Мақолада Алишер Фоний(Навоий)нинг «Лисон ут-тайр» достонида Аллоҳга ишқ қушларнинг подшоҳ қуш ҳисобланмиш Симурғга ишқи тарзида мажозий йўл билан кўрсатилгани моҳиятини очишга ҳаракат қилинади. Бунинг учун қисман шоирнинг «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» достонлари ҳамда айрим ғазал ва қитъаларидаги ишқ талқинларига ҳам суянилади.

В статье рассматривается эпическая поэма Алишера Навои «Лизон ут-Тайр», где образно раскрыта попытка показать любовь птицы к царю птиц Симургу. Поэт также применял интерпретации любви в некоторых своих газелях «Фарход и Ширин», «Лейли и Меджнун». В прошлом, на мусульманском востоке, любовная тема была одной из глав-ных искусств слова. В те времена в литературных жанрах начали толковать мистиче-ские идеи в любовной сфере, которые очень расширялись. Мистическая литература со-вершенствовалась, изображая любовные чувства человека. В этих произведениях обра-зы героев являются уникальными.

Алишер Фоний (Навоий)нинг «Лисон ут-тайр»и ҳақида фикр юритаётганда биринчи галда, албатта, буюк шоир ва мутафаккирнинг ўзига таяниш керак. Чунки у «Муҳокамат ул-луғатайн»да бу достони хусусида мана бу сатрларни битиб кетган: «Чун «Лисон ут-тайр» илҳоми била тараннум тузупмен, қуш тили ишорати била ҳақиқат асрорин мажоз суратида кўргузупмен».

Хўш, «Лисон ут-тайр» ҳақида айтилган «ҳақиқат асрори» ‒ нима дегани-ю, «мажоз сурати» ‒ нима дегани?

Ишқ мусулмон Шарқи ўтмиш сўз санъатининг бош мавзуси эди. Адабиёт «тасаввуф» деб аталадиган ирфоний-фалсафий таълимот ғоялари тарғиби ва талқинига ўтганидан кейин ишқ тушунчасининг қамрови ниҳоятда кенгайиб кетди. Энди бадиий асарлардаги ишқ талқини ўта нозик масалага айланди. Тасаввуфий йўналишдаги сўз санъати намуналарида учрайдиган ишқ тасвирини бир йигитнинг бир қизга ёхуд бир қизнинг бир йигитга муҳаббатигина деб тушуниш ярамайди. Қизиғи шундаки, ишқни ана шу табиий инсоний туйғудан айри тасаввур қилиш ҳам мумкин эмас. Чунки одатда лирик қаҳрамон ошиқ тимсолида намоён бўлади ва лирикада, хусусан, ғазалларда у бошдан-охир ёрининг гўзаллигини куйлайди, унинг бўйи, бели, сочи, юзи, кўзлари, қошлари, қабоқлари ва ҳоказоларини таърифу тавсиф этади, ана шундай гўзал моҳилиқо васли учун жонини ҳам қурбон қилишга тайёр эканини билдиради ва ҳоказо.

Тасаввуфий адабиётнинг камолоти даврларига келиб эса энди ишқсиз кишини одам санамаслик даражасига бориб етилди. Бобокалонимиз Алишер Навоийнинг «Лисон ут-тайр» достонида бир қуш Симурғни излаш унга оғирлик қилишини, бу мушкул йўлни босиб ўтиш учун шернинг кучидек қувват бўлиши лозимлигини, ўзининг эса мўр, яъни чумолидек нимжонлигини айтади. Қушларнинг раҳнамоси ‒ Ҳудҳуд унинг бу фикрини тамоман рад этар экан, Симурғни излаш ишқнинг иши эканини, ошиқ бўлмаган кишини эса одам санаб бўлмаслигини уқтиради.

Ишқнинг нима эканини биламиз-у, бироқ, юқорида айтилганидек, биз уни, бир жинсга тегишли кишининг иккинчи жинс вакилига муҳаббати, деб тушунамиз, холос-да. Масалан, Навоий ижодида учраган «ишқ» сўзи эса бундан кўра минг чандон теранроқ ва кенгроқ маъноларни англатиб келиши даб-дурустдан хаёлимизга келмайди ҳам.

Биз «ишқ» калимасини ўз онг-сезимимиз билан тушуниб келаётган бир пайтимизда Навоий кутилмаганда икки ишқ ҳақида сўзлаб қолса-чи?

Улуғ шоиримизнинг буюк «Хамса»сидаги «Фарҳод ва Ширин» достони, бир қарашда, бизга яқин мавзуда битилган, яъни унда Чин хоқонининг ўғли ‒ Фарҳоднинг Армания ҳукмдори бўлган Меҳинбонунинг жияни ‒ Ширинга ишқи машмашалари қаламга олинган. Сюжет асосида фикрласак, Фарҳод орзусига етолмайди. Фитналар қурбонига айланади. Ёлғонларга ишониб, ҳалок бўлади. Унинг ишқига содиқ Ширин ҳам ихтиёрий равишда жон таслим қилади. Шоир достонини якунлашга тушар экан, Фарҳоднинг ёр кўйида барча ҳою ҳаваслардан, подшоҳлигу диёру хонумондан, ҳатто, охири шириндан-ширин жондан ҳам кечганини, фоний бўлганини, яъни шу йўлда оламдан ўтганини айтади-ю, биз даб-дурустдан ҳазм қилолмайдиганимиз бир фикрни ‒ Фарҳоднинг мажози ҳақиқатга бадал бўлгани ғоясини илгари суради.

«Ҳақиқат» сўзини биз биламиз. Содда қилиб айтганда, бўлиб ўтган воқеа ё ҳодисанинг айнан ўзи ҳақиқат бўлади. Аммо «мажоз» нима? Х асрдан то ХХ аср бошларигача бўлган манбалар асосида тузилган «Тожик тилининг изоҳли луғати»да бу сўзнинг уч маъноси шарҳланган. Бу арабча сўз аслан «ўтиш пайти», «кўчиш жойи» деган маъноларга яқин тушунчани англатади. Иккинчи маъноси эса ‒ «ҳақиқатга зид», «ғайриҳақиқат». Учинчи маъноси унинг адабиётшунослик истилоҳи сифатида қўлланишида кўринади. Яъни бирон-бир сўзга ҳақиқий бўлмаган, лекин асл маъно билан муайян ўхшашлиги бор янги, яъни кўчма маънони юклашга ҳам «мажоз» дейилади.

Гап шундаки, «ҳақиқат» ва «мажоз» сўзлари ‒ бевосита ишқ билан боғлиқ атамалар. Тасаввуфий адабиётда ишқ иккига бўлинади: ишқи ҳақиқий ва ишқи мажозий. Шу нарсани аниқ ажратиб олмас эканмиз, кўп ўринларда калаванинг учини йўқотиб қўямиз.

Шу ўринда филология фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Имомназаровнинг «Шарқ юлдузи» журнали 1988, 1990 ва 1991 йилги 4-сон ларида чоп этилган «Ҳақиқат ва мажоз» сарлавҳали уч қисмдан иборат бақув-ват тадқиқотини мамнуният билан эслаш керак.

М. Имомназаровнинг: «Амир (Навоий ‒ С. О.) «ҳақиқий ишқ» талқинида ҳали расмий анъанани ёриб чиқиб кетишга журъат этмайди, бу бениҳоя оғир вазифани кейинга қўяди» ҳамда: «Хамса» давомида «ҳақиқий ишқ» ҳақидаги расмий анъана нуқтаи назари ва даҳо шоир бадиий тасаввури орасидаги пинҳона зиддият, очиқ ифода этилмаган қарши кураш кучайиб боради», ‒ каби мулоҳазалари, умуман, мақолада: «Навоийда мажозий ишқ ‒ бирламчи», ‒ деган ақидада қатъий турилганидан келиб чиқиб, бу ерда шунга тамоман тескари фикрни исботлашга ҳаракат қиламиз.

Бизнинг назаримизда, Навоий асарларида ишқи ҳақиқийдан мақсад ‒ ишқи мажо-зий эмас, тамоман аксинча, ишқи мажозийдан мақсад ‒ ишқи ҳақиқийни куйлаш./

«Ҳақ» деганда «Худо» кўзда тутилади. Тасаввуфий адабиётда «ҳақиқат» ёки «ишқи ҳақиқий» атамалари орқали эса Аллоҳга ишқни тушуниш лозим. Чунки ёр, яъни маъшуқ ‒ Худонинг ўзи. Тангрига ишққина ҳақиқий бўлади. Чунки ундан бошқа барча нарсалар ‒ сохта, яъни ясалган ёхуд яратилган, яна ҳам аниқроқ қилиб айтганда, махлуқ, яъни халқ қилинган. Ҳатто, инсон ҳам. Шунинг учун дунёдаги энг буюк гўзаллик ‒ Тангрининг ўзи. Гўзалликда ундан ўтадиган ҳеч нарса йўқ бу оламда ва бўлиши ҳам мумкин эмас.

Савол берилиши мумкин: «Ахир, дунёдаги инсоний гўзалликнинг ўндан тўққизини ‒ Юсуф пайғамбар(а.)га, қолган биргина бўлагини жамики одамларга берган, деган ақида рост бўлса, Юсуф энг чиройли, энг хушрўй зот эмасми? Ёки Навоий Ширинни ҳам, гўзаллар гўзали, тарзида тасвирлайди-ку!..»

Йўқ. Юсуфнинг ҳам, Шириннинг ҳам, борингки, ҳар қандай инсон ҳаётда учратгани энг гўзал бошқа кишиларнинг ҳам чиройи ҳақиқий эмас. Нега? Шунинг учунки, бу одамларга Худо ўз гўзаллигининг суратинигина берган: ахир, ойнадаги сурат ҳақиқийми ё шу ойна рўпарасида турган гўзалнинг ўзими? Албатта, кўзгу қаршисидаги гўзалнинг ўзи ‒ ҳақиқий. Биз кўриб турган мавжуд олам, демакки, Ер юзида яшаётган одамлар ҳам, худди кўзгу каби, Аллоҳ гўзаллигини акс эттирувчи бир воситагина, холос. Бу оламда фақат Тангри буюк гўзаллигининг зарраларигина акс этади, вассалом. Шу сабабдан ҳам бу оламдаги гўзалликни севиш, борингки, бир йигитнинг бир хушрўй қизга муҳаббати ҳам ‒ ишқ, аммо у ҳақиқий эмас, балки мажозий ишқ. Шундай экан, мажозий ишқ тушунчаси ўз ичига фақат икки жинс ўртасидаги муҳаббатнигина эмас, ҳар қандай ишқни қамраб олади. Масалан, адабиётда бу ишқ хожа билан қул, шоҳ билан гадо, гул билан булбул, ўқ билан ёй (камон) ва ҳоказолар ўртасидаги муҳаббат тарзида ҳам тасвирланаверган. Фақат бир шарти бор: ана шу ишқ замирида амалда Аллоҳга ишққа ишора яширинган бўлиши зарур.

Хўш, ҳақиқий гўзаллик Аллоҳ бўлса, ўзи қолиб, унинг сурати ё акси ҳисобланмиш гўзал бир қизни севмаслик керакми? Тасаввуфий адабиётда бундай чеклаш йўқ. Чунки ана шу бу оламдаги гўзални севиш ҳам, агарчи бевосита бўлмасада, билвосита ўша олий гўзалликни севишнинг бир учқуни-ку. Аллоҳни севган киши у яратган гўзалликка ҳам маҳлиё бўлавериши мумкин. Демак, Навоий: «Ҳақиқатга бадал бўлди мажози», ‒ деганда: «Фарҳод мажозий ишқ, яъни Ширинга муҳаббат йўлида ҳамма нарсадан воз кечди, ҳатто, жонининг ҳам баҳридан ўтди, шу тариқа руҳан ёрига қўшилди, демак, унинг ана шу мажозий ишқи охири ҳақиқий ишққа айланди, у Аллоҳнинг васлига мушарраф бўлди», ‒ демоқчи.

Агар пок ният билан севилса, мажозий ишқ ҳам, яъни реал инсонга бўлган муҳаббат ҳам, худди Фарҳоднинг Ширинга ишқи каби, ҳақиқий ишққа айланади.

Ғазал ва қитъаларидан келтирганимиз бу парчалардан билдикки, Навоий ижодида ҳақиқат билан мажоз аксаран ёнма-ён келади, улар бир-бирига қиёс қилинади, бир-бирига қарамақарши қўйилади, аммо шу аснода бу икки ишқ орасида муносабат, яқинлик, ўзаро боғлиқлик ‒ қоришиқлик ҳам очила боради. Филоқибат, ўқувчида: «Инсонни Худони севганчалик сев!» ‒ деган ажойиб бир хулоса пайдо бўлади Чунки Аллоҳ инсонни бу дунёда Ўзини кўриш учун яратган. Ишқ ҳақида бундан ортиқ сўзлаш мумкинми?!

Яна бир жиҳат бор. Мажозий ишқ киши жисмини фоний қилиш билан тугайди. Жисмдан кечмай туриб ҳақиқий ишқ, яъни боқийликка эришиш мумкин эмас.

Инсонни ташкил этадиган унсурларни тасаввуфий маънода бир доира ичига олиб кўрсатилгудек бўлса, уни уч нарса ‒ нафс, жисм ва руҳ эгаллаган бўлади. Инсон вужудсиз эмас. Бу вужуд, яъни жисм эса ‒ нафс билангина тирик. Аммо ишқ ‒ руҳ эҳтиёжи. Уни, жисм эҳтиёжи, деб ҳисобласак, бу пок ишқ бўлмайди. Руҳ эҳтиёжини қондириш керакми ё жисм эҳтиёжиними? Руҳ эҳтиёжи билан жисм эҳтиёжи ‒ бутунлай бир-бирига қарама-қарши. Руҳ эҳтиёжини қондириш учун ташланган ҳар бир қадам жисмни енгиш орқали кеча бориш йўли билан амалга ошади. Жисмни енгиш учун эса, аввало, нафсни мавҳ этиш керак. Ишқнинг биринчи босқичида жисм ана шу нафсни енгиш билан банд бўлади. Тасаввуфий адабиётда «ишқи мажозий» деб таърифланган, тасвирда эса, жумлдан, инсоннинг инсонга муҳаббати тарзида кўрсатиладиган ишқ фалсафий маънода, аввало, ана шу жисмнинг нафсни енгиш босқичини англатади. Демак, ҳақиқий ишққа етиш учун мажозий ишқ босқичидан ўтиш керак: ахир, жисм нафсни енгиши шарт-ку.

Мажозий ишқ камолга ета боргани сари тилга олинган доирада нафснинг ҳиссаси камаяверади. «Фарҳод ва Ширин» ҳамда «Лайли ва Мажнун» достонларидаги ошиқларнинг ёрига етиш учун ўзининг барча шахсий манфаатларидан воз кечиши, демак, жисм эҳтиёжи бўлган нафсини батамом енга бориши ‒ шундан. Мажозий ишқ ҳадди аълосига етгач, энди доирада фақат жисм билан руҳ қолади. Ҳақиқий ишққа етиш учун эса энди жисмдан ҳам воз кечиш лозим. Ишқи мажозий, яъни инсоннинг инсонга муҳаббати ‒ фақат тирикликдагина насиб этадиган неъмат. Демак, бу ҳам ҳали жисм эҳтиёжидан келиб чиқади. Энди доирада руҳ жисмни енга боради. Манти-қийлик шундаки, умуман, бу дунёдаги тирикликнинг ҳар бир куни ‒ аслини олганда, жисмни маҳв этиш учун ташланган қадам. Ўлим эса тирикликнинг якуни, аммо ишқ давом этаверади. Чунки жоннинг чиқиши ‒ жисмнинггина маҳв бўлиши, холос. Ёр йўлида жисмдан ҳам шу тариқа воз кечилгач, доирани энди тўлиқ тарзда руҳ эгаллайди, инсонда руҳдан бўлак ҳеч нарса қолмайди. Яъни одам бутунлай руҳга айланади. Нафс ва жисмдан буткул қутулган руҳгагина ҳақиқий ишқ, яъни чинакам васл ‒ Аллоҳ билан бирлашиш, бошқача айтганда, ваҳдат насиб этиши мумкин. Тасаввуфий адабиётдаги ошиқнинг олий мақсади ‒ шу!

Шу ўринда бир нарсани аниқлаштириб олишимиз зарур. Хўш, Навоий ижоди дунёвий адабиётга кирадими ёхуд тасаввуфий адабиётгами?

Шўро олимлари, албаттаки, дунёвий адабиётга киритишган. Адабиётни «диний» (ёки «диний-мистик») ва «дунёвий»га бўлиш ‒ Ғарб адабиётшунослигининг ихтироси. Чунки, ҳақиқатан ҳам, ўтган асрларда Ғарб санъати, жумладан, адабиётида динийликдан қутула бориб, дунёвийликка ўтиш жараёни юз берган. Масалан, рассомлар фаришталар сувратини чизган, аммо уларнинг юзини тасвирлашда ўзларига замондош одамларни прототип қилиб олган. Адабиётда ҳам диний сюжетлар асосида дунёвий ҳаётни акс эттиришга уриниш ҳам кўзга ташланади. Борабора диний тасаввурлардан холи бир адабиёт ҳам вужудга келган. Бу жараёнларнинг ҳаммаси ҳақида чуқур таҳлиллар келтиришнинг ўрни эмас. Шу айтмоқчимизки, мусулмон Шарқида эса санъат, жумладан, адабиётнинг дин, хусусан, тасаввуфдан ажралиши жараёни деярли юз бермаган. Юз берган бўлса, бу ХХ асрга келиб амалга ошди.

Шунинг учун бугун, ҳеч иккиланмасдан, Навоий ижоди ‒ тўлиғича тасаввуф адабиёти ҳисобланади, деган нуқтаи назарда қатъий туришимиз керак. Шундагина калаванинг учини йўқотмаймиз. Шундагина буюк шоир ва мутафаккир асарларининг сирлари очила боради.

Унутмайликки, мусулмон Шарқида дин би-лан дунё ўртасида хитой девори қўйилмаган. Ҳолбуки, шўро адабиётшунослиги «Муҳаббатнома»нинг муаллифи Хоразмийдан бошлаб дунёвий адабиёт пайдо бўлганини зўр бериб тарғиб қилди. Бинобарин, Н. Маллаев: «Алишер Навоий ...Хоразмий, Сайфи Саройи, Атоий, Саккокий ва Лутфий каби ўзбек дунёвий адабиёти намояндаларининг энг яхши адабий традицияларини давом эттирди ва ривожлантирди», ‒ деб ёзади.

Бу ўринда баҳсни чуқурлаштирмай, фақат Навоийнинг Лутфий ҳақида «Мажолис уннафоис» тазкирасида келтирган мана бу эътирофини эсга олайлик: «Мавлоно йигитлигида улуми зоҳирийни такмил қилғондин сўнгра Мавлоно Шаҳобиддин Хиёбоний (алайҳираҳма) қошида сўфия тариқида ҳам сулук қилғондур. Азиз ва мўътабар киши эрди. Бу фақир (яъни, Агарчи шоирлик тариқида маъруф ва машҳур бўлди, аммо дарвешлик тариқини доғи илкидан бермади. Бу фақир (Навоий. ‒ С. О.) борасида кўп фотиҳалар ўқубдур. Умид улким, чун дарвеш киши эрди, баъзи мустажоб бўлмиш бўлғай». Ахир, муайян пир ҳузурида сулук қилгани айнан тасаввуф йўлида тарбия топгани эмасми? Ахир, Навоий айнан дарвеш киши бўлгани учун унинг айрим дуойи фотиҳалари амалга ошганини тан олмаяптими? Демак, ўзи тасаввуф йўлида бўлса, дуолар қилса ва унга ишонса, қандай қилиб Лутфийни «дунёвий адабиёт вакили» деб ҳисоблай оламиз? Лутфий шеърларининг мағзи-мағзига ҳам тасаввуф ғоялари сингдирилган.

Энг ёмони шуки, шўро адабиётшунослари бадиий асарлардаги реал ҳаётий воқеалар, соф инсоний муносабатлар қаламга олинган нуқталарни юлиб олиб: «Ана дунёвийлик!» ‒ деб бонг уришган. Хўш, диннинг ўзида, Қуръони каримда, ҳадиси шарифларда бундай реал ҳаёт билан боғлиқлик йўқми?

Н. Маллаев ўз дарслигида: «Форс-тожик тилида жуда бой ва ранг-баранг адабиёт вужудга келди, у жаҳон маданияти хазинасига бебаҳо дурндоналар қўшди. Рудакий ва Фирдавсий, Носир хусрав ва Умар Хайём, Хоқоний ва Низомий, Саъдий ва Ҳофиз, Хусрав Деҳлавий ва Абдураҳмон Жомий каби улкан сўз санъаткорларини етиштирди», ‒ деб ёзганда Фаридиддин Атторни тилга олмайди. Бу бежиз эмас. Чунки у Аттор ижоди-да «реакцион, мистик ақидалар» тарғиб этилган, деб ҳисоблайди: «Диний-мистик адабиёт намояндалари Аҳмад Яссавий ва Боқирғоний изидан бордилар. Фаридиддин Аттор ва Жалолиддин Румий каби машҳур ёзувчиларнинг ижодидаги реакцион, мистик ақидалар изидан бордилар, бадбинлик ва таркидунёчиликни тарғиб қилувчи асарлар яратдилар. Масалан, Ҳисом Котиб (XIV аср) Фаридиддин Аттор достони асосида «Китоби Жумжума» асарини яратади. Ҳисом Котиб бу асарида подшо Жумжума образи орқали бадбинлик ва таркидунёчилик ғоясини илгари суради, унинг қаҳрамони Жумжума «фоний дунё»га эътиқод қўйганидан афсус-надомат чекиб, «охират»ни мадҳ этади. …Афсуски, диний-мистик адабиёт, дин ва тасаввуфнинг ўзи каби, айрим тараққийпарвар ёзувчиларнинг ҳам ижодига салбий таъсир этиб, уларнинг асарларида бадбинлик ва мистика элементларини туғдирар эди».

Шу гапларни битган муаллиф ана энди «Лисон ут-тайр»га келганда қандай йўл тутиши керак? Ахир, бу достонда ҳам айнан бу ўт-кинчи дунёга берилмаслик, фоний бўлиш, шу орқали бақога эришиш, яъни охират ганжинасини қўлга киритиш ғояси тарғибу ташвиқ этилади-ку.

Дарслик муаллифи олдиндан шу ақдалар билан «Лисон ут-тайр»га етиб келганида худди катта бир тўсиққа учрагандек бўлади. Нима қилмоқ керак? Йўлда бирдан тўсиққа учраган киши уни айланиб ўтишга тутинади. Дарсликда ҳам «айланиб ўтиш» қоидаси қўлланган. Ишни осон қилишнинг чорасини кўрган. «Қандай қилиб?» дейсизми?

«Лисон ут-тайр»ни «Мантиқ ут-тайр»га зид қўйиб! Дарсликнинг «Лисон ут-тайр» ҳақидаги қисмида махсус «Лисон ут-тайр» ва «Мантиқ ут-тайр» деган фаслчаси бор. Унда масала аввал: «Хўш, бу икки достоннинг бир-бири-га қандай алоқаси бор? «Лисон ут-тайр» «Мантиқ уттайр»нинг таржимасими? Навоий Атторнинг мистик фалсафий концепциясини тарғиб қиладими?», ‒ тарзида қўйиладида, кейин қуйидаги позициялар илгари сурилади:

1. «Бу икки достоннинг бир-бирига ўхшаш (ҳатто, бир хил) томонлари ‒ кўп, бироқ, шу билан бирга, бу икки достоннинг фалсафий концепцияси бир-бирига зиддир. XII асрнинг мистик шоири Фаридиддин Аттор «Мантиқ ут-тайр»да бутун борлиқ, жумладан, қушлар (кишилар) Худонинг соясидир, улар ўзликларидан воз кечиб, тасаввуфнинг 7 босқичини босиб ўтиб, Фақру фано бўлгандагина Ҳақиқатга ‒ Худога эришадилар, деган ғояни илгари суради. Аттор:

Сурати мурғони олам сар-басар,

Сояйи ўст бидон, эй бехабар

деб, тасаввуфнинг пантеистик қарашини ифода этган бўлса ҳам, бироқ бу пантеизм ҳаётни эътироф қилиш ва уни севишга эмас, балки уни инкор этишга чақиради. Навоий эса бутун борлиққа илоҳиётнинг зуҳури, унинг «ҳикмат билан тўла» инъикоси, деб қарайди, ўзлигини англашга, ҳаётни севишга чақиради. Шундай қилиб, икки асарнинг фалсафий концепцияси ҳам, ўз олдига қўйган мақсади ҳам бошқа-бошқа эди. Мана шу концепция ва мақсад икки асарда бир-биридан фарқ қилувчи ва бир-бирига зид бўлган ўринларни, хусусиятларни вужудга келтиради».

2.  «Навоий Аттор достонидаги қолипловчи ҳикояни ва яна бир неча мустақил ҳикояларни олади, уларнинг сюжети ва образларини деярли сақлаб қолади. Бироқ буларни ўз фалсафий концепциясига / мувофиқлаштиришга, уларга янгиликлар киритишга ва шу билан асарнинг руҳини ўзгартиришга интилади. Навоий «Мантиқ ут-тайр»нинг муқаддимасидаги бадбинлик ва таркидунёчиликни тарғиб қилувчи лирик парчани ташлаб ўтади. ...Реалистик характердаги ҳикоялар «Лисон ут-тайр» билан «Мантиқ ут-тайр» ўртасидаги тафовут ва зиддиятларни янада кучайтиради, «Лисон ут-тайр»нинг ҳаётий моҳияти ва қимматини янада оширади».

3. «Юқоридаги факт ва мулоҳазалар «Лисон ут-тайр» достонининг «Мантиқ ут-тайр»-нинг таржимаси эмаслигини ва бу икки асарнинг фалсафий концепция ва мақсад жиҳатидан бир-бирига зид эканини кўрсатади. Бироқ Навоий табиат ва илоҳиёт ҳақидаги фалсафий концепциясини ошкор баён этолмас эди. Фаридиддин Аттор XV асрда ҳам жуда катта шуҳрат ва эътиборга эга эди. Дунёқарашидаги зиддиятларига қарамай, ҳатто, Навоийнинг ўзи ҳам унга эҳтиром ва эътиқод билан қарар эди. Мана шуларга кўра, Навоий «Мантиқ ут-тайр»дан фойдаланди ва ўз достонини унинг таржимаси деб атади. Асли-да эса «Лисон ут-тайр» билан «Мантиқ ут-та-йр» кўпроқ шакл жиҳатидан бир-бирига ўхшаш бўлиб, моҳият эътибори билан бошқа-бошқа асарлардир».

Ҳолбуки, бу «факт ва мулоҳазалар»нинг бирортаси тўғри эмас. Очиғи, муаллифга ўзи олдиндан белгилаб олган ижтимоий-сиёсий, ғоявий-мафкуравий қолипи халақит қилган. Шу даражага ҳам борилганки, ҳатто, Навоийнинг ўзига ҳам қарши фикр билдирилган. Ҳақиқат ‒ Н. Маллаев фикрига тамоман зид ва у шундан иборатки, «Лисон ут-тайр» «Мантиқ ут-тайр»дан кўпроқ шакл жиҳатидан фарқ қилади, моҳият эътибори билан эса бу икки дос-тон бир-бирига ниҳоятда яқин асарлар ҳисобланади. Айни гипотеза исботи алоҳида тадқиқот бағишлашни талаб қилади учун бу ерда шулар билангина чекланамиз.

Адолат нуқтаи назаридан айтиб ўтиш керакки, дарсликнинг «Лисон ут-тайр» ва «Мантиқ ут-тайр» фаслида икки асар ўртасидаги бир нозик тафовут тўғри қайд этилган: «Аттор достонида қушлар тўғридан-тўғри Симурғни излаш йўлига тушсалар, Навоий достонида қушлар ўрин талашиб, жанжаллашганидан кейин Симурғни излаш йўлига тушадилар».

Келинг, масалага қайтайлик.

«Лисон ут-тайр»нинг 94-бобида Ҳудҳуд бир қушнинг саволига жавоб қайтара туриб, нафсониятини енгган киши пок ва вақтини шарафли ўтказган бўлади.

Достонда шоир нафсониятни енггандан кейин кишида руҳониятдан бошқа нарса қолмаслигини ҳам айтади.

Энди бир мураккаб туюлган масалага шоир қандай қилиб оддийлик киритиб ўтганига диққат қилайлик. Нафсни енгиш, жисмдан воз кечишни бугунги кишилар тасаввур қилиши ‒ анча қийин. Ҳолбуки, вазифа моҳиятини тушуниш биз кўзда тутганчалик мураккаб эмас экан. Яъни Тангри таоло инсонга шунчалик бир улуғ шараф бахш айлаган эканки, агар у ўзидаги барча ёмон ахлоқни бартараф эта олса, Шайтоннинг гапига кириб, фиръавнлар йўлидан юрмаса, унда мусавий сифатлардан бошқа нарса қолмайди. «Мусавий сифатлар» дейилганда эса пайғамбар Му-со(а.)даги гўзал, эзгу сифатлар кўзда тутиляпти. Демак, инсон, ният қилиб, интилса, пайғамбарлар даражасидаги инсоний фазилатларга эга бўлиши мумкин. «Руҳоният» дейилганда айнан ана шу юксак маънавият кўзда тутилаётир.

Сўз санъатида тасаввуфдаги ана шу жисм тўла маҳв бўлгунига қадар юз берадиган жараён ҳам ишқи мажозий воситасида кўрсатилган. Бу эса мантиқан инсоннинг ҳаёти жараёнига мос келади. Демак, адабиётнинг умумийлиги шундаки, ана шу ишқи мажозий тасвири: «Ҳақиқий олий гўзаллик ёхуд эзгуликка интилган одам ўз ҳаётини қандай ўтказиши керак?» ‒ деган саволга жавоб бўлади. Тасаввуф адабиётга шунинг учун керак. Адабиёт тасаввуфга шунинг учун керак.

Албатта, инсон ҳаётни ишқ билан ўтказиши зарур, деган ўта умумий жавоб келиб чиқади тасаввуфий адабиётдаги йирик асарларнинг деярли ҳаммасидан. Аммо ҳаётни ишқ билан ўтказишнинг ҳам талай муайян йўлу йўсинлари бор. Тасаввуфий адабиётдаги ишқи мажозий тасвири асосида ёзилган асарларнинг ҳар бири ‒ бу жиҳатдан ўзига хосликка эга. Айтайлик, бир қарашда, Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин»ида ҳам, «Лайли ва Маж-нун»ида ҳам ишқи мажозий, яъни Фарҳод билан Ширину Лайли билан Мажнун ўртасидаги севги қаламга олинган. Лекин шоир уларнинг ҳар бирида тасаввуфий маънода ҳам, оддий ҳаётий нуқтаи назардан ҳам ўзига хос ва бир-биридан фарқ қиладиган масалалар ечимини беради. Аммо бу икки достон тасаввуфий талқинларидаги ўзига хосликлару ўртадаги тафовутлар нималардан иборат экани навоийшунослик фанида ҳали тўла ёритилганича йўқ.

Тасаввуф таълимотида бу йўлга кирган соликнинг пир кўрсатмалари асосида ўз руҳини секин-асталик билан, даражама-даража, босқичма-босқич тарбиялаб бориши кўзда тутилади. «Лисон ут-тайр»даги етти водий тасвирида худди шу нарса талқин этилган. Аммо, бир қарашда, оддий воқеий асар янглиғ туюладиган «Фарҳод ва Ширин» билан «Лайли ва Мажнун» достонларида ҳам руҳнинг камолга етиши учун зарур тасаввуфий босқичлар акс эттирилган. Бу икки достоннинг «Лисон ут-тайр»дан фарқи шундаки, ишқ йўлидаги босқичлар ‒ энди воқеа ҳодисалар замирида яширин. Навоийшуносликнинг бундан буёнги вазифаси ‒ ана шу воқеалар силсиласида пинҳон ётган ирфоний-фалсафий маънолар сирларини очиш, бошқача айтганда, қайси воқеа ошиқ кўнглида ёр акс этишининг айнан қайси даражасини кўрсатишини аниқлаб беришдан ҳамда бу талқинлардан шоир кўзлаган нафақат тасаввуфий, балки умуминсоний мақсадларни ҳам ёритишдан иборат.