Миллий кутубхона томонидан ўтказиб келинадиган «Central Asia. Фан, таълим, маданият ва бизнесда Интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари халқаро конференцияси бу йил, ўн олтинчиси, Бухорода 24-26 май кунлари ташкил қилинди. Биринчи конференция Самарқандда (1999) ўтказилган.
Конференцияни ташкил этишдан асосий мақсад – фан, таълим, маданият ва бизнес соҳаларида электрон ахборот ресурсларни ривожлантириш ва қўллашда ахборот-кутубхона муассасалари, ўқув юртлари, архивлар, музейлар ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг ҳамжиҳатликда кўп йиллар самарали ҳамкорликда фаолиятларини кенгайтиришдан, кутубхоналар ишининг муаммолари, уларнинг инновацион ривожланиш йўлларини излашдан иборат.
Бир сўз билан айтганда, кутубхоначиларимиз малакасини ошириш, соҳа бўйича ва кутубхоналарда олиб борилаётган ишлар билан танишиш, таништириш, муаммоли масалаларни катта аудиторияда муҳокама қилиш ҳамда ечимини излаш, кутубхоналарнинг ривожланиш жараёнларига холисона баҳо бериш ва улар фаолиятини такомиллаштириш учун қилиниши зарур бўлган ишларни белгилашдан иборат.
Бу йилги конференция ўтган йилдагиларидан китоб ва китобхонлик масалаларига, кутубхоначи кадрлар масалаларига, кутубхоналарда илмий-методик фаолият ҳолатига, илмий фаолият юритишда жаҳон ахборот ресурсларидан фойдаланишнинг муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилиши билан аҳамиятли бўлди.
Ўзбекистонда ахборот-кутубхона соҳаси бошқаруви ягона давлат органи томонидан амалга оширилмайди, бироқ соҳа бўйича Ваколатли давлат органи, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги белгиланган. Агентлик бу йил учинчи марта Халқаро конференция доирасида соҳа мутахассисларига «Ахборот-кутубхона аълочиси» кўкрак нишонини топширди.
Миллий кутубхонада конференцияни муваффақиятли ташкил қилиш ва ўтказиш мақсадида, турли вазирлик ва идоралардан масъуллар бириктирилган Ташкилий қўмита иш олиб боради. Унда АОКА, Миллий кутубхона, Олий таълим, Мактаб ва мактабгача таълим, Маданият, Соғлиқни сақлаш, Мудофаа вазирлиги, Касаба қўмитаси, Фанлар академияси тасарруфидаги кутубхоналар масъуллари ишлади.
Анъанага кўра конференциянинг биринчи куни Ялпи мажлис, иккинчи куни шўъбалар иши (5 та), маҳорат дарслари (3 та), давра суҳбатларидан (2 та) иборат бўлиб, 60 дан зиёд маъруза ва тақдимотлар эшитилди. Халқаро конференциянинг ишчи тили ўзбек, рус, инглиз тиллари деб қабул қилинган. Ва барча тилларда чиқишлар бўлди. Конференция ташкилий қўмитасига келиб тушган илмий мақолалар қўйилган талабларга мос келган тақдирдагина тўпламга киритилди ва чоп этилди. Конференция материаллари тўпламида чоп этилган муаллифларга босма, қолган барча иштирокчиларга эса тўпламнинг электрон шакли тақдим этилди.
Конференция дастурига назар солсангиз, бу йили хорижлик ҳамкасблар, профессор-ўқитувчиларнинг чиқишлари ҳар йилгидан ҳам кўп бўлди. Айниқса, соҳамиз бўйича хорижлик экспертларнинг илмий мақолалари кенг қамровли бўлди, деб айта оламан. Аммо, бизнинг ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари, кутубхоначилар ушбу маъруза ва тақдимотларни қандай қабул қилди? Маърузаларда кўтарилган масалалар моҳиятини тушундими?
Аччиқ бўлса ҳам айтиш жоиз. Охирги йилларда, кутубхоначилик соҳамизда энг йирик ҳисобланмиш ушбу анжуманда ҳам ташкилотчи, ҳам маърузачи, ҳам раҳбар сифатида, ҳам оддий кузатувчи сифатида бизнинг ахборот-кутубхона муассасалари кутубхоначилари, аксарияти, конференцияда иштирок этишдан қандай мақсад кўзлагани мени ўйлантиради. Илм олишми ёки?.. Бундай дейишимга бир неча сабаблар бор... кутубхоначи – мутахассис эмас, тилни билмайди, янгилик ва яратувчанликка интилмайди, ўз устида ишламайди, кутубхонанинг келажагини тасаввур қилмайди, режа ва мақсадлари йўқ, сен менга тегма, мен ҳам сенга тегмайман қабилида иш кўрадиган КУТУБХОНАЧИЛАР кўпайиб кетган.
Конференция ишида доим иштирок этадиган кутубхоначилар билишади, хорижлик ҳамкасбларнинг соҳага оид долзарб маърузаларини биринчи кун, яъни ялпи мажлисда, соҳанинг турли йўналишлари бўйича маърузаларни тегишлилиги бўйича шўъбаларда тинглаш амалиётда қабул қилинган. Катта саҳнадан маърузачи аудиторияда кутубхоначилар ўзаро гаплашиб ўтириши, телефонидан фойдаланишлари, чиқиб-кириб юришлари кабиларни кузатади. Бундай ҳолатни тушунишга ҳаракат қилиш мумкин, инсон эҳтиёжи учун кириб-чиқар, аммо ўзаро ва телефонда гаплашиш, биринчидан, маърузачига нисбатан ҳурматсизлик белгиси бўлса, иккинчидан, тарбияси белгиси, зиёли инсоннинг, маънавият тарғиботчиси ҳисобланмиш кутубхоначининг маданиятини аниқлаш белгиси ҳамдир. Шу ўринда, маърифатпарвар жадид боболаримизнинг «Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Чунки барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришамиз», деган сўзларидаги теран маънони англайсан.
Яна бир ҳолат...рўйхатдан ўтган кутубхоначининг шўъба йиғилишларида иштироки кескин камайиб кетиши. Анжуман ташкилий қўмитаси томонидан шўъбаларни шакллантиришда

келиб тушган маърузалар, соҳадаги долзарб ва муаммоли масалаларни қамраб олган мавзуларни шўъбаларни белгилашда асосий мезони деб ҳисобланади. Йилда бир марта, бўйсинувидан қатъий назар, тасарруфида кутубхоналар бор муассасалар кутубхоначиларини қизиқтираётган мавзулар муҳокамисига муносабат шундай бўлса...? Шўъбаларда маърузалар, тақдимотлар, чиқишлардан сўнг муҳокамалар қизғин бўлиши, назаримда, йиғилишни олиб бораётган модераторларга ҳам боғлиқ. Модератор ҳар чиқишдан сўнг кўтарилган мавзуни қисқа, ўз фикрлари билан талқин этилган масалага муносабатини билдириб якунини ясаши даркор. Ва табиийки, кутубхоначилар тингланган мавзуни муҳокама қилишлари учун, энг аввало, тушуниш ва таҳлил қилиш кўникмаларига эга бўлиши керак.
Конференция ишида ёш мутахассислар иштироки ёки тўғрироқ айтсак, жалб қилиниши масаласи. Конференциянинг доимий иштирокчилари, яшириш керак эмас, асосан кутубхонанинг биринчи раҳбари, ўринбосар, бўлим мудири. Тўғри, соҳанинг ютуқ ва камчиликлари, ривожланиш тенденцияларини раҳбардан яхши биладигани йўқ деймизку-я,


бироқ... Аммо, ёшларга устоз-шогирд анъаналарини давом эттириш ҳам керак эмасми? Қолаверса, ёшларни эшитиш, уларнинг фикрларини қўллаб-қувватлаш, кези келганда ўрганиш ҳам давр талаби. Ҳохлардимки, кутубхоначи ёшлар эркин, қўрқмасдан, уялмасдан маърузалари билан, турли диапазондаги мавзуларни олға суришса, фаол иштирок этишса. Шу соҳанинг драйверлари бўлса!
Мақолани ўқиб ўтирган кутубхоначилар, қани ўша ёшлар дейишлари табиий. Улар қайсидир маънода ҳақ, аммо йўқ ҳам деб бўлмайди. Ана ўша борларини юзага чиқариш вақти келди! Кутубхоналарда ҳам бошқа соҳалар каби авлодлар алмашинуви даври келди!
Конференция ўтказиладиган ҳудудда ўша йили ахборот-кутубхона муассасаларига эътибор қаратилиши сезиларли бўлади. Айтмоқчиманки, мутасадди раҳбарлар «кутубхонангга нима керак?, нима муаммоинг бор?» деб тез-тез мурожаат қилиб туришади. Бу яхши. Ўтказилган конференциялар таҳлил қилинса, конференция баҳона кутубхоналарнинг бинолари қурилгани, қайта таъмирлангани, мебел жиҳозларини янгилангани, фондлар янги нашрлар билан тўлдирилгани кабиларни айтиш мумкин.
Президентимиз Шарқ донишмандларининг «Энг катта бойлик – ақл-заковат ва илм,

энг катта мерос бу – яхши тарбия, энг катта қашшоқлик бу – билимсизликдир!» деган ҳикматли сўзларини келтириб, замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиб бораётганини, нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун, аввало, илм-маърифат, юксак маънавият кераклигини, илм йўқ жойда тараққиёт эмас, қолоқлик кузатилишини таъкидлаганида юз карра ҳақ эдилар.
PS. Мақолани тугатиб, нашриёт-матбаа хизматига топшираман деб турсам, ЎзЛиДеп дан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувига таклифнома келди. Тадбирда иштирок этдим ва албатта, юқори минбардан туриб Президентнинг китоб, кутубхона ва кутубхоначиларни ўз нутқларида бир неча бор таъкидлаганларидан хурсанд бўлдим.
Шавкат Мирзиёев кутубхоналар ҳақида:
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига янги бино қурилиши;
ҳар йили 100 та энг яхши бадиий асар ҳамда болалар ва ўсмирларга мўлжалланган 50 та бадиий китоблар яратиш учун ижодий буюртма берилиб, муаллифларга 100 миллион сўмдан қалам ҳақи тўланади;
келгуси етти йилда кутубхоналарнинг 40 миллионга яқин китоб фонди тўлиқ рақамлаштирилади ва уларнинг ягона каталоги яратилади;
2030 йилга қадар мамлакатимиздаги барча кутубхоналар тўлиқ таъмирланади. Шу мақсадда 500 миллиард сўм ажратилади;
маданият ва санъат соҳалари вакиллари, музей ва кутубхоналар ходимлари иш ҳақи келгуси етти йилда 3 карра оширилади. Бунда, мактаб кутубхоначиларининг иш ҳақи педагог ходимлар ойлигига тенглаштирилади.
Кутубхоналарнинг катта карвони катта марралар сари йўлга чиқиши Президент томонидан белгиланди. Демак, бир нарсани
англашимиз даркор, замонавий билимларсиз, янгиликларни қабул қилиш ва мослашиш, креатив фикрлаш ва инновацияларни қабул қилиб, татбиқ этмасак кутубхоналарни ривож-
лантириш ва китобхонларга уларга керакли хизматларни кўрсатишни АМАЛГА ОШИРОЛМАЙМИЗ! Жамиятда кутубхоналарни ўрни мустаҳкам бўлиши, ҳеч қандай Интернет ва электрон ахборот уларни майдондан сиқиб чиқармасликлари учун Янги билимларни эгаллаш, Кутубхона учун курашиш даркор!
