Туркистонда маҳаллий аҳоли вакилларининг шахсий кутубхоналари тарихидан

The article presents historical information about the libraries opened in Turkestan (1870–1917) by Mahmudhoja Behbudi, Munnavar Kori Abdurashidkhonov and Abdullah Avloni. Based on historical documents, the article describes the «Library of Behbudiya», opened by Mahmudhoja Behbudi in 1907 in Samarkand.

В статье представлена информация о библиотеках, открытых в Туркестане (1870-1917гг.) Махмудходжой Бехбуди, Муннаваркори Абдурашидхановым и Абдуллой Авлони. Материал основан на исторических документах. В частности, подробно описывается «Библиотека Бехбуди», которая начала работать с 1907 года в Самарканде. Интерес представляют отдельные факты. К примеру, в архивных документах сохранились отчеты по данной библиотеке, ежегодно предоставляемые в канцелярию генерала-губернатора Туркестана на узбекском и русском языках. В каждом отдельной графой заполнены доходная и расходная части бюджета библиотеки, много и другой статистики. Но главная идея статьи в том, что читатель наконецто узнает о том, что на нынешней территории Узбекистана еще задолго до владычества царской России существовали библиотеки. Их инициаторами являлись просвещенцы из народа, те, кто истинно любил свою землю и через чтение книг, открытие школ, других учебных заведений  желал просвещения всему народу.

Key words: Turkestan, jadids (enlightenment), book, library, catalog, bibliograph, archive, archive fund.

Илм олиш аввало оиладан, боғчадан ва мактабдан бошланса-да, бу борада таълим муассасаси сифатида кутубхона алоҳида аҳамият касб этади. Зеро кутубхона, шубҳасиз, илму зиё тарқатувчи маскандир.

Кутубхона қанчалик бой бўлса, айниқса мумтоз адабиётимиз ва жаҳон намуналари акс этган нашрларга талаб кучайиб бораётган бўлса, демак, бу даргоҳ ўз вазифасини аъло бажармоқда. Ҳозирги кунда глобаллашув ва интеграциялашув шароитида китоб мутолаа-сига бўлган эътибор ҳар қачонгидан ҳам ортиб бормоқда.

Тарихга назар соладиган бўлсак, қадим-дан юртимиз ҳудудида кўплаб кутубхоналар мавжуд бўлган [8:9]. Мозий садолари гувоҳлик беришича, милоддан аввалги бир минг йилликнинг сўнгги асрларида бугунги Ўзбекистон ҳудудида дастлабки кутубхоналар ташкил этила бошлаган. Ўрта Осиёнинг кўп давлатларида, хусусан, Сўғдиёна ва Хоразмда II аср охирларида кутубхоналар очилган, III аср бошларига келиб китобга бой масканларга айланганлиги тўғрсида маълумотлар ҳам йўқ эмас [14:110].

Жаҳонда энг қадимий уч минг йил олдин яратилган «Авесто» китоби Хоразмда топилганлигини инобатга олинса, айнан Ўзбекистон ҳудудида кутубхона ривожланиши тарихи ҳам узоқ даврларни ўз ичига қамраётгани айни ҳақиқат. Қолаверса, кутубхоналарнинг келиб чиқиши ва тараққиёти ҳам минтақалар ва давлатлараро савдо-иқтисодий муносабатлар ривожланиши билан боғлиқ жараёндир [20:27].

IX–XII асрларда Аббосий халифалар, ай-ниқса Хорун Ар-Рашид ҳам диний, ҳам дунёвий фанлар ривожига зўр эътибор берган. Бағдод шаҳрида «Байтул ҳикма» («Донишмандлар уйи», яъни фанлар уйи), ҳозирги иборамиз билан айтганда, академия очилди». [5:11]. Бу ерда 70 дан ортиқ олим ва толибилар, устозу шогирд илм соҳиблари [26:10] учун катта кутубхона ҳам ташкил қилинганди. Ушбу даргоҳда фалсафа, тарих, адабиёт, риёзиёт, фалакиёт, ҳандаса, мантиқ, жуғрофия, тиббиёт фанларига оид китоблардан фойдаланган Ибн Сино «Ал-жабр»га, инсоният учун энг зарур илмий масалалар ечимига беҳисоб ҳисса қўшган. Айтиб ўтиш жоизки, ўша даврларда ҳам ҳақиқий бойлик деганда, китоб тушунилган, энг қимматбаҳо ҳадя сифатида ҳам айнан китоб совға қилинган.

Кутубхоналарда кўплаб олимлар китоб му-толаа қилган ва бир-бирларига улашишган. Аҳмад ал-Фарғоний бир йил давомида Боғдодда таҳсил олиб, устурлоб ҳақидаги «Китобул комиллил Фарғоний фи устурлаб» асарини ёзади ва бу китобни «Байтул ҳикма» («Билимлар уйи») даргоҳига келтириб, Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийга тақдим этади. Олим Хоразмий китобни авайлаган ҳолда дарҳол саҳифаларига кўз югуртирар экан, муаллиф 18-19 ёшдаги Аҳмад ал-Фарғоний илму фанда етукликка эришганлигига ишонч ҳосил қилади ва ёш олим билан муфассал суҳбатлашишини айтади... [10: 14-15]

Ҳамма даврларда кутубхоналар донишмандларни ўзига жалб қилиб келган. Бу фикримизни Абу Али ибн Сино ҳақидаги бир ҳикоя тасдиқлайди. Ибн Сино қўлига тушиб қолган Аристотелнинг «Метафизика» асари тушунишда ўта қийинлигини англаб, «Мо баъда ат-табиа» китобини ўқийди. Лекин барибир «Метафизика» муаллифининг мақсади унга берк эди. Ҳатто қирқ бор қайта ўқиса ҳам, мағзига ета олмайди. Тушуниб бўлмайдиган экан дея, хулоса қилиб, умидини узади... Ибн Синонинг мутолаасеварлиги китоб сотувчиларига яхши маълум бўлган. Ҳар гал дўкон яқинидан ўтса ҳам, китобларга кўз югуртириб, янги келтирилганлари билан танишиб чи-қарди.

Шундай кунларнинг бирида дўкон соҳиби олимга бир китобни мақтай, қўлига тутқазади. Ибн Сино кўрсаки, бу ўша, ўқиган, аммо тушуна олмаган «Метафизика» асари ҳақида ёзилган китоб эканлигини фаҳмлайди. Ибн Сино бу ҳақида қуйдагиларни ёзади: «Бу илм-ни билишнинг фойдаси йўқ экан деган хаёлда унинг кўрсатиши ҳам менга малол келиб, китобни олишни рад қилдим. Шунда сотувчи менга: «Бу китобни мендан олгин, бунинг нархи арзон – уч дирҳамга сотаман, эгаси бунинг пулига муҳтож» деди. Мен уни сотиб олдим. Қарасам денг, бу Абу Наср Фаробийнинг «Метафизика» китоби мақсадлари ҳақида ёзган (шарҳ) асари экан. Уйга қайтдиму, дарров уни ўқишга тушдим. «Метафизика» дилимда ёд бўлиб қолгани сабабли ўша пайтдаёқ бу китобнинг мақсадлари менга очилаверди» [6: 10-11].

Ибн Сино таржимаи ҳолидан маълумки, сомонийлар даврида Бухородаги Амир Нуҳ ибн Мансур саройида катта кутубхона бўлган. У «Савонеҳ ул-ҳикмат» (Ҳикматлар хазинаси) деб аталган. Кутубхонада адабиёт, санъат, тарих, фалсафа, фиқҳ (ислом қонуншунослиги), илм нужум (астрономия), риёзиёт (математика), тиббиёт, жуғрофия ва бошқа табиий фанларга мансуб китоблар бўлган. Китоблар бир неча хонада сандиқларда сақланган. Улар форс, паҳлавий, суғд, юнон, яҳудий, хитой, ҳинд ва турк тилларида бўлган. Кутубхонадаги китобларнинг каталоги тузилган. Ибн Сино 997 йилда Бухоро амири Нуҳ Ибн Мансурни даволаган пайтида ҳукмдордан кутубхонага киришга рухсат олади ва у ерда барча нодир китобларни ўқиб чиқади. Бухоро амири қасрининг кўп қисми китобларга ажратилган бўлиб, табиби олимга хоҳлаган китобини олишга ижозат беради. Кутубхона билан яқиндан танишган Ибн Сино кейинчалик «бу ерда … номини ҳам эшитмаган китобларни кўрдим» деб ёзган [6: 12].

Салжуқийлар ҳукмронлиги даврида Хуро-сонда маданий ҳаёт яхши ривожланган бўлган. Султон Санжар (1118–1157) ўз пойтахти – Марв шаҳрини обод қилиш, илм-маърифат марказига айлантиришга ҳаракат қилган. Ўша вақтларда Марвда ўнта машҳур кутубхона бўлган.

Илм-фан маркази ҳисобланган Бухоронинг жуда кўп мадрасаларида кутубхоналар мавжуд бўлган. Манбаларда 937 йилда Бухоронинг Фараж мадрасаси борлиги ҳақида эслатиб ўтилган. Ёзилишича, «бу мадрасада кўплаб қимматбаҳо қўлёзмалари бор кутубхона бўлиб, Ўрта Шарқда энг қадимий ҳисобланган» [3: 105-106].

XI–XII асрлар кутубхоналари ҳақида батафсил маълумотларга қараганда, Хоразм, Рей, Ҳамадон ва Исфаҳон каби йирик шаҳарлардаги кутубхоналар машҳурлик қозонган [19: 155].

Ислом дини тараққий этишни бошлаган дастлабки даврларда мусулмонлар жам бўладиган, илм алмашилиб, ақлий баҳс ва мунозаралар олиб бориладиган жойлар ­ масжидлар ҳисобланган. Яъниким нафақат намоз ўқиб, ибодат қилинадиган манзил, балки диний, фалсафий ва илмий китобларга бой кутубхона вазифасини ҳам ўтаган, энг муҳими, бу кутубхоналар барча учун доимо очиқ бўлган [7: 32].

Дарҳақиқат, Ўрта Осиёда бундай кутубхоналар кўп эди. Бундай маърифат манзиллари ўзига хос лойиҳа бўйича қурилган. Ички деворлар ё мармар билан қопланар, ё оқланарди, марказда эса катта гумбазли улкан ўқув хонаси бўлган. Аксар майдон гиламлар билан тўшалган ва китобхонлар шу ерга ўтириб мутолаа қилган. Китоблар ёғочдан ясалган жавонларда ва ички деворларга ёпиштириб ишланган токчаларда сақланган. Мавзулар ва бошқа белгиларига кўра китоблар тизимланиб, рўйхати махсус каталогларга жойланган.

Кўплаб кутубхоналарда мажлислар учун махсус хоналар ҳам жорий этилган. Йирик олимлар ва уламолар иштирокида илмий баҳслар бўлиб турган. Кутубхоналар ҳақиқий тадқиқот марказларига айланган. Китоблардан нисбатан эркин фойдаланиш имкони ва қизиқарли баҳс майдонининг мавжудлиги бутун илм аҳлини бу масканга чорлаган.

Мўғуллар истилоси арафасида Марв шаҳрида жуда кўп кутубхона бўлганлиги ҳақида маълумотлар сақланган. XIII асрда Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Балх ва бошқа шаҳарларда маданият марказлари, олимлар учун кенгаш манзиллари очилган, тасарруфида эса албатта йирик кутубхоналар фаолият юритган. Жумладан, Марв шаҳрида 12 та кутубхона мавжуд бўлган [13: 434].

XIV асрнинг иккинчи ярмида минтақада маданий ҳаёт янгидан юксалиши кутубхоналарнинг қайта тикланишида ҳам намоён бўлади. XIV аср охирида Шайх Муҳаммад Порсо томонидан очилган оммавий кутубхона XIX асрнинг 40-йилларигача фаолият кўрсатган. Сомонийларнинг Самарқанд ва Бухородаги, Ғазнавийларнинг Урганч, Темурий ва Шайбонийларнинг XVII аср бошларидаги ҳукмдорларининг кутубхоналари ҳақида кўп маълумотлар бор [14: 110].

Ислом оламидаги илм-фан тараққиёти Те-мурийлар даврида юксак даражага кўтарилган. Бунга асосий туртки ижтимоий ҳаётда та-лаб ва эҳтиёж юқори бўлганидир. Соҳибқирон Темур даврида, Мирзо Улуғбек ҳукмронлик қилган йиллар Самарқанд илм-фан тараққиёт этган шаҳар сифатида жаҳонга ном таратди. Ҳукмдор Улуғбекнинг ўзи ҳам олим сифатида мадрасаларда илми ҳайъат (астрономия) ва бошқа фанлардан маъруза ўқи-гани тарих китобларида битилган [11:20]. Бироқ XVI асрдан бошлаб бу ерда ҳам илм-фан, маданият таназзулга учрайди, таълим тизимига путур етади. Мадрасалар дунёвий илмлардан кўра диний, яъни, хусусан, шариат ақидаларига кенг ўрин бера бошлайди. Ислом асослари, шариат, фиқҳни билишнинг ўзи етарли деган чекланган қараш мадрасаларда ҳам ўрин ола бошлайди. Схоластика, китобий-лик, мутаассиблик (регресс) тамойили етакчилик қилади. Бу ҳол то XIX асрнинг охири – XX асрнинг бошларигача ҳукм суради [21: 9].

Бухоро, Самарқанд, Қарши, Хива ва бошқа шаҳарлардаги катта мадрасалар кутубхоналари фондлари турлича бўлган. Баъзи тарихий манбаларда қайд этилишича, Беруний, Ибн Сино, Фирдавсий, Замахшарий, Умар Хайём, Абдураҳмон Жомийнинг шахсий кутубхоналари, Алишер Навоийнинг қимматбаҳо қўлёзмаларга бой йирик кутубхонаси жуда машҳур бўлган.

Тарихга юзланиб, яна дурдона Самарқандга эътиборни жамлайдиган бўлсак, қадим ўтмишга эга бу шаҳарда кўплаб маданий ёдгорликлар, музейлар ва кутубхоналар бўлган. Турли даврларда Самарқандда жаҳон мумтоз адабиёт намояндаси Рудакий, олим ва шоир Умар Хайём, калом илмининг асосчиси Абу Мансур Мотуридий, фиқҳ илмининг билимдони Бурҳониддин Марғилоний, Нақшбандия тариқатининг йирик намояндаси Хўжа Аҳрор Валий, шеърият мулкининг султони Алишер Навоий яшаб ижод этганлар ва ўзла-рининг шахсий кутубхоналарига эга бўлганлар [14: 109].

Таъкидлаш ўринлики, Россия империяси Ўрта Осиёни босиб олгандан сўнг хонликлардаги кўплаб кутубхоналар талон-тарож қилиниб, вайрон қилинган. Масжид ва мадрасалар фаолиятига чек қўйилиб, улардаги китоблар таланган. Туркистонда генерал-губернатор бўлган фон Кауфман томонидан бундай муқаддас маънавий бойликлар Санкт-Петер-бургдаги кутубхонага жўнатилган. Бундай ҳаракат маҳаллий аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлиб, ўз навбатида, янги мусулмон кутубхоналарини ташкил этишга тўртки беради.

Туркистон зиёлилари ва тараққийпарварлари ўз манфаатларини ифодаловчи кўплаб мусулмон кутубхоналари ва ўқув муссасаларига асос солишади [22: 8]. Улар орасида кўзга кўринган йирик намоёндалардан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий Ўрта Осиё жадидчилик ҳаракатининг асосчиси, маърифатпарварлик ривожланишига катта ҳисса қўшган шахсдир. Унинг ташаббуси билан отаси шарафига ташкил қилинган «Беҳбудия кутубхонаси» [23: 9] Туркистондаги мусулмон кутубхоналари ичида энг бойи ҳисобланган. Мунавварқори томонидан мактаблар учун яратилган «Адиби аввал», «Адиби соний», «Ер юзи» каби дарсликлар, Абдулла Авлоний асос солган «Шуҳрат» газетаси ва «Биринчи муаллим», «Иккинчи муаллим», «Туркий гулистон, ёхуд Ахлоқ» дарсликлари шу кутубхонада сақланган.

Беҳбудий асосчилигидаги ҳаракат фаоллари бўлган ушбу маърифатпарварлар ҳам ўз фаолияти давомида янги мактаблар, хайрия жамиятлари, кутубхона[15] ва китоб дўконлари очиб, маънавий озуқадан аҳолини ҳам баҳраманд бўлишга чақиради. Улар томонидан асос солинган зиё масканларида кўплаб китобхонлар Алишер Навоий, Мирзо Бедил, Бобараҳим Машраблар асарларини мутолаа қилиб [16], ўз билимларини мустаҳкамлашга муваффақ бўлган.

Маҳмудхўжа Беҳбудий асос солган кутубхона бўйича ҳар йили ҳисобот топширилган. 1908 йилдаги Туркистон генерал-губернатори девонхонасига йўлланган Самарқанд вилояти мусулмонлар кутубхонасининг ҳисоботи икки тил (ўзбек ва рус)да ёзилган [18]. Ҳисоботга кўра, аъзолик бадаллари ва хайр-эҳсонлардан 970 рубль 75 копейка даромад кўрилган, чиқим 604 рубль 24 копейкани ташкил этган [24: 9]. Ушбу билим муассасасидан асосан ўқитувчи ва мактаб ўқувчилари кенг фойдаланган.

Ўша даврларда Бухорода ҳам амалдор ва мударрисларнинг кутубхоналари фаолият юритган [4]. Хивада ишчилар томонидан кутубхона учун ҳадя пули тўпланиб, фойдаланишга топширилган сўнг кўпчилик фойдаланиш имконияти кенгайган [25]. Фарғонада ҳам маҳаллий аҳоли томонидан асос солинган «Ғайрат» кутубхонаси ҳақида маълумотлар бор.

Хулоса ўрнида айтиб ўтиш жоизки, ўлкамиз мустамлакага айланмасдан бурун ҳам Ўзбекистон ҳудудида жуда кўп кутубхоналар яратилган. Бундай зиё манзиллари аввало амир, хон ва амалдорларнинг хонадонлари, мадрасалар қошида фаолият юритган таълим муассасаларидан ўрин олган. Бу кутуб-хоналарда диний китоблар, Қуръони Карим шарҳлари сақланиб, китобхонлар эътиборида бўлиб келган. Ҳаттоки мустамлакачилик шароитида ҳам Бухоро, Фарғона, Самарқандда бир қатор мусулмон кутубхоналари ва ўқув хоналари амалда бўлиб, барча учун бепул хизмат кўрсатган.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Бартольд В.В. Туркестан в эпоху мон-гольского нашествия, ч. II. СПб., 1900. – С. 105-106.

2. Иброҳимов А. Миллат овози.– Т.: «Шарқ», 2002. 125, – Б. 11.

3. Ирисов А. Ҳаким Ибн Сино ҳаёти ва ижоди. Т.; «O'zbekiston», 1992. – Б. 10-11.

4. Касимова А.Г. Библиотека в Туркес-тане. – Т.: «Фан», 1966. – Б. 32.

5. Қасимова А. Библиотечное дело в Уз-бекистане. – Т.: Узбекистан, 1963. – С. 7.

6. Қаюмов А. Аҳмад ал-Фарғоний. ­– Т.: Фан, 1990. – Б. 14-15.

7. Қодиров Н.Н. Туркистон ўлкасидаги рус таълим муассасалари тарихи (1865­­-1917 йй.). – Т., 2013. 28, – Б. 20.

8. Материалы по истории туркмен и Туркмении. // Труды Института востоко-ведения АН СССР, Т. II. – М., 1938. – С. 434.

9. Матякубова М.М. XIX асрнинг иккинчи ярми – XX аср бошларида Хива хонлигида китобат ва кутубхона тарихи. Тарих ф. н. диссертацияcи. – Урганч, 2008. 78, – Б. 110.

10. Семенов В.В. Очерки исторической науки в СССР, вып. 1. 1955. – С. 155.

11. Солиева Г.А. Ўзбекистонда китоб савдосининг ривожланиши ва унинг ижтимоий-иқтисодий самарадорлигини ошириш омиллари. – Самарқанд; 2018, – Б. 27.

12. Ўзбек педагогикаси антологияси (II жилд), – Т.: Ўқитувчи, 1999, 28, – Б. 9.

13. Холбоев С. Миллий университетнинг тарихий илдизлари ва ташкил топиши. – Т.: «Шарқ», 2003. – Б. 10.

14. ЎзМА И-18-фонд, 1-рўйхат, 8255-йиғмажилд, 8-варақ.

15. ЎзМА И-18-фонд, 1-рўйхат, 8255-йиғмажилд, 9- варақ.

18. ЎзМА И-18-фонд, 1-рўйхат, 8255-йиғмажилд, 9-варақ.

19. «Ғайрат «кутубхонаси // «Садойи Фарғона» газетаси, 1915, № 119.

20.  «Туркистон вилоятининг газети», 1907, №№ 5, 20.