Annotation. The article analyzes one of the ancient crafts of Bukhara, halvagar, its history, customs and traditions, as well as the rituals associated with it, based on scientific literature and field ethnographic materials. The types and names of halva, the process of its preparation, and its beneficial properties were discussed in detail. In this craft, the traditions of the master-apprentice, the peculiarities of training and the ceremonies held in honor of the feast are especially clearly expressed. Although 72 types of halva were prepared in Bukhara throughout history, some of them have survived to this day. They were lost because the methods of production and materials of those who received them were not recorded, as well as due to the consequences of colonial policy and the production of only certain products in large factories. The article presents the maximum possible amount of information about modern types of halva.

 

Keywords: holwa (national sweets), halvrogar, holvagar quarter, mentor-disciple, honesty, confectionery, feast, myeonbandong (belting) rite.

 

Аннотация. Мақолада Бухоронинг қадимий ҳунармандчилик турларидан бири – ҳолвагарлик, унинг тарихи, урф-одат ва анъаналари, у билан боғлиқ маросимлар илмий адабиётлар ва дала этногафик материаллари асосида таҳлил этилган. Ҳолваларнинг турлари, номлари, уларнинг тайёрланиш жараёни, фойдали хусусиятлари ҳақида атрофлича мулоҳаза юритилган. Айниқса, мазкур ҳунарда устоз-шогирд анъаналари, тарбиявий хусусиятлари, пир ҳаққига атаб ўтказиладиган маросимлар ёритиб берилган. Тарихда Бухорода 72 турдаги ҳолвалар тайёрланган бўлса-да, бугунги кунда айримлари сақланиб қолган. Қолганларининг тайёрлаш техникаси ва масаллиқлари ёзиб олинмаганлиги, мустамлакачилик сиёсати оқибатлари, йирик заводларда фақат маълум маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши сабаб йўқолиб кетган. Мақолада ҳозирда мавжуд ҳолвалар ҳақида имкон қадам кенгроқ маълумотлар баён этилган.

 

Калит сўзлар: ҳолва, ҳолвапазлик, ҳолвагарлар маҳалласи, устоз-шогирд, ҳалоллик, қандолатфуруш, пир, миёнбандон маросими.

 

Аннотация. В статье на основе научной литературы и полевых этнографических материалов анализируется одно из древних ремесел Бухары – халвагар, его история, обычаи и традиции, а также связанные с ним обряды. Подробно обсуждались виды и названия халвы, процесс ее приготовления, полезные свойства. В этом ремесле особенно ярко выражены традиции мастера-ученика, особенности обучения и церемонии, проводимые в честь пира. Хотя за всю историю в Бухаре готовили 72 вида халвы, некоторые из них сохранились и сегодня. Они были утеряны из-за того, что методы изготовления и материалы у тех, кто их получал, не были зафиксированы, а также из-за последствий колониальной политики и производства только определенной продукции на крупных фабриках .В статье представлено максимально возможное количество информации о современных видах халвы.

 

Ключевые слова: халва, халвагар, квартал халвагаров, наставник-ученик, честность, кондитерская, пир, обряд миёнбандон (бельтинг).

 

 

 

Қандолатчилик ҳунармандчиликнинг маҳаллий маҳсулотлари, ширинликлар, қанд-қурслар тайёрланадиган соҳаси ҳисобланади. Шарқ мамлакатларида қадимдан ривож топиб, айниқса, ўрта асрларда кенг тарқалган. Ўрта Осиёнинг Бухоро, Самарқанд, Хива, Тошҳовуз, Хўжанд, Қўқон, Чимкент, Тошкент ва Ўш сингари йирик шаҳарларида қандолатчиликнинг ўз тарихи ва авлоддан авлодга ўтиб келаётган силсиласи мавжуд. Ҳолвагарлик ҳунари тарихи узоқ тарихга эга бўлиб, пайғамбаримиз давридан буён давом этиб келмоқда.

XX аср бошларига қадар Бухоро шаҳристонида хилма-хил ҳунар турлари бўлиб, шаҳардаги гузарларнинг ҳар бири касб-кори билан номланган. Мехчагарон, Гаврасозон, Кемухгарон, Деггарон, Бўйрабофон, Тагманбофон, Гавкушон каби номлар шулар сирасига киради. Қадимий маҳаллалар орасида пишириқлар тайёрлайдиган ва ўзининг сифатли маҳсулотлари билан шуҳрат қозонган гузарлар ҳам бўлган. Нонвойлар, гулоб тайёрловчилар, ошпазлар маҳалласи қаторида ҳолвапазлар маҳалласи алоҳида ўрин эгаллаган. Нафақат Бухоро шаҳри, балки воҳа қишлоқларида ҳам бундай маҳаллалар фаолият кўрсатган. XIX аср охири XX аср боши ҳужжатларида Вобкент туманининг Кумушкент, Пушмон (Работи Пушмон) топонимлари орасида Ҳалвогарон ҳам учрайди.

Машҳур араб сайёҳи ибн Баттута ҳам ўзининг «Сайёҳатлар» асарида XV асрнинг биринчи ярмида Ўрта Осиёнинг маданий, сиёсий-ижтимоий ҳаётини ёритар экан, Вобкентни Вобкана сифатида таърифлаб, қадимдан ҳунарманд, деҳқонлар маскани бўлганига бир қатор қишлоқ номлари ҳам далолат бериб туришини таъкидлайди. Булар Пичоқчи, Сартарошлар, Ҳалвогарон, Чарм-гарон, Сўфидеҳқон, Халач ва яна кўплаб бошқалар.

Ҳолвалар қўл меҳнати асосида тайёрланиши, оғир ва машаққатли жараёнлар асосида яралиши сабаб асосан эркаклар шуғулланишган1. Катта қозонларга сув, шакар солиш, ўчоқ бошида қизиган аралашманинг қиёмини кутиш, уни совитиш, иссиқ қиёмни олиб, ун ва ёғга солиб, яна айлантириш каби жараёнлар ҳолвалар тайёрлашнинг асосий босқичлари ҳисобланган.

Ҳолва – ўзининг хуш ширин таъмию нодирлиги билан, оз бўлса ҳам доим иштаҳа талаб қиладиган, дастурхонга хосликни ва аълоликни бағишлайдиган, қиймати бошқалардан аълороқ неъмат саналади. Таъми тилни ёрадиган, оби-тоби келтирилган анвойи ширинликлар нафақат дастурхон безаги, балки уни тановул қилган киши бардам, бақувват бўлиб, йилнинг исталган фаслида ўзини бир заялда тетик ҳис қилган. Аждодларимизнинг узоқ умр кўришлари сабабларидан бири ҳам шунда бўлган.

Ҳолвалар таркибининг асосий компоненти шакар, асал, сут, ун, ёғ, тухум, кислота, зираворлар, мевалар, ёнғоқ ва қуруқ мевалардан иборат бўлган. Ҳар бир ҳолва турининг алоҳида тайёрланиш технологияси бўлиб, унинг сирлари авлоддан-авлодга ўтиб келган.

Қандолатчилик маҳсулотларининг ишлаб чиқаришда жуда кўп турлари мавжуд. Бу турларини тайёрлашда дастлаб қандолатчилар шинни, асал, турли меваларнинг шираларидан, ун, кунжут, ўрик, бодом мағзи, ёнғоқ ва бошқалардан фойдаланиб, турли-туман обаки, ҳолва, новвот, печак, пашмак, парварда, нишолда, мурабболар, атиргул гул баргларини шакар билан аралаштириб гулқанд, муз билан шинни ёки мева шарбатини қўшиб музқаймоқлар тайёрлаганлар.

Йирик шаҳарларда ҳолвапазлар дастлаб, узум ёки тут шинниси, ун, ёғ, кунжут, ўрик ва бошқа меваларнинг шарбатидан ҳолва тайёрлашни бошлаганлар, кейинчалик шакар ва асалдан фойдаланиб турли-туман ҳолваларни тайёрлашга ихтисослашганлар. Ширинликлар орасида тут ҳолва ҳам бўлиб, буғдой уни ва тут қоришмасидан тайёрланган. Минтақамизда Эрондан олиб келинган шоҳтут, Балхдан келтирилган балхтутлар кенг тарқалган2. Ҳар бир ҳолва тури ўз навбатида қўшилган ёрдамчи масаллиғига қараб турланади. Яъни, турли маҳсулотларни қўшиш ёки пишириш техникасини ўзгартириш натижасида ҳар бир ҳолвагар ўзи ихтиро қилган ширинлигига ном қўйган ва бора-бора унинг турлари кўпайиб, бойиб борган. Барча турдаги ҳолваларга хея, долчин сингари қуруқ мевалар қўшилган. Қишки ҳолваларга ёнғоқ, писта, бодом, данак сингари қуруқ мевалар қўшилган. Ҳозирги кунда таъмини яхшилаш учун ҳолвага какао ва какао кукуни, майиз, ванилин, лимон кислота ва бошқалар қўшилади.

Азалдан Бухорода 72 турдаги ҳолвалар тайёрланган3. «Обинавот», «ҳалвойи гардиш», «ҳалвойи тери», «ҳалвойи ҳилоли», «зулбиё», «ҳалвойи жиқ-жиқа», «ҳалвойи пашмак», «ҳалвойи кунжути», « ҳалвойи фаркати», «ҳалвойи собуни4 (совунга ўхшаганлиги учун)», «тиранжи печак», «сепқанд» ва ҳоказо5.

Бухорода ширинликларни тайёрлаб сотувчилар қандолатфурушлар деб аталган. Машҳур қандолатпаз Ҳожи Хомиджон қўлида икки пазанда, 3 та ёрдамчи ишлаб, тўртта қозонда маҳаллий ширинликларни тайёрлашган. Уларнинг қуйидаги турларини санаб ўтиш мумкин: қандолати бодоми, донаги (ўрик данакли), нахути (нўхатли), ҳалвойи кўфта (пистали), чормағзи (ёнғоқли), ҳалвойи кунжути, пашмак (тола шаклли), собуни, пистамаҳо, фаркат (узум шарбати ва ун аралашмали), сари чубин, печак шинниги, печаки қандин, оби дандон, ҳалвойи обинабот, таранжабин, қандин, тери саринжони, яхак ва ҳоказо.

Ҳолвани ширин тайёрлаш учун узоқ вақт ва қунт билан тайёрлагик талаб этилган. Бухорода ҳар бир ҳалвонинг алоҳида-алоҳида қадимий пишириш техникасига мавжуд бўлиб, уларга маълум вақт сарфланган ва ўзгача меҳр ва ихлос билан ёндашилган. Ҳолвагарлар шу тайёрлаш усулига қатъий амал қилишган. Ҳолва асосан икки хил турда: шакар ва асал қиёми билан тайёрланган. Айниқса, асал қиёми орқали тайёрланган ҳолва ўта мазали бўлиб, асосан хос буюртмачиларнинг талабларига биноан тайёрланган. Масалан, ҳалвойи собуни Бухоронинг қадимий ҳолва турларидан бири сифатида қишги ва ёзги турларига бўлинади. Ёзги тури таркибида қўй қўйруғи (думба ёғи) солинмайди. Сабаби ёзда ёғли маҳсулотлар тез бузилиши ва хўрандалар кўнгли беҳузур бўлиши инобатга олинган. Қишги ҳолвага қўйруқ (қуй думба ёғи) қўшилиб, устига писта, ёнғоқ, мағиз сепилган ёки бодиён, долчин ўсимлиги янчилиб сепилган.

Ҳолванинг қиёми шакар берадиган уч турдаги маҳсулотдан олинган:

Шакари таранжабин Қарши чўлида ўсадиган тикандан олинган. Тандирдек қизиган кенг қумликларга жазирама иссиқ сабаб тиканларнинг шираси ажралиб чиқа бошлайди. Шира очиқ ҳавода шамол натижасида регак (тож.қумлоқ) бўлиб, ёпишиб қолган. Қотиб қолган шакаракларни остига белбоғ рўмолни ёйилиб, шираси қоқиб туширилган. Таранжабин ўсимликдан бўлганлиги учун худди гиёҳдек шифо ҳисобланган. Жисми-жасаддаги бутун ғуборларни тортиб олиш хусусиятига эгалиги билан кенг фойдаланилган.

Шакари лавлаги. Бу турдаги шакарни лавлагини анча вақт қайнатиш натижасида пайдо бўладиган қиёмдан олинган. Лавлаги шакаридан тайёрланадиган новвот «обинавоти қандин» деб номланган.

Шакари шинди. Хасаки тут, узумнинг турли навларини бир неча бор қайнатиб, меъёрига етгандан кейин олинадиган шакар шундай номланган. Узум қайнатилиши оқибатида қип-қизил қиём ҳосил бўлиб, шакарга айланади. Обинавоти шиндиги деб юритиладиган ҳолва тайёрланган. Тиббиётда узум шираси глюкозага бойлиги боис эътироф этилади.

Ҳолваларнинг яна бир тури ҳалвойи Лавз бўлиб, уни «лавзи кўфта», «лавзи назокат» каби бир нечта турлари бўлган. Лавзи кўфта дейилишига сабаб, ҳолвага данак қўшилганлигидадир. Асосан, ўрик данакидан фойдаланилган. Бундан ташқари лавзи пистаги ва лавзи бодомилари ҳам бўлган. Ҳалвойи назокат ҳалвойи фаркати деб ҳам номланган. Беҳидан тайёрланган ҳолвага кунжут қўшилса, «ҳалвойи кунжути», данак қўшилса «ҳалвойи донаки», агар ҳеч нима қўшилмаса, ичида ҳосили бўлмаса «ҳалвойи яҳак» ёки «лавзи хосаги», «лавзи назокат (нафис бўлганлиги учун)» деб аталган.

Ҳалвойи пашмак. Ширинликнинг бу турига маҳаллий халқ «ҳалвойи тери» ёки «ҳали мўйи(сочга ўхшаганлиги учун)» деб ном ҳам беришган. Унинг таркибига жавҳар қўшилади. Жавҳар – лимонни қайнатиб-қайнатиб олинадиган шакар тури. Лимондан фойдаланилишига сабаб, бу цитрус меванинг шираси кўп қон йўқотиш билан заифлашган беморларнинг организмини мустаҳкамлаш, ошқозон-ичак оғриғини яхшилаш, кўнгил айнишини тўхтатишга ёрдам беради. Шунинг учун 5-10 кг қиёмга 2-3 қошиқ жавҳар қўшилади. Жавҳар қиёмнинг тетиклигини (Бухоро шевасида «ғозаша мешиканат»)синдиради. Бир томонга ун эланади. Агар қишда бўлса чарви ёғи ёки илик эритилади. Ёзда эса тож. «рўғани пок» (пахта ёғи) доғланиб, бироз чарви ёғи қўшилади. Тайёр ёғ ун билан аралаштирилади. Кейин қўл кафтлари билан яхшилаб қозонга урилади. Уриш натижасида тайёр хамир оқаради. Хамирни янада оқартириш учун қадимий услубда деворга катта мих қоқиб, қиёмни уриб тортиш жараёни анча вақт давом эттирилади. Бунинг натижасида қиём оппоқ ҳолатга келиб қолади. Оқарган қиём лаганларга келиб қўйилади ва ўртаси очилиб тўрт томонга тортилади. Ун солиниб, миқдордаги ун шунга едирилади. Қиёмни сифати юқори бўлса (тож.намуни қиём баланд бошат) «пашмак», пастроқ бўлса (тож.намуни қиём пастар бошат) «халвойи тери» ҳосил бўлган. Ҳалвогар иш жараёнида буни ўзи бошқарган ва турли ҳолваларни яратаверган.

Ҳолвагарлар Бухоро шаҳрининг Такия, Муҳаммади пайк, Тўпхона гузарларида ҳам истиқомат қилишган6. Амир саройи ва юқори даражадаги амалдорлар учун қандолат ва ҳолва маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар Шикастабандон гузарида фаолият кўрсатишган. Унинг эгаси Кармулло исмли шахс эди. Унинг маҳсулотлари довруғи бутун Бухорога тарқалган бўлган, аҳоли хонадон эшиги олдида навбатда туришарди. Ҳар куни шу ердан ташқи сарой Ситораи Мохи Хоссага 20 пуд, Аркга 10 пуд, қуйи қушбеги ва амалдорларга 5 пудгача жўнатилган. Бухоро шаҳри гузарлари бўйлаб 20 пуд тарқатилган7. Бухоро амири саройи учун ҳолва тайёрлайдиган махсус ҳолвагарлар дўкондорлар орасида Маҳмуджон бин Хол Мирза номи алоҳида тилга олинади.

Ҳолвагарлар орасида уста Саъдулло, уста Жўрабой, Уста Шукруллолар ҳам машҳур бўлишган. Ундан кейинги ҳолвагарлар авлоди Уста Ғуломжон, Уста Ҳамроқул, Уста Қодирларни санаш мумкин. Айрим ҳолвагарлар тахаллуси билан, масалан, «Қодир нишалло» тарзида халқ орасида танилган.

Бухоро шаҳрининг Шойизанжил масжидида ҳолвагарларнинг бир гуруҳи, Шикастабанд масжидида иккинчи гуруҳи фаолият кўрсатган.

Ҳолвагарликни ўрганиш учун ярим йил вақт кетган. Шогирдларнинг қобилиятига қараб ҳунарни ўзлаштириш айримларда 4 йилгача давом этган. Ҳолвапазлар Бухорода унча кўп бўлмай, шаҳар бўйича жами 24 нафар уста фаолият кўрсатган. Ҳолвагарларнинг тартиб қоидалари жамланган ўз уставлари – рисолалари бўлган. Унга кўра ҳолвагарлар жамоасини уларнинг раҳбари бобо бошқарган. Унинг асосий вазифаси устахона соҳиблари ва улар қўлида ишлаётган халфа, шогирдлар ўртасидаги муносабатларни назорат қилишга қаратилган. Бошқа ҳунармандчилик турларида бўлгани каби бобо биринчи навбатда цех аъзолари ва йирик, бой ҳунармандларнинг ҳимоячиси саналган. Бобо ҳунармандлар билан биргаликда касбу кор ҳомийлари шарафига арвоҳи пир маросимини ўтказишган. Маросим кенг тарзда Баҳоуддин Нақшбанд мозорида ўтказилган.

Маълумки, ҳар бир ҳунарнинг қадимдан ўз пири бўлган. Масалан, Нуҳ пайғамбар дурадгорлар, Идрис пайғамбар тикувчилар, Ҳазрати пири Пухта нонвойлар, Ҳазрати Иброҳим (Кабани бунёд этган) кулолларнинг пири саналади. Мазкур касбнинг хомийси сифатида авлий Шакар Ганжи Вали, шунингдек, девона Бурқи Сармаст Вали тан олинган8. Шакар Ганжи Вали ҳар бир гиёҳнинг ширасидан олиб ишни бошлаган. Мазкур ҳунарнинг асосчиси сифатида олтинчи шиа имоми Жафар ас-Сиддиқни ҳам билишган9. Бундан ташқари аллома, фозил, зоҳид ва олим Шайх Нуриддин Хилвати ҳолвапазларнинг маҳаллий пири бўлиб, йилнинг маълум вақтларида унинг мозорида «Арвоҳи пир» маросими ўтказилган. Эътиборли жиҳати, Хилвати мозори жойлашган (ҳозир сақланмаган) Тоқи телпакфурушондан Мағоки Аттори масжидигача ҳолва ва турли ширинликлар растаси ўрин олган. Мазкур ҳудудда ҳолвафурушлик қилиш одати XIX аср охири XX аср бошларигача давом этган10.

XIII аср бошларида Бухорода кубравийлик тариқатини ёйиш учун келган Хилватий Аллоҳ инъом этган кароматлари ила мўғуллар зулмига қарши курашда халққа ёрдам берган. Шунинг учун авлиё даражасига етган пирни нафақат ҳолвагарлар, балки темирчилар, савдо аҳли ҳам ўзига пир билиб, унинг қабрини зиёрат қилиб туришган.

Ҳолвапазлар ҳам ишни бошлаш ёки тугаллаш олдидан, албатта, ҳолвагарларнинг пири Шакар Ганжи Валий ҳаққи ҳурматига дуо қилишган. Аллоҳга шукроналар айтиб, пирлар номи эътироф этиб турилган.

Ҳалвопазлик касбини эгаллаган кишидан катта масъулият талаб этилган. Сабаби, ушбу Аллоҳ таоло томонидан назар қилинган ширинликларни тайёрлашда, аввало пок (таҳоратли)бўлиб, сўнг яхши ният ва хушфеъллик билан бажаришга киришилади. Чунки, ҳолвапазлар эътиқодига кўра, «агарда ҳолвагарликка бироз ёмон назар қилинса, уста ҳеч вақт касбнинг нонидан барака топмайди». Ҳолва пиширишда ишлатиладиган ҳар бир анжом ва идишнинг ҳалолланганлиги кўздан кечирилади.

Ҳолвагарлик ҳунарида шогирдларга қадимий пурҳикмат байтлар орқали насиҳатлар берилган. Шогирдларни тўғри сўзли бўлиш, хира қалб (тож.дил қалб) бўлмаслик, бировни алдамаслик ўргатилган11.

Ҳолвапазлик устоз-шогирд анъанасида шарқ мумтоз шеърияти, адабиёти, фалсафаси вакиллари меросидан ҳам намуналар келтирилиб, шогирдлар ахлоқ ва одобга чақирилган.

Сабр-қаноат, матонат, ҳалоллик ва поклик билан ҳолвагарлик ҳунарини эгаллаган шогирдлар уста мақомига етгач, «миёнбандон» (бел боғлаш) маросими ўтказилган. Усто шогирдининг ҳунарни эгаллаб устозода бўлганини халққа маълум қилган. Шогирднинг ота-онаси устозга совға-салом, сарпо бериб, маросимга йиғилганларга эҳсон оши тарқатилган.

Бухорода ҳар бир ҳунармандчиликнинг ўз гузари бўлгани каби, унинг маҳсулотлари сотиладиган алоҳида бозорлари ҳам ташкил этилган. XIX асрда Бухорога келган можар сайёҳ ва олими, Рашид Афанди тахаллуси билан танилган Арминий Вамбери шаҳардаги шакар ва ширинлик сотувчилар растаси растаи канноди деб номланиб, уни раста раҳбари бошқарганини қайд этади. Бозор растаси раҳбари тартиб-интизом ва нарх-наво бўйича амир олдида жавоб берган12. Бухоро шаҳридан бозор ва савдо расталари Лаби ҳовуздан бошланиб, Регистон майдонигача давом этган. Халқ тилидан бозори Хожа номи билан аталадиган бозордан бошланадиган савдо дўконларида баққоллар, роҳатижонфуруш (музқаймоқ сотувчи)лар қаторида ҳолвагарлар ҳам тижорат қилишган13.

XIX асрда Бухорода бўлган Н.Хаников, Дмитрий-Кавказкийлар шаҳар бозорларида турли туман қандолат маҳсулотлар сотилишини қайд этишган. Ҳолвагар (ҳолвачи)лар «Бозори Тимча» деб аталувчи ширинликлар савдосига ихтисослашган бозор дўконлари ва пишириқхоналарида ишлашган14.

Ўзбек ва тожикларда тўй ва бирор маросим қилинса, қандолатчилик маҳсулотлари айниқса, ҳолва дастурхонга тортилмасдан ўтказилмаган. Ҳалвойи тантанойи деб пашмакни айтишган. Тўйларда кўпроқ ишлатишган. Бухорода совчиликка биринчи марта борганда патир нонлар устига оқ қанд ва ҳолва олиб борилган. Қизнинг жавобини беришга бағишланган «жавобберди» маросимида ҳам оқ рангдаги ҳолвалар тарқатилган.

Ўрта Осиё меҳмоннавозлигида дастурхонга ширинлик тўла патнис келтириш одат тусига кирган. Егуликлардан бодом, устига ширинлик суртилган ерёнғоқ ва шу каби пис-та, қанд-қурс, хушбўй ҳидли турли ширинликлар, яъни ҳолвалар тортилган15. Мусулмонларнинг муқаддас байрамлари Рамазон ва Қурбон ҳайитларида нишолла тайёрланган. Нишолла учун қиём олиниб, беҳнинг сувини қайнатиб, чилчўп (қирқ тишли ёғоч) билан урилади. Кўпик ҳосил бўлгач, туҳум аралаштирилади. 1 кг шакарга иккита тухум чақилган. Лекин, 1 кг шакарнинг нишолла қилиш учун озлиги қийинчилик туғдиради. Шунинг учун 2,5 кг шакар ҳисобида нишолла тайёрлаш таомилга кирган. Умумий ҳисобда бир нишолланинг тайёр ҳолга келишига бир соат вақт сарфланади.

Бухоро воҳаси тожиклари орасида ҳолвага қиёслаб кўплаб халқ мақоллари ва иборалар яратилган. Демак, маҳаллий ширинликлар халқ ижтимоий-маънавий ҳаётида чуқур ўрин эгаллаганидан далолат беради. Аҳоли ўртасида «сабр куни аз ғўра ҳалво», «ҳалворо хурат хоким, калтакро хўрам етим», «жон ширинме ё ҳалво», «ҳалво ҳалво гуфтан кади даҳан ширин намешат»16 сингари иборалар кенг қўлланилган. Масалан, биринчи иборада сабр қилинса хом узум ҳам охир-оқибат ҳил-ҳил пишиб тилёрар, ҳолвадек ширин бўлади. Бу ўринда инсон сабр-тоқатли бўлиши, унинг меваси ширин бўлиши даъват этилган. Иккинчи иборада эса ҳолваларни амалдорлар, бадавал инсон истеъмол қилишади, қора меҳнат қилаётган калтак ейишади, деган маънода келтирилган. Ишламай тишлайдиганларга кесатиқ шаклида баён этилган. Учинчи ибора инсон жони ҳолва билан қиёсланмоқда. Ҳолва энг ширин маҳсулот бўлса-да, лекин инсон жонини ундан-да устун қўяди. Одамзот ўз қадрини билишига қаратилган иборадир. Охиргисида эса ҳолва ҳолва деб ўтириш билан оғиз ширин бўлмаслиги назарда тутилган. Ўзбек мақолидаги унинг муқобили «олма пиш, оғзимга туш» шаклига тўғри келади. Яъни ҳаракат бўлсагина, натижа ва барака бўлади. Ҳеч нарса ғойибдан ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Бўладиган ишни тезроқ бўлиши, сўз ва амал бирлигига ишора қилинган.

Таъкидлаш жоизки, XX аср 90-йилларидан қандолатпазликда кичик корхоналар ташкил этилиб, аҳоли учун ширинликлардан ҳолва, бодроқ, барбарис қант, мармелад, зефир, лакомка, пранник, торт, торт бисквит, новвот, печак қандлари, кесма қанд, олма қанд, пашмак, нишолда, парварда, пирожниқ каби, ширинликлар тайёрланиб, халқнинг ушбу маҳсулотларга бўлган талабини қондириб келинган.

Бухоро ширинлик тайёрлаш ҳунарининг ўзига хос фазилати шундаки керакли маҳсулотларни олиб бошқа ерда ҳолва таёрлаган тақдирда ўша хилдаги хуштаъм ва мазали чиқмайди. Демак, ҳар бир ҳолвагар ўзига хос ширинликлар тайёрлашга ихтисослашган бўлиб, устахонада тегишли жиҳозларга эга бўлган. Ширинликлар тайёрлашда қиём олиниб, маҳсулотлар солинса-да, лекин қадимий усуллар техникасидан фойдаланилмайди. Бухорода ҳолванинг таъми ўзга юртлар ахолиси ўртасида юқори баҳоланган. Бухоро ҳолваси Тошкент, Самарқанд ва водийда кенг тарқалиб, ҳатто, қардош халқлар орасида, хусусан, Душанбе, Хўжанд шаҳри аҳолиси томонидан ҳам севиб тановул қилинади. Бухорони зиёрат қилиш учун келган кишилар, албатта, совға учун ҳолвалардан олиб кетганлар17.

Қайд этиш зарурки, Ўзбекистоннинг бош-қа воҳалари, ҳусусан, Сурхонда ширинлик-
лардан новвот, парварда, кунжут, ҳолва, сочоқ ҳолва (пашмак) ўзига хос локал ҳудудлардагина тайёрланган. Масалан, новвот ва парвардалар Шерободда, ҳолвалар турлари Денов ва Бойсунда кўпроқ тайёрланган. Термиз тумани Каптархона қишлоғида ва Амударё бўйида яшаган туркманлар кунжут ҳолвани яхши тайёрлаганлар18.

Бухоронинг Ғиждувон тумани Қўрғон маҳалласида ҳолвагар Садировлар сулоласининг бешинчи авлоди ҳунарни давом эттириб келмоқда. Маҳаллада сочли ҳолва тайёрлаш жуда машҳур. Уни тайёрлаш учун камида 1,5 соат вақт кетади. Ҳар куни 1200 дона шундай ҳолвалар тайёрланади.

Афсуски, ҳозирги пайтда бозорларда чиқарилаётган ҳолваларнинг ҳаммасида чинакам таъмни сезиш қийин. Биринчидан, масаллиқнинг тақчиллиги бўлса, бошқа томондан ҳолва пиширишни етарли билмасликдадир.

Умуман олганда, техника тараққий этиб, ҳунармандчилик маҳсулотлари, хусусан, қандолат ширинликлари бугун замонавий цех ва заводларда ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, аммо анъанавий ҳолва тайёрлаш техникасини сақлашга ҳаракат қилинмоқда. Ҳунармандлар сулоласи ота-бобоси касбига содиқ қолиб, қўл ҳунармандчилиги шаклида ҳолвагарликни давом эттириб келмоқда. Устоз-шогирд анъанаси давомийлиги халқимиз моддий маданиятининг муҳим элементларидан бири бўлган ҳолвагарлик ҳунарини сақлаб қолиш, барҳаётлигини таъминлашга хизмат қилмоқда. Ҳунар тарихини чуқурроқ ўрганиб келгуси авлодга етказиш, бой қадриятлар ила тарбиялаш ишига ҳам ҳисса қўшмоқда.