Annotation. This article analyzes the strategic importance of library consortia in the modern scientific and educational environment. In particular, using the example of developed countries, it highlights how consortia have facilitated collective access to electronic resources, the development of information infrastructure, and the enhancement of the қuality of higher education and scientific research. Based on these experiences, the article demonstrates that establishing consortium-based collaboration within Uzbekistan’s library system can accelerate the country’s scientific and educational development and contribute to achieving economic efficiency.
Keywords: library consortium, scientific collaboration, electronic resources, digital transformation, economic efficiency, international experience.
Аннотация. Ушбу мақолада кутубхона консорциумлари замонавий илмий ва таълимий муҳитда қандай стратегик аҳамият касб этиши таҳлил қилинади. Хусусан, ривожланган давлатлар тажрибаси мисолида консорциумлар орқали электрон ресурсларга коллектив киришни ташкил қилиш, ахборот инфратузилмасини ривожлантириш, олий таълим ва илмий изланишлар сифатини оширишга эришилганлиги кўрсатиб ўтилади. Ушбу тажрибалар асосида Ўзбекистон кутубхоналари тизимида ҳам консорциум асосида ташкил этиладиган ҳамкорлик натижасида мамлакатда илм-фан ва таълим тараққиётини тезлаштириш ҳамда иқтисодий самарадорликка эришиш мумкинлиги ёритиб берилади.
Калит сўзлар: кутубхона консорциуми, илмий ҳамкорлик, электрон ресурслар, рақамли трансформация, иқтисодий самарадорлик, халқаро тажриба.
Миллий кутубхонанинг 155 йиллик юбилейи арафасида бир кутубхоначининг изҳори: Илк бор 2012 йил Адабиёт устозим шундай деган эди: «Албатта боринглар. Кутубхона янги, замонавий бинода очилди!» Ўша пайтда бу чорлов менинг тақдиримни ўзгартиришини билмас эдим. Кутубхонага кириш учун ID картамни олганимда билимлар ўлкасига кирганимни ҳис қилдим. Бу жой мен учун нафақат кутубхона, балки руҳимни ўраган муқаддас осойишта маскан эди. 2016 йил тақдирнинг тақазоси билан Кутубхонашунослик йўналишига ўқишга кирдим. Ўқиш даврим худди бир китоб каби, ҳар бир саҳифаси янги дунё эди. 2020 йилда ўқишни тамомлагач, Миллий кутубхонанинг улуғ деворлари энди менинг иш жойим, китоблар эса сафдошларим бўлди. Ўтган беш йил ичида кўп нарсаларни қўлга киритдим, лекин энг азизи бу инсонларнинг кўзларидаги билим нурини кўриш. Бу маскан нафақат китоблар, балки орзулар қўрғони. Мен шу қўрғоннинг бир парча бўлаги эканлигимдан фахрланаман! Ушбу мақоламни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг 155 йиллик юбилейига бағишлайман.
Охирги эллик йил давомида консорциум сифатида ишлашнинг самарали эканлиги дунё бўйлаб тан олинди. Турли соҳалардаги каби, кутубхоналар ҳам бирлашиб, ҳамкорликда ишлаш учун консорциумлар ташкил этдилар. Бир мамлакатда кутубхоналар бирлашиб, консорциум ташкил этган бўлса бундай консорциумлар Миллий консорциумлар деб юритилади. Ана шундай миллий консорциумларнинг 200дан ортиғини бирлаштирган консорциум эса профессионал ташкилот –Халқаро кутубхона консорциумлари коалицияси бўлиб, унда турли хил давлат структурасига мослашган турфа хил кутубхона консорциумларини кўриш мумкин. [1]
Бу ташкилот 1997 йилда «Consortium of Consortia» (CОC) номи билан норасмий равишда ташкил этилган ва кейинчалик глобал характерини акс эттириш учун номи «International Coalition of Library Consortia» (ICOLC)га ўзгартирилган. ICOLCга дунёнинг исталган нуқтасидаги барча кутубхона консорциумлари қўшилиши мумкин, чунки унда аъзолик тўловлари ёки иштирок учун чекловлар мавжуд эмас. 2024 йил ҳолатига кўра, 238 та консорциум ICOLC аъзоси ҳисобланади.[7] ICOLCга аъзо бўлган консорциумлар глобал ҳамжамият билан алоқалар орқали бошқа консорциумлар билан тажриба алмашиш, электрон ресурслар нархини камайтириш бўйича нашриётлар билан музокаралар олиб бориш, семинарлар, конференcиялар ва вебинарларга кириш орқали эса профессионал ривожланиш, кутубхона соҳасидаги янги трендлар ҳақида маълумот олиш каби имкониятлардан фойдаланишади. ICOLC кутубхона консорциумлари учун стратегик ва амалий масалаларни муҳокама қилиш, профессионал ривожланиш, маълумот алмашиш ва мутахассисликни тақсимлаш, ҳамкорликда ҳаракат қилиш ва электрон ресурсларни лицензиялаш бўйича маслаҳатлар бериш каби функцияларни ўзининг асосий вазифаларига айлантирган.
ICOLC йилига икки марта ёпиқ учрашувлар (баҳорда Шимолий Америкада ва кузда Европада), вебинарлар ташкил қилади ва электрон почталар орқали хабарномалар билан таъминлайди. [2] Кутубхона жамиятлари ва консорциумлар учун муҳим бўлган масалалар бўйича баённомалар чиқаради ҳамда профессионал ривожланиш дастурларини ишлаб чиқади. Ҳозирги вақтда ICOLC асосий эътиборни сунъий интеллектни лицензиялаш бўйича баёнотлар чиқариш, фойдаланиш статистикаси бўйича кўп консорциумли лойиҳалар ва ресурсларга очиқ кириш масалалари ва ташаббуслари бўйича бирлаштирилган стратегиялар ишлаб чиқишга қаратган. ICOLC келажакда глобал консорциал ҳамжамиятга консорциумлараро лицензиялаш дастурларини кенгайтириш, умумий босма сақлаш иншоотларини қуриш ва юқори даражадаги рақамлаштириш ускуналарини сотиб олиш каби хизматларни тақдим этишни режалаштирмоқда.[3]
Кейинги йирик халқаро консорциумлардан бири бу – EIFL (Electronic information for libraries – кутубхоналар учун электрон ахборот) бўлиб, у кутубхоналарни энг сўнгги касбий ахборот билан таъминлаб туради, яъни кутубхоналарда амалга оширилаётган энг сўнгги янгиликлар, соҳага оид ўзгариш-
лар ҳақида маълумот бериб боради. [4] EIFL 1999 йил октябрь ойида Open Society Institute (OSI – Soros Foundation Network таркибига кирувчи хусусий грант ажратувчи жамғарма) ташаббуси билан ташкил этилган, 2002 йилда эса мустақил жамғармага айланган.[5]
Ривожланаётган ва ўтиш давридаги иқтисодиётга эга мамлакатлардаги миллиардлаб одамлар ҳанузгача зарур ресурсларга эга эмас. Бунга сабаб – лицензион ресурсларнинг юқори нархи, ахборотдан фойдаланишга оид юридик тўсиқлар, рақамли инфратузилманинг сустлиги ва рақамли саводхонлик кўникмаларининг паст даражада эканлигидир. Шу билан бирга, муаллифлар ҳам ўз илмий ишларини очиқ ҳолда тарқатишда тўсиқларга дуч келишмоқдa. Яхши ресурсларга эга кутубхоналар соғлиқни сақлаш, фан ва инновация, қишлоқ хўжалиги, таълим каби ҳар бир соҳада одамларга сифатли ахборот хизматларини тақдим эта олади. Бироқ бу хизматларни самарали кўрсатиш учун кутубхоналар замонавий технология, янгиланган контент ҳамда кучли ҳуқуқий ва сиёсий қўллаб-қувватлаш тизимига эга бўлиши лозим. Шунингдек, улар илмий коммуникациялар соҳасидаги кескин ўзгаришларга мослаша оладиган, рақамли ахборот ва хизматлар билан ишлаш кўникмасига эга ходимларга ҳам эҳтиёж сезади.
Ана шундай тўсиқларни олиб ташлаш учун EIFL Африка, Осиё ва Европадаги миллий кутубхона консорциумлари ва жамоат кутубхоналар тармоқлари билан ҳамкорликда ҳаракат қилади. EIFL нинг мақсадлари қуйидагилардан иборат: иштирокчи давлатларда миллий консорциумларни барқарор ривож-
лантириш; электрон ахборот хизматларига имтиёзли кириш имкониятини таъминлаш бўйича етакчи кўп томонлама музокарачига айланиш; маҳаллий ишлаб чиқилган рақамли ресурсларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш; халқаро экспертларни жалб қилиш орқали очиқ ахборотларнинг ҳажмини кенгайтириш; аъзоларни долзарб ахборот ва технологиялар билан таништириб бориш; глобал молиявий агентликлар, жамғармалар, консорциум гуруҳлари ва контент провайдерлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишдир. EIFL ҳар бир одам тенг ҳуқуқлидир ва у глобал электрон ахборот ресурсларидан фойдаланишга ҳақлидир деган ғояни ўзининг асосий миссияси деб ҳисоблайди ва бунга эришиш учун ривожланаётган ва ўтиш давридаги иқтисодиётга эга мамлакатлардаги кутубхоналарни лицензион ахборот ресурслари билан таминлашни ўз олдига мақсад қилган.[6] EIFLнинг 2024–2026 стратегик режаларининг йўналишлари ва мақсадларида қуйидагилар асосий вазифа қилиб қўйилган: нашриётлар билан бепул ёки чегирмали фойдаланиш бўйича келишувлар тузади ҳамда мақола учун тўлов талаб қилмайдиган журналлар билан ҳамкорлик қилади. Шунингдек, кутубхоналарга лицензияланган электрон ресурсларга масофавий киришни таъминлаш, техник ечимлар бўйича хизмат кўрсатувчи провайдерлар билан ҳамкорлик қилиш ва тадқиқотларни қўллаб-қувватловчи хизматлардан чегирмали фойдаланиш имкониятларини яратишга интилади.
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳам 2001 йилдан буён EIFL халқаро консорциуми аъзоси ҳисобланади ва аъзолик доирасида юқоридаги барча имкониятлардан кенг фойдаланади ҳамда Республикадаги барча кутубхоналар, муассасалар ва уларнинг китобхонлари учун лицензияли дастур орқали қуйидаги хорижий электрон ресурслардан имтиёзли фойдаланиш имкониятини тақдим этади [11]:
1. ACM Digital Library (https://dl.acm.org/)
2. Bookshare Benetech (https://www.bookshare.org/cms/)
3. e-Duke Journals Scholarly Collection (https://read.dukeupress.edu/)
4. Edward Elgar Publishing Development Studies & Environment e-books
https://www.e-elgar.com/
5. Edward Elgar Publishing Journals (
https://www.elgaronline.com/page/70/journals
6. European Respiratory Journal (https://erj.ersjournals.com/)
7. IWA Publishing Journals (https://www.iwapublishing.com/journals)
8. Mathematical Sciences Publishers Journals
https://msp.org/publications/journals/
9. OpenEdition Journals (https://www.openedition.org/)
10. Royal Society Journals Collection (https://royalsociety.org/journals/)
11. The Company of Biologists’ Journals (https://www.biologists.com/)
Бундан ташқари, аъзолик доирасида Ўзбекистон илмий ҳамжамияти, жумладан, профессорлар, докторантлар, илмий изланувчилар кўпгина қисми «Web of science» va Scopusга индексация бўлган 1500 га яқин журналларда ўз мақолаларини чегирмали ва бепул тарзда нашр эттиришлари мумкин. Бу журналлар рўйхати, журналлар қайси нашриёт томонидан чоп этилиши, журнал расмий вебсайтлари ҳаволалари ҳақидаги маълумотларни консорциумнинг расмий веб сайтида кўриш мумкин. [12]
Яна бир туркий халқларнинг йирик консорциуми бу – «ANKOS» Туркиянинг Анадолу университети кутубхоналари консорциуми бўлиб, ўз фаолиятини 2000 йилда 12 та аъзо муассасанинг учта маълумотлар базасига қўшма обуна бўлиш билан бошлаган. Бугунги кунда консорциум 83 та алоҳида маълумотлар базасига, 1628 та ҳамкорлик шартномаларига ҳамда 60 дан ортиқ нашриётлар билан алоқага эгадир. ANKOS профессионал уюшма бўлиб, 155 нафар университет ва илмий муассаса аъзолари ва 50 га яқин ходимларни ўз ичига олган, халқаро майдонда ўз ўрнини эгаллаган дунёдаги йирик консорциумлардан биридир. ANKOS консорциуми миссияси: университетлар ва тадқиқот кутубхоналарига энг мақбул нархда, кўпроқ электрон ресурслардан фойдаланиш имкониятини яратиш ва академиклар, талабаларнинг Туркиядаги глобал ахборот тармоғининг энг юқори даражадаги электрон базаларига киришини таъминлаш, ўқитиш ва ҳамкорликни яхшилаш учун кутубхоналарнинг тадқиқот ва лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни амалга оширишдир.[13]
ANKOS консорциумининг асосий вазифалари: обуна бўлган ёки сотиб олинган электрон ресурслар маълумотлар базаларини оқилона ривожлантириш, консорциумга аъзо муассасалар фойдаланувчиларининг таълим ва илмий тадқиқот эҳтиёжларини қондириш учун кўпроқ ресурсларни харид қилиш каби масалалар бўйича аъзолар ўртасида ҳамкорликдаги сиёсий иттифоқни таъминлаш, ходимларнинг узлуксиз малакасини ошириш ва аъзо кутубхоналар ўртасида ходимлар алмашинувини таъминлаш, муаллифлик ҳуқуқи, лицензия шартномалари каби ҳужжатларни ишлаб чиқиш, бутун дунё бўйлаб бошқа консорциумлар, маҳаллий ва хориждаги тегиш-
ли институтлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш орқали ANKOSнинг халқаро даражадаги иштирокини ошириш ва Туркиянинг академик кутубхоналар ривожланишини таъминлашдан иборатдир. [14]
ANKOS консорциумида Президент барча аъзолар номидан умумий қарорлар қабул қилади. Консорциум аъзолари эса ўз ташкилотлари номидан вакиллик қилиб, ҳар бир жараёнда қарорлар қабул қилишда иштирок этишади. Консорциумнинг лицензия шартномалари бўлими электрон маълумот манбалари учун лицензияларни мувофиқлаштириш ва глобал ўзгаришларни кузатиш билан шуғулланади. Статистика бўлими аъзолар фаолияти ва ресурслардан фойдаланиш статистикасини таҳлил қилиб, ANKOS стратегияларини маълумотлар асосида шакллантиради. Ҳамкорлик бўлими миллий ресурс алмашинуви, кутубхоналараро онлайн жараёнлар ва КİТС ахборот кутубхона тизимини бошқариш орқали ҳамкорликни кучайтиради.[15] Бундан ташқари кутубхоначилар учун малака ошириш курсларини тақдим этувчи ANKOS Академияси мавжуд бўлиб, бу академия ахборот хизматлари ходимларининг кўникмаларини ошириш, рақобатбардошликни ривожлантириш ва ваколатли кадрлар тайёрлаш каби вазифаларни амалга оширишга қаратилган. Ташқи имижни мустаҳкамлаш, халқаро конференциялар ташкил этиш, аъзолар ўртасида мулоқотни кучайтириш, шунингдек, халқаро лойиҳаларга ҳисса қўшиш ва консорциум тажрибасини улашиш каби йўналишлар ҳам ANKOSнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.[16]
Россия федерациясининг тармоқли электрон кутубхоналар консорциуми – (Consortium NEL – Консорциум СЕБ (Консорциум сетевых электронных библиотек) https://e.lanbook.com/; https://neicon.ru/) бу консорциумнинг мақсади замонавий университет кутубхонасини ривожлантириш учун бошқа таълим ва илмий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, олий таълим сифати ва қулайлигини биргаликда ошириш, таълим муҳитини рақамли трансформация қилишдир.[8] Тармоқли электрон кутубхоналар консорциуми ушбу жиҳатларни ривожлантиришга қаратилган – НЕЛ Консорциуми, Лан электрон кутубхона тизимининг (ЭЛС Лан) нотижорат лойиҳаси бўлиб, у университетларга харажатларни оптималлаштириш, бепул ва кутубхона фондларини сезиларли даражада ошириш имконини беради. Лойиҳада аллақачон Россия ва МДҲ давлатларидан (Қозоғистон, Белоруссия) 284 та университет иштирок этмоқда, улар ЭБС Лан платформасида 37000 та нашрлар: дарсликлар, ўқув қўлланмалари, семинарлар ва маъруза курслари билан ягона фонд тўплаган. НЕЛ консорциуми қуйидаги турли соҳага тегишли кутубхоналар тармоғи бирлашиши натижасидир:
- техника олий ўқув юртлари электрон кутубхоналари тармоғи,
- қишлоқ хўжалиги олий ўқув юртлари электрон кутубхоналари тармоғи,
- тиббиёт олий ўқув юртлари электрон кутубхоналари тармоғи,
- маданият ва санъат университетлари электрон кутубхоналари тармоғи,
- мумтоз университетлар электрон кутубхоналари тармоғи,
- классик университетлар электрон кутубхоналари тармоғи.
- жисмоний тарбия ва спорт университетлари электрон кутубхоналари тармоғи,
- иқтисодиёт ва ҳуқуқ университетларининг электрон кутубхоналари тармоғи.
Тармоқли электрон кутубхоналар консорциуми фонди ҳажми ва лойиҳа иштирокчилари сони ҳар ой ортиб бормоқда. 2021 йил апрел ҳолатига кўра, лойиҳада 284 та университет иштирок этмоқда. Булар жуда хилма хил соҳа ва ҳудудий аҳамиятга эга университетлар: техник, тиббий, ижодий ва бошқалар; йирик метрополитан ва кичик минтақавий; университетлар, академиялар, институтлар бўлиб, ушбу консорциум иштирокчилари қаторига А.И.Герсен номидаги Россия давлат педагогика университети, Россия давлат аграр университети, К.А.Тимирязев номидаги Москва қишлоқ хўжалиги академияси, Н.И.Лобачевский номидаги Нижний Новгород давлат миллий тадқиқот университети, Ядро миллий тадқиқоти, Новосибирск давлат тиббиёт университети, П. И. Чайковский номидаги Москва давлат консерваторияси, Волга вилояти давлат жисмоний тарбия, спорт ва туризм академияси, Халқаро бизнес ва янги технологиялар академияси ва бошқа кўплаб университетлар ҳамда ташкилотлар киради. [8]
Минтақавий кутубхона консорциумига мисол тариқасида Вашингтон тадқиқот кутубхоналар консорциуми (WRLC – Washington Research Library Consortium)ни кўрсатишимиз мумкин. У Вашингтон ва унинг атрофидаги олий таълим муассасалари кутубхоналарини бирлаштирган нодавлат нотижорат ташкилот бўлиб илмий ресурсларни алмашиш, кутубхона хизматларини такомиллаштириш ва ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида 1987 йилда ташкил этилган. [9]
Вашингтон тадқиқот кутубхоналар консорциуми (WRLC) асосий мақсади аъзо кутубхоналарнинг китоб, журнал, электрон ресурслар ва нодир асарларини барча аъзо муассасалар талабалари ва ходимлари учун ягона интеграцион тизим орқали кириш имкониятини яратишдир. Бунинг учун консорциум томонидан ALADIN (Washington Research Library Consortium’s Online Catalog) тизими жорий этилган бўлиб, ундан фойдаланиб 10 миллиондан ортиқ ресурсларга кириш мумкин. Консорциум коллекцияларни ривожлантириш учун ҳамкорликдаги ҳар бир аъзо муассаса ўз фондидаги янги ресурсларни тизимга жойлаб бориш орқали умумий фондни бойитади, шунингдек, катта маблағ талаб қиладиган ресурсларни биргаликда сотиб олишади.
Рақамли кутубхона лойиҳалари доирасида Digital Collections платформаси ишга туширилган бўлиб, консорциумга аъзо ташкилотларнинг тарихий ҳужжатлари, нодир асарлари ва институтционал архивлари рақамлаштирилади. Инфратузилма ва технологиялар соҳасида Maryland штатидаги «Shared Collections Facility» марказий сақлаш жойи камдан-кам фойдаланиладиган материалларни сақлаш учун мўлжалланган. Консорциумнинг яна бир тизимларидан бири ILLiad эса китоблар ва материалларни тезкор етказиб бериш хизматини таъминлайди. Консорциумнинг таълим ва инновациялар бўлими эса кутубхоначилар учун профессионал тренинглар, конференциялар ва семинарлар ташкил қилишга қаратилган. WRLCнинг барча фаолиятлари ресурслардан самарали фойдаланиш, харажатларни оптималлаштириш ва илмий ҳамжамиятни қўллаб-қувватлаш каби мақсадларни амалга оширишга хизмат қилади.
INFLIBNET консорциуми (Ҳиндистон): Ҳиндистон таълим вазирлиги INFLIBNET консорциумини учта консорциумни – UGC-INFONET Digital Library Consortium, NLIST ва INDEST-AICTE Консорциумларини бирлаштирган ҳолда ташкил этди. INFLIBNET кўплаб нашриётлар ва агрегаторларга ҳамда аъзо институтларга турли фанлар бўйича бир қатор библиографик, иқтибос ва маълумотлар базаларига, жумладан, 10 000 дан ортиқ асосий илмий журналларга жорий ва архив киришни таъминламоқда. [10]
INFLIBNET консорциумининг вазифалари доимий фойдаланиш асосида электрон журналлар, уларнинг архивлари ва электрон китобларнинг улкан репозиториясини бошқариш, Ҳиндистондаги аъзо университетлар, коллежлар ва техник муассасаларда хабардорлик ва тренинг дастурлари орқали электрон ресурслардан фойдаланишни мониторинг қилиш ва рағбатлантириш, барча таълим муассасаларига обуна асосидаги илмий маълумотлардан (электрон китоблар ва электрон журналлар) фойдаланиш имкониятини таъминлаш, рақамли тафовутни бартараф этиш ва ахборотга бой жамият сари ҳаракат қилишдан иборатдир.
INFLIBNET университет кутубхоналарини замонавий технологиялар билан жиҳозлаш ва ресурсларни самарали бошқариш мақсадида кутубхоналарда RFID, электрон каталоглар, автоматлаштирилган тизимлар каби замонавий технологияларни жорий қилмоқда ва SOUL 3.0. каби кутубхона бошқарув дастурларини ишлаб чиқмоқда. Консорциумнинг муҳим фаолият йўналишларидан бири рақамли ресурслар ва очиқ кириш имкониятларини яратишдир. Масалан, Шодҳганга тизими Ҳиндистон университетларида ҳимоя қилинган диссертациялар ва тезисларни электрон шаклда сақловчи очиқ киришдаги миллий базадир, унда ҳозирда 250 000 дан ортиқ электрон диссертация мавжуд. e-ShodhSindhu дастури эса 10 000 дан ортиқ илмий журнал, 164 300 дан ортиқ е-китоб ва 4 та маълумотлар базасига кириш имкониятини беради.
INFLIBNET, шунингдек, илмий ҳамкорликни ривожлантириш ва тадқиқот ресурсларини бошқариш учун ШодҳЧакра платформасини яратган, бу тадқиқотчилар ва илмий раҳбарлар учун тадқиқот жараёнини бошқаришда ёрдам беради. IndCat эса Ҳиндистондаги 264 дан ортиқ университет кутубхоналарининг бирлаштирилган каталогини тақдим этади. Таълим ва инновациялар соҳасида, INFLIBNET e-PG Pathshala дастури орқали магистратура талабалари учун бепул онлайн курслар таклиф қилади. Vidya-mitra платформаси эса 44 450 дан ортиқ электрон матн ва 66 000 дан ортиқ видео материални ўз ичига олади.
Мониторинг ва статистика соҳасида, INFLIBNET InfiStats тизими орқали е-ресурслардан фойдаланиш статистикаларини COUNTER стандарти асосида бошқаради. Шунингдек, INFED тизими ёрдамида Ҳиндистондаги биринчи федератив аутентификация тизими яратилган бўлиб, бу орқали талабалар ва олимлар халқаро ресурсларга хавфсиз кириш имкониятига эга бўлади. INFLIBNETнинг қўшимча лойиҳалари орасида SheRNI платформаси мавжуд бўлиб, бу аёл олимларнинг эксперт профилларини улашиш ва уларнинг ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган. ShodhShuddhi дастури эса плагиатни аниқлаш учун тақдим этилган.
Юқоридаги барча хизматлар мамлакатнинг ягона INFLIBNET консорциуми фаолиятининг асосий вазифалари бўлиб, асосий миссияси китобхонлар ва илмий ҳамжамиятнинг манбаларга очиқ кириш орқали глобал илмий ресурслардан фойдаланиш имкониятини тақдим этишдир. Кутубхоналар учун бу харажатларни камайтириш, масалан, электрон журналлар учун биргаликда тўловларни амалга ошириш имкониятини беради. Жамият учун эса INFLIBNET нодир асарлар ва тарихий ҳужжатларни сақлаш ва тарқатиш имконини яратади. 2025 йил ҳолатига кўра, INFLIBNET SWAYaM Prabha лойиҳаси орқали 32 та DTH каналида таълим дастурларини эфирга узатади. DTH (Direct-to-Home) – бу телевидение хизматини уйга бевосита, сателит орқали узатиш тизими бўлиб, телеканаллар ва бошқа телемаълумотлар тўғридан-тўғри фойдаланувчиларнинг уйларига узатилади, шу билан бирга, кабел ёки бошқа узатиш тизимларига эҳтиёж қолмайди. [17]
JISC (Joint Information Systems Committee) – бу Буюк Британияда фаолият юритувчи етакчи ташкилот бўлиб, у рақамли трансформация, илмий тадқиқотлар ва очиқ таълим ресурслари йўналишида жаҳонда етакчи ҳисобланган кутубхона ва таълим ташкилотидир. JISC консорциум шаклида тузилган бўлиб, кутубхоначилар, ахборот мутахассислари, ўқитувчилар ва тадқиқотчилар учун кенг кўламли хизматларни тақдим этади ҳамда Буюк Британияда рақамли экотизимни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди.
JISCнинг асосий мақсади – таълим ва тадқиқот соҳаларини рақамли технологиялар билан таъминлаш, илмий инфратузилмани ривожлантириш ва электрон ресурслардан самарали фойдаланишни йўлга қўйишдир. У 1500 дан ортиқ таълим ва тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиб, кўплаб халқаро нашриётлар билан шартномалар тузган. Бу орқали JISC аъзолари чекланган молиявий ресурслар билан кенг миқёсдаги электрон илмий базаларга (масалан, Springer, Elsevier, Wiley) имтиёзли кириш имкониятига эга бўлади. JISC, айни пайтда, очиқ кириш (Open Access) ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.
JISC томонидан бошқариладиган энг муҳим инфратузилмалардан бири бу JANET – Буюк Британиянинг миллий академик кутубхоналар тармоғи бўлиб, у бутун мамлакатдаги университетлар ва илмий марказларни юқори тезликдаги интернет билан таъминлайди ҳамда ахборот хавфсизлиги, рақамли идентификация, булутли технологиялар ва тадқиқот маълумотларини сақлаш ва бошқариш хизматларини ҳам тақдим этади.
JISCнинг молиявий манбалари давлат грантлари, аъзолик бадаллари, ва қўшимча хизматлар учун олинадиган тўловлардан иборат. У Innovate UK, Horizon Europe каби йирик лойиҳалардан ҳам грантлар олади. Шунингдек, у бошқа халқаро ташкилотлар – масалан, EIFL, LIBER ва OCLC билан ҳамкорлик қилади. JISC консорсиуми аъзолик орқали коллектив харидлар механизмини ишлаб чиққан бўлиб, бу алоҳида муассасалар учун жуда қиммат бўлган ресурсларни арзон нархларда қўлга киритиш имконини беради. Бундан ташқари, у доимий равишда инновацион технологияларни (масалан, сунъий интеллект, рақамли этика ва бошқалар) ўрганади ва уларни таълим жараёнларига татбиқ этиш учун ечимлар ишлаб чиқади.
JISC 2025 йилда таълим ва тадқиқот соҳаларида рақамли инқилобни янада чуқурлаштиришга қаратилган қатор янгиликлар ва ташаббусларни амалга оширмоқда. Жумладан, талабаларнинг сунъий интеллектга бўлган муносабати тўғрисидаги расмий ҳисоботи эълон қилинди ва унда AI воситаларидан фойдаланиш тенденциялари, хавфсизлик ва этика масалалари ёритилди. JISC талабалар AI’дан ёзиш, изланиш ва мулоҳазалар тайёрлашда фойдаланишини қайд этди. Айни вақтда, ташкилот июнь ойида бўлиб ўтадиган Networkshop 2025 анжуманига тайёргарлик кўрмоқда. Бу анжуман киберхавфсизлик, IT инфратузилма ва булутли ечимлар бўйича муҳим мулоқот платформасига айланиши кутилмоқда. Ушбу ташаббуслар JISC’ни нафақат ресурс етказиб берувчи, балки рақамли трансформацияни бошқарувчи етакчи ташкилот сифатида намоён этмоқда. Ташкилот ахборот технологиялари, маълумотлар таҳлили, очиқ нашр ва рақамли этика соҳаларида инновацион ечимлар орқали таълим муассасаларига стратегик қўллаб-қувватлашни таъминламоқда.
Хулоса
Юқоридаги глобал кутубхона консорциумларини фаолиятини ўрганиш натижасида, кутубхона консорциумларининг самарадорлик даражаси бугунги кунда ортиб бораётганини кўришимиз мумкин. Дунёда кутубхоналар замонавий жамиятнинг муҳим қисми бўлиб, уларнинг аҳамияти йилдан-йилга ошиб бормоқда. Илгари кутубхоналар фақатгина китоб сақлаш ва уларни ўқувчиларга етказиб бериш вазифасини бажарган бўлса, ҳозирги кунда кутубхоналар илмий тадқиқот марказлари, таълим ва маданият ўчоқлари, шунингдек, рақамли инновацияларни жорий қилувчи муассасалар сифатида фаолият юритмоқда. Дунёнинг етакчи кутубхоналари тадқиқотчилар учун муҳим ресурс манбаи бўлмоқдалар, талабалар ўз кашфиётлари ва янгиликларини айнан кутубхоналарда ихтиро қилмоқдалар. Бундан кутубхоналар мамлакат илмий салоҳиятини аниқлашда муҳим кўрсаткичлардан бирига айланаётганини кўришимиз мумкин.
Кутубхоналар маданият ва таълим маркази сифатида ҳам жамиятнинг муҳим бўлаги сифатида эътироф этилмоқда. Кутубхоналар турли соҳа семинарларига мезбонлик қилмоқда, таълим дастурларини ишлаб чиқишда қатнашмоқда ва маданий тадбирларни ташкил қилмоқда. Рақамли технологиялар ривожланиши билан кутубхоналар ҳам инновацияларга мослашмоқда. Электрон кутубхона тизимлари, электрон китоблар ва сунъий интеллект асосида ишлайдиган ахборот қидирув тизимлари ҳозирги кунда кутубхоналарнинг ажралмас қисмига айланган. Кутубхоналар нафақат ахборот ва таълим маркази, балки иқтисодий ривожланишнинг ҳам муҳим қисми бўлиб хизмат қилмоқда ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватламоқда ҳамда янги технологияларни синовдан ўтказиш учун платформа вазифасини бажармоқда.
Умуман олганда, кутубхоналар нафақат анъанавий билим масканлари, балки рақамли ахборот марказлари, таълим ва маданиятни ривожлантирувчи муассасалар ҳамда жамият тараққиётига ҳисса қўшувчи инновацион платформалар сифатида ўз барқарорлигини сақлаб келмоқда. Бундан англаниши керак бўлган ягона нарса шуки, кутубхоналар жамият ривожланиши учун асосий устундир. Буни англаган ҳолда кутубхоналар ўзаро халқаро ҳамкорликларни йўлга қўйиб, биргаликда ҳаракат қилмоқда. Aвваламбор, бир ҳудуд кутубхоналари бирлашмоқдалар, ўз
тажрибаларини ўрганиб тадбиқ қилмоқдалар. Кейин хориж кутубхоналари билан алоқаларни шакллантириб, улар билан ҳамкорлик қилмоқдалар. Aлоқалар кенгайиб, ҳамкорлик қилишни истовчи кутубхоналар сони ортмоқда, юзлаб кутубхоналар бирлашиб кутубхона консорциумларини ташкил қилмоқдалар. Кутубхоналар айнан бир мақсадга эришиш учун, битта кутубхона ёлғиз ўзи бажара олмайдиган вазифаларни биргаликда бажариш учун бирлашмоқдалар ва натижага эришмоқдалар.
Таҳлилларга асосланиб шуни айтишимиз мумкинки, Ўзбекистоннинг кўп поғонали ахборот-кутубхона инфратузилмаси шароитида кутубхоналар консорциуми ташкил этилганда ва улар орасида мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилганда, мамлакат қуйидаги самарадорликка эришиши мумкин [18]:
1. Молиявий самарадорлик
- Хорижий ва маҳаллий нашриётларнинг илмий нашрларига обуна бўлишда сезиларли даражада харажатларни оптималлаштириш ва умумий тежамкорликка эришиш;
- Aхборот ресурсларини такрор харид қилиш эҳтиёжини камайтириш орқали маблағлардан оқилона фойдаланиш;
- Консорциум аъзолари ўртасида маблағларни тақсимлаш ва қўшма обуна механизмларини жорий қилиш.
2. Илмий ва таълимий самарадорлик
- Тадқиқотчиларга жаҳон тажрибасини ўрганиш, илмий мақолалар ёзиш ҳамда нуфузли журналларда нашр этишда ахборот базалари орқали кўмак бериш;
- Ўзбекистон олимлари ва ташкилотларининг жаҳон рейтингидаги ўрнини яхшилаш мақсадида илмий фаолият самарадорлигини ошириш ва илмметрик кўрсаткичларни ишлаб чиқиш;
- Илғор билим ва технологиялар асосида ўқитиш тизимини такомиллаштириш ва ўқитувчиларни юқори сифатли таълим ресурслари билан таъминлаш орқали методик ёрдам кўрсатиш.
3. Aхборот технологиялари ва хизматлар сифати
- Жаҳоннинг етакчи мутахассислари томонидан таҳрирланган, юқори сифатли таълим ресурслари (китоблар, журналлар ва бошқалар)дан фойдаланиш имкониятини яратиш;
- Глобал илмий ва таълимий ресурслардан тезкор навигация орқали зарур адабиётларни топиш ва вақтни самарали тежаш;
- Консорциум аъзолари ўртасида электрон каталоглар ва ягона маълумотлар базасини шакллантириш орқали ягона ахборот муҳитини яратиш.
4. Рақамлаштириш ва ахборот инфратузилмасини ривожлантириш
- Рақамлаштириш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва ноёб илмий-адабий меросни сақлаш;
- Замонавий технологиялар асосида кутубхона хизматларини автоматлаштириш ва интеграциялашган ахборот тизимларини яратиш.
5. Ҳудудлараро тенглик ва ахборотга эркин киришни таъминлаш
- Республикадаги барча ҳудудлардаги ахборот-кутубхона муассасаларини тенг илмий ва таълимий имкониятлар билан таъминлаш;
- Кам ривожланган ҳудудлардаги кутубхоналарнинг ривожланишига кўмаклашиш орқали ижтимоий тенгликни таъминлаш.
6. Aхборот саводхонлиги ва маданиятини ошириш
- Кутубхона фойдаланувчилари, айниқса ёшлар орасида рақамли ахборот ресурслари билан ишлаш кўникмаларини шакллантириш;
- Илмий-ахборот хизматларидан фойдаланиш маданиятини ривожлантириш.
7. Миллий ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш
- Халқаро ташкилотлар (ЕIFL, IFLA, Еrasmus+ ва бошқалар) билан ҳамкорлик асосида грантлар ва ресурслар жалб қилиш;
- Хорижий консорциумлар билан тажриба алмашиш, қўшма лойиҳаларда иштирок этиш, ҳамкорлик асосида семинар ва конференсиялар ташкил этиш.
8. Янги хизмат турларини жорий этиш
- Фойдаланувчилар статистикаси ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб таҳлилий хизматларни йўлга қўйиш;
- Тавсия тизимлари, интеллектуал қидирув, контент таҳлили каби инновацион хизматларни жорий қилиш.
Фойдаланилган адабиётлар
1. International Coalition of Library Consortia (ICOLC) Statement of Current Perspective and Preferred Practices for the selection and purchase of electronic information: (2003). Serials Review, 29(1), 9–10. https://doi.org/10.1016/s0098-7913(02)00269-1
2. https://icolc.net/meetings
3. https://icolc.net/statements
4. https://www.eifl.net/
5. Kupryte, R., Segbert-Elbert, M., & Bernal, I. (2005). The EIFL.net Initiative: Access and management of Electronic Resources by library consortia in developing and transition countries. Serials Review, 31(4), 256–260. https://doi.org/10.1016/j.serrev.2005.09.001
6. EIFL Strategic Plan: 2024 – 2026. https://www.eifl.net/resources/eifl-strategic-plan-2024-2026
7. https://icolc.net/participating-consortia
8. Анастасия Привалова (2021). Консорциум сетевых электронных библиотек: опыт 280 вузов России и стран СНГ. «INFOLIB» ахборот-кутубхона журнали. №2 (26), 30–33. https://einfolib.uz/source/wp-content/uploads/2021/07/2021230.pdf . https://doi.org/10.47267/2181-8207/2021/2-056
9. https://www.wrlc.org/
10. Singson, M., & Hangsing, P. (2014). Implication of 80/20 rule in electronic journal usage of UGC-Infonet consortia. The Journal of Academic Librarianship, 41(2), 207–219. https://doi.org/10.1016/j.acalib.2014.12.002
11. https://eifl.net/e-resources?field_subject_tid_1=All&field_e_resource_type_tid_1=All&field_publisher_vendor_tid_1=All&shs_term_node_tid_depth=924
12. https://www.eifl.net/uzbekistan_apcs
13. Bulut, B., Uğur, H., Gürdal, G., Holt, İ., Çukadar, S., Akbayrak, E. H., & Çelebi, M. K. (2013). ANKOS Publisher Application System and its impact on the e-Resource Evaluation Process. Serials Review, 39(1), 29–36. https://doi.org/10.1016/j.serrev.2013.01.002
14. Cukadar, S., Tuglu, A., & Gurdal, G. (2012). New Electronic Resources Management System for the ANKOS Consortium. The Journal of Academic Librarianship, 39(6), 589–595. https://doi.org/10.1016/j.acalib.2012.11.011
15. Erdogan, P., & Karasözen, B. (2009). Portrait of a consortium: ANKOS (Anatolian University Libraries Consortium). The Journal of Academic Librarianship, 35(4), 377–385. https://doi.org/10.1016/j.acalib.2009.04.008
16. Karasozen, B., & Lindley, J. A. (2004). Perspectives on . . . The impact of ANKOS: Consortium development in Turkey. The Journal of Academic Librarianship, 30(5), 402–409. https://doi.org/10.1016/j.acalib.2004.06.008
17. Chatterjee, A. (2016). Information systems and networks. In Elsevier eBooks (pp. 353–426). https://doi.org/10.1016/b978-0-08-102025-8.00022-3
18. Rakhmatullaev, M. A. (2022). The information library infrastructure of Uzbekistan: The three-level management model. Scientific and Technical Libraries, 1, 103–118. https://doi.org/10.33186/1027-3689-2022-1-103-118
