Annotation. This article examines the establishment and early activities of the Turkestan Public Library during 1887–1900. The role of the library in the development of education and science in Turkestan region is analyzed. The study highlights the formation of the library collection, acquisition of books, and organization of library services. It also explains the influence of the cultural policy of the Russian Empire on the library’s activities. Special attention is paid to the contribution of the library to literacy improvement and the intellectual life of local society.

 

Keywords: Turkestan, public library, enlightenment, library history, collection, books, culture, Russian Empire, intellectuals, science, readers, Tashkent, publications, archive, bibliography, literacy, education, history, librarianship, society.

 

Аннотатция. Мазкур мақолада Туркистон халқ кутубхонасининг 1887–1900-йиллардаги ташкил топиши ва дастлабки фаолияти ёритилади. Кутубхонанинг Туркистон ўлкасида ижтимоий ҳаётидаги ўрни таҳлил қилинади. Шунингдек, фонднинг шаклланиши, китоблар тўплами ва кутубхона хизматининг йўлга қўйилиши ҳақида маълумот берилади. Россия империяси давридаги маданий сиёсатнинг кутубхона фаолиятига таъсири очиб берилади. Кутубхонанинг маҳаллий зиёлилар ва аҳолининг саводхонлигини оширишдаги аҳамияти кўрсатиб ўтилади.

 

Калит сўзлар: Туркистон, халқ кутубхонаси, маърифат, кутубхона тарихи, фонд, китоблар, маданият, Россия империяси, зиёлилар, илм-фан, ўқувчилар, Тошкент, нашрлар, архив, библиография, саводхонлик, таълим, тарих, кутубхоначилик, жамият.

 

Аннотация. В данной статье рассматривается история создания Туркестанской народной библиотеки и её деятельность в 1887–1900 годах. Анализируется роль библиотеки в развитии просвещения и науки в Туркестанском крае. Освещаются вопросы формирования библиотечного фонда, комплектования книг и организации библиотечного обслуживания. Показано влияние культурной политики Российской империи на деятельность библиотеки. Особое внимание уделено значению библиотеки в повышении грамотности населения и развитии местной интеллигенции.

 

Ключевые слова: Туркестан, народная библиотека, просвещение, история библиотеки, фонд, книги, культура, Российская империя, интеллигенция, наука, читатели, Ташкент, издания, архив, библиография, грамотность, образование, история, библиотековедение, общество.

Ҳамма даврларда ҳам кутубхоналарга эътибор қаратиш, китоб мутолаа қилиш ва китобхонликни кенг тарғиб қилишга алоҳида аҳамият берилган. Тошкентда замонавий қиёфадаги кутубхонанинг ташкил этилиши XIX асрнинг 70-йиллари бошига бориб тақалади. Туркистон халқ кутубхонасининг очилиши тўғрисида А. Добросмыслов (1854–1915 йй.) “Туркистон оммавий кутубхонаси ва музейи” номли тарихий очеркида: “1870 йилда 2200 нусха китобга эга бўлган Тошкент Оммавий кутубхонаси очилди”, – деб ёзган. Кутубхона фаолияти билан шахсан таниш бўлган (кутубхонанинг биринчи директори) Н.В.Дмитровский (1841–1910 йй.) “Туркистон оммавий кутубхонасининг 25 йиллиги” номли мақоласида кутубхонани 1870 йил май ойининг охирида очилган деган маълумотни келтирган. Кутубхонанинг дастлабки китоблар каталогини тузган, уларни библиографик жиҳатдан таснифлаган ҳам айнан Н.В.Дмитровский ҳисобланади. Кутубхонанинг илмий ходими ва директори бўлиб ишлаган Е.К.Бетгер (1887–1956 йй.) маълумотларига кўра, бу муассаса 1870 йил 7–12 июнь оралиғида очилган [3].

Тошкент оммавий кутубхонаси Ўрта Осиёдаги биринчи илмий-жамоат муассасаси эди. Аммо дастлаб Россиянинг кўплаб вилоят кутубхоналаридан бири сифатида фаолият юрита бошлади. Кутубхона жуда кам маблағ эвазига ташкил қилинганди. Ва генерал-губернатор девонхонасига бўйсунган ҳамда фақат у томонидан бошқарилган. Биринчи директор лавозимида ўлка тарихини ўрганишда улкан тажрибага эга ўлка билимдон, библиограф Н.В.Дмитровский фаолият юритган. 1872-йилда унинг ўрнини расман В.В.Чуйко эгаллаган[5].

Адабиётлар таҳлили шуни кўрсатадики, Туркистонда кутубхоначилик ва китобат тарихи масалалари бир қатор олимлар томонидан ўрганилган. Н.А.Абдураҳимова ва Ф.Р.Эргашев чор мустамлака тизимининг маданий сиёсатини ёритган бўлса, Э.К. Бетгер китоб нашри тарихини тадқиқ этган. Н.В.Дмитровский ва А.Г.Касимова асарларида Туркистон оммавий кутубхонаси ҳамда Ўзбекистонда кутубхоначилик ишининг ривожланиши ҳақида муҳим маълумотлар берилган. А.И.Кормилицин ва О.Қосимов, Т.Есимов тадқиқотларида кутубхоначиликнинг тарихий ва назарий асослари ёритилган. Бироқ ушбу ишларда чор Россияси давридаги кутубхоналарнинг фаолияти, уларнинг мустамлакачилик сиёсатидаги ўрни ва маҳаллий жамиятга таъсири комплекс тарзда тадқиқ этилмаган. Шунинг учун архив ҳужжатлари ва мавжуд манбалар асосида мазкур масалани чуқур ўрганиш илмий жиҳатдан долзарб ҳисобланади.

Мустақиллик йилларида О.Қосимов ва Т.Есимов олиб борган тадқиқотларига қараганда, 1871-йил сентябригача кутубхонада жами 75 нафар китобхонга хизмат кўрсатилган. Шундан 45 таси ҳарбий, 19 таси маъмурият ходими, 3 нафари ҳарбий ёзувчилар, 6 нафари билим юрти талабаси, 2 нафари аёл киши бўлган.

Дастлаб кутубхона Тошкентдаги генерал-губернатор девонхонаси ёнидаги бинонинг иккита хонасида жойлашган бўлиб,
китобларнинг асосий қисмини Тошкент босиб олинганда маъмурий идоралардан мусодара қилинган китоблар (кейинчалик, бу китоблар фон Кауфман буйруғи билан Санкт-Петербург халқ кутубхонасига юборилган) ва 1870-йилда Тошкентда ташкил этилган китоб чоп этиш нашриёти манбалари[7], шунингдек, Россия илмий жамиятларидан келтирилган китобларни ташкил қилган.

Маҳаллий маъмуриятнинг ҳушёр назорати остида бўлган кутубхона асосан Ўрта Осиё ва қўшни мамлакатлар тарихига оид китоблар билан тўлдирилган. Унинг жамғармаларида фақат рус тилидаги адабиётлар мавжуд бўлиб, у деярли Тошкентнинг русийзабон аҳолисига хизмат қилган. Унинг китобхонлари асосан офицерлар, амалдорлар, ва уларнинг оилалари, болалари, ва билим юрти талабалари ҳисобланган[4]. ЎзМАдаги ҳужжатларда 1873–1875-йилларда кутубхонадан пуллик ва бепул фойдаланувчилар тўғрисидаги маълумот келтирилган.

Кутубхонада қисқа вақт ичида китоблар сони кўпайиб, 1876-йилда 4401 нусхани ташкил этган. Кутубхона жойлашган бино эса торлик қила бошлагани боис, китобларни бошқа жойга кўчириш масаласи кўриб чиқилади. Шу мақсадда 1876-йилда китоблар фуқаро Глуховский шахсий уйининг 11 та хонасига, ойига 600 рубль тўлаб туриш шарти билан кўчириб ўтказилган. 1877-йилдан кутубхона учун тўлов нархи 900 рублга оширилган. Кутубхона бу ерда 1877-йилдан 1883-йилгача сақланган. Ўтган уч йил ичида, яъни 1876–1878-йилларда кутубхонага 400 рублга 1000 нусха китоб, журнал ва газета сотиб олинган. 1877-йилда генерал-губернатор хўжалик бўлимидан 3242 нусха китоб кутубхонага олиб келинган. 1879-йилда кутубхона ходимлари учун 2500 рубль, китоблар сотиб олиш учун 650 рубль ажратилган[9]. Бу маблағлар йил якунида ҳисоб-китоб қилиб борилган ва йиллик ҳисоботда кўрсатилган.

Архив маълумотларига қараганда, 1876-йилда Тошкент оммавий кутубхонасида рус, француз, немис, испан, поляк тиллардаги китоблар мавжуд бўлган.

Кутубхонада рус тилида 2695 номдаги 5018 жилд, француз тилида 1444 номдаги 2761 жилд, немис тилида 850 номдаги 1450 жилд ва бошқа тилларда 392 номдаги 505 жилд, жами 5381 номдаги 9734 жилд китоб бўлган. Шарқшунос В.И.Межов томонидан “Туркистон тўплами” номи остида 200 жилд китоб жамланган бўлиб, газета ва журнал хронологик кетма-кетликда жойлаштирилган.

Ҳукумат томонидан 1878-йилда ғазнадан 1300 рубль ажратилган, шундан 800 рубли ойлик маош учун сарфланган. 1878 йилда 183 нафар китобхон ташриф буюриб, 2780 дона китоб ўқиган. Бу ҳар бир китобхонга 15-16 тадан китоб тўғри келади дегани.

1876-йил 14-сентябрда Кауфман буйруғи билан “Кутубхона комиссия”си тузилади. Биринчи кутубхона комиссияси таркибида В.Ф.Ошанин (1844–1917) ҳам бўлган. 1879 йилда комиссия таркиби янгиланиб, Н.П.Остроумов (1846–1930) ва М.А.Миропийевга (1852–1919-йй.) ўзгартирилади. Комиссия таркиби тез-тез ўзгариб турган, бунинг сабабини уларнинг 3-5 йилга сайланганида кўриш мумкин.

1877-йилда кутубхонада ҳарбий ва денгиз илми, география, статистика ва санъатшунослик, тарих ва хронология, қишлоқ хўжалигига оид рисолалар ва турли хил мазмундаги китоблар мавжуд бўлган. Ушбу китоблар турли йилларда кутубхона сақловига келиб тушган бўлиб, муайян қисми хайрия китоблари ҳисобланади.

Кутубхона директори В.В.Чуйконинг йиллик ҳисоботига кўра, 1881-йил 4-февралда Тошкент оммавий кутубхонаси учун биринчи ва иккинчи ярим йилликка 450 рублдан, жами 900 рубль маблағ берилган. Маблағни кутубхона коллегиал маслаҳатчиси қабул қилиб олган ва тасдиқлаш учун имзо қўйган.

Ушбу маблағлар ҳисобидан китоблар сотиб олиниб, ходимларга маош тўланган. 1881-йилда Тошкент оммавий кутубхонаси томонидан сотиб олинган шарқ қўлёзма китобларининг каталоги тузилади. Ушбу каталогда 171 та қўлёзманинг номи кўрсатилган. Мазкур китоблар жами 710 рубль 25 копейкага сотиб олинган. Маблағларнинг кўп қисми Тошкентдаги Туркистон ғазна палатасидан ажратилган. Баъзи қисми эса китобхонларнинг тўловларидан ёки кутубхонада ўтказилган театр томошаларидан ҳам қопланган.

Тадқиқот тарихий-таҳлилий ёндашув асосида олиб борилди. Асосий манбалар сифатида илмий адабиётлар, монографиялар, мақолалар ҳамда Ўзбекистон Миллий архивининг ҳужжатларидан фойдаланилди. Хусусан, архив фондларидаги кутубхоналар фаолиятига оид ҳужжатлар таҳлил қилинди. Тадқиқотда тарихийлик, холислик ва қиёсий таҳлил методлари қўлланилди. Шунингдек, манбашунослик ва тарихшунослик усуллари ёрдамида мавжуд адабиётлар ўрганилди. Олинган маълумотлар тизимлаштирилиб, умумлаштириш ва таққослаш орқали хулосалар чиқарилди.

ХIХ асрнинг 80-йилларида Россияда маданий-оқартув муассасаларига нисбатан реакцион ҳужум бошланади. Бу кутубхона мавқеига таъсир кўрсатмай қолмасди. 1882-йилда Туркистон генерал-губернатори М.Г.Черняйев буйруғига мувофиқ Тошкент оммавий кутубхонаси фаолияти текширилади. Бунга сабаб эса “Петербург лашкарлари” асарининг муаллифи реакцион ёзувчи В.В.Крестовскийнинг ҳисоботи сабаб бўлди. Унинг М.Г.Черняйевга тақдим этган ҳисоботида кутубхона фаолияти кескин, салбий равишда тавсифланди, чунки тафтиш давомида у маҳаллий аҳолини кутубхонадан фойдаланиши ва уларнинг интеллектуал имкониятларининг оширилишига хизмат қилувчи асарларга талабни юқори қўйди. Унинг фикрича, маҳаллий аҳолининг илғор қатламлари бу кутубхонадан фойдаланиши империя манфаатларига тўғри келмаслигини таъкидлаган. В.В.Крестовскийнинг ҳисоботини кўриб чиққан генерал-губернатор М.Г.Черняйев кутубхонани ёпишга қарор қилади. Унинг фикрича, Тошкентдаги ғазна палатасидан кутубхона учун сарфланаётган маблағ тўхтатилмаса иқтисодий қийинчиликларни келтириб чиқариши мумкин экан. Шунга ўхшаш ҳар хил важлар билан кутубхонанинг 1882-йил 13-декабрдан 1883-йил 1-январга қадар мустақил муассаса сифатида фаолияти тўхтатилиши тўғрисида буйруқ чиқарди. Мазкур буйруқ кутубхона фаолиятига жиддий таъсир кўрсатиб, китобларнинг йўқолиб кетишига сабаб бўлган.

Бу ҳақида А.Добросмслов шундай ёзади: “Ўлкани текширган В.В.Крестовский, Тошкент оммавий кутубхонасининг китобхонлари сони 320 тани ташкил қилишини ва кутубхона учун ҳар йили 400 рубль сарфланаётганини аниқлаган. Бу эса Россия иқисодиётига катта зарар етказишини баҳона қилиб, кутубхонанинг фаолияти тўхтатилишига сабабчи бўлади. Шундан сўнг “Тошкент оммавий кутубхонаси тарқатиб юборилади, бир талай қимматли китоблар ва шарқ қўлёзмалари ёниб кетади...”[1]. Бу вақтда кутубхона директори М.Г.Чуйко (1872–1884 йилларда бошқарган) бўлиб, унинг томонидан ёзиб қолдирилган ҳисоботга қараганда, 1883-йил 1-январдан ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш шарти билан кутубхона фаолияти давом эттирилади. М.Г.Черняйевнинг 1883-йил 13-декабрдаги янги 313-сонли буйруғига кўра, кутубхона комиссияси таркиби қайта тузилади. Кутубхона фаолиятини қайта тикланиши кўпчиликнинг саъй-ҳаракати билан амалга оширилган. Чунки бу пайтга келиб Тошкентда китоб мутолаа қилишга қизиқувчиларнинг эҳтиёжини қондирадиган бошқа оммавий кутубхона йўқ эди.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, Туркистонда чор Россияси даврида кутубхоналар маърифий ва илмий фаолиятнинг муҳим марказларидан бири сифатида шаклланган. Туркистон оммавий кутубхонаси фондлари маҳаллий ва хорижий адабиётлар ҳисобига мунтазам бойиб борган. Архив ҳужжатлари кутубхоналар фаолияти давлат томонидан назорат қилинганлигини ҳамда уларнинг мустамлакачилик сиёсатини амалга оширишда маълум даражада хизмат қилганлигини тасдиқлайди. Шу билан бирга, кутубхоналар ўлка аҳолисининг илмий ва маданий савиясини оширишга ҳам сезиларли ҳисса қўшган. Олинган натижалар кутубхоначилик тарихининг айрим кам ўрганилган жиҳатларини ёритишга имкон берди. Тарихчи М.Ваҳабовнинг қайд этишича, 1883-йил 1-январга келиб Туркистон ўлкасидаги кутубхоналарда жами 13040 нусха китоб мавжуд бўлган. Шундан 2496 таси Туркистон ҳарбий губернаторлигига, 846 таси Туркистон ўлкаси ҳарбийларни ўқитиш марказига, 514 таси Тошкент ҳарбий шифохонасига, қолган 9181 таси Тошкентда ташкил қилинган музей сақловхонасида ва генерал-губернатор девонхонасида сақланарди[10]. Китобларнинг кўп қисми Тошкент оммавий кутубхонаси ёпилганда юқорида айтилган кутубхоналарга келиб тушиши натижасида кўпайиб борган.

М.Г.Черняевнинг кўрсатмасига мувофиқ китобларнинг асосий қисми Тошкент музейининг икки хонасига кўчириб келтирилади. Кутубхона музейнинг “Китоб сақлаш хонаси” деб юритилади. Бу ерда китоблар 1884-йилгача сақланади. Мазкур омборхона анча аянчли аҳволда бўлиб, китоблар намиқиб, чиришни бошлаганди. Бироқ 1884-йилда М.Г.Черняев ўрнига ўлкага генерал-губернатор этиб тайинланган Н.О.Розенбах (1836–1901-йиллар) кутубхона фаолиятини қайта тиклаб, олдинги ҳолатига қайтаришга эришади. У 1882-йилдаги 312-сонли буйруқни бекор қилиб, 1884-йил 2-августдаги “Музейга бириктирилган Тошкент оммавий кутубхонаси” тўғрисидаги 197-сонли буйруғини қабул қилади. Н.О.Розенбахнинг мазкур буйруғига мувофиқ Тошкент оммавий кутубхонаси ва музейи ҳамда ўлкадаги бошқа муассасалар қошидаги кутубхоналарни бошқариш мақсадида олдинги “Кутубхона қўмитаси” ўрнига “Кузатув қўмитаси” тузилади. Унинг таркибида Н.П.Остроумов, В.Ф.Ошанин, Н.А.Маев, Н.В.Дмитровский ва бошқалар бўлган. Кутубхона фаолиятида мазкур қўмита ижобий роль ўйнади. Китобларнинг библиографияси тузиш ва уларни сақлашга алоҳида эътибор қаратилди.

1884-йил 2-августда генерал-губернатор Н.О.Розенбах топшириғига асосан “Кузатув қўмитаси” томонидан кутубхонанинг 15 банддан иборат низоми ишлаб чиқилади. Генерал-губернаторнинг 1886-ил 31-декабрдаги 162-сонли буйруғига мувофиқ қўмита фаолияти тугатилади. Шундан сўнг 1887-йил 13-январда “Кузатув қўмитаси” ёпилади ва унинг барча амалдаги ваколатлари генерал-губернатор девонхонаси ўтказилади.

1887-йил 13-январдан кутубхона номи Туркистон оммавий кутубхонаси деб ўзгартирилган. Бу ном 1906-йил 26-августгача, яъни ўлканинг янги генерал-губернатори Д.И.Субботич (1852–1920-йй.) давригача сақланиб қолади. 1906-йилдан 1917-йилгача Туркистон халқ кутубхонаси деган ном билан фаолият олиб борган.

Тадқиқот натижалари А.Г. Касимова ва Н.В. Дмитровский томонидан келтирилган маълумотларни тўлдириб, Туркистон кутубхоналарининг нафақат маърифий, балки маъмурий-сиёсий аҳамиятга ҳам эга бўлганлигини кўрсатди. Архив ҳужжатлари асосида кутубхоналар фаолиятининг айрим янги жиҳатлари аниқланди. Тадқиқотнинг асосий чеклови манбалар базасининг айрим даврлар бўйича тўлиқ сақланмаганлиги билан боғлиқ. Шунга қарамай, олинган натижалар Туркистонда кутубхоначилик тарихини чуқурроқ ўрганиш ва янги илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, улар кутубхоналар тарихини ёритишда амалий ва илмий манба сифатида хизмат қилади. Кутубхонада Ўрта Осиёга оид жуда кўп китоблар сақланган, айниқса, “Туркистон тўплами” муҳим манба бўлиб ҳисобланади. Тўпламни машҳур библиограф В.И.Межов (1830–1894) 1887-йилгача мунтазам тузиб боради ва 1920-йилга келиб 416 жилдини тайёрлаб, 3 марта алифбо ва системали кўрсаткичлар билан нашр қилдиради[2]. Тўплам 20 йиллик танаффусдан сўнг 1907-йилда Н.В.Дмитровский, А.А.Семёнов (1873–1958), Е.К.Бетгер каби биб-
лиографлар томонидан давом эттирилади.

“Кузатув қўмитаси” қайта тиклангандан сўнг, кутубхонада ҳеч қандай текширув ишлари олиб борилмайди. Маълумотларга қараганда, бу вақтда кутубхонада 80 минг китоб бўлган.

Китобхонлар одатда йилига 2 рублдан 5 рублгача гаров тўлашган. Китобхонларнинг кўпчилигини ёшлар ташкил қилган. Ўша вақтда кутубхонага ҳар куни 40 нафардан 80 нафаргача, йилига эса 12 мингдан 20 минггача китобхон ташриф буюрган. Уларнинг ичида маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам кўпчиликдан иборат эди. Туркистон оммавий кутубхонасини ташкил топгандан то 1917-йилгача бошқарган раҳбарлар сони 9 та бўлган.

Кутубхонада қўлёзмалар, нодир нашрлар ва китоблар фондининг дастлаб тўпланишида рус олимлари, таниқли арбоблар ва маҳаллий зиёлилар алоҳида эътиборга молик ишларни амалга оширишди. Ўрта Осиё аҳолисининг ёзма ёдгорликлари ва маънавий бойликларини ўрганган рус шарқшунос олимлари, саёҳатчиларининг қўлёзма ва босма асарлари кутубхона фондидаги ноёб манбалар саналади.

Кутубхона очилган дастлабки кунларданоқ келиб тушаётган барча китоблар тавсиф қилинди, бу масъулиятли вазифани Тошкент оммавий кутубхонасининг биринчи директори Н.В.Дмитровский бошлаб берди. Н.В.Дмитровский Тошкент оммавий кутубхонаси, кейинчалик Туркистон Халқ кутубхонаси тарихида муносиб из қолдирди. У ўлка тўғрисида яхши билимга эга библиофил (китобсевар) бўлиб, умрининг сўнгги кунларигача кутубхона фаолиятини ўйлаб яшади.

Кутубхона ташкил этиш ишлари бошлангандан сўнг 1870-йил май ойида Н.В.Дмитровский тузган тавсиф кўриб чиқилди ва кутубхонани очиш учун тавсифланган адабиётлар етарли деб баҳоланди.

Унга кўра, кутубхона фонди 1876-йилга келиб 4401 нусхани ташкил қилди. Генерал-губернатор К.П.Кауфман ва Г.А.Колпаковский кутубхона ишини яхшилашга, унинг фондларини ҳисобини юритишга жуда катта вақт сарфлади.

Аслида кутубхона фонди 1867-йилдаёқ шаклланиб бўлган эди. Унинг фондларига Осиё музейи, Петербург Ботаника боғи, Табиатни севувчиларнинг Москва жамияти, Марказий статистика қўмитаси, Почта ва телеграф Бош бошқармаси, Император эркин иқтисодий жамияти, Румянсев музейи ҳам ўз китобларидан жўнатишган эди[6].

Тошкент оммавий кутубхонасида ўлкада тўпланган шарқ қўлёзмалари ва 1871–1876-йилларда Марказий Осиё ҳудудидан тўпланган қўлёзмалар жамланиши керак эди, аммо амалда бундай бўлмади. Чунки, ўлка тарихига оид барча қўлёзмалар одатда Санкт-Петербургга олиб кетилган. Кутубхонанинг шарқ қўлёзмаларини қидириб топиш ишларининг ўзига хослиги шундаки, қўлёзма китоблар ниҳоятда секинлик билан тўпланиб бораётган эди.

Шу ўринда айтиш жоизки, Туркистонда шарқ қўлёзмаларини тўплаш ва сақлаш ғоясини дастлаб Д.Грамениский илгари сурган. У Туркистон халқ кутубхонасини фақат шарқ қўлёзмалари сақланадиган кутубхонага айлантириш таклифини киритади, аммо бу режа амалга ошмайди.

Кутубхонадаги шарқ қўлёзмаларининг каталогини биринчи бўлиб А.Л.Кун тузган, у жами 57 та рўйхатни қамраб олган. А.Л.Кунга қўлёзма китобларни тўплаш ишларига шарқшунослар Н.Н.Пантусов, С.М.Граменитский, Е.Ф.Кал, Ростиславов ҳамда бошқалар ҳам яқиндан ёрдам беришди.

А.Умаровнинг ёзишича, Ўрта Осиё Россия ҳарбийлари томонидан босиб олингандан сўнг ўлкада қўлёзмаларни жамлаш билан илмий жамиятлар ва жамоат кутубхоналари шуғулланди, бу соҳада айниқса Туркистон халқ кутубхонаси томонидан кўпгина ишлар қилинди.

1889-йилда шарқшунос Е.Ф.Калнинг шахсий ташаббуси билан, халқ кутубхонасининг шарқ қўлёзмаларини илмий жиҳатдан тавсифлаб чиқиш тугалланди, у тавсифлаш вақтида Ч.Ренинг машҳур европача каталоглаштириш методидан фойдаланди. Е.Ф.Калнинг каталоги ўзида 126 та номдаги 87 жилд қўлёзмани ташкил этиб, бу эса Туркистон халқ кутубхонасида сақланган қўлёзмалар тўғрисидаги тасаввурларни анча бойитарди. Каталогдаги қўлёзмалар асосан Туркистон, Эрон, Ҳиндистон ва қўшни давлатлар тарихига доир китоблардан иборат бўлиб, шундан 78 таси форсча (тожикча), 19 таси арабча ва 29 таси туркий (ўзбек) тилидаги китоблар эди[8].

Академик В.В.Бартолд кўп йиллар давомида Туркистон халқ кутубхонасидан мунтазам фойдаланиб келган. У Тошкентга ҳар сафар келганида кутубхонага ташриф буюрар, қўлёзмаларни жамлаш, сақлаш ва фойдаланиш ҳолатини ўрганиб қайтарди. 1902-йилда қилган ташрифи вақтида қўлёзмалар билан батафсил танишиб чиқди, бу ерда Ғарбий Европадаги каби каталоглар йўқлигини, қўлёзмалар эса тўлиқ тавсифланмаганлигини айтиб ўтган. В.В.Бартолднинг ёзишича, Мингтепадаги сингари қўлёзма китоблар кўпроқ бўлиши ва олимнинг таъкидлашича: “Агар ўлкада мавжуд бўлган китоб хазиналарини фан нуқтаи назаридан сақлаб қолишни истасак, бутун куч-қувватимизни сарф қилмоғимиз даркор”.

В.В.Бартолднинг изланишларига кўра, Туркистон халқ кутубхонасида генерал Жўрабекнинг қўлёзмалар тўпламидан Рашидиддиннинг “Жоме ат-таворих”, Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” китоблари ҳам бўлган. Ажойиб миниатюралар билан безатилган китоблар жуда қимматли бўлишига қарамай, кўп қисми маҳаллий аҳолидан сотиб олинган.

Туркистон халқ кутубхонаси XIX аср охири – XX аср бошларида ўлканинг илмий ва маданий ҳаётида муҳим ўрин эгаллаган. Кутубхона фондида маҳаллий тарих, адабиёт, дин, география ва бошқа фанларга оид турли тиллардаги асарлар билан бир қаторда, қўлёзма манбалар ҳам сақланган. Айниқса, Шарқ қўлёзмаларининг мавжудлиги ушбу муассасанинг илмий-тадқиқот аҳамиятини оширган. Кутубхона фаолияти орқали ўлкадаги ёзма меросни йиғиш, тартибга солиш ва тадқиқотчилар учун фойдаланиш имкониятини яратиш жараёни шаклланган.

Мазкур даврда кутубхона нафақат китоб сақланадиган муассаса, балки илмий-маърифий фаолият маркази сифатида ҳам ривожланган. Унинг фондларидан тарихчилар, шарқшунослар, маҳаллий зиёлилар ва таълим олувчилар фойдаланиб, Туркистоннинг ўтмиши ҳамда маданий меросини ўрганишга ҳаракат қилганлар. Қўлёзмаларни аниқлаш ва уларнинг мазмунини ўрганиш ишлари кейинчалик Туркистон тарихини тадқиқ этишда муҳим манбавий асос бўлиб хизмат қилган. Шу жиҳатдан кутубхона ўлканинг ёзма меросини сақлаш ва илмий муомалага киритиш жараёнида алоҳида аҳамият касб этган.

Хулоса қилиб айтганда, бундай қимматли қўлёзмалар бозорларда сотилиши ва маълум ҳақ эвазига ишлайдиган агентлар ёрдамида Британия музейи учун харид қилиниши мумкин эди. Шунинг учун В.В.Бартолд мазкур китобларни чет эл кутубхоналарига олиб кетилишини олдини олиш мақсадида Туркистон халқ кутубхонасидаги қўлёзмалар рўйхатини тузиш, тавсифлаш ишларини ўзи қилади. У бу орқали император кутубхонасига фақат нодир қўлёзмаларни юбориш кераклигини, қолган китобларни Туркистон халқ кутубхонасида қолдириш зарурлигини билдиради.

Туркистон халқ кутубхонаси 1870 – 1900-йилларда ўлкада ижтимоий ҳаётда аҳолига хизмат қилган муҳим масканлардан бири бўлди. Кутубхона фондининг бойиши ва турли тиллардаги манбалар тўпланиши унинг илмий аҳамиятини оширди. У маҳаллий зиёлилар, олимлар ҳамда ёшларнинг билим олишига катта ҳисса қўшди. Чор Россияси даврида фаолият юритган бўлса-да, кутубхона саводхонлик ва маънавий тараққиёт ривожида муҳим ўрин эгаллади. Шунингдек, унинг фаолияти кейинги кутубхоначилик тизимининг шаклланишига асос яратди.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1.        Абдураҳимова Н.А., Эргашев Ф.Р. Туркистонда чор мустамлака тизими. – Тошкент: “Академия”, 2002. – Б. 186.

2.        Бетгер Е.К. Из истории книжного дела в Узбекистане (К 70-летию появления первой узбекской литографической книги // Государственное изд-во УзССР, 1951. – №2. – С. 76.

3.        Дмитровский Н.В. Двадцатипятилетие Туркистанской публичной библиотеки / “Туркестанские ведомости”, 1895. – №33, 34, 37.

4.        Касимова А.Г. Библиотечное дело в Узбекистане. – Ташкент: “Узбекистан”, 1968. – С. 24.

5.        Касимова А.Г. История библиотечного дела в Узбекистане. – Ташкент: “Ўқитувчи”, 1981. – С. 16.

6.        Қаранг: Кормилицын А.И. Рукописные коллекции и библиотеки на территории Узбекистана эпохи Средневековья. – Ташкент, 1993. – С. 118.

7.        Қосимов О., Есимов Т. Умумий кутубхонашунослик. – Тошкент: “Ўқитувчи”, 1994. – Б. 5.

8.           Лахтина С.И. Каталог книгь инос-
транного отделения Туркестанской публичной библиотеки. – Ташкент, 1891. – С. 250.

9.        ЎзМА И-1-фонд, 16-рўйхат, 2263-йиғмажилд, 30-варақ.

10.      ЎзМА И-1-фонд, 35-рўйхат, 35-йиғмажилд, 8-варақ.