Annotation:The author writes about the creative work of the great Eastern thinker Alisher Navoi and his genius. Many scholars of naviveda celebrate his success at the age of seven, he studied the works and knew by heart the dastans Fariddin Attor «Bird speech». Already in adulthood, the great thinker wrote his works in two languages, in Turkic and also in Farsi, when in Turkic under the pseudonym Navoi, and when in Farsi – under the pseudonym Foniy. During his life, Alisher Navoi wrote more than 30 works and at the same time his vocabulary in Old Uzbek language was about 26035 words.

Навоий “Мантиқ ут-тайр”ни неча ёшлигида ёдлаган?

Навоий болалигида, яъни мактабда ўқиб юрган кезлари (“туфулият чоғи мактаб аро”[1]) Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” достонини тўлиқ ёдлаб олганини ёзади. Лекин у бу маҳалда неча ёшда экани ҳеч кимга маълум эмас. Мутахассислар, ҳар ҳолда, ўн ёшларда бўлганини тахмин қилишади, холос.

Лекин навоийшуносликдан узоқ муаллифларга осон, чоғи, қўрқмасдан-нетмасдан: “Навоий ҳазратлари 7 ёш(лар)ида Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асарини ёддан билганлар”[2], – деб ёзаверишади. Бу борада бир кишигина хато қилса, ҳеч гап эмас. Лекин  бошқа бир ерда ҳам: “Алишер етти ёшида Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асарини ёд олган”и айтилади[3].

Навоийга муносабатда бундай тахминларга ўрин бермаслик керак. Бу ерда ёшини кичрайтириб кўрсатиш билан шоирнинг обрўйи ортиб қолмайди ҳам.

Навоийнинг нечта тахаллуси бор?

Ушбу сатрлар муаллифи 1992 йили “Фан” нашриётида чоп этилган “Ишқ, ошиқ ва маъшуқ” рисоласида навоийшуносликдаги бир хато қарашга аниқлик киритиб, “Фоний” Навоийнинг ҳам форсий, ҳам туркий тахаллуси эканини илман исботлашга уринган эди. Чунки шоир ўзининг “Лисон ут-тайр” достонини айнан “Фоний” тахаллуси билан битади. Бу достон эса ўзбек тилида яратилган. Ҳажм жиҳатидан “Лисон ут-тайр” асари “Девони Фоний”га яқин туради.

Шунга қарамай, ҳанузгача бу борада эски хато қараш ўзгаргани йўқдек. Матбуотда тез-тез: “Алишер Навоий туркий тилда ёзган шеърларига “Навоий”, форсий тилдаги шеърларига “Фоний” деб тахаллус қўяди”[4], – деб ёзишаверади.

Навоий олти мингдан зиёд ҳадисни ёд олганми?

Ўтмишда ўтган буюкларимиз ҳақида чўққан-барака маълумотлар келтиришга мойил бўлиб қолганга ҳам ўхшаймиз. Ҳолбуки, илм ҳар қандай тарихий шахс ҳақида асосли, мўътабар манбаларга суянган ҳолда айтилган, ишончли маълумотлар келтиришни талаб этади.

Бир журналда: “7 ёшли Низомиддин Мир Алишер Навоий буюк муҳаддисимиз Бухорий ҳазратларининг олти мингдан зиёд ҳадиси шарифларини ёд билган”[5], – деган жумлага дуч келамиз.

Биринчидан, ҳадислар Бухорийники эмас, Муҳаммад пайғамбар(с. а. в.)ники. Бу буюк ватандошимиз уларни саралаган, саҳиҳларини ажратган. Иккинчидан, Навоийнинг ўз асарларида, бу зот ҳақида бошқа манбаларда ҳозирча бундай аниқ маълумотга дуч келганимиз йўқ. Шундай экан, бу осмон чўққи гапни муаллиф қаердан олиб айтяпти экан?

Навоий нечта асар яратган?

Алишер Навоийдан улкан мерос боқий қолди. Айрим мутахассислар унинг асарлари сонини 30 та деб кўрсатишади[6]. Яқинда Туркия киноижодкорлари билан ҳамкорликда ишланган “Дунё адабиётининг чинори” ҳужжатли фильмида ҳам буюк бобокалонимиз асарлари сони 33 та экани қайд этилди.  Бу – мантиққа зид ҳисоб-китоб.

Филология фанлари доктори, профессор Баҳром Бафоев шоир асарларида ишлатилган сўзларни ўрганиб: “...Эски ўзбек тилида ижод қилинган 24 асарида жами 26035 та сўз қўлланган”, – деган хулосага келган. Ҳолбуки, олим ўрганган, лекин бу ерда “асар” деб ҳисоблаганларнинг  айримлари тўплам ва улар амалда бир неча асарни ўз ичига қамраб олган.

Агар гап шоирнинг бир муқовада жамланган китоблари ҳақида бораётган бўлса, эҳтимол, 30 тача бўлар. Чунки шоирнинг 9 (мухлислари 1466 йили тузган, илмда “Илк девон” номини олган девон, 1471 йили Шерозда тузилган, илмда “Оққуюнли мухлислар девони”[7], ўзи тузган “Бадоеъ ул-бидоя” ва “Наводир ун-ниҳоя” девонлари, “Хазойин ул-маоний”га кирган “Ғаройиб ус-сиғар”, “Наводир уш-шабоб”, “Бадоеъ ул-васат”, “Фавойид ул-кибар” девонлари,  ва форс-тожик тилидаги “Девони Фоний”) девони, таржима йўли билан яратилган 2 шеърий тўплами (“Арбаъин”, “Назм ул-жавоҳир”), жами 6 (“Хамса”га кирган “Ҳайрат ул-аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъайи сайёр”, “Садди Искандарий”  ҳамда  “Лисон ут-тайр”) достони, 2 (шоирлар ҳақидаги “Мажолис ун-нафоис” ва шайхлар ҳақидаги “Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват”) тазкираси, 3 (“Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”, “Хамсат ул-мутаҳаййирин”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад”) маноқиби, тил ва адабиёт назарияси билан боғлиқ 3 (“Муфрадот”, “Мезон ул-авзон”, “Муҳокамат ул-луғатайн”) рисоласи, яна 3 (“Маҳбуб ул-қулуб”, “Вақфия”, “Муншаот”) насрий-бадиий ва илмий-тарихий асари мавжуд. Шуларни номма-ном санасак, ҳақиқатан ҳам,  30 га яқинлашади, аниқроғи, 29 та бўлади.

Бундай хато қараш ҳақида ўз вақтида устоз навоийшунос, филология фанлари доктори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, профессор Абдуқодир Ҳайимтетов ҳам бонг урган эдилар: “Навоийнинг ўзбек тилидаги шеърларининг умумий миқдори “Хазойин ул-маоний” бўйича 3.130 тадан ошади. Бунга шоирнинг “Девони Фоний”даги, бошқа асарларидаги лирик шеърлари қўшилса, 4.000 тадан ортади. Бироқ Навоий ҳақидаги асарларда, шу жумладан, навоийшуносларнинг асарларида шоир яратган асарлар миқдори бир ўринда 20 та, иккинчи ўринда 26 та, учинчи ўринда 32 та деб кўрсатилади. Бизнингча, Навоий асарларининг миқдорини бошқача санаш, унинг ҳар бир шеърини, у ғазал бўладими, қитъа бўладими, рубоий  бўладими (ва ҳоказо), бундан қатъи назар – бир тугалланган асар, деб ҳисоблаш керак. Масалан, А. С. Пушкин ёки М. Ю. Лермонтовнинг ҳар бир шеъри алоҳида бир асар деб қаралади-ку! Навоийнинг ўзи ҳам ўзини 20 та ёки 26 та асар ёзган деб ҳисобламаган, аксинча, ўзининг бир қитъасида, менинг асарларим миқдори мингларча, уларни ҳеч ким ўғирлаб, тўла ўзлаштириб кета олмайди, деган:

Эй Навоий, сўз ила онча гуҳар сочтингким,
Баҳру кон кирди қаро ерга сенинг килкингдин.
Бирига ё ўнига ё юзига ё мингига
Дегай эл, найлагай ортуқ эса эллик мингдин?”[8] 

Тўғри-да, ахир, бор-йўғи икки сатрдангина иборат фард ҳам – бир яхлит асар-ку. “Хазойин ул-маоний”даги мавжуд тўрт девоннинг ҳар бирида ғазалнинг ўзидан нақд 650 тадан, жами 2 минг 600 та бор-ку. “Девони Фоний”да жами 556 ғазал мавжуд. “Хазойин ул-маоний”га кирмай қолган ғазалларини ҳисобга олмаганда ҳам, ўзи девонларига киритган ғазалларининг умумий сони 3 минг 156 тани ташкил этяпти-ку.

Биринчидан, ўтмишда яшаб, қалам тебратган бошқа шоир ва ёзувчиларимизга қараганда, Навоийнинг ўзи меросини пухта-пишиқ ҳолда тартибга солиб, китобат қилдириб, келажак авлодларга қолдириб кетган. Чунки умрининг охирларида ёзилган “Муҳокамат ул-луғатайн”да ўзи санаган асарларидан бизгача етиб келмагани йўқ.

Иккинчидан, буюк мутафаккирнинг бутун мероси илк бор 1987 – 2003 йиллар мобайнида “Фан” нашриётида 20 жилд сифатида тўлиқ чоп этилди.

Модомики, бугун қўлимизда улуғ шоир ва мутафаккир асарларининг мукаммал нашри мавжуд экан, нега унинг асарлари сонини аниқ қилиб кўрсатиш мумкин эмас?!

Бизнинг ҳисоб-китобимизга кўра, Навоийнинг ўзи китобларига киритган асарлари умумий сони 4 минг 544 (1 асар, яъни “Рисолайг бари и тийр андохтан” муаллифи масаласи баҳсли экани ҳисобга олинса, 1 минг 543) тани ташкил этади. “Мукаммал асарлар тўплами”нинг 20-жилдига “Расмий девонларга кирмаган шеърлар” ҳам берилган. Уларнинг сони қуйидагича: 35 ғазал, 4 қитъа, 1 марсия, 1 тахмис, булардан ташқари, турли манбаларда Алишер Навоийга нисбат берилган 14 байт илова қилинган. Агар бу иловалардаги битган 41 асарнигина қўшганда ҳам, умумий рақам 4 минг 585 тани ташкил этади.

Навоий асарларида учраган парчаларнинг бари – ўзиникими?

Бу савол ўртада яна бир масала кўндаланг турганини кўрсатади. Буюк шоирнинг кўплаб насрий асарлари амалда талай шеърий сатрлар билан безатилган. Уларнинг аксарияти – тугал шеърий асар: ё рубоий, ё қитъа, ё маснавий, ё фард.

“Бадойиъ ул-бидоя” девони ҳамда “Хазойин ул-маоний”га битилган дебочалар,  “Мажолис ун-нафоис” тазкирасининг “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим” деб бошланган кириши, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Вақфия”, “Хамсат ул-мутаҳаййирин”, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо” ҳамда “Тарихи мулуки Ажам” (бу асарни 50 байт, яъни 100 мисрали маснавий билан якунлайди ҳам)  шоир  асарлари эса бошдан-охир насрий-шеърий аралаш тарзда ёзилган.

“Муншаот” тўпламининг “Муқаддима”си ва ундаги жами 103 мактубдан 84 тасида шеърий сатрлар учрайди,  фақат 19 мактубда (9-, 19-,  25-, 26-, 27-, 29-, 30-, 31-, 34-, 35-, 38-, 44-, 46-, 51-, 55-, 57-, 91-, 99- ва 100-мактубларда) шеърий парча йўқ, холос.

“Муҳокамат ул-луғатайн” рисоланинг бошланиши ва тугалланмасида шоир фикр-мулоҳазаларининг тасдиғи сифатида бир неча шеър битади. Албатта, асарда бошдан-охир тил масалалари таҳлили жараёнида фикр-хулосасига факт-мисол (аргументация) сифатида ҳам талай шеърий парчалар келтирган. Аммо уларнинг аксарияти тайёр асарлардан олинган, яъни бу рисола учун махсус битилмаган. Аммо бу асардаги шеърларни айнан шу жиҳатдан тасниф қилиш, келтирилган парчаларнинг бевосита кимнинг қаламига мансублиги ва қайси асардан олинганлигини аниқлаш учун махсус тадқиқот олиб бориш керак.

“Мезон ул-авзон” рисоласини муаллиф махсус битган бир рубоий билан якунлайди. Асарда келтирилган бошқа барча шеърий парчалар бошқалардан олинган ва вазнни исботлаш учун мисол тариқасида келтирилган. Аммо  ҳанузгача бу рисоладаги шеърий парчалар айнан кимнинг қаламига мансуб ва у қайси асарлардан олингани илмда махсус тадқиқ этилганича йўқ.

Навоийнинг биргина “Муножот” асарида шеърий матн учрамайди, холос. Насрий-шеърий аралаш битилган асарлардаги шеърларнинг аниқ миқдорини чиқариш, уларнинг жанрларини аниқлаштириш, шоирнинг ўзи уларни келтираётган нима деб атагани хусусиятларини ўрганиш ҳам – алоҳида тадқиқотга мавзу бўлгулик масала.

Ана ўшанда биз, ҳозир баъзан учраб турганидек, буюк бобокалонимиз асарида келтирилган бировнинг шеърини, унинг ўзиники, деб ҳисоблаш касалидан халос бўламиз.

Шуни ҳам инобатга олишимиз керакки, насрий асарларида учрайдиган шеърларнинг айримларини муаллиф, масалан, “рубоий”, “қитъа” тарзида аввал унинг  жанрини айтган ҳолда келтиради. Бу уларнинг мустақил асар эканини тўла тасдиқлайди. Чунки, масалан, рубоий бор-йўғи тўрт сатрдан иборат бўлади ва бу, насрий асарда келтирилган бўлса ҳам, мустақил бир рубоий ҳисобланаверади.

Ҳозирча тахмин қилиш мумкинки, бу шеърий парчаларнинг ҳар бирини, шартли равишда, алоҳида асар санайдиган бўлсак, биз юқорида келтирган саноққа яна камида 1 мингтача шеър қўшилади.

Навоий нечта жанрда ижод қилган?

Алишер Навоий лирикасини тадқиқ қилган олимлар шоирнинг 16 лирик жанрда ижод қилганини қайд этишган. Шу-шу кўплар матбуот, радио ва телевидение орқали чиқишларида, турли учрашувларда  билиб-билмай: “Навоий 16 жанрда ижод қилган”, – дейдиган бўлиб қолди. Биргина мисол билан чекланамиз: “Алишер Навоий 16 та адабий жанрда ижод қилган”[9]. Бу жумладаги “адабий” сўзи ўрнига “лирик” сўзи қўллансагина фикр тўғри бўлар эди.

Шу ахборотни газета ёки журналда ўқисангиз ҳам, радио ёки телевидение орқали эшитсангиз ҳам, унинг мутлақо хато эканини муаллиф ёки сўзловчига ҳам, энг ёмони минг-минг ўқувчи ёки тингловчига ҳам айта олмайсиз. Оқибатда ўқиганлару эшитганлар онгида шу асоссиз фикр муҳрланиб қолаверади.

2017 йил февралида ўтказилган навоийхонлик тадбирларида, айрим матбуот чиқишлари ҳамда радио ва телевидение материалларида баъзилар шоирнинг 16 та жанрда ижод қилганини айтишди. Йўқ – бу хато.

Келинг, яхшиси, Алишер Навоий айнан нечта жанрда асарлар яратганини аниқлаштириб олайлик. Ахир, бу масалани аниқ-тиниқ аниқлаш учун қўлимизда унинг “Мукаммал асарлар тўплами” бор-ку, санаш унчалар мушкул иш эмас-ку.

“Хазойин ул-маоний”га кирган девонлардаги жами 16 жанр  –қуйидагилардан иборат: ғазал,  мустазод,  мухаммас,  таржиъбанд, (лирик) маснавий, қитъа, рубоий, таркиббанд, муаммо, мусаддас, қасида, чистон (луғз), туюқ, мусамман,  соқийнома,  фард. Форс-тожик тилида “Девони Фоний”да “Хазойин ул-маоний”га кирган девонларда учрамайдиган 2 та лирик жанр – марсия билан таърих мавжуд.  Шунинг учун, Навоий туркий ва форсий тилда жами 18 лирик жанрда ижод қилган, деб ҳисоблашимиз зарур.

Шоир “Бадойиъ ул-бидоя”га ҳамда “Хазойин ул-маоний”га алоҳида-алоҳида “Дебоча”лар битади. Бу ҳам, аслида – бир алоҳида, яъни 19-жанр. 20-жанр – муножот. Улуғ мутафаккирнинг навоийшуносликда “Муножот” номи билан машҳур бўлган  ихчам насрий асари жанрини шундай белгилаш мумкин. Аслида, Навоий лирик асарлари орасида ҳам муножот-ғазал, муножот-рубоий ва бошқалар бор, олти достони бошланиш қисмларида ҳам муножот боблар мавжуд. Лекин илмда дастлаб шоирнинг ўзи тузган “Куллиёт”и учун махсус сўзбоши сифатида ёзилган деб қаралган, кейинроқ эса  Аллоҳга тавба-тазарру ва илтижолар қилиш илинжида махсус битилган асар сифатида баҳоланган бу насрий асар жанрини “муножот” белгилашдан бошқа йўл йўқ қолмади.

Достон – 21-жанр. Навоий олти достон битган.  22-жанр – тазкира (“Мажолис ун-нафоис”,  “Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват”). 23-жанр – ижтимоий-публицистик панднома (“Маҳбуб ул-қулуб”). 24-жанр – мактуб (иншо) (103 мактубдан иборат “Муншаот”). 25-жанр – ҳолот-маноқиб (“Хамсат ул-мутаҳаййирин” маноқиби, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад”). 26-жанр – илмий рисола (“Муҳокамат ул-луғатайн”, “Мезон ул-авзон”, “Муфрадот”). 27-жанр – тарихий рисола (“Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Тарихи мулуки Ажам”). 28-жанр – вақфнома (“Вақфия”). 29-жанр – назмий рисола (“Сирож ул-муслимин”). 30-жанр – назмий таржима (“Арбаъин”, “Назм ул-жавоҳир”). 31-жанр – тахмис(Лутфий ва Ҳусайний ғазалиларига бағишланган тахмислар).

Шундай қилиб, Алишер Навоий бутун ижодида жами 31 адабий-ижодий жанрда асар яратгани  аёнлашди. Шунинг ўзи ҳам – баъзи олимларимиз ўйламай-нетмай келтирган рақамдан икки баробар кўп. Шоир амалда форс-тожик адабиётида мавжуд барча жанр ва арузий вазнларда ижод қилишни ўз олдига мақсад янглиғ қўйган  ва бу вазифани шараф билан бажарган эди.

Навоийдан йўқ нарсани изламайлик!

Навоий билан бизни, эҳ-ҳе, қанча-қанча замонлару неча-неча маконлар ажратиб туради. Бу буюк соҳиби қалам асарларидаги асл маънони тушуниш учун ўша замону ва ўша маконга “қайтиш” керак. Акс ҳолда, қаттиқ адашамиз.

Навоийга ҳозирги замон қолиплари билан ёндашиб, унда ғоя    қидириш – мутлақо хато усул. Шўро даврида шундай қилинди.

Масалан, собиқ иттифоқ федератив давлат, кучли бир империя эди. Шунинг учун халқлар дўстлиги ғоясини ўлиб-тирилиб тарғиб этди. Амалда миллатлараро тенглик таъминланмаган, дилда тамоман бошқа мақсад-муддаолар ётган бўлса ҳам, тилда миллатлар ўртасидаги дўстлик тараннум этилди.

“Фарҳод ва Ширин”га шу қолип билан ёндашилди-да: “Ана халқлар дўстлигию мана халқлар дўстлиги! Бундаги географик кенгликни қаранг!  Фарҳод – хитойлик, унинг севгилиси бўлмиш Ширин – арманиялик, унинг қадрдон дўсти бўлмиш Шопур – эронлик!” – деб бонг урдик.  Ҳозиргача ҳам бу достон ҳақидаги омманинг содда тасаввурлари шунга ўхшаш сохта қарашлардан нарига ўтмай келяпти. Шу достоннинг русча, тожикча ва озарбойжонча таржималари асосида диссертация ёқлаган мутахассис сифатида баралла айтаманки, достонда бундай талқиндаги “халқлар дўстлиги” ғояси мутлақо йўқ. Фарҳоднинг хитойлик, Шириннинг арманиялик ва Шопурнинг эронлик бўлиши асарда тамоман бошқа ғоявий-бадиий мақсадлар учун хизмат қилган. Бу ғоявий-бадиий мақсадлар айнан нималардан иборат эканини аниқлаштириб тушунтириш учун алоҳида тадқиқот керак. Бу ерда бунинг имкони йўқ.

Шўро даврида Ўзбекистонимизда қўриқ ерларни ўзлаштириб, у ерларга Амударё ва Сирдарё сувларини олиб бориш бош масалалардан бирига айланди. У қилдик, бу қилдик, ишқилиб, Оролни ўз қўлимиз билан қуритдик. Шундай кезларда “Фарҳод ва Ширин” жуда-жуда асқотди-да ўзиям. Чунки достонда Фарҳоднинг  канал қазиб, сув келтириши тасвири бор эди-да. Ҳатто, уруш йиллари катта ҳашар билан ишга туширилган ГЭСнинг номини ҳам “Фаврҳод” деб қўйдик.

Ҳолбуки...

Достонда Фарҳод чўлга сув чиқаргани йўқ. Мутлақо! Қайтанга, бир кишининг орзу-ҳаваси учун халқ азоб-уқубат чекди. Гап шундаки, Армания ҳукмдорининг эркатой жиянчаси бўлмиш Ширин  тоғнинг тепасида ўзи учун бир қаср қурдирмоқчи бўлди. Қаср тикланса-ю, сув бўлмаса, унинг қасрлиги қаерга борар эди?! Шу иморат атрофидан сув айланиши керак. Сув эса – узоқда. Тоғнинг нари ёғида бир булоқ бор. Уни одамлар “Айн ул-ҳаёт”, яъни “Ҳаёт булоғи” деб аташади. Қасргача орада ўн йиғоч[10] масофа бор.

Уч йилдирки, икки юз уста тоғда ариқ қазади. Ҳар теша урганда нўхатдай-нўхатдай тош учади. Инсон зоти бундай азобни кўрган эмас (“Ки кўрмай кимса андоқ ажз ҳаргиз”[11]). Уч йилда икки-уч юз қадам қазилди, холос.  “Машаққатдин йигитни эл қари дер”[12]. Синмаган тешаю метин қолмади (“Ушолмай қолмади метину теша”[13]). Усталар бу ишнинг оғирлигидан қон йиғлади, лекин ишбошилар зуғумини қўймади (“Алар қон йиғлабон мундоғ анодин Вале саркорлар тинмай жафодин”[14]). Азоб-уқубат шу даражага етган эканки, усталар дардларини Фарҳодга тўкиб солди ҳам (“Гаҳи фарёду афғоне чекарбиз, Гаҳ иш қилмоқ учун жоне чекарбиз”[15]). Аммо Меҳинбоную Ширин уларнинг узрларини қабул қилмайди (“Нечаким зоҳир этсак узри маъқул, Алар оллинда эрмас узри мақбул”[16]).  Фарҳоднинг уларга қаттиқ раҳми келди (“Кўруб сизни тутун бошимға ошди, Тутун неким, ичимга ўт тутошти”[17]).  Ана шунда машҳурдан-машҳур:

Ҳунарни асрабон неткумдур охир,

Олиб туфроққаму кетгумдур охир[18], –

деган сўзларини айтди-да, ишга киришиб кетди. Қорандан ўрганган ҳунарларини ишга солиб, ҳар ўн-ўн беш тешадан бир катта теша, ҳар ўн-ўн беш метиндан бир катта метин ва бошқа асбоблар ясаб, тоғ қазишни бошлади.  Бир кунда бир ўзи  икки юз уста уч йилда қазганчалик ариқ қазди.

Ана шу шов-шувли воқеа хабари  саройга етиб, Меҳинбону билан Ширинни ўзи Фарҳодни кўришга келди.

Бу ерда Навоийнинг учта мақсади бор. Биринчиси, Фарҳоднинг элга раҳми келгани, унинг корига ярагани, ҳунарини ишга солиб, эзгу иш қилгани. Иккинчиси, яхшиликка яхшилик қайтгани. Яъни элга қайишган эди,  бунинг савоби етиб, ёрини топди – Шириннинг ўзи уни кўришга келди Учинчиси, Ширин ҳам Фарҳодни севиши учун, адабиётдаги анъанага кўра, йигит бирон-бир “каромат” кўрсатиши, шу тариқа қизнинг диққатини жалб этиши  лозим эди.

Кўриниб турибдики, асарда ҳеч ҳам чўлларга сув чиқариб, қўриқ ерларни ўзлаштириш мақсади йўқ.

Навоийни бугунги кўз билан ўқийлик!

Энди бир жиддий жиҳатга аниқлик киритиб олайлик. Навоий – бошқа замон кишиси. У XV асрда яшаган. Табиийки, унинг айрим қарашлари, хулосалари, талқинлари бугунги давр талабларига айнан мос келмаслиги мумкин. Унда, марҳамат, тадқиқотчи бунга ўз муносабатини билдириши, айнан ана шу мос келмаслик сабабларини баён этиши мумкин. Бироқ бу – уни тескари тушунишдан тамоман фарқ қиладиган ҳодиса.

У давр тушунча-тасаввурлари ҳар жиҳатдан бугунги тушунча-тасаввурларга тўғри келаверади, деб ўйлаш ўта соддалик бўлур эди. Яъни буюк шоир ва мутафаккирнинг айрим ҳаётий қарашлари, нуқтайи назарлари бугунги жамият тартиб-қоидалари, ҳозирги замон кишилари онг-тафаккурига, яшаш тарзимизга тўла мос тушмаслиги мумкин ва бу жуда табиий бир ҳодиса.

“Маҳбуб ул-қулуб”нинг 27-фасли “Шаҳарда олиб сотқувчилар зикрида” деб номланади. Буюк мутафаккир уларни қаттиқ қоралайди. Бу танқидлар шўро даври сиёсатига ҳам “лаббай” деб жавоб берган эди. Хўш, ҳозир-чи?

Албатта, муаллифнинг олиб-сотарларнинг алдоқчилиги, катонни бўз, шолни тўрқа, бўрёни зарбафт пулига сотиши, инсофсизлигини қоралаши  –ҳозир ҳам аҳамиятли.

Бироқ унинг мана бу фикри ҳозирги кунга тўғри келмайди: “Элга зиён анинг суди (яъни фойдаси), ўнғой (яъни арзон) олиб, оғир (яъни қиммат) сотмоқ анинг мақсуди”[19]. Чунки бозор иқтисодиёти шароитида  катта бозорлардан кўтара савдо йўли билан арзонроқ олиб, аҳоли яшайдиган ҳудудларда нисбатан қимматроқ нархларда сотиш орқали  тирикчилик қилиш бугунги қонунчилигимизга зид эмас. Бундай иш билан шуғулланаётган кишининг фойдаси айнан ана шу нархлар ўртасидаги фарқдан келиб чиқади. Кимдир Қўйлиқ кўтара бозоридан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўп-кўп олиб, Сергелидаги кўпқаватли уйлар орасидаги дўконида сотади, дейлик. Албатта, устига нарх қўяди. Лекин сизга бир қадамгина, шундоққина уйингиз ёнида сотилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, сал қимматига бўлса ҳам, бажонидил сотиб оласиз. Қимматлигига розилигингиз шундаки, бу олибсотар йўлингизни яқин қилди, йўлкира сарфламадингиз, вақтингиз тежалди-ку. Амалда бу ҳам – тадбиркорлик. Бунинг жамиятга фойдаси бор.

Демак, Навоийни бугунги кўз билан ўқишга мажбурмиз.

Фойдаланилган манба:

1. Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 12 том. – Т.: Фан, 1996. – Б. 293.

2. С а т т о р о в Ш. Мир Алишер Навоий ҳақида 15 маълумот, 10 ҳикмат ва бир ривоят // Жаноб, 2017, № 1, 6-бет.

3. Жомбой тонги, 2015, 7 февраль.

4. Сатторов Ш.Мир Алишер Навоий ҳа-қида 15 маълумот, 10 ҳикмат ва бир риво-ят // Жаноб, 2017, № 1. – Б. 6..

5. «Ўттизга яқин(?) назмий ва насрий асарларида йигирма олти мингдан ортиқ сўз қўллаган улуғ шоир адабий ўзбек тили-нинг грамматик қурилиши хусусида ҳам эътиборга лойиқ фикрларни ўртага таш-лаган» (Дадабоев Ҳ. Буюк тилшунос // Ўзбе-кистон адабиёти ва санъати, 05.02.2016.

6. «Оққуюнли мухлислар девони” нинг Токио нашри (Адабиётшунос Афтондил Эркинов билан журналист Маҳмуд Саъдий суҳбати) // Ўзбекистон адабиёти ва санъ-ати, 2016, 5 февраль.

7. Ҳайитметов А. Навоийхонлик суҳ-батлари, – Т.: «Ўқитувчи» нашриёти. 1993. 43 – 44-бетлар.

8. Сатторов Ш. Мир Алишер Навоий ҳа-қида 15 маълумот, 10 ҳикмат ва бир ри-воят // Жаноб, 2017, № 1. – Б. 7.

9. Алишер Навоий. Хамса – Тошкент: Фанлар академияси, 1960. – Б. 237.

10. Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 14 том. – Тошкент: Фан, 1998. – Б. 34 – 35.


  • [1]Алишер  Н а в о и й. Мукаммал асарлар тўплами. 12-том. – Тошкент: Фан,  1996. – Б. 293.
  • [2]С а т т о р о в  Ш. Мир Алишер Навоий ҳақида 15 маълумот, 10 ҳикмат ва бир ривоят // Жаноб, 2017, № 1, 6-бет.
  • [3]Қаранг: Жомбой тонги, 2015, 7 февраль.
  • [4]С а т т о р о в  Ш. Мир Алишер Навоий ҳақида 15 маълумот, 10 ҳикмат ва бир ривоят // Жаноб, 2017, № 1. – Б. 6..
  • [5]Ўша нашр. – Б. 6.
  • [6]Қаранг: “Ўттизга яқин (?) назмий ва насрий асарларида йигирма олти мингдан ортиқ сўз қўллаган улуғ шоир адабий ўзбек тилининг грамматик қурилиши хусусида ҳам эътиборга лойиқ фикрларни ўртага ташлаган” (Д а д а б о е в   Ҳ. Буюк тилшунос  // Ўзбекистон адабиёти ва санъати, 2016, 5 февраль.
  • [7]Қаранг: “Оққуюнли мухлислар девони”нинг Токио нашри (Адабиётшунос Афтондил Эркинов билан журналист Маҳмуд Саъдий суҳбати)  // Ўзбекистон адабиёти ва санъати, 2016, 5 февраль.
  • [8]Ҳ а й и т м е т о в  А.  Навоийхонлик суҳбатлари ­ Т.: “Ўқитувчи” нашриёти. 1993. 43 – 44-бетлар.
  • [9]С а т т о р о в  Ш. Мир Алишер Навоий ҳақида 15 маълумот, 10 ҳикмат ва бир ривоят // Жаноб, 2017, № 1. – Б. 7.
  •   [10]Йиғоч – тахминан 12 километрга тенг масофа.
  •   [11]Алишер  Н а в о ий. Хамса – Тошкент: Фанлар академияси, 1960. – Б. 237.  
  •   [12]Ўша нашр. – Б. 238.
  •   [13]Ўша нашр. – Б. ўша.
  •   [14]Ўша нашр. – Б.  237.
  •   [15]Ўша нашр. – Б. 238.
  •   [16]Ўша нашр. – Б. ўша.  [17]Ўша нашр. – Б. 237.