Abstract. Based on international experience, this article analyses the specific features and diversity of service and management methods used by library associations and library consortia. The analysis shows that library associations mainly focus on developing human capital, introducing professional standards, and strengthening the professional community, while library consortia serve to save economic resources, jointly purchase electronic databases, and build corporate technological infrastructure. The article concludes with general recommendations on applying this international experience within the library system of Uzbekistan.
Keywords: library associations, library consortia, management models, corporate cooperation, digital transformation, information infrastructure.
Аннотация. Ушбу мақолада халқаро тажриба асосида кутубхона ассоциациялари ва кутубхона консорциумларининг хизмат кўрсатиш ҳамда бошқарув усулларидаги ўзига хос хусусиятлари ва хилма-хиллиги таҳлил қилинган. Натижага кўра, кутубхона ассоциациялари асосан инсон капиталини ривожлантириш, соҳа стандартларини жорий этиш ва профессионал ҳамжамиятни мустаҳкамлашга йўналтирилган бўлса, консорциумлар иқтисодий ресурсларни тежаш, электрон базаларни биргаликда харид қилиш ва корпоратив технологик инфратузилмани шакллантиришга хизмат қилади. Мақола якунида ушбу халқаро тажрибадан Ўзбекистон кутубхона тизимида фойдаланиш бўйича умумий тавсиялар берилган.
Калит сўзлар: кутубхона ассоциациялари, кутубхона консорциумлари, бошқарув модельлари, корпоратив ҳамкорлик, рақамли трансформация, ахборот инфратузилмаси.
XXI асрда ахборот-коммуникация технологияларининг жадал ривожланиши кутубхоналар фаолиятига сезиларли таъсир кўрсатиб, уларнинг хизмат кўрсатиш шакллари, бошқарув механизмлари ва ҳамкорлик алоқаларини тубдан ўзгартирмоқда. Электрон ресурслар ҳажмининг ортиши, илмий ресурслар нархларининг мунтазам ўсиши ҳамда фойдаланувчиларнинг ахборот эҳтиёжлари мураккаблашиб бориши шароитида кутубхоналар ўз фаолиятини якка тартибда самарали ташкил этишда қатор иқтисодий ва ташкилий муаммоларга дуч келмоқда. Илмий изланишлар натижалари эса мазкур муаммоларни ҳал этишнинг самарали воситалари сифатида кутубхона ассоциациялари ва кутубхона консорциумларини шакллантириш, уларнинг ўзаро корпоратив ҳамкорлигини ривожлантириш, ахборот ресурсларидан биргаликда фойдаланиш механизмларини такомиллаштириш ҳамда бошқарувнинг замонавий модельларини амалиётга жорий этиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Кутубхона ассоциациялари ва кутубхоначилик касбини ривожлантириш, мутахассислар малакасини ошириш, халқаро даражада соҳа стандартларни ишлаб чиқиш ҳамда соҳа манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ташкилотлар ҳисобланади. Улар кутубхона стратегияларини шакллантириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва касбий билимлар алмашинувини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Хусусан, Халқаро кутубхона ассоциациялари ва институтлари федерацияси (IFLA), Америка кутубхоналар ассоциацияси (ALA) ҳамда Европа илмий кутубхоналари ассоциацияси (LIBER) каби ташкилотлар глобал миқёсда кутубхоначилик ривожига сезиларли ҳисса қўшиб келмоқда.
Кутубхона консорциумлари эса, асосан, муассасалар ўртасида ресурсларни биргаликда харид қилиш, электрон ахборот базаларига жамоавий обуна бўлиш, технологик инфратузилмани ривожлантириш орқали харажатларни минималлаштириш мақсадида ташкил этилади. Консорциумлар орқали кутубхоналар илмий маълумотлар базалари ва электрон ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириб, молиявий самарадорликка эришадилар. EIFL, ICOLC, ANKOS, INFLIBNET каби йирик консорциумлар ушбу модельнинг муваффақиятли намуналаридан ҳисобланади. [1, 17]
Сўнгги йилларда кутубхона ассоциациялари ва консорциумларининг роли янада ортиб бормоқда. Бунинг асосий сабаблари қаторига илмий нашрлар нархларининг ошиши, очиқ илм-фан (Open Science) ҳаракатининг кенгайиши, рақамли трансформация жараёнларининг жадаллашуви ҳамда сунъий интеллект технологияларининг кутубхона хизматларига кириб келишини кўрсатиш мумкин. [2] Шу билан бирга, мазкур ташкилотларнинг бошқарув тузилмалари, молиялаштириш механизмлари, аъзолик талаблари ва хизмат кўрсатиш йўналишлари мамлакатлар ҳамда минтақалар кесимида сезиларли даражада фарқланади. Мазкур мақоланинг мақсади юқоридаги фарқлар ҳамда бошқарув усулларидаги хилма-хилликни таҳлил қилиш, уларнинг ўхшаш жиҳатларини аниқлаш ҳамда Ўзбекистон кутубхона тизими учун мақбул тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Йирик кутубхона ассоциацияларининг фаолияти ва ташкилий тузилмаси
Америка Кутубхоналар Ассоциациясига 1876-йилда Мелвил Дюи ва унинг сафдошлари томонидан асос солинган бўлиб, АҚШдаги кутубхоналар фаолиятини мувофиқлаштирувчи ҳамда соҳа мутахассисларининг касбий манфаатларини ҳимоя қилувчи энг асосий нодавлат ва нотижорат ташкилотдир. Америка Қўшма Штатларида ушбу ассоциация кутубхона иши бўйича миллий стандартларни ишлаб чиқиш, оммавий ва таълим муассасалари кутубхоналарини ривожлантириш дастурларини юритиш, мутахассисларнинг касбий малакасини ошириш ҳамда университетлардаги кутубхонашунослик йўналиши ўқув дастурларини аккредитациядан ўтказиш учун бевосита масъул ҳисобланади. Шунингдек, у мамлакат миқёсида ахборот ва сўз эркинлигини ҳимоя қилиш, кутубхоналарда цензурага йўл қўймаслик борасида энг қудратли ва ҳал қилувчи сиёсий-ижтимоий институт вазифасини бажаради. [3]
ALA 50 мингдан ортиқ аъзони ўз атрофида бирлаштирган жаҳондаги энг қадимий ҳамда йирик кутубхона ассоциацияси бўлиб, унинг ташкилий тузилмасининг таҳлилий шаклини 1-расмда кўриш мумкин.
Халқаро кутубхона ассоциациялари ва институтлари федерацияси 1927-йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий функциялари глобал миқёсда кутубхона хизматларини стандартлаштириш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда маданий-тарихий меросни асраб-авайлашдан иборат. IFLA бутун дунё бўйлаб кутубхоначиликни тизимли ривожлантириш учун ягона халқаро профессионал стандартлар ва илғор иш усулларини ишлаб чиқади ҳамда уларни миллий кутубхоналар амалиётига жорий этади. Шу билан бирга, IFLA Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 19-моддасига таянган ҳолда, жамиятнинг барча аъзолари учун ёши, миллати, жинси ва жисмоний имкониятларидан қатъи назар, ахборот, китоб ва рақамли ресурслардан тенг ҳамда эркин фойдаланиш ҳуқуқини таъминловчи глобал ҳимоячи вазифасини бажаради. [4]


IFLA ўзининг таркибий тузилмаси бўйича дунё миқёсида тахминан 150 та давлатдаги 1500 дан ортиқ йирик ассоциация ва муассасаларни бевосита аъзо сифатида қамраб олади. Бироқ бу аъзоларнинг ички тармоқлари ва ихтисослашган бўлимларини ҳисобга олганда, IFLA структуравий жиҳатдан дунёдаги 250 000 дан ортиқ ҳар хил турдаги кутубхоналарни ва миллионлаб соҳа мутахассисларини ўзаро боғлаб турувчи глобал тармоқ ҳисобланади. Унинг ташкилий тузилмасининг таҳлилий шаклини 2-расмда кўриш мумкин.
Европа илмий кутубхоналари ассоциацияси 1971-йилда Европа Кенгаши шафелигида ташкил этилган, бугунги кунда 40 дан ортиқ мамлакатнинг 400 дан зиёд йирик миллий, университет ва илмий-тадқиқот кутубхоналарини бирлаштирган Европадаги энг етакчи профессионал ассоциация ҳисобланади. Ушбу ассоциациянинг бош функцияси Европада жаҳон даражасидаги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш учун замонавий ахборот инфратузилмасини яратиш, интеллектуал эркинлик ҳамда илмий маълумотлардан очиқ фойдаланиш тизимини жадал ривожлантиришдан иборат. LIBER стратегик жиҳатдан Европа иттифоқи мамлакатлари ва халқаро миқёсда илмий кутубхоналар манфаатларини ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқи қонунчилигини тадқиқотчилар фойдасига мослаштириш ҳамда рақамли маданий меросни сақлаш функцияларини бажаради; шунингдек, у махсус ишчи гуруҳлари орқали кутубхона раҳбарлари ва ходимларининг рақамли кўникмаларини ошириш, сунъий интеллект ҳамда “Очиқ фан” сиёсатини амалиётга татбиқ этиш бўйича Европанинг ягона методологик ва мувофиқлаштирувчи маркази вазифасини ўтайди. [5]
LIBER халқаро даражада ўзининг махсус йўналиши — яъни фақат илмий-тадқиқот ва университет кутубхоналарини бирлаштириши билан ALA ва ИФЛАдан ажралиб туради. Ҳозирги кунда Европанинг 40 дан ортиқ мамлакатидаги 400 дан зиёд энг йирик ва нуфузли илмий муассасаларини бевосита ўз атрофида жамлайди. Унинг ташкилий тузилмасининг таҳлилий шаклини 3-расмда кўриш мумкин.
IFLA, ALA, LIBER каби кутубхона ассоциацияларининг фаолиятини ўрганиш орқали уларнинг асосий вазифаси кутубхоначилик касбини ривожлантириш, мутахассисларнинг малакасини ошириш ҳамда соҳанинг манфаатларини ҳимоя қилиш эканлиги аниқланди. Қуйида ҳар бир фаолият кенгроқ ёритиб берилган.

Кутубхоначиларни профессионал ривожлантириш ва малакасини ошириш. Кутубхона ассоциацияларининг энг муҳим функцияларидан бири кутубхона мутахассисларининг касбий салоҳиятини ривожлантириш ҳисобланади. Замонавий кутубхоналар рақамли технологиялар, сунъий интеллект, илмий маълумотларни бошқариш, Open Science ва Research Data Management каби янги йўналишларни ўзлаштиришга мажбур бўлмоқда. Шу сабабли ассоциациялар мунтазам равишда семинарлар, тренинглар, вебинарлар ва сертификатлаш дастурларини ташкил этадилар. Масалан, ALA томонидан ҳар йили юзлаб ўқув дастурлари [6] амалга оширилади. IFLA эса дунёнинг турли минтақаларида фаолият юритаётган кутубхоначилар учун масофавий таълим ва малака ошириш дастурларини [7] таклиф қилади. Ушбу хизматлар кутубхоначиларнинг замонавий компетенцияларини ривожлантиришга йўл очади.
Конференциялар ва профессионал форумлар. Ассоциациялар халқаро ва миллий конференцияларни ташкил этиш орқали тажриба алмашиш майдонини яратади. Бундай тадбирлар янги технологиялар, инновацион хизматлар ва бошқарув тажрибаларини муҳокама қилиш имконини беради. IFLA World Library and Information Congress [8], ALA Annual Conference [9] ҳамда LIBER Annual Conference [10] каби тадбирлар минг-лаб мутахассисларни бирлаштиради. Конференциялар нафақат илмий натижаларни тақдим этиш, балки янги ҳамкорлик алоқаларини шакллантириш учун ҳам муҳим платформа ҳисобланади.
Профессионал стандартлар ва методик тавсиялар ишлаб чиқиш. Кутубхона ассоциацияларининг яна бир муҳим вазифаси кутубхона фаолиятини стандартлаштириш ҳисобланади. Хусусан, IFLA томонидан ишлаб чиқилган тавсиялар каталоглаштириш, ахборотга эркин кириш, рақамли сақлаш ва фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш соҳаларида халқаро стандарт [11] сифатида тан олинади. Стандартлар кутубхоналар фаолиятининг сифати ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, турли мамлакатлар кутубхоналари ўртасида ягона ёндашувларни шакллантириш имконини беради.
Адвокация ва манфаатларни ҳимоя қилиш. Кутубхона ассоциациялари кутубхоналар манфаатларини давлат органлари, халқаро ташкилотлар ва жамият олдида ҳимоя қилади. Бу фаолият адвокация деб юритилади. Масалан, ALA АҚШда кутубхоналарни молиялаштириш, интеллектуал эркинлик ва ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш [https://www.ala.org/advocacy] бўйича фаол иш олиб боради. Шунингдек, глобал ва минтақавий миқёсда бу борадаги энг йирик ва тизимли фаолиятни IFLA [12] ҳамда LIBER [13] мисолида яққол кўришимиз мумкин. Адвокация фаолияти кутубхоналарнинг жамиятдаги ролини мустаҳкамлаш ва давлат сиёсатида уларнинг манфаатларини ҳисобга олишга хизмат қилади.
Ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш. Кутубхона ассоциациялари мутахассислар ўртасида профессионал тармоқлар яратади. Ушбу тармоқлар орқали кутубхоначилар тажриба алмашади, қўшма лойиҳаларни амалга оширади ва халқаро алоқаларни ривожлантиради. Ахборот-кутубхона тизимида профессионал тармоқлар воситасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш кутилганидан ҳам кенг кўламли амалий ва ижтимоий-иқтисодий натижаларни тақдим этади. Хусусан, ушбу ўзаро ҳамкорлик механизми соҳа мутахассисларининг бир маконга жамланиб, жаҳон андозаларидаги илғор тенденциялар, инновацион ахборот хизматларини кўрсатиш усуллари ва замонавий технологик ечимлар бўйича реал вақт режимида тажриба алмашишларини таъминлайди, бу эса узоқ муддатда инсон капиталининг сифат кўрсаткичларини тубдан оширишга хизмат қилади. Ҳамкорлик натижасида кутубхоналар нафақат ресурсларни, балки интеллектуал салоҳиятни ҳам бирлаштирган ҳолда йирик гибрид ва трансформацион лойиҳаларни, корпоратив каталоглаштириш тизимларини ва халқаро миқёсдаги очиқ фан интеграцияларини минимал харажатлар билан ҳаётга татбиқ этиш имконига эга бўладилар. Энг муҳими, IFLA, LIBER ва ALA каби нуфузли халқаро ассоциацияларнинг кўп йиллик амалиёти исботлаганидек, бундай стратегик платформалар ёш кадрларнинг глобал илмий ҳамжамиятга тез фурсатларда интеграциялашувига, халқаро миқёсда ахборот олиш ҳуқуқи тенглигининг таъминланишига ҳамда тармоқ муассасаларининг рақамли трансформация жараёнларини бир тизимда жадаллаштиришга олиб келади. [14]
Илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш. Кутубхона ассоциацияларининг стратегик вазифаларидан бири — соҳада мақсадли илмий-тадқиқот ишларини рағбатлантириш, инновацион ғояларни моддий ва услубий жиҳатдан таъминлаш ҳамда илмий лойиҳаларни молиялаштириш дастурларини тизимли амалга оширишдан иборатдир. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, кутубхона ассоциациялари томонидан илмий тадқиқотларнинг бундай молиявий ва интеллектуал қўллаб-қувватланиши соҳадаги илмий изчилликни таъминлаб, назария ва амалиёт ўртасидаги узвийликни мустаҳкамлайди ҳамда миллий ахборот-кутубхона инфратузилмасини жаҳон миқёсидаги рақамли трансформация талабларига мувофиқ илмий асосда лойиҳалаштириш имконини беради. [15]
Ассоциациялар ва консорциумлар
ўртасидаги асосий фарқлар
Тадқиқот натижалари ассоциациялар ва консорциумлар ўртасида муҳим функционал фарқлар мавжудлигини кўрсатди. Биринчи навбатда, ассоциациялар инсон капиталини ривожлантиришга йўналтирилган бўлса, консорциумлар ресурсларни бошқариш ва иқтисодий самарадорликни оширишга қаратилган. Ассоциацияларнинг асосий натижаси мутахассисларнинг малакаси, профессионал ҳамжамиятнинг ривожланиши ва соҳанинг институционал мустаҳкамланиши билан ўлчанса, консорциумлар фаолиятининг самарадорлиги харажатларни қисқартириш, электрон ресурсларга киришни кенгайтириш ва технологик инфратузилмани ривожлантириш орқали баҳоланади. Иккинчи муҳим фарқ бошқарув модельида намоён бўлади. Ассоциациялар демократик бошқарув тамойилларига асосланган бўлиб, стратегик қарорлар аъзолар томонидан сайланган кенгашлар орқали қабул қилинади. Консорциумларда эса марказлашган бошқарув устунлик қилади ва операцион қарорлар профессионал менежмент томонидан амалга оширилади. Учинчи фарқ молиялаштириш механизмларида кузатилади. Ассоциациялар кўпроқ касбий хизматлар ва аъзолик бадалларига таянса, консорциумлар обуна тўловлари ва коллектив харидлар орқали шаклланадиган молиявий механизмларга таянади.
Ўзбекистон учун қўллаш мумкин бўлган тажрибалар
Ўзбекистон кутубхона тизимида халқаро тажрибанинг бир қатор элементларини жорий этиш имконияти мавжуд. Биринчидан, кутубхона мутахассисларининг малакасини ошириш ва профессионал сертификатлаштириш тизимини ривожлантириш мақсадга мувофиқдир. Бу борада ALA ва CILIP тажрибаси фойдали бўлиши мумкин. Иккинчидан, электрон ресурсларни марказлашган харид қилиш ва лицензиялаш механизмларини кенгайтириш зарур. Ушбу йўналишда EIFL, ANKOS ва WRLIC тажрибаси муҳим аҳамиятга эга. Учинчидан, Ўзбекистон Кутубхоналар Консорциуми негизида миллий миқёсдаги марказлашган ахборот платформасини шакллантириш мақсадга мувофиқдир. Бундай платформа электрон ресурслар, институционал репозиторийлар ва илмий маълумотлар алмашинувини ягона муҳитда бирлаштириши мумкин. Тўртинчидан, кутубхона ассоциацияси ва кутубхона консорциуми функцияларини мувофиқлаштирувчи миллий координацион марказ ташкил этилиши кутубхоналараро ҳамкорликни янада кучайтиради (4-rasm). Ассоциациялар ва консорциумларнинг ўзаро рақобатчи эмас, балки бир-бирини тўлдирувчи институтлар бўлиб, кутубхона тизимининг барқарор ривожланишини таъминлашнинг энг истиқболли йўналишларидан бири ҳисобланади [16].

Хулоса
Ушбу таклиф этилаётган гибрид модельда кутубхоналарнинг бошқарув архитектураси ягона координацион марказ орқали стратегик юритилади ва фаолият иккита йирик тармоққа ажратилади. Тизимнинг “Ассоциация” қаноти кутубхоначиларнинг профессионал салоҳиятини ошириш, соҳа стандартларини ишлаб чиқиш ҳамда ҳукумат ва жамият олдида кутубхоналар манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Тизимнинг “Консорциум” қаноти эса аниқ иқтисодий ва технологик вазифаларни ўз зиммасига олиб, халқаро электрон базаларни жамоавий харид қилиш, рақамли инфратузилмани бошқариш ҳамда республика миқёсида ягона электрон кутубхона тизимини юритиш функцияларини бажаради. Бундай уйғунлашган ёндашув Ўзбекистон ахборот-кутубхона тизимининг институционал, иқтисодий ва технологик тараққиётини тезкор ривожланиш имконини беради.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1. Boysunova H. Хорижий тажриба: кутубхона консорциумлари // «INFOLIB» – axborot-kutubxona jurnali. – Toshkent, 2025. – № 2(42). – B. 39-47. – DOI: 10.34920/2181-8207/2025/2-173.
2. Boysunova H., Rakhmatullaev M., Yusupov U. Ilm-fan va oliy ta’lim samaradorligini oshirishda axborot konsorsiumlarining roli // «Oliy ta’lim taraqqiyoti istiqbollari» O‘zbekiston Respublikasi ekspertlarining ilmiy-metodik jurnali. – Toshkent, 2025. – № 17. – B. 113-123. – DOI: 10.34920/phe.2024.17.09.
3. https://www.ala.org/
4. https://www.ifla.org
5. https://libereurope.eu/
6. https://www.ala.org/educationcareers
7. https://www.ifla.org/g/library-design/conferences-and-seminars-2/
8. Boysunova H. IFLA WLIC 2025 конгресси – бирлашган билимлар орқали келажакни барпо этамиз // «INFOLIB» – axborot-kutubxona jurnali. – Toshkent, 2025. – № 4(44). – B. 42-46. – DOI: 10.34920/2181-8207/2025/4-200.
9. https://www.ala.org/conferencesevents
10. https://libereurope.eu/annual-confe-rence-page/
11. https://www.ifla.org/units/standards/
12. https://www.ifla.org/advocating-for-libraries/
13. https://libereurope.eu/topic/advocacy-communication/
14. https://libereurope.eu/event/emerging-leaders-programme-cohort-7/
15. https://www.ala.org/awardsgrants/awards-grants-and-scholarships
16. Boysunova H., Rakhmatullaev M. Raqamli transformatsiya jarayonida kutubxona konsorsiumlari orqali axborot infratuzilmasini rivojlantirish // «Raqamli transformatsiyalash jarayonida muhandislik sohalari va iqtisodiyot tarmoqlarini rivojlantirish: muammo va yechimlar» xalqaro ilmiy-amaliy anjumani ma’ruzalar to‘plami (II qism). – Toshkent, 2025. – B. 21-25.
17. Boysunova H. Xalqaro EIFL konsorsiumi – 2025: O‘zbekiston oliy ta’lim uchun raqamli ilmiy va ta’lim resurslari // «Oliy ta’lim taraqqiyoti istiqbollari» O‘zbekiston Respublikasi ekspertlarining ilmiy-metodik jurnali. – Toshkent, 2025. – № 18. – B. 118-127. – DOI: 10.34920/phe.2025.18.10.
