Аннотация: Ўзбек давлатчилиги тарихидаги йирик шахслар ҳақида сўз кетганида, асосан олий ҳукмдорлар, шаҳзодалар, вазирлар, қўшинбошилар – кўпчиликка таниш ва атоқли сиймоларга урғу берилади. Ваҳоланки, унча-мунча кишининг қўлидан келмайдиган хизматларни қилган, эътироф ва ҳурматга лойиқ, бироқ тарихчи олимлар томонидан «юзага чиқарилмаган» арбоблар ҳам кўплаб топилади. Улардан бири аштархонийлар даври ёрқин шахсларидан бири Нодир мирзо девонбегидир.

Мақолада унинг ота-онаси, оиласи, фарзандлари ва таълими ҳақида манбаларда бор маълумотлар илк бор тўлиқ келтирилади.

Нодир мирзо девонбегининг сиёсий фаолияти икки қисмга бўлинган ҳолда кўрсатиб берилади. Биринчисида марказий бошқарувда катта девонбеги мансабини эгаллаган ҳолда Имомқулихон юритган ички ва ташқи сиёсатда тутган ўрни, хусусан, Туроннинг шимолий ва жанубий чегарларининг хавфсизлигини сақлашдаги хизматлари таҳлил этилади. Иккинчи қисм эса, унинг Самарқанд вилояти ҳокими фаолияти билан боғлиқдир.

Шунингдек, Нодир мирзо девонбегининг ташаббуси ва маблағлари ҳисобидан Бухоро ва Самарқандда қурилган қатор мадраса, масжид ва бошқа иморатлар ҳақида маълумотлар келтирилди.

Калит сўзлар: ўзбек давлатчилиги, аштархонийлар, Турон, Хуросон, Эрон, Нодир мирзо девонбеги, Имомқулихон, тоғай, катта девонбеги, Нодир девонбеги мадрасаси, хонақоҳ, масжид, ҳаммом, кўприклар, Амир Темур мақбараси

Аннотация: Когда речь идет о личностях, внесших определенный вклад в развитие государственности узбекского народа, основное внимание уделяется на деятельность верховных правителей, принцев, визирей, военачальников – известных и знаменитых личностей в истории. В частности, в истории встречаются личности, выделяющиеся своими заслугами, которые являются невыполными для многим влиятельным людям, и часто их деятельность оставалась вне поле зрения историков. Одним из них является Надир Мирза Деванбеги – яркая личность эпохи аштарханидов.

В данной статье впервые приводятся отраженные в источниках все сведения о его семье, в частности родителях, женах и детях, в том числе о его образовании.

Политическая деятельность Надира Мирза Девонбеги прослежена в статье разделяя ее на две части. В первой части её анализируется роль Надира Мирза Деванбеги во внутренней и внешней политике Имам Кули-хана, особенно его усилия в обеспечении безопасности северных и южных границ Турана. Во второй части статьи расмотрена деятельность Надира Мирза Девонбеги в качестве хакима (правителя) Самаркандского вилоята.

Также приводятся сведения о ряде медресе, мечетей и других заведений, построенных в Бухаре и Самарканде по инициативе и на средства Надира Мирза Девонбеги.

 

Ключевые слова: государственность узбекского народа, аштарханиды, Туран, Хорасан, Иран, Надир Мирза Деванбеги, Имам Кули-хан, тагаи, катта деванбеги, медресе Надира Деванбеги, дом, мечеть, баня, мосты, мавзолей Амира Темура.

Annotation: When it comes to major figures in the history of Uzbek statehood, it is mostly emphasized on supreme rulers, princes, ministers, military commanders - well-known and famous figures. However, there are many figures who have done services that few can do, who deserve recognition and respect, but their activities have not been «disclosed» by historians. One of them is Nadir Mirza Dewanbegi, who was one of the bright personalities of Ashtarkhanid period.

The information available in sources about his parents, family, children and education is given in detail for the first time in the article.

The political activity of Nadir Mirza Dewanbegi is divided into two parts. The role of Imam Quli Khan in the domestic and foreign policy, especially his services in maintaining security of northern and southern borders of Turan is analyzed in the first part. The second part is related to his activities as the governor of Samarkand region.

Information was also given about a number of madrasahs, mosques and other buildings built in Bukhara and Samarkand on the initiative and means of Nadir Mirza Dewanbegi.

Key words: Uzbek statehood, Ashtarkhanids, Turan, Khorasan, Iran, Nadir Mirza Dewanbegi, Imam Quli Khan, tagay, katta Dewanbegi, Nadir Dewanbegi madrasa, house, mosque, bathhouse, bridges, Amir Temur’s mausoleum.

Тарихда шахсларнинг тенгсиз ўрни, катта-кичик масала, тармоқлар- дан тортиб, бутун бир давлат ва юрт, минтақа ва халқлар, ҳатто кишилик тақдири ва тараққиётига таъсирини ҳеч ким инкор этмаган ва этолмайди ҳам. Шу билан бирга, бу ҳақида сўз кетганида, асосан ўта йирик, кўпчиликка таниш ва атоқли сиймоларга урғу беришга одатланганмиз. Ваҳоланки, унча-мунча кишининг қўлидан келмайдиган хизматларни қилган, эътироф, ҳурмат ва ҳар бир авлод эсда тутиши, ибрат олишига лойиқ, бироқ тарихчи олимлар томонидан «юзага чиқарилмаган» аждодларимиз кўплаб топилади. Улардан бири ўзбек давлатчилиги тарихида ўзига хос из қолдирган арбоб Нодир мирзо девонбегидир.

Унинг шахсини жуда камчилик, ўшанда ҳам Бухоро ва Самарқандда Нодир девонбеги оти билан боғлиқ мадрасалар ва хонақоҳни қурдирган одам сифатида билади. Ҳолбуки, арбобнинг обрўси, умуман, миллатимиз ва давлатимиз тарихида тутган ўрни аслида анча кўламли ва залварлидир.

Нодир мирзо девонбеги 1568 йили ўзига тўқ, йирик ер эгаси Султон Мирзо оиласида туғилган бўлиб, Самарқанд вилояти Орлот қишлоғидан1 оқиб ўтувчи Санглоқ суви унинг боболарига тегишли эди2. Онасининг исмини билмаймиз, бироқ у Имомқулихоннинг3 қариндоши бўлгани аниқ4. Нодир мирзо девонбегининг Имомқулихон тоғаси саналиши ҳамда унинг чақирилишидаги «тоғай» аниқлигининг сабаби ҳам шундандир5.

 

Унинг хотини ҳақида ҳозирча маълумотларга дуч келмаган бўлсак-да, Оғажон ва Ойим отли икки қизи, бир ўғли бўлгани маълум. Хусусан, Мутрибий Самарқандий Нодир мирзо девонбеги Самарқанд вилояти ҳокимлиги чоғи, 1624 йили ўғил кўрганини ёзади6.

Бўлажак сиёсий ва ҳарбий арбоб дунёга келган палла – 16-юзйилликнинг иккинчи ярми ўзбек давлатчилиги тарихида юз йил ҳукмронлик қилган шайбонийлар сулоласининг7 энг кўзга кўринган вакили Абдуллахон8 бошқарув йилларига тўғри келади.

Гап шундаки, Амир Темурга нисбатан ихлоси юксак Абдуллахон Самарқанд, Тошкент, Саврон, Ясси, Ўтрор, Сайрам, Фарғона, Бадахшон, Кўлоб, Хоразм, Хуросон, Кошғардан иборат улкан ҳудудни давлатимизнинг ўша пайтлардаги пойтахти Бухоро атрофида бирлаштира олган, тинчликни таъминлаган, иқтисодиёт ривожланиши учун шароит яратган ва кўплаб қурилиш ва ободончиликларни амалга оширган буюк шахс саналади. Агар у Соҳибқирон, Шоҳрух9, Султон Абу Саъиддан10 кейин Турон ва Хуросон бошқарувини маҳкам қўлга олган сўнгги ўзбек ҳукмдори бўлгани инобатга олинса, Абдуллахон даврининг ўзбек давлатчилиги ўтмишидаги ўрни янада ойдинлашади, албатта.

Демак, Нодир мирзо девонбегининг болалик ва ёшлик кезлари мана шундай, муҳим тарихий воқеаларга бой босқичга тўғри келган. Мазкур омил унинг дунёқараши, феъл-атворига таъсир ўтказиши турган гап эди. Қолаверса, ўша давр маданий муҳит талабларига мос равишда аввал мактаб, сўнг мадрасада тегишли билимларни пишиқ эгаллаган. Ҳарбий санъат сирларини ўрганган, жисмонан чиниққан бўлиб, буни ҳаётининг кейинги йилларида содир бўлган воқеалар ёрқин кўрсатади.

Абдуллахоннинг 1598 йили юз берган ўлимидан кўп ўтмай шайбонийлар сулоласининг ҳам ҳукмронлиги якун топади. Ўзбек давлатчилиги бошқарувига аштархонийлар11 келади. Нодир мирзо девонбегининг келгуси бир умрлик кечмишлари ҳам айнан шу сулола билан боғлиқ.

Ўзининг ақли, ботирлиги ва садоқати туфайли янги сиёсий хонадоннинг ишончини қозона бошлаган амирнинг юксалиши Боқи Муҳаммадхон12 замонида, Самарқанд вилоятига ҳоким этиб тайинланган Имомқули султоннинг13 оталиғлигига лойиқ кўрилганида содир бўлган14. Шаҳзода ҳокимлиги йиллари вилоятда барқарорлик қарор топиб, халқ аҳволи ҳар қачонгидан-да яхшиланиши, қатор бунёдкорлик ишлари рўй беришида Нодир мирзо девонбегининг ҳам ўрни бўлганини чамалаш қийин эмас, деб ўйлаймиз. Акс ҳолда, 1611 йили тахтга ўтирган Имомқулихон кўп ҳам ўтмай – 1612 йили уни пойтахтга чорлаб, давлатнинг ички ва ташқи сиёсатини юритишда ҳукмдорга энг яқин арбоб саналмиш катта девонбеги мансабига тайинламаган бўларди.

Нодир мирзо катта девонбеги мансаби эгаси сифатида Имомқулихон ёнида ички сиёсатда асосий ёрдамчи сифатида туради ва мансаб вазифаларини тўлиқ, адолатли адо этади. Жумладан, манбаларда Имомқулихон даврида юрт иқтисодий жиҳатдан тўкис бўлгани ҳақида қайдлар учрагани ҳолда, халқнинг марказий ҳокимиятдан норози бўлганлари ҳақида гувоҳликлар кўринмайди. Имомқулихон халқ холидан хабардор бўлиш учун оддий кийимда халқ орасида юришни одат қилганини келтирган Муҳаммадюсуф мунший15 Нодир мирзо девонбеги доим унга ҳамроҳлик қилганини ҳам қистириб ўтади16.

Нодир мирзо девонбеги, кези келганда, олий ҳукмдорга ўз сўзини ўтказишни яхши эгаллаган арбоболардан саналади17. Масалан, Тошкентга ҳоким қилиб тайинлаган ўғли Искандар султон ўдирилганлигини эшитган Имомқулихон 1612 йили дарҳол Тошкентга юришга отланишга қарор қилганида, айнан у Хожа Ҳошим18 билан биргаликда уни Балх қўшини етиб келгунча кутуб туриш ва сўнг юришга отланишга кўндиради19. Мазкур юришдан қайтишда, даштда уюштирилган оҳу ови кўнгилдагидай чиқмаганидан ғазабланган хон айбдор ўлароқ маҳаллий кўчманчи аҳолининг мол-мулки, чорваларини мусодара қилишни буюрганида ҳам, Нодир мирзо девонбеги Шукурбий оталиқ20 ва Тожиддин Ҳасанхожа21 билан биргаликда Имомқулихонни фикридан қайтаришга эришади22. Абулай султоннинг23 ўлимида айбланиб24, Имомқулихон томонидан қатлга ҳукм этилган Назарбий найманни25 ўлимдан қутқариб қолган ҳам девонбеги бўлган26.

Нодир мирзо девонбеги Имомқулихонга ўз маслаҳатлари билан ташқи сиёсатни оқилона юритишида ҳам ёрдам беради. Хусусан, буни Бадахшон масаласи сабаб Имомқулихон ва Жаҳонгиршоҳ27 муносабатлари бузилиши билан боғлиқ жараёндаги элчиликда кўришимиз мумкин. Яъни, бобурий ҳукмдор юборган Ҳаким Ҳозиқ бошлиқ элчиликнинг хон томонидан олти ой қабул қилинмаслиги оқибатида сиёсий можоро ҳарбий ечим билан ҳал қилинадиган даражага етиши, савдо муносабатларига жиддий салбий таъсир кўрсатиши ўта аёнлашиб қолган шароитда айнан Нодир мирзо девонбеги Имомқулихонни уларни қабул қилишга кўндиролгани маълум. Натижада, алоқалар яна илиқлашади28. Кези келганда эса, Нодир мирзо девонбеги қурол кучига таянишдан кўра, сиёсий маҳоратни ишга солишни афзал кўрганини ҳам диққатдан қочирмаслик керак. Бунинг исботини Имомқулихон ва Жаҳонгир султон29 ўртасида муносабатларни яхшилаш йўлидаги уринишларида ҳам кўришимиз мумкин. Чунончи, қозоқ султони Жалойирбий Сақол орқали юборган хатига жавобан ўзбек ҳукмдори номидан мактуб тайёрлатади ва унда Имомқулихон Сайрам вилояти бошқарувини Жаҳонгир султонга бергани ҳақида иноятнома битиб юборилаётгани, бинобарин, у Имомқулихон ҳукмронлигини тан олиши, доимо ўзаро яхши муносабатларни сақлашга интилиши, исён қилмаслиги кераклигини таъкидлайди30.

Нодир мирзо девонбегининг салмоқли ўрни Россия билан муносабатларда ҳам сезилади. Хусусан, Михаил Романов31 томонидан юборилган Иван Хохлов элчилигини кутиб олган, хон ва элчи орасида асосий воситачи бўлган ҳам Нодир мирзо девонбеги эди32.

Нодир мирзо катта девонбегининг турмушда учраб турадиган турли адолатсизлик ва ўғриликларга ҳам қарши курашгани маълум. Жумладан, Нақиб Иброҳимхожа ва шайхулислом Исломхожа ўзаро тил бириктириб, асли Хоразм саййидларидан, Чоржўйда хонақоҳ ва номозхонаси бўлган Мўминхожани33 равшаний мазҳабида34 айблаб, қатл эттиришга киришганларида, асл воқеадан хабар топган Нодир мирзо девонбеги Тожиддин Ҳасанхожа ва муфтий Мирзо Шариф35 ёрдамида мазкур туҳматни фош этиб, уни ўлимдан асраб қолади36. Бошқа бир гал, Тожиддин Ҳасанхожа ўз хизматкорларидан бири бир туяни қоп ва арқон билан ўғрилаб кетгани ва уни топиб беришни Нодир мирзо девонбегига арз қилади. Унинг буйруғи билан хизматчилари ўғрини бир ой излаб, Самарқанднинг Сарипулидан топиб, ўғирланган молларни эгасига қайтартиради37.

Нодир мирзо девонбегини саройда ўралашиб қолган арбоб деб бўлмайди. У ҳарбий ҳаракатларда ҳам ғайрат кўрсатганини биламиз. Турсун Муҳаммад султон38 исёнига қарши юборилган қўшинга етакчилик қилган ҳам, уни бостирган ҳам Нодир мирзо девонбеги бўлади39. Умуман айтганда эса, у давлатимиз шимол чегараларига таҳдид солиб турган қозоқларга қарши курашда кўп ғайрат кўрсатган қўшинбоши саналади40.

У жануб ерларимиз, хусусан, Хуросон учун сафавийларга41 қарши курашларда ҳам жонбозлик ва ботирлик кўрсатган42. Жумладан, 1617 йилнинг декабрь ойида ўттиз минг кишилик қўшинга бошчилик қилиб, Обиварддаги Даржаз43 йўлидан Нишопургача бўлган манзилларни бирин-кетин эгаллайди. Баёт, Чашмгазак ва бошқа қатор қабилалар бўйсундирилади44. Шундан сўнг Машҳадга ҳарбий юриш учун тайёрлана бошласа-да, Эрон шоҳи Аббос45 хизматида бўлган Марв ҳокими Меҳробхон46 кучли қаршиликни давом эттираётгани сабаб унга қарши отланади. Акс ҳолда, ўзбек қўшини учун келаётган озиқа, ёрдам қучларининг йўлини тўсиб қўйиши ва оқибатда, Нодир мирзо девонбеги қуршовда қолиб кетиши мумкин эди. Қолаверса, олдинроқ Ҳисори Шодмон вилоятидан Нодир мирзо девонбегига қўшилиш учун келаётган бир ярим минг кишилик қўшин йўлда тўсатдан Марв ҳокими Меҳрабхон пистирмасига дуч келиб, мағлубиятга учраган эди47.

Нодир мирзо девонбегининг Хуросонни Бухоро измида сақлаб қолишга қаратилган ҳарбий ҳаракатларга кейинги йилларда ҳам бошчилик қилгани маълум. Хусусан, 1632 йили Имомқулихон Марв ва Морўчоққа юборган қўшинларнинг биринчисига Абдулазиз султон48, иккинчисига Нодир мирзо девонбегини сардор этиб белгилайди. У ўн беш минг кишилик қўшин билан Марвга етиб борганида, вилоят ҳокими вафот этган ва ўрнига тайинланган ўғли Муртазоқули қожар49 ҳали қалъага киришга улгурмаганидан фойдаланиб, уни йўлда мағлуб этиб, асир олади, қалъа қамалини давом эттиради. Бу орада Абдулазиз султон Ялангтўш баҳодир50 билан биргаликда Морўчоқ қалъасини эгаллайдилар.

Худди шу вақтда усмонлилар51 йирик ҳужум бошлаганлари, Гуржистонда қўзғолон кўтарилгани шаротида оғир вазиятда қолган Сафининг52 аштархонийлар билан яхши муносабатлар ўрнатишдан ўзга иложи қолмаган. Бунга Имомқулихон ҳам рози бўлгач, Нодир мирзо девонбеги олий буйруққа кўра Марв қамалини тўхтатиб, асир ва қўлга киритилган ўлжалар билан Бухорога қайтади53.

Нодир мирзо девонбеги 17-юзйилликнинг 20-йилларида Самарқанд вилоятини ҳам бош-
қаради54. Атрофига Муртибий Самарқандий55, Қози Маҳжурий56 сингари ақл-идрокли, ташаббускор шахсларни тўплайди. Улар вилоят бошқарув ишларида Нодир мирзо девонбегига яқиндан кўмаклашадилар57. Мутрубий Самарқандийнинг ёзишича, Нодир мирзо девонбегининг муҳри ичига «Низомиддин нодир мирзо тоғай сўзум», деб ёзилган бўлган58.

У ҳокимлик даврида қабул қилган айрим қарорларга оид гувоҳликлар манбаларда сақланиб қолган. Масалан, Самарқандда Ҳожибий оталиқ дўрмон59 ҳокимлик қилган даврда Амир Темур мақбарасига зиёратга келган аҳоли даҳма устига чиққани сабаб у ерга киришни тақиқлаб қўйган эди. Нодир мирзо девонбеги уни бекор қилади. Зиёратга келганлар ҳафтанинг фақат сешанба куни мақбара ичига киришларига рухсат беради. Олдинги ҳолатлар қайтарилмаслиги учун махсус назоратчи қўйдириб, даҳма устига чиққанларни қаттиқ жазолашни буюради60.

Нодир мирзо девонбеги ҳам ўз даврининг бадавлат кишиларидан бир эди. Унинг Бухоро, Самарқанд вилоятларида кўпдан-кўп экин майдонлари, чорва ва яйловлари бўлган61.

Илму фан, адабиёт ва санъат аҳлини ўта қадрлаган Нодир мирзо девонбеги умри давомида кўпайтириб борган бойликларининг анчасини мактаб, мадраса, масжид, хонақоҳ, ҳаммом, кўприклар қуриш, ўқувчи, талаба, ўқитувчи, мударрисларнинг моддий таъминотига сарфлаган.

Нодир мирзо девонбегининг номини абадийлаштирган омил унинг сиёсий-ҳарбий фаолияти, бойлиги эмас, балки бутун дунёга машҳур Лаби ҳовуз мажмуаси ва Самарқанддаги бунёдкорлик ишлари билан боғлиқдир. 1619 – 1620 йиллари у Бухоро шаҳари марказида кенглиги 36, узунлиги 42, чуқурлиги 5 метр бўлган ҳовуз қаздирган ва атрофини синчлар билан мустаҳкамлатган62.

Ҳовуздан шарқда 1622 – 1623 йиллари Нодир мирзо девонбегининг шахсий ташаб-
буси билан мадраса қад кўтарган63. Ташқи ўлчови 52 метрга 49 метр, ички ҳовлисининг катталиги 34 метрга 30 метрга тенг. Пештоқ қаносларида афсонавий иккита Ҳумо қуши бодомқовоқ, қийиқ кўзли қуёшга интилмоқда, ҳар иккисининг қанотлари остида оқ буғулар ўтлаб юрмоқда. Ҳошияларига йирик ҳандасавий сулс, куфий ёзувлари асосида Қуръон оятлари битилган. Устунгўшаси – бурамасимон. Пештоғининг икки ён қанотидаги икки қаватли, учтадан чуқур равоқли олдайвонлар ҳам пештоққа ўхшаш қилиб, ҳумо қуши, буғу, нашқлар тасвири билан безатилган. Пештоқ орқали кириладиган ҳовлига пишиқ ғишт ётқизилган. Тўрт томондан икки қаватли 71 та кичик ҳужра билан ўралган. Ҳужралар ёғоч ўймакорлигидаги мураккаб нақш ва ёзувлар билан пардозланган эшиклар ва туйнугига панжаралар ўрнатилган ҳолда зийнатланган. Ўз давридаёқ йирик илм марказига айланган мадрасада кўплаб таниқли олимлар етишиб чиққанларини биламиз. Жумладан, Муҳаммад Амин Бухорий64 замонасининг таниқли шоири мулла Сайид65 ҳақида эслар экан, унинг Нодир девонбеги тоғай мадрасасида таъҳсил олганини таъкидлайди66.

Ҳовузнинг ғарбида жойлашган хонақоҳ ҳам Нодир мирзо девонбеги томонидан 1620 йили ҳовуз билан бир чоғда қурдирилган67. Иморатнинг тарҳи 27,5 метрга 25 метр, айвон ва хонақоҳининг катталиги 11,2 метрга 12,2 метрдир. Пештоқ қанослари зарҳал нашқлар уйғунлигида жозибали безатилган. Ҳошияларига йирик ҳандасавий сулс, куфий ёзувлари асосида Қуръон оятлари битилган. Марказий гумбазли катта ўтоғнинг уч томонида эшик, ғарб томонида меҳроб бор. Бурчакларида икки қаватли 14 та ҳужра жойлашган. Айлана зина билан бино тепасига чиқилади. Деворларига тахмонлар ишланган.

Ҳовуздан шимоли-шарқда 1569 йили қурилиши бошланган Кўкалдош мадрасасини ҳам Нодир мирзо девонбеги ниҳоясига етказган. Шу тариқа, 34 метрга 30 метрли ички ҳовлига эга, 160 ҳужрали йирик мадраса ўз бўй-бастини тўлиқ кўрсатади.

Нодир мирзо девонбегининг Самарқанддаги яратувчилик ишларига келсак, 1630 йили хожа Убайдулла Аҳрор68 масжидининг шимолидаги мадрасани айнан у қурдирган. Икки йил давомида кўтарилган69 иморатнинг ташқи ўлчови 52 метрга 49 метр, ички ҳовлисининг катталиги 34 метрга 30 метр бўлиб, меъмори ва безаш ишларига хожа Ҳошим ва Дўстмуҳаммад бошчилик қилганлар.

Мадраса уч таркибий қисм – дарсхона, ётоқхона, хизматчилар уйидан иборат. Пештоқ қаносларида Регистон майдонида Ялангтўш баҳодир қурдирган Шердор мадрасасида тасвирланган сингари шер тасвиридан фойдаланилган: икки шер оқ рангли икки оҳуни қувмоқда. Айнан шу сабабли, мадраса халқ орасида «Ташқи Шердор» номи билан машҳур бўлган70. Пештоқнинг устки қисмига йирик ҳандасавий сулс, куфий ёзувлари асосида Қуръон оятлари битилгани ҳолда, ҳошиялари айвон безакларига ўзаро уйғунлаштириб феруза, яшил ва сариқ рангларда майда ва жимжимадор нақшлар билан нафис безатилган.

Пештоқ орқали кириладиган ҳовлига пишиқ ғишт ётқизилган. Мадраса ҳовлисида катта масжид, бир қаватли тўрт дарсхона, икки катта ўтоғ ва 20 та ҳужра бор. Ҳужралар ёғоч ўймакорлигида пардозланган эшиклар, туйнугига панжаралар ўрнатилган ҳолда зийнатланган. Ўз давридаёқ талабалар учун илм олиш масканига айланган мадраса теграсида хонақоҳ ва минбар ҳам қурилган бўлиб, хожа Убайдулла Аҳрор зиёратига келганлар ўша ерда намоз ўқиганлар72.

Нодир мирзо девонбегининг Самарқанддаги бунёдкорлик ишлари шу билан чекланиб қолмаган. Маҳдуми Аъзам73 мозорини ўрагувчи девор ва дарвозасига равоқли бинони ҳам у қурдирган74. Қолаверса, ташриф буюрувчи зиёратчилар дам олишлари учун мозор олдида Даҳбед ҳиёбонини бунёд эттириб, ўртасидан ўтган йўлнинг икки четига эман дарахтлари ўтқазилган75. Шунингдек, у ерда тутзор ҳам барпо эттирган76.

Унинг яна бир бунёдкорлик иши Самарқандда ҳазрат Хожа Абди Берун77 мозори устида кенг бир хонақоҳ ва бир неча ҳужра қурдиргани бўлган78. Бундан ташқари, Нодир мирзо девонбеги буйруғи билан Амир Темур мақбарасида ҳам таъмирлаш ишлари амалга оширилгани маълум79.

1642 йили Имомқулихон укаси Надр Муҳаммадхон80 фойдасига тахтдан воз кечиб, Макка зиёратига йўл олади. Нодир мирзо девонбеги ҳам катта девонбеги мансабидаги фаолиятини тугатиб, унга ҳамроҳ бўлади81. Ҳаж йўли ва амали чоғида ўзи билан ҳамроҳ бўлган туронликларга барча ёрдамни қилади. Чунончи, улар орасида бўлган ҳожи Амин ўзи ва отаси ундан кўп марҳаматлар кўрганларини эслайди82.

Ҳаж амалини адо этган Нодир мирзо девонбеги Имомқулихон билан бир санада – 1644 йили 76 ёшида бу ёруғ оламни тарк этади.