Аннотация: Мақолада Алишер Фоний (Навоий)нинг «Лисон ут-тайр» достонида фано талқинлари таҳлил этилади. «Лисон ут-тайр»ни шоир «Фоний» тахаллуси билан битган. Бу ҳам айнан асар туб моҳиятидаги бош ғоядан келиб чиқиб танланган. Достонда қушлар Аллоҳ таоло рамзи бўлиб келган Симурғ қушга етиш учун етти водийдан учиб ўтишади. Еттинчи водий – айнан «Фақру фано водийси» деб аталади. Бу Муҳаммад пайғамбар(с. а. в.)нинг Меърож кечаси Жаброил (а.) раҳнамолигида «Буроқ» номли учар отда етти осмонга кўтарилиши, ундан кейинги саккизинчи ва тўққизинчи осмонга Буроқсиз ва Жаброил(а.)сиз ёлғиз ўзи Рафраф кўмагида учганидан келиб чиқиб ҳал қилинган масала. Шуларга асосланиб, мақолада «Лисон ут-тайр» ўзига хос тарздаги меърожнома сифатида баҳоланади. Шунингдек, муаллиф достонни ишқнома ва муножотнома сифатида ҳам талқин этади. Шу тариқа достонда фано талқинларини Фаридиддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр»и, кубравия ва нақшбандия тариқатлари ғоялари қиёси, форсий-туркий шеъриятлар синтези, асардаги қушлар ва лирик қаҳрамон сайру сафарлари тасвири асосида кўрсатиб беришга ҳаракат қилинади.
Таянч сўзлар: Симурғ, Муҳаммад пайғамбар (с. а. в.), Жаброил (а.), Аттор, Фоний, Гулшаҳрий, Ризоий, Хўтаний, достон, «Мантиқ ут-тайр», «Лисон ут-тайр», ишқнома, муножотнома, меърожнома, тахаллус, лирик қаҳрамон, назира, фано, бақо, тариқат, кубравия, нақшбандия, тасаввуфий водийлар, синтез.
Аннотация: В статье анализируются толкования фана (отрешения) в поэме «Язык птиц» («Лисан ут-тайр») Алишера Фани (Навои). Данную поэму поэт написал псевдонимом «Фани». Это связано с основной идеей, толкованной в поэме. В данном произведении птицы в поиске Симурга, символа Аллаха таала (Всевыщнего) летают через семь суфийских долин. Седьмая долина называется как «долиной Отрешения». Это непосредственно связано с Миъраджом (Вознесением на небо) пророка Мухаммада (с. а. в.) в руководстве Джабраила (а.) на летающем коне Бурака до седьмого неба. На восьмое и девятое неба пророк (с. а. в.) летал в помощи Рафраф сам один. Основываясь на это автор статьи считает «Язык птиц» как миъраджнаме, т. е. произведением, посвященном изображению миъраджа. А также данная поэма считается как ишкнаме (произведение, посвященное изображению любви к Богу) и мунаджатнаме (произведение, посвященное молению Богу). Таким образом, толкование отрешения освещается на основе сравнения «Языка птиц» с поэмой персидского поэта Фаридиддина Аттара «Речь птиц» («Мантик ут-тайр»), идей орденов кубравия ва накшбандия, синтеза персидско-тюркской поэзий, путешествия птиц и лирического героя по семи долинам.
Ключевые слова: Симург, пророк Мухаммад (с. а. в.), Джабраил (а.), Аттар, Фани, Гулшахрий, Ризаий, Хутаний, поэма, «Язык птиц», «Речь птиц», ишкнаме, мунаджатнаме, миъраджнаме, псевдоним, лирический герой, подражание, отрешение, вечность, суфийский орден, кубравия, накшбандия, суфийские долины, синтез.
Annotation: The article analyzes the interpretations of fan (renunciation) in the poem «Language of Birds» («Lisan ut-tair») by Alisher Fani (Navoi). The poet wrote this poem with the pseudonym «Fani». This is connected with the main idea interpreted in the poem. In this work, birds in search of the Simurgh, the symbol of Allah (Almighty), fly through seven Sufi valleys. The seventh valley is called as «Valley of Renunciation». This is directly related to the Mi’raj (Ascension to Heaven) of the Prophet Muhammad (peace and blessings be upon him) in the leadership of Jabrail on the flying horse Burak to the seventh heaven. In the eighth and ninth heavens, the prophet (S.A.V.) flew alone to help Rafraf. Based on this, the author of the article considers the «Language of Birds» as a mi’rajname, i.e. a work dedicated to the image of a mi’raj. And also this poem is considered as an ishkname (a work dedicated to the image of love to God) and a munajatname (a work dedicated to praying to God). Thus, the interpretation of renunciation is illuminated on the basis of a comparison of the «Language of Birds» with the Persian poet Farididdin Attar’s poem «The Speech of Birds» («Mantik ut-tayr»), the ideas of the Kubraviyya and Nakshbandiya orders, the synthesis of Persian-Turkic poetry, the journey of birds and the lyrical hero along seven valleys.
Key words: Simurgh, Prophet Muhammad (s.a.w.), Jabrail (a.), Attar, Fani, Gulshahriy, Rizaiy, Khutaniy, poem, «Language of birds», «Speech of birds», ishkname, munajatname, mirajname, pseudonym, lyrical hero, imitation, renunciation, eternity, Sufi order, kubravia, nakshbandiya, Sufi valleys, synthesis.
Ислом тасаввуротида бутун борлиқ икки қисмдан ‒ Холиқ (Худо, Яратувчи) ва махлуқ (офариниш, яратилганлар)дан ташкил топади. Худо ‒ боқий, яъни абадий мавжуд зот, бош-қа барча нарсалар, жумладан, инсон ҳам ‒ фоний, яъни вақтинча. Аммо ҳаётлик чоғидаёқ ўзининг ўткинчи эканини обдaн ҳис қилиш камдан-кам кишига насиб этади. Тасаввуф таълимоти банданинг ўзини олий даражада тарбиялаш орқали тириклайин фонийлик мақомига эришиш йўлини тарғиб этади.
Бу жиҳатдан тасаввуфий адабиётнинг буюк вакили Муҳаммад Абу Бакр ибн Иброҳим Шайх Фаридиддин Аттор (тахминан 1148/51 ‒ 1219/21)нинг (1; 189, 2; 84 – 122, 3) «Мантиқ ут-тайр» ва унга назира тарзида битилган буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Низомиддин Мир Алишер Фоний(Навоий)нинг «Лисон ут-тайр» достонлари ‒ айрича аҳамиятга эга.
Алишер Навоий умрида 6 та достон ёзган. 5 таси унинг «Хамса»сидан жой олган. «Хамса»ни у 42 – 44 ёшларида, яъни 1483 – 1485 йиллари битган. «Лисон ут-тайр» – унинг 6-достони. Уни умрининг охирги йилларида, аниқроғи, ҳижрий 904, милодий1498/99 йили, яъни 57 – 58 ёшларида яратган.
Атторнинг «Мантиқ ут-тайр»ига форсий тилда бирорта назира (татаббу, жавобия, ўхшатма) ёзилгани маълум эмас. Лекин туркий тилда унга жавобан 4 та достон яратилди. «Мантиқ ут-тайр» яратилганидан бир аср ўтиб, 1317 йили турк шоири Гулшаҳрий усмонли турк тилида «Мантиқ ут-тайр» дос-
тонини яратди (4; 569). Бундан роппа-роса 181 йилдан кейин Навоий «Лисон ут-тайр»ни битди. XVIII аср бошларида Иброҳим ибн Юсуф Хўтаний Атторнинг бу маснавийсини уйғурчага ўгирди (5; 154). VIII асда хоразмлик ўзбек шоири Мавлоно Хожа Қози Пайвандий Ризоий ҳам «Мантиқ ут-тайр» деган достон ёзди (6).
Навоийнинг Гулшаҳрий достонидан хабардор бўлган-бўлмагани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз. Хўтаний достонининг матнини эса қўлга кирита олмадик. Шунинг учун ҳозирча унинг Фоний «Лисон ут-тайр»ига муносабати бор-йўқлиги ҳақида бир нима дейиш – қийин. Ризоийнинг Навоий «Лисон ут-тайр»ини билмаслиги эса – мантиққа зид. Аммо Ризоий ўз асарининг бирор ерида Навоийни, унинг «Лисон ут-тайр»ини тилга олмаган. Шунга қарамасдан, бу достонни тадқиқ этиб, нашр қилдирган адабиётшунос Шафоат Ҳасанова Ризоийнинг «Навоий ижодидан серунум фойдаланган»и ҳамда «Навоийдан озуқа олиш билан бирга, унинг барҳаёт анъаналарини ўз даврига мос равишда ва ижодийлик талабларига риоя қилган ҳолда давом эттирган»ини (7; 26) алоҳида қайд этади.
Бир форсий достонга тўрт туркий назира достон битилгани – жаҳон адабиёти тарихида жуда ноёб ҳодиса. Учаласининг ҳам манбаси – Аттор асари. Яратилиш даврига кўра, Навоийнинг «Лисон ут-тайр»и шу тўрт достоннинг иккинчиси.
«Лисон ут-тайр» композицион жиҳатдан асар қуйидаги 4 қисмдан иборат:
1. Кириш – 13 боб (1 – 13-боблар).
2. Қушлар сайри билан боғлиқ асосий сюжет – 156 боб (14 – 169-боблар).
3. Лирик қаҳрамон муножоти – 19 боб (170 – 188-боблар).
4. Хулоса – 5 боб (189 – 193-боблар).
Биз шартли равишда «Кириш» деб атаган қисмда Тангри таолога тавҳид-ҳамд (1-боб), муножот-ҳамд (2-боб), Муҳаммад саллоллоҳи алайҳи васалламга васф-наът (3-боб) ва меърожнома-наът (4-боб), Абу Бакр таърифи (5-боб) ва ҳикоят (6-боб), Умар Форуқ таърифи (7-боб) ва ҳикоят (8-боб), Усмон таърифи (9-боб) ва ҳикоят (10-боб), Али таърифи (11-боб) ва ҳикоят (12-боб), Фаридиддин Аттор таърифи (13-боб) берилади.
Асосий қисм кескин драматик ҳолат тасвири билан бошланади. Бир куни «гулистону бешау баҳри биёбон», яъни гулзор, ўрмон, денгиз, чўлу биёбон қушлари бир манзилга жам бўлишади. Лекин уларнинг жойлашишларида тартиб-қоида бўлмайди. Ҳеч кимнинг ўрни мавқеига мос эмас. Масалан, зоғ булбулдан юқори ўтириб олган. Беҳунари ҳунарлисидан баландроққа ўрнашган. Орада низо чиқади. Ҳеч ким ҳеч кимга қулоқ солмайди. Охири, адолат ўрнатиш учун бизга бир одил подшоҳ керак, деган хулосага келишaди. Шунда Ҳудҳуд уларга Симурғ деган одил подшоҳ борлиги, унинг олдига бориш кераклигини айтади. Кейин уни обдан таърифлайди. Унинг олдига учишни қаттиқ тарғиб қилади. Бунинг учун
10 та қуш (Тўти, 22-боб; Товус, 23-боб; Булбул, 24-боб; Қумри, 25-боб;, Каклик, 26-боб;, Тазарв, 27-боб; Дуррож, 28-боб; Кабутар, 29-боб; Шоҳбоз, 30-боб; Шунқор, 31-боб)ни алоҳида-алоҳида таърифу тавсиф қилиб, уларнинг кўнглини олади-да, Симурғ сари парвозга даъват этади.
Кейин ҳаммалари Симурғ сари учади. Йўл азоби айримларига қаттиқ ботади. Шунда улар бир жойга қўнишни илтимос қилишади. Азоб чеккан қушлар бир-бир узр айта бош-
лайди. Жами 14 қуш (Тўти, 33-боб; Товус, 36-боб; Булбул, 39-боб; Қумри, 42-боб; Кабутар, 45-боб; Кабки дарий, 48-боб; Тазарв, 51-боб; Қорчиғай, 54-боб; Шунқор, 57-боб; Бургут, 60-боб; Куф, 63-боб; Ҳумой, 66-боб; Ўрдак, 69-боб ва Товуғ, 72-боб) узр айтади. Булардан тенг ярми, яъни 7 таси (Тўти, Товус, Булбул, Қумри, Кабутар, Тазарв, Шунқор) Ҳудҳуддан таърифу тавсиф эшитган қуш эди. Ҳудҳуд таърифу тавсиф қилган 3 қуш (Каклик, Дуррож ва Шоҳбоз)гина узр айтмайди, холос. Ҳудҳуд узр айтган ҳар бир қушга жавоб қайтариб, сўзи тасдиғи учун биттадан ҳикоят ҳам келтиради. Фақат Товуғ узрига жавобдан кейин ҳикоят йўқ, холос. Эҳтимол, бу, нимадир бўлиб, муаллифнинг эсидан чиқиб қолгандир. Чунки шу ерда асардаги симметрия бузилгандек бўлган.
Шундай қилиб, асарда жами 19 қушнинг номи келтирилади, холос. Булардан бири, яъни Симурғ сюжетда бевосита иштирок этмайди. У таърифланади, ҳамма унга интилади. Энг фаол қуш – Ҳудҳуд.
Қушлар узрларига яхшигина дакки эшитганларидан кейин Ҳудҳуддан Симурғ билан ўзлари ўртасидаги нисбат ҳақида батафсилроқ маълумотга эга бўлиш учун савол беришади (74-боб). Ҳудҳуд батафсил жавоб айтиб (75-боб), тасдиғига 2 та (76 – 77-боблар) ҳикоят ҳам келтиради.
Навоий 1496 йили «Девони Фоний»ни
(8, 9, 10) тартиб берди. Форсча-тожикча шеърларида «Фоний» тахаллусидан фойдаланганини биламиз. Икки йил ўтиб, «Лисон ут-тайр»ни битди. Қизиқки, бу достонда ҳам «Фоний» тахаллусини қўллади.
Бу эса бизга шўро даврида шаклланган бир хато фикрни рад этиш имконини беради. Шўро олимлари: «Фоний» – Алишер Навоийнинг форсий асарларида қўллаган тахаллуси», – деган хулосани кенг ёйишган эди. Бунда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома»даги: «Форсий девон ҳам тартиб қилибтур. Форсий назмда «Фоний» тахаллус қилибтур...» (11; 233) – деган қайдига суянишган бўлишлари – мумкин. Ҳозиргача ҳам айримлар шу тасаввурда юрибди. «Лисон ут-тайр» эса буни ўзгартиришни тақозо этади. Демак: «Фоний» – Алишер Навоийнинг ҳам форсий, ҳам туркий тахаллуси». Ахир, ҳажм жиҳатидан «Лисон ут-тайр» байтлари сони «Девони Фоний»даги байтлар сонидан кам эмас. Демак, шоир «Фоний» тахаллуси билан тожикча қанча ҳажмда шеър битган бўлса, туркийда ҳам миқдоран шунча байт ижод қилган.
Бунинг сабабларини достондаги «Бу китобда тахаллус тағйирининг узри» деб номланган 191-бобда муаллифнинг ўзи батафсил тушунтиради. Бу боб адабиёт аҳли орасидаги яна бир хато қарашни инкор этади. Баъзиларнинг талқинича, Навоий дастлаб тожикча шеърлар ёза бошлаган, кейин ўзбек тилида ёзишга ўтган. «Фоний» сўзининг «ўткинчи» деган маъносидан келиб чиқиб, бундайлар: «Навоий форсий тилда ёзиш мен учун вақтинча иш эди», – демоқчи бўлиб, шу сўзни тахаллус сифатида танлаган», – деб ўйлайди. Йўқ. Бундай эмас. Навоий шу бобда дастлаб ўзбекча шеърлар бита бошлаганини алоҳида қайд этади. Мана бу сатрларга қулоқ тутиб кўрайлик:
Чун кичик ёштин манга бўлди насиб,
Назм адосида хаёлоти ғариб,
Шеър ҳар синфинки, қилдим ибтидо,
Турк алфози била топти адо
(12; 298).
Бобда шоир туркий тилдаги шеърларига «Навоий» деган тахаллус қўллаганини айтади. Кейин форсий тилда ҳам шеърлар ёза бошлаганини, унда «Фоний» тахаллусини қўллаганини қайд этади:
Форси(й) назм ичра чун сурдум қалам,
Назмнинг ҳар синфини қилдим рақам.
Файз еткоч ул маонийдин манго,
Топти белгу назми «Фоний»дин манго
(12; 299).
Шоир икки тахаллусини ҳам тушунтирди. Энди ўртага: «Лисон ут-тайр»га қайси тахаллусни қўллаш – мосроқ?» – деган савол тушади. Бунга жавобан шоир айтадики, икки асосга кўра, бу достонни «Навоий» тахаллуси билан битиш мосроқ эди. Биринчидан, қушлар наво қилади, шундай экан, улар ҳақидаги асарга «Навоий» тахаллусини қўллаш мантиқан асосли бўлади. Иккинчидан, бу достон туркий тилда ёзилди, унга туркий тилдаги шеърларида қўллаган «Навоий» тахаллуси кўпроқ маъқул келади:
Чун «Лисон ут-тайр» оғоз айладим,
Турфа қушлар бирла парвоз айладим.
Мунда ансаб эрдиким, тузғоч наво,
Бўлса назмимға «Навоий»дин адо,
Ким наво қушлар тили алҳонидур,
Дилкаш афғони ҳазин достонидур.
Туркий услуб эрди ҳам бу достон,
Топқудек эрди «Навоий»дин нишон
(12; 299 – 300).
Лекин, шунга қарамай, шоир бу ерда «Фоний» тахаллусини маъқул кўрди. Нима сабабдан? Шоир уч муҳим сабабни келтиради. Биринчиси шуки, бу достонни ёзишдан «кулли мурод», яъни бош мақсад Аллоҳ таолога мурожаат қилиш майли эди. Тасаввуфий ақидага кўра, бунда фоний бўлмай туриб, мақсадга етиб бўлмайди. Шунинг учун «Фоний» тахаллуси қўлланди:
Ким бу дафтар назмидин кулли мурод,
Чунки муржеъ майли эрдию маод.
Мунда фоний бўлмай иш ўлмас тамом,
«Фоний» ондин топти назмим ихтимом
(12; 300).
Иккинчи сабаб шуки, маънавий шайх, яъни Фаридиддин Аттор ўз асарида қушларга кўп жафо чектириб, уларни 7 водийдан ўтказди, 7-водий эса Фано водийси эди:
Ҳам бу дафтар ичра шайхи маънавий,
Ким демиш қушлар тилидин маснавий,
Сайр ул қушларғаким, фан айламиш,
Етти водий чун муайян айламиш.
Чектуруб қушларға кўп ранжу ано,
Сўнгғи манзил бўлди водийи Фано
(12; 300).
Учинчи сабаб шуки, шоирнинг бисотида «Фоний» деган тахаллус аввалдан бор эди:
Гарчи бу икки таносуб бор эди,
Назмима ҳам бу тахаллус бор эди
(12; 300).
«Фано» ва «фонийлик» талқинлари Навоий шеъриятининг умумий йўналишларидан бирини ташкил этади. Буни унинг «Лисон ут-тайр»дан бошқа асарларида ҳам етарлича кузатамиз. Айниқса, унинг лирикасида бундай талқинлар жуда кўп учрайди.
Масалан, шоирнинг Самарқандда таълим олган йиллари (1465 – 1469) устози Саййид Ҳасан Ардашерга маснавий сифатида битиб, йўллаган мактубида 4 карра «фано» ва 1 бор «фоний» сўзи қўлланилган.
Биринчи бор у устозини, жумладан, «фано шомининг порлаб турган шами» сифатида таърифлайди:
Сафо субҳининг меҳри фархундаси,
Фано шомининг шамъи рахшандаси
(13; 526).
Иккинчи карра ҳам «фано» айнан мухотаб, яъни мактуб қаратилган шахс бўлмиш Саййид Ҳасан Ардашер таърифида қўлланади:
Фалакдин сипоҳи фано ошуруб,
Сипоҳийлиқ ичра ўзин ёшуруб
(13; 526).
Яъни фалакдан унинг аскари йўқлик даражасидан ҳам ошар эди, аммо у – шу сипоҳийлик (ҳарбийлик) ичра ўзини яширган шахс.
Учинчи марта бу калимани шоир тасаввуф йўлига кирган соликнинг пир топшириқларини бекаму кўст бажариш билан фано даштида сайрини охирига етказса, Ҳақ унга бир мақом ато этиши ҳақида сўз кетганда тилга олади:
Сулук амрида урмайин бешу кам,
Анинг амридин айру дам ё қадам,
Фано даштида сайри бўлғач тамом,
Ҳақ андин сўнг эткай ато ул мақом,
Ки бир жазб ила ошно бўлғай ул,
Муқими ҳарими сафо бўлғай ул
(13; 535).
Тўртинчи дафъа «фано»ни шоир бевосита шахс сифатидаги ўзининг орзусини ифодалаш учун қўллайди. Яъни фоний бўлиш бир инсон сифатида Навоийнинг асл мақсади экани – мана бу байтлардан ҳам аён, чунки у охирида «матлуб» (севгили – Худо) ёди билан «фано» бўлишни орзулайди:
Не фаррухдур ул ҳажр овораси,
Ки васл эткай охир анинг чораси.
Эмас бўлса даврон муроди била,
Фано бўлса матлуб ёди била
(13; 535 – 536).
Маснавийнинг сўнгги 3 байтида эса Саййид Ҳасан Ардашердан шогирдини соғинган маҳалида Тангри дийдорига етиши йўлида фонийлик оҳи билан унинг сўзларини айтишни илтимос қилади:
Жанобингда улдур манга мултамас,
Ки мен бенавони соғинган нафас,
Сўзум айт фонийлиғ оҳи била,
Мадад айла ҳиммат сипоҳи била.
Бу эрди сўзумким, дедим мен ғариб,
Яна Тенгри дийдор қилғай насиб!
(13; 536).
Бу таҳлиллардан фонийлик Навоийнинг ёшлик йиллариданоқ бир банда, бир уммат, бир шахс сифатидаги олий мақсади экани ойдинлашади.
Ёки «Ғаройиб ус-сиғар» девонидаги 161-ғазалнинг бегона байт сифатида келган 6-қўшмисраси мана бундай жаранглайди:
Боқий топар улки, бўлди фоний,
Раҳравға фано бақо бўлуптур
(13; 145).
Айтилмоқчики, кимки фоний бўлса, бақо топади, (чунки) раҳравга, яъни соликка фано бақо бўлибди.
(7 байтли бу ғазалнинг 3 байти тарди акс (сўзларни иккинчи марта жойларини алмаштириб қўллаш) санъати билан битилган: 1-байт: «бало қаро» – «қаро бало»; 2-байт: «давони дард» – «дардингки ... даво»; 3-байт: «фидоси... жон» – «жонки... фидо». Шунга кўра, 6-байтнинг 1-мисрасида «боқий... фоний» келгани учун мантиқ 2-мисрада нашрдагидек «бақо фано» эмас, аксинча, «фано бақо» тарзида қўллашни тақозо этади. Шунинг учун биз тузатиб ёздик).
«Лисон ут-тайр»да «фано» ва «фоний» сўзлари ниҳоятда кўп, аниқроғи, биринчиси 48 ва иккинчиси 19 бор қўлланган. Бундан кўзланган мақсад-муддао эса ‒ маълум. Шоир китобхонни фонийлик моҳиятига ета боришга тайёрлайди. Ўқувчи аввал қушлар, кейин эса лирик қаҳрамон муножотлари билан бирга етти водийдан ‒ Талаб, Ишқ, Маърифат, Истиғно, Тавҳид, Ҳайрат ва Фақру фано водийларидан ўтказа боради.
Достондаги Шайх Санъоннинг Рум (Византия) тарсо қизига ишқи тасвирланган 79-боб ‒ «Лисон ут-тайр»нинг «олтин ҳалқа»си ҳисобланади. Чунки ўшангача қушларнинг номи – бор. Симурғ ва Ҳудҳуддан ташқари, яна 17 қушнинг номи ‒ аниқ. Аммо Шайх Санъон ҳақидаги ҳикоятдан кейин асарда Симурғ билан Ҳудҳуддан бошқа бирон-бир қушнинг номи қайта тилга олинмайди. Чунки улар энди, худди Шайх Санъон сингари, чин ошиққа айланади. Шунинг учун шоир уларни энди фақат «бир қуш» тарзида тилга олади, холос. Чунки ошиқликда шоҳу гадо ‒ баробар. Ошиқлик йўлига кирган соликнинг энди жамиятда тутган олдинги мавқеи ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмай қолади.
Кўплар, қушлар бу водийларни горизонтал асосда босиб ўтди, деб тушунади. Чунки «водий» деганда тоғлар орасидаги яшаш учун қулай, обод жой тушунилади. «Лисон ут-тайр» моҳиятига кириб борган ўқувчи англайдики, муаллиф бунда спиралсимон вертикал ҳаракатдаги 7 водийни кўзда тутади.
Тасаввуфда сўфийлик хатти-ҳаракатининг чегараси – бор. «Лисон ут-тайр»да бу айнан ана шу Фақру фано водийсига келиб, ниҳоясига етади. Достонда тасаввуфий пир рамзи бўлган Ҳудҳуд раҳнамолигида қушларнинг Тангри таоло рамзи бўлган Симурғ сари интилишларида 7 водийни учиб ўтиши моҳиятида ётган маъно-мазмун шундан иборатки, ҳар водийда руҳда тадрижий маънода Фақру фанога яқинлашиш сари ўзгариш юз беради. Олдинги 6 водийнинг ҳар бири амалда 7-водийга етказадиган ўзига хос зинапоя ҳисобланади. Ҳар бир водийда солик руҳининг даражалари кўтарила боради.
Ўта қисқа тарзда ифодалаганда, Талаб водийсида истак пайдо бўлади, Ишқ водийсида Ҳақни севиш бошланади, Маърифат водийсида Ҳаққа яқинлашиш юз беради, Истиғно водийсида ҳамманинг тенглиги тўла ҳис қилинади, Тавҳид водийсида Ҳақ, яъни бутун борлиқнинг ягоналиги англанади, Ҳайрат водийсида солик бор-йўқликни, кеча-кундузни фарқламай қолади, Фақру фано водийсида йўқлик юз беради.
Муҳаммад пайғамбар (с. а. в.) Меърож кечаси 9 қават осмонга кўтарилади. 7 қават осмонга Буроқ отига миниб, Жаброил (а.) раҳнамолигида етади. 8- ва 9-осмонга учиш Буроққа ҳам, Жаброил(а.)га буюрилмаган. Шунинг учун Расуллуллоҳ (с. а. в.) бу икки осмонга Рафраф кўмагида ёлғиз ўзи учади.
Аттор «Мантиқ ут-тайр»да қушларнинг айнан 7 водийга сафарини худди шунга асосланган ҳолда талқин этган. «Мантиқ ут-тайр» ҳамда «Лисон ут-тайр»даги Ҳудҳуд айнан пир рамзи бўлиб келган. Бунда бевосита Меърожда Жаброил (а.) Муҳаммад (с. а. в.) учун раҳнамо бўлганига ўхшашлик – борлигига асосланилган. 7-водий эса ‒ Фақру фано. Сўфий шунгача ета олади. Ундан у ёғи фақат ва фақат Муҳаммад(с. а. в.)гагина насиб этган, холос.
Шу таҳлиллар асосида дадил айтиш – мумкинки, «Лисон ут-тайр», худди «Мантиқ ут-тайр» каби, ўзига хос бир меърожнома асар ҳисобланади.
Қушлар Фақру фано водийсига бориб етишади. Ўзларини «си» («ўттиз») «мурғ» («қуш») тарзида кўришади. Шу билан асарнинг асосий сюжети тугайди. Достонда лирик қаҳрамон ҳам, худди қушлар каби, 7 водийни босиб ўтиш насиб этишини истаб, Тангри таолога муножотлар қилади. Улар моҳиятида ётган маъно-мазмун эса ‒ муаллифнинг ана шу Фақру фано мақомига эришишдан умидворлигидан иборат.
«Мантиқ ут-тайр»дан фарқли ўлароқ, «Лисон ут-тайр»да энди ҳар бир водий «тариқи адосида муножот» битилади. Ана шу 7 муножот ва асарнинг ундан олдинги бобларидаги лирик қисмлар асосида бемалол айтиш – мумкинки, «Лисон ут-тайр» тамоман ўзига хос бир муножотнома асар ҳам ҳисобланади.
Асардаги Ҳудҳуднинг қушларга ваъзи сифатида келган 161-боб «Фақру фано водийсининг адоси» деб номланади. У ‒ жами 33 байтдан иборат.
Ҳудҳуд бу водий сафарнинг охири экани, унда хомушлик, гунгу карлик, беҳушликдан бошқа нарса бўлмаслигини айтиб, бу худди мкҳит(океан)даги тўлқинга ўхшашини таъкид-
лайди. Яхшилаб қарасанг, тўлқинда вужуд – йўқ. Муҳитда унинг ўзидан бошқа ҳамма нарса, тўлқинлар ҳам нобуд бўлади. Шундан фойдаланиб: «Худонинг вужудини муҳит, яратилган нарсаларнинг барчасини тўлқин деб тасаввур қил», ‒ дейди шоир. Демак, кўриниб турган барча-барча нарсалар ‒ 4 унсур (тупроқ, сув, ўт, ҳаво), 7 осмон, 6 тараф, коинотнинг нодир ва олий асоси, ҳамма яратиқдан шарафли қилиб яратилган инсон(у жамиятда ким, қандай мавқе эгаси бўлишидан қатъи назар)ни Тангри таоло муҳитининг тўлқинлари янглиғ тасаввур қилиш лозим. Демак, Худогина ‒ боқий, бошқа барча нарсалар ‒ фоний:
Ғайри Ҳақким, қодири барҳақдур ул,
Борча ‒ фоний, боқийи мутлақдур ул
(12; 251).
Буни теран англаш учун ҳам Ҳудҳуд раҳнамолигида қушлар учиб ўтгани каби йўлни босиб ўтиш – зарур. Гап шундаки, инсон бу дунёни тарк этмасидан бурун буни англаши, яъни ўзини фано қилмоғи – даркор:
Фонийи мутлақдурур гар худ бақо,
Истасанг, қилмоқ керак ўзни фано
(12; 252).
Бу бобга ҳаётий далил ‒ бадиий иллюстрация сифатида келтирилган 4 ҳикоятнинг бири ‒ «Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сўзи фанойи комил мақомида» деб номланади. Унда, биринчидан, тириклайин фано бўлишнинг ёрқин намунаси кўрсатилади, иккинчидан, шу тариқа шоир ўзи мансуб нақшбандия тариқатига содиқлигини ҳам намоён этади.
Ҳикоятда сўзланишича, ҳақшунос, тариқат йўлида поксайр зот Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд ўз вужудини ҳар нарса билан қиёс қилар ва уни ҳамма нарсадан кам деб ҳис этар эди. Бир куни ҳамма ёғи чиркин бир қўтир итга кўзи тушди. Ўзини унга солиштириб: «Вафо бобида мен у билан тенг эмасман, у эгаси (хўжайини)га вафо қилишдан бошқа нарсани билмайди, мен эса Эгамга жафодан бошқа нарса кўрсатмайман. Бу вафо аҳли оёғининг нишонаси, мен эса вафосизлик сари этак судрайман», ‒ дейди. Шундан сўнг ер ўпиб, ит изига юзини қўяди.
Демак, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд каби аҳли Ҳақ, яъни шайхлар ўз вужудини маҳв этиб, ўзлигидан асар ҳам қолдирмаган. Шу тариқа уларда ўзликдан асар ҳам қолмагач, фано жомини сипқоришади. Улар Ҳақ вужудидан бақо ва ваҳдат (бирлик) жомида Унинг юзидан баҳра топмай, фано гуруҳига дохил бўлиб, боқийи мутлаққа восил бўлишдилар, яъни қўшилишди.
«Лисон ут-тайр»да орзу қилинган бахт шу эди. 30 қуш ҳам шу бахтга муяссар бўлди.
«Мантиқ ут-тайр» муаллифи Шайх Фаридиддин Аттор Шайх Маждиддин Бағдодийнинг муриди эди. Навоий «Насойим ул-муҳаб-бат мин шамойим ул-футувват» тазкирасида Бағдодийнинг ватани ҳақида икки хил қараш – борлигини айтади. Биринчиси шуки, Хоразмшоҳ Бағдод халифасидан бир табиб юборишини сўрайди. Халифа Шайхнинг отасини юборади. У шу тариқа Хоразмга келиб қолади. Иккинчиси шуки, у асли хоразмлик, яъни Хоразмнинг «Бағдод» деган қишлоғида туғилган. Шайх Маждиддин Бағдодий хоразмлик Шайх Нажмиддин Кубронинг муриди (14; 292) эди. Демак, «Мантиқ ут-тайр» ‒ тасаввуфдаги кубравия тариқати вакилининг, «Лисон ут-тайр» эса ‒ нақшбандия тариқати вакилининг асари. Шундай экан, «Лисон ут-тайр»га тасаввуфнинг ана шу икки буюк тариқати ғоялари синтези сифатида қараш – керак. Нақшбандия амалда хожагон ва яссавия тариқатининг синтези сифатида майдонга келган эди. Чунки Хожа Баҳоуддин Нақшбанд 5 пирнинг тарбиясини олган. Шундан 3 нафари ‒ увайсий пири Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, зоҳирий пирлари ‒ Бобо Самосий ва Амир Кулол хожагон тариқатининг, 2 пир ‒ Қусам Шайх ва Халил Ота эса яссавия тариқатининг вакиллари эди.
«Лисон ут-тайр»да «Мантиқ ут-тайр»даги энг асосий ғоявий моҳият айнан сақлаб қолингани ҳолда талқинларда нақшбандия тариқати ғоялари тарғиби ҳам яққол кўзга ташланади (15; 107 – 140). Бу асар ‒ нақшбандия ақидаларини тасаввуф таълимоти ва амалиёти доирасидан кўра ҳам кенгроқ майдонга ‒ бевосита ҳаётий воқеликка олиб чиққани билан ҳам аҳамиятли. Бу ғоялар ‒ моҳиятан тасаввуф билан бевосита шуғулланмайдиган, ҳатто, дунёда шундай таълимот борлигидан тамом бехабар кишилар, масалан, Ғарб одамлари учун ҳам фойдали ва мароқли.
«Лисон ут-тайр»да фано тушунчаси талқинлари бевосита асарнинг бош ғоясини таъминлашга хизмат қилади. Достоннинг бош ғояси эса ‒ ишқ. Шунинг учун уни ўз номи билан «ишқий достон» деб ҳисоблаш ҳам керак. Анъанага кўра, уни ишқномалар гуруҳига киритиш – лозим. Фақат энди «ишқ» тушунчасини дунёвий тарзда, яъни, бир жинс вакилининг иккинчи жинс вакилига муҳаббати, деган ўта тор маънода тушунмаслик зарур. Чунки достонда фано орқали бақога эришиш ғояси тарғиб қилинган. Фақат бу қушларнинг Симурғ шоҳга етиши воситасида кўрсатилган. Бунда қушлар соликлар, Симурғ эса Тангри таоло рамзи бўлиб келган. Навоий ўз ижодида, ҳаётнинг энг асосий мазмуни – ишқдан иборат, Танг-ри таоло икки дунёни айнан ишқ учун яратди, деган ақидага асосланганидан келиб чиқсак, «Лисон ут-тайр»ни ишқнома сифатида қабул қилишимиз осон кечади.
Буни исботлаш учун асарнинг мағзидан ‒ маъно-мазмуни талқинидан келиб чиқиш ҳам мумкин. Буни достонда «ишқ», «ошиқ», «маъшуқ», «муҳаббат», «маҳбуб», «толиб», «матлуб» ва бошқа шу мавзуга дахлдор сўзларнинг жуда кўп қўлланганидан келиб чиқиб ам исботлаш мумкин. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, шоир Ҳудҳуд ҳамда лирик қаҳрамоннинг ғоявий-фалсафий фикрларига ҳаётий далил, яъни иллюстрация бўлиб келган ҳикоятларнинг аксариятида ишқ рамзан бир жинс вакилининг иккинчи жинс вакилига муҳаббати тарзида акс эттириладики, банданинг Ҳақ васлига интилиши ҳам моҳиятан шунга ўхшайди. Хусусан, ҳажман достондаги энг катта, яъни 515 байтли Шайх Санъон ҳақидаги боб (79-боб) ҳамда ҳикоятлар орасида ҳажман Шайх Санъон ҳақидагидан кейин турадиган «Хусрави офоқгир» ҳақидаги 145 байтли ҳикоят (160-боб) бу жиҳатдан ёрқин ажралиб туради.
Хуллас, «фано» ва «фонийлик»ка эришиш ва шу орқали «бақо»га мушарраф бўлиш «Лисон ут-тайр»нинг ўзак масаласи, бошқача
айтганда, асосий стержени ҳисобланади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
Бу мутасаввиф шоир ҳақида қаранг: Абдуназар Ҳ. Фаридиддин Аттор / Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Ж. 9.
‒ Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2005.
Яна қаранг: Саидов А. Атторшунослик. ‒ Тошкент: SHARQ, 2013.
Яна қаранг: Фаридиддин Муҳаммад бин Иброҳим Нишопурий Аттор. Мантиқ ут-тайр. Муқаддима, тасҳиҳ ва таълифоти доктор Муҳаммад Ризо Шафеъий Кадканий. ‒ Теҳрон: 1392 (ҳижрий). (Форс тилида).
Юнус Эмронинг 1307 йили яратилган «Рисолат ун-нусҳия» («Насиҳат рисоласи») деган достони мавжуд. Адабиётшунос И. В. Боролина ғоявий-бадиий жиҳатдан Гулшаҳрий асарининг ана шу достон билан ҳам яқинлик борлигини қайд этади. Қаранг: Боролина И.В. Турецкая литература. / История всемирной литературы. Т. 3. – Москва: Наука, 1985.
Бу ҳақда қаранг: Азизий. Фаридиддин Аттор. // Жаҳон адабиёти, 2009 йил, № 12.
Қаранг: Мавлоно Хожа Қози Пайвандий Ризоий. Қуш тили. – Тошкент: 2009.
Ҳасанова Ш. Ризоийнинг «Қуш тили» достони / Мавлоно Хожа Қози Пайвандий Ризоий. Қуш тили. – Тошкент: 2009.
Қаранг: Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. Т. 18. ‒ Тошкент: Фан, 2002.
Яна қаранг: Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. Т. 19. ‒ Тошкент: Фан, 2002.
Яна қаранг: Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. Т. 20. ‒ Тошкент: Фан, 2003.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. ‒ Тошкент: Ўзбекистон ССР Фанлар академияси, 1960.
Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. Т. 12. ‒ Тошкент: Фан, 1996.
Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. Т. 3. – Тошкент: Фан, 1988.
Қаранг: Алишер Навоий. Мукаммал асарлар тўплами. 20 томлик. Т. 17. ‒ Тошкент: Фан, 2001.
Бу ҳақда батафсил маълумот олиш учун қаранг: Олим С. Нақшбанд ва Навоий. ‒ Тошкент: Ўқитувчи, 1996.
