Автор статьи пишет, что в прошлое и настоящее время существует много образованных людей, которые связывают свою жизнь с книгами и библиотеками. В истории нашей Национальной библиотеки тоже были известные люди, которые имели связь с библиотекой и даже жили и работали в ней. Один из них – известный русский переводчик, ученый-востоковед Михаил Александрович Салье. Самой известной его работой является  перевод книги  «Тысяча и одна ночь». Это редчайшее и популярное культурное наследие было переведено  с арабского языка на русский язык. Кроме этого он перевёл ещё два уникальных шедевра – это произведения  «Бобурнома» и книга Абу Райхона Беруний «О памяти прошлых поколений».

Бежиз шарқ халқларида кутубхоналар мамлакатнинг олтин хазиналаридек қўриқланмаган. Чунки хазинанинг бўшаган қисмини бошқа дуру жавоҳирлар билан тўлдириш мумкиндир, аммо йўқолган нодир китобнинг ўрнини босадиган биронта қимматбаҳо тошни топишнинг иложи йўқ. Айнан ўша пайтларда китобнинг йўқолиши, тарихнинг маълум бир қисми ўчишига олиб келарди. Шунинг учун ҳукмдорлар ишончли, узоқ йиллар элга нафи теккан одамларгагина кутубхонани ишонган ва бу катта шараф ҳисобланган.

Бугунги кунда ҳам умрини китоб, кутубхона тақдирига боғлаган зиёли инсонлар кўплаб топилади. Улар китобларни севибгина қолмай, уларни асраш ва сақлашда ўзларини масъул деб биладилар. Кутубхоналарни ўзларига қадрдон макон, китобларни эса, энг яқин дўст, деб қарайди. Умрини кутубхонанинг гоҳ ёруғ ва гоҳ қоронғи хоналарида ўтказган инсонлар орасида бутун дунёга танилган олимлар, ёзувчилар, шоирлар, таржимонлар бўлиб, улар ўз фаолиятини кутубхоналардан бошлаган ва ўзини бағишлаган. Шундай ижодкорлардан бири сифатида дунёнинг машҳур ёзувчиларидан бири Хорхе Луис Борхес (Jorge Luis Borges)дир. У узоқ йиллар кутубхонада оддий ходим бўлиб ишлаган. Кейинчалик Борхес Миллий кутубхона директори даражасига кўтарилади ва то кўзлари ожизланиб қолмагунча кутубхонада ишлайди. Китобга бўлган меҳри, кутубхона таровати унга сўзга бўлган масъулият ва кучли фалсафий қарашни ҳадя этди. Бу эса, унга миллионлаб нусхада китоблари чоп этилишига ва катта ёзувчи бўлиб етишишида қўл келди. У Италия, Франция, Буюк Британия, Испаниянинг олий мукофотлари совриндори; Сорбоннa, Оксфорд, Колумбия (Нью-Йорк) университетларининг фахрий доктори даражаларига эришади. Шунинг учун у кутубхонани зиё маскани, келажак йўлида қуриладиган сарой, дея баҳолайди.

Бизнинг кутубхонамиз тарихида ҳам худди шундай кутубхона билан фаолиятини боғлаган, ҳатто кутубхонада яшаб ижод қилган машҳур инсонлар бор. Шулардан бири машҳур рус таржимони, шарқшунос олим Михаил Александрович Сальедир. Хўш, бу рус шарқшуносини Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан нима боғлаган? Келинг, аввалида, Салье ҳаёти ва ижоди билан танишиб чиқайлик.

Михаил Александрович Салье 1899 йил-нинг 20 август санасида Санкт-Петербург шаҳрининг сўлим масканларидан бирида дунёга келган. У гўдаклик йилларини меҳрибон бобоси, машҳур шифокор, профессор Владимир Адольфович Штанге хонадонида ўтказади. Бобоси унинг таълим олишига катта эътибор бериб, лотин тилида ёзилган табобат илмига оид катта-катта китоблар билан бирга, турли шарқ эртаклари, шарқ қўлёзма адабиётлари билан таништиради. Бу ёш Михаилда китобга бўлган чексиз муҳаббат бо-лаликдан шаклланишига сабабчи бўлади. Аммо болакай туғма ногирон эди. Унинг оёқлари носоғломлиги таянчҳаракат тизимига жиддий таъсир ўтказди. Бу эса боланинг кўнглини анча ўкситиб қўяди. Аммо яқинлари меҳри унга куч-қувват бағишлайди, уни яшашга, нурли манзилларга бошлайди. Бобоси ва ота-онаси бу ҳолатда бировдан кам бўлиб қолмаслиги учун кўпроқ ўқитишга, хусусан, тил ўргатишга ҳаракат қилади. Бунинг учун ўз вақтларини ва эътиборларини аямайди. У тез орада француз, немис ва инглиз тилларини мукаммал ўрганиб олади. Тил ўрганиш бўйича ўзида катта кўникма ҳосил қилганлигини ва бу қобилият ҳам ҳаммага берилавермаслигини англаган Михаил Салье Ленинград университетининг Шарқ факультетига ўқишга киради. Бу унга мўъжизаларга тўла шарқ адабиёти билан танишишга имкон яратади. У шарқ тилларининг ўзига хос хусусиятларини, тилларнинг келиб чиқишини ва ҳозирги ўзгаришларини синчковлик билан ўрганади ва мазкур институтни 1926 йилда муваффақиятли тамомлайди.

У ўқиш давомида араб тилини қунт билан ўрганиб, унинг мураккаб лаҳжалари, сўз иборалари ва товуш оҳангларини чуқур ўзлаштирган Салье энди таржимон сифатида иш бошлашга киришади. У биринчи ишини араб халқларининг энг нодир ва машҳур маданий ёдгорлиги «Минг бир кеча» достонини биринчи марта рус тилига таржима қилишдек масъулиятли ишдан бошлайди. Туну кун меҳнат қилиб, биринчи тўпламни 1929 йилда «Academia» нашриётида чоп эттиради. Ўқувчилар буни жуда кўтаринки руҳда қабул қилади. Бу муваффақият таржимонга катта куч бағишлайди. Кейинги нашрларни таржима қилишга киришади. 1929 йилдан то 1939 йилгача у қолган катта қисмини ҳам таржима қилиб бўлади. Салье бунга катта куч ва тафаккурини бағишлаганди. Шу вақт оралиғида у Европа тилларидан турли намуналарни рус тилига таржима қилади ва таржимон сифатида анча танилиб қолади. Уни 1934 йилда Ёзувчилар уюшмасига қабул қилишди.

Михаил Салье 1939 йилда Тошкентга келади ва шарқшуноснинг кейинги фаолияти Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Ўзбекистон Фанлар Академияси билан боғланади. Тиниб-тинчимас олим бу ерда кўплаб дўстлар орттиради ва янгидан-янги асарлар таржимаси билан шуғуллана бошлайди.

У барча фанлар қатори тиб илмига қизиқарди. Бунда унинг бобоси машҳур доктор Владимир Адольфович Штанге таъсир ўтказганди. У болалигида бобосининг жавонидаги тиббиётга оид адабиётларни қунт билан ўқиганлиги Тошкентга келгач унга катта наф келтиради. Михаил Салье Абу Али ибн Синонинг бутун дунёга машҳур «Тиб қонуни» асарини рус тилига таржима қилиш ишида иштирок этади. 1939–1944 йилларда ҳозирги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида кутубхоначи сифатида ишлайди.

Кутубхонанинг нодир нашрлар ва қўлёзма адабиётлар бўлимида ишлаши унга катта илм эшикларини очади. Шу ерда фаолият кўрсатиб дунёга машҳур яна бир бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» мемуар асарини рус тилига таржима қилишга киришади. Бунинг учун тарихимизни чуқур ўрганиб, тил услубларини ҳам чуқур тадқиқ қилади ва «Бобурнома»дек улуғ асарни биринчи бўлиб аслиятдан рус тилига таржима қилиш бахтига муяссар бўлади. Ундан ташқари таржимон Салье яна бир улуғ бобокалонимиз Абу Райҳон Берунийнинг «Ўтган авлод хотиралари» китобини таржима қилади. У Тошкентда ижодий ишини қизғин давом эттиради. 1944 йилда Ўзбекистон Фанлар Академияси шарқшунослик институтида фаолиятини давом эттириб, 1945 йилда номзодлик ишини ҳам ҳимоя қилади.

Фидойи олимни Ўзбекистон, унинг меҳрибон халқи ўзига мафтун этганди. Шунинг учун у касалланиб қолганда ҳам бу диёрдан кетишни истамайди. Машҳур таржимон, шарқшунос, олим, хокисор қалб соҳиби Салье 1961 йил 17 август куни Тошкентда вафот этади.