«Инсон қирқ ёшгача ҳаётда кўп нарсаларни кўради, бошдан турли синовларни ўтказади, қирқ ёшдан кейин эса мана шу кўрган-кечирганларини асарларга кўчира бошлайди», деган эди машҳур немис файласуфи Артур Шопенгауэр. Ҳа, ҳаётий асар яратиш учун бу олам қозонида қайнаш керак. Ҳаётнинг қувонч ва ўкинчини босиб ўтиш керак, буларни босиб ўтмагунча, инсон тўла ўзлигини топа олмайди. Бу умр йўли турли услуб ва шаклда адабий асарларга айланади, бунда ёзувчининг маҳорати ҳал қилувчи куч бўлади. Туйғуларга яқин, аммо услуб бошқача бўлиб қолаверади. Ҳаёт – бу улкан мактаб.
Суҳбат учун Миллий кутубхонага келаётганимда, ўзбек файласуфларининг устози, марҳум олим Қўчқор Хоназаровнинг бир гапи эсимга тушиб қолди. У менга болалигини эслаб, шундай деганди: «Биз ўттизинчи йилларда Тошкентнинг Шўртепа томонларидан ҳар шанба тонг саҳарда мева-чева ортилган юк билан эшакда шаҳар марказидаги «Чорсу» бозорига тўрт соатда келардик». Ҳозир ўша жойдан ўтаётиб, мени олиб кетаётган ҳайдовчи кимгадир «Чорсуда бўлсангиз, 10 дақиқада бораман», деди. Қаранг, ўттизинчи йиллардаги тўрт соат, бугун 10 дақиқага алмашган. Ҳаёт оқими жуда тезлашиб кетди. Аввалгидай сокинлик, жимлик, бепарволик билан яшаб бўлмайди. Ҳар куни манфаат учун курашиш керак. Мобил дунёга қарашга мажбур бўляпмиз. Китоб бундай мобилликка қурилмаган. У жим, сокин, хаёл суриб ўқиладиган санъат. Китоб ўқиш бошқа, мутолаа қилиш бошқа. Китобни ҳамма ўқийвериши мумкин, мутолаа ҳаммага тан эмас. Ёзувчининг ҳар бир фикрини ҳис қилиш, англаш, шундан сўнггина бошқа сатрга ўтиш - бу чин мутолаадир. Ҳар қандай фикрга сизнинг ўзингизнинг қарши ёки тасдиқ фикрингиз бўлиши керак. Мутолаа элитар санъат, ҳамма саводи борлар китоб ўқиши мумкин, аммо барча ҳам элитар санъатга қўшила олмайди. Китоб билан ёлғиз қолиш, ўқиган нарсалар орқали ўз-ўзини тергаш, таҳлил қилиш бу санъатга оиддир. Бу тезлик замонида сокин қитоблар билан қолиш катта куч талаб қилади.
Адабиётимиз жуда бой, уни тўла таҳлил қилишга менинг қурбим етмас. Лекин бир нарсани айтишим мумкин, ўзбек адабиётимиз, биринчидан, жаҳон мумтоз адабиётига интилиши кучаймоқда, иккинчидан, ёзувчиларимизда ўз йўлини топиш, ўз услубини яратишга интилиш кузатиляпти. Қайси мавзу, қайси шакл - буларни ёзувчининг ўзи ҳал қилиши керак. Зўравонлик, қаллоблик, фоҳишабозлик мавзулардаги асарлар керак, лекин улар бадиий гўзал бўлгани маъқул.
Эпистоляр жанр бизда камёб. Ёзувчиларда ўзини фош қилиш услуби кам. Шарқ тафаккури ва адабиёти поэтикага қурилган. Эпистоляр жанр ўзини ўзи таҳлил қилиш дегани, мен нима қилдим ва нима қиляпман, деган савол-жавобдир. Ёзувчининг хатолари, камчиликлари, муҳаббати, ўзи инкор этган кишилари, сиёсатчиларни қўллаши ёки уларни таҳқирлаш каби омиллар бўлиши мумкин.
Ижодкорларнинг бир-бирига танқидий қараши табиий деб биламан. Чунки интеллектуал назорат керак. Ижодкорларга ижодкорлар томонидан ички назорат кўп нарса бериши мумкин. Бу адабиётнинг ўсишига олиб келиши керак. Ғаразгўйлик эмас, бу интеллектуал адабиёт. Платонни Аристотель ёқтирмаган, бўлмаса иккаласи ҳам буюк, Гегель ҳам Артур Шопенгауэрга бошқача муносабатда бўлган, ваҳоланки ҳар иккови етиб бўлмас қоя. Аслида ҳар қандай танқидда нигилизм бор. Кимнидир танқид қиляпсизми, бунда сиз нигилист бўлиб ёндашмоқдасиз.
Мен Сибирда туғилганман. Отам хивалик, ҳарбий хизматда бўлганларида, ўша ерлик қизга уйланганлар. Кейин Хоразмга қайтиб келишган. Баъзан хоразмликларда дағаллик бор. Шундай бўлишига қарамай, буни мен ўзига хослик деб биламан ва яхши кўраман ҳам. Хоразм тилини ўрганиш, ундан илмий янгиликларни кўп топиш мумкин. Шеваларни ўрганишимиз тилимиз бойишига хизмат қилади.
Мактабнинг таъсири менинг шаклланишимда катта. Хивада ўсиб, шу ерда мактаб таълимини олганман. Қандайдир янги китоб чиқса, уни ўзимники қилиб олиш учун қўлимдан келган ишни қилардим. Қўлимга нима тушса - ўқирдим. Математика, физика, кимё, бадиий адабиёт - ҳамма нарсага қизиқаверганман. Аммо менга «танлаб ўқиш зарурияти» ҳақида ҳеч ким маслаҳат бермаган. Бир рус академиги 14-15 ёшида ўз олдига инсоният яратган барча илимларни ўрганиш мақсадини қўяди ва шу мақсадда барча китобларнинг каталогини тузиб чиқади. Барча китобларни жамлаб, биладики, уларни тўла ўқиб чиқиш учун инсонга 3000 йил керак экан. Шундан кийин ўша китобларни азоб билан қисқартиради. Минг йиллик вақт қолади... Бу ҳам катта. Олим яна китобларни қисқартиради, охири 500 йил керак бўларкан дунёнинг илмини ўрганиш учун, деган хулосага келади. Ҳа, унга кимдир «танлаб ўқиш зарурияти» ҳақида кўрсатма берган, бизда шундай маслаҳат берадиган жиддий устоз бўлмаган. Шунинг учун, назаримда, кўп ўқувчилар ҳаёт йилларию йўлларини ҳавога совуради.
Мен кўп йўл босиб ўтдим, ҳамма соҳани ўрганишга интилдим ва кўп нарса ўргандим. Илм йўли менга кўп нарса туҳфа этди.
Тилнинг яхши-ёмони бўлмайди, исталган тилда гениал асарлар яратса бўлади. Гап юракда! Тафаккурда! Ўзбек тили ажойиб тил, унинг бағри кенг, барча тиллардаги яхшиликларни ўзига ўзлаштиришга мойил. Мен рус тилидан кўра, ўзбек тилида кўпроқ фикримни ифода қилишимни сезиб, шу тилда ижод қилиш бахтини туймоқчи бўлдим, кичик асарлар ҳам ёза бошладим. Олдимда ҳар доим Алишер Навоий асарларининг «Изоҳли луғати» туради. Мен Навоийни ҳар кун ўқийман.
... Бизда таълим тизими «чарчаган». «Онлайн» таълимнинг кўп жабрини кўрдик... Мен анъанавий таълимни оқлайман. Анъанавий таълимда ўқувчи ва устоз баҳс қилади, фикрлашади, бир-бирини инкор қилади. Бу жараённинг ўқувчига таъсири катта.
Биз Чирчиқда яшаймиз. Ҳар доим дарс бошланадиган пайт ёшларимизнинг телефони ёки алоқа тармоқлари ишламай қолади. Аслида онлайн тизим жисмоний имконияти чекланганлар учун кашф бўлган, соғлом авлод учун эмас. Бу борада кўп баҳслар бўлади. Ўзбекистон олий таълим тизимида ўзгаришлар катта, аммо замонга монанд ўзгартиришимиз керак, ҳозиргиси бирор-бир натижа беришига ишонмайман. Бу борада мен пессимистман. Биз, шарқий халқ, ҳамма нарсани етти ўлчаб, кесадиганларданмиз, шунинг учун ҳам бизда ислоҳотлар жуда секин кечади. Олий таълимдаги бугунги жараённи таназзул деб бўлмайди. Менимча, иккиланиш, тўлқинли ўзгариш дейиш мумкин.
... Ўқув таълимига нисбатан танқидий ёндашув яхши, аммо ундан бирдан натижа кутиш аҳмоқлик. Бир олим етишиб чиқиши учун йиллар керак. Академик Азиз Қаюмов дегандилар: «Битта олим етишиб чиқиши учун 40 йил керак». Шундай экан, олий таълим мевани бирдан бермайди. Аммо илмий-техник кашфиётларда оқсоқликни тан олишимиз керак. Маиший техникадан тортиб, катта машиналаргача четдан оламиз, ҳеч нима кашф қилмаяпмиз. Бизда илмий-техник тафаккур шаклланмаган. Дин, ахлоқий тарбиянинг таъсири катта, аммо техник кашфиёт йўқ.
Дадам тез-тез чойнак сотиб олардилар. Чойнакнинг қопқоғи доимо тушиб кетавериб, тез-тез синарди. Буни қандай қилиб тушмайдиган қилиш мумкин, деган саволни ўзимга берардим. Мана энди кўряпмиз, чойнак қопқоғига тумшуқча қилиб қўйилса, бўлди. Лекин бизнинг шунга ақлимиз етмадида, биз кун давомида чой ичсакда, оддий қопқоққа тумшуқ ихтиро қилолмадик.
Чирчиққа кетаверишда қирққа яқин киши йўл бўйидаги ўтларни ўроқда ўради. Асосан қизлар... Улар шу ишни камида уч кун қилади. Ваҳоланки, агарда ёшларимиз фойдали меҳнатга йўналтирилиб, ўт ўриш машинага юклатилса, уч кун уч соатга қисқартирилади-ку... Бизда ўзгаришлар ташаббус, шахсий фикрлашни ўстириш асосига қурилмаган, шунинг учун жуда секин амалга ошади.
Илмий-техникавий фикрлашни қандайдир вазирликлар очиб, ўзгартириб бўлмайди, бу фақат туртки бўлиши мумкин. Биринчи Ренессанс, иккинчи Ренессанc дейишади. Бир-икки олим кашф этилгани билан мамлакат ривожланиб қолмайди. Бу оммавий тус олиши керак. Бизда буюклар саноқли ва уларни бутун миллатнинг ютуғи деб бўлмайди, афсуски. Хоразмда Маъмун академияси тикланиб, фаолият юритмоқда... У ердагилар нима қилишяпти, нима яратишди? Бор йўғи 200-300 та китоб тўпланган холос. Кўп нашрлар Биринчи Президент Ислом Каримов келиб-кўриб, академияни очиб кетганларидан сўнг қайта олиб кетилган Тошкентга...
Улуғ шахслар ҳар доим бўлади, улар қандай шароитлардан бўлишига қарамай, ўзини намойиш қилиши мумкин. Аммо улар ижтимоий-сиёсий куч бўла олмаган. Агар кашфиёт қилиш оммавий тус олганда, Беруний сарсон юрмасди, Ибн Сино хор бўлмасди, Бухорий Бухородан кетмасди... Амир Темур қурган улуғ давлат у ўлим тўшагида ётганида парчаланиб бўлганди...
Оммавий тараққий этишга бизда истак ва кураш бўлиши керак. Оммавий илмий-техникавий юксалиш шарт. Оммавий тафаккурни ўстириш, илмий юксалтириш учун мактаблар ўртасида илмий кураш, олий таълим ўртасида рақобат керак! Бизда йўқ. Салоҳиятли кадрлар етиштириш нуқтаи назаридан бир-бири билан рақобат қилиш йўқ. Илмга инвестиция киритадиганлар минглаб бўлиши керак! Бизда эса ундайлар кўринмас даражада.
...Биз иқтисодий эркинликни танладик ва ўз манфаатларимизни қондириш учун яшай бошладик. Аммо ўзимизнинг тор мақсадларимизни жамият мақсадларига бурсаккинагина, кўп нарсани ўзгартира олардик... Бой инсонлар ўзларини янада бой қилишга тиришмоқда. Ўн фоиз одам бой бўлса, бу жуда катта қатлам, улар истаса, кўп нарсани ўзгартириш мумкин. Бойларимизни илмий-техник кашфиётларга манфаатли қилсак, уларни бу соҳаларга боғлай билсак, кўп нарса ўзгаради. Лекин, афсуски, уларнинг кўзи тўймаган ва бу - катта фожиа!
… Мен Тошкентга 1966 йилда ўқишга келганман. Биринчи борган маданият масканим кутубхона бўлган. Чорсудаги «Турон» кутубхонаси. Паспорт сўрашарди, қайси китоб керак бўлса, беришарди. У пайтларда бир ой муддатга бериларди китоб. Кутубхонага аъзо бўлганимдан кейин, янада кўп қатнайдиган бўлдим. Қўлимдан чиройли ёзиш, ялтироқ қоғозларга суръат солиш келарди, кутубхоначиларга ҳам ёрдам бериб кетаверардим. Болалигим эса Хоразм кутубхонасида кечган, у ердаги фидойи инсонлардан жуда миннатдорман. Мен худди кутубхонанинг маош олмайдиган ходими эдим... Турмуш ўртоғим ҳам кутубхоначи бўлган. Кейинчалик у кутубхона ишлари бўйича илмий иш қилди, докторлик диссертациясини ҳам ёқлади.
Баъзида ўксинаман... Дўстларимиз антиқа уйлар кўтариб, чақиришади. Уларни кўриб, кўнглим салгина хира бўлгандай... Бошқа йўлни танласам, қасрлар қурсам бўларди... Ақл-тафаккурим етарди-ку... Лекин китобларимга, ўз ишимга яна назар ташлайман-да, хурсанд бўламан. Тўғри иш қилибман, дейман ўз-ўзимга ғурурланиб. Мен кетмайдиган «бойлик»лар ичидаман!
... Ҳар бир авлод ўз даврини ўзи яратади. Йигирма йилдан кейин ўзимни тасаввур қиламан, фарзандларим ким бўлади, улар нимани ўзгартира олар экан, деб ўйлайман. Келажакни биз бугундан яратайлик! Муаммоларни ёшларимизга қолдирмайлик!
Бугунги зиёлиларнинг ўз фикри йўқлиги ачинарли. Афсуски, зиёлиларда фикр билдирмаслик касали сингиб кетган. Давлат раҳбарининг айтган сўзларини қайтариш - бу зиёлийлик белгиси эмас!
Вақтингизни тежанг! Вақтингизни ўғирлайдиганлардан қочиш керак. Атрофингизда ҳамма «вақт ўғриси» бўлиши мумкин. Уйга қайтасан, аёлинг вақтингни олади, баъзида хотини йўқларга ҳавас қиламан (ҳазил оҳангида, албатта – Ж.Ж)... Телефон вақтни олади, телефон йўқ даврлар эсга келади. Ён қўшни эшик таққиллатиб қолади, қўшнилари йўқларга ҳавас қиламан. Мен Буддага ҳавас қаламан. Ҳақиқатини излаб, йўлга чиққан кишига ҳавас қиламан.
Ёшларимизга вақтни ўзлариники қилишга интилишни тилаб қоламан.
Суҳбатдош Жавлон Жовлиев
