В данной статье рассказывается о конференции прошедшей 28-30 августа в Тегеране, организованной ЮНЕСКО на тему «Сохранность и развитие партнёрских связей по использованию документального наследия». В работе конференции участвовали специалисты из Австралии, Азербайджана, Индии, Ирана, Казахстана, Пакистана, Узбекистана. Программа ЮНЕСКО «Память мира» была учреждена в 1992 году для повышения осведомлённости общественности и обеспечения сохранности всемирного документального наследия, а также его всеобщей доступности на постоянной основе. С 2012 года Национальный комитет ЮНЕСКО «Память мира» в Узбекистане был утверждён под эгидой Национальной библиотеки Узбекистана.
Хотира – азиз, хотира – муқаддас, аммо гоҳ шунчалик нозикки, енгил шамол эпкинлари ҳам уни ўчириши, йўқ қилиши мумкин. Йўқолган мерос – йўқотилган умр, ўчирилган тарих – тешик кўза, аслида!
Мустақил юртимиз ўз маънавий меросини асраб-авайлаш борасида кўплаб эзгу ишларни амалга ошириб келмоқда. Мамлакатимиз 1993 йилда ЮНЕСКОга аъзо бўлиб, 1996 йилда Тошкент шаҳрида мазкур ташкилотнинг ваколатхонаси очилган. Ўтган қисқа даврда икки томонлама мустаҳкам ҳамкорлик борасида янги уфқлар очилди, янгидан янги лойиҳалар амалга оширилди. Улуғ боболаримиз Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллик, Амир Темурнинг 660, Аҳмад Фарғонийнинг 1200, Имом Бухорийнинг 1225, Камолиддин Беҳзоднинг 545 йиллик шодиёналари ЮНЕСКО ҳамкорлигида халқаро миқёсида ўтказилди. Қадимий шаҳарларимиз, тарихий обидаларимизу осори-атиқаларимиз, ёзма ва оғзаки халқ ижодиёти намуналари каби ўзбек халқининг бой маданий меросини кўз қорачиғидек асраш борасида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда кўплаб ишлар амалга оширилди.
Шу каби эзгу ишларни давом эттириш мақсадида 2017 йил 29–30 август кунлари Эрон Ислом Республикасининг Теҳрон шаҳрида «Ҳужжатли меросни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш» мавзусида минтақавий учрашув ўтказилди. ЮНЕСКОнинг Теҳрондаги ваколатхонаси, Эрон Миллий кутубхонаси ҳамкорлигида ташкил қилинган учрашувнинг асосий мақсади – ҳужжатли меросни сақлашга доир ЮНЕСКО тавсияномаларини муҳокама қилиш ва «Жаҳон хотираси» дастури бўйича мутахассислар хабардорлигини оширишдан иборат.
Жаҳон хотираси (Memory of the World) – Маориф, фан ва маданият масалалари бўйича (ЮНЕСКО) Бирлашган Миллатлар ташкилотининг умумжаҳон ҳужжатли меросни муҳофаза қилишга оид дастури бўлиб, 1992 йили таъсис этилган. Дастурнинг асосий мақсади:
- умумжаҳон ҳужжатли меросни муҳофаза қилиш;
- фойдаланувчиларни ҳужжатли меросдан тенг ҳуқуқли фойланишларини таъминлаш;
- ҳужжатли мероснинг мавжудлиги ва аҳа-мияти ҳақида умумий хабардорликни оммалаштириш;
- кенг жамоатчиликка дастур ва унинг асарларини тарғиб қилиш.
Шу ўринда «ҳужжат» ва «ҳужжатли мерос» тушунчалари таърифига тўхталсам. «Ҳужжат» термини муқобил ёки рақамлаштирилган ахборот контенти ва мазкур мазмунга эгалик маъносини билдиради. У сақланадиган ҳисобланиб, одатда, ҳаракатчанлиги билан характерланади. Мазмун нусха кўчириш ёки бошқа ташувчиларга ўтказиш мумкин бўлган белги ёки кодлар (масалан, матн), тасвирлар (ҳаракатсиз ва ҳаракатланадиган) ҳамда товушларни ўз ичига олади. Ташувчи муҳим эстетик, маданий ёки техник характеристикаларга эга бўлади.
«Ҳужжатли мерос» алоҳида ҳужжатлар ёки ҳужжатлар тўпламидан ташкил топиб, жамият, маданият, мамлакат ёки инсоният учун аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайдиган ҳамда уларга етказилган зарар ёҳуд йўқотишлар ҳалокатли оқибатларга олиб келиши билан аҳамиятлидир. Бутунжаҳон ҳужжатли мерос глобал аҳамиятга эга бўлиб, умумий масъулиятни талаб этади ва барча инсонлар манфаати, маданий анъаналар ва тажрибаларга ҳурмат билан қараш мақсадида умумжаҳон сақланиши ҳамда муҳофаза этилиши зарур. У доим барчага ҳеч қандай тўсиқларсиз кўп бора фойдаланиши учун очиқ бўлиши керак. У тарихнинг ижтимоий, сиёсий, жамоавий ва хусусий аспектларини тушуниш воситаси бўлиб хизмат қилади. Ҳар қайси давлат учун унинг ҳужжатли мероси миллий хотира ва ўзига хослик кўзгуси ҳисобланади ва шу билан глобал уюшмада унинг ўрнини аниқлашга кўмаклашади.
Дастур доирасида 1997 йилдан ҳужжатли мероснинг (халқаро ва минтақавий) реестри юритилади. Ёдгорликни Халқаро реестрга киритиш, номзодномани, Дастурни юқори бошқарув органи ҳисобланмиш Халқаро маслаҳат қўмитасини тасдиғи ва уни ЮНЕСКО нинг Бош директори томонидан маъқулланиши орқали амалга оширилади.
ЮНЕСКОнинг Бош директори Халқаро маслаҳат қўмитаси, у халқаро даражадаги 14 мутахассисдан ташкил топган ва шахсан Бош директор томонидан ҳужжатли меросни сақлаш соҳасидаги хизматлари учун тайинланган мутахассисларнинг тавсияларига асосан Реестрга элементларни киритиш бўйича қарор қабул қилади.
Сизни ўша машҳур Реестрга кирган 345 та ҳужжат қизиқтирса керак. Унга Сувайш канали Хотираси (Миср), Карлос Гарделя мусиқасининг асл ёзувлари туширилган пластинкалар (Уругвай), Цин сулоласи давридаги императорлар имтиҳонларининг олтин рўйхати ва намибиялик йўлбошчи Хендрика Витбоя кундалиги (Намибия) каби қимматли ҳужжатлар ва бошқалар киритилган. Қўмитанинг кенгаши икки йилда бир марта Реестрга янги номзодномаларни киритиш учун йиғилади.
Теҳронда ташкил қилинган учрашув Эрон Миллий кутубхонаси ва миллий архивида ташкил этилди. Унда Озарбайжон, Қозоғистон, Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Туркия ва Ўзбекистондан мутахассислар иштирок этишди. Икки кун давом этган тадбирнинг биринчи кунида жойларда Жаҳон хотираси Миллий қўмиталарининг маърузалари тингланди. Учрашувнинг иккинчи кунида эса Жаҳон хотираси Австралия миллий қўмитаси раиси Roslyn Russell, ЮНЕСКОнинг Банкок офисидан ахборот ва коммуникация масалалари бўйича маслаҳатчи Misako Ito ларнинг ҳужжатли меросни сақлашга доир ЮНЕСКО тавсияномалари билан таништирувчи ҳамда Дастурга тақдим этилаётган номзодномаларни расмийлаштиришдаги муаммолар, ўзаро ҳамкорликда ишларни ташкил қилиш бўйича тақдимотлари ўтказилди. Шу куннинг ўзида, Номзодномаларни ЮНЕСКОнинг талабларига мос равишда тақдим этишдаги, шунингдек, ҳужжатли меросни сақлаш, ҳеч қандай тўсиқларсиз ундан фойдаланишни ташкил қилиш, шахсий коллекционерлар қўлидаги нодир қўлёзма манбалар ҳақидаги ахборотларни йиғишдаги қийинчиликлар устида баҳс-мунозаралар ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда иштирок этган барча мамлакат мутахассислари томонидан Жаҳон хотираси миллий қўмиталарни ишидаги қийинчиликлар бир хиллиги таъкидланди. Жумладан:
Ҳужжатли меросни сақлашдаги муаммолар:
- баъзи мамлакатларда технологиялар эски, оддий, бу эса рақамлаштирилган манбалар сифатининг жуда ёмонлиги, шунингдек, уларнинг электрон нусхаларини сақлашдаги заҳира жойлар етишмаслиги, ҳужжатларни сақлаш (бино, ҳаво ҳарорати, мебел жиҳозлари) халқаро стандартларга жавоб бермаслиги, турли табиий офатлардан (сув тошқинлари, ёнғинлар) ҳимояланмаганлиги;
- фойдаланувчиларнинг ҳужжатли меросдан фойдаланишларида баъзи мамлакатларда электр энергияси йўқлиги ёки ўчиб қолиш ҳоллари, саводсизлик масаласи, тил муаммоси, транскрипция масалалари долзарблиги;
- мамлакатда мавжуд (кутубхона, архив, музей ва шахсий коллекционерлар) нодир, ноёб асарлар рўйхатини тузишда ҳамкорликда ишлашларидаги қийинчиликлар;
- ҳужжатли меросга эгалик қилиш масалаларида ҳам муаммолар мавжудлигини кўрсатиб ўтишди.
Шу билан бирга, мутахассислар томонидан ЮНЕСКОнинг экспертларига Жаҳон хотираси Дастури фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар ҳам берилди:
- ҳужжатли меросни рақамлаштириш бўйича халқаро стандартларга таяниш керак ва бундай стандартлар рўйхати ЮНЕСКОнинг баёни билан тасдиқланиши;
- ЮНЕСКОнинг сайтини яхшилаш, шунингдек, «Жаҳон хотираси» Дастурининг алоҳида сайтини яратиш;
- QR – коди ёрдамида бу асарлардан Мобил қурилмалар орқали фойдаланишларини таъминлаш;
- маданий ва тарихий меросни муҳофаза қилиш бўйича мутахассисларни ўқитиш ва малакасини ошириш;
- каталогизаторлар учун Ҳиндистон ва Эрон тажрибасини ўрганиш бўйича конференция ташкил қилиш.
Икки кун давом этган учрашувнинг якуний ҳужжати қабул қилинди. Унга кўра, ЮНЕСКО томонидан:
- минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш;
- номзодномаларни биргаликда тақдим этиш;
- ҳужжатли меросни сақлашга, фойдаланишга, шунингдек, рақамлаштирилган шаклига доир ЮНЕСКО тавсияномасини миллий тилга таржима қилиш ва тарқатиш;
- ҳужжатли меросни сақлаш бўйича Қонунчиликка халқаро стандартларни қўшиш;
- рақамлаштирилган ҳужжатли мероснинг асл нусхасини йўқ қилиб юборилишига чек қўйиш;
- давлат томонидан маблағлар ажратилиш механизмини ишлаб чиқиш ва бошқалар акс эттирилди.
Ўзбекистондан ҳам Халқаро ва Тинч океа-ни минтақавий рўйхатларига қуйидаги манбалар киритилган:
- «Муқаддас Усмон Қуръони» (Ўзбекистон мусулмонлар идорасида сақланади 1997 йил (халқаро рўйхат):
- Ўзбекистон Фанлар академияси қошидаги Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар тўплами – 1997 йил (халқаро рўйхат);
- «Туркистон тўплами» (Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида сақланади) – 2016 йил (минтақавий рўйхат).
Қисқача «Туркистон тўплами» ҳақида: ушбу тўплам Туркистон ўлкаси ва Марказий Осиёнинг унга қўшни давлатлар тарихи, маданияти, турмуш тарзи ва анъаналарига бағишланган ноёб матбуот нашрлари тўплами ҳисобланади. Тўплам мавзулар бўйича асосан вақтли матбуот нашрларида чоп қилинган мақолалар, айрим ҳолларда эса алоҳида китобларни ҳам ўзида акс эттиради. Тўпламнинг умумий ҳажми 594 жилддан иборат бўлиб, XIX асрнинг 60-йилларидан бошлаб XX асрнинг 1916 йилларигача бўлган даврни қамраб олган.
1-416 жилдлари машҳур библиограф В.Межов томонидан, 417-594 жилдлари эса Тошкентнинг таниқли библиографлари, шунингдек, Тошкент Оммавий кутубхонаси (ҳозирда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси) мутахассислари томонидан тузилган.
Тўплам ўзида 10 710 номдаги нашрлар, яъни китоб, журнал ва газеталардан олинган мақолалар, харита, иллюстрация, диаграмма, чизмаларни жамлаган. Тўпламнинг ноёблиги шундаки, у революциягача бўлган Ўрта Осиёга оид тадқиқотлар учун энг муҳим манба ҳисобланиб, XIX асрнинг иккинчи ярмида Россиянинг турли шаҳарларида чоп этилган ва сақланиб қолмаган вақтли матбуот нашрларини ўзида акс эттиришидир.
Галдаги ишларимиз: Жаҳон хотираси дастурининг мақсади ва моҳиятини кенг жамоатчилик ва илм аҳлига тушунтириш ҳамда шу орқали ватанимизда сақланаётган қадимий китоблар ҳақида нафақат юртимиз аҳолиси, балки дунё аҳолиси фойдаланишга эга бўлиши, мамлакатнинг нодир, Ноёб ва алоҳида қимматга эга нашрларнинг ягона рўйхатини, бир сўз билан айтганда, ягона каталогини яратишимиз лозимлигини кўрсатади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 июндаги ПҚ-3080-сон қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 мартда тасдиқланган 08/1-73-сон «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича Комплекс чора-тадбирлар дастури»даги белгиланган вазифаларни бажариш, миллий-маданий меросимизни асраб-авайлаш, миллат мулкига айланган нодир нашрлар, қўлёзмалар ва графикага оид ҳужжатлар, ману-скриптларнинг ягона реестри ва маълумотлар базасини тизимли юритиш, ахборот-кутубхона марказлари нодир фондлари мониторингини ўтказиш масалаларини тартибга солиш каби кечиктириб бўлмайдиган ишлар турибди.
2017 йил март ойига қадар Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Абул-Ҳасан Али бин Муҳаммад бин Ҳабиб ал-Басрий ал-Мовардийнинг «Ал-аҳком ас-султония ва-л-валоёт» – таржимаси «Салтанат тузиш принциплари ва шаръий бошқарув таълимотлари» ҳамда – Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Умар ал-Чағминий ал-Хоразмийнинг (вафоти: 1221 йил) «Шарх ал-мулаххас фи-л-ҳайъа» – «Астрономия бўйича сайланмага шарҳ» қўлёзма асарларини ЮНЕСКО «Жаҳон хотираси» дастурининг халқаро рўйхатига киритиш бўйича расмийлаштириш ишлари якунланди ва ЮНЕСКОга юборилди. Умид қиламизки, ушбу манбалар Жаҳон хотирасининг халқаро рўйхатига муносиб деб топилади.
ЮНЕСКОга аъзо юздан ортиқ давлатнинг миллий қадриятлари, тамаддун ва маданият ўчоқларига ҳурмат билан қараш бош мезондир. Таълим, фан ва маданият инсониятни эзгуликка, ёруғликка олиб бориши, дунё халқлари ягона олий истак – дўстлик ва тинчлик ғоялари атрофида жипслашиши учун маънавий кўприклар пайдо бўлиши бизни фақат ва фақат қувонтиради. Мақсадимиз, маънавият йўллари бирлашиб, Жаҳон хотираси бойиб бораверсин!
