Abstract: This article highlights the activities of the majlis, which was a consultative body in the central administration, using sources from the Ashtarkhanid dynasty. For example, it discloses the legal basis of the majlis. The names of the majlis mentioned in the sources as «Majlisi Alo», «Majlisi Oliy», «Mashvarati Khany», «Jirga», «Kuriltoy», «Majlis» and other forms are analyzed, it is revealed why the name of the majlis was used. During the Ashtarkhanid dynasty, the place where the majlis was held recorded. Comparing the information of the historian Iskandarbek Munshi with other sources that it was revealed that more than a forty officials participated in the majlis, and their positions in the majlis were revealed. Also, the article shows the processes between majlis and representatives of the Ashtarkhanid dynasty (Baqi Muhammad Khan, Vali Muhammad Khan, Nadr Muhammad Khan, Abdulaziz Khan, Subhonqquli Khan, Ubaidullah Khan, Abulfayz Khan). Also, are analyzed the issues of state management that are discussed in the majlis.
Key words: uzbek statehood, Ashtarkhanid dynasty, majlis, meeting, consultation, jirga, majlis, consultation, legal basis of the majlis, place of the majlis, officials participating in the majlis, issues discussed in the majlis.
Аннотация: Данная статья посвящена деятельности кенгаша, который являлся совещательным органом при центральном правительстве, с использованием источников по династии Аштарханидов. Например, раскрывается правовая основа кенгаша. Названия кенгаша, упоминаемые в источниках: «маджлиси ала», «маджлиси олы», «машварати ханы», «джирга», «курилтой», «меджлис», «кенгаш», «совещательный совет» и другие формы. Проведен анализ и выявлено, почему использовалось название кенгаш. Во времена правления династии аштарханидов место, где проходил собор, и постройки, сделанные представителями династии, были записаны именно в этом месте. Сопоставление сведений историка Искандарбека Мунши с другими источниками выявило, что в кенгаше участвовало более тысячи чиновников, и были выявлены их должности в кенгаше. Также в статье показаны процессы между каждым представителем династии Аштарханидов (Баки Мухаммад-хан, Вали Мухаммад-хан, Надр Мухаммад-хан, Абдулазиз-хан, Субхонкули-хан, Убайдулла-хан, Абулфайз-хан) и вопросы государственного управления, которые обсуждаются в кенгаше.
Ключевые слова: узбекская государственность, династия Аштарханидов, кенгаш, собрание, совещание, джирга, совет, совещание, правовая основа совета, место проведения совета, должностные лица, участвующие в совете, вопросы, обсуждаемые на совете.
Аннотация: Ушбу мақолада аштархонийлар сулоласи даврига доир манбалардан фойдаланган ҳолда марказий бошқарувда маслаҳат органи бўлган кенгаш фаолияти ёритилган. Чунончи, унда кенгашнинг ҳуқуқий асоси очиб берилган. Кенгашнинг манбаларда тилга олинган “мажлиси аъло”, “мажлиси олий”, “машварати хоний”, “жирға”, “қурилтой”, “мажлис”, “кенгаш”, “машварат кенгаши”, “маслаҳат кенгаши” ва бошқа шаклдаги номлари таҳлил қилиниб, нима учун кенгаш номидан фойдаланилганлиги очиқланган. Аштархонийлар сулоласи даврида кенгаш ўтказиладиган жой, сулола вакиллари томонидан ўша жойда қилинган қурилишлар қайд этилган. Тарихчи Искандарбек Муншийнинг маълумотларини бошқа манбалар билан солиштирган ҳолда кенгашда қирқдан ортиқ амалдорлар иштирок этгани очиқланиб, уларнинг кенгашдаги жойлашув ўринлари аниқлаштирилган. Шунингдек, мақолада аштархонийлар сулоласининг ҳар бир вакили (Боқи Муҳаммадхон, Вали Муҳаммадхон, Надр Муҳаммадхон, Абдулазизхон, Субҳон қулихон, Убайдуллахон, Абулфайзхон) билан кенгаш ўртасида кечган жараёнлар, кенгашда кўриладиган давлат бошқарувига доир масалалар кўрсатилган.
Калит сўзлар: Ўзбек давлатчилиги, кенгаш, мажлис, машварат, жирға, қурилтой, машварат, кенгашнинг ҳуқуқий асоси, кенгашда иштирок этадиган амалдорлар.
Tарихий манбалар маълумотлари ёрдамида таъкидлаш мумкинки, аштархонийлар сулоласи даврида марказий бошқарув тизими тўлалигича хон ўрдасида жойлашган бўлиб, у Олий даргоҳ деб юритилган[1]. Давлат аҳамиятига молик барча масалаларни ҳал қиладиган марказий бошқарув олий ҳукмдор (хон), кейин маслаҳат органи бўлган ва марказий бошқарувда фаолият юритувчи деярли барча амалдорлар таркибига киритилган кенгаш[2.18б], ундан сўнг асосан молия вазифаларидаги девон ва ижро этишга масъул амалдорлардан иборат бўлган.
Улар ичида Ўзбек давлатчилиги тарихидаги бошқа сулолалар даврида ҳам мавжуд бўлган Олий Кенгаш (кейинги ўринларда “кенгаш” деб тилга олинади) – ҳукмдор бошлиқ энг олий давлат идорасининг ўрни алоҳида бўлган.

Мамлакат қонунчилиги ҳам бошқарувда кенгашнинг мавжуд бўлишини талаб қилган. Чунончи аштархонийлар даврида мамлакат мусулмон давлати бўлгани учун ҳам бошқарув қонунчилигининг асосий манбалари, албатта, мусулмон шариати, унинг сунний мазҳаби асосида яратилган ҳуқуқий қўлланмалар бўлган[3]. Шу асосида, сулоланинг илк кўзга кўринган тарихчиси Ҳофиз Таниш Бухорий[4] таъкидлаганидай, аштархонийлар даврида ҳам бош-
қарувда шайбонийлар даври сингари[5. 85] “Қуръони карим”нинг 3-сураси 159-((Одамлар билан) дунёвий ишларда маслаҳатлашгин) оятига қаттиқ амал қилган ҳолда, кенгаш фаолиятига катта урғу берилган[6].
Аштархонийлар сулоласи даври бошқаруви масаласига тўхталган А.К. Алексеев, Салим Серкенлар кенгашнинг “мажлиси аъло”, “мажлиси олий”, “машварати хоний” каби номлар билан аталганлигини қайд этади[7]. Кенгашнинг юқоридагилардан ташқари “жирға” каби номи ҳам мавжудлигини ёзаркан, – Бўрибой Аҳмедов, уни Олий давлат кенгаши деб номлайди[8]. Ҳақиқатдан ҳам, сулола тарихи ҳақида ахборот берувчи қатор манбаларда кенгаш “қурилтой” “мажлис”, “машварат”, номлари билан тилга олинган бўлса-да[9], сулола ҳукмронлик қилган даврида ёзилган биринчи даражали асарларда энг кўп ўринда “кенгаш” атамаси қайд этилади[10. 209]. Жумладан, Муҳаммад Амин Бухорий асарида насрда: “Шижоат нишонли хон (Абдулазизхон – Ж.С.) ҳазратлари барча амирларни чақириб кенгаш ўтказдилар…”[11. 41], – деб ёзган бўлса, Хўжамқулибек Балхий “…Мовароуннаҳр амири Абдулазизхон[12] олдига борди. Кенгашдан сўнг…”[13.645] деб қайд этади. Хожа Самандар Термизий ҳам асарида назмда: “Кенгашдан сўнг ҳазрати соҳибқирон (Субҳонқулихон – Ж.С.), қўзғалди лашкар ила бўлиб бир жаҳон.”, – деб ёзади[14. 147]. Шунингдек, сулола тарихини ёритган қўшни давлат тарихчилари ва элчилари ҳам “кенгаш”, “машварат кенгаши”, “маслаҳат кенгаши” номларидан фойдаланадилар[15]. Эътиборлиси, қўшни Эронда ҳукмронлик қилган сафавийлар давлати бошқарувида мавжуд бундай маслаҳат муассасаси расмий “кенгаш” атамаси билан тилга олинади[16].
Кенгаш йиғилишлари аркда кўринишхона (қабулхона)да ўтказилган[17]. Субҳонқулихон[18] даврида аркдаги кўринишхона қайтадан қурилиб, кенгаш йиғинлари учун янги масканга айланади[19. 41]. Бироқ, доимо ҳам кенгаш йиғинлари ўша жойда ўтказилган деган хулосани бериб бўлмайди. Чунончи, манбалардаги қайдлар, кенгаш йиғинларини ҳукмдорнинг бошқа қароргоҳлари, хусусан, чорбоғида[20. 192a] ёки, агар хон ҳарбий ва бошқа мақсадда пойтахтни тарк этадиган бўлса, ҳукмдор чодирида, вақтинчалик бошқа қароргоҳларда ўтказилганлигини кўрсатмоқда. Хусусан, Убайдуллахон[21] Тўрақулини қушбеги мансабига тайинлаганлигини эълон қилган кенгаш ўзининг Хонобод номли чорбоғида ўтказилган эди[20. 192a].
Муҳаммад Амин Бухорийнинг ёзишича, олий кенгаш ҳафтада одатда икки, айрим вақтларда уч маротаба чақирилган[11. 38].
Кенгашда иш жараёни шарқ халқларига хос одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилинган ҳолда олиб борилган. Жумладан, Муҳаммад Замон Бухорий Неъматулла додхоҳнинг[22] кенгашда мавжуд кенгаш одоб-аҳлоқ қоидаларига амал қилмай саркардаларни ҳурмат қилмаслиги, оқсоқолларга қўполлик билан қарши чиқиши жараёнини қаттиқ қоралайди[20. 149б].
Сулола даври бошқарувига доир барча манбаларда олий кенгаш ҳақида сўз борар экан, унинг таркибидаги амалдорлар ҳақида маълумотлар келтириб ўтилади. Жумладан, Искандарбек Мунший Боқи Муҳаммадхон[23] ўзига қарши Бадахшон юришидан кейин Балхда амалга оширилиши режалаштирилган суиқасддан хабар топгач, кенгаш ўтказгани ва ўзига содиқ бўлганлардан ташқари, суи-
қасд ўтказишни режа қилган кенгашдаги амалдорларнининг барчасини ҳибсга олдириб, қатл этиш ҳақида фармон чиқаргани ва уларнинг сони ўттиз-қирқ нафар эканлигини қайд этади[24. 1151]. Демак, кенгашда иштирок этадиган амалдорлар сони ўттиз-қирқдан кам бўлмаган бўлиб, улар ичида қўшни сафавийлардаги каби[16] биринчи ўринда давлат бошлиғи хон (ҳукмдор) тилга олинади.
Хоннинг олий кенгашда уни чақириш, мавжуд масалани кенгашга муҳокамага қўйиш, таклифларни эшитиб, охирги хулосани бериш каби асосий роль ўйнайдиган ваколатлари мавжуд бўлган. Хусусан, академик Бўрибой Аҳмедов ҳам хон режалаштирган ҳар қандай тадбир дастлаб шу кенгашда муҳокама қилинар ва шундан кейингина амалга оширилганлигини қайд этади[8. 147]. Шунингдек, кенгаш таркибида марказий бошқарувдаги деярли барча амалдорлар иштирок этган бўлиб, Абдураҳмон Толе бу ҳақида шундай ёзади: “…барча улуғ амирлар ва олий мартабали вазирларни саройга чақириб, кенгаш қилдилар…”[25. 53a]. Ёки, яна бир ўринда: “…кенгашга барча вазирлар ва сарой айёнлари йиғилди…”[25. 69б]. Афсуски, муаллиф айнан ўша амирлар ва вазирларнинг номларини келтирмайди. Бироқ, юқорида Искандарбек Муншийнинг қайдлари асосида илгари сурилган фикрлар ва бошқа манбалардаги маълумотларни таҳлил этган ҳолда кенгашда нақиб, шайхулислом, бош қози, ҳарбий қози, аълам, муфтий, мухтасиб, мударрис, жўйбор хўжаси (жўйбори калон), нақишбандия хўжаси, ўроқи калон, мир асад, файзи, садр, сурд, девони калон, мушриф, дафтардор, девони танобона, мунший, арбоби даруни шаҳр, девони арабхона, девони тавжиҳ, китобдор, бахши, хон сайисхонаси девони, тўшаклар девони, кичик мушриф, пойгирнавис, девони маҳрам, девони ясавул, муҳаррир мирзоси, амлок мирзоси, воқеанавис, омборхона мирзоси, оталиқ, девонбеги калон, парвоначи, додхоҳ, кўкалдош, қушбеги калон, иноқи калон, хожайи калон, иноқи хурд, меҳтари калон, девони саркор, дастурхончи, тўпчибоши калон ва бошқа шу каби мансаблар иштирок этган дейиш мумкин[26]. Шунингдек, кенгашда амалдорларидан ташқари қабила оқсоқоллари ва шаҳзодалар ҳам қатнашганлар[27].
Кенгашнинг марказий бошқарувдаги ўрни ва ундаги амалдорларнинг нуфузи доимо бир хил бўлмай, ўзгариб турганлигини кўриш мумкин. Яъни, амалдорлар ёрдами билан келган ҳукмдорлар, кейинчалик улар таъсир доирасидан чиқиш, бунинг учун кенгашдаги ўзига мухолиф бўлган мансабдорларни хайрихоҳ амалдорлар билан алмаштириш жараёни кетади.
Жумладан, шайбоний Абдуллахон[28] вафотидан сўнг бошланган ўзаро ички урушлар натижасида Эрон тарихчиси Муалла Жалол таъкидлагандай марказий бошқарувда кенгашнинг ўрни заифлашади[29]. Ва аксинча, аштархонийлар сулоласи ҳокимият тепасига келган даврдан бошлаб орта бошлайди. Бироқ, кенгаш аъзолари Боқи Муҳаммадхонни ўз таъсир доирасида ушлаб туришга бўлган интилиши улар орасида муносабатларнинг бир маромда кетишига йўл бермайди. Манбалардаги қайдлар Боқи Муҳаммадхоннинг бу таъсир доирадан чиқишга интилганлигини кўрсатади. Искандарбек Муншийнинг ёзишича, охир-оқибат бу кес-
кинлик кенгаш амадорларининг кўпчлигининг Боқи Муҳаммадхон жонига суиқасд режа қилишига ундайди ва буни улар ташкиллаштиришади ҳам[24. 1151]. Аммо, ушбу воқеадан Боқи Муҳаммадхон хабар топади. Искандарбек Муншийнинг давом этиб ёзишича, исёнга алоқадор кенгаш амалдорларининг ўттиз-қирқ нафарини қатл эттиради[24. 1151]. Уларнинг ўрнига Боқи Муҳаммадхон ўзига яқин ва тарафдор бўлган шахсларни мансабларга тайинлаб кенгаш таркибига киритади[24. 1151]. Оқибатда, кенгашдаги кучлар мувозанати ўзгаради. Ҳукмдорнинг таъсир доираси ошади.
Бундай жараёнлар Вали Муҳаммадхон даврида ҳам содир бўлади. Яъни, у тахтга ўтиргач, Балх ҳокимлик хизматида бўлган амалдорларни турли мансабларга тайинлаб, кенгашга киритиш орқали ўзининг таъсир доирасини оширишга интилади. Оқибатда, Боқи Муҳаммадхон даврида кенгашда кучли ўринга эга бўлган амалдорлар билан зиддият юзага келади. Искандарбек Муншийнинг қайд этишича, охир-оқибат улар Вали Муҳаммадхонни тахтдан тушириш ва Имомқулихонни чиқариш масаласида келишишади. Ҳатто, ҳужжат тайёрлаб ўз муҳрларини ҳам босишади. Лекин, амирларнинг исёни ҳақидаги мактуб Вали Муҳаммадхон қўлига тушиб қолади ва уни кенгашда исённи режа қилганлар олдида маълум қилиб, улардан изоҳ сўрайди. Улар тан олишмагач, у қўлига тушган мактуб ва ундаги амирларнинг муҳрларини кўрсатади ва уларни қатлга ҳукм этади[24. 1494]. Шу тариқа, Вали Муҳаммадхон ҳам кенгаш таркибини ўзига содиқ амалдорлар билан тўлдиришга киришади.
Сулоланинг илк вакиллари даврида кенгашда содир бўлган бундай ўзгаришлар, ундаги амалдорларнинг нуфузига ҳам таъсир этмай қўймайди. Хусусан, шайбонийлардан Абдуллахон даврида кўкалдош мансабининг нуфузи олий кенгашда жуда юқори бўлган бўлиб, бу ҳақида Ҳофиз Таниш Бухорий шундай ёзади: “Доимо махсус мажлисларда ва йиғинларда уларга кўпроқ қулоқ солинадиган мамлакат таянчи Қулбобо кўкалдош[30] …”[31. 334]. Бироқ, Абдулмўмин давридан бошлаб туша бошлаган кўкалдош мансабининг нуфузи сулола даврида ҳам давом этиб[32], ўрнини
бошқа мансаблар эгаллайди. Хусусан, кенгашда оталиқ ва девонбеги калон мансабларининг нуфузи ортганлигини кузатиш мумкин[33].
Кенгашнинг бошқарувда асосий роль ўйнаши Имомқулихон[34. 34а] ва Надр Муҳаммадхон[13. 740] даврида ҳам давом этади. Хусусан, сарой тарихчиси, “Имомқулихоннома” асари муаллифи Ҳофиз Таниш Бухорий Имомқулихоннинг Вали Муҳаммадхонга ҳарбий ҳаракат уюштириш учун[35. 53а – 55б], Самарқанд қалъасини эгаллаш учун[35. 59б – 61а], Турсун Муҳаммад султон исёнини
бостириш учун[35. 141а – 147б] амалга оширилган кенгашлар ҳақида маълумот берар экан, Имомқулихоннинг давлат бошқарувига доир барча масалаларда кенгашга суянганлигини моҳирона кўрсатади.
Абдулазизхон даврида ҳам кенгаш мамлакат бошқарувдаги ўз ўрнини сақлайди. Хўжамқулибек Балхий Балх воқеаларини ёритар экан: “Абдулазизхон барча ўзбек амалдорларини тўплаб, катта қурилтой ўтказди. Қурилтойдан сўнг улар қозоқ ва қорақалпоқлар билан бирлашиш ва Шоҳжаҳонга қарши отланишга келишиб олдилар…”[13. 741] деб қайд этса, Хожа Самандар Термизий мамлакатга бостириб кирган араб-
шоҳийларга қарши ўтказилган кенгашларни шундай таърифлайди: “Ҳазрат ҳилофатпаноҳ (Абдулазизхон – Ж.С.) ўзига хайрихоҳ бўлган амир Баҳоуддин, қози Лутфулла ва жами амирлар … билан маслаҳатлашиб, юзи қора Анушахоннинг[36] босқинини даф этиш масаласини ўртага ташлади”[14. 147]. Ёки, бошқа бир ўринда: “…бу хабардан огоҳ бўлган хон ҳазратларининг бандалари жам бўлдилар ва шундай қарорга келдилар: фурсатни қўлдан бермасдан, куч-қувватнинг борида ярқироқ шамширнинг олов сочувчи тиғи билан у ярамас разилнинг қалбини-жонини бурда-бурда қилиб, тупроққа тенг қилиш керак…”[14. 147]. Ушбу кенгашларда айниқса, оталиқ мансабининг таъсир доираси катта бўлади. Бу ҳол Балх учун бобурийларга қарши амалга оширилган юришда ёрқин кўринади. Хўжамқулибек Балхий 1647 – 1648 йилларда бобурийзодаларга қарши Балх учун олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар давомида Аврангизебнинг[37] одамлари яширин равишда Ялантўшбий[38] билан боғланиб, келишгани, унга беш лак рупиялик маблағ, шунингдек, турли совға-саломлар бергани ва бунинг эвазига эса, у Абдулазизхонни ҳарбий ҳаракатлардан қайтариши кераклиги ҳақидаги маълумотларни кетиради[13. 647].
Тез-тез содир бўлиб турган ички исёнлар ва ташқи босқинчи кучларга қарши кураш каби бир қанча сабаблар кенгашнинг нуфузини оширган Субҳонқулихон даврида[39] оталиқ ва девонбеги мансаблари билан бирга қушбеги, парвоначи, додхоҳ каби мансабларнинг нуфузи орта борганлигини кузатиш мумкин[13. 743].
Чунончи, эндиликда кенгашларда кўриладиган масалалар юзасидан ушбу амалдорлар ўз маслаҳатлари билан тез-тез тилга олина
бошланади. Айниқса, бу ҳол кенгашда кўрилган Сиддиқ Муҳаммад масаласида ёрқин кўринади. “Муҳит ат-таворих”да шундай жумлалар келтирилади: “Ҳазрат олий… амирлар билан маслаҳат қилдилар. Шукур девонбеги, Тангриберди парвоначи ва Бойлоқ кушбеги уни ўлдиришга ишора қилиб айтдиларки: “қатл рақамини унинг ҳаёт саҳифасига чекиш ва насх қаламини умр дебочасига қўйиш унга лойиқ бўлур”. Шундай қилиб, олий фазилатли хоннинг ҳукми Султон сиёсатида тўғри топилди[11. 80].
Қушбеги, парвоначи каби мансабларнинг кенгашдаги нуфузининг ортиши жараёни Убайдуллахон даврида ҳам давом этади. Айниқса, қушбеги мансабида бу ҳол ёрқин кўзга ташланади. Албатта, бунга унинг даврида ҳукмдор ва кенгаш ўртасида содир бўлган мураккаб муносабатлар ўз таъсирини ўтказган эди. Жумладан, эндигина ҳокимият тепасига келган Убайдуллахоннинг кенгашдаги таъсир доираси сезиларли даражада амалдорлар томонидан чекланган эди. Яъни, уни ҳокимиятга келишига ёрдам берган Бек Муҳаммад додхоҳ, ёки, Убайдуллахонни ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлагани учун оталиқ мансабини эгаллаган, Самарқанд вилояти ҳокими, Маъсумхўжалар бошқа кенгашдаги тарафдор амалдорлар билан биргаликда Убайдуллахонни ўз таъсир доирасида ушлаб туришга интилганлар[40. 124a]. Масалан, бир сафар, Убайдуллахон кенгашда Қундузга чекиниб, қалъада мустаҳкамланиб олган Маҳмудбийга қарши Балхга учинчи маротаба ҳужум қилиш таклифини ўртага ташлайди. Аммо, Муҳаммад Замон Бухорийнинг қайд этишича, икки маротаба Балхга бориб, етарлича ўлжа ололмаган, шунингдек, йўлнинг узоқлиги ва об-ҳавосининг яхши эмаслигидан азият чеккан Маъсумхўжа оталиқ, Худоёр девонбеги манғит, Фарҳод парвоначи ўтарчи, Бек ўғли додхоҳ, Хожақули мироҳур ва бошқа бир қанча мансаб эгалари қарши чиқишади[2. 8a]. Яна шу вақтда Самарқанд ҳокими Хушҳол қатоғондан Қалмоқлар Самарқандга яқинлашгани уларга қарши курашда ёрдам сўраб мурожаат келади. Амирлар бундан фойдаланиб, Убайдуллахонни Балх юришидан қайтариб Самарқанд юришига ундайдилар ва бунга эришишади ҳам[40. 143б, 144a].
“Убайдулланома” асаридаги маълумотлар таҳлили, Убайдуллахон ҳам кенгашда таъсир доирасини оширишга интилганлигини ва буни унинг таркибидаги амалдорларни ўзига содиқ шахслар билан алмаштириб эришмоқчи бўлганлигини кўрсатади. Бу ҳол айниқса, додхоҳ мансабига тайинланган Неъматулло мисолида ёрқин кўринади. Муҳаммад Замон Бухорий Неъматулла додхоҳнинг кенгашда кўпчилик кенгаш аъзоларининг фикрларига кескин қарши чиқишлари эслатаркан, уни Убайдуллахонга энг яқин амалдорлардан эканлигини таъкидлайди[40. 149б]. Кейинги воқеалар тас-
вири шуни кўрсатмоқдаки, кенгашдаги оталиқ бошлиқ қолган амалдорлар ҳам бунга шунчаки қараб турмай, Самарқандга амалга оширилган юришда Убайдуллахонга қарши исён ташкил этадилар. Охир-оқибат Нақшбандий хўжаларнинг аралашуви билан Неъматулло додхоҳни Термиз вилоятига ҳоким қилиб юбориш шарти билан улар ўртасида ярашув амалга оширилади. Муҳаммад Замон Бухорий Убайдуллахон буни истамаса-да амалга оширишга мажбур бўлганлигини ёзади[40. 160б].
Бироқ, хоннинг кенгашда ўз таъсир доирасини оширишга бўлган интилиши тўхтаб қолмайди. Хусусан, қушбеги, меҳтар, девонбеги, тўқсабо каби мансабдорларни ўзига хайрихоҳ шахслар билан алмаштиради. Чунончи, Тўрақули исмли шахсни қушбеги мансабига тайинлайди. Унга хазинадан изоҳсиз маблағ олиш, ҳукмдорнинг махсус ёзма руҳсатисиз хоҳлаган ерга бориш, барча кенгаш, йиғин, қабул ва байрамларга махсус рухсатсиз иштирок этиш, ҳукмдор ёрлиғисиз давлат масаласига доир ишлар юзасидан буйруқлар чиқариш ва унинг ижросини таъминлаш, мансабларга номзодларни тайинлаш каби вазифа ва ваколатларни беради[40. 193б, 194a]. Натижада, унинг кенгашдаги нуфузи ҳам ортади. Хусусан, Муҳаммад Замон Бухорий асарида Тўрақули қушбегини кенгаш зийнати деб таърифлайди[40. 214a]. Асардаги кейинги воқеалар, Убайдуллахон ҳукмронлигининг сўнги даврида кенгашда таъсир доирасини оширишга эришганлигини кўрсатади. Жумладан, у 1711 йилда Балхга боришга қарор қилади ва кенгашда бу масалани кўтарганида доимгидай Маъсумхўжа оталиқ бошлиқ бир қанча амалдорлар бунга қаттиқ қарши бўладилар, аммо қолган ўзига тарафдор амалдорлар қўллови билан ўз фикрини тасдиқлатади ва Балхга боришга қарор қилади[2. 8б].
Убайдуллахон даврида кенгашда қушбегининг нуфузининг ортиши Абулфайзхон даврида ҳам давом этади[40. 37a]. Чунончи, Убайдуллахоннинг ўлдирилишига бош-қош бўлган Жавшан қалмоқ, Абулфайзхонни тахт-га чиқаргач, биринчи галда қушбеги мансабини эгаллаб, кенгашда нуфузини ошишига киришганлигини кўриш мумкин[41]. Лекин, бу билан кенгашда оталиқ, девонбеги, парвоначи ва бошқа мансабларнинг нуфузи пасайган деб бўлмайди. Яъни, ўзгаришсиз доимгидай давом қилади[40. 37a]. Хусусан, Абдураҳмон Толенинг ёзишича, Хўжақули девонбеги Иброҳим оталиқ исёни бостиришга Абулфайз-
хонга ёрдам бергач, оталиқ мансаб ва унвони сўрайди ва берилади. Кейинги куни у уйидан қариндош ва хизматкорлари ҳамроҳлигида саройга, кенгашда давлат ишларини кўриш учун оталанади, йўлда унга Ҳакимбий парвоначи ҳам шерик бўлади. Аммо, кенгашга етиб боришидан олдин ўлдирилади[40. 118б].
Эътиборлиси эса, кенгашдаги бундай амалдорлар Абулфайзхонни ўз таъсир доирасида ушлаб туришга ҳаракат қиладилар. Хусусан, Абулфайзхон давридаги кенгашларда ҳукмдорнинг илгари сурган фикрлари амалдорлар томонидан тез-тез рад этилганлигини гувоҳи бўлиш мумкин. Жумладан, Абулфайзхон ҳукмронлигининг дастлабки йилларида қипчоқларга қарши курашиш масаласини бир неча бор кўтаради. Аммо, ҳар сафар Абдураҳмон Толенинг қайд этишича, кенгаш амалдорлари томонидан “Бизда Қипчоқларга қарши курашиш учун куч ва қобилият етмайди” деб уларга қўшин юбормасликка ундайди[40. 98б]. Ёки, Иброҳим кенагас ва Қозоқ қабилаларнинг талончиликдан иборат ҳужумларига қарши чоралар кўриш бўйича доимий ўтказилган кенгашларда ҳам шу ҳол кўзга ташланади[40. 53a].
Мавжуд манбалар тадқиқи амалдорларнинг кенгашда ўз ўринлари мавжуд эканлигини кўрсатмоқда. Унга кўра, энг олдинги ўринда тахт жойлашган бўлиб, унда хон ўрин эгаллаган. Хоннинг ўнг ва чап томонида нуфузига қараб шаҳзодалар, амалдорлар ва қабила сардорлари ўз ўринларини эгаллашган[42]. “Дас-тур ул-мулук” асарида бу ҳақида қуйидагича маълумот келтирилади: “Хон улуғ Оллоҳнинг хоҳиши ва оқ фотиҳаси билан бахт юлдузлари тагидан юруб, ўз қароргоҳига йўл олди. У ўнг ва чап томондаги аъёнларини бахт ва муваффақият, ғалаба ва тантана билан табриклаб, қучоқ очиб кўришиб, мамнуният билан ўз тахтига ўтирди”[14. 154]. Шу ўринда хоннинг чап томонида кимлар ва ўнг томонидан кимлар ўтирганлигини аниқлаб олиш муҳим.
Бухорога Абдулазизхон даврида ташриф буюрган Б.А. Пазухин эсдаликларида кенгашда амалдорларнинг жойлашув тартибини кўрганлари асосида таърифлашича, хоннинг чап томони энг эътиборли ҳисобланган ва чап томоннинг бошида нақиб лавозимидаги шахс турган[43]. Маҳмуд ибн Валининг “Баҳр ул-асрор” асарига таянган А.К. Алексеев ҳам бу ҳолатга тўхталар экан ҳукмдорнинг чап томони ўта ҳурматли эканлигини урғулаб, чап тарафдаги биринчи жойни нақиб лавозимидаги шахс эгаллаганлигини қайд этади[44. 140]. Ундан кейинги ўринларни шаҳзодалар эгаллашган, сўнгра оталиқ, девонбеги калон, додхоҳ каби амалдорлар бирин-кетин ўз ўринларига эга бўлганлар[45. 394 – 395].
Муҳаммад Толибнинг қайдларига қараганда хоннинг ўнг томонидаги дастлабки ўринларни шайхулислом ва қози (бош қози) эгаллаган бўлса[10. 207]. В.В. Бартольднинг давом этиб ёзишича, ўнг томонда олий қозидан сўнг Нақишбандия хўжаси, садр, судр, ҳарбий қози, аълам, ва бирин-кетин қолган диний уламолар ўрин олишган[45. 394 – 395]. А. Абдураимовнинг ёзишича, уларнинг энг охирги ўринда раис (мухтасиб) ўтирган[46. 92]. Шунингдек, В.В. Бартольд юқоридаги диний мансаблар ортида кенагас, дўрмон, қушчи ва найман каби қабилалар сардорларининг жойлари мавжудлигини таъкидлайди.
Мавжуд манбалардаги ахборотлар таҳлили асосида кенгашда қолган амалдорлар ҳам вазифаларининг ўхшашлигига қараб ўз ўринларига эга бўлган дейиш мумкин. Жумладан, Мирзо Бади Девон кўкалдош, қушбеги калон, иноқи калон, хўжайи калон каби ҳукмдорга яқин лавозим эгалари ва қалам аҳли ҳисобланмиш девони калон, дафтардор, мушриф, девони танобона, шунингдек, мунший, арбоби даруни шаҳр, девони арабхона, девони тавжиҳ, китобдор, бахши, амир сайисхонаси девони, тўшалар девони, кичик мушриф, пойгирнавис, девони маҳрам, девони ясовул, муҳаррир мирзоси, амлок мирзоси, воқеанавис, амборхона мирзоси каби вазифа, ваколатлари бир-бирига яқин мансаблар алоҳида-алоҳида ўз ўринларига эга бўлганликларини таъкидлайди[47. 159].
Аштархонийлар сулоласи ҳукмдорлари ҳузуридаги кенгашнинг фаолияти хусусида, яъни унда қандай масалалар кўрилган, деган саволга ҳам ҳудудий муаррихлар асарларида мавжуд бир қанча маълумотларга суянган ҳолда баъзи аниқликларни киритиш мумкин. Чунончи, кенгашда Абдураҳмон Толе:“…кенгашга барча вазирлар ва сарой аъёнлари йиғилди. Улар давлат ишлари кўзгусида кўринган ҳамма нарсани муҳокама қила бошладилар”[2. 69б], – деб таъкидлаганидай мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатига доир барча масалалар муҳокама қилиниб, қарорлар қабул қилинган[2. 117б, 123a].
Масалан, кенгашда ички сиёсатга доир номзодларни мансабга тайинлаш, солиқлар, қўшимча йиғимларни белгилаш, ҳукмдорнинг вилоятларга ташриф амалга ошириш[2. 8a] каби кичик масалалардан тортиб, ички исёнларни бостириш каби хавфсизликка доир аҳамияти баланд масалалар ҳам муҳокама қилинган, уларга доир керакли қарорлар қабул қилинган. Хусусан, Муҳаммад Замон Бухорий Убайдуллахон Хонобод чорбоғида бўлган кенгашда Тўрақулини қушбеги мансабига тайинлаш бўйича ёрлиқни ўқиб эшитиришгани ва кенгаш аъзоларининг бунга муносабатини қайд этса[40. 192a], Муҳаммад Толиб Абдул-
азизхон лашкар таъминоти учун Бухоро вилоятининг ер эгаларига ҳар эллик таноб учун битта милтик бериши ҳақидаги қўшимча йиғимни жорий этишни муҳокама қилганлиги ва ҳукмнома чиқарилганлигини келтиради[40. 204].
Ёки, “Муҳит ат-таворих” асарида кенгашнинг Сиддиқ Муҳаммад бошлиқ кўтарилган ички исённи бостиришдаги роли қуйидагича тасвирланади: “Субҳонқулихонга қарши исён кўтарган ўғли Сиддиқ Муҳаммад масаласи кенгашда кўрилиб, Шукур девонбеги, Тангриберди парвоначи ва Бойлоқ қушбеги каби кенгаш аъзолари таклифи билан ўлимга ҳукм қилинади”[11. 80].
Шунингдек, кенгашда қўшни, ҳориж мамлакатларининг босқинчилик юришларини бартараф этиш, зарур ҳолларда ҳарбий ҳаракатлар уюштириш, дипломатик муносабатлар олиб бориш каби ташқи сиёсатга доир муҳим вазифалар муҳокама қилиниб, ягона қарорлар қабул қилинган. Хусусан, Хўжамқулибек Балхий Шоҳжаҳоннинг Балхга ҳужуми масаласини ёритар экан Абдулазизхон олий кенгашни чақириб ушбу масалани муҳокама қилганлигини, уларга қарши курашда қозоқ қабилаларини иттифоқ қилиш масаласи кўрилганлигини қайд этса[13. 741], Хожа Самандар Термизий Субҳонқулихон Анушахонга қарши курашга чиқар экан дастлаб кенгаш ўтказгани ва унда ушбу масалани муҳокама қилганлигини ёзади: “хон амирлари, аъёнлари ва акобирларига оқ кўнгиллик билан меҳрибонликлар кўрсатиб, кенгаш ўтказди ва бадбахт душман билан жанг қилмоқ учун қура ташлади”[14. 171].
Таҳлил этилган тарихий маълумотлар аштархонийлар сулоласи ҳукмдорлари ўз ички ва ташқи сиёсатини ўтказилиш вақти ва усулига эга ўзига хос маслаҳат органи – Олий кенгашга таяниб юритганликлари, бу орган сулола ҳокимиятга келган даврлардан буён шаклланиб, ривожланиб келганлиги, айрим тарихий даврлар ва шароитларда унинг фаолияти янада юқори босқичга кўтарилгани ёки авторитар усулларни кучли қўллаган ҳукмдорлар даврида эса имконият доираси янада торайганлиги, таркибида муайян ўзгаришлар содир бўлганлигини кўрсатади. Давлат бошқарув тизимидаги маслаҳат органи – Олий кенгашнинг мавжудлиги аштархонийлар сулоласи ҳукмдорлари мамлакатни тарихий ворисийлик, ўзбек давлатчилиги анъаналари асосида бошқаришга ҳаракат қилганликларини намоён этади.
Фойдаланилган адабиётлар
1. Ҳофиз Таниш Бухорий. Имомқулихоннома. Фанлар академияси Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзмалари фонди. Қўлёзма рақами 89. 31б, 44б, 53б-бетлар; Муҳаммад Амин Бухорий. Муҳит ат-таворих. Тошкент. 2020. 109-бет; İsgəndər Bəy Münşi Türkman. Dünyani bəzəyən Abbasin tarixi (Tarixe-aləmaraye-Abbasi). Bakı. 2010. s. 1114; Мажмуайи мактубот ва маншур. Фанлар академияси Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзмалари фонди. Қўлёзмалар рақамлари 880/I. 219a – 219б-бетлар; И.Ғ. Низомиддинов. XVI-XVIII асрларда Ўрта Осиё – Ҳиндистон муносабатлари. Тошкент. 1966. 105, 117-бетлар.
2. Абдураҳмон Толе. Тарихи Абулфайзхон. Фанлар академияси Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзмалари фонди. Қўлёзма рақами 11.
3. Хожа Самандар Термизий. Дастур ул-мулук.Тошкент. 2001. 189-бет; Абдулҳаким Шаръий Жўзжоний. Ислом ҳуқуқшунослиги, ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари. Тошкент. 2002; Муҳаммад Толиб. Матлаб ут-толибин. Тошкент. 2016. 111-бет.
4. Ҳофиз Таниш Бухорий ҳаёти ва фаолияти ҳақида қаранг: Ж.А. Сангиров. Ҳофиз Таниш Бухорийнинг “Имомқулихоннома” асари ва унинг аштархонийлар сулоласи даври тарихини ўрганишдаги ўрни // “Ўзбекистон тарихининг долзарб муаммолари” мавзуидаги халқаро илмий-назарий конференция материаллари. Фарғона. 2022. 256 – 266-бетлар.
5. И.Ғ. Низомиддинов. XVI-XVIII асрларда Ўрта Осиё – Ҳин-
дистон муносабатлари. Тошкент. 1966.
6. Абдулланома. Биринчи жилд. 162-бет; Тарихи Абулфайзхон. 53a-бет.
7. А.К. Алексеев. Политическая история Тукай-тимуридов по материалам персидского историчаского сочинения Бахр ал-асрар. Санкт-Петербург. 2006. С. 140; Selim Serkan Ükten. Buhara hanliği’nin askeri teşkilati (1500 – 1868). Ankara. 2018. s. 140.
8. Б.А. Ахмедов. История Балха. Ташкент. 1982.
9. Қожамқулибек Балхи. Тарих-и Қыпшақи. Алматы. 2017. 741-бет; Муҳаммад Замон Бухорий. Убайдулланома. Фанлар академияси Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзмалари фонди. Қўлёзма рақами 1532. 10a-бет; Муҳаммадвафо Карманаги. Туҳфат ул-хони. Хўжанд. 2017. Баргаи 34; Муҳаммад Ёқиб Бухорий. Гулшан ул-мулук. Фанлар академияси Шарқшунослик иститути Шарқ қўлёзмалари фонди. Қўлёзма рақами 1507/III. 246a-бет; Тарихи Амир Ҳайдар. Фанлар академияси Шарқшунослик иститути Шарқ қўлёзмалари фонди. Қўлёзма рақами 1836. 3б-бет; Муҳаммад Садри Зиё. Тарихи салотини Усмоний. Фанлар академияси Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзмалари фонди. Қўлёзма рақами 1304/II. 34a-бет.
10. Муҳаммад Толиб. Матлаб ут-толибин. Тошкент. 2016.
11. Муҳаммад Амин Бухорий. Муҳит ат-таворих. Тошкент. 2020.
12. Абдулазизхон — 1645 – 1681 йиллари ўзбек давлатини бошқарган аштархоний ҳукмдор.
13. Қожамқулибек Балхи. Тарих-и Қыпшақи. Алматы. 2017.
14. Хожа Самандар Термизий. Дастур ул-мулук.Тошкент. 2001.
15. Dünyani bəzəyən Abbasin tarixi (Tarixe-aləmaraye-Abbasi). s.1085, 1138; ﻣﻟﺎ ﺠﻠﺎﻞﺍﻠﺩﻳﻦ ﻣﻨﺟﻳﻢ. ﺗﺎﺮﻳﺦ ﻋﺒﺎﺴﻰ ﻳﺎ ﺭﯘﺰﻨﺎﻣﮥ ﻣﻠﺎﺟﻠﺎﻞ. ﺗﻬﺭﺍﻦ. ١٣٦٦. ١٧۸; Посольства Флорио Беневени в Персию и Бухару в 1718-1725 годах. Москва. 1986. С. 77.
16 .ﺗﻬﺭﺍﻦ.١٣٣٢.٥. ﺗﺫﻜﺭﺓﺍﻠﻣﻠﻮﻚ
17. Убайдулланома. 10a-бет; Тарихи Абулфайзхон. 35a-бет.
18. Субҳонқулихон — 1681 – 1702 йиллари ўзбек давлатини бошқарган аштархоний ҳукмдор.
19. Саййид Муҳаммад Носир. Тадқиқоти арки Бухоро. Тошкент. 2009.
20. Муҳаммад Замон Бухорий. Убайдулланома. Фанлар академияси Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзмалари фонди. Қўлёзма рақами 1532.
21. Убайдуллахон — 1702 – 1711 йиллари ўзбек давлатини бошқарган аштархоний ҳукмдор.
22. Неъматулла додхоҳ —аштархоний Убайдуллахон даврида додхоҳ мансабига тайинланади. Самарқандда Убайдуллахонга қарши кўтарилган исёнчилар талабига биноан ушбу мансабдан олиниб, Термизга ҳоким қилиб, юборилади.
23. Боқи Муҳаммадхон — 1601 – 1605 йиллари ўзбек давлатини бошқарган аштархоний ҳукмдор.
24. İsgəndər Bəy Münşi Türkman. Dünyani bəzəyən Abbasin tarixi (Tarixe-aləmaraye-Abbasi). Bakı. 2010.
25. Абдураҳмон Толе. Тарихи Абулфайзхон. Фанлар академияси Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзмалари фонди. Қўлёзма рақами 11.
26. Dünyani bəzəyən Abbasin tarixi (Tarixe-aləmaraye-Abbasi). s. 1119; Муҳит ат-таворих. 80-бет; Убайдулланома. 160б; Тарихи Абулфайзхон. 8a, 102a-бетлар; Мирзо Бадеи Девон. Мачмаъ ул-арқом. Душанбе. 2015. Баргои 159, 160; Наказ Борису и Семену Пазухнным, посланным в Бухару, Балх и Юргенчъ. 1669 (1894). Издан под редакцией А.Н. Трувовова. РИБ. 15 СпБ. 1894. С. 52 – 53; Б.А. Аҳмедов. Историко-географическая литература Средней Азии. XVI – XVIII вв. Ташкент. 1985. С. 205; Selim Serkan. 16 – 18. Asırlarda Buhara Hanlığı’na Gelen Batılı Seyyahlar ve Seyahatnameleri. Eskişehir Osmangazi Üniversitesi. Sosyal Bilimler Dergisi. Aralık. 2017, 18(2), 137 – 164. s. 148.
27. В.В. Бартолъд. Цемемониал при дворе узбекских хаеов // Соч. Т. II. Ч. 2. Москва. 1964. С. 394 – 395; Buhara hanliği’nin askeri teşkilati (1500 – 1868). s. 140.
28. Абдуллахон — 1557 – 1598-йиллари ўзбек давлатини бошқарган шайбоний ҳукмдор.
29 ﻣﻟﺎ ﺠﻠﺎﻞﺍﻠﺩﻳﻦ ﻣﻨﺟﻳﻢ. ﺗﺎﺮﻳﺦ ﻋﺒﺎﺴﻰ ﻳﺎ ﺭﯘﺰﻨﺎﻣﮥ ﻣﻠﺎﺟﻠﺎﻞ. ﺗﻬﺭﺍﻦ. ١٣٦٦. ١٧٩
30. Қулбобо кўкалдош — Абдуллахоннинг (1557–1598) нуфузли амирларидан.
31. Ҳофиз Таниш Бухорий. Абдулланома. Биринчи жилд. Тошкент. 1999.
32. Dünyani bəzəyən Abbasin tarixi. s.1087;ﻣﻟﺎ ﺠﻠﺎﻞﺍﻠﺩﻳﻦ ﻣﻨﺟﻳﻢ. ﺗﺎﺮﻳﺦ ﻋﺒﺎﺴﻰ ﻳﺎ ﺭﯘﺰﻨﺎﻣﮥ ﻣﻠﺎﺟﻠﺎﻞ. ﺗﻬﺭﺍﻦ. ١٣٦٦. ١٧٦
33. Историко-географическая литература Средней Азии. XVI – XVIII вв. С. 205; 16 –18. Asırlarda Buhara Hanlığı’na Gelen Batılı Seyyahlar ve Seyahatnameleri. s. 145.
34. Садр Зиё. Тарихи салотини Усмоний. Фанлар академияси Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзмалари фонди. Қўлёзма рақами 1304/II.
35. Ҳофиз Таниш Бухорий. Имомқулихоннома. Фанлар академияси Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзмалари фонди. Қўлёзма рақами 89.
36. Анушахон — 1664–1684 йиллари ўзбек давлатини бошқарган арабшоҳий ҳукмдор.
37. Аврангизеб — 1658–1707 йилларда бобурийлар салтанати ҳукмдори.
38. Ялангтўшбий — (1578–1656) катта нуфузга эга бўлган амалдор. 1626 йилдан Самарқанд ҳокими. Надр Муҳаммадга қарши 1645 йилда кўтарилган исён ташкилотчиларидан бири.
39. Дастур ул-мулук. 171,189-бетлар; Тарихи Амир Ҳайдар. 3б-бет.
40. Муҳаммад Замон Бухорий. Убайдулланома. Фанлар академияси Шарқшунослик институти Шарқ қўлёзмалари фонди. Қўлёзма рақами 1532.
41. Убайдулланома. 247б-бет; Тарихи Абулфайзхон. 31a, 32b-бетлар.
42. Дастур ул-мулук. 154-бет; Убайдулланома. 132б-бет.
43. Наказ Борису и Семену Пазухнным, посланным в Бухару, Балх и Юргенчъ. С. 52 – 53; 16 – 18. Asırlarda Buhara Hanlığı’na Gelen Batılı Seyyahlar ve Seyahatnameleri. s.148.
44. А.К. Алексеев. Политическая история Тукай-тимуридов по материалам персидского историчаского сочинения Бахр ал-асрар. Санкт-Петербург. 2006.
45. В.В. Бартолъд. Цемемониал при дворе узбекских хаеов // Соч. Т. II. Ч. 2. Москва. 1964.
46. М. Абдураимов. Очерки аграрных отношений в Бухарским ханстве. Ташкент. 1970.
47. Мирзо Бадеи Девон. Мачмаъ-ул-арқом. Душанбе. 2015.
