Annotation. This article provides a comprehensive analysis of the sociological and institutional foundations for modernizing the activities of information-library institutions based on foreign experience. Specifically, it comparatively examines the activities of national and educational libraries in developed countries such as the USA, Germany, France, Japan, and South Korea, along with their legal frameworks and management models. Furthermore, scientific and practical proposals are developed to transform libraries from traditional book depositories into innovative centers that drive the digital transformation of society and foster media literacy and social communication. The conclusions presented in the article hold significant methodological importance for improving the national information-library system and developing its digital ecosystem.

 

Keywords: Information-library institution, modernization, sociological foundations, institutional foundations, foreign experience, digital transformation, management system, social functions, practical directions, innovative development

 

Аннотация. Мазкур мақолада ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини модернизация қилишнинг социологик ва институционал асослари хорижий тажрибалар мисолида комплекс таҳлил қилинган. Хусусан, АҚШ, Германия, Франция, Япония ва Жанубий Корея каби ривожланган давлатларнинг миллий ва таълим кутубхоналари фаолияти, уларнинг ҳуқуқий базаси ҳамда бошқарув моделлари қиёсий ўрганилган. Шунингдек, кутубхоналарни анъанавий китоб сақлаш масканидан жамиятни рақамли трансформация қилиш, медиасаводхонлик ва ижтимоий коммуникацияни ривожлантирувчи инновацион марказга айлантириш юзасидан илмий-амалий таклифлар ишлаб чиқилган. Мақолада келтирилган хулосалар миллий ахборот-кутубхона тизимини такомиллаштириш ва рақамли экотизимни ривожлантиришда муҳим методологик аҳамият касб этади.

 

Калит сўзлар: Ахборот-кутубхона муассасаси, модернизация, социологик асослар, институционал асослар, хорижий тажриба, рақамли трансформация, бошқарув тизими, ижтимоий вазифалар, амалий йўналишлар, инновацион ривожланиш.

 

Аннотация. В данной статье на примере зарубежного опыта проанализированы социологические и институциональные основы модернизации деятельности информационно-библиотечных учреждений. В частности, сравнительно исследованы деятельность национальных и учебных библиотек таких развитых стран, как США, Германия, Франция, Япония и Южная Корея, а также их правовая база и модели управления. Кроме того, разработаны научно-практические предложения по превращению библиотек из традиционных книгохранилищ в инновационные центры, осуществляющие цифровую трансформацию общества и развивающие медиаграмотность и социальную коммуникацию. Выводы, представленные в статье, имеют важное методологическое значение для совершенствования национальной информационно-библиотечной системы и развития цифровой экосистемы.

Ключевые слова: Информационно-библиотечное учреждение, модернизация, социологические основы, институциональные основы, зарубежный опыт, цифровая трансформация, система управления, социальные функции, практические направления, инновационное развитие.

 

Рақамли асрда ахборот-кутубхона муассасалари анъанавий босма манбаларни жамлаш ва сақлаш билан чекланиб қолмай, жамиятнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ҳамда ижтимоий мулоқотни таъминлашга хизмат қилувчи замонавий марказга айланди. Шу боис, бугунги кунда ахборот-кутубхона хизматларини такомиллаштириш ва рақамлаштириш жараёнларини фақатгина техник-технологик ёки дастурий таъминот масаласи сифатида талқин этиб бўлмайди, балки улар бевосита жамият тараққиёти билан уйғунлашган чуқур социологик ҳодиса ҳисобланади. Аҳолининг турли ижтимоий қатламлари томонидан ахборот ресурсларининг ўзлаштирилиши, турли гуруҳларнинг маданий-интеллектуал эҳтиёжлари ҳамда ахборот муҳитидан фойдаланиш имкониятларидаги фарқларни айнан социологик ёндашувлар асосида ўрганиш мазкур соҳа олдида турган энг долзарб илмий-амалий вазифалардан биридир.

Бу борада социологик ва психологик хизматларнинг асосий вазифаси илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда истиқболли ривожланиш йўналишларини белгилашдан иборатдир. Бундай вазифаларни ҳал этиш фойдаланувчиларнинг ахборот истеъмолчиси сифатидаги хусусиятларини ўрганиш билан бир қаторда, кадрларнинг касбий-шахсий салоҳиятини ошириш ва жамоада соғлом ижтимоий-психологик муҳитни шакллантиришни тақозо қилади. Шунингдек, мамлакат ва жаҳон миқёсидаги илғор тажрибаларни баҳолаш ҳамда маҳаллий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш тизимли равишда амалга оширилади.

Ривожланган давлатларнинг замонавий ахборот-кутубхона муассасалари шунчаки техник ресурс ва ахборот сақлаш маскани эмас, балки жамиятнинг ижтимоий стратификацияси ва маданий интеграциясини таъминловчи фундаментал социо-маданий институт сифатида намоён бўлмоқда. Мазкур тизимнинг ижтимоий-маънавий детерминантлари ахборотлашган жамиятда ижтимоий инклюзивлик тамойилларини қарор топтириш, инсон капиталини ривожлантириш ва интеллектуал меросни трансформация қилиш жараёнлари билан узвий боғлиқдир. Ушбу контекстда кутубхоналар социо-маданий динамиканинг драйвери сифатида шахснинг ижтимоийлашуви ҳамда қадриятлар тизими такомиллашувига бевосита таъсир кўрсатади.

Ушбу назарий-социологик парадигманинг амалий ифодасини жаҳоннинг етакчи мамлакатлари тажрибасида яққол кузатиш мумкин. Хусусан, АҚШ, Германия, Франция, Япония ва Жанубий Корея каби ривожланган давлатларнинг миллий ва мактаб кутубхоналари фаолияти институционал бошқарув модели, меъёрий-ҳуқуқий базаси ҳамда анъанавий ва рақамли хизматлар интеграцияси нуқтаи назаридан ўзига хос трансформация босқичини бошдан кечирмоқда. Миллий кутубхоналар даражасида бу ҳолат давлат стратегик аҳамиятга эга бўлган интеллектуал фондни сақлаш ва фойдаланувчилар учун очиқликни таъминлашда намоён бўлса, мактаб кутубхоналари мисолида эрта ижтимоийлашув, медиасаводхонлик ва илк рақамли кўникмаларни шакллантиришнинг асосий майдони сифатида гавдаланади. Шу сабабли, мазкур мамлакатларда кутубхона тизимининг қонунчилик билан тартибга солиниши, бошқарувнинг марказлашган ёки марказлашмаган моделлари ҳамда инновацион рақамли хизмат турларининг, яъни гибрид кутубхоналар, сунъий интеллектга асосланган виртуал каталоглар ва инклюзив медиаалоқаларнинг таҳлили замонавий кутубхона-ахборот муҳитининг истиқболли ривожланиш векторларини белгилашда муҳим илмий-эмпирик манба бўлиб хизмат қилади.

Мазкур глобал тенденциялар ва институционал трансформация жараёнларининг амалий механизмини очиб беришда етакчи хорижий давлатларнинг ҳуқуқий-бошқарув амалиётини чуқур илмий таҳлил қилиш талаб этилади. Хусусан, бу борада федератив тузилиш ва децентрализация тамойилларига асосланган Америка Қўшма Штатлари тажрибаси замонавий таълим ва кутубхоначилик тизимининг интеграциялашган моделини ўрганишда муҳим эмпирик асос вазифасини ўтайди.

АҚШда мактаб таълими ва кутубхоначилик тизими децентрализация тамойилига асосланган бўлиб, K-12 тизими доирасида уларнинг ҳуқуқий ва молиявий тартибга солиниши штатлар ҳамда маҳаллий мактаб округлари тасарруфида қолмоқда. АҚШ Мактаб кутубхоначилари ассоциацияси (AASL) томонидан тасдиқланган “National School Library Standards” миллий стандартларига мувофиқ, замонавий мактаб кутубхоналари анъанавий китоб сақлаш жойидан ўқувчиларда рақамли саводхонлик, медиа-таҳлил, алгоритмик ва тадқиқотчилик кўникмаларини шакллантирувчи инновацион таълим ва медиа-интеграция марказларига айлантирилди. Кутубхоначилар эса ўқув дастурларини STEM ва рақамли воситалар билан бойитувчи ахборот кураторлари ҳамда медиа-мутахассис сифатида фаолият юритмоқда. Таълим статистикаси миллий маркази ҳамда ALA таҳлилларига кўра, кўплаб School district, яъни мактаб округларида алоҳида штатли кутубхоначи лавозимларининг қисқариши ва ресурсларга кириш имкониятидаги тафовутлар сақланиб қолмоқда. Бунга жавобан, федерал ва штат даражасида кутубхоналарни тенг ва барқарор молиялаштириш ҳамда ўқувчиларнинг бевосита ахборот ресурсларидан фойдаланишларини таъминлаш бўйича қонунчилик даражасида янги ислоҳотлар амалга оширилмоқда1.

Америка жамоат кутубхоналарининг замонавий трансформацияси жамиятнинг янги эҳтиёжларига мослашиш ва ахборот технологиялари даврида ўз ижтимоий мавқеини сақлаб қолиш зарурати билан изоҳланади. Майамида ўтказилган тажриба ва аҳолининг “100 та ажойиб ғоя” форумидаги таклифлари шуни кўрсатдики, кутубхоналар анъанавий китоб сақлаш маконидан “учинчи макон” ҳамда юқори технологиялар ва ижтимоий-коммуникация марказларига айланмоқда. Улар “from Collection to Connection” тамойили асосида рақамли тенгсизликни камайтириш, турли ноодатий хизматлар ва воситаларни (3D-принтер, дрон, ижодий устахоналар) таклиф этиш, маҳаллий ҳокимият ва таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш ҳамда молиявий мустақилликка эришиш орқали ижтимоий-интеграцион функцияни бирламчи ўринга олиб чиқмоқда. Илмий-назарий жиҳатдан кутубхона фаолиятида фойдаланувчига йўналтирилган ёндашув етакчи ўринни эгаллаб, “кутубхона энг аввало фуқаролар учун, китоблар учун эмас” тамойили қарор топмоқда. Маданият ва маиший хизмат марказларини бирлаштирган ушбу “культуротекалар” ижтимоий атомизация2ни енгишга хизмат қилаётган бўлса-да, инновациялар ортидан қувиш кутубхонанинг ўз асл идентиклигини ва муассасавий моҳиятини йўқотиш хавфини ҳам юзага келтиради3.

АҚШнинг амалдаги де-факто миллий кутубхонаси ҳисобланган Конгресс кутубхонаси бугунги кунда дунёдаги энг йирик ва бой кутубхона сифатида ўз фондини 178 миллиондан ортиқ босма ва рақамли манбалар, жумладан, 39 миллиондан зиёд китоб ҳамда юз миллионлаб қўлёзмалар, хариталар, суратлар ва овозли ёзувлар билан мунтазам бойитиб бормоқда. Сўнгги йилларда муассаса ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали фондларни рақамлаштириш, сунъий интеллект ёрдамида қидирув тизимларини такомиллаштириш ҳамда “Кутубхона ҳамма учун” ташаббуси доирасида масофавий фойдаланувчилар учун бепул электрон ресурслар кўламини кенгайтиришга алоҳида урғу бермоқда4. Бундан ташқари, кутубхона бошқаруви тўғридан тўғри АҚШ Конгрессига бўйсунади ва уни АҚШ Президенти томонидан тайинланиб, Сенат томонидан тасдиқланадиган Конгресс кутубхоначиси бошқаради. Ушбу тизим фаолияти АҚШ Кодексининг 2-унвони ҳамда кутубхонанинг ички низомлари билан тартибга солинади. Мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар кутубхонанинг қонунчиликка кўмаклашиш, АҚШ Муаллифлик ҳуқуқи идораси фаолиятини юритиш ва мажбурий нусхалар тизимини назорат қилиш ваколатларини мустаҳкамлайди5.

Конгресс кутубхонаси анъанавий тарзда ўқув залларида босма китоблар, ноёб қўлёзмалар ва даврий матбуотни ўқиш учун тақдим этиш, библиографик маълумотномалар бериш, тадқиқотчиларга индивидуал маслаҳатлар кўрсатиш ҳамда кўргазма ва экскурсиялар ташкил этиш хизматларини амалга ошириб келмоқда. Бир вақтнинг ўзида, муассаса замонавий ахборот хизматлари сифатида “Congress.gov”6 ва “World Digital Library”7 каби рақамли порталлар орқали миллионлаб ҳужжатлардан онлайн фойдаланиш, сунъий интеллектга асосланган виртуал маълумот хизмати, аудио ва подкаст форматдаги рақамли контентларни тарқатиш ҳамда имконияти чекланган шахслар учун махсус “National Library Service for the Blind and Print Disabled”8 замонавий тизимларини фаол таклиф этмоқда9.

Мазкур хорижий тажрибаларнинг қиёсий таҳлили турли давлатларда кутубхоначилик тизимининг институционал асослари ва ҳуқуқий меъёрлари турлича шаклланганини тасдиқлайди. Хусусан, АҚШнинг кўп тармоқли хизмат кўрсатиш моделлари билан бир қаторда, Европа маконида, жумладан, Германияда миллий кутубхоналар фаолиятининг қатъий қонуний тартибга солиниши ва марказлашган бошқарув механизми устувор аҳамият касб этади. Германия Миллий кутубхонаси (Deutsche Nationalbibliothek - DNB) федерал оммавий-ҳуқуқий муассаса мақомига эга бўлиб, унинг институционал фаолияти 2006 йилда қабул қилинган “Германия Миллий кутубхонаси тўғрисида”ги Қонун ҳамда Федерал маданият ва медиа масалалари бўйича давлат вазири (BKM) томонидан тартибга солинади ва назорат қилинади. Муассаса Лейпциг ва Франкфурт-Майндаги марказларни бирлаштирган ягона бошқарув тизимига эга бўлиб, унга Бош директор ва Васийлик кенгаши раҳбарлик қилади. Ҳуқуқий меъёрларга мувофиқ, кутубхонага Германияда чоп этиладиган ва тарқатиладиган, шунингдек, хорижда немис тилида ёки Германия ҳақида нашр этиладиган барча босма ва рақамли медиамаҳсулотларни мажбурий нусха тартибида йиғиш, миллий библиографияни юритиш ҳамда миллий маданий меросни аниқ сақлаш вазифаси юклатилган10.

Кутубхона хизмат кўрсатиш соҳасида анъанавий ва замонавий рақамли технологияларни ўзаро интеграция қилган ҳолда фаолият олиб боради. Анъанавий хизматлар доирасида Лейпциг ва Франкфуртдаги ихтисослаштирилган ўқув залларида миллий фонддаги босма нашрлар, хариталар, мусиқа ва нота манбалари ҳамда архив ҳужжатлари билан бевосита ишлаш имконияти яратилган. Замонавий хизматлар эса онлайн каталоглар, очиқ ахборот ресурслари, машина ўқий оладиган фойдаланиш интерфейслари SRU, OAI-PMH, MARC 21 ва ягона авторитет маълумотлар тизими орқали масофавий тадқиқотчилар учун куну тун очиқдир. Бундан ташқари, электрон китоблар, журналлар ва веб-сайтларни автоматик архивлаш ҳамда сунъий интеллект алгоритмлари асосида автоматик метамаълумотларни шакллантириш ва каталоглаштириш каби инновацион рақамли хизматлар фаол қўлланилмоқда11.

Мазкур илмий-назарий қарашлар ва кутубхона тизимининг эволюцион ривожланиш тенденцияларини таҳлил этишда, шубҳасиз, халқаро миқёсдаги нуфузли тадқиқотлар ва глобал ахборот марказларининг илғор амалиётини қиёсий ўрганиш муҳим методологик аҳамият касб этади. Бу борада дунёнинг етакчи кутубхонашунос олимлари томонидан амалга оширилган фундаментал изланишлар миллий кутубхоналарнинг институционал салоҳиятини очиб беришда калит вазифасини бажаради. Уильям Вернон Джексон кутубхоначилик соҳасида Францияда илмий изланишлар олиб бориш учун Фулбрайт дастури грантини қўлга киритган биринчи стипендиат бўлиб, Франция Миллий кутубхонасининг Лотин Америкаси фонди ресурслари бўйича кенг кўламли тадқиқотлар ўтказди.

Мазкур ҳисобот муаллифнинг Ғарб цивилизациясининг бешта энг йирик ахборот-кутубхона марказлари – Франция Миллий кутубхонаси, Британ кутубхонаси, Гарвард университети кутубхонаси, АҚШ Конгресс кутубхонаси ҳамда Нью-Йорк оммавий кутубхонаси фаолиятини таққослашга бағишланган комплекс қиёсий-типологик тадқиқотининг амалий натижаси ҳисобланади. Айнан ушбу қиёсий таҳлил доирасида алоҳида ўрин эгаллаган Франция Миллий кутубхонаси (Bibliothèque nationale de France - BnF) бугунги кунда дунёдаги энг йирик ва глобал даражада модернизациялашган ахборот-кутубхона марказларидан бири саналади.

Муассасанинг универсал фондларида 40 миллиондан ортиқ босма ва рақамли манбалар (китоблар, қўлёзмалар, хариталар, вақтли матбуот ҳамда аудиовизуал материаллар) жамланган. Сўнгги йилларда кутубхона инфратузилмасини янгилаш доирасида Париж марказидаги тарихий мажмуаси 15 йиллик кенг кўламли реконструкциядан сўнг фойдаланишга топширилди, янги BnF музейи ташкил этилди ҳамда муассасанинг рақамли экотизими сунъий интеллект алгоритмлари билан бойитилиб, миллионлаб офлайн ва онлайн фойдаланувчиларга замонавий хизмат кўрсатиш имконияти яратилди12. Франция Миллий кутубхонаси Франция Маданият вазирлиги васийлигида ва маъмурий назорати остида фаолият юритувчи давлат жамоат муассасаси ҳисобланади. Муассасанинг ҳуқуқий ва институционал мақоми Франция Маданият кодекси ва 1994 йил 3 январдаги 94-3-сонли Махсус декрет билан тартибга солинади. Кутубхонани Франция Президенти томонидан 5 йил муддатга тайинланадиган Президент ҳамда стратегик қарорлар, бюджет ва ривожланиш дастурларини тасдиқловчи Бошқарув кенгаши юритади. BnF13 фаолиятининг асосий меъёрий замини Францияда 1537 йилдан бери амал қилувчи ва сўнгги йилларда рақамли нашрлар ҳамда веб-архивларни қамраб олиш учун кенгайтирилган Мажбурий нусха тўғрисидаги қонунчиликка асосланади14.

Франция Миллий кутубхонаси анъанавий кутубхоначилик хизматларини рақамли трансформация ечимлари билан уйғунлаштирган дунёдаги энг йирик ахборот-ресурс марказларидан биридир. Анъанавий хизматлар доирасида кутубхона 40 миллиондан ортиқ босма ва қўлёзма фондларни (китоблар, қўлёзмалар, хариталар, эстампалар, тангалар) Ф.Миттеран ва Ришельё каби тарихий бинолардаги ихтисослашган ўқув залларида тақдим этади, шунингдек, илмий-тадқиқот консультациялари ва нодир манбаларни реставрация қилиш хизматларини кўрсатади. Замонавий ва рақамли хизматларнинг ўзаги сифатида электрон кутубхонаси 10 миллиондан ортиқ рақамлаштирилган ҳужжатлар ва Gallica Image сунъий интеллект алгоритмларига асосланган қидирув платформалари хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, BnF Франция веб-сегментининг рақамли архиви, AI-тадқиқотлар учун очиқ маълумотлар базалари ҳамда электрон каталоги орқали масофавий ахборот ва интерактив фойдаланиш имкониятларини тақдим этади15.

Франция кутубхона-ахборот тизимининг эволюцион ривожланиш тенденциялари фақатгина миллий миқёсдаги йирик фундаментал марказлар фаолияти билан чекланиб қолмасдан, балки умумий таълим тизимининг қуйи бўғинлари – мактаб кутубхоналари ва ҳужжатлаштириш марказлари фаолияти билан ҳам узвий равишда уйғунлашган ҳолда кечади. Бу эса мамлакатда ягона ва изчил ахборот-таълим экотизимини шакллантириш имконини беради.

Францияда мактаб кутубхоначилиги ва ахборот-ҳужжатлаштириш тизими Миллий таълим ва ёшлар вазирлиги томонидан тартибга солинади. Унинг ҳуқуқий пойдевори Таълим кодекси, 2013 йилги “Мактабни қайта тиклаш тўғрисида”ги қонун ҳамда “professeur documentaliste” вазифаларини белгилаб берувчи 2017 йил 28 мартдаги 2017-051-сонли Вазирлик йўриқномаси16 билан мустаҳкамланган. Бошланғич мактаблардаги BCD ва коллеж/лицейлардаги CDI17 марказларини давлат томонидан CAPES (Certificat d’Aptitude au Professorat de l’Enseignement du Second degré18) танлови орқали саралаб олинган ва педагогик мақомга эга бўлган профессор-документалистлар бошқаради. Анъанавий китоб бериш ва фондни бошқаришдан ташқари, замонавий CDI хизматлари ўқувчиларда Медиа ва ахборот саводхонлигини шакллантириш, фан ўқитувчилари билан ҳамкорликда рақамли тадқиқот лойиҳаларини ўтказиш ва фейк хабарларни аниқлаш кўникмаларини ўргатишга йўналтирилган. Бугунги кунда CDI хизматлари онлайн форматга ўтказилиб, фойдаланувчиларга булутли каталоглари, рақамли таълим платформалари, сунъий интеллект ёрдамида ахборот излаш ва медиатека ресурсларига 24/7 масофавий кириш имкониятини тақдим этмоқда19.

Европа ва Америка қитъаларидаги кутубхона-ахборот тизимларининг эволюцион ривожланиш тажрибаси билан бир қаторда, Осиё минтақасида, хусусан, Японияда ҳам юқори даражадаги марказлашган бошқарув ва парламент назоратига асосланган ўзига хос институционал модель шаклланган бўлиб, у миллий ахборот ресурсларини сақлашда муҳим аҳамият касб этади. Япония Миллий Парламент кутубхонаси 1948 йилда қабул қилинган Парламент кутубхонаси тўғрисидаги қонун асосида Япония Парламенти (Парламент тўғрисидаги қонуннинг 130-моддаси) ҳузурида ташкил этилган бўлиб, бевосита Парламентга бўйсунувчи мустақил давлат муассасаси ҳисобланади. Муассасага Парламентнинг ҳар иккала палатаси (Вакиллар ва Маслаҳатчилар палаталари) раислари томонидан тайинланадиган Бош директор раҳбарлик қилади.

Япониядаги мажбурий нусха тизимининг ягона маркази бўлиб, мамлакатда чоп этиладиган барча босма, электрон манбалар ва веб-архивларни WARP йиғиш ва сақлаш мажбуриятига эга. Кутубхона Парламент аъзоларининг қонунчилик тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, “NDL Digital Collections” интеграциялашган рақамли платформаси ва “Japan Search” портали орқали 4 миллиондан ортиқ тўлиқ матнли рақамлаштирилган манбаларга ва сунъий интеллект ёрдамида ахборот излаш хизматларига масофавий ва очиқ фойдаланиш имкониятини тақдим этади. Шунингдек, муассаса “Vision 2026-2030: Co-create the Circulation of Knowledge” 20 стратегияси доирасида рақамли ресурсларни AI-технологиялар орқали фойдаланувчиларга кенг тақдим этиш ва миллий ахборот экотизимини ривожлантириш тизимини амалга оширмоқда21.

Япония Миллий Парламент кутубхонаси Япония Парламенти олий қонунчилик органи ҳузурида фаолият юритувчи мустақил ва ягона миллий кутубхона ҳисобланади. Муассасанинг ҳуқуқий мақоми ва бошқарув тизими Япония Парламенти тўғрисидаги қонуннинг 130-моддаси ҳамда 1948 йил 9 февралдаги “Парламент кутубхонаси тўғрисида”ги 5-сонли Махсус қонун билан тартибга солинади. Бошқарув аппарати фаолияти Парламентнинг Вакиллар ва Маслаҳатчилар палаталари раислари томонидан, яъни иккала палата розилиги билан тайинланадиган Бош директор зиммасига юкланади. Кутубхонанинг стратегик ривожланиши ва институционал мақсадлари Бош директор томонидан тасдиқланадиган “NDL Vision 2021-2025: The Digital Transformation Period”22 ҳужжати асосида бевосита рақамли трансформация, очиқ маълумотлар ва парламент қонунчилигини ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлашга йўналтирилган. Меъёрий асоснинг ўзагини мамлакатда чоп этиладиган барча босма нашрлар, рақамли ресурслар ҳамда тармоқ нашрларини мажбурий тўплашни кафолатловчи Мажбурий нусха тўғрисидаги қонунчилик ташкил этади23.

Япония Миллий Парламент кутубхонаси анъанавий академик хизматларни илғор ахборот-коммуникация ва рақамли технологиялар билан интеграция қилган жаҳондаги энг йирик марказлардан биридир. Анъанавий хизматлар доирасида кутубхона Токиодаги асосий биноси, Кансай-каку филиали ва Халқаро болалар адабиёти кутубхонасида ILCL24 45 миллиондан ортиқ босма ва нодир фондларни Осиё ва япон классик манбалари, хариталар, расмий архивлар тадқиқотчиларга ихтисослашган ўқув залларида тақдим этади ва Парламент аъзолари учун алоҳида қонунчилик-таҳлил хизматларини25 кўрсатади. Замонавий ва рақамли хизматлар сифатида “NDL Digital Collections” ягона қидирув платформаси хизмат қилади, у орқали 3,5 миллиондан ортиқ плёнка ва ҳужжатлар рақамлаштирилган бўлиб, оптиклаштирилган матнларни аниқлаш ҳамда сунъий интеллект алгоритмлари орқали тўлиқ матнли автоматик излашни таъминлайди. Бундан ташқари, NDL Япония веб-сегментини сақлаб борувчи WARP26 веб-архиви, миллий маданий мерос интегратори Japan Search ҳамда масофавий аъзолик тизими орқали фойдаланувчиларга миллионлаб манбалардан 24/7 масофавий ва очиқ фойдаланиш имкониятини беради27.

Япония тажрибасида шаклланган парламент даражасидаги марказлашган бошқарув ва рақамли инфратузилма моделлари билан бир қаторда, Шарқий Осиё минтақасидаги бошқа илғор давлатлар, жумладан, Жанубий Кореяда ҳам миллий кутубхоначилик тизимини инновацион стратегик дастурлар асосида модернизация қилиш жараёнлари жадал олиб борилмоқда. Корея Республикаси Миллий кутубхонаси (National Library of Korea - NLK) Жанубий Корея Маданият, спорт ва туризм вазирлиги ҳузуридаги бош давлат кутубхонаси бўлиб, унинг фаолияти Кутубхоналар тўғрисидаги қонун ва мажбурий нусха тизими орқали тартибга солинади. Муассаса рақамли жамият талабларига мослашган ҳолда ўзининг “Digital Library Strategy 2023-2027” 28 ҳамда “NLK Vision 2030” 29 стратегик ривожланиш дастурларини амалга оширмоқда. Бугунги кунда Корея Республикаси Миллий кутубхонаси анъанавий босма ва нодир манбаларни Сеулдаги бош бино, Миллий болалар ва ўсмирлар кутубхонаси ва Сежонг филиалида сақлаш билан бир вақтда, сунъий интеллект ва катта маълумотлар асосида ишловчи Digital Library мажмуаси ва “Korean Newspaper Archive” платформаси орқали 14 миллиондан ортиқ босма ва миллионлаб рақамли ресурсларга, метамаълумотлар базаларига ҳамда масофавий ахборот хизматларига 24/7 бепул ва очиқ фойдаланиш имкониятини тақдим этмоқда30.

Жаҳоннинг етакчи давлатлари – АҚШ, Германия, Франция, Япония ва Жанубий Корея тажрибасининг қиёсий-институционал таҳлили замонавий ахборот-кутубхона тизимлари эволюцияси глобал рақамлашув ва ижтимоий трансформация жараёнлари билан узвий боғлиқ ҳолда кечаётганини яққол кўрсатади. Тўпланган илмий-эмпирик маълумотлар шуни исботлайдики, кутубхоналар анъанавий китоб сақлаш ва тарқатиш муассасаси мақомидан воз кечиб, жамиятнинг интеллектуал фондини сақловчи стратегик марказ, эрта ижтимоийлашув, медиасаводхонлик ва илк рақамли кўникмаларни шакллантирувчи инновацион таълим экотизимига айланмоқда. Шу билан бирга, федератив тузилиш ва децентрализация тамойилларига асосланган АҚШ модели ҳудудий молиявий мустақиллик ва таълим интеграциясини таъминласа, Германия, Франция ва Япония тажрибасида кузатилганидек, қатъий қонуний тартибга солиш ҳамда парламент ёки ҳукумат назорати остидаги марказлашган бошқарув механизми миллий маданий меросни яхлит сақлаш ва мажбурий нусха тизимини барқарор юритишда муҳим аҳамиятга эга.

Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, миллий кутубхоналар миқёсида давлат стратегик аҳамиятига эга фондларни ҳимоя қилиш ва очиқликни таъминлаш устувор вазифа бўлса, мактаб кутубхоналари ва ҳужжатлаштириш марказлари, масалан, Франциянинг CDI тизими ёки АҚШнинг AASL стандартлари ўқувчиларда танқидий фикрлаш, ахборотни текшириш ва алгоритмик таҳлил кўникмаларини ривожлантиришнинг асосий майдонига айланмоқда. Замонавий кутубхона амалиётида “Collection to Connection” тамойилининг қарор топиши, сунъий интеллект алгоритмларига асосланган виртуал каталоглар, рақамли веб-архивлар (WARP, Gallica, NDL Digital Collections) ҳамда ижтимоий-коммуникацион макон сифатидаги “учинчи макон” концепциясининг интеграцияси ахборот тенгсизлигини бартараф этиш ва билимлар циркуляциясини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Бироқ инновациялар ортидан қувиш ва хизмат кўрсатиш турларини ҳаддан ташқари кенгайтириш муассасанинг ўз асл идентиклиги ва институционал моҳиятини йўқотиш хавфини ҳам юзага келтиради. Шу боисдан хорижий тажрибанинг кўрсатишича, миллий кутубхона-ахборот тизимини модернизация қилишда ҳуқуқий барқарорлик, анъанавий фондларни ҳимоя қилиш ҳамда рақамли ечимларни ўзаро мувофиқлаштириш стратегик мувозанатни таъминлашнинг бош шарти ҳисобланади ва бу мамлакатларнинг истиқболли ривожланиш векторларини белгилашда фундаментал илмий-эмпирик манба бўлиб хизмат қилади.

Мазкур илғор хорижий тажрибаларнинг институционал ва ҳуқуқий механизмларини Ўзбекистоннинг ахборот-кутубхона тизимига жорий этиш миллий ахборот маконини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш имконини беради. Жумладан, мамлакатимизда рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш мақсадида “Мажбурий нусха тўғрисида”ги қонунчиликни электрон ресурслар, тармоқ нашрлари ва миллий веб-сегмент архивларини қамраб олувчи норматив қоидалар билан бойитиш, шунингдек, Япония ва Германия тажрибаси каби миллий кутубхоналар фаолиятини бевосита стратегик бошқарув ва парламент назорати остидаги ягона институционал тизимга бирлаштириш зарур. Бундан ташқари, хориждаги “учинчи макон” ва “Collection to Connection” концепцияларини миллий амалиётга татбиқ этиш орқали ахборот-кутубхона муассасаларини фақатгина китоб сақлайдиган маскан эмас, балки аҳолининг кенг қатламлари учун креатив мулоқот, медиасаводхонлик ва рақамли кўникмаларни ривожлантирувчи ижтимоий-инновацион марказларга айлантириш лозим.

Таълим тизимининг қуйи бўғинларида, хусусан, умумтаълим мактабларида АҚШнинг AASL миллий стандартлари ва Франциянинг педагогик мақомга эга профессор-документалистлар институтини миллий хусусиятларимизга мос равишда жорий этиш ўқувчиларда эрта ёшдан бошланғич медиатаҳлил, алгоритмик тафаккур ва ахборот маданиятини шакллантиришнинг мустаҳкам пойдеворини яратади. Шу билан бирга, сунъий интеллект технологияларига асосланган ягона миллий электрон каталоглар ва интеллектуал қидирув тизимларини ишлаб чиқиш, масофавий фойдаланиш кўламини кенгайтириш ҳамда ҳудудлардаги кутубхоналарнинг молиявий-ташкилий мустақиллигини кучайтириш ахборот тенгсизлигини бартараф этади. Ушбу илмий-назарий ва амалий таклифларнинг тизимли равишда рўёбга чиқарилиши Ўзбекистонда ахборот-кутубхона муассасаларининг институционал барқарорлигини таъминлаб, жамиятнинг интеллектуал салоҳиятини янада юксалтиришнинг муҳим илмий-методологик асоси бўлиб хизмат қилади.

 

--------

1   АҚШ Мактаб кутубхоначилари ассоциацияси (AASL) Миллий стандартлари: AASL National School Library Standards for Learners, School Librarians, and School Libraries.

2   Социология ва ижтимоий психологияда жамиятнинг бўлиниб кетиши, одамлар ўртасидаги ижтимоий алоқалар, ишонч ва мулоқотнинг узилиши ҳамда шахсларнинг бир-биридан ажралиб, яккаланиб қолиши жараёнидир.

3   Онуфриенко Г.Ф. Американская публичная библиотека - виды на будущее.- 2017. https://cyberleninka.ru/article/n/amerikanskaya-publichnaya-biblioteka-vidy-na-buduschee/viewer

4   loc.gov – АҚШ Конгресс кутубхонасининг расмий веб-сайти

5   law.cornell.edu – Cornell Law School Legal Information Institute, U.S. Code Title 2).

6   АҚШнинг федерал қонунчилик маълумотлари тақдим этиладиган расмий давлат веб-портали ҳисобланади.

7   World Digital Library (Бутунжаҳон рақамли кутубхонаси - WDL) - бу дунё халқларининг бой маданий мероси, ноёб қўлёзмалари, хариталари, ноёб китоблари, суратлари ва аудио-видео ёзувларини рақамлаштириб, бир платформада бепул ва кўп тилда тақдим этган халқаро рақамли кутубхона лойиҳаси.

8   АҚШ Конгресс кутубхонасининг кўриш қобилияти чекланган, кўзи ожиз ёки босма матнларни ўқишда жисмоний қийинчиликларга эга бўлган шахслар учун мўлжалланган миллий бепул кутубхона хизмати тизимидир.

9   loc.gov/services – АҚШ Конгресс кутубхонаси хизматлар бўлими.

10 https://www.dnb.de/EN/Service/Rechtliches/rechtliches_node.html Мурожат санаси 25.05.2026.

11    https://www.dnb.de/EN/Benutzung/Services/weitereBenutzungsservices_node.html Мурожат санаси 25.05.2026.

12 Jackson, W. V. The Bibliothèque Nationale de France: A Special Report / W. V. Jackson // World Libraries. - 1999. - Vol. 9, No. 1. - URL: https://worldlibraries.dom.edu/index.php/worldlib/article/view/205

13 Bibliothèque nationale de France Франция Миллий кутубхонаси иборасининг қисқартмаси

14 Ministère de la Culture - Code du patrimoine, Article R341-1 et suivants.Франция Маданият вазирлиги расмий сайти. Décret n°94-3 du 3 janvier 1994 relatif à la Bibliothèque nationale de France.

15 Bibliothèque nationale de France - Rapport d’activité 2023-2024 / Gallica numérique (bnf.fr).

16 Франция Миллий таълим ва ёшлар вазирлиги томонидан чиқарилган ва мактаб кутубхоначиларининг мақоми, вазифалари ҳамда фаолият йўналишларини тартибга солувчи асосий норматив-ҳуқуқий вазирлик йўриқномаси.

17 Франция таълим тизимидаги ҳужжатлаштириш ва ахборот маркази.

18 Франция иккинчи босқич таълим тизимида (коллеж ва лицейларда) дарс бериш ва ўқитувчилик қилиш ҳуқуқини берувчи давлат касбий сертификати.

19 Housse de référence / Circulaire n° 2017-051 du 28-3-2017: Mission des enseignants professeurs documentalistes. Légifrance. Bulletin officiel de l’Éducation nationale (BO n°13 du 30 mars 2017). Loi n° 2013-595 du 8 juillet 2013 d’orientation et de programmation pour la refondation de l’école de la République.

20 Билимлар айланишини биргаликда яратиш номли Япония Миллий Парламент 2026 йилдан 2030 йилгача бўлган даврга мўлжалланган ўрта муддатли стратегик ривожланиш стратегияси.

21 https://www.ndl.go.jp/en/aboutus Мурожат санаси 25.05.2026.

22 Япония Миллий Парламент кутубхонасининг (National Diet Library - NDL) сўнгги беш йилликдаги институционал фаолияти ва рақамли трансформациясини белгилаб берган асосий стратегик ривожланиш концепцияси.

23 National Diet Library Official Legal Portal - National Diet Library Law (Law No. 5 of 1948). NDL Strategic Planning Documents - National Diet Library Vision 2021-2025.

24 International Library of Children’s Literature (японча: 国際子ども図書館 - Kokusai Kodomo Toshokan, ўзбекчада: Халқаро болалар адабиёти кутубхонаси) бўлиб, Япония Миллий Парламент кутубхонасининг ихтисослашган филиали ҳисобланади.

25 Тадқиқот ва қонунчилик маълумотнома бюроси. Япония Миллий Парламент кутубхонаси таркибидаги энг муҳим ва ихтисослашган таҳлилий-ахборот департаменти.

26 Япония Миллий Парламент кутубхонасининг (National Diet Library - NDL) расмий веб-архивлаш лойиҳаси

27 NDL Services & Digital Collections Portal.

28 Аxborot-kutubxona muassasalarini raqamlashtirish, raqamli kolleksiyalarni saqlash va foydalanuvchilarga zamonaviy texnologiyalar (sun’iy intellekt, ochiq ilmiy platformalar va b.) yordamida xizmat ko’rsatishni rivojlantirishga qaratilgan 5 yillik konseptual dasturi.

29 Koreya milliy kutubxonasi strategiyasi.

30 National Library of Korea (NLK) Official Portal: https://www.nl.go.kr/EN/

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Онуфриенко Г.Ф. Американская публичная библиотека - виды на будущее.- 2017. https://cyberleninka.ru/article/n/amerikanskaya-publichnaya-biblioteka-vidy-na-buduschee/viewer

2. loc.gov – АҚШ Конгресс кутубхонасининг расмий веб-сайти

3. law.cornell.edu – Cornell Law School Legal Information Institute, U.S. Code Title

4. loc.gov/services – АҚШ Конгресс кутубхонаси хизматлар бўлими.

5. https://www.dnb.de/EN/Service/Rechtliches/rechtliches_node.html Мурожат санаси 25.05.2026.

6.https://www.dnb.de/EN/Benutzung/Services/weitereBenutzungsservices_node.html Мурожат санаси 25.05.2026.

7. Jackson, W. V. The Bibliothèque Nationale de France: A Special Report / W. V. Jackson // World Libraries. - 1999. - Vol. 9, No. 1. - URL: https://worldlibraries.dom.edu/index.php/worldlib/article/view/205

8.Housse de référence / Circulaire n 2017-051 du 28-3-2017: Mission des enseignants professeurs documentalistes. Légifrance. Bulletin officiel de l’Éducation nationale (BO n°13 du 30 mars 2017). Loi n° 2013-595 du 8 juillet 2013 d’orientation et de programmation pour la refondation de l’école de la République.

9.https://www.ndl.go.jp/en/aboutus Мурожат санаси 25.05.2026.

10.National Library of Korea (NLK) Official Portal: https://www.nl.go.kr/EN/