Abstract. The article examines the life and activities of Maleho Samarkandi, as well as the time, place, reasons for composition, language, manuscript tradition, sources, reliability of the sources, research history, translations, and reprints of his work “Muzakkir al-Ashab”. Furthermore, the study comparatively analyzes the role of these sources in the investigation of the political, economic, social, and cultural life during the period of the Ashtarkhanid dynasty, in relation to other contemporary sources. Based on the presented evidence, it is demonstrated that Maleho Samarkandi’s tazkiras constitute valuable historical sources for illuminating the political, economic, and social history of the Ashtarkhanid period, particularly during the reigns of Abdulaziz Khan and Subhan Quli Khan.

 

Keywords: Uzbek statehood, Ashtarkhanid dynasty, Baki Muhammad Khan, Vali Muhammad Khan, Imam Quli Khan, Nadr Muhammad Khan, Abdulaziz Khan, Subhan Quli Khan, tazkiras, Maleho Samarkandi, Muzakkir al-Ashab.

 

Аннотация. Мақолада Малеҳо Самарқандийнинг ҳаёти ва фаолияти, “Музаккир ал-асҳоб” асарининг ёзилиш вақти, жойи, сабаби, тили, нусхалари, манбавийлиги, тадқиқотлар, таржима ва қайта нашрлари очиб берилган. Шунингдек, мақолада ушбу манбаларнинг Аштархонийлар сулоласи давридаги сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаётни ўрганишдаги ўрни шу даврда ёзилган бошқа манбалар билан қиёсий таҳлил қилинган ҳолда кўрсатиб берилган. Келтирилган далиллар ёрдамида Малеҳо Самарқандийнинг тазкиралари Аштархонийлар сулоласининг Абдулазизхон ва Субҳонқулихонлар давридаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётни ёритишда қимматли манбалар эканлиги исботланган.

 

Калит сўзлар: Ўзбек давлатчилиги, Аштархонийлар сулоласи, Боқи Муҳаммадхон, Вали Муҳаммадхон, Имомқулихон, Надр Муҳаммадхон, Абдулазизхон, Субҳонқулихон, тазкиралар, Малеҳо Самарқандий, Музаккир ал-асҳоб.

 

Аннотация. В статье рассматриваются жизненный путь Малехо Самарканди, а также время, место создания, причины написания, язык, рукописные списки, источниковая база, степень достоверности источников, история изучения, переводы и переиздания его произведения «Музаккир ал-асхаб». Кроме того, в статье на основе сравнительного анализа с другими источниками периода аштарханидов раскрывается значение данного источника для изучения политической, экономической, социальной и культурной жизни указанной эпохи. На основании приведённых данных доказывается, что тазкиры Малехо Самарканди являются ценным источником для изучения политической, экономической и социальной истории периода правления аштарханидов, особенно в эпоху Абдулазизхана и Субханкулихана.

 

Ключевые слова: узбекская государственность, династия аштарханидов, Баки Мухаммад-хан, Вали Мухаммад-хан, Имамкули-хан, Надир Мухаммад-хан, Абдулазиз-хан, Субханкули-хан, тазкиры, Малехо Самарканди, «Музаккир ал-асхаб».

 

Бир ярим аср ҳукмронлик қилган Аштархонийлар (1601 – 1756) даври барча манбалар ичида адабий асарлар туркумига кирувчи тазкираларни ўзида қамроб олган маъумотлари жиҳатидан энг сермаҳсулларидан бўлиб, бош-
қа турдаги тарихий асарлардан қолишмайди.

Ушбу мақолада Туронда, Аштархонийлар сулоласи даврида ёзилган Малеҳо Самарқандийнинг «Музаккир ал-асҳоб» асарини кўриб чиқамиз.

Асар муаллифи Малеҳо Самарқандий 1641 йилда Самарқандда туғилган1. Отаси Муҳаммад Шариф шу ерлик бўлиб, ҳадис, тафсир, фиқҳ, мантиқ илмларини жуда яхши эгаллаган2. Олдинига Самарқанд вилояти қозиси, кейин муфтий лавозимига фаолият юритган3. 1670 йили вафот этган.

Малеҳо Самарқандий илк таълимни отасидан олган. Мантиқ ва фиқҳ илмидан сабоқни ҳам ундан чиқарган4. Асаридаги мантиқ ва фиқҳ илмига қилган мурожаатлари унинг ушбу илмларни жуда яхши билганини кўрсатади5.

Б. Аҳмедовга кўра, Малеҳо Самарқандий Абдулазизхон мадрасасида6 ҳам ўқиган7. Шу билан бирга, асардаги маълумотлар унинг дастлаб қози Абдулғафур шаҳид мадрасасида8 таҳсил олганини кўрсатмоқда9. Айнан ушбу муассасада у фиқҳ, астрономия, тарих, шеъриятни янада чуқурроқ эгаллайди. «Малеҳо Самарқандий» (мафтункор) тахаллуси остида шеърлар битган.

Яхши тарбия ва таълим унинг саройга яқинлашишига асос бўлади. Дастлаб, Абдулазизхон, сўнгра Субҳонқулихон10 эътиборига тушади. Субҳонқулихон Эронга элчи юборар экан, Малеҳо Самарқандийни ҳам элчилик таркибига киритади. Шу баҳона уч йил давомида Эроннинг Машҳад, Сабзавор, Симнон, Қум, Кошон, Исфаҳон каби шаҳарларида бўлган шоир ўша ерлик ҳамкасблар билан учрашади, уларнинг туриш-турмуши билан танишади, асарларидан парчалар олади. Ўзи ҳам бу ҳақида эслар экан, Исфаҳонда Насрободийдан11 шеърий девонини олишга мушарраф бўлгани, аммо қайтишда, Амударёдан ўтаётганида, сувга тушириб юборганини урғулайди12.

Малеҳо Самарқандий Эрондан келгач, бир муддат Самарқанд вилояти қозиси хожа Миракшоҳ ҳузурида ишлайди. 1689 йили Самарқанд вилояти ҳокими Иброҳимбий13 уни Шайбонийхон мадрасасига  мударрис этиб тайинлайди14.

Ёшлигидан шеъриятга катта қизиқиши бўлган16 Малеҳо Самарқандий «Суҳбатдошлар зикри»ни ўз ташаббуси билан17 1682 – 1692 йиллар оралиғида Самарқандда ёзиб тугатган18.

Унинг ёзишга асос бўлган манбаларини учга ажратиш мумкин. Биринчиси ўтмиш ва замондош муаллифлар асарлари бўлиб, улар сирасига Мирхонднинг روضة الصفا (Поклик боғи)19, Абдулҳаким Самарқандийнинг قندیه (Қандия)20, Саййид Роқимийнинг تاریخ سید راقم (Саййид Роқим тарихи), Муҳаммад Содиқнинг «Шоирлар боғи»21, Насрободийнинг دیوان نصرآبادی (Носирбодий девони)22, Яҳё Себакнинг شبستان خیال (Хаёллар туни)ни киритиш мумкин. Шунингдек, у Эронга уч йиллик сафари натижасида тўплаган маълумотларидан ҳам фойдаланган23. Юқорида тилга олинган, Муҳаммад Содиқнинг «Шиорлар боғи» асари бугунги кунгача топилмагани24 эса сўз кетаётган манба аҳамиятини янада оширади, деб ишонамиз.

«Суҳбатдошлар зикри»даги маълумотларнинг жуда катта бўлаги муаллифнинг ўзи кўрганларига асосланиб ёзилганини алоҳида таъкидлаган бўлардик. Буни асардаги шоирлар ҳақида маълумот берилиш жараёнидаги ишоралари орқали билиб олиш мумкин. Масалан, Исфаҳонда шоир Хозиннинг ҳуснихатини кўргани ва яхши экани25, Муҳаммад Солиҳ билан бирга қози Абдулғафур шаҳид мадрасасида таҳсил олганларини ёдга олади26, 1679 йили Эрон сафаридан қайтгач, Самарқандда атторлик дўкони олдида Ҳодий Бухорий27 билан учрашгани ва шеърларини ёзиб олганини қайд этилган28.

Муаллиф гувоҳлардан эшитганларига ҳам таянган. Жумладан, отасидан охунд Баҳромҳожи29, Ҳиндистонда бўлиб қайтган яқинидан Боқи Тамошо30, Бобохожа раисдан Хожа Юсуф Мазҳар ҳақида эшитганини таъбаён қилади31. Малеҳо Самарқандийнинг гувоҳлар отини асарида келтириши хабарнинг тўғрилигига эътибор берганини кўрсатади, албатта.

«Суҳбатдошлар зикри»нинг Ўзбекистон32, Тожикистон, Афғонистон, Россияда нусхалари бор33. Биздаги 320 варақли, насталиқ хатида Туркистон қоғозига ёзилган, 12,5х18,5 ўлчамдаги 4270 саноқли нусха энг тўлиғи ва яхши сақлангани саналади.

Б. Аҳмедов асарнинг Туркистон тарихини ўрганишдаги аҳамияти ҳақида сўз юритган бўлса34, Ануша Ҳасан35, Мусавий Бажанвардий ва Муҳаммад Козим36 ҳамда Теҳрон нашри унинг кириш қисмида Эрон тарихини ўрганишдаги қимматининг кўрсатишган37.

Манбанинг 4270-саноқли нусхасидан фойдаланган Шамсиддин Шарафиддин ўғли 1948 йили унинг кичик қисмини ўзбек тилига таржима қилган. Тўлиқ ҳолда эса, асар Муҳаммад Тақвий томонидан 2013 йили Эронда нашр эттирилган. Бунда Эронда сақланувчи нусхалардан ташқари Тошкентдаги 58, 4270-саноқли нусхалар ҳам жалб этилган38.

Асардаги Аштархонийлар даври тарихига доир маълумотларни тўртга бўлиб, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳаёт билан боғлаган ҳолда саралаш мумкин.

Малеҳо Самарқандий келтириб ўтган гувоҳликлардан ташқи сиёсатга доир бир қанчаларига диққатни тортсак. Масалан, Абдулазизхоннинг Шоҳ Жаҳонга39 юборган хатида «фалончи (Субҳонқулихон назарда тутилган)» икки ўртада ўрнатилган муносабатларга тўсиқ бўлганини таъкидлашдан40 нари ўтилган эмас. Бизнинг манбага кўра, Абдулазизхон томонидан Ҳиндистонга  юборилган, Мир Баҳовиддин41 бошлиқ элчиларга йўл бермаган шахс Балх ҳокими Субҳонқулихон бўлиб, элчи ва у билан бирга бўлган савдогарларнинг бор-будини мусодара ҳам қилдирган42. Шу тариқа, узоқ вақт Ҳиндистон билан муносабатлар узилиб қолган.

«Суҳбатдошлар зикри»да Абдулазизхон даврида Кошғар билан олиб борилган ва бошқа манбаларда43 йўқ элчилик алоқалари ҳақида ҳам маълумот келтирилади. Танимбек44 ўзининг номдор саркардаларини Барсхон Кошғарий номидан Абдулазизхонга хизматга юборади45. Бунга жавобан Абдулазизхон Мир Нуриддин Кошғарийни элчиликка тайинлайди46.

Шунингдек, шу вақтга қадар илмий адабиётда Имомқулихоннинг Субҳонқулихон уйланиши керак бўлган қизига Абдулазизхон уйлангани, бу улар орасидаги низони янада кучайтиргани, ўша қизнинг оти аниқ эмаслиги қайд этиб келинар эди47. Эътиборлиси, манбадаги маълумотлардан Имомқулихон қизининг исми Зубдатнисохонимлиги аниқлаштирилиши билан бирга, унинг Абдулазизхон, Субҳонқулихон даврларида обрўйи жуда баланд бўлганини билиш мумкин48.

Асарда марказий ва ҳудудий бошқарувдаги судур, қози, муфтий, қози аскар, раис, мунший, офтобачи ва бошқа шу каби мансабларга доир маълумотлар келтирилади. Улар ёрдамида ушбу мансабларга тайинланадиган номзодларга қўйилган талаблар ҳақида маълумот олиш мумкин. Жумладан, Абдулазизхон томонидан олий Қулбобо кўкалтош мадрасасига мударрис ва мутавалли этиб тайинланган охунд Баҳромҳожини Субҳонқулихон Бухоро вилояти судурлигига тайинлаган49, фиқҳ илмини Бухородаги Мир Араб мадрасасида жуда яхши эгаллаган Абдулла Бухоро вилояти қозилиги мансабига лойиқ кўрилган50, Абдулазизхон томонидан эса хаттотлик илмидан жуда яхши хабардор бўлган Мирзо Фазл муншийликка51, мантиқ, ҳадис, тафсир, фиқҳ, математика, геометрия каби илмларни жуда яхши эгаллаган мулла Неъмат Самарқанд вилояти раислигига тайинланганлар52. Шунингдек, Самарқанд вилоятида қози аскар53, Фарғона вилоятида муфтий54 мансаби борлиги қайд этилади.

Асарда элчилик тартиб-тамойиллари ҳақида ҳам айрим маълумотлар бор. Масалан, Абдулазизхон Кошғарга ота-боболари ўша ерда туғилган Мир Нуриддинни юборган55. Бундан сулола даврида элчиларни танлашдаги яна бир мезон кўринади.

«Суҳбатдошлар зикри»дан иқтисодий тарих ҳақида ҳам маълумотлар олиш мумкин. Хусусан, савдо-сотиқ, зардўзлик, бўёқчилик, тикувчилик, мисгарликнинг ўша даврдаги таниқли вакиллари тилга олинадилар. Масалан, самарқандлик Абдулла 17-юзйилликнинг таниқли савдогарларидан бўлган. Унинг ота-боболари ҳам ушбу касб билан шуғулланганлар. У, асосан, Ҳиндистон билан савдо қилган56. Шунингдек, асарда зардўзлик ҳунари устаси Муҳаммад Амин, бўёқчилик устаси Доғий Миёнқолий57, моҳир тикувчи мулла Муҳаммад Шафе ҳақида маълумотлар келтиради. Малеҳо Самарқандий Анвар ибн Фазлулла Кошонийни барча мисгарлар ўз даврининг энг моҳири деб билишларини таъкидлайди ва шу баҳона ўша давр мисгарлик соҳаси, ундаги асбоб-ускуналари, ишлаш тартибига тўхталиб ўтади58.

Асарда ижтимоий тарих ҳақидаги маълумотларни ҳам учратиш мумкин. Айниқса, муаллиф 17-юзйилликда жамиятда бўлган салбий иллатлар, уларнинг аҳолига етказган зарари ҳақида Мутрибий Самарқандий сингари59 маълумот беради. Масалан, Балхда туғилган, «Огоҳ» тахаллусида шеърлар ёзган Арабшоҳҳожи кўкнорига ўрганиб қолгани сабабли соғлиғи ва барча мол-мулкидан ажралади. 1688 йили касаллик туфайли вафот этади60. Самарқандда туғилган, «Фазо» тахаллусида шеър ёзган Муҳаммад Обидга отасидан кўп мерос қолади. Аммо у ҳам кўкнорига берилиши оқибатида барчасидан айрилган61.

Шунингдек, асарда моддий қийинчиликлар сабабли бир шаҳардан иккинчи шаҳарга кўчиб ўтиш ҳолатлари ҳам юз берганини кўриш мумкин. Жумладан, Самарқандда туғилган «Масиҳо» тахаллусида шеър ёзган Аваз Боқи турмушидаги моддий қийинчиликлар сабабли Самарқанддан Бухорога кўчиб ўтади62.

Асарда энг кўп ўрин маданий тарихга қаратилган. Хусусан, Аштархонийлар даврида ҳам Бухоро, Самарқанд шаҳарлари илм-маърифат маркази мақомини сақлаб қолган. Юртнинг турли ҳудудларидан ушбу шаҳарларга таълим олиш учун келганлар. Масалан, Бухорий Қабоий қаландар, Балхий Муҳаммад Амин Афсар, Ҳисори Шодмонлик Хоксор, Муҳаммад Рафи, хожа Абдураҳмон, тошкентлик хожа Мулла Маҳжур, насафлик Ҳувайдо Самарқандий63, Камол Фитрат Самарқандий, охунд мулла Муҳаммад Гўфтор Насафий, балхлик қози Носир, бадахшонлик Муҳаммад Шариф Закарий Бухоро мадрасларида ўқиганлар64.

Шунингдек, қози Абдулла Беҳжат Бухородаги Мир Араб, Муҳаммад Амин Сарафроз Самарқанддаги Абу Саидхон, мулла Неъмат Нодир девонбеги ва Қулбобо кўкалтош, Муҳаммад Солиҳ Нашоий қози Абдулғофур шаҳид мадрасаларида таълим олганлар65. Ўз ўрнида, Боқихожа Ҳазарий Абдулазизхон, хожа Абдураҳмон Ҳисорий Шоҳий Самарқанддаги Мир Муҳаммад Али дарвеш тархон, Муҳаммад Болту Нишон Самарқанддаги Хожа Аҳрор мақбараси яқинидаги Нодир девонбеги, охунд мулла Муҳаммад Гўфтор Қулбобо кўкалтош, хожа Моҳ Бухоро ҳиёбонида жойлашган Модарихон мадрасаларида фиқҳ, тафсир, тарих, адабиёт, математика ва бошқа соҳалардан дарс берганлар66.

Асарда Самарқанд мадрасалари тарихи бўйича ҳам маълумотлар келтирилади. Малеҳо Самарқандийнинг ёзишича, Абу Саидхон мадрасаси қурилиши Кўчкинчихон67 томонидан бошланган. Бироқ вафот этиши сабаб қурилишни Абу Саидхон68 давом эттирган. Аммо у ҳам оламдан ўтиши шароитида қурилишни Абдуллатифхон69 1539 йили тугатган70.

Манбада Абдулазизхон ва Субҳонқулихон даврларидаги қози Абдулла Беҳжат71, охунд мулла Муҳаммад Обид Мумтоз72, Абдулғофур Назокат73 каби насталиқ хати усталари ҳақида ҳам маълумотлар бор.

«Суҳбатдошлар зикри»да 17-юзйиллик тариқат вакиллари ҳақида ҳам айрим маълумотлар келтирилган бўлиб, ҳунарманд мулла Қурбон ўғли Бақо Самарқандда туғилган. Дарвишларча яшаб, «Тамошо» тахаллуси остида яратган шеърларида илоҳий ишқ асосий ўринда туради. Анушахон74 Самарқандни эгаллаган вақтида сафарга отланади. Ҳаж амалини адо этиб, Ҳиндистонга боради ва қолган умрини ўша ерларда тариқат илмини ўрганишга бағишлайди75.

Малеҳо Самарқандий ҳам илм аҳлига ҳомийлик қилган, шеърият билан шуғулланган Аштархонийларни тилга олади. Жумладан, унинг ёзишича, мулла Аршийнинг76 айтган байти учун Боқи Муҳаммадхон олтин қалқон совға қилади77. «Насим» тахаллусида шеър ёзган хожа Амир Шариф доимо Абдулазизхон олдида экани алоҳида урғуланади78. Самарқандлик Мир Азиз раис79 Бухорога таълим олиш учун борганида, Абдулазизхон уни моддий таъминлаганлигини қайд этади80. Субҳонқулихон Бухорода тахтни эгаллаганида, таниқли шоир Нойинийни81 Балхдан пойтахтга чорлаб, унга ҳомийлик қилгани ҳам маълум82. Шунингдек, Малеҳо Самарқандийнинг қўшимча қилишича, Надр Муҳаммадхоннинг ўғли Қосим Муҳаммад султон ҳам шеър ёзган83.

Асарда Зоҳид Самарқандий, Адо, Арабшоҳҳожи Огоҳ, Муҳаммад Амин, Абдулқайюм Алфат, Анвар, Бисмал, Боқихожа Ҳазарий, Хоксор, Доғий, хожа Фақир қаландар, Мулланиёз қаландар, Рабе, мулла Раҳмат девон Самарқандий, Муҳаммад Рафи, қози Масжидий Самарқандий, Саме Самарқандий, Муҳаммад Амин Сарафроз, мулла Абдулла, Салим, Яҳё Салтанат, хожа Абдураҳмон Хисорий, Шакар, хожа Шаҳобиддин Миёнқолий, Садр, Абдулла Унвон, саййид Камол, Муҳаммад Обид, мулла Муҳаммад Шоҳ Фикрий, Қатлий, Асад хожа Қосид, Қабоий қаландар, охунд Мавлавий Бақо Музтариб, қози Абдураҳмонҳожи, мулла Мулий, охунд мулла Муҳаммад Обид Мумтоз, Мулла Моне, Аваз Боқи Масеҳо, Хожа Юсуф Мазҳар, Муҳаммадҳожи, Муҳаммадҳожи Муқим, Абдулла Малҳам, Мухтор, қози Носир, Наимо, мулла Неъмат, хожа Амир Шариф, Мир Нуриддин Накҳат, Муҳаммад Солиҳ, Мавлоно Номий, Муҳаммад Болту Нишон, Нойиний, Абдулғофур Назокат, ҳофиз Абдулла, Абдулла Наво, Мирзо Фазл мунший, Ҳоди Бухорий, Ҳувайдо, Ягона, Маҳруқ, охунд мулла Муҳаммад Гўфтор, Мир Азиз раис, Шамим, Муҳаммад Амин, Носир Али, мулла Болтуй қаландар, мирзо Рашид Заркуб, хожа Моҳ, Муҳаммад Самий, Муҳаммад Шариф Закарий, мулла Ниёз Азимий, Аваз Муҳаммад, мулла Муҳаммад Шафе каби туркистонлик шоирлар турмуши ва шеърларидан намуналар келтирилади84.

Масалан, Махдумзода мулла Ғиёсиддин ўғли охунд Баҳромҳожи бухоролик бўлиб, таълимни ҳам шу ерда олган. Адабиёт, тарихдан ташқари мантиқни жуда яхши эгаллаган. Абдулазизхон уни Қулбобо Кўкалдош мадрасасига мударрис ва мутавалли этиб, Субҳонқулихон эса Бухоро вилояти судурлигига тайинлайди. У шахсий ташаббуси билан Бухорода бир қанча масжид ва бинолар бунёд эттиради. Биринчи қурдирган масжиди ўзининг уйи ва Нодир девонбеги мадрасаси орасида жойлашган бўлса, иккинчи масжид Қулбобо Кўкалдошнинг ёниб кетган уйига яқин ерда бўлган. Макка ва Мадинага сафари давомида Мадинадаги Имомқулихон қабрини ҳам зиёрат қилганига оид қизиқ маълумот ҳам бор. «Баҳром» тахаллусида шеър ёзиб, иккита девон тузган. 1687 йили вафот этган85.

Мир Обид асли Насафда туғилиб, Бухорода таълим олиб, яшаб қолган. «Сайидо» тахаллуси остида шерълар ёзган86. «Унвон» тахаллусида шеърият билан шуғулланган Абдулла, мулла Муҳаммад Амин Сарафроз, Қабоий қаландар, Муҳаммад Самий, Аваз Муҳаммад Маюс кабилар Мир Обиднинг шогирдлари бўлишган87.

Шунингдек, асарда Туркистон шаҳарларида туғилиб, кейинчалик Ҳиндистонга бориб, ижод қилган шоирлар ҳақида ҳам қимматли маълумотлар бор. Масалан, ота-боболари асли тошкентлик бўлган Ибодулла Самарқандда туғилган, таълимни ҳам шу ерда олган. 1679 йили Ҳиндистонга сафар қилади ва Бобурийлар саройига хизматга киради. «Имтиҳон» тахаллуси билан шеърлар ёзади88.

Шундай инсонлардан яна бири Насаф вилоятилик мавлоно Надр Бухорода таълим олган, «Огоҳ» ва «Дастур» тахаллусларида шеърлар битган. Абдулазизхон тахтдан воз кечиб, Макка ва Мадинага отланганида унга ҳамроҳлик қилган. Малеҳо Самарқандийнинг ёзишича, мавлоно Надр Исфаҳонда Шоҳ Сулаймон89 номига шеър ёзиб, олтин совғалар билан сийланган. Ҳаж амалини ўтагач, мавлоно Надр Ҳиндистонга Аврангзеб90 ҳузурига боради. Аврангзеб уни Кобул вилоятига қози қилиб тайинлайди. Қолган умрини ўша ерда қозилик мансаби ва ижод билан шуғулланиб ўтказади91.

Шунингдек, асарда Абдулазизхон билан ҳам ҳаж амалини адо этиш учун кетган, қайтишда Ҳиндистонга бориб, ўша ерда яшаб ижод қилган Муҳаммад Солиҳ, Ломе Насафий, ҳожи Яҳё, Муфид ҳақида батафсил маълумотлар берилади92.

Малеҳо Самарқандий ҳам қўшни ҳудудлардан келиб, ижод қилган олимлар ҳақида ҳам ёзади. Ота-боболари кошғарлик бўлган Мир Нуриддин Самарқандда таълим олади, ижод билан шуғулланади. «Накҳат» тахаллусида шеър ёзади93.

Ниёз ҳам кошғарлик бўлиб, илк сабоқларни она шаҳрида чиқаргач, Балхга келади ва диний ҳамда дунёвий илмларни ўрганиш билан машғул бўлади. «Ниёз» тахаллусида шеърлар битади94.

Асарда Аштархонийлар даврида Самарқандда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳақида ҳам, кам бўлса-да, гувоҳликлар бор. Жумладан, Малеҳо Самарқандий Боқи Муҳаммадхон томонидан Самарқандда гумбаз қурилгани ва у ер Самарқанднинг ҳайит байрами ўтказиладиган жой экани, Нодир девонбеги Самарқандда кўприк қурдирганини тарих саҳифларига тамғалаб кетган95.

Хулоса қилиб айтганда, юқоридаги адабий асарлар туркумига кирувчи қурама тазкираларнинг таҳлили, Аштархонийлар даврини ўрганишда тазкиралар бошқа турдаги тарихий асарлардан қолишмаслигини тасдиқлайди. Уларда келтирилган маълумотлар давлат бошқаруви, ташқи сиёсат, деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик, ички ва ташқи савдо, ижтимоий қатламлар, аҳолининг ижтимоий аҳволи, кундалик ҳаёт, маданият, таълим, илм-фан, меъморчилик билан боғлиқ масалаларни ёритишда катта аҳамият касб этадилар.