Аннотация: На основании ПП-1729 «О мерах по организации деятельности Национальной библиотеки Узбекистана имени Алишера Навои-информационного ресурсного центра» библиотека обеспечивает социально-культурное обслуживание пользователей через разнообразные формы работы, такие как: художественные и книжные выставки и организовывает ряд духовно-просветительских мероприятий, направленных на развитие творческого мышления пользователей. В данной статье указываются статистические данные посещаемости пользователей, а также говорится о важности проведения социокультурных мероприятий для пользователей и гостей Национальной библиотеки Узбекистана имени Алишера Навои.
Эътироф этиш жоизки, инсоният пайдо бўлганидан буён яратган энг ноёб бойликларидан бири, шубҳасиз бу китобдир. Китоб мутолаа қилиш инсоннинг нафақат фикрини теран, иродасини мустаҳкам қилади, балки хотирасини мустаҳкамлайди, заковат баҳш этиб, ахлоқий, маънавий-руҳий фазилатларини шакллантиради. Мақсад сари интилиш сифатларини ўзида бойитишга хизмат қилади.
Кишида мафкуравий иммунитет, оқ-қорани ажрата билиш, дунёқараш, фикрлаш тарзи, воқеаҳодисаларга нисбатан нуқтаи назар, ҳаётий тамойилларнинг шаклланишида, тафаккур жараёнининг таркиб топишида китобхонликнинг ўрни беқиёс.
Юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар, мутаффаккирлар шоҳ саройларида талаби мақсудлари сўралганда олтину кумуш, жавоҳирлар ўрнига сарой кутубхоналаридан фойдаланишни ихтиёр этганлар. Дунёни илм нури билан ларзага солган «Байт ул-ҳикма» кутубхонасида ҳам бизнинг аждодларимиз мутолаа дунёсига ғарқ бўлиб буюк кашфиётлар яратганлар.
Ҳа, халқимиз азалдан кутубхоналарни хазиналар уйи, ҳикматлар ошёни, маънавий шифо маскани дея қадрлаган. Ота-боболаримизнинг мўъжаз кутубхоналарида нодир китоблар нондай азиз бўлган. Улуғларимиз китобларни ўпиб, сўнг пешоналарига суртиб эъзоз-икром билан жавонларга териб қўйган. Халқнинг беназир бу фазилати авлоддан-авлодга мерос бўлиб қолди.

Етти миллион нусхага яқин хазинага эга Ўзбекистон Миллий кутубхонаси бугун халқимизнинг муқаддас масканига айланган. Кутубхона фондидаги XV–XIX асрларда чоп этилган нашрларнинг 250 мингдан ортиқ нусхаси алоҳида қимматга эга тўпламлар кутубхона фахри – бизнинг бебаҳо ва беназир маънавий бойлигимиз. Дунёнинг 75 тилидаги ҳужжатлар фонди, қўлёзма манбалар ва ноёб китоблар, тасвирий, картографик ва нота-мусиқий нашрларни сақлаган ҳолда, авлоддан авлодга етказиб келмоқда. Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Имом Бухорий, ибн Жазулий, Юсуф Ҳамадоний ва бошқа кўзга кўринган давлат ва жамоат арбоблари, тарихчиларнинг қўлёзма асарларининг бугунги кунгача сақланиб келинаётганлиги жавоҳирлар сандиғининг аҳамиятини юксалтиради.
Миллий кутубхонада қарийб 150 йиллик тарихида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Бош меъморликларида кутубхонамиз учун 2011 йилда замонавий ҳамда халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бир пайтлар китобхонларимиз учун Миллий кутубхонанинг ахборот-кутубхона ресурсларидан республиканинг ҳар қандай жойидан туриб фойдаланиш, шунингдек, етакчи хорижий ахборот-кутубхона фондларининг маълумотлар базасига уланишни ўз ичига олган ҳолда, фойдаланувчиларга тақдим этиладиган янги, халқаро тажрибадан ўтган хизмат кўрсатиш шакллари ва илғор дастурий маҳсулотлардан фойдаланиш эртакдек туюларди. Бундай имкониятларни фақатгина дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги кутубхоналарда кузатиш мумкин эди. Ўзбекистон Рес-публикаси Биринчи Президенти И.А. Кари-мовнинг 2012 йил 20 мартдаги «Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси – ахборот-ресурс маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда Ҳукуматимизнинг қарорлари билан бу эртаклар ҳақиқатга айланди. Бугун фойдаланувчиларимиз бундай қулай шартшароитлардан фойдаланиш билан бирга илмий тадқиқотларини бевосита бизнинг кутубхонамизда олиб боришаяпти. Кутубхона жараёнларини автоматлаштириш китобхонлар аудиторияси трансформациясини ва «кутубхона-китобхон» тизимида муносабатлар, турли тоифадаги фойдаланувчилар барча майдонларда локал ва масофавий хизматлардан фойдаланишнинг бир хил имкониятини таъминлаш асосида тизилганини намоён этди. Шунингдек, кутубхонада фаолият кўрсатаётган кутубхоначи ва библиограф лавозимлари тугатилиб, ахборот-кутубхона технологиялари бўйича мутахассис, етакчи мутахассис ва бош мутахассис лавозимлари жорий этилди, уларнинг лавозим даражалари кўтарилди. Бир сўз билан айтганда, Биринчи Президенти-мизнинг ғамхўрликлари ва соҳага бўлган эътиборлари фойдаланувчиларни кутубхона билан янада жипслаштирди, ривожланишнинг янги ва муҳим босқичи бошланди.
Бугунги кунда китобхонларга жаҳон андозалари даражасида хизмат кўрсатиш учун саккиз юз эллик ўринли 11 та ўқув зали замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. 2016 йилнинг биринчи ярим йиллиги натижаларига кўра, кутубхона фойдаланувчиларининг сони – 146 721 нафарни ташкил этиб, 9 ой мобайнида кутубхонадан 20 984 нафар фойдаланувчи рўйхатдан ўтган бўлса, жорий ярим йилликда фойдаланувчиларнинг жами ташрифи – 704 973 маротабани, шундан: кутубхонага ташриф буюрганлар – 596 135, кутубхона веб-сайтидан фойдаланганлар – 108 838 тани ташкил қилди. Фойдаланувчиларга китоб бериш 4 344 429 нусхани ташкил қилиб, веб-сайтдаги ички манбаларга – 337 937 та мурожаат бўлди.

Миллий кутубхонага келган ҳар бир китобхоннинг вақтини мароқли ва мазмунли ўтиши, айниқса, уларнинг вақтини тежаш мақсадида тегишли адабиётларни икки нусхада, яъни босма ва электрон нусхалари билан хизмат кўрсатиш ишлари жадаллаштирилди.
Яқинда хизмат сафари билан водий гавҳари бўлган Фарғонада бўлиб, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Китоб байрами»да қарийб 90 ёшни қоралаган Ташбеков Нугмон отанинг «Энг кекса китобхон» деб топилганини эшитиб, халқимизнинг нақадар китобсевар эканлигига яна бир бор амин бўлдик.
– Турмушнинг инсон тасаввурига сиғмайдиган азоб-уқубатларини тотган, лекин китоб ўқишга меҳрини йўқотмаган хушфеъл бу оқсоқол билан гаплашсангиз дунёга бошқача кўз билан қарай бошлайсиз, – дейди Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказининг бўлим мудири Ш.Юнусова. – Отахон шўро даврининг турли қийинчиликларини бошидан ўтказган, «пахта иши», «ўзбеклар иши» фитнасининг жабрини чеккан. Лекин ҳар сафар кутубхонамизга ташриф буюрганларида юз-кўзларидаги самимият, ҳаётга, илмга, китобга бўлган муҳаббатни, қувончни, иштиёқни кўриб, тўғриси, биз ҳам яна қўлимизга китоб оламиз. Қайта-қайта ўқигимиз келади. Яхши одатнинг юқиши шу бўлса керак. «Китоб энг содиқ ва самимий дўст. Совет даврида китоб ўқиб хавотирда яшаган кунларимиз бўлган. Ўз ота-боболаримизнинг асарларини бемалол ўрганолмаганмиз. Одамни илмга, китобга душман қиладиган тузум эди у. Уйида ўз тарихий китобларимизни сақлаб, ҳафталаб терговга қатнаганларни биламан. Ўша кунларни эсласам, юрагим зириллайди. Бугун эса китоб ўқиш, ўрганиш, изланиш замони келди. Бугун чинакам бахтли бўлиш замони келди. Фарзандларимга, невараларимга, сизларга ҳавас қиламан», – дейди биз билан суҳбатда отахон. Уларнинг ҳар бир сўзларида ҳикматни кўрамиз, чунки бу сўзлар шафқатсиз тақдирнинг элагидан ўтган дурдона сўзлардир.
Дарҳақиқат, бугун халқимизнинг илмий, тарихий, маданий ва маърифий меросини авайлаб асраш, унинг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини янада мукаммал кўрсатиш, аждодларимиз яратган улуғ ва кўламли меросдан ёшларни тўлиқроқ баҳраманд этиш мақсадида бир қатор амалий ишлар қилинмоқда. Нодир, алоҳида қимматли ва ноёб нашрлар сақланишини таъминлаш, уларнинг фондини тизимли кўпайтириш ва бойитиш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўрилаяпти.

Кўп минглик катта ва кичик ёшдаги китобхонларининг маънавий-маърифий соҳадаги салоҳиятларини юксалтиришга йўналтирилган турли шаклдаги оммавий тадбирларни ташкил қилишга алоҳида эътибор қаратилган.
Кутубхонада давра-суҳбатлари, ижодий учрашувлар, адабий-бадиий кечалар, маҳорат-мактаблари, семинар-тренинглар, амалий санъат ва китоблар тақдимоти, адабиётларнинг очиқ кўргазмалари, библиографик обзорлар, танловлар каби тадбирлар мунтазам равишда ташкил қилиниб келинмоқда. Албатта, бундай тадбирларни амалга оширишда кутубхона кўплаб муассаса ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаши муайяндир. Жорий йилнинг 9 ойи давомида кутубхона томонидан 213 та маънавий-марифий тадбир ташкил қилинди. Жумладан, июнь ойида кутубхонамизда атоқли рус шоири Александр Пушкиннинг таваллуди муносабати билан ўтказилган тадбирларда унинг шеърлари, эртак ва достонлари халқчиллиги, самимияти, бадиий етуклиги, инсонни улуғлаш, она-табиатга эҳтиром ғоялари билан ўзбек китобхонларининг ҳам меҳр-муҳаббатига сазовор бўлганини кузатдик.
Албатта, кутубхонамизда ташкил этилаётган бундай маънавий-маърифий тадбирлар ёшларда мутолаа маданиятининг юксалиши, бадиий адабиётга ҳавасининг ортиши, улар онгида турли даражадаги ахборот хуружларига нисбатан маънавий иммунитетнинг шаклланишига хизмат қилади.
Дунёда ҳамма нарса эскиради, оҳорини йўқотади. Лекин китоблардан олган таассуротларимиз қалбимизнинг гўзал обидасига айланади. Бу обидалар ҳеч қачон нурамайди, қуламайди. Китоб бизга зулматда машъала, ёлғизликда ҳамроҳ, дардалам чекканимизда малҳам, йўл кўрсатувчи устоз, ҳаётнинг таскинбахш неъматидир.
