кийган, ёрқин халатли, кенг шим ва баланд сандал кийган форслар. Бошқа форслар, яъни, мулло ва ҳожилар Бухорога муқаддас китобларни ўрганиш учун келишган, улар оқ ёки яшил салла ўрашади. Уларнинг орасида туя жунидан тўқилган дағал кийим ва бош бармоққа боғланадиган эспадрил3 кийган ўзбеклар ва тожиклар ҳам бор. Уларнинг соч турмаги қўй юнига ўхшайди – ғалати ва пахмоқ. Кўк кийимли, пешонасига татуировка туширилган ҳиндлар оломон ичида кезиб юришибди. Яҳудийлар классик тўғри юз тузилиши ва ўткир нигоҳлари билан ажралиб туради, улар, одатда, кулранг кўйлак, арқон белбоғ ва кичик салла кийишади. Озиб кетган ва жулдур кийимли, қийиқ кўзли ва чиқиб турган иякли туркманлар бозор расталарини кўздан кечиришмоқда. Пахмоқ сочли ва таралмаган соқолли афғонлар Бухорога карвонларни кузатиб келишган ва энди уларни талашга ботинолмайдилар. Уларнинг эгнида узун ва кир кўйлаклар. Озиб кетган оёқлари юпқа мато ичидан кўриниб турибди4.
Наполеон Нейнинг «Ўрта Осиёга тўла шиддат билан» номли саёҳат кундалиги Бухоро этнографияси, маънавий маданияти, номоддий мероси ҳақидаги қимматли маълумотларни бериши билан қадрлидир.
Кейинги саёҳатчи Анри Мозер бўлиб, унинг «Ўрта Осиё бўйлаб. Қирғиз дашти, рус Туркистони, Бухоро, Хива, туркманлар ўлкаси ва Форс: саёҳат таассуротлари» асари XIX асрдаги Бухоро ҳаётини яқиндан билишга ёрдам беради.
Анри Мозер 1844 йилда Петербургда туғилган. Бакалавр даражасини Женевада олган. Кейинчалик, Швейцария кавалерияси (отлиқ қўшини)га хизматга киради. 1863 йилда колоннабоши поручиги унвони, 1864 йилда Швейцария армияси бош инспекторининг адютанти бўлади. 20 ёшида отасининг қистови билан Россиядаги соат бизнеси билан шуғулланиш учун Швейцарияни тарк этади. Бироқ 23 ёшида отаси билан алоқаларини узиб, сайёҳлик ҳаётини бошлайди. Мозерлар оиласи биографияси муаллифларининг таъкидлашича, отаси Генрих қаттиққўл, ўз айтганидан қолмайдиган ва авторитар инсон бўлган. Жамиятда ўз мавқеига мустақил равишда эришгани сабабли, у ўзини интизомга ўргатган ва фарзандларидан ҳам шуни қаттиқ талаб қилган. Бунинг акси ўлароқ, эрка бўлиб ўсган Анри тўқчиликда туғилиб вояга етган, кўнгилочар машғулотларни яхши кўрар ва отасига қулоқ солишга шошилмас эди. У ёшлигида ҳеч қачон ҳеч кимга бўйсунмаганини фахр билан айтарди. Ота ва ўғил ўртасидаги келишмовчиликлар оилавий жанжал ва алоқаларнинг узилишига олиб келди – уларга муносабатларни қайта тиклаш насиб этмади.
1868 йилда Марказий Осиёга илк саёҳатини амалга оширади. Шу даврдан минтақани бутун умрга севиб қолади. 1869 йилда иккинчи саёҳатига чиқиб, ундан 1871 йилда Европага қайтади. Сўнгра, 1882–1883 йилларда Марказий Осиёга учинчи саёҳатини амалга оширади ва ўзининг сафар таассуротларини 1885 йилда Женева газетасида чоп этилган бир қатор жонли ва жуда қизиқарли очеркларида баён қилади5.
Мозер дипломат, саёҳатчи, санъат коллекционери ва ўз навбатида ёзувчи эди. У географик кашфиёт қилмаган бўлмаса-да, аммо Марказий Осиё ўлкаси маданияти ва анъаналарини Ғарбга таништирган дастлабки европаликлардан бири бўлди.
Анри Мозер кундалигининг дастлабки қисмларини Верой Васильевич Тимощук томонидан рус тилига ўгириб, 1888 йилда «Русская старина» журналида чоп этган.
Анри Мозернинг саёҳат таассуротлари китоби 1885 йилнинг ноябрь ойида дунё юзини кўради. 464 саҳифадан иборат китоб Париждаги «E.Plon» нашриётида катта 8-улушли форматда француз тилида нашр этилади. Китобда 170 гравюра, 16 та гелиотипия6 ва хариталар ўрин олган7. Гравюраларда асосан минтақа флора дунёси, бозорлар, аҳоли ҳаёти ва меъморий обидалар тасвирланган. Китобда Мозернинг фотосуратлари асосида моҳир рассом Эверт ван Мюйден иллюстрациялар яратган.
Мозер минтақа аҳолисининг моддий маданияти деталларига эътибор қаратган. Иллюстрациялар ҳам XIX аср иккинчи ярмидаги ҳудуднинг кийим-кечаклари, безак ва тақинчоқлар, от-арава анжомлари ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотлари ҳақида маълумот олиш имконини беради.

Анри Мозернинг ҳикоялари минтақа ҳақидаги тафсилотларга бойроқ бўлиб, Наполеон Нейникига қараганда кўпроқ «этнографик» характердадир. Ней минтақада қисқа муддат бўлганлиги ва маҳаллий тилларни билмаганлиги сабабли, на маҳаллий аҳоли билан мулоқот қила олган, на бой маълумотларни «биринчи манба»дан олиш имконига эга бўлган. Шунингдек, уларнинг қолиш муддати, йўналишларининг фарқи ва саёҳатларининг характери ҳам турличадир.
Наполеон Ней Туркистонга расмий делегация таркибида келиб, Каспийорти темир йўли орқали Узун-Ададан Самарқандга, кейин эса Ашхобод, Чоржўй ва орқага қайтиш йўлини босиб ўтган. Анри Мозер эса Марказий Осиё бўйлаб маҳаллий йигитлар ҳамроҳлигида, рус генерал-губернатори Михаил Черняев ва Бухорога юборилган элчи княз Витгенштейнга ҳамроҳлик қилиб саёҳат қилган. Унинг йўналиши Нейникига қараганда анча кенг ва мазмунли бўлган.
Яна бир фарқ шундаки, Наполеон Ней мустамлакачи давлат бўлган Франция вакили бўлса, Анри Мозер ҳеч қандай мустамлакалари бўлмаган Швейцария Конфедерациясидан эди.
Анри Мозер Зиёвуддин беклигидаги Ширин-Хотун қишлоғига тўхтаганида уларни кутиб олиб, қуюқ зиёфат беришган. Меҳмонлар учун катта залда узун столда дастурхон безатилган. Дастурхон – Ўрта Осиёда меҳмондорчиликни ёки меҳмонга кўрсатилган эҳтиромнинг рамзи ҳисобланади. Дастурхондаги чинни ва метал идишларда мўл-кўл бодом, янги узилган узум, қуритилган узум (кишмиш), писта, ўрик, кунжутдан тайёрланган маҳаллий ширинликлар ва бодом қиёми бор эди. Дастурхонга бир неча хил овқатлар бор эди. Қовурдоқ (пиёз, туз ва зираворлар шарбатида қовурилган қўй гўшти), кабоб (чўғда пиширилган қўй гўштининг ингичка бўлаклари), унинг ёнига сариқ8 (гуруч тури) палов, шашлик (сихда пиширилган қўй гўшти), қайнатилган қўй ва товуқ гўшти кетма кет тортилди. Хизматкорларнинг узун қатори келар, бўшаганларни олиб кетар эди. Якуний таом сифатида йирик Хитой косасида тортилган қўй гўшти ва гуручли шўрва бўлди9.
Суҳбат вақтида бекнинг ўғли эшик ёнига, полга одоб билан ўтирди. Қаровулбегининг ишораси билан у чиқиб кетади ва бир қатор хизматкорлар ҳамроҳлигида қайтиб келади. Уларнинг ҳар бири оқ матога ўралган катта тугун кўтариб олган эди. Булар бухороликлар томонидан ҳар бир бекатда тақдим этадиган салом совғалари эди. Бекнинг ўғли ҳар бир курси ёнига биттадан тугун қўйган.
Қаровулбеги Мозер ва унинг вакилларини бек совға қилган еттита отни кўришга таклиф қилади. Фируза тошлар билан безатилган олтин юганли ва зарбоф ёпинчиқли отлар жиловларидан тутилган ҳолда эди. Иккита от князга, қолганлари эса ҳар бир меҳмонга биттадан аталган эди. Мозерга кулранг тусдаги ажойиб қорабайир насиб этган. Бу саёҳат учун жуда яхши от ҳисобланган. Мозерга аталган тугунда бир нечта чопон бор эди: зарбоф, кашмир матосидан, Европа атласидан, Бухоро ипагидан ва иккита адрасдан (ипак ва пахтадан тўқилган маҳаллий мато) тикилган чопонлар. Хизматкорларга, жумладан, йигитлар ва казакларга ҳам совғалар инъом этилган10.
Мозер таассуротларини яна қуйидагича баён этади: Зиёуддин беги камида юз элликта чопон ва еттита от тарқатишига тўғри келди. Бундай совғаларни биз Бухорогача бўлган ҳар бир тўхташ жойида, кейин эса пойтахтда, ҳар бир расмий ташриф чоғида олдик. Тун кирди, биз хизматкорларимиз темир каравотларни ўрнатиб қўйган хоналаримизга қайтдик. Кўчма ювунгичлар йўл чангини артди ва эллик чақиримлик от устидаги йўлдан сўнг, ниҳоят, оппоқ чойшаблар қўйнида уйқуга кетдик. О, бу қандай ҳам ширин, «Минг бир кеча» орзуларига тўла уйқу эди!

Эртаси куни, жўнаб кетишимиздан олдин, князь биз томонимиздан бек учун мўлжалланган совғаларни топширди. Россияда ишлаб чиқарилган кумуш буюмлар, револьверлар11 ва рус зарбофидан тикилган чопонлар. Иккинчи ҳовлида бизни кутилмаган совға кутарди. Сафаримизни енгиллаштириш учун амир лутфан ўз экипажларини (араваларини) юборибди. Бу ҳаракатланиш воситалари музей экспонати бўлишга лойиқ эди12.
Биз вазирнинг уйи олдида тўхтадик. Бу ердаги қабул бекатлардагидан ҳам аъло даражада эди. Хоналар кенг ва ҳавоси яхши алмашадиган, биз учун ажратилган ички ҳовлида эса атрофи дарахтлар билан ўралган ажойиб ҳовуз жойлашган бўлиб, уларнинг остида кўзни қувонтирадиган, ҳайратланарли ранглардаги ипакдан тикилган гўзал Бухоро чодирлари ёзилган эди. Айвонда ўтириб, биз гўзал манзарадан баҳраманд бўлдик13.
Бухоро атрофидаги қишлоқлар бир-бирига жуда яқин жойлашган. Баъзан улар уйлар билан ўзаро туташиб кетган. Бу ерларда бирор қарич ер ҳам бўш турмайди. Ариқлар бўйига дарахтлар экилган: тутлар жуда кўп, махсус ўралган жойларда эса қишда устини ёпиш мумкин бўлган тарзда экилган анжир дарахтлари бор. Худди Италия жанубидаги каби ҳар томонда узумзорлар. Биз ўтиб кетаётган вақтда пахта терими кетаётган эди. Биз текислик бўйлаб ҳаракатланардик, орқада эса Зарафшон водийсини тўсиб турган тоғлар зўрға кўзга ташланарди.
Бизнинг жамоамиз борган сари кенгайиб борар ва биз ўтаётган қишлоқларда унинг ҳалқалари худди узун илондек бирин-кетин ечилиб борарди. Сафимизда икки юзга яқин отлиқ бор эди. Бизга совға қилинган отлар узун занжир каби чўзилиб кетди. От туёқларидан кўтарилаётган чанг бизга Чимкент ва Тошкентдаги кунларимизни эслатарди. Биз экипаж ичида нафас олиш имконсиз бўлиб қолгани учун пардаларни тушириб олдик.
Соат тўртлар атрофида аравалар тўхтади. Князнинг казаги бизга экипаждан тушишимиз кераклигини айтди ва биз бутун элчилик жамоаси айвонда йиғилганини кўрдик. Князь бизга зарбоф кийимлар кийган икки кишини таништирди. Зарбоф – бу биз қачонлардир кўрган энг ҳашаматли олтин ипли матодир. Меҳмонларнинг бошида олтин кашталар билан безатилган улкан қовунсимон саллалар бор эди. Бу икки қария – Бухоро саройидаги юқори мартабали ҳарбий амалдорлар бўлиб, уларга парвоначи унвони берилган эди.
Анри Мозер йўл тафсилотларини тасвирлар экан, ҳудуднинг ўзига хос этикет, маданият элементларига алоҳида эътибор қаратади ва эринмай қайд этади. Ҳар бир тўхташ жойида таомлар, албатта дастурхон, чой ва Бухоро таомларининг мўл-кўллиги кутиб турганлигини таъкидлайди. Мозер делегация аъзолари аллақачон тўйиб бўлганлиги, фақат бир нарсани, яъни, тезроқ манзилга етиб боришни истаганини қайд этади. Бироқ одоб-ахлоқ қоидалари сабрли бўлишни талаб қилиши, чунки ҳар бир детал қадимий урф-одатларга мувофиқ тартибга солинган бўлиб, уларни эътиборсиз қолдириш одобсизлик эканлигини яхши тушунишган. Шу сабабли улар меҳмонлар учун тайёрланган сафар дастурига мувофиқ ҳаракатланишган.
Мозер сафарлари давомида кўплаб артефактлар, ов ўлжалари, қурол-аслаҳалар ва бошқа буюмлардан иборат бой коллекция тўплайди ҳамда уларни бутун Европа бўйлаб кўргазмаларда намойиш этади. Анри Мозернинг Марказий Осиёдан йиғилган ноёб коллекцияси ҳозирда Берн тарих музейида сақланади. У ўша даврдаги ўзбек хонликлари ҳаётини ўрганишда муҳим из қолдирган. 1914 йилда у ўзининг улкан «Шарқ коллекцияси»ни Берн тарих музейига совға қилган. Бунда у экспонатларни асраб-авайлаш ва намойиш этиш мажбуриятини юклаган ва шу мақсад учун 100 минг франк хайрия қилган. Шундан сўнг у Берн университетининг фахрий доктори унвонини олган ва Берн шаҳрининг фахрий фуқаросига айланган.
Умуман олганда, юқорида келтириб ўтилган икки асар кам ўрганилган, илмий жамоатчиликка унчалик ҳам маълум бўлмаган, десак хато бўлмайди. Мақолада биз фақатгина бир минтақа, яъни Бухоро амирлиги билан боғлиқ таассуротлар қисмини таҳлил этдик холос. Катта ҳажмдаги саёҳатномада нафақат Бухоро, балки Туркистон, Тошкент, Хива, Самарқанд, Ашхобод, Чоржўй, Амударё, туркман ерлари, қирғиз чўллари, уларнинг моддий ва маънавий маданияти ҳақида қимматли маълумотлар жамланган. Саёҳатномаларда нафақат этнографик, шунингдек, кенг қамровдаги тарихий, географик, социологик, демографик, иқтисодий материаллар ўрин олган. Мазкур қимматли манбалар бундан бир ярим аср олдинги минтақамиз тарихи, хусусан, Бухоро воҳасининг номоддий маданий мероси ҳақидаги билимларимизни оширишга хизмат қилади.

