Annotation. Held in Astana on 18–22 August 2025 under the theme “Building the Future through United Knowledge,” the IFLA WLIC 2025 Congress convened leading library and information professionals from across the globe. The program addressed priority issues, including the digital transformation of libraries, the application of artificial intelligence, the sustainability of library associations, copyright and open access, and the development of school and children’s libraries. Innovative practices were further highlighted through industry exhibitions, poster sessions, and a curated flashmob program. This article analyses the principal insights presented at the Congress and advances strategic recommendations for their adaptation and implementation within Uzbekistan’s library system.

 

Keywords: library innovations, digital transformation, library associations, copyright, BIBFRAME, Super Searcher, international cooperation, ALA.

 

Аннотатсия. 2025 йил 18–22 август кунлари Остона шаҳрида бўлиб ўтган IFLA WLIC 2025 Конгресси “Бирлашган билимлар орқали келажакни барпо этамиз” шиори остида дунё кутубхона ва ахборот соҳаси мутахассисларини бир майдонда жамлади. Конгресс доирасида кутубхоналарнинг рақамли трансформацияси, сунъий интеллектдан фойдаланиш, кутубхона ассоциациялари барқарорлиги, муаллифлик ҳуқуқи ва очиқ маълумотларга кириш, мактаб ва болалар кутубхоналарини ривожлантириш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, кўргазмалар, постер сессиялари ва ижодий Flashmob дастури орқали соҳадаги илғор тажрибалар тақдим этилди. Ушбу мақолада Конгрессда билдирилган асосий ғоялар таҳлил қилиниб, уларни Ўзбекистон кутубхона тизимида жорий этишнинг стратегик йўналишлари таклиф этилган.

 

Калит сўзлар: кутубхона инновациялари, рақамли трансформация, кутубхона ассоциациялари, муаллифлик ҳуқуқи, Bibframe, Super Searcher, халқаро ҳамкорлик, ALA.

 

Кутубхоналар инсониятнинг маънавий ва илмий тараққиётида муҳим ўрин эгаллаб, билим ва инновацияларни тарқатишда гло-бал майдон сифатида хизмат қилиб келмоқда. Дунё миқёсидаги энг йирик ва нуфузли кутубхона ташкилоти IFLA (International Federation of Library Associations and Institutions) – халқаро кутубхона ассоциациялари ва институтлари федерацияси ҳисобланади. Бу ташкилот ҳар йили бир марта дунёдаги барча кутубхонaчи мутахассисларни бир жойга жамлаш мақсадида IFLA WLIC (World Library and Information Congress) – Бутунжаҳон кутубхона ва ахборот конгрессини ташкил қилади. Конференция ҳар йили турли давлатларда ўтказилади. 2025 йилда у Қозоғистон Республикасининг пойтахти Остона шаҳрида 18–22 август кунлари ташкил этилди ва IFLA WLIC нинг Марказий Осиё минтақасида илк бор ўтказилиши сифатида тарихий аҳамият касб этди [1]. “Бирлашган билимлар орқали келажакни барпо этамиз” шиори остида ўтган мазкур анжуман дунё бўйлаб 115 та давлатдан 1500 дан ортиқ кутубхона ва ахборот соҳаси мутахассисларини бир майдонда жамлади. IFLA WLIC 2025 анжуманида Ўзбекистондан 10 дан ортиқ кутубхоначи-экспертлар иштирок этиб, халқаро илмий ва амалий муҳокамаларда ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Улар турли сессия ва тадбирларда фаол қатнашиб, мамлакатимиз кутубхона тизимини ривожлантириш бўйича долзарб ғоя ва таклифларни илгари сурдилар. Конгресснинг асосий сессиялари ва шўъбалари Остонадаги QAZEXPO Congress Center ҳамда Hilton Astana меҳмонхонасида бўлиб ўтди. Мазкур конференциянинг бош мақсади – бутун дунё кутубхонaчилари ва ахборот соҳаси мутахассисларини бирлаштириш, халқаро профессионал тармоқни ривожлантириш, янги технологиялар ҳамда кутубхона соҳасидаги замонавий ёндашувларни муҳокама қилиш, шунингдек, илғор тажрибаларни алмашиш учун кенг имконият яратиш ва жамиятда кутубхоналарнинг ўрни ва нуфузини мустаҳкамлашдан иборат. Конгресс доирасида рақамли трансформация, кутубхонада сунъий интеллектдан фойдаланиш, кутубхона ассоциацияларининг барқарорлиги, муаллифлик ҳуқуқи ва очиқ маълумотлардан фойдаланиш, болалар ҳамда мактаб кутубхоналарини ривожлантириш каби долзарб мавзулар муҳокама этилди. Шу билан бирга, соҳадаги илғор тажрибалар кўргазмалар, постер сессиялари ва ижодий Flashmob дастури орқали намойиш этилди. Ушбу мақолада Конгрессда кўтарилган асосий масалалар таҳлил қилиниб, уларни Ўзбекистон кутубхона тизимида амалга оширишнинг стратегик йўналишлари юзасидан таклиф ва тавсиялар баён этилади.

Бугунги кунда жаҳонда рақамлашув жараёнлари жадал суръатларда кечмоқда. Мазкур шароитда кутубхоналар ўз аҳамияти ва таъсир кучини ошириш мақсадида таълим муассасалари, ахборот-коммуникация технологиялари сектори, почта ва молия ташкилотлари, нодавлат-нотижорат тузилмалар ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари билан институционал ҳамкорликни йўлга қўямоқда. Бундай ҳамкорликлар орқали кутубхоналар рақамли саводхонликни ошириш, очиқ маълумотлар ҳамда электрон давлат хизматларига киришни енгиллаштириш, шунингдек, сунъий интеллект, семантик веб ва мобил лабораториялар каби инновацион ечимларни амалиётга жорий этишга хизмат қилмоқда. Натижада, жамоат учун инклюзив, қулай ва ишончли ахборот муҳити шаклланади, кутубхоналар эса ижтимоий инфраструктуранинг стратегик платформаси сифатида ўз аҳамиятини мустаҳкамлаб боради. IFLA WLIC доирасидаги “Кутубхоналар ва почта ҳамкорлиги” сессиясида икки йирик инфратузилманинг – почта тармоғи ва кутубхоналарнинг – ўзаро интеграцияси орқали аҳолига рақамли ва ижтимоий хизматларни кенгайтириш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилди [2]. Почта бўлимларининг афзалликлари жумладан, кенг филиал тармоғи, мослашувчан иш вақти, тўлов ва логистика амалиётлари, давлат хизматларини кўрсатиш тажрибаси ва кутубхоналарнинг кучли жиҳатлари масалан, бепул ва очиқ муҳит, ўқув-информацион инфратузилма, компьютер ва Wi-Fi, рақамли саводхонлик курслари, маълумотнома хизматлари биргаликда уйғунлашганда, аҳолининг электрон хизматларга кириши тезлашиши, транзакция харажатлари камайиши ва қамров ошиши таъкидланди. Амалиётда буни қуйидаги моделлар орқали жорий этиш таклиф этилди: Почта филиалларида “кутубхона бурчаклари” – ўқув материаллари ва маслаҳат хизматлари жойида тақдим этилиб, почта ходимлари билан биргаликда фойдаланувчиларни электрон хизматларга йўналтириш; Кутубхоналарда почта “мини-киосклари” – тўлов, жўнатма-қабул қилиш, давлат хизматларини тасдиқлаш каби транзакцияларни бевосита кутубхона ичида амалга ошириш; Мобил гуруҳлар – почтанинг кўчма машиналари ва кутубхонанинг мобил лабораторияларини уйғунлаштириб, чекка ҳудудларга хамкорликда чиқиш; Ягона онлайн портал орқали почта ва кутубхона хизматларини бир интерфейсга бирлаштириб, фойдаланувчини керакли ресурс ёки хизматни тезкор топишига кўмаклашиш. Бундай интеграция натижасида фойдаланувчи учун узлуксиз хизмат йўли шаклланади ва рақамли тенгликка эришиш, ижтимоий инфратузилма самарадорлигини ошириш ва жамоат ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу моделлар амалга оширилганда чекка ҳудудлар учун хизматлардан фойдаланиш имконияти сезиларли даражада кенгаяди, навбатлар ва вақт сарфи қисқаради, транзакция харажатлари камаяди. Шу билан бирга, рақамли саводхонлик даражаси ошиб, давлат хизматлари қамрови ва шаффофлиги кучаяди.

Кутубхона ассоциацияларининг барқарорлиги ва самарали фаолиятини таъминлаш масалалари ҳам бир қатор сессияларда муҳокама қилинди. Уларнинг асосий мақсади – кутубхона ассоциациялари мутахассислари ўртасида илғор тажрибаларни алмашиш, янги хизматларни жорий этиш, глобал ҳамкорлик тармоқларини кенгайтириш ва ассоциацияларнинг барқарор ривожланишини таъминлашдан иборатдир. Сессияларда ассоциациялар, миллий кутубхоналар, ҳукуматлар ҳамда фуқаролик жамияти ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорлик механизмлари муҳокама қилинди. Шунингдек, IFLA нинг BSLA (Building Strong Library Associations – кучли кутубхона ассоциацияларини барпо этиш) лойиҳаси тақдим этилиб, миллий ва минтақавий кутубхона ассоциацияларини мустаҳкамлаш, уларни самарали ва барқарор ташкилот сифатида ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар таъкидланди [3]. Муҳокамаларда ахборот яхлитлиги, молиявий барқарорлик, аъзоликни сақлаб қолиш, кутубхона тарғиботи ва стратегик режалаштириш каби устувор йўналишлар белгилаб олинди. Ўзбекистон кутубхоналар ассоциациясини ташкил этишда IFLAнинг BSLA лойиҳасидан йўриқнома сифатида фойдаланиш мумкин. IFLAнинг Кучли кутубхона ассоциацияларини барпо этиш дастури миллий ва минтақавий кутубхона уюшмаларини ташкилот сифатида мус-
таҳкамлашга қаратилган. Дастур раҳбарият ишини йўлга қўйиш, аъзолар билан ишлашни яхшилаш, бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, узоқ муддатли режа тузиш, молиявий барқарорликни таъминлаш ҳамда фойдали ташаббусларни тарғиб қилиш ва манфаатларни ҳимоя қилиш бўйича амалий ёрдам беради.

Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO – World Intellectual Property Organization) томонидан ташкил этилган сессияда муаллифлик ҳуқуқи бўйича таҳрирланган стандартлар тақдим этилиб, замонавий ахборот муҳитида метадата стандартлари ва моделларининг аҳамияти ортиб бораётгани таъкидланди ҳамда маълумотларга очиқ кириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, мактаб кутубхоналарини ривожлантиришга бағишланган семинарда янги IFLA–ЮНЕСКО мактаб кутубхоналари манифести (2025) самарали мактаб кутубхоналарини яратиш ва таълим сифатини яхшилашдаги ўрни ёритилди. IFLA Мактаб кутубхонаси бўлими томонидан амалий тарғибот стратегиялари ва Манифестни турли контекстларда қўллаш бўйича тавсиялар берилди. Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти томонидан тақдим этилган таҳрирланган стандартлар ва IFLA–ЮНЕСКО мактаб кутубхоналари манифести ўзбек тилига таржима қилиниб, кутубхоналарга фойдаланишга топширилиши таклиф қилинади [4]. IFLA–ЮНЕСКО Мактаб кутубхоналари манифестининг ўзбек тилига таржима қилиниб, амалиётга жорий этилиши Ўзбекистон мактаб кутубхоналари учун муҳим имкониятларни яратади. Бу аввало, кутубхоналар фаолиятини миллий қонунчилик ва таълим сиёсатига уйғунлаштириш орқали уларнинг мақомини мустаҳкамлаш ва давлат даражасида қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Манифест асосида кутубхончиларнинг малакасини ошириш, педагоглар билан ҳамкорликни кучайтириш, кутубхоналарни рақамли ресурслар ва инфратузилма билан таъминлаш, электрон каталог ва ягона таълимий кутубхона тармоғини яратиш кўзда тутилади. Шу билан бирга, Манифестда белгиланган устувор йўналишлардан бири сифатида ўқувчиларнинг мустақил билим олишини қўллаб-қувватлаш, уларда танқидий ва ижодий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш ҳамда ахборот саводхонлиги бўйича машғулотларни ташкил этиш муҳим вазифалардан бири сифатида қайд этилган.

Конференция доирасида кутубхона соҳасидаги илғор маҳсулотлар ва хизматларни намойиш этувчи кўргазмалар ҳамда Flashmob дастури ташкил этилди [5]. Flashmob дастурида иштирок этишни истаганлар ўз китоблари билан ташриф буюришлари лозим бўлди. Мазкур тадбир Остонанинг йирик бизнес маркази – MegaSilk Wayда ўтказилиб, унда иштирокчилар ўзлари олиб келган китобларни беш дақиқа давомида юриб ўқишди, сўнгра ушбу китоблар мезбон давлат кутубхоналарига туҳфа қилинди. Тадбирнинг ўзига хос жиҳати шундан иборатки, иштирокчилар ўз китоб қаҳрамонларини ифодалаш мақсадида қаҳрамон кийимида келишлари ёки рамзий белгиларни намойиш этишлари мумкин эди. Ушбу ташаббуснинг асосий мақсади – жамиятда китоб ва кутубхонанинг ўрнини кўрсатиш, китобхонликни кенг тарғиб этишдан иборатдир.

Бундан ташқари, Poster сессиялари иштирокчиларга ўз илмий ишлари ва лойиҳаларини тақдим этиш, ҳамкасблар билан тажриба алмашиш ҳамда долзарб масалалар юзасидан муҳокамалар олиб бориш имкониятини яратди [6]. IFLA WLIC 2023 конференциясида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳам ўз постери билан фаол иштирок этган эди. Ушбу постерда кутубхонада амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар, ахборот-кутубхона хизматларини такомиллаштиришга қаратилган ташаббуслар ҳамда китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича ишлар ёритилган бўлиб, бу орқали Миллий кутубхона халқаро майдонда ўз тажрибасини тақдим этиш ва ҳамкасблар билан илғор ғоялар алмашиш имкониятига эга бўлган. Бу йилги намойиш этилган постерлар орасида учта постер алоҳида эътиборни тортди:

1.    Tableau мобил иловаси – кутубхоналарда статистик маълумотларни таҳлил қилишда Tableau дастуридан фойдаланиш мумкин. Постернинг мавзуси “Visualising Impact – Using Tableau in Analysing Statistical Data” (“Таъсирни визуаллаштириш – Статистик маълумотларни таҳлил қилишда Tableauдан фойдаланиш”) бўлиб, унда Tableau дастурининг қулай ва интуитив визуализация воситаси сифатидаги афзалликлари таъкидланган. Постерни Хорватиянинг Сплит шаҳридaги City Library of Marko Marulić вакили Майа Сзиачич тақдим этди [7]. Кутубхоначилар ушбу дастур ёрдамида мураккаб маълумотларни интерактив диаграмма, жадваллар ва хариталар кўринишида тақдим этишлари мумкин. Масалан, Хорватия жамоат кутубхоналарининг географик joylashuvини Tableau иловасининг харитасида кўриш мумкин. Бундан ташқари, кутубхоналар фонди ҳажми ва турлари, жойлашуви, қайси ҳудудларда, қайси кутубхоналарда қандай ресурслар мавжудлиги диаграмма ва жадвал кўринишида мобил иловада акс этиб туради. Ушбу ёндашув орқали кутубхоналарга ресурсларни самарали тақсимлаш, қайси кутубхонага қандай ресурслар етишмаётганини таҳлил қилиш ҳамда фойдаланувчилар эҳтиёжларига тезкор жавоб бериш мумкин. Бу илованинг бепул вариантидан фойдаланиш ва Республикамиздаги кутубхоналар ҳақидаги маълумотларни битта мобил иловада жамлаш мумкин.

 

2.    BIBFRAME формати – “UC Davis Library’s Journey to BIBFRAME Implementation: A Decade of Innovation and Collaboration” номи остида тақдим этилган постер бўлиб, Калифорния университетида Сяоли Ли бу постер ҳақида маълумот берди. Унда BIBFRAME (Bibliographic Framework) технологиясини кутубхоначилик соҳасига жорий этиш тажрибаси ёритилган [8]. BIBFRAME – Кутубхоналар Конгресси томонидан ишлаб чиқилган янги библиографик маълумот модели бўлиб, унинг асосий мақсади жорий MARC формати ни босқичма-босқич алмаштиришдан иборат. Моделнинг устунлиги шундаки, библиографик ёзувларни семантик веб, яъни linked data асосида ифодалайди ва глобал ахборот алмашувига интеграция қилиш имконини беради. Калифорния университетининг Дэвис кутубхонаси 2023 йилдан бошлаб BIBFRAMEни тўлиқ амалиётга жорий этишни бошлаган. Ушбу жараёнларда MARC ёзувларини BIBFRAME моделига ўтказиш йўллари ишлаб чиқилган ва ISNI (International Standard Name Identifier – Халқаро исм идентификатори стандарти) идентификаторлари жорий қилинган. Ушбу постер кутубхоначилик соҳасидаги долзарб ўзгаришларидан бири бўлиб, маълумот сифатида тақдим этилмоқда.

 

3.    Super Searcher – ALA (Америка кутубхоналар ассоциацияси) ва Google томонидан ишлаб чиқилган Super Searchers дастури бўлиб, унинг асосий мақсади ахборот саводхонлигини ривожлантириш, фойдаланувчиларга ишончли маълумотлардан фойдаланиш кўникмаларини сингдириш ҳамда кутубхоначилар ва ўқитувчиларни замонавий қидирув воситаларидан самарали фойдаланишга ўргатишдан иборатдир. Ушбу дастур орқали кутубхоначилар маълумотларни қидириш, ахборотни таҳлил қилиш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш каби кўникмаларга эга бўлишлари мумкин [9]. Бунинг учун Америка кутубхоналар ассоциацияси томонидан ташкил этиладиган бепул Super Searchers курсларида иштирок этишлари ва сертификат олишлари мумкин. Бу ҳам юртимиз кутубхоначиларининг кутубхоналарда сунъий интеллектдан фойдаланиш бўйича халқаро даражада билим ва тажриба олишлари учун катта имконият ҳисобланади.

IFLA Library Map of the World (Қисқача – Library Map) – бу IFLA томонидан амалга ошириладиган глобал ташаббус бўлиб, ягона платформада дунё бўйлаб кутубхоналар тўғрисида маълумот тақдим этилади [10]. 2024 йилда IFLA нинг кутубхоналар харитасида Ўзбекистон кутубхоналари ўз ўрнини эгаллаган эди. Энди Ўзбекистон кутубхоналари профилини очиш мақсад қилинди. Library Map of the Worldда Ўзбекистон профили – бу ИФЛАнинг глобал платформасида мамлакатимиз кутубхоналари ҳақидаги ягона маълумотлар жамланмаси ҳисобланади. Ушбу профил орқали дунё жамоатчилигига Ўзбекистондаги кутубхоналарнинг ҳолати, кўрсаткичлари ва ривожланиш йўналишлари намойиш этилади. Профил таркибига мамлакат ва Миллий кутубхона ҳақида маълумотлар, турли кутубхоналар (миллий, академик, оммавий, мактаб) статистикаси, ходимлар сони, фойдаланувчилар ва фонд ҳажми каби кўрсаткичлар, шунингдек, мамлакатдаги қонунчилик ва миллий дастурлар киритилади. Шу билан бирга, “Ахборот-кутубхона фаолияти тўғрисида”ги қонун ва соҳадаги ислоҳотлар ҳақида ҳам маълумот тақдим этилади. Профилнинг яна бир муҳим қисми – SDG Stories (Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича ҳикоялар) бўлиб, у орқали Ўзбекистон кутубхоналарининг таълим, рақамли саводхонлик, китобхонлик, ёшлар билан ишлаш, имкониятлар яратиш ва маданиятни ривожлантириш каби соҳаларда қўшган ҳиссаси ҳаётий мисоллар орқали намоён қилинади. Масалан, юртимизда давлат раҳбаримизнинг ташаббуслари билан кутубхона ва китобхонлик соҳаларида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги маълумотлар мисол сифатида келтирилиши мумкин. Натижада, Library Map’да Ўзбекистон профили очилиши билан мамлакат кутубхоналари халқаро майдонда кўринишга эга бўлиб, хорижий ҳамкорлар ва тадқиқотчилар учун ишончли маълумот манбаи сифатида хизмат қилади.

 

Xulosa

Хулоса қилиб айтганда, IFLA WLIC 2025 конгрессида илгари сурилган ғоялар ва таклифлар Ўзбекистон кутубхона тизимини глобал стандартларга мувофиқлаштириш, рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштириш ва жамиятда кутубхоналарнинг ўрнини янада мустаҳкамлаш учун муҳим дастурий-услубий асос бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, IFLA ёшлар ва ёш кутубхоначилар учун глобал тармоқлар, грантлар, конференцияларда иштирок этиш имкониятлари ҳамда таълимий ва амалий дастурлар орқали касбий ўсиш ва халқаро тажриба алмашиш учун кенг шароит яратмоқда. IFLA томонидан ёш кутубхоначилар учун тақдим этилаётган ўнга яқин грант имкониятлари бунга яққол мисол бўла олади. Масалан, Emerging Leaders’ Grants (WLIC 2025 учун), Angela Bersekowski grants ва турли бўлимлар (ARL Attendance Grants) орқали ёш мутахассисларга Конгрессда иштирок этиш харажатлари қоплаб берилади [11]. Бу имкониятлардан самарали фойдаланиш учун эса ёш кутубхоначилар, аввало, IFLAнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқларини кузатиб бориб, грантлар ва конференциялар ҳақидаги эълонларни ўз вақтида билишлари зарур. Шу билан бирга, ариза учун зарур ҳужжатлар – мотивация хати, тавсия хатларини тайёрлаб, илмий мақолалар ёзиш ва тадқиқотлар олиб бориш орқали ўз салоҳиятларини намоён қилишлари керак. Инглиз тили ва рақамли кўникмаларни ривожлантириш, маҳаллий ва халқаро кутубхоналар билан алоқалар ўрнатиш ҳам муҳим шартлардан ҳисобланади. Шу йўл билан ёш кутубхоначилар IFLA ва унга ўхшаш халқаро дастур ва грантлардан фойдаланиб, ўз касбий салоҳиятини сезиларли даражада ошириш, халқаро тажриба тўплаш, замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлиш, етакчилик салоҳиятини ривожлантириш ҳамда дунё миқёсида касбий алоқалар ўрнатишлари мумкин. Ҳар бир ёш авлод вакили, қайси соҳага мансублигидан қатъи назар, ўз юрти ва касби тараққиётига муносиб ҳисса қўшишни Ватан олдидаги бурчи деб билиши лозим. Шу мақсадда, аввало, ўзим фаол ҳаракат қиламан ва тенгдошларимни ҳам ушбу эзгу йўлда ташаббускор ҳамда масъулиятли бўлишга чорлаб қоламан.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1.   https://2025.ifla.org/

2.   https://www.ifla.org/news/statement-on-the-ifla-upu-partnership/

3.   https://repository.ifla.org/items/35e72cda-803c-4e26-a13b-4bf22e70a0d5

4.   https://www.ifla.org/g/school-libraries/ifla-unesco-school-library-manifesto-2025/

5.   https://2025.ifla.org/wlic-2025-flash-mob-announced/

6.   https://2025.ifla.org/home/call-for-posters/

7.   https://public.tableau.com/app/profile/maja.stazic/vizzes

8.   https://www.loc.gov/bibframe/

9.   https://www.ala.org/pla/initiatives/informationliteracy/supersearchers

10. https://www.ifla.org/library-map-of-the-world/

11. https://2025.ifla.org/home/angela-bersekowski-grants/