Мен университетда батартиб талаба бўлмаганман. Безори ҳам, дуч келганга қўполлик қиладиган безори ҳам эмасдим. Шунчаки, дарс жадвалига тиркаб қўйилган фанларнинг кўпи мени қизиқтирмас, ўша фанлар учун кетадиган вақт ҳавога соврилаётгандек туйиларди. Шунинг учун дарсларга қатнашишдан кўра, кутубхонага бориб бир қизиқарли китоб ўқишни афзал кўрардим. Бунинг оқибатида университетдаги домлалардан яхшигина дакки ҳам эшитганман, турли чиғириқларига тушганман. Аммо ичимизга ўрнашган қандайдир исён сабаблими ё ёруғ мақсадлар йўлида майда-чуйда нарсалардан орланганимиз сабабми барибир улар истаган «тартиб»га кирмадик. Батартиб талаба бўлмадик, ҳар дарсда қорамизни кўрсатмадик... Кутубхонама-кутубхона юриб китоб изладик, ўқидик, ёздик... Бугун бундан афсусланмайман.

Мен ўша пайтлар китоб ўқишга, китоблар оламига жуда-жуда меҳр қўйиб қолгандим. Тўғри, болалигимдан китоб ўқишни севганман. Аммо талаба бўлгач, бироз бўлса-да, оқу қорани, яхши-ёмон китобни саралашни ўргангач, бадиий асарни ўқишга бўлган интилишим ҳар қачонгидан ҳам ошиб кетди. Мен энди асосий вақтимни кутубхоналарда ўтказардим. Танлаб-танлаб ўқишга уринардим.

Биринчи марта Миллий кутубхона ҳақида университетдаги домлалардан эшитганман. Унгача университет кутубхоналари менга қадрдон маскан эди. Миллий кутубхона дарагини эшитгач, бир сирли хазинани излагандай ахтариб топиб келганман. Бу кутубхонага киришим билан, ўз-ўзимга «бу менинг жойим экан» деганман. Шодлигимнинг чек-чегараси йўқ эди. Ҳақиқатан ҳам, бу мен интилган хазина эди. Ўзим орзу қилган, ўзим интилган масканга эга бўлганим кейинги ҳаётимда муҳим ўрин тутди.

Бора-бора бу улкан бойликка эга кутубхонага шунчалик мослашиб кетдимки, у уйимдек азиз бўлиб қолди. Бу ерда ўзимни эркин ва хотиржам ҳис қилар, энг муҳими, ўтаётган вақтимга ачинмасдим. Шунинг учун ҳали кутубхона очилмасдан эшиги ёнида пайдо бўлар ва тезроқ шу иссиқ ва сокин жойга киргим келарди. Кутубхоначиларга ҳам отнинг қашқасидик таниш бўлиб қолдим. Барчага бир хил хизмат қилаётган кутубхоначи опалар меҳнатини кўриб уларга ичимда раҳматлар айтардим. Бундай беғараз хизмат қиладиган, қийналганингда ёрдам берадиган, заллари кенг ва ёруғ, доим тинч, сен истаган китобинг, газета ва журналларинг муҳайё бўлган ҳамда ўз-ўзингга хўжайин бўлган бундай маскандан яхшироқ жой бўлишига ишонмасдим...

Ўша маҳалдаги кутубхона биноси ҳамон кўз ўнгимда. Унинг пештоқлари, баланд зиналари, мўжазгина, лекин файзли ҳовлиси бугун мен учун азиз хотирага айланган. Китоб ўқиб толиққан кўзларни деворга осилган суратларга қараб ёки бўлмаса ҳовлидаги дарахтларга тикилиб дам олдирардик, айниқса, баҳор ва куз фаслида атроф айрича чиройга кирарди.

Мен кутубхонани эслашим билан ёшлигим ҳам ёдимга келади. Ахир менинг ёшлигим шу ерда ўтди-ку! Кутубхонада, китоблар орасида менинг оловли йилларим қолиб кетган.

Талабалик ҳар қандай даврда ҳам осон бўлмаган. Айниқса, узоқ жойлардан келиб таҳсил олаёдиган йигит-қизларга толиблик машаққатларини кўпроқ сезилади. Очлик, ижарама-ижара кўчиб юриш, юпун уст-бош ҳар қандай мусофир талаба ўтадиган «кўча»лардан.

Бу йўлларни биз ҳам босиб ўтганмиз. Шундай қийналган кунларда ҳам кутубхона жонимга аро кирган десам ишонасизми? Қаҳратон қиш кунларида совуқ ва очликдан қочиб кутубхонага кирар ва бу ернинг қайноқ тафти бизни меҳрли бағрига олиб иситарди. Кутубхонанинг тамаддихонаси бошқа жойларга қараганда арзонроқ бўлиб, талабаларнинг севимли ошхонасига айланганди. Ёзнинг чилласида ҳам энг яхши ошиён – кутубхона эди. Ҳа, чиндан ҳам бу каби беминнат жойни яна бошқа қаердан ҳам топиш мумкин?!

Мен кўпгина дўстларимни шу ерда орттирганман. Улар билан бизларни фақат шу ер – кутубхона боғлаб турарди. Мен ҳозиргача, орадан қанча йиллар ўтган бўлишига қарамасдан ўша қироатхоналарда кўрган танишларимни кўча-кўйда кўрсам яқин бир инсонимни кўргандай бўламан. У мен учун қачонлардир кутубхонада учратган шунчаки таниш эмас, азиз хотирамнинг бир қисмидир.

Ўша маҳаллар кутубхонанинг емакхонасида адабиёт ва фан оламига яхши таниш бўлган устозларни, таниқли олимларни кўриб қолардим. Улар билан аудиториядан ташқаридаги гапларни, миллат тарихига оид фикрларини эшитар ва ҳайратланардим. Шу ерда устозимиз Бегали Қосимов билан яқиндан танишганман. Бундан ташқари, бу кутубхона кўпгина шоир ва ёзувчиларнинг бахт остонаси бўлган деб ҳам айта оламан. Шу ерда кўпчилик ўз бахтини – жуфтини топган. Китоблар орасида туғилган муҳаббат самимий кўрингандир-а?!

Ўша чоғлардан ўзим туғилган туман газеталарида ҳикояларим чиқарди. Албатта, бу ҳикояларни ҳозир эсласам уялиб кетаман, жуда жўн эди. Аммо илк таассуротлар, илк қадамларнинг изи шундай босилган экан, нетамиз?! Бу ҳам бир тарбия бўлган. Туман газеталарида ёзганларим чоп этилганининг дарагини олишим билан Миллий кутубхонага чопардим. Минг ҳаяжон билан Бойсунда чиқадиган газетага буюртма берардим. Орадан ўн, ўн беш дақиқа ўтмасдан кутубхоначи опа мен учун ичида бир «мўъжиза»си бор газетани олиб келарди. Ўша газеталарни севинч ва умид билан варақлаганларим ҳамон ёдимда... Балки шунинг учун ҳам кутубхона менинг қадрдон дўстимдек бўлиб қолгандир... Беминнат, беғараз, сирдош дўст!

Айнан шу ерда мен жиддий адабиёт намуналарини ўқий бошладим. Уларни ўрганишга, дунёга машҳур бўлган романларни таҳлил қилишга ҳаракат қилдим. Машҳур рус нашрлари бўлган «Новый мир», «Юность», «Дружба народов» каби журналларни ҳам қизиқиш билан шу ерда ўқир, шулар орқали рус замонавий адабиёти билан танишардим. Хуллас, кунларим шу ерда ўтадиган бўлди. Ўйлаб қоламан, мен беш йил университетда эмас, кутубхонада кўпроқ бўлдим, ўқидим, изландим, агар диплом олишим керак бўлса, кутубхонанинг дипломини олишим керак эди. Ҳа, мен кутубхонага жуда боғланиб қолгандим ва боғич хотирамга мустаҳкам уланган.

Кутубхона очилгандан буён қанчадан қанча ҳодисаларни бошдан кечирди. Бир неча марта кўчишлар, турли талафотларни кўрди. Лекин ҳар доим ўз вазифасини сидқидилдан бажариб келди. Бу маскан чинакам миллатнинг миллий масканидир. Бу кутубхонанинг ҳозирги биноси дунё талабларига жавоб беради, у ердаги технологиялар, тезкор китоб етказувчи қурилмалар кўзни яшнатади. Аммо мен учун ўз ёшлигим ўтган кутубхонани, ўша эски чироқларни, оғир эшикларни соғинаман. Ахир, тўғрида ҳар кимга ўз хотираси азиз. Ҳозиргиси ҳозирги ёшларники...

Юртнинг марказида қад ростлаган бу кутубхонага фақат ва фақат Алишер Навоий номи муносиб деб биламан.

Кутубхонага нима учун боради, билиш учун. Билишдан мақсад нима, ўзини англаш учун, ўзини англаган инсон эса Худони англайди.

Китобдан, кутубхонадан узоқлашмайлик. Ўзни англаш сари, кутубхона сари одимлайлик.

Жавлон Жовлиев ёзиб олди.