This article describes the opening, collection and operation of public libraries in the cities of New Osh, Margilan, Skobelev, Kokand, Namangan, established in accordance with the Resolution of the Fergana regional administration No. 421 of 1898 «On the opening of public libraries and reading rooms in regional and city centers.» information is available. In preparing the article used the documents of the National Archive of Uzbekistan I-19 Fund, Volume 1167.
В статье рассказывается об открытии, формировании и работе публичных библиотек в городах Ош, Новый Маргилан, Скобелев, Коканд, Наманган, созданных в соответствии с постановлением Ферганской областной администрации за № 421 от 1898 года «Об открытии публичных библиотек и читальных залов в областных и городских центрах». Статья основана на документах Национального архива Узбекистана, фонд I-19, том 1167.
Keywords: archive, archival documents, catalog, library, library work
Инсон ақл заковатининг энг нодир намунаси ёзув бўлса, ақлий меҳнатининг буюк кашфиёти бу – китоб. Китобда инсоннинг интеллектуал салоҳияти ёзма акс этади. Борлиқ ибтидоси ва инсон фалсафаси тўғрисидаги билимлар китобларда жамланади. Одамлар ўз билим ва илмларини китоб орқали келажак авлодларга етказиб беради. Тарихни билиш, кенг тарғиб қилиш ҳам бевосита китоблар орқали амалга оширилади.
Ҳозирда жаҳон мамлакатларида кечаётган пандемия шароитида тадқиқотчилар ва изланувчиларга ахборотлардан масофавий ва онлайн фойдаланиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундай шароитда давлат муассасаларида замонавий компьютер технологиялари тезкор интернетдан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Архив ва кутубхона ўқув хоналари ҳам шулар жумласидандир.
Архивларда тарихимизнинг турли даврига оид ҳужжатлар ичида Туркистонда кутубхона иши тарихига доир ҳужжатлар ҳам сақланиб келинмоқда. Ўзбекистон Миллий архиви (ЎзМА)даги И-19-фонд, 1-рўйхат, 1167-йиғма жилд таркибида 1898–1917 йилларда Фарғона вилояти кутубхона иши тарихи акс этган ҳужжатлар бор.1
Россия империяси ҳарбийлари Тошкент шаҳрини эгаллаб олганидан кейин ўз мустамлакачилик ҳаракатларини қарор топтиришга интилиб, зудлик билан тегишли маъмурий ҳокимиятни таъсис этишга киришди. 1865 йил 6 августда Александр II томонидан «Туркистон вилоятини идора қилиш тўғрисидаги Муваққат Низом» тасдиқланиб, 1867 йил июлда Россия империяси таркибида Туркистон генерал-губернаторлигини ташкил этиш тўғрисида қонун қабул қилинди.2
Россия империяси Туркистонда ўз сиёсий мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида ҳудуднинг асосий марказларида кутубхоналар ва клублар ташкил қилишга ҳаракат қилади. Шу мақсадда Туркистоннинг барча вилоятларида кутубхона ўқув хоналари фаолиятини йўлга қўйишга киришилади. 1867 йил 16 августда Туркистон генерал-губернатори К.П.Кауфман Халқ маорифи вазирлиги, Фанлар академияси, Халқ кутубхонаси, География жамиятига, Россиянинг Бош штабига ўлкада кутубхона ташкил этиш ва унинг китоб фондини тўлдиришда бевосита ёрдам беришни сўраб мурожаат қилади. 1870 йил апрелда 2200 жилддан иборат 1200 номдаги китоб фондига эга Туркистон халқ кутубхонасига асос солинади.3 Бу Туркистон генерал-губернаторлигида ташкил этилган биринчи кутубхона бўлиб, кейинчалик эса бундай кутубхоналар ҳар бир вилоят ва шаҳар марказларида ташкил этилади.
Туркистоннинг 1865–1917 йиллардаги кутубхона иши тарихи кўпчилик тадқиқотчилар томонидан алоҳида ярим асрлик босқичга бўлиниб ўрганилади.4 Биз кўтарган мавзудаги маълумотлар ҳам шу давр ичида содир бўлган ўзгаришлар билан бевосита боғлиқ.
ЎзМАда сақланаётган ҳужжатларда қуйидаги акс топган: 1898 йил Фарғона вилояти бошқармасининг «Вилоят ва шаҳар марказларида оммавий кутубхона ва ўқув хоналарини очиш тўғрисида»ги 421-қарори қабул қилинади.5 Шу тариқа Фарғона вилоятининг турли шаҳарларида зудлик билан кутубхоналар ташкил қилинади.
Дарҳақиқат, XIX аср иккинчи ярми ва XX аср бошларида вилоятда кутубхона ва ўқув хоналарини очиш борасида катта ишлар амалга оширилади. Ўш, Янги Марғилон, Қўқон, Наманган, Скобелев шаҳарларида кутубхоналар ташкил қилинади.
ЎзМАдаги Фарғона вилояти Ўш шаҳар оммавий кутубхонаси тарихи билан боғлиқ ҳужжатлар орасида аҳоли сонига оид маълумотлар ҳам бор. Жумладан, 1896 йилда Ўш уездида 490 киши, 1897 йилда – 492, 1898 йилда – 445 киши истиқомат қилган бўлса, 51 киши кўчиб юрувчилар сифатида рўйхатга олинган.
1898 йилда Ўш туманида кўнгилочар масканлар ва кутубхона ташкил этиш мақсадида ғазнадан 28583 рубль сарфланади. Ушбу маблағлар ҳисобидан 1898 йилда Ўш оммавий кутубхона ва ўқув хонаси очилади. Шу йили кутубхона ўқув хонасига китоб, газета ва журнал сотиб олиш учун 500 рубль, кутубхонани таъмирлаш ва китоб жавонларини сотиб олиш учун 300 рубль сарфланади. 1899 йилда ажратилган кутубхонага янги китоблар олиш мақсадида 100 рубль ҳисобига ва бу маблағга 200 нусха китоб сотиб олинган6.
Вилоятда барча давлат муассасалари, шу жумладан кутубхоналар ҳам 1869 йил июнда ташкил этилган Молия вазирлигига қарашли Тошкентдаги Туркистон ғазна палатасининг Фарғона бўлимидан молиялаштирилган.
XX аср бошларида Туркистон ўлкасининг вилоят ва шаҳарларида жамоатчилик ёки маҳаллий маъмурият томонидан тузилган кутубхоналар ва ўқув хоналари очила бошланади. Янги Марғилон шаҳар оммавий кутубхонаси 1899 йил 14 январда Фарғона вилояти губернаторининг қарорига мувофиқ ташкил қилинади (ҳозирги Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази). Кутубхона учун ҳар йили 600 рубль ажратилиб турилиши белгиланади, аммо 1899 йил учун жами 400 рубль маблағ сарфланади. Маблағ асосан кутубхона биносини таъмирлаш, китоб жавонлари билан жиҳозлаш, ўқув хонаси учун ўриндиқлар харид қилиш ва янги китоблар сотиб олиш, ўқув хонаси ходимлари ойлик маошлари учун ишлатилган.
Кутубхона очилганда, ўқув хонасида китоблар кам бўлган, аммо қисқа фурсат ичида китоблар кўпайиб, фойдаланувчилар сони ортиб борган. Бу вақтда кутубхона жамғармаси 3000 нусхадаги китоблардан ташкил топган. Китобхонлар доираси эса фақат шаҳар зиёлиларидан иборат бўлган. Аҳолининг бошқа қатламлари учун кутубхона хизматидан фойдаланишнинг имконияти йўқ эди.
Кутубхоналар Қўқон шаҳрида ҳам очилган. Масалан, Қўқон шаҳар бошлиғининг 1900 йил 24 октябрда Фарғона вилояти губернаторига йўллаган 520-сонли мактубида Қўқон шаҳарида кутубхона очилганлиги, фойдаланиш тартиб-қоидалари ва низоми ишлаб чиқилганлиги маълум қилинади7. Кутубхона очилиши билан турли шаҳар марказларидан ўлка тарихига доир китоблар, хариталар ва чизмалар келтирилади. Кутубхонада оммавий ўқиладиган қизиқарли янги адабиётлар ҳам сақланган. Бу эса, фойдаланувчилар сонини ошишига ва хизмат кўрсатиш тизими яхшиланишига хизмат қилган. Кутубхона Қўқон шаҳар хўжалик бошқармаси томонидан молиялаштирилиб, 1900 йилда бинони қуриш учун 9000 рубль, шкаф, стол-стул харид қилиш учун 3000 рубль, ходимлар ойлик маоши учун 1500 рубль маблағ ажратилган. Очилиши ва фаолият юритишида шаҳар бошлиғи полковник Дзерзевский, меъмор Г. Маур ва инспектор Г.Курочкинлар катта ҳисса қўшишган8.
1907 йилда Қўқон оммавий кутубхонасидан бепул фойдаланиш тўғрсида низом ишлаб чиқилади ва кутубхона иккита бўлимга бўлинади. Биринчиси бепул хизмат кўрсатувчи ўқув хонаси, иккинчиси пуллик хизмат кўрсатиш бўлимларидан иборат бўлади9. Бу пайтда 1200 га яқин китоб мавжуд бўлган.
Бундай мактуб Фарғона вилояти ҳарбий губернаторига 1901 йил 26 январда ҳам йўлланади, фақат бу мактубни Наманган уезди бошлиғи юборади. Мактубда Наманган оммавий кутубхонаси очилганлиги ва кутубхона баённомаси нусхаси тақдим этилаётганлиги маълум қилинган. Кутубхона учун ҳар йили 1000 рубль харажат қилиниши кераклиги ва жорий йил ҳисобидан ғазнадан Наманган шаҳрида кутубхона очиш учун 300 рубль миқдорида бошланғич маблағ олинганлиги маълумот учун билдирилган. Шунга асосан, Наманган шаҳрида 1901 йил кутубхона очилган деб эътироф этиш мумкин. Бу кутубхона дастлаб жуда кам миқдордаги китоблар билан таъминланади. Бино Наманган шаҳар хўжалик бошқармаси тасарруфидан ажратилади. Аъзолик бепул амалга оширилади, кутубхона ўзининг низоми ва тартиб-қоидаларига эга бўлган. Дастлаб 250 нусхага яқин китоб бўлиб, рўйхати тузилиб, каталоглаштирилган.
1907 йилда Фарғона вилояти ҳарбий губернаторининг буйруғига асосан Скобелев шаҳрида кутубхона очилади. 1908 йил 18 ноябрда Скобелев оммавий кутубхонасининг 144-сонли баённомаси ишлаб чиқилади ва расмий фаолият юритувчи муассасага айланади. Баённомада кутубхонанинг асосий фаолият турлари, ишлаш тартиби, китоб, газета ва журналлар билан жамлаш каби асосий вазифалар белгилаб қўйилади, кутубхона 3 нафар шаҳар депутати ва 4 нафар библиографдан иборат қўмитаси тузилади. Қўмита аъзолари маҳаллий аҳоли томонидан 3 йилга сайланади. Қўмита вилоятда кутубхона ишини ташкил қилиш, янги кутубхоналар очиш ва тугатиш, китобларни жамлаш ва ўқув хоналарини очиш каби вазифаларни назорат қилган.
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Абдурахимова Н., Эргашев Ф. Туркистонда чор мустамлака тизими. – Т.: «Академия нашриёти», 2002. – Б. 32.
2. Охунжонов Э. Кутубхонашунослик, ар-хившунослик, китобшунослик: назарияси ва тарихи. – Т.: Тафаккур бўстони, 2011. – Б. 36.
3. Охунжонов Э. Ватан кутубхоначилиги тарихи. – Т.: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2008. – Б. 54.
4. Қосимов О., Есимов Т. Умумий кутубхонашунослик. –Т.: Ўқитувчи, 1994. – Б. 41.
5. Рикитов А.И. Понятие науки и ее структура. Проблемы методологии и логики науки. – Томск, 1965. С. 105-126.
6. «Халқ сўзи», 2020 йил 21 февраль.
7. Собрание узаконевий и рапоряжений, издаваемое при правительствующем сенате. – СПб., Пг., 1863–1917, Часть 1. 20-документ; Абдурахимова Н., Эргашев Ф. Туркистонда чор мустамлака тизими. – Т.: Академия нашриёти, 2002. – Б. 31. Системно-гносеологический подход.–Москва: Политиздат, 1982. – С. 303.
1 ЎзМА, Фонд-И-19-фонд, 1-рўйхат, 1167-йиғмажилд, 1-варақ.
2 Собрание узаконевий и рапоряжений, издаваемое при Правительствующем Сенате. – СПб., Пг., 1863–1917, Часть 1. 20-документ; Абдурахимова Н., Эргашев Ф. Туркистонда чор мустамлака тизими. – Т.: «Ака-демия нашриёти», 2002. – Б. 31.
3 Қосимов О., Есимов Т. Умумий кутубхонашунослик. – Т.: «Ўқитувчи», 1994. – Б. 41.
4 Охунжонов Э. Кутубхонашунослик, архившунослик, китобшунослик: назарияси ва тарихи. – Т.: «Тафаккур-бўстони», 2011. Б. 36.
5 ЎзМА, 19-фонд, 1-рўйхат, 1167-йиғмажилд,. 15-варақ.
6 ЎзМА, И-1-фонд, 13-рўйхат, 102-йиғмажилд,. 4-варақ.
7 ЎзМА, И-19-фонд, 1-рўйхат, 1167-йиғма жилд,. 17-варақ.
8 Ўша жойда, 36-варақ.
9 ЎзМА Фонд. И-19, 1-рўйхат, 28789-йиғма жилд. 56 варақ.
