Annotation. This article analyzes information-library institutions from the perspective of sociological institutionalism, examining their regulative, normative, and cultural-cognitive components. Furthermore, it demonstrates their societal role in knowledge dissemination, cultural development, and ensuring social stability. Based on an analysis of the influence of legal, ethical, and social mechanisms, scientific proposals are advanced for improving the institutional approach, implementing technologies, and expanding research.

 

Keywords: Institutional approach, society, knowledge, laws, information-library institutions, normative-legal documents, social norms, institutional theory, social environment, institutional system, legal, ethical, social mechanisms.

 

Аннотация: Мазкур мақолада ахборот-кутубхона муассасалари социологик институционализм нуқтаи назаридан таҳлил этилади, уларнинг регулятив, норматив ҳамда маданий-когнитив компонентлари ўрганиб чиқилади. Шунингдек, уларнинг жамиятдаги роли билим тарқатиш, маданий ривожланиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш кўрсатилади. Ҳуқуқий, ахлоқий ва ижтимоий механизмларнинг таъсири таҳлил қилинган ҳолда институционал ёндашувни такомиллаштириш, технологияларни татбиқ этиш ҳамда тадқиқотларни кенгайтириш бўйича илмий таклифлар илгари сурилади.

 

Калит сўзлар: институционал ёндашув, жамият, билим, қонунлар, ахборот-кутубхона муассасалари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, ижтимоий меъёрлар, институционал назария, ижтимоий муҳит, институционал тизим, ҳуқуқий, ахлоқий ва ижтимоий механизмлар.

 

Аннотация: В данной статье информационно-библиотечные учреждения анализируются с позиции социологического институционализма, изучаются их регулятивные, нормативные и культурно-когнитивные компоненты. Кроме того, демонстрируется их роль в обществе – распространение знаний, культурное развитие и обеспечение социальной стабильности. На основе анализа влияния правовых, этических и социальных механизмов выдвигаются научные предложения по совершенствованию институционального подхода, внедрению технологий и расширению исследований.

 

Ключевые слова: институциональный подход, общество, знание, законы, информационно-библиотечные учреждения, нормативно-правовые документы, социальные нормы, институциональная теория, социальная среда, институциональная система, правовой, этический, социальные механизмы.

 

Ахборот-кутубхона муассасалари жамиятдаги билим ва ахборотга бўлган эҳтиёжни қондиришда муҳим ижтимоий институтлар сифатида шаклланади. Бу муассасалар нафақат маълумотларни сақлаш ва тарқатиш билан шуғулланади, балки жамиятнинг маданий ва ижтимоий ривожланишига ҳам сезиларли ҳисса қўшади. Шу муносабат билан уларнинг фаолиятини социологик нуқтаи назардан таҳлил қилиш зарурати туғилади. Хусусан, институционал ёндашувлар ахборот-кутубхона муассасаларининг роли ҳамда уларнинг жамият билан ўзаро муносабатларини аниқлашда муҳим аҳамиятга эга.

Жамият ўзаро боғлиқ ва кўп йўналишли компонентлардан иборат мураккаб динамик тизимдир, яъни ижтимоий институтлардан иборат тизимдир. Ҳар қандай бу каби институтлар тизими муайян, маълум даражада ўзгача ва ҳатто уникал бўлган ижтимоий-маданий ҳамда тарихий шарт-шароитларда шаклланади. Бу ҳар бир жамиятнинг тузилиши ва фаолият механизмларининг ўзига хослигини белгилаб беради. Ижтимоий институтларнинг бир-бири билан қандай боғланганлиги жамиятнинг асосий ташкилий тамойилини белгилайди.

Социологик институционализм институтларни ижтимоий меъёрлар, урф-одатлар ва маданий тушунчалар орқали шаклланадиган ижтимоий конвенциялар сифатида талқин қилади. Ушбу назарияга кўра, институтлар инсонлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солиб, жамиятнинг барқарорлигини таъминлайди. Уларнинг асосий вазифаси ижтимоий тартиб ва мустаҳкамликни сақлашдан иборатдир1.

Институционал назария социологияда ташкилотлар ва уларнинг ижтимоий муҳит билан ўзаро муносабатларини ўрганишда муҳим методологик асос сифатида хизмат қилади. Институтлар белгиланган нормалар, қоидалар, ғоялар ва амалиётлар мажмуи бўлиб, улар жамиятда барқарор ижтимоий тартибни таъминлайди2. Ахборот-кутубхона муассасалари ўзига хос институционал рамкада фаолият кўрсатади, бунда қонунчилик, этик нормалар, техник стандартлар ва жамиятнинг эҳтиёжлари ўзаро уйғунликда амалга оширилади.

Институционал назария 1960 йилларда бошланган ақлий инқилобнинг давоми ва ривожидир. Бу инқилоб ташкилотларни ўрганишда “очиқ тизимлар” тушунчасини жорий этган. У вақтдан бошлаб маданий ва ижтимоий омилларнинг яъни институционал муҳитнинг ташкилотларга жиддий таъсири борлиги эътироф этилди. Ташкилотлар энди фақат ишлаб чиқариш тизими эмас, балки маданий ва ижтимоий тизимлар сифатида ҳам кўрилади3.

Социологик институционал назария бу яхлит назарий тизим бўлиб, у дунёга қараш (онтология) ва субъектлар билан объектлар ўртасидаги муносабатлардан келиб чиқувчи билим (эпистемология)ни қамраб олади. Шу маънода, бу назариянинг асосий фарзларидан бири реалликнинг ижтимоий қурилишига тегишлидир4. Унда инсон онги инсонлар ўртасидаги мураккаб институционал жараёнлар таъсирида субъектив равишда шаклланади.

Тўлиқ шаклланган институционал тизимларда регулятив, норматив ва маданий-когнитив компонентлар ўзаро боғлиқ ҳолда фаолият юритади. Ахборот-кутубхона муассасаларида ушбу элементлар бир-бири билан уйғунлашган ҳолда, ташкилотнинг самарадорлиги ва барқарорлигига хизмат қилади. Жумладан, регулятив таркибий қисм кутубхонанинг ҳуқуқий асослари ва меъёрий ҳужжатларини белгиласа, норматив омиллар касбий стандартлар ва ахлоқий қоидаларни шакллантиради. Маданий-когнитив асослар эса ахборот-кутубхона хизматларининг жамият қадриятлари ва билим муҳити билан мувофиқлашувини таъминлайди. Ушбу компонентларнинг интеграциялашган ҳолда мавжудлиги ахборот-кутубхона муассасаларини тўлиқ институционал тузилма сифатида намоён этади.

Бу ерда регулятив компонентлар ижтимоий тизимнинг фаолиятини ва тартибини бошқаришга, шунингдек, институтларнинг белгиланган мақсадларга эришиш учун жадал ҳаракат қилишини таъминлашга қаратилган механизмлардир. Бу элементлар амалиёт ва режаларни белгилаш, мониторинг қилиш, қоидаларга риоя қилишни текшириш ва уларга нисбатан рағбатлантириш ёки жазо беришни ўз ичига олади. Улар фаолиятни мувофиқлаштириш ва муайян жараёнларнинг самарадорлигини таъминлашга ёрдам беради.

Норматив компонентлар бу ижтимоий муассасалар ёки институтлар томонидан белгилаб қўйилган меъёрлар, қоидалар ва стандартлардир. Улар жамият аъзоларининг муносабатлари, ижтимоий хулқ-атворлари ва фаолиятларини тартибга солади. Масалан, ахлоқий ва ҳуқуқий меъёрлар, ижтимоий талаблар ҳамда ташкилотлар орасидаги келишувлар норматив элементлар ҳисобланади. Ушбу қоидалар жамиятдаги тартибни сақлашга, барқарорликни таъминлашга ва муносабатларни мувофиқлаштиришга хиз-мат қилади.

Маданий-когнитив компонентлар, аввало, ижтимоий гуруҳлар, жамиятлар ёки институтлар орасида умумий тушунчалар, билимлар, қўшилишига асосланган қадриятлар ва ишончлардан иборат. Бу элементлар фаолиятнинг маъноларини шакллантиради ва аниқ ижтимоий контекстда кимлар қандай фаолият олиб боради, уларнинг хулқ-атвори қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги умумий тушунчаларни белгилайди. Ушбу элементлар маданиятнинг ўзига хос кўринишларини (масалан, тил, урф-одатлар, санъат) ва уларнинг одамлар орасидаги ахборот алмашинишини ташкил этади.

Социологик тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ахборот кутубхона муассасаларидаги
институционал меъёрлар ва қоидалар нафақат ички ташкилотчилик жараёнларини тартибга солади, балки фойдаланувчилар билан муносабатларни мустаҳкамлайди. Бу эса ахборотга тенг кириш имкониятини кенгайтиради ва жамиятда билимли авлод шаклланишига хизмат қилади.

Назарий ривожланиш орқали, онтологик ва эпистемологик нуқтаи назарга қараб реалликни тушунтириш, ифодалаш, умумлаштириш ва унга оид хулосалар ёки башоратлар бериш мумкин. Институционал назария ўз эпистемологияси нуқтаи назаридан бир қатор трансформациялардан ўтган бўлиб, ижтимоий ҳодисаларга нисбатан турлича қарашларни шакллантирган.

Айтиш лозимки, институционал муҳит, қонунийлик, изоморфизм ва ташкилот майдони каби баъзи конструкциялар ташкилотшунослик адабиётида марказий ўрин эгаллади. Бу эса тадқиқотларни мураккаб ижтимоий-маданий муносабатлар даражасига олиб чиқди5.

Ахборот-кутубхона муассасаларининг фаолияти жамиятда мавжуд билим ва маълумотларни ижтимоий институт сифатида тизимли равишда тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш, тарғиб қилиш ҳамда фойдаланувчиларнинг ахборот ресурсларидан самарали фойдаланишини таъминлашга қаратилган комплекс ижтимоий-коммуникатив жараёндир. Ушбу жараён кутубхона-информацион муассасаларнинг асосий институционал вазифаларини ахборот ресурсларини бошқариш, уларнинг узлуксиз сақланишини таъминлаш, илмий-методик қайта ишлаш ҳамда жамиятнинг турли ижтимоий гуруҳларига ахборотни тенг ва адолатли тақсимлаш механизмларини ўз ичига олади.

Замонавий ахборот-кутубхона муассасалари адабиётлар, расмий ҳужжатлар, статистик материаллар, рақамли маълумотлар базалари, мультимедиа манбалари ва бошқа ахборот ресурсларини мунтазам равишда тўплайди ҳамда уларни ахборот-коммуника-
ция муҳитининг талабларига мувофиқ равишда шакллантиради. Уларнинг мазмун жиҳатдан тўғри, тизимлашган ва стандартлашган ҳолда ташкилий-методик асосда ташкил этилиши кутубхона фаолиятининг профессионал ҳуқуқий базасини яратади. Ахборот ресурсларини каталоглаш, индекслаш, метамаълумотлар билан бойитиш, классификация ва семантик тавсифлаш каби жараёнлар уларни ахборот қидирув тизимларига мослаштириб, фойдаланувчиларнинг манзилли ва самарали ахборот изланиш компетенцияларини ривожлантиради.

Ахборот-кутубхона муассасалари ахборот ресурсларининг ҳаётий циклини бошқариш бўйича институционал вазифани бажаради, уларнинг рақамли форматларда сақланишини таъминлайди, электрон каталоглар, интеграциялашган маълумотлар базалари ва корпоратив кутубхона тизимлари орқали ахборот хавфсизлиги ва ахборот барқарорлигини мустаҳкамлайди. Бундай социомаданий ва амалий-инновацион ёндашув жамиятда ахборот-коммуникация инфратузилмасини ривожлантиришга, билим салоҳиятини оширишга, интеллектуал ресурсларни жамиятда тенг тақсимлашга ҳамда илмий-инновацион фаолиятни институционал қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Ахборот-кутубхона муассасалари замонавий жамият инфратузилмасининг ажралмас қисми ҳисобланади. Ушбу муассасалар илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлайди ва аҳолининг маърифий салоҳиятини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, кутубхоналар маданий меросни сақлашда ҳам ижтимоий институт сифатида асосий вазифани бажаради. Кутубхона ходимлари фойдаланувчиларга зарур ахборотни топишда кўмаклашиб, уларнинг илмий изланишларини самарали ташкил этишни таъминлайди.

Кутубхоналарнинг ижтимоий вазифалари фақатгина ахборот ресурсларини сақлаш ва улардан фойдаланиш имконини таъминлаш билан чекланиб қолмай, балки жамоатчиликни ижтимоийлаштириш, маданий қадриятларни авлоддан-авлодга етказиш ҳамда ижтимоий интеграцияни мустаҳкамлаш каби кенг қамровли функцияларни ҳам ўз ичига олади.

Ахборот-кутубхона муассасалари фаолияти жамиятга маълумот ва билимни тизимли равишда тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш, тарқатиш ҳамда фойдаланувчиларга улардан самарали фойдаланиш имкониятларини яратиш жараёнидан иборатдир. Ушбу фаолият ахборот-кутубхона муассасаларининг асосий вазифалари – ахборот ресурсларини бошқариш ва уларни жамиятнинг турли қатламларига етказишни қамраб олади. Ахборот-кутубхона муассасалари адабиётлар, ҳужжатлар, рақамли маълумотлар базалари ҳамда бошқа ахборот манбаларини тизимли равишда тўплайди ва уларни каталоглаш, индекслаш ҳамда классификациялаш орқали қидирувга қулай шаклга келтиради.

Шунингдек, кутубхона ходимлари фойдаланувчиларга зарур маълумотларни топишда ёрдам бериб, илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлайди. Ахборотни тарқатиш ва билимни ошириш мақсадида турли кўргазмалар, электрон ресурслар, тренинглар ҳамда бошқа тарғибот тадбирлари ташкил этилади. Бундан ташқари, кутубхоналар жамиятда билимли авлодни тарбиялаш, маданий меросни сақлаш ҳамда ижтимоий интеграцияни таъминлашда муҳим ижтимоий ва маданий функцияларни бажаради.

Ахборот-кутубхона муассасалари фаолияти жамиятнинг ахборот инфратузилмасининг ажралмас қисми бўлиб, билим иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллайди. Ушбу фаолиятнинг самарадорлиги институционал, технологик ҳамда ижтимоий омиллар билан белгиланади.

Кутубхоналар жамиятнинг ахборот инфратузилмасини ташкил этувчи муҳим инс-
титутлардан бири сифатида билимга тенг кириш имкониятларини яратади. Улар ахборотни сақлаш, тарқатиш ҳамда қайта ишлаш орқали илмий-маърифий жараёнларни қўллаб-қувватлайди. Шунингдек, ижтимоий интеграцияни рағбатлантириш, маданий ме-
росни асраш ва аҳолининг билим даражасини юксалтириш каби функцияларни бажаради. Институционал ёндашув ушбу фаолиятдаги ҳуқуқий, ахлоқий ҳамда ижтимоий механизмларни таҳлил қилиш имкониятини бериб, кутубхоналарнинг жамиятдаги роли ва таъсирини чуқурроқ англашга замин яратади. (1-жадвал)

Ҳар бир механизмга алоҳида тўхталсак, ҳуқуқий механизмлар ахборот-кутубхона фаолиятини қонун ва нормативлар асосида тартибга солиб, кутубхона муассасаларининг фаолият тизими, ахборотни сақлаш ҳамда тарқатиш жараёнларини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлайди. Ушбу механизмлар ахборот ресурсларини қонуний асосда фойдаланиш, интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини маҳаллий ва халқаро қонунчилик, муоллифлик ҳуқуқи, ахборотни муҳофаза қилиш қоидалари ҳамда турли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланиб амалга оширади. Мазкур ҳуқуқий механизмлар, шунингдек, кутубхоналарда ахборотни тўғри сақлаш, унинг манбаи ва ҳуқуқий ҳолатини аниқлаш, фойдаланувчилар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш, соҳадаги ҳуқуқий низоларни ҳал этиш учун асосий йўриқномаларни ташкил этади.

Ахлоқий механизмлар ахборот-кутубхона фаолиятида фойдаланувчиларнинг ахлоқий қадриятлар ҳамда ижтимоий нормаларга асосланган хулқ-атворини тартибга солиб, кутубхоналарда ахборотни етказиш, тақсимлаш ва фойдаланишнинг маънавий-етук жиҳатларини белгилайди. Ахборот ресурсларини тақдим этишда кутубхона муассасалари инсонларнинг ахлоқий ҳуқуқларига ҳурмат кўрсатиш ва маълумотлар тақсимотида ҳамжиҳатликни сақлаш каби ахлоқий принципларга риоя қилиши зарур. Ахлоқий механизмлар ахборотни фойдаланиш ва тарқатиш жараёнларида адолат, шаффофлик, махфийлик ҳамда ишончни таъминлашга қаратилган бўлиб, бу кутубхона фойдаланувчиларининг эркинлиги ва манфаатларига ҳурматни талаб этади.

Шунингдек, ахлоқий механизмлар кутубхона хизматлари соҳасидаги шахслар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга, фойдаланувчилар эҳтиёжларига мувофиқ хизмат кўрсатишга ҳамда уларнинг шахсий маълумотларини муҳофаза қилишга оид ахлоқий принципларга амал қилишни таъминлайди. Ушбу механизмлар, хусусан, кутубхона ходимлари ва фойдаланувчилар ўртасидаги ҳурмат ҳамда адолатли муносабатларга асосланади.

Ижтимоий механизмлар ахборот-кутубхона фаолиятида жамиятдаги ижтимоий муносабатларнинг барқарорлиги ҳамда мувофиқлигини таъминлашга қаратилган асосий инструментлар сифатида хизмат қилади ва кутубхона муассасаларида ахборотни тақсимлаш, фойдаланиш ҳамда жамият аъзоларининг маълумотга бўлган эҳтиёжларини қондиришда муҳим аҳамият касб этади. Ахборот-кутубхона муассасалари фаолияти жамиятнинг турли ижтимоий тоифаларига – масалан, ёшлар, талабалар, ишчилар, докторантлар ва бошқа ижтимоий гуруҳларга хизмат кўрсатиш орқали уларнинг билим олиш ҳуқуқларини таъминлайди. Ижтимоий механизмлар ахборот ресурсларини тўғри тақсимлаш, уларни ҳар бир шахсга тенг имкониятлар асосида етказиш ҳамда жамиятдаги ахборот оқимини мувофиқлаштиришга хизмат қилади.

Ушбу механизмлар, шунингдек, кутубхоналарда фойдаланувчилар ўртасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишга ёрдам беради, чунки улар ахборотни тақсимлашда ижтимоий тенглик, барқарорлик ҳамда адолатлиликни таъминлашга қаратилган. Масалан, кутубхоналарда ишлаш тартиби, ахборотни сақлаш ва ундан фойдаланиш механизмлари ижтимоий талабларга ҳамда ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқларига мувофиқ равишда ташкил этилади. Ижтимоий механизмлар ахборот ресурсларига барқарор ва ишончли кириш имкониятини яратиш орқали кутубхона фойдаланувчиларининг ижтимоий фаолиятини шакллантиради.

Кутубхоналар ижтимоий интеграцияни таъминлаш мақсадида ахборотни барча ижтимоий гуруҳлар учун тенг кириш асосида тақдим этишга, уларнинг билим алмашинуви имкониятларини тенглаштириш ҳамда фойдаланувчиларнинг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ижтимоий механизмларни қўллайди. Ушбу механизмлар орқали кутубхона фаолияти жамиятда ахборот олиш имконияти ва ундан фойдаланиш жараёнларини ижтимоий регуляция қилишни амалга оширади.

Кутубхона муассасаларида институционал ёндашув асосидаги бошқарув самарадорлиги ушбу муассасаларнинг барқарорлиги ва ижтимоий таъсирини белгилайди. Ушбу жараёнда социологик тадқиқотлар кутубхоналардаги ижтимоий муҳитни, фойдаланувчиларнинг эҳтиёжларини ҳамда уларнинг ахборотга муносабатини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Институционал механизмлар кутубхона фаолиятини мувофиқлаштириш, ахборот-кутубхона ходимларининг малакаси ва хизмат сифатини оширишга қаратилган тадбирларни амалга оширишда қўлланилади.

Юқоридаги фикрлар ва мулоҳазалар асосида қуйидаги илмий таклифлар ва тавсиялар илгари сурилади:

институционал ёндашувни янгилаш ва такомиллаштириш зарур, яъни ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятида институционал ёндашувларни қўллаш, уларнинг ижтимоий ва иқтисодий аҳамиятини янада оширишга қаратилган тадқиқотларни олиб бориш лозим. Кутубхоналар фаолиятини самарали ташкил этиш учун уларнинг ҳуқуқий ва ахлоқий асосларини мустаҳкамлаш талаб қилинади;

ижтимоий механизмларни янада ривожлантириш мухим, яъни ахборот-кутубхона
муассасалари фаолиятидаги ижтимоий вазифаларга қаратилган механизмларни ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг фаолиятини тизимли мониторинг қилиш керак;

ахборот-кутубхона соҳасига доир институционал тадқиқотларни кенгайтириш зарур. Ахборот-кутубхона муассасаларининг институционал ўрни ва ролини чуқур ўрганиш, уларнинг жамиятдаги фаолиятини таҳлил қилиш ҳамда келгуси ривожланиш йўналишларини аниқлаш талаб қилинади. Шунингдек, кутубхоналарнинг ижтимоий вазифаларини бажаришдаги турли институционал шаклларни таҳлил қилиш муҳимдир;

технологик инновацияларни татбиқ этиш муҳим бўлиб, ахборот-кутубхона муассасаларида янги технологиялар ва рақамли платформаларни жорий қилиш орқали уларнинг ижтимоий ролини мустаҳкамлаш талаб қилинади;

қонунчилик ва ахлоқий асосларни такомиллаштириш. Ахборот кутубхона муассасалари фаолиятини ҳуқуқий ва ахлоқий асослар билан қўллаб-қувватлаш, шунинг-
дек, институционал ёндашувда қонунлар ва ахлоқий меъёрларнинг аҳамиятини кучайтириш муҳимлиги;

институционал ёндашувлар бўйича тренинглар ва семинарлар ташкил этиш. Кутубхона ходимлари ҳамда бошқа ахборот соҳаси мутахассислари учун институционал ёндашувларга бағишланган тренинглар, семинарлар ва малака ошириш курсларини ўтказиш зарур;

ахборот ресурсларини жамиятнинг барча қатламлари учун тенг тақсимлашни таъминлаш ва ундан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш. Шунингдек, ахборотнинг барқарорлигини таъминлашга йўналтирилган ташкилотлар ва муассасалар билан ҳамкорликни ривожлантириш зарур;

ахборот-кутубхона муассасаларида ижтимоий тадқиқотларни ўтказишни рағбатлантириш ва уларнинг натижаларини кенг жамоатчиликка тақдим этган ҳолда, кутубхоналарнинг жамиятдаги ролини ва таъсирини чуқур таҳлил қилишга ёрдам бериш;

кутубхоналар фаолиятини тартибга солувчи қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижтимоий талабларга мослигини таъминлашга эътибор қаратиш;

ахборот кутубхоналарининг ижтимоий барқарорликка бўлган таъсирини аниқлаш ва мазкур таъсирни мустаҳкамлашга қаратилган стратегиялар ишлаб чиқиш зарур ҳисобланади.

Хулоса қилиб айтганда, жамиятда ахборот-кутубхона муассасалари институционал ёки ижтимоий институт сифатида муҳим ўрин эгаллайди. Улар жамиятнинг ахборот эҳтиёжларини қондириш, маданий меросни сақлаш ва тарқатиш, ижтимоий барқарорликни таъминлашда муҳим функцияларни бажаради. Шу сабабли, социологияда институционал ёндашувлардан фойдаланган ҳолда кутубхона муассасалари фаолиятини таҳлил қилиш, уларнинг жамият билан ўзаро муносабатларини яхшилаш ҳамда самарадорлигини ошириш учун муҳим илмий асос яратади.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1.        Кораблёва Г. Б. Социальные институты и социальные организации: особенности взаимодействия / Г. Б. Кораблёва // Известия Уральского государственного университета. Сер. 3. Общественные науки. – 2019. – № 4 (70). – С. 120-128.

2.        Andriele De Prá Carvalhoa, Sieglinde Kindl da Cunhab, Luciano Ferreira Limac, Danielle Denes Carstensb. The role and contributions of sociological institutional theory to the socio-technical approach to innovation theory / RAI Revista de Administração e Inovação 14 (2017) 250–259.

3.        Scott, W. R. (2001). Institutions and organizations (2a ed.). Thousand Oaks: Sage Meyer,J.W.,&Rowan,B.(1991).Institutionalizedorganizations:formalstructureasmythandceremony.InP.J.Dimaggio,&W.W.(Orgs.)Powell(Eds.), The new institutionalism in organizational analysis (pp. 41–62). Chicago: The University of Chicago Press.

4.        Berger, P., & Luckmann, T. (1985). A constru¸cão social da realidade (19a ed.)

5.        Scott, W. R., & Davis, G. (2008). Organizations and organizing: rational, natural and open systems perspectives. New Jersey: Prentice Hall

6.        Старцева,Н. Н. Институциональная социология / Н. Н. Старцева. – Екатеринбург : УрГУПС, 2017. – 155, [1] с. ISBN 978-5-94614-417-9