В статье представлена информации о жизни и творчестве Великого поэта Алишера Навои, чьи произведения актуальны и сегодня. Благодаря произведениям великого поэта у современной молодежи есть возможность приобщиться к истории, культуре и поэзии Востока. Автор предлагает подрастающему поколению глубоко изучать произведения Великого мыслителя Востока Алишера Навои.

Илм-фан тажрибаси, аслини олганда, бири-биридан янги, бири бошқасидан фойдали илмий натижага эришмоқдир. Мана шунинг учун ҳам бутун дунёда илмнинг куч-қуввати ва олимлик мартабасига алоҳида бир эътибор билан қараб келинган. Бу дегани – илмдаги чалғиш ва чалғитиш, олимликдаги ҳийла ва сохтакорликдан кўз юмиш дегани эмас, албатта. Оташин рус шоири М.Ю. Лермонтов кучли бир ижтимоий ҳасрат билан ёзилган «Ўйларим» номли шеърида «Умримизни сўрди самарасиз фан», дейди. Самарасиз фан – ҳар турли мафкуравий ё моддий ғараз ва даъвога асосланган бефойда бир фан ҳисобланади.

Илм-фан тарихи бундоқ назардан ўтказилиб, қилинган илмий тадқиқотларнинг сарагисаракка, пучаги-пучакка ажратилса, уларнинг яроқлисидан яроқсизи, кераклисидан кераксизининг кўплиги ҳар қандоқ кишини ҳайрон қолдиради. Илмбозликдан етган ва етаётган зарарнинг ҳисоб-китобини қилишнинг эса ҳеч имкони йўқ.

Узоққа бормайлик, шўро давлати ҳукм юритган даврда ижтимоий фан соҳаларида ёзилган мақола, китоб, диссертациялардан қанча қисмини бугун яроқли дейиш ёки фойдаланишга тавсия этиш мумкин? Гапириш жуда ноқулай. Мустақилликкача неча юзлаб мақола, ўнлаб китоб чиқарган мунаққид ва адабиётшунослар бўлган. Ўша асарлар орасида ҳатто номини тилга олиш ҳозир ноқулайлик туғдираётганлари ҳам бисёр. Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в) бир ҳадисларида «Ёлғон илмдан сақланинг!» дея марҳамат қилган эканлар. Ёлғон илмдан тийилиш ва сақланишнинг иложсизлигини йиллар ёки замонлар эмас, балки асрлар ҳам, афсуски, тасдиқлаб турибди. Шунинг учун Хожа Аҳмад Яссавий, Фаридуддин Аттор, Жалолиддин Румий каби валий зотларнинг ҳаёти ва ижодиёти ҳақида ҳам кўп уйдирма ва  тахминий гаплар, ҳақиқатга ҳеч мувофиқ келмайдиган фикр мулоҳазалар эълон қилинган.

Шарқнинг улуғ мутасаввиф шоири Мавлоно Жалолиддин Румий таваллудининг саккиз юз йиллиги муносабати билан Туркияда кўплаб илмий ва илмий-оммабоп китоблар нашр этилди. Шулардан бири Усмон Нури Кўчук деган олимнинг «Мавлоно ва ҳокимият» (Кўнё, 2007) номли китобидир. Қанча вақт, қанча куч сарфлаб ёзилган бу китобни ўқиб, очиғи, мен жуда таажжубландим. Чунки унда Румий мўғул ҳукмдорларининг «жодуси» қиёфасида кўрсатилиб, унинг «айғоқчи»лиги «факт ва далиллар» орқали гўё фош қилинган. Илм дегани инсонни, наҳотки, шунақа ишларга илҳомлантирса? Наҳотки, китобхон ҳақида ҳеч бир киши ҳеч нима демаса, деб ўйладим. Хайрият унга танқидий муносабат билдирилиб, холис фикр айтилган мақола («Тасаввуф» жур. Ан-қара. 2007 №8 (20-сон) чоп этилди. Мақола муаллифи Атҳам Жабачи ўғлининг хулосаси эса мана бундай: «Бу асарга («Мавлоно ва ҳокимият»га демоқчи – И.Ҳ.) қарши матбуотда ҳозиргача бирон-бир нарса чиққани йўқ. Жавоб берилиши, бизнингча, ақлдан ҳам эмас. Чунки муаллифнинг манбаларни онгли равишда бузиб, қорани оқ қилиб кўрсатишга қасд қилгани жуда аниқдир...».

Оқни қора, қарони бемалол оқ дейишнинг илмга нима алоқаси бор? Қандайдир ҳовлиқмалик, ҳатто телбаликка яқин бир ҳолатни ифодалайдиган бунақа «тадқиқот»ларнинг пайдо бўлишига бош сабаб нима? Худди шу саволга турк олимининг қуйидаги сўзлари бир жавобдир: «Мавлоно англашда ҳар бир кимса ёки мазҳаб вакили ўзи билганча, ўз савияси даражасида мулоҳаза юритмоқда, талқин қилмоқда, яъни унинг инсоний ва ижодий қиёфасини бузиб кўрсатмоқда. Бу эса улар назаридаги Мавлоно билан ҳақиқий Мавлоно орасида жарлик, чиндан ҳам хавфли бир номувофиқлик ҳолатини акс эттираётир...».

Шунга монанд фикрни биз навоийшунослик хусусида ҳам айтишимиз мумкин. Зеро Навоийни асл Навоийдан йироқлаштирувчи ишлар хусусан шўро замонида кўп ёзилган. Бунинг туб сабаби ва асосларини шартли равишда мана бундай таснифлаштириш мумкин:

 1. Сиёсат ва мафкура талаби туфайли тўқилган ёлғон ҳамда ғайриилмий мулоҳазалар.

2. Тарих, дин ва тасаввуфни ва эски фалсафани билишни истамасликдан юзага чиққан уйдирмалар.

3. Дид, савия ва дунёқарашнинг паст ҳамда саёзлигидан туғилган тамалсиз фикр мулоҳазалар.

 4. Ўзига-ўзи ҳисоб бермаслик, яъни омиёна ўзбошимчаликка берилиш маҳсули ўлароқ илгари сурилган ясама гаплар.

     Ўзини бу тасниф, балки, тўла оқламас. Бироқ навоийшунослик тарихи пухта текширилса, улардан ҳеч қайсисини бутунлай рад қилиб бўлмаслиги, ўз-ўзидан равшанлашиши муқаррардир. Навоийни ўрганиш масъулияти эса йўл қўйилган хатони ўз номи билан аташ ва ундан кўз юммаслик зарурлигини асло истисно қилмайди.

Илм, аввало, далил ва мантиққа таяниши маълум. Бироқ ҳамма далил ва мантиқ ҳам ҳақиқатга хизмат этмаганидек, факт ва далил соҳибларининг мулоҳазалари бетайин эмаслигига гоҳо ҳеч ким кафолат беролмайди. Айниқса, Ғарбу Шарқ адабиёти орасидаги ўзаро таъсир ва ўхшашликлардан баҳс юритганда, ёлғиз бадиий ижод билан чегараланмасдан, ижтимоий-маданий муҳит, дин, сиёсат, ҳуқуқ кабиларни ҳам назардан қочирмаслик лозим. Чунки дин, сиёсат босими ёҳуд мафкура измидан чиқолмай қолган ижодкор, ҳатто у улкан талант бўлганда ҳам, холис қабул қилиб бўлмайдиган фикр ва ҳукмларни ўртага ташлаши мумкин. Бундай пайтда муаммо илдизига етишни унутмаслик керак.

Бундан ташқари, мағрибдаги қайсидир қалам соҳибини зўрма-зўракилик ила машриқдаги бир шоир ё адибга ҳамфикр, руҳдош ё мусоҳиб этиб кўрсатишга уриниш ҳам илмдан эмас. Бизнингча, «Данте ва Навоий: юксак фазоларда учрашув» номли мақола мазкур фикрнинг характерли мисолидандир.

Сиртдан қараганда, хоҳ ерда, хоҳ фазода  бўлсин, Данте ва Навоийнинг хаёлий учрашуви илм ва ижодга яқин ҳеч бир кимсага эътироз қўзғамайди. Чунки уларнинг ҳар иккаласи ҳам миллий тил тақдири, адабиёт равнақи, юрт ва миллат бутунлиги учун матонат билан курашиб жаҳон адабиёти шоҳсупасидан жой эгаллаган доҳий шоирлардандир. Дантенинг дард, изтироб ва армонларини Навоийники билан, Навоийнинг ғам, алам, қайғуларини ўлмас италян шоириники билан қиёслаганда Данте ўзбекнинг Навоийсига, Навоий эса италянларнинг Дантесига ўхшаб кетиши ҳеч гапмас.

Атоқли озар олими Комил Валиевга кўра, «Даҳо санъаткор Алишер Навоий «Муҳокамат ул-луғатайн» асарида тилни тилнинг ўзи билан, хусусий табиати ва ўз бойлиги билан шарҳлаб ёритишнинг йўлини кўрсатган эди. Айни шуни италян тили учун Данте ҳам амалга оширган».

Инсон ички ҳаёти, мураккаб, оғриқли кечинмалари, айниқса, мавҳум туйғулардан тушунчага ўтиш ҳолатларини тасвирлаш усуллари Навоий ва Дантеда нисбатан бошқа-бошқа бўлса ҳамки, руҳ ва тафаккурни бемурувват давр, қаттол замон қафасидан қутқазиш муддаоси улар идеалидаги бир ҳаракат ўзани эди. Бу икки даҳо ижодкор асарларидан бир-бирига нечоғли яқин ва ўхшаш жиҳат ё ифодалар топилмасин, улардаги имон-эътиқодга тегишли тафоввутни тан олмасликнинг ҳам асло иложи йўқ. Агар масаланинг шу томони четлаб ўтилса ёки унга керакли даражада аниқлик киритилмаса, мавзу ва ифода ўз-ўзидан ҳаққониятини бой беради.

Мақола муаллифига кўра, Данте ва Навоийни замон, вақт, масофа, «буткул ўзга диний-маданий қатлам» ажратиб турса-да, аммо улар учрашадиган умумий майдон бор. «Бу майдон академиклар Н.И.Конрад ва В.М. Жирмунискийларнинг фикрича, Шарқу Ғарб учун муштарак ҳодиса бўлган Ренессанс, яъни Уйғонишдир».

Аслида эса, Навоийни Дантедан ажратадиган «умумий майдон» худди ўша Ренессансдирки, ислом дини ва маданиятига тегишли кўпдан-кўп нарсага қарши чиқиш, унда умумий бир мақсад тусини олган.

Дунёга таниқли олмон файласуфи ва адиби Ф.Ницшенинг хулосаси бўйича, «Ренессанс – тушунарсиз бир ҳодиса, улкан самарасизликдир».

Айрим мусулмон олимлари кескин танқид қилиб, кофирликда айбланган тўрт-беш файласуфни насроний динини қабул қилишга тайёр, дея мақтовга лойиқ кўрилгани инобатга олинмаса («Илоҳий комедия»да Ибн Сино ва Ибн Рушдга ўрин ажратилган – И.Ҳ.), ренессансчилик ислом илм-фани ва маданиятидан юз буришни тарғиб ва ташвиқ тамойилига айлантирди.

Европада ислом тарихи тадқиқотчиси сифатида танилган профессор Монтгомере Уотнинг таъкидлаши бўйича, ўрта асрлардаги Европага хос бир ҳолат, яъни XII – XIV асрлар давомида ислом динининг ҳақиқий қиёфасини бузиб кўрсатишга бўлган «Европанинг ислом дунёсидан ўзини ажратиб, юнон ва румо классик мероси ила ўзини қандай ўртага олиб чиққанини Данте аниқ ифодалаб берган. Унинг «Илоҳий комедия»сидаги айрим тушунчалари исломий манбалардан олинган. Данте Европанинг «ислом файласуфлари қаршисидаги бурчини яхши фарқларди. Бироқ унинг асарида диққатни энг кўп тортадиган жиҳат исломнинг камситилишидир».

Хўш, ислом ва Муҳаммад (с.а.в)ни таҳқирлашга Дантедай мутафаккир санъаткорни инонтирган куч ва асос нима эди? Хорижлик бир неча тадқиқотчиларнинг умумий эътирофига кўра, қудратли маданият ва маърифатга соҳиб бўлган ислом дунёси X асрдан эътиборан XVI аср охирларига қадар бутун Европага ўз таъсирини ўтказган. Бу илмий таълимий ва маърифий таъсирнинг марказий майдони, ҳеч шубҳасизки, ислом дини эди. Аммо у ўзининг мутлақо янги бир дин эканлигини даъво қилмаганидек, ўзидан олдинги ваҳийликка асосланган тавҳид таълимотини давом қилдирганлигини ҳам сир сақламаганди. Зеро, тавҳид инончининг ҳаётийлиги ва давомийлиги мусулмончиликнинг тебранмас тушунчаларидандир. Бунга алоҳида урғу бериш маъносида Қуръони Карим Ҳазрати Одамдан бошлаб то Хотами анбиё Муҳаммад (с.а.в)га қадар бўлган пайғамбар тарихи ва турли қавмлар ҳақида ўзига хос тарзда маълумотлар беради.

Ислом дини тарих саҳнасига чиққан VII асрда насронийлик Европанинг ўрталаридан Араб яриморолигача тарқалган дин эди. Исломнинг қисқа бир муддатда араб мушриклари ва Шарқ насронийлари орасида ёйилиши, табиийки, рақобат туйғусини оёқлантирган. Дунёдаги бошқа динлар билан қиёслаганда зўр бир тезлик билан тарқалган янги дин Муҳаммад Мустафонинг вафотидан юз йил кейин Шимолий Африка, Эрон, Ироқ, Сурия, Афғонистон, Онадўлига қадар кириб борди. Бундай ҳодиса ғанимлик ҳиссиётини қўзғаши ҳам англашиларли. VIII – IX асрларда Европада Исломга қарши ҳаракат баҳс ва мунозара шаклида кечган бўлса, ўрта асрларда энди муросасиз душманлик мақомига кўтарилганди.

Аслини олганда, санъат ва адабиётнинг моҳиятида турли ирқ, миллат вакилларини бирбирига қайраб, қарши қўйиб, содда, инонувчан юракларда душманлик уруғини кўкартирадиган бир нима йўқ. Қарама-қаршилик ва ғанимликнинг замини – тор ё бир ёқлама англашда, бузуқ дунёқарашда, ғоявий ҳамда мафкуравий заҳарланишда. Ғарблик азбаройи ғарблик бўлганидан шарқликка адоват нигоҳи билан қарамаганидек, шарқлик ҳам азбаройи Шарққа мансублигидан ғарбликларга паст назар ила боқмайди. Дин тақдири ва равнақи ёлғиз дин раҳбару арбобларига боғлиқ бўлмагани туфайли фикрий-эътиқодий кураш ва олишувларда сиёсат, илм-фан, адабиёт, санъат вакиллари ҳам аралашишган.

Маълумки, Алишер Навоий мансуб бўлган нақшбандийлик тариқатида инсон ўзлигини англаш нуқтаи назаридан латойиф тушунчаси алоҳида аҳамият касб этади. Бу тушунчага Баҳоуддин Нақшбанднинг «Машойихдан ҳар бирининг ойнасида икки томон бор Бизнинг ойнамиз эса олти жиҳотлидир», деган гапи асос бўлган. Имом Раббоний ушбу фикрни «Ойнадан кўзланган мақсад орифнинг кўнгли, икки томон руҳ ва нафс, олти жиҳот – олти латифа (қалб, руҳ, сир, хафи, аҳфо ва нафс)», деб шарҳлаган.

Нақшбандийликнинг йирик назариётчиси Муҳаммад Порсо латойиф сонини еттига етказиб инсон ҳақиқатининг етти табақа билан пардаланганини мана бу тарзда кўрсатган: 1. Шайтон ғайби. 2. Нафс ғайби. 3. Қалб ғайби. 4. Сир ғайби. 5. Руҳ ғайби. 6. Хафи ғайби. 7. Ҳақ ғайби. Мазкур мавҳумот, яъни ғайблар латифасини кашф айлаш осон кечмаганлиги учун ҳар бир ғайб мушоҳадасида бир пайғамбарга суянилган. Чунончи, илк ғайбда Одам (а.с.)га, иккинчисида Нуҳ, учинчида Иброҳим, Тўртинчида Мусо, Бешинчида Довуд, олтинчисида Исо ва еттинчида Муҳаммад (а.с.)га боғланилган. Демак, ботиндаги ҳар турли ҳижобларни йўқотиб инсоннинг асл моҳиятини очишга бирмас, бир неча пайғамбарга суянилгани тариқатда ҳам нубувват талабларига тўла риоя этилганини тасдиқлайди.

Буни теран англаб, ўзи унга иқрор бўлмаганида Ғарбдаги йирик тасаввуфшунослардан бири Р. Никильсон ҳеч вақт мана бундай деб ёзмасди: «Данте таваллудидан бир неча йил сўнг Мавлоно суюклиси Оллоҳ висолига етишди. Аммо Данте, яъни бу христян шоири мусулмон замондош юксалган севги ва мушоҳада чўққисидан жуда пастда қолди...».

Дарвоқе, ишқмуҳаббат робитасига тўхталсак. Данте ва Навоий маслагидаги асосий муштараклик нуқтаси деб С. Мели ўзича ишқ ҳамда «ишқ трагизми»ни белгилайди: «…Дан-те ва унинг Шарқдаги ғойибона суҳбатдоши улуғ Навоий ҳам олий даражадаги трагизмга, ҳаётдаги барча ғамалам, жабрситам, умидсизликларни босиб ўтиб, ҳазм этган ҳолда етишиладиган трагизм – ишққа восил бўлишган».

Биринчидан, Шарқдаги мутасаввиф шоирлар, жумладан, Алишер Навоий учун ҳам «ҳаётдаги барча ғам-алам, жабр-ситам, умидсизликларни босиб ўтиб» етишиладиган «олий даражадаги трагизм» йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки ваҳдати вужуд ҳоли ва талаби ишққа фаноликда, яъни ишқ орқали олий ҳақиқат манзилини ишғол қилиш учун ҳар қандай трагизмни –бутунлай четга суриб ташлайди. Иккинчидан, ишқ тариқида ҳақиқати муҳаммадияни идрок этмоқ нималигини хаёлга ҳам келтиролмаган бир шоир билан Навоий руҳониятида қанақа яқинлик бўлиши мумкин?

Майли, буларни ҳам бир ёнга қўяйлик. Навоийнинг ҳамд шеърларини эсланг. Расули акрам таърифи ва севгиси уларнинг ҳар бирида гўё нур ва сидқи садоқат чашмасидай мавжланади.

Итларинг махсусу маҳзундур,

                                    Навоий, кошки

Кирса бу маҳрум ҳам ул

                             зумрайи маҳрамаро, –

дея ёзган шоир, азиз пайғамбарини жаҳаннам қаърига тиқиб, турли-турли қийноқларни унга раво кўрган бир ижодкорни ерда ҳам, кўкда ҳам ўзига яқин ололмаслигини ким билмайди дейсиз?

Юз эшигинг туфроғига сурта

                                    олғайманму деб,

Чарх қасридин қуёш ҳар кун

                                    тушар оламаро…

Зеро, мутафаккир шоир кўнглини олиймақомларга жазбалантирган қувват ана шу ишқ офтоби эди. Унинг ҳаётбахш, серхосият зиёсида Навоий исломнинг маъно оламига чуқур кириб борар ирфоний ҳақиқатлар сирини чуқур англагани сайин Муҳаммад алайҳиссалом шахсиятига меҳр-муҳаббати янада кучаяди.

Шарқ мумтоз шеъриятида шоирлар деярли бир турли мавзуда ёзиб, бир-бирига монанд ҳистуйғуларни тасвирлашгани учун адабиётшунослик илмида шахсият масаласи алоҳида ўрганилмаган. Ҳолбуки, адабий ижодда ҳал қилувчи омил, яъни бош асос шоир ё адибнинг шахсиятидир. Шахсият бу – бошқа бировникига ўхшамайдиган кучли, мустақил, эркин характер демак. Шахслик сифат ва хусусиятлари айнан характерда мужассамлашиб, ўзини намоён етиб боради. Ижодкорнинг адабиётга олиб кирадиган янгилиги, биринчи навбатда, ўзи яратадиган Шахси. Шунинг учун талантли қаламкаш ёзишдан аввал ўзини таниш, ҳаётни мушоҳада қилиш, тақлид ва такрордан қочишга бошқалардан тамоман фарқ қилади.

INFOLIB, №1, 2016