В статье представлена информация о произведениях великого мыслителя востока Алишера Навои. Свои произведения Алишер Навои писал не только в лирическом жанре, но также и в сатирическом направлении. Великий поэт писал газели, выражая различные негативные явления того времени и человеческие пороки, об этом написано в книге изданной автором статьи «В газелях Алишера Навои юмор и сатира». Книга «Макорим ул-ахлоқ» это воспоминания одного из учеников Навои того времени, в которой Хондамир пишет об отношении великого поэта к юмору и сатире.   

  Алишер Навоийнинг бадиий ва илмий мероси нақадар бой ва ранг-баранг. Бироқ бугунги кунда мутлақ кўпчилик, айниқса, ёшлар бу улуғ сиймо тўғрисида унинг ғазаллари билан айтиладиган мумтоз қўшиқлар орқали анчайин ҳазин кайфиятли шоир деган тасаввурга эга, десак янглиш бўлмаса керак. Ҳолбуки, бундай тасаввур жуда ҳам юзакидир.

Хусусан, агар биз буюк аждодимиз сиймосидаги мана шундай қирралар билан чеклансак, унинг «портрети»даги муҳим чизгилардан бири – ҳазил-мутойибага жуда мойил бўлгани назардан четда қолган бўлади. Навоийнинг ўзига хос юмор соҳиби бўлгани тўғрисида Хондамирнинг «Макорим ул-ахлоқ», Зайниддин Восифийнинг «Бадоиъ ул-вақоиъ» асарлари ҳамда халқ оғзаки ижоди намуналарига айланиб кетган бир қанча ҳикоя ва латифалар гувоҳлик беради («Эл деса Навоийни», Тошкент, «Чўлпон». 1991). Навоийни ўз кўзи билан кўрган рассом Маҳмуд Музаҳҳибнинг мўйқаламига мансуб портретда ҳам шоир табиатидаги ана шу жиҳат муҳрлангани диққатга сазовор – унда Навоий ҳозиржавоблик билан кимнидир ёки кимларнидир сўз ўйинида мот қилган ё бўлмасам, бирор байт билан қойил қолдирган-у, бундан ўзи ҳам завқланиб турган ҳолатда тасвирланган.

Қолаверса, ҳамма замон ва маконда сўз санъати лафзий юмор билан ёнма-ён юрган. Навоий ижодида ҳам сатира ва юмор муҳим бадиий восита сифатида кенг қўлланган. Адабиётшунослигимизда даҳо шоир ижодидаги сатира, айниқса, синчиклаб тадқиқ қилинганини таъкидлаш лозим. Бунда соф илмий қизиқишдан ташқари, шўро мафкурасининг таъсири, таъбир жоиз бўлса, «буюртмаси»нинг роли ҳам катта бўлган, чунки у тузум ўзининг тарихий жараёнга синфийлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб, сатирадан «феодал ўтмиш»ни қоралашда қурол сифатида фойдаланган. Шунинг учун совет даврида нашр қилиниб, Навоий ижодига бағишланган йирик тадқиқотларнинг деярли ҳаммасида ҳукмрон табақалар, диний арбоблар танқид қилинган сатира намуналарига ҳаддан зиёд ўрин берилган. Ҳолбуки, ана шу намуналарнинг талай қисми аслида ҳазил табиатли бўлиб, сатира эмас, балки юморга нисбат берилиши тўғрироқ бўлади.

Албатта, Навоий лирикасидаги юмор ҳам навоийшунослар эътиборидан четда қолган эмас. Масалан, машҳур шарқшунос Е.Э.Бертельс «Лисон ут-тайр» достонининг таҳлилига бағишланган мақоласида: «Навоий достонини қанча кўп ўқисам, у мени шунча кўп мафтун этарди – у ўзининг инсонийлиги, мулойим, илиқ, типик туркийча юмори билан мафтун этарди» деб ёзган.

Навоий ғазалиётидаги юмор мавзуси, шунингдек, Садриддин Айний, Мақсуд Шайхзода, Иззат Султон, Натан Маллаев, Воҳид Зоҳидов, Абдуқодир Ҳайитметов, Суйима Fаниева, Одилжон Носиров, Ёқубжон Исҳоқов, Иброҳим Ҳаққулов, Нусратулла Жумахўжаев ва бошқа тадқиқотчилар асарларида у ёки бу даражада тадқиқ этилган. А.Абдуғафуровнинг Навоий сатирасига бағишланган икки жилдли тадқиқотида эса махсус бир боб юморга бағишланган. Унда асосий эътибор Навоийнинг достонлари ҳамда насрий асарларидаги юморга қаратилган, «Хазойин ул-маъоний» девонларидан олинган бирмунча байтлар юмор нуқтаи назаридан таҳлил этилган.

    Мумтоз адабиётда бошдан-охиргача изчил бир мавзуда битилган – воқеабанд ғазаллар жуда кам учрайди. Аксар ҳолларда ғазал байтлари мустақил мавзу, мустақил мазмунга эга бўлади. Шу нуқтаи назардан қараганда, қофия уларни бир ғазалга жамлаш омилидир. Е.Э. Бертельс ташбиҳи билан айтсак, байтлар марварид доналари бўлса, қофия – улар тизилган ип, ғазал эса дур шодасига ўхшайди.

Мисол тариқасида Навоийнинг мазмунан мураккаб ғазалларидан бири:

Ашкдин жисмим биносин қўймади обод ишқ,

Оҳдин берди вужудим туфроғин барбод ишқ

– матлаи билан бошланадиган ғазалга эътиборингизни қаратамиз.

Ашк, оҳ, қўймади обод, берди барбод сўзлари билан ифодаланган оғир матла билан бошланган ғазалда кутилмаганда юмордан ҳоли бўлмаган байтга дуч келамиз:

Юз фасонам бор ани кўрган замон арз этгали,

Жилва қилгач, войким, бермас бирин ҳам ёд ишқ.

«Войким» ундалмаси байтнинг мутойиба эканлигидан далолат бериб турибди. Чиндан ҳам, байтда тасвирланган ҳолат кишида табассум уйғотади: «Дийдорига етишганда айтаман деб, юзтача арзни дилимга тугаман, аммо бу ишқ дегани не балоки, кўзим ёрнинг юзига тушар-тушмас, ҳаммасини ёдимдан чиқартириб юборади».

Хуллас, «Хазойин ул-маъоний» девонларида бошдан-охир ҳазил-мутойиба ғазаллардан ташқари, бир неча байти юмор руҳига эга бўлган кўплаб ғазаллар ўрин олган.

Бу ўринда таъкидлаш лозимки, юмор анчайин нисбий туйғудир – бир кишини ҳоҳолатиб кулдирган байт бошқа бир одамда табассум уйғотмаслиги мумкин.

«Хазойин ул-маъоний»да мутойибали байтлар бир неча фоизни ташкил этади, холос. Аксинча, тасаввуф руҳидаги ёки ижтимоий-фалсафий мавзулардаги байтлар анча кўп. Аслида, Навоий ғазалиётининг етакчи мавзуси шу – маърифий ғазал ва байтлардир. Бироқ, эътироф этиш керакки, бу турдаги шеърларнинг тили ғоят мураккаб (Бу масалада юпанч – улар нафақат бугунги ўқувчи учун, балки Навоий замондошлари учун ҳам енгил бўлмаган). Бу ҳодисанинг сабаби равшан – мазкур мавзулардаги байтларда илмий истилоҳлар, арабча калималар, Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан иқтибослар, тасаввуф адабиётида расм бўлган мажозий маънодаги сўзлар ва тимсоллар кенг ва эркин ишлатилган. Улардан фарқли равишда Навоийнинг ҳазил-мутойиба байтларининг тили анча содда бўлиб, аксар ҳолларда бугунги ўқувчи учун ҳам бемалол тушунарлидир.

Шундай экан, мақсадимиз – замондошларимизга яна бир марта мурожаат этиш: «Навоий девонларини ўқинг. Назарда тутингки, девонни ғазалма-ғазал ўқиш асло шарт эмас, чунки ғазалга яхлит шеър сифатида қараш доим ҳам тўғри бўлавермайди. Навоий шеърларини байтма-байт ўқишдан бошлаган маъқул». Кафолат берамизки, ўрта ҳисобда ҳар ғазалдан бир-икки байт бугунги адабиёт мухлиси учун биринчи ўқишдаёқ бемалол тушунарлидир. Бу эса оз эмас. Муҳими, мутолаани бошлаш ва бир неча байтдан бўлсада, завқ ола билиш. Шундан кейин ғазаллар жозибаси, тилсимли бир сеҳри билан ўқувчини ўзининг беқиёс санъати ва тубсиз оламига тортиб кетади.