Oзарбайжон замини бизни ҳар гал ўзгача бир тароват, илиқлик ва сеҳрли оҳанрабо билан қарши олади. Каспий денгиз мавжлари бағридаги кўҳна Бокуга бу галги ташрифимиз оддий хизмат сафари чегарасидан чиқиб, туркий халқларнинг илмий ва маданий уйғонишида янги саҳифа очган тарихий жараёнларга туташиб кетди.

Бундан роппа-роса бир аср аввал, 1926 йилда айнан шу масканда туркий дунёнинг 131 нафар жонкуяр ва фидойи зиёлисини бир даврага жамлаган илк тарихий Туркология қурултойи бўлиб ўтган эди1. Орадан юз йил ўтиб, тарих яна қайталанди, 2026 йилнинг 29 июлидан 3 августига қадар Боку бағрида “Туркий дунё ҳафталиги” юқори савияда ташкил этилди.

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан келган 100 нафардан зиёд таниқли олимлар ва етакчи туркологларни бирлаштирган халқаро анжуманнинг очилиш маросими ҳақиқий маърифат байрамига айланди. Ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков иштирок этди. Анжуманнинг энг ҳаяжонли лаҳзаларидан бири Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Биринчи Туркология қурултойининг 100 йиллиги муносабати билан йўллаган қутлов мурожаати ўқиб эшиттирилган дақиқалар бўлди. Давлатимиз раҳбари ўз мурожаатида бундан бир аср муқаддам кечган тарихий жараёнларда  иштирок этган ўзбек маърифатпарвар зиёлиларини бугунги авлодлар ҳамиша ифтихор билан ёдга олишини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, Президентимиз туркий давлатларнинг етакчи илмий марказларини бирлаштирган ҳолда “Туркий дунё маърифатпарварлари” халқаро илмий-энциклопедик лойиҳасини яратиш ҳамда жадидчилик ҳаракати намояндаларининг барча асарлари ва архив ҳужжатларини ўз ичига олган Ягона рақамли кутубхона шакллантириш ташаббусини илгари  сурди.

Анжуманнинг иккинчи куни муҳташам Исмоилия саройи ва Озарбайжон Миллий Илмлар академиясида давом этди. Бу илм масканининг сирли тарихи бўйлаб уюштирилган экскурсия қатнашчиларда катта таассурот қолдирди. Академия президентининг қутлов нутқидан сўнг, соҳа ривожига умрини бахш этган забардаст олимлар хотираси ёдга олинди. Илмий маърузаларда 1926 йилги анжуманда энг фаол ва салмоқли делегациялардан бири айнан ўзбек зиёлилари бўлгани алоҳида эътироф этилди.

Халқаро анжуман доирасида Биринчи Туркология қурултойининг тарихий аҳамиятига бағишланган маърузалар тингланди. Туркий халқлар ёзув тизими, хусусан, алифбонинг уч марта ўзгариши билан боғлиқ тарихий эврилишлар илмий мезонлар асосида таҳлил қилинди.

Кун тартибидаги панель сессияларида Ўзбекистон, Олмония, Япония, Албания, Қозоғистон, Озарбайжон ва Украина каби давлатлардан ташриф буюрган олимлари ҳам ўз маърузалари билан иштирок этди. Иқлим ва масофалар турлича бўлса-да, мақсад ягона эди: умумий тарихий меросни чуқур ўрганиш ва туркология соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш. Зеро, тақдим этилган маърузаларнинг туб моҳияти ҳам туркий тиллар ривожини замонавий илм-фан ютуқлари билан уйғунлаштириш ғоясига қаратилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, ҳафталик дастуридан йигирмадан зиёд ранг-баранг тадбирлар ўрин олган бўлиб, улар доирасида соҳавий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор берилди. Жумладан, Озарбайжон Миллий Илмлар академияси Миллий кутубхонасида “Туркий дунё миллий кутубхоналари” Жамоат бирлашмасининг (ассоциацияси) илк йиғилиши ўтказилди ҳамда “Биринчи Туркология қурултойи. Стенографик ҳисобот” ва “Биринчи Туркология қурултойи. Библиография” нашрларининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Кутубхонадаги тадбирлар аввалида, ХХ аср туркология тафаккури тарихидаги энг муҳим ҳодисалардан бири ҳисобланган Биринчи Туркология қурултойи қатнашчиларининг хотираси бир дақиқалик сукут билан ёд этилди. Сўнгра меҳмонлар эътиборига “Умумий мерос, бой хазина: Миллий кутубхонанинг олтин фондидан” номли кенг қамровли китоб кўргазмаси ҳавола қилинди.

Озарбайжон Миллий кутубхонаси директори, профессор Карим Тахиров кўргазманинг очилиш маросимида Биринчи Туркология қурултойи Туркий халқларнинг тили, маданий мероси ва илмий ҳамкорлик истиқболларини белгилаб берган олимларни бирлаштирганини ҳамда уларнинг ғоялари бугунги кунда ҳам долзарб аҳамиятга эга эканини алоҳида қайд этди. Ўз навбатида, Озарбайжондаги Отатурк маркази директори, академик Низомий Жаъфаров ҳам ушбу тарихий анжуманнинг 100 йиллиги юқори даражада ташкил этилганини эътироф этди.

Озарбайжон Миллий Мажлисининг Фан ва таълим қўмитаси раиси, профессор Анар Искандаров ўз чиқишида саккиз кун давом этган ўша тарихий анжуман туркий дунёдаги фикр ва ғоялар ривожига, илмий-маданий интеграция жараёнларига улкан таъсир кўрсатганини таъкидлади.

Тадбирда “Биринчи Туркология қурултойи. Стенографик ҳисобот” нашрини тайёрлашда иштирок этган олимлар, таржимонлар ва мутахассислар гуруҳининг машаққатли меҳнати юқори баҳоланди. Шу билан бирга, архивдаги аудиоёзувларни тинглашдаги техник мураккабликлар сабабли рус тилидан озарбайжон тилига ўгирилган дастлабки таржима матни устида ишларни янада давом эттириш, кейинги нашрларга пухта тайёргарлик кўриш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, анжуман доирасида “Биринчи Туркология қурултойи” электрон маълумотлар базаси ҳам кенг жамоатчиликка тақдим этилди.

Тақдимоти ўтказилган “Биринчи туркологлар қурултойи. Библиография” нашрини яратиш ишлари анча аввал бошланган бўлиб, тўпламни тузишда кўплаб халқаро ҳамкорларга мурожаат хатлари юборилгани ва кенг кўламли изланишлар натижасида 1890 та манбанинг библиографик ёзуви жамлангани маълум қилинди. Ушбу библиографиянинг эътиборли жиҳатларидан бири, тадқиқотчилар учун қулайлик яратиш мақсадида, унинг махсус ёрдамчи кўрсаткичлар билан таъминланганида кўринади. Ҳамкорлик қилган мамлакатлар, шунингдек, муаллиф ва таржимонларнинг алифбо тартибидаги кўрсаткичлари шулар жумласидандир.

Мазкур нашрнинг 289–293-саҳифаларидан Ўзбекистонда мавзуга оид чоп этилган китоблар ҳамда вақтли матбуотда эълон қилинган мақолаларнинг йиллар ва тиллар кесимидаги тизимли рўйхати ўрин олган. Ушбу нуфузли манбани тайёрлашда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси библиографларининг кўрсатган иштироки алоҳида эътирофга сазовор бўлди. Анжуманда сўзга чиққан Озарбайжон Республикаси маданият вазирининг ўринбосари Саодат Юсифова ушбу қимматли манбаларни яратишга ҳисса қўшган барча ҳамкорларга ўз миннатдорчилигини билдирди. Боку давлат университети ректори Элчин Бобоев эса университетнинг Миллий кутубхона билан йўлга қўйилган муваффақиятли ҳамкорлиги бундан кейин ҳам изчил қўллаб-қувватланишини маълум қилди.

Бундан ташқари, ташриф доирасида Озарбайжон Миллий кутубхонаси бўйлаб махсус таништирув экскурсияси ташкил этилди. Ушбу маданий мулоқотларнинг мантиқий давоми сифатида, юртимиздан ташриф буюрган забардаст олимлар – ўзбек адабиётшунослиги, матншунослик ва жадидшунослик мактабининг йирик намояндаси, филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Болтабоев ҳамда тилшунослик ва олий таълим методикаси соҳасида самарали илмий изланишлар олиб бораётган таниқли олим, филология фанлари доктори, профессор Иномжон Азимов билан биргаликда кутубхонада ташкил қилинган “Ўзбекистон” бурчагига бой мазмундаги китоб ва журналлар тўпламини ҳадя қилдик. Тадбир давомида олимларимиз томонидан миллий кутубхоналар ўртасидаги бундай изчил ҳамкорлик ва рақамли ҳамжиҳатлик қардош мамлакатларда кўплаб истиқболли илмий тадқиқотларни амалга оширишда, умумий тарихий меросни чуқур ўрганишда муҳим омил бўлиши алоҳида қайд этилди.

 Анжуман давомида Озарбайжон Миллий Илмлар Академияси (ОМИА) президенти, академик Исо Ҳабиббейли “Туркий дунё Миллий кутубхоналар” Жамоат бирлашмасининг ташкил этилиши, 1926 йил Биринчи туркологлар қурултойи белгилаб берган мақсад ва тамойилларни келажакда уюшқоқлик билан давом эттириш учун муҳим майдон бўлишини таъкидлади.

Куннинг иккинчи ярмида “Туркий дунё миллий кутубхоналари” Жамоат бирлашмасининг илк йиғилиши ўтказилди. Унда Озарбайжон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Туркия, Шимолий Кипр ва Венгрия Миллий кутубхоналари директорлари иштирок этди. Профессор Карим Тахиров бундан икки йил аввал пойдевори қўйилган ушбу уюшмани эндиликда халқаро ташкилот сифатида расмий рўйхатдан ўтказиш ҳамда бошқа туркий давлатларни ҳам унга жалб этиш бош вазифа эканини айтиб ўтди.

Бугун туркий давлатлар дунё майдонида нуфузли кучга айланиб бораётган бир даврда, кутубхоналар ўртасидаги ҳамкорлик ҳам янги босқичга чиқмоқда. Йиғилишда Туркия Миллий кутубхонаси директори Танер  Бейоғлу, Қозоғистон Академик миллий кутубхонаси директори Кумис Сеитова, Қирғизистон Миллий кутубхонаси директори Элдар Аттокуров ва Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабаева сўзга чиқиб, ҳозирги шиддатли ва таҳликали замонда кутубхоналар интеграцияси ўта муҳим ҳамда долзарб аҳамиятга эга эканини якдил қўллаб-қувватлади.

Йиғилиш кесимида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан қуйидаги аниқ таклифлар илгари сурилди:

“Туркий дунё рақамли кутубхонаси”ни яратиш;

“Туркий дунё Миллий кутубхоналари” Жамоат бирлашмасининг расмий сайтини яратиш;

Кутубхоначилар учун тажриба алмашув ва малака ошириш мақсадида, таълим дастурларини йўлга қўйиш;

ЮНЕСКО (UNESCO) “Memory of the World” дастури доирасида ҳамкорликни кучайтириш;

Туркий тиллар учун сунъий интеллект, OCR ва автоматик таржима технологияларини ҳамкорликда ривожлантириш;

Ёш кутубхоначилар форумини ташкил этиш.

Асосий муҳокамалардан сўнг иштирокчилар томонидан қуйидаги муҳим қарорлар қабул қилинди:

Туркий халқларнинг умумий маданий меросини қамраб олувчи рақамли ресурслар ягона электрон базага бирлаштирилади ва барча аъзо давлатлар китобхонлари фойдаланиши учун тақдим қилинади;

Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш, тўлиқ матнли ресурсларни жойлаштириш ва каталогларни стандартлаштириш учун махсус техник мутахассислар гуруҳи тузилади;

Кутубхоначилар ўртасида тажриба алмашиш дастурлари йўлга қўйилади, Миллий кутубхоналарда “Миллий адабиётлар” бурчаклари ташкил этилади ва уларни мунтазам тўлдириб бориш механизмлари ишлаб чиқилади;

Бирлашма аъзоларининг фаолияти ва қўшма лойиҳаларини мунтазам ёритиб борувчи ягона даврий электрон нашр шакллантирилади.

Йиғилишда меҳмон сифатида иштирок этган Венгрия Миллий кутубхонаси бош директори Давид Розса раҳбарлик қилаётган кутубхонанинг рақамлаштириш ва электрон хизматлар соҳасидаги бой тажрибасини Туркий дунё кутубхоначиларига кўрсатиб беришда ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилди.

Йиғилиш якунида барча таклифлар умумлаштирилиб, Бирлашманинг 2026–2027 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режаси белгилаб олинди. Бирлашма Низомига тегишли ўзгартиришлар киритиш ва унинг ташкилий фаолиятини кучайтириш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди. Бир сўз билан айтганда, ушбу касбий учрашув туркий давлатлар Миллий кутубхоналари ўртасида узоқ муддатли ва самарали ҳамкорлик учун муҳим пойдевор бўлди.

Анжуманнинг маданий дастури ҳам хилма-хил ва унутилмас лаҳзаларга бой ўтди. Ҳафта давомида туркий дунё меҳмонлари учун Боку сайргоҳида катта тантанали концерт уюштирилиб, унда Ўзбекистон санъаткорлари ҳам ўз чиқишлари билан дастурга алоҳида файз бағишлади. Бокуда аввал ҳам бир неча бор бўлганимга қарамай, унинг гўзаллиги одамни ҳамиша мафтун этади. Айниқса, дунёдаги илк инклюзив музей – экспонатлари Брайл алифбосидаги маълумотлар билан таъминланган Озарбайжон Миллий гилам музейи билан илк бор танишиш, сўнг Озарбайжон миллий тарихи музейини зиёрат қилиш, худди биринчи марта кўраётгандек “Қиз қалъаси” ва Эски шаҳар сари ошиқиш ўзгача таассурот тақдим этди.

Боку чиндан ҳам бетакрор шаҳар. Унинг миллий меъморчилиги, шаҳар қиёфасидаги ранглар жилоси кўнгилга сокинлик бағишлайди. Мумтоз миллийлик руҳида қад ростлаган тарихий биноларнинг замонавий кўп қаватли иншоотлар билан ёнма-ён келиши, бир-бирига халал бермай, аксинча, ўзаро мутаносиблик касб этиши бу гўзал масканни ўтмиш ва бугун уйғунлашган ўзига хос шаҳар дейишга тўла ҳақли қилади. Унинг яшилликка бурканган табиати ва кўм-кўк дарахтзорлари эса шаҳар ҳуснига янада кўрк қўшиб турибди.

Бу ердаги Миллий гилам музейининг энг катта вазифаси – Озарбайжоннинг ҳақиқий миллий бойлиги бўлган гиламдўзлик санъатининг ноёб намуналарини тўплаш, уларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ва бутун дунёга танитишдир. Музейнинг асл ғояси ҳам шу замин одамларининг тарихини, уларнинг ички дунёси, ўй-хаёллари ва маданияти гиламларда қандай акс этганини кўрсатиб беришга қаратилган. Шу билан бирга, бу санъат нафақат ўтмиш мероси, балки бугунги Озарбайжон замонавий маданиятининг ҳам ажралмас, тирик бир қисми эканини намоён этади. Музейда гиламлар шунчаки экспонат эмас, балки халқ маданиятининг жонли тарихи сифатида тилга киради. Ундаги бетакрор нақшлар ва образлар миллий ўзликни англатувчи тимсоллар ўлароқ, қалбларда янги даврга хос ҳамжиҳатлик ва бирдамлик туйғуларини уйғотади.

Дунёдаги кўплаб санъат масканларида бўлганман, бироқ Гилам музейига илк бор қадам қўйишим эди. Шу сабабданми, ундан олган таассуротларим олам-олам бўлди. Бу жой мени айнан нимаси билан бунчалик сеҳрлаб қўйгани ҳақида кўп ўйладим. Кўнглимдан ўтган хулоса шу бўлди: мен ушбу мажмуани илгари кўрганларим билан асло таққослай олмасдим, чунки дунёнинг яна қайси гўшасида айнан шу йўналишдаги ноёб хазина борлигини билмайман. Экспонатларнинг асллиги ва қадимийлиги одамни лол қолдирса, уларнинг барчаси инсоннинг олтин қўллари билан яратилганига тасанно айтасан. Озарбайжон халқининг ўз миллий меросини шундай улуғлаётганига чин дилдан ҳавас қилдим.

Бундан бир аср муқаддам Боку заминида бошланган маърифат ва бирлик ҳаракати қатнашчиларининг орзу-армонлари, улар чеккан изтироблар бугун бесамар кетмаганини мана шу кунларда яққол ҳис қилдик. Йўқотилган имкониятлар, қатағон қилинган улуғ боболаримизнинг хотираси бугун кутубхоналар ва илм-фан оламида куч олаётган янги ҳамкорлик нафаси билан қайта тирилмоқда, десак муболаға бўлмайди. Биринчи Туркология қурултойи ўз даврида миллий ўзликни англаш йўлида туб бурилиш ясаган бўлса, орадан юз йил ўтиб ўтказилган ушбу маърифат байрами янги асрда Туркий дунёнинг нафақат маданий-илмий, балки маънавий ва стратегик жиҳатдан ҳам мустаҳкам бирликка айланиб бораётганини кўрсатди. Зеро, китоб ва эзгу амал бирлаштирган миллатларнинг келажаги ҳамиша нурафшондир. Бу улуғвор йўлда эса кутубхоналаримиз асрларни асрларга боғловчи олтин кўприк бўлиб хизмат қилаверади.