Аннотатция. Ушбу мақолада китобхонлар қизиқишини ўрганишда сўровномаларнинг ўрни, аҳамияти ва ундан олинадиган натижалар ҳақида ёритилган. Шуниндек, Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ўтказилган сўровнома таҳлили келтирилган. Сўровномага киритилган саволларнинг таҳлили фоизларда берилган бўлиб, диаграммалар билан кўрсатилган ҳамда респондентлар томонидан берилган тавсиялар ва хулосалар келтирилган. Ушбу мақола кенг китобхонлар оммасига ва китобхонлик йўналишида тадқиқот ишларини олиб бораётган мутахассисларга мўлжалланган.

Калит сўзлар: Кутубхона, китобхонлик, сўровнома. 

Аннотация. В данной статье описаны роль, значение и результаты опросов в изучении читательского интереса. Кроме того, представлен анализ анкеты, проведенной в Национальной библиотеке Узбекистана. Анализ вопросов, включенных в анкету, дан в процентах, представлен диаграммами, а также представлены рекомендации и выводы, сделанные респондентами. Данная статья предназначена для широкого круга читателей и специалистов, проводящих исследования в области чтения.

Ключевые слова: библиотека, чтение, анкетирование

Abstract. This article describes the role, significance and results of surveys in the study of reader interest. In addition, an analysis of the questionnaire conducted at the National Library of Uzbekistan is presented. The analysis of the questions included in the questionnaire is given in percentage, represented by diagrams, as well as recommendations and conclusions made by the respondents. This article is intended for a wide range of readers and professionals conducting research in the field of reading.

Key words: Library, reading, questionnaire.

Ҳар бир ахборот-кутубхона муассасаси ўз фойдаланувчиларига сифатли хизмат кўрсатишни истайди. Бу борада кутубхонага ташриф буюраётган фойдаланувчиларнинг фикрларини, қизиқишларини ўрганиш муҳим ҳисобланади. Кутубхона фойдаланувчилари фикрларини ўрганиш учун ахборот-кутубхона муассасаларида анъанавий тарзда сўровномалар ташкиллаштириш энг самарали усуллардан биридир.

Кутубхонада сўровнома ўтказиш пухта тайёргарликни талаб қилади. Ахборот-кутубхона муассасаси йиллик иш режасида фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш ҳамда илмий-методик бўлимлари томонидан амалга ошириладиган сўровномалар мавзулари ва муддатлари белгилаб қўйилади. Шунингдек, сўровноманинг асосий масалалари, унинг объектлари ва усуллари кўрсатилган бўлади.

Сўровномани ўтказиш усулларидан бири бу тўғридан-тўғри кузатиш усулидир. Шу билан бирга кутубхона ҳужжатларини ўрганиш, кутубхоначилар ва фойдаланувчилар билан суҳбатлар, уларнинг сўровнома анкеталарини кўриб чиқиш усуллари ҳам қўлланилади. Ушбу усулларнинг барчаси бир-бирини тўлдирувчи комбинацияда қўлланилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Сўровномалар онлайн ва офлайн шаклларда ташкиллаштирилиши мумкин. Оффлайн шаклда сўровнома ташкиллаштирилганда, бевосита кутубхонага ташриф буюрган фойдаланувчилар ўртасида ўтказилади. Онлайн шаклда эса кутубхонанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари, расмий веб-сайти орқали турли хил онлайн платформалар ёрдамида тузилган сўровномалар кенг оммага тақдим этилади.

Сўровномаларни ўтказиш муддати аниқ бир чегара билан чегараланмаган бўлиб, исталган муддатда ўтказилиши мумкин. Кўпинча саволлар мазмуни ва хажмидан келиб чиқиб муддатни белгилаш мақсадга мувофиқдир.

Сўровномаларни маълум бир фойдаланувчилар контингенти ёки барча учун ҳам ўтказиш мумкин. Бунда кўпгина фойдаланувчилар қамраб олиниши, уларнинг фикр-
мулоҳазалари ўрганилиши, шунингдек кутубхонада хизмат кўрсатиш билан боғлиқ баъзи бир статистик маълумотлар шаклланиши, сўровномалар ўтказишнинг ижобий томонларидан ҳисобланади. Шунингдек, сўровномалар ташкил этилгандан сўнг, улардан олинган натижаларга кўра кутубхона мутахассислари ўзларига зарурий кўрсаткичларни таҳлил қилиб, ўз устиларида ишлашларига ҳам туртки бўлади.

Сўровномани ўтказиш якунлангандан кейин, тўпланган материаллар таҳлил қилинади ва баҳоланади, шу асосда кутубхона фаолиятининг даражаси, ютуқ ва камчиликлари тўғрисида хулосалар чиқарилади. Натижаларда кутубхона фаолиятидаги муҳим камчиликлар қайд этилади, уларнинг сабаблари ва бартараф этиш усуллари таҳлил қилинади ва кутубхона фаолиятини яхшилаш бўйича аниқ тавсиялар билан якунланади.

Миллий  кутубхонада ҳам китобхонларга қандай кутубхона кераклиги, кутубхона  фойдаланувчиларининг ўз вақтида ва сифатли ахборот олиш бўйича эҳтиёжларини қондириш учун нималар қилиш зарурлиги ҳақида маълумот олиш мақсадида,  ҳар йили режа асосида сўровномалар ташкиллаштирилади. Шу жумладан, 2022-йил июнь ойида Миллий кутубхона фойдаланувчилари ўртасида онлайн сўровнома ташкил қилинди. Сўровнома Googlе forms онлайн платформасида яратилган бўлиб, ушбу платформа айнан сўровномалар ташкиллаштириш учун мўлжалланган. Онлайн платформанинг афзаллик томонлари шундаки, унда саволларнинг кетма-кетлигини, вариантларни танлаш шаклларини белгилаш, сўровнома яратилгандан сўнг уни биргина ҳавола билан кенг оммага тақдим этиш мумкин. Бундан ташқари, саволларга берилган жавоблар бевосита яратилган шаклнинг жавоблар бўлимида акс этади ва статистик маълумотлар кўринишида юклаб олиш имкониятини беради.   

Июнь ойи давомида ўтказилган сўровномада жами 80 нафар иштирокчилар қатнашган бўлиб, унда «14-20», «21-30», «31-40» ва 40 ёшдан юқори ёш тоифаларидаги инсонлар иштирок этишди. Сўровнома давомида «21-30» ёш тоифасидаги ўрта ёшли иштирокчилар фаол бўлганликларини кўришимиз мумкин. Демак, ушбу ёшдаги фойдаланувчилар тоифаси кутубхонага ташрифи кўплиги ва кутубхона ривожи учун бефарқ эмасликларини билиб олдик.

Иштирокчилар орасида 23 нафар «Олий» маълумотли, 31 нафар «Тугалланмаган олий» маълумотли, 13 нафар «Ўрта-махсус» маълумотли ва 11 нафар «Ўрта» маълумотли шахслар иштирок этишгани маълум бўлди. Иштирок этганлар орасида 2 киши ўз маълумотини белгиламаган. Натижаларга кўра, сўровномада тугалланмаган олий маълумотли иштирокчилар қолдирган фикрлар улуши етакчилик қилмоқда.

Сўровномада умумий саволлардан ташқари қуйидаги 7 та савол асосида аҳоли фикрлари ўрганилди.

Биринчи савол фойдаланувчиларнинг кутубхонага ташрифидан мақсадини ўрганиш учун берилган бўлиб, 6 та мезон асосида баҳоланди. Сўровнома иштирокчиларининг 38,8% Билимларини мустаҳкамлаш учун, 21,3% Янги чиққан адабиётлар билан танишиш учун, 17,5% Топшириқларни бажариш учун, 11,3% Қизиқтирган саволларга жавоб излаб топиш учун, 8,8% Бўш вақтни ўтказиш учун ва 2,3% Тадбирларда қатнашиш учун кутубхонага ташриф буюришларини таъкидлаб ўтишган.

Демак, кутубхонага ташриф буюрувчиларнинг аксарияти ўз устида ишлаш ва билимларини мустаҳкамлаш учун ташриф буюрар экан. Янги чиққан адабиётлар ҳам фойдаланувчиларни кутубхонага жалб этувчи етакчи омиллардан эканлигини ушбу саволга берилган жавоблардан билиб олишимиз мумкин. Шунингдек, бўш вақтни ўтказиш учун ва тадбирларда қатнашиш учун ташриф буюрувчилар улуши нисбатан камлиги, кутубхонада етарлича омма билан ишлаш, «Public relation» оқсаётганлигидан дарак беради. Бунинг олдини олиш учун фойдаланувчилар билан кўпроқ оммавий тадбирлар, ижтимоий тармоқларда флешмоблар, танловлар ўтказиш мумкин.

Сўровнома иштирокчиларидан кутубхона ресурсларидан фойдаланишда кўпроқ кимга мурожаат қилишлари ўрганилганда 66,3% респондентлар кутубхона мутахассисига деган жавобни беришган. Бу албатта қувонарли ҳолат аммо, ахборот берувчи бошқа воситалардан фойдаланиш даражаси пастлиги кутубхонада ахборот тарқатиш жараёнида муаммолар борлигидан дарак беради. Яъни улар фойдаланувчилар истаган ҳолда функционал бўлмаслиги ёки фойдаланувчига қулай жойда жойлашмаган бўлиши мумкин.

Кутубхонага фойдаланувчилар қандай муддатда ташриф буюраётганлари кутубхона учун муҳим факторлардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари аҳолининг кутубхонага бўлган қизиқишини белгилаб беради, яъни қай даражада кутубхоналар аҳоли ижтимоий ҳаётида рол ўйнаши маълум бўлади. Онлайн сўровнома иштирокчиларининг аксарияти (42,5%) кутубхонага ҳар куни ташриф буюришларини таъкидлаб ўтишган. Орадаги кичик фарқ билан зарурат бўлганда (22,5%) ва ҳафтада 1-2 марта (20%) ташриф буюрувчилар сони ҳам яхши кўрсаткичларни кўрсатган. Бундан кўриниб турибдики, кутубхонага ташрифлар ҳар куни бор ва яхши даражада дейишимиз мумкин.

Ахборот-кутубхона ресурслари турлари жуда ҳам кенг бўлиб, ҳар бир фойдаланувчи ўз имкониятлари ва хоҳишидан келиб чиқиб уларни танлаш ҳуқуқига эга. Бу ҳолатда уларнинг баъзилари анъанавий босма нашрларни маъқул кўрса, баъзилари эса электрон нашрларни танлайди, яна бошқа бир фойдаланувчилар типи эса аудиовизуал ресурслардан фойдаланиш қулай деб билади. Биз ўтказган сўровнома иштирокчиларининг 68,8% босма нашрлардан фойдаланишни маъқул кўришар экан. 25% респондентлар электрон нашрлар қулай деб билишса, 6,2% қатнашувчилар аудиовизуал нашрлардан фойдаланишларини билдириб ўтишган. Саволга берилган жавоблар динамикасидан кўриниб турибдики, китобхонлар асосан босма нашрдаги адабиётларни мутолаа қилишни маъқул кўришар экан.

Китобхонлар орасида кўп мутолаа қилинаётган ва кўп сўров бўлаётган китобларни аниқлаш мақсадида «Охирги мутолаа қилган китобингиз: - Муаллифи, номи, йўналиши» деган савол билан мурожаат қилинди. Бунда сўровномада ҳар бир иштирокчи ўз фикрини ёзиб қолдириши мумкин бўлган шакл яратилди.  Натижалар ўрганилиб, таҳлил қилинганда иштирокчилар томонидан энг кўп эътироф этилган қуйидаги китоблар рўйхати шакллантирилди.

1. Ўзбек тилининг изоҳли луғати;

2. Саодат асри қиссалари, Аҳмад Лутфий Қозончи;

3. Фарғона тонг отгунча, Мирзакалон Исмоилий;

4. Ёз ёмғири, Ўлмас Умарбеков;

5. Бегона, Албер Камю;

6. Ўлсанг ким йиғлайди, Робин Шарма;

7. Ўгай она, Аҳмад Лутфий Қозончи;

8. Қўрқма, Жавлон Жовлиев;

9. Атом одатлар, Жеймс Клир;

10. Рақамли қалъа, Ден Браун.

Кутубхона барча фойдаланувчилар учун сифатли хизмат кўрсатиш масъулияти билан уларга хизмат кўрсатар экан, фойдаланувчилар талаби қисқа муддатларда қондирилишига жавобгар ҳисобланади. Бунда кутубхона турли хил пуллик ёки бепул хизматларни уларга таклиф этадилар. Ана шундай хизматлар сифатини баҳолаш мақсадида сўровнома иштирокчиларига «Кутубхонанинг сизга ёқмаган хизматлари: (-ёқмади , нима учун)» саволи берилди.

Унга кўра иштирокчиларнинг кўпчилиги (57%) кутубхонадаги барча хизматлар маъқуллигини айтиб ўтишган. 17 % респондентлар маиший муаммолар мавжудлиги уларга ноқулайлик туғдиришини билдиришган. 14 % эса кутубхона иш вақти узайтирилса самарали хизмат кўрсатилган бўлар эди, деб таъкид-
лашган. 12 % иштирокчилар ҳеч бир хизмат маъқул эмаслигини айтишган. Демак, кутубхона хизмати қониқарли даражада ва шу билан бирга улар орасига янги хизматларни қўшиш мақсадга мувофиқ бўлади деган хулоса қилишимиз мумкин.

Китобхонларни кутубхонага жалб қилиш кутубхоналар тарихи шунингдек, ҳозирги
даврда ҳам долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Бу борада кутубхона мутахассислари тинмай изланишлар, тадқиқотлар ўтказиб боришади. Ушбу жараёнларда фойдаланувчилар фикрини ўрганиш ҳам самарали натижалар беради. Чунки замон билан ҳамнафас ҳозирги авлодда ғоялар, инновациялар жуда кўплаб топилади. Шу боисдан ҳам сўровнома иштирокчиларига Китобхонларни жалб қилиш бўйича таклифлари сўралиб, мурожаат қилинди ва фикрлари таҳлил қилинди. Унга кўра, иштирокчиларнинг аксарияти яқин 1-2 йилда фойдаланувчилар сони ортиши билан кутубхонада бўш ўринлар етишмай қолиши муаммоси мавжудлигини инобатга олиб янги, замонавий, кенг, мултифункционал бинолар қуриш таклифларини беришган. Шунда китобхонлар бундай кутубхоналарга кўпроқ ташриф буюришлари, бўш вақтларини айнан шундай масканда сарфлашлари кераклигини айтиб ўтишган. Бундан ташқари, кутубхонага китобхонларни жалб қилиш учун ОАВ ларда кутубхоналар билан боғлиқ рекламаларни оммалаштириш, китоб-
лар шарҳлари эълон қилинадиган қизиқарли кўрсатувлар тайёрланиши керак деган фикрларни келтириб ўтишган. Шунингдек, ижтимоий тармоқлардан унумли фойдаланиб кутубхона билан боғлиқ блоглар яратиш, турли хил танловлар ўтказиш таклифларини беришган. ушбу таклифлар албатта кутубхона ривожи учун хизмат қилиши аниқ ва яқин келажакда ушбу ўзгариш ва янгиликлар кутубхоналар томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган.

Хулоса қиладиган бўлсак, сўровномани ташкил этишдан кўзланган мақсад, яъни фойдаланувчиларнинг кутубхона ва унинг хизматлари бўйича фикрларини ўрганиш амалга оширилди. Уларнинг ижобий ва салбий фикрлари, муаммо ва таклифлари ўрганиб таҳлил қилинди. Унга кўра, фойдаланувчилар кутубхона хизматларидан қониқарли даражада мамнунликлари, кутубхонага деярли ҳар куни ташриф буюришлари, асосан ўз билимларини ошириш ва босма нашрлардан фойдаланиш учун кутубхонага келишлари маълум бўлди. Шунингдек, кутубхона фаолияти учун ўзларининг танқидий ва ижобий фикрлари билан бефарқ бўлмаганликлари алоҳида қувонарли вазият бўлди. Уларнинг барча фикрларини инобатга олган ҳолда, кутубхонанинг кейинги фаолияти билан боғлиқ тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Якуний хулоса шундан иборат бўладики, кутубхоналарда сўровномалар ташкил этиш орқали кутубхона ўзининг жамиятдаги имиджини ўрганиб, уни мустаҳкамлаш учун стратегик вазифаларни ўз олдига мақсад қилиб қўя бошлайди. Бунинг натижасида кутубхона, унинг хизматлари янгиланиб боради, мутахассислари ўз устида кўпроқ ишлай бошлайди.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

https://sangimarket.ru/uz/setting/bibliotechnye-uslugi-analiticheskaya-deyatelnost-bibliotek/

https://uz.wikipedia.org/wiki/Google_Forms

https://www.survio.com/ru/blog/obrazcy-anket-dlja-bibliotek

https://www.survio.com/survey-template/library-user-satisfaction-survey

https://www.nmstatelibrary.org/36-services-libraries/programs-service/206-questionnaires-and-surveys

Абдуллаев, Б. Кутубхоналарда китоб мутолааси ва китобхонлик маданияти //Централ Азия XIV Халақаро конференция Фан,таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот кутубхона ресурслари:конференция  материаллари.-2021.-Б.122-128.

 Акбаров, Х.Китобхонлик маданияти//Ўзбекистон адабиёти ва санъати.-2019.-№4.-Б.6

Дворкина, М. Как библиотеки привлекают пользователей//Библиотековедение.-2016.-Т.65.-№3.-С.345-351

https://sangimarket.ru/uz/setting/bibliotechnye-uslugi-analiticheskaya-deyatelnost-bibliotek/

https://uz.wikipedia.org/wiki/Google_Forms

6.https://www.survio.com/ru/blog/obrazcy-anket-dlja-bibliotek